Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 24.04.2009 й. 197-сон "Хўжалик судлари томонидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.04.2009 й.

N 197


ХЎЖАЛИК СУДЛАРИ

ТОМОНИДАН БОЖХОНА ҲАҚИДАГИ

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётида айрим масалалар вужудга келаётганлиги муносабати билан ҳамда хўжалик судлари томонидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судларининг эътибори Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси (бундан буён матнда БК деб юритилади) ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатлигига қаратилсин. Ишларни кўришда Ўзбекистон Республикасининг давлат божхона хизмати органи (бундан буён матнда божхона органи деб юритилади) божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олаётган куни амалда бўлган БК ва бошқа қонун ҳужжатлари қўлланилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар хўжалик юритувчи субъект фойдасига талқин қилинади.


2. "Бож тарифи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 17-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олиб кирилаётган товар юзасидан тузилган битимнинг қийматига қараб баҳолаш товарнинг божхона баҳосини чиқаришнинг асосий усулидир (бундан буён матнда асосий усул деб юритилади). Низоларни ҳал этишда судлар Қонуннинг 18-моддасида назарда тутилган асосий усулни қўллаш учун шартлар ва уни қўллаш мумкин бўлмаган чекловлар мавжудлиги. ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши лозим.


3. Қонуннинг 17-моддасида товарларнинг божхона қийматини аниқлаш усулларини бирин-кетин қўллаш тартибида назарда тутилганига кўра асосий усулдан фойдаланиш имкони бўлмаганида, ҳар бир кейинги усул қўлланилади, агар олдинги усулдан фойдаланиш йўли билан божхона қийматини аниқлаб бўлмаса. Шу муносабат билан божхона органи судга олдинги усулларни қўллаш имкони йўқлигини асослантиришга мажбур. Шуни ҳисобга олиш керакки, ҳар қандай кетма-кетликда қўлланилиши мумкин бўлган қийматларни чегириб ташлаш ва қўшиш асосидаги божхона усуллари бундан мустасно ҳисобланади.


4. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Қонун 18-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асосий усулдан фойдаланиш мумкин эмас, башарти:

харидорнинг баҳоланаётган товарга бўлган ҳуқуқлари чекланган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ва товар баҳосига жиддий таъсир қилмайдиган чекловлар бундан мустасно;

товарни сотиш ва битим қиймати таъсирики ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса;

божхона қийматини эълон қилиш вақтида декларант фойдаланган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган бўлса ёки улар нотўғри бўлса;

битим қатнашчилари бир-бирига боғлиқ шахслар бўлса, уларнинг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир этмаган ва бу нарса декларант томонидан исбот қилинган ҳоллар бундан истисно.

Бунда ушбу рўйхат тугал ҳисобланиши эътиборга олиниши керак.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 22 февралда 899-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини маълум қилиш ва текшириш Қоидалари" I бўлимининг 3-бандига мувофиқ олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш Қонуннинг 18-23-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 январда 390-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича Йўриқнома"да белгиланган усуллар бўйича декларант томонидан амалга оширилади.

Олиб кирилаётган товарларни божхона расмийлаштирувини амалга ошираётган божхона органи декларант томонидан божхона қиймати тўғри аниқланганлиги, шу жумладан декларант томонидан усулнинг тўғри танланганлиги ва уни қўллаш мумкинлиги, шунингдек декларант томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг (мажбурий ва қўшимча) тўлиқлиги (комплектлиги) ҳамда уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назорат олиб боради.


6. Божхона қийматини аниқлаш декларант томонидан божхона қийматини маълум қилиш ва божхона органи томонидан уни текширишдан иборат.

Қонуннинг 13-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 январда 390-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларникг божхона қийматини белгилаш бўйича Йўриқнома"нинг 9.3-бандига кўра импорт қилувчи (декларант) божхона органининг қароридан норози бўлган ҳолда унинг устидан юқори турувчи божхона органларига, шунингдек судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


7. Импорт қилувчи (декларант) томонидан божхона органининг декларант танлаган божхона қийматини аниқлашда асосий усулдан фойдаланиб бўлмаслиги тўғрисидаги қарорлари (ҳаракатлари, ҳаракатсизликлари) устидан берилган шикоятларни кўришда судлар Қонуннинг 18-моддасида белгиланган битим баҳоси ҳужжатлар билан тасдиқланган ва тўғри бўлиши ҳақидаги шартларга риоя қилмаслик деганда:

- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёзма шаклда тузилган ҳамда ваколатли органларда ҳисобга қўйилган ташқи иқтисодий контракт (шартнома)нинг мавжуд эмаслиги;

- товарнинг сон жиҳатидан аниқланганлик тавсифига тааллуқли баҳо тўғрисидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги;

- уни етказиб бериш ва тўлов шартлари тўғрисидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги;

- кўрсатилган маълумотларнинг нотўғрилиги ҳақидаги далилларнинг мавжудлигини назарда тутишлари керак.


8. Декларантнинг божхона қийматини аниқлашда қўллаган усули божхона органи томонидан қабул қилинмаганлиги тўғрисидаги низоларни ҳал этишда тақдим этилган маълумотларнинг нотўғрилигини исботловчи далиллар мавжуд бўлганида, судлар тақдим этилган далилларни бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда ўрганиши керак.

Тақдим этилган маълумотларнинг нотўғрилиги деганда декларант томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (маълумотлар)нинг аниқ эмаслиги, икки хил маънони англатиши, қарама-қаршиликлар ва бошқа ҳолатларнинг мавжудлиги тушунилади. Шунингдек, декларант томонидан кўрсатилган маълумотлар нотўғрилигининг далили сифатида божхона органида декларация қилинаётган товарга, уни етказиб бериш шартлари тўғрисида, импорт (экспорт) амалга оширилаётган товар шартларига мувофиқ битим тўғрисида ҳужжатли тасдиқланган бошқа ахборотнинг мавжудлиги бўлиши мумкин.

Божхона органи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган ўхшаш ва бир хил турдаги товарлар хусусидаги битимлар бўйича божхона органларининг маълумотлар базасида мавжуд бўлган нарх тўғрисидаги маълумотдан битим нархининг сезиларли даражада фарқ қилишини тасдиқловчи далиллар тақдим этилган ҳолда, судлар ушбу далилларни. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарни етказиб бериш ҳажми, тўлов ва етказиб бериш шартлари, олиб кириш санасини ҳисобга олиб баҳолашлари керак.


9. Кўрсатилган белгиларнинг мавжудлигида декларант божхона органининг талабига биноан маълум қилинган божхона қийматини тасдиқлаш учун зарур маълумотларни тақдим этишга мажбур. Шу билан бир вақтда декларант тақдим қилинган маълумотларнинг тўғрилигини ҳамда товарнинг божхона қийматини аниқлашда у томондан танланган усулнинг тўғри қўлланилганлигини, шу жумладан товарни ишлаб чиқариш, олиб ўтиш ва сотишга алоқадор шахслар ва бошқа шахслардан олинган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш йўли билан исботлашга ҳақлидир.


10. Агар декларант томонидан божхона органи талаб қилган маълумотлар тақдим этилмаган ёхуд маълум қилинган маълумотлар божхона қийматини етарлича асослантирмайдиган бўлса, ва шу муносабат билан божхона органи томонидан товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант фойдаланган усулни қўллаш мумкин эмаслиги ҳақида қарор қабул қилинганда, шунингдек божхона органининг бошқа усул асосида товарнинг божхона қийматини аниқлаш тўғрисидаги таклифи декларант томонидан рад этилганда, божхона органи декларация қилинаётган товарнинг божхона қийматини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 13 январда 390-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича Йўриқнома"да назарда тутилган тартибда декларантни бу ҳақда тегишли равишда хабардор қилган ҳолда мустақил аниқлаш ҳуқуқига эга.


11. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ низолашилаётган давлат органи ҳужжатининг қонунийлигини исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юкланганлиги сабабли, божхона органи товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант томонидан таклиф этилган усулни қўллаш имкониятини истисно этадиган асосларнинг мавжудлигини исботлашга мажбур.

Божхона органи томонидан тақдим қилинган далиллар ишдаги барча далиллар билан бирга баҳоланади.

Декларант томонидан маълум қилинган божхона қийматини асослантирадиган маълумотларни, мазкур хужжатларни тақдим этишда объектив тўсиқлар мавжуд бўлмаганда, тақдим этишни рад этилиши, товарнинг божхона қийматини аниқлашда асосий усулни қўлламасликка олиб келадиган ушбу ҳолатни ҳужжатли исботлаш ва тўғрилиги шартларининг бажарилмаганлиги деб баҳоланиши лозим.


12. Судлар божхона органлари билан низоларни ҳал этишда импорт қилувчидан уставни, корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек божхона юк декларацияларини (бундан буён матнда БЮД деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 22 февралда 899-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхока қийматини маълум қилиш ва назорат қилиш Қоидалари" II бўлимининг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни таклиф қилишлари лозим.


13. Судлар БК 93-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ БЮД қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб у юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланишини назарда тутишлари лозим.

Судлар шуни ҳисобга олишлари керакки, товарлар ва транспорт воситаларини БЮДдан фойдаланган ҳолда декларация қилиш тартиби ва шакли экспорт ва эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимларига қўйилган товарлар тўғрисидаги, божхона мақсадлари учун ва БЮДда акс эттирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 ноябрда 834-сон билан рўйхатга олинган "Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномада белгиланган.

Товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишда ва БКда назарда тутилган бошқа ҳолларда БКнинг 103-моддасига асосан божхона тўловлари тўланилишига эътибор қаратиш лозим.


14. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида (бундан буён матнда СК деб юритилади) назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар амал қилади. СК 23-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ божхона тўловлари бошқа мажбурий тўловлар жумласига кириб, улар умумбелгиланган солиқлар ҳисобланади.


14.1. Судлар БКнинг 113-моддасининг биринчи қисмида белгиланган божхона тўловларини бир йилда қайтариш муддати даъво муддати ҳисобланмаслигига, балки тўловчиларнинг божхона органларига ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш (бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказиш) тўғрисидаги аризалар билан мурожаат қилиш муддати эканлигини ҳисобга олишлари керак.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 14 июлда 947-сон билан рўйхатга олинган "Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисида"ги Йўриқноманинг 2.1-бандига кўра тўловчи ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш ёки улар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан бошлаб бир йил ичида бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказиш тўғрисида божхона органига мурожаат этиши мумкин.

Агар тўловчи судга даъво аризаси берилгунга қадар пул маблағларини қайтариш (ҳисобга ўтказиш) тўғрисидаги ариза билан божхона органларига бир йил ичида мурожаат қилмаган бўлса, иш бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 8-бандига асосан тугатилади.

14.2. БК 113-моддасининг учинчи қисмига ҳамда юқорида кўрсатилган Йўриқноманинг 1.2-бандига кўра божхона тўловлари қайтарилганда улар учун фоизлар тўланмайди.

14.3. Пул маблағларини қайтариш масаласини ҳал этишда судлар божхона тўловлари суммалари фақат уларни тўлаган ёки акцептсиз тартибда пул маблағлари ҳисобидан чиқарилган тўловчиларга қайтарилишини назарда тутувчи қайд этилган Йўриқномага асосланишлари лозим. Бунда тўловчининг розилигисиз пул маблағлари учинчи шахсларга қайтарилишига йўл қўйилмаслиги инобатга олиниши керак.

Пул маблағларини қайтариш божхона органининг депозит ҳисобварағидан амалга оширилади.


15. СК 69-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ божхона органлари товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган бошқа мажбурий тўловлар бўйича бюджетга ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган тартибда юритилади.

Шу муносабат билан, божхона органига нисбатан сўзсиз тартибда асоссиз ундирилган пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги даъво берилганда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини иккинчи жавобгар сифатида жалб қилиш лозим.


16. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун импорт қилинган мол-мулк учун тўланган божхона божини қайтариш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар маҳсулотнинг ўз эҳтиёжлари учун импорт қиладиган маҳсулот тоифасига киритилиши ҳолати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 майдаги 136-сонли қарори билан тасдиқланган "Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга мувофиқ бериладиган сертификат билан тасдиқланган бўлишини эътиборга олишлари лозим.

16.1. Бунда "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 12-моддасининг олтинчи қисмига кўра, устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида 33 фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк бож ундиришдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилиниши инобатга олиниши лозим.

16.2. Судлар тўланган божхона божини хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга қайтариш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда импорт қилинадиган мол-мулклар қачон - 2008 йил 7 апрелдаги "Божхона имтиёзларининг қўлланилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг кучга киритилгунига қадар ёки кучга кирганидан кейин олиб кирилганлигини аниқлашлари лозим.


16.3. Шунингдек назарда тутиш лозимки, Қонун 33-моддаси биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошисида ва "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 12-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган божхона божи тўлови бўйича имтиёз юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган истеъмол товарларига нисбатан татбиқ этилмайди, меҳмонхона хизматлари кўрсатиш учун олиб кириладиган истеъмол товарлари бундан мустасно (Қонун 33-моддасининг учинчи қисми).


16.4. Ўзбекистон Республикасининг қонун хужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган истеъмол товарларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланади.


17. "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасини қўллаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда инвестициялаш шарт-шароитининг ёмонлашганлигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиш, мазкур Қонун, шунингдек "Чет эллик инвесторлар ҳукуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси тўртинчи қисмида белгиланган кафолатларни қўллаш тартиби тўғрисида"ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 2 августдаги 180-сон қарорига 1-илова)да назарда тутилган бундай ёмонлашиш аломатларининг мавжудлигини аниқлаш лозим.

Судлар инобатга олишлари керакки, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштириш ҳисобланади:

чет эллик инвесторга тўланадиган, дивиденд тарзида олинадиган даромадларга солиқ миқдорининг (ставкаларининг) кўпайтирилиши;

чет эллик инвесторнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига ўтказиладиган даромадини (фойдасини) ўз мамлакатига қайтариш тартиб-таомилини мураккаблаштирувчи ёки уларнинг миқдорини камайтирувчи қўшимча талабларнинг жорий этилиши, бундан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг тўловга қобилиятсизлиги ва банкротлиги ёки кредит берувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, чет эллик инвестор - жисмоний шахс содир этган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолларида ёхуд суд ёки ҳакамликнинг ҳал қилув қарорига мувофиқ маблағларни ўз мамлакатига қайтаришни тўхтатиб туришнинг бошқа зарурати бўлганда ваколатли давлат органи томонидан чет эллик инвесторнинг маблағларини қонун ҳужжатларини камситмайдиган тарзда қўллаш шароитида ўз мамлакатига қайтаришни тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

инвестициялашни амалга ошириш ҳажмларига нисбатан миқдорий чеклашларнинг ва инвестициялар миқдори бўйича бошқа қўшимча талабларнинг, шу жумладан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарда чет эл инвестицияларининг энг кам миқдорини кўпайтириш тарзида, жорий этилиши;

чет эллик инвесторнинг корхоналар устав фондларида (устав капиталларида) улуш билан иштирок этиши бўйича чеклашларнинг жорий этилиши;

чет эллик инвесторларнинг - жисмоний шахсларнинг визаларини расмийлаштириш ва узайтириш борасида қўшимча тартиб-таомилларнинг, шунингдек чет эл инвестицияларини амалга ошириш бўйича бошқа қўшимча талабларнинг жорий этилиши.

Бунда ушбу рўйхат тугал ҳисобланиши инобатга олиниши лозим.


18. Божхона низолари маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққанлиги сабабли улар бўйича келишув битимлари тузилишига йўл қўйилмайди.


19. Судлар БКнинг 112-моддасига асосан инкассо топшириқномалари қўйилганда божхона органи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 3 июнда 2465-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида"ги Низомнинг 61-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ тўлов мақсадларида сўзсиз тартибда ундирилишига асос бўлган ҳужжатнинг (БЮД, текшириш далолатномаси, божхона органи хулосаси) рақами ва санасини кўрсатиши мажбурлигини инобатга олишлари керак.

19.1. "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7-моддаси бешинчи қисмининг учинчи хатбошисига кўра божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотлари кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган, ўз муддатида тўланмаган божхона тўловлари ва бундай тўловларни тўлаш муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня суммаларини хўжалик юритувчи субъектлардан сўзсиз тартибда ундириб олиш тўғрисидаги божхона органларининг фармойишларини (инкассо топшириқларини) бажарадилар.

Шу муносабат билан судлар божхона органларининг инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаларини кўраётганда мазкур инкассо топшириқномалари ҳақиқатдан ҳам "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7-моддаси бешинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган суммаларни ундириш мақсадида қўйилганлигини аниқлашлари керак.

20. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) бўйича юридик классификациялаш ёки қайта классификациялашдан келиб чиқадиган божхона низоларини ҳал этишда ТИФ ТН интерпретациясининг асосий қоидаларига қатъий риоя этилишига эътибор қаратиш, ушбу масалалар бўйича тушунтиришлар ва хулосалар бериш учун зарур бўлганда мутахассисларни жалб этиш, товарларни қайта классификациялаш сабабларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг хуқуқлари ва манфаатлари қайси айбдор мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан бузилганлигини судлар аниқлашлари лозим.

Шу муносабат билан мазкур низоларни тўғри ҳал этиш учун зарур бўлганда судлар "Ўзбекэкспертиза" ОАЖ, "Ўзстандарт" агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасини низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиши, улардан юзага келган масалалар бўйича ёзма хулосалар (фикрномалар) олиши мумкин.


21. Технологик жиҳозлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни олиб кириш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра тегишли божхона тўловлари бўйича қонун хужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилишини инобатга олишлари керак.


21.1. Бундай низоларни ҳал этишда судлар олиб кирилган жиҳознинг янги ёки янги эмаслиги масаласига аниқлик киритишлари керак. Бунда эркин муомала божхона режимига божхона расмийлаштириш пайтида ишлаб чиқарилган йили уч йилдан ошмаган технологик жиҳоз янги технологик жиҳоз деб тан олинишини ҳисобга олиш керак. Даъвогар томонидан эркин муомала божхона режимига божхона расмийлаштириш пайтида ишлаб чиқарилган йили уч йилдан ошган жиҳознинг олиб кирилганлиги ҳолатининг аниқланиши, даъвони қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.


21.2. Олиб кирилаётган технологик жиҳозларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларига нисбатан қўшилган қиймат солиғи ҳамда импорт божхона божи тўлови бўйича имтиёзлар ушбу жиҳозни етказиб бериш контракти (шартномаси)га мувофиқ янги технологик жиҳоз билан комплектда олиб кириладиган ва ушбу жиҳознинг ажралмас қисми ҳисобланган бутловчи ва эҳтиёт қисмларигагина татбиқ этилади.


21.3. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этиладиган технологик жиҳоз олиб кирилаётганда БЮДнинг "Преференциялар" номли 36-устунида божхона тўловларини тўлашдан озод қилинишининг тегишли кодлари кўрсатилади.


21.4. Мазкур тоифадаги низоларни ҳал этишда СК 211-моддасининг 7-банди, Қонун 33-моддаси биринчи қисмининг ўн тўққизинчи хатбошиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 14 мартдаги ПФ-3860-сон Фармони, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 11 июнда 1688-сон билан рўйхатга олинган "Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосланиш лозим.

22. Қонунийлик бузилган ҳар бир ҳолат бўйича судлар мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалаларини ҳал этиб, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни пухта ўрганиб, хусусий ажримлар чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.



Олий хўжалик суди раиси                                            Д. Мирзакаримов


Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья                                        С. Нуманова
















Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск