ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик суди фаолиятининг якунлари ҳақида /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 23.02.2001 й. 90-сон "Хўжалик судларининг 2000 йил иш фаолияти натижалари ҳамда Республика Президенти И.Каримов томонидан мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва иқтисодий ислоҳотларнинг якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 февралдаги мажлисида белгиланган устувор йўналишлар асосида хўжалик судларининг қонунчиликни мустаҳкамлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳамда шартнома интизомини кучайтириш борасидаги долзарб вазифалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.02.2001 й.

N 90




ХЎЖАЛИК СУДЛАРИНИНГ

2000 ЙИЛ ИШ ФАОЛИЯТИ НАТИЖАЛАРИ

ҲАМДА РЕСПУБЛИКА ПРЕЗИДЕНТИ И.КАРИМОВ

ТОМОНИДАН МАМЛАКАТНИНГ ИЖТИМОИЙ-

ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШИ ВА ИҚТИСОДИЙ

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯКУНЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2001 ЙИЛ

16 ФЕВРАЛДАГИ МАЖЛИСИДА БЕЛГИЛАНГАН

УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР АСОСИДА ХЎЖАЛИК

СУДЛАРИНИНГ     ҚОНУНЧИЛИКНИ

МУСТАҲКАМЛАШ, ОДИЛ СУДЛОВ СИФАТИНИ

ОШИРИШ ҲАМДА ШАРТНОМА ИНТИЗОМИНИ

КУЧАЙТИРИШ БОРАСИДАГИ ДОЛЗАРБ

ВАЗИФАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Олий хўжалик судининг Пленуми қайд этадики, Республика Президенти томонидан Иккинчи чақириқ Олий Мажлис биринчи сессияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 11 феврал ва 21 июлдаги Республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолашга бағишланган мажлисларида белгиланган устувор йўналишлар асосида шартнома муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, мулкдорлар, айниқса кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги тадбиркорлар ҳамда ширкат, фермер ва де??он хўжаликлари ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва иқтисодий ислоҳотларнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган шарт-шароитларни бартараф этишдаги хўжалик судлари мавқеини янада оширишга қаратилган тадбирлар белгиланиб, босқичма-босқич амалга оширилиши туфайли тадбиркорлик субъектларининг одил судловга бўлган ишончи ортиб бормоқда.

2000 йил давомида ўзининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш талаби билан хўжалик судларига 36 мингга яқин хўжалик субъектлари ва тадбиркорлар мурожаат қилган. Ҳал этилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 5 фоизга (33347 - 32002), ундириб берилган маблағлар миқдори 9 фоизга (99,3 млрд. сўм - 91,0 млрд. сўм) ошган. Республика бюджетига давлат божи ва суд жарималари ҳисобидан 1,2 млрд. сўм маблағ ундирилган.

Адлия вазирлиги ва жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда меҳнат жамоалари ва тадбиркорлар ўртасида ўқув-семинар машғулотлари, кенг қамровли тарғибот ишлари ўтказилиши оқибатида, маҳсулот етказиб бериш ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрилган низолар сони 1999 йилга нисбатан 2798 тага камайган. Шартнома интизомини мустаҳкамлаш юзасидан 18374 та ишлар кўриб чиқилган. Олди-сотди, кредит, пудрат, юк ташиш, суғурта, топшириқ ва воситачилик соҳаларида тузилган шартномавий муносабатлар барқарорлашаётганлиги учун бу тоифадаги ишлар сони бирмунча камайган.

Иқтисодиёт соҳасида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан Республика Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармони талаблари асосида айбдорларга нисбатан таъсир чоралари қўллаш амалиёти давом этмоқда. Белгиланган ҳисоб-китоб тартибини бузиб, хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган 6200 та хўжалик юритувчи субъектлар суд ҳужжатларига асосан тугатилган. Иқтисодий ночор аҳволга тушиб, бозор механизмининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган 1270 та хўжалик юритувчи субъектлар "банкрот" деб эътироф этилиб, уларнинг 960 таси тугатилган ва давлат реестридан чиқарилган.

Ширкат, де??он ва фермер хўжаликлари ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, хўжалик судларига қилган мурожаатлари сони ошган. Уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини яратиш мақсадида амалга оширилган бир қатор тадбирлар натижасида 2000 йилда Республика бўйича 829 та мазкур тоифадаги ишлар юзасидан 1,5 млрд. сўмлик маблағ даъвогарлар фойдасига ундириб берилган. Тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар ва тўсқинлик қилишга оид давлат ва ўзини-ўзи бошқариш органларининг 83 та ҳуқуқий бўлмаган ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Республика Президентининг 1997 йил 5 февралдаги Фармони асосида хўжалик судлари суд ижрочилари иш юритувига топширилган 13,8 млрд. сўмлик 9300 та суд ҳужжатларидан 10,4 млрд. сўмлик 7300 тасининг мажбурий ижроси таъминланган.

Суд ҳужжатларининг сифатини яхшилаш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Шу билан бирга айрим хўжалик судларида тадбиркорларнинг ариза ва мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли ҳал этиш соҳасидаги фаолиятида жиддий камчиликларга ҳам йўл қўйилган.

Ҳисобот даврининг охирига қадар корхона ва ташкилотларнинг ночорлигини эътироф этиш ҳақидаги ишларнинг Қорақалпоғистон Республикасида 57 фоизи, Жиззах вилоятида 11 фоизи, апелляция тартибида киритилган шикоятларнинг Сурхондарё вилоятида 19 фоизи, Бухоро вилоятида 12 фоизи ва Навоий вилоятида 8 фоизининг ҳал этилиши таъминланмаган.

Фарғона вилоятида 10 та, Жиззах вилоятида 7 та ва Бухоро вилоятида 2 та хўжалик ишларини ҳал этишда ХПК нинг 125-моддасида белгиланган муддатларнинг бузилишига йўл қўйилган. Апелляция инстанциясида кўрилган ишлардан Хоразм вилоятида 17 таси, Бухоро вилоятида 5 таси ва Сурхондарё вилоятида 3 таси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари ХПК нинг 148-моддаси билан белгиланган муддатлардан кечиктирилиб томонларга юборилган.

Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятлари хўжалик судларининг 1-инстанцияда ҳамда Бухоро, Навоий, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри хўжалик судларининг апелляция инстанциясида чиқарилган суд ҳужжатларини бекор қилиш ва ўзгартириш ҳолатлари кўпайган. Бироқ жойларда ушбу ҳолатларни муҳокама этиб, судьяларнинг масъулиятини ошириш чоралари етарли даражада кўрилмаган.

Судлов таркиблари томонидан ҳал этилган ишларнинг сифати ҳам тўлиқ талаб даражасида ташкил этилмаган. Улар томонидан қуйи инстанция суд амалиётида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва суд ҳужжатларининг сифатини яхшилаш юзасидан етарли амалий чоралар қўлланилмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари хўжалик судларининг фаолияти Республика Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармони ва Олий хўжалик судининг мазкур масалаларга тааллуқли Пленум ҳамда Раёсат қарорлари талаблари асосида ташкил этилмасдан, жойларда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари билан муросасозлик қилиниши оқибатида бу соҳада амалга оширган ишлари 1999 йилга нисбатан пасайиб кетган.

Қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатиш 1999 йилга нисбатан Тошкент вилоятида 7,7; Навоий вилоятида 7; Сурхондарё вилоятида 3,6; Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 3; Фарғона вилоятида 2,5 баробарга камайган. Корхона ва ташкилотларни банкротлик ҳолатига келтириб, уларнинг манфаатларига зиён етказиш ҳолатлари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида биронта жиноят ишлари қўзғатилмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилоятлари хўжалик судлари томонидан қўзғатилган жиноят ишларининг бир қисми тергов ва суд жараёнида тугатилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳамда тўхтатилиши каби ҳолатларнинг сабаблари ўрганилмаган. Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Хоразм, Наманган вилоятларида қўлланилган маъмурий, моддий ва интизомий таъсир чораларининг аксарият қисмининг амалдаги қонунларда белгиланган тартибда ижро этилиши таъминланмаган.

Тошкент шаҳар, Самарқанд, Навоий, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида "банкрот" деб топилган бир қатор хўжалик юритувчи субъектларни тугатиш ва давлат реестридан чиқаришда сусткашликка йўл қўйилган.

Республика Президентининг 1997 йил 5 февралдаги Фармони талабларини тўлиқ таъминлаш чоралари амалга оширилмаганлиги сабабли Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Навоий, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида аввалги йиллар, шу жумладан 1998-1999 йилларда Республика бюджети ва хўжалик судларининг ривожлантириш фондига маблағ ундиришга оид суд ҳужжатларининг ижроси тўлиқ таъминланмаган.

Суд ҳужжатларини ижро этишда биржалар билан ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганлиги сабабли, савдога чиқарилган жавобгарларга тегишли катта миқдордаги мол-мулклар сотилмасдан қолган.

Ўтган йил давомида суд ҳужжатларини ижро этишда йўл қўйилган камчиликлар хусусида Қашқадарё, Самарқанд, Андижон, Фарғона вилоятларидан келиб тушган аризаларнинг аксарияти бўйича Олий хўжалик суди аралашувидан кейингина бартараф этилиб суд ҳужжатларининг ижроси таъминланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари хўжалик судларининг раҳбарлари бир қатор судьяларнинг йил давомида сайёр суд мажлисларида бирорта иш кўрмасдан, тарғибот ишларида қатнашмаганликларини билганлари ҳолда муросасозлик қилиб келмоқдалар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари томонидан Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати қарорлари ҳамда раҳбарият томонидан белгиланган айрим топшириқ ва вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмасдан, ижро интизомининг бузилишига йўл қўйиб келинаётгани кечирилмас ҳолдир.

Ишлар бошқармаси фаолиятида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмаган. Ушбу ҳолатлар суд фаолиятини ташкилий таъминлаш ва самарадорлигини ошириш ишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 февралдаги мажлисида белгиланган устувор йўналишлар асосида хўжалик судларига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ва самарали бажарилишини таъминлаш ҳамда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Республика Президенти И.Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 февралдаги мамлакатни 2000 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2001 йилда иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида хўжалик судлари учун белгиланган вазифаларни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган тадбирлар режаси тасдиқлансин ва ижро этиш учун қабул қилинсин.


2. Ушбу тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари ҳамда Олий хўжалик суди судлов таркиблари раислари, бошқарма ва бўлим бошлиқларидан:

- адлия идоралари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа органлар билан ҳамкорликда шартномаларни ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатдан расмийлаштиришда қонун талабларига риоя этилишини ўрганиш бўйича белгиланган қатъий режалар асосида жойлардаги барча туманларда де??он, фермер хўжаликлари, ижарачилар ва оила пудратчилари билан ўқув семинар машғулотлари ўтказиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур тадбирларни амалга ошириш;

- қишлоқда иқтисодий ва аграр муносабатларни ислоҳ қилишга қаратилган қонун талабларини бузиш билан боғлиқ ҳар қандай кўринишдаги ғайриқонуний амалиётларга қарши курашни кучайтириб, фермер, де??он ва ширкат хўжаликларининг аризалари юзасидан низоларни ҳал этишда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишдаги мавқесини ошириш ҳамда ушбу тоифадаги суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида зарурий чоралар кўриш;

- жойларда одил судлов сифати ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириб, иқтисодиёт соҳасида йўл қўйилаётган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чораларини қўллаб, уларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чораларни белгилаш;

- қонунчиликни мустаҳкамлаш, шартнома муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги тарғибот ишларининг сифатини янада ошириш, ушбу мақсадларда сайёр суд мажлислари ўтказиш тадбирларини кенг жорий этиш;

- жорий йилнинг 10 мартига қадар 2000 йил иш фаолияти таҳлиллари бўйича жойларда иқтисодиёт соҳаларида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш масалалари юзасидан маҳаллий ҳокимият ва тегишли идораларга асосланган таклифлар киритиб, бу йўналишда амалий чоралар кўрилишида фаол иштирок этиш талаб этилсин.


3. Агросаноат соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнини янада чуқурлаштириш ва уларнинг самарали амалга оширилиши учун қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш, хўжаликларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш мақсадида Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларнинг ижроси сифатида хўжалик судлари амалиётида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи, етказиб берувчи, сотувчи ва воситачилар бундан мустасно) бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш тўғрисидаги даъво аризалари бўйича давлат божи тўлови кечиктирилиб, кейинчалик айбдор томондан ундириб олиш тартиби жорий этилсин.


4. Олий хўжалик суди раисининг ўринбосарлари М.Азимов, Ш.Рўзиназаров, Суд амалиётини умумлаштириш ва таҳлил этиш бўлими бошлиғи М.Умаровларга жойлардаги хўжалик судлари ҳамда судлов таркиблари иш юритувига қабул қилинган айрим тоифадаги даъво аризалари ва шикоятларнинг ўз вақтида тўлиқ ҳал этилишининг таъминланмаганлиги, ишларни қуйи инстанцияда ҳал этишда йўл қўйилаётган камчиликлар ва сифатсиз суд ҳужжатлари қабул қилинишининг сабабларини ўрганиб, 2001 йилнинг 1-чорак якуни бўйича ушбу соҳаларда қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда суд ходимларининг масъулиятини ошириш юзасидан Раёсатга таклиф киритиш топширилсин.

Олий хўжалик судининг минтақаларга бириктирилган судьяларини ушбу йўналишлардаги фаолияти қониқарсиз деб топилиб, жойлардаги аҳвол учун масъул эканликлари ва мавжуд хато-камчиликлар билан муросасозлик қилиш ҳолатлари давом этган ҳолда уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси (А.Нуржонов), Бухоро (Л.Алиева), Жиззах (М.Назаров), Навоий (И.Насриев), Самарқанд (А.Акромов), Сурхондарё (Н.Собиров), Қашқадарё (М.Насуллаев), Тошкент (Ш.Бердиев) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (Ф.Отахонов) хўжалик судлари раисларининг эътибори иқтисодий соҳаларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилиши таъминланмасдан, тергов ва суд жараёнида тугатилган ҳамда бекор қилинган ва тўхтатилган жиноят ишларига эътиборсизларча муносабатда бўлиб, йўл қўйилган камчиликларнинг олдини олиш чораларини кўрмаганликларига қаратиб, прокуратура идоралари ва хўжалик судларининг ушбу соҳадаги фаолиятлари юзасидаги статистик маълумотлар ўртасида мавжуд бўлган тафовутлар сабабларини аниқлаштириб баён этилган камчиликларни бартараф этиш учун 1 ой муҳлат берилсин.

Ташкилий-назорат бошқармасига (М.Ниёзметов) 1-чорак якуни бўйича ушбу соҳаларда амалга оширилган амалиётни чуқур ўрганиб, ижобий ўзгариш юз бермаган хўжалик судларининг раҳбарларига нисбатан Раёсат муҳокамасига қатъий чоралар кўриш тўғрисида тегишли таклиф киритиш топширилсин.


6. Андижон, Фарғона ва Навоий вилоятлари хўжалик судларининг раислари Ф.Шамсиддинов, Б.Махаматов, И.Насриевлар ҳамда Тошкент вилояти хўжалик суди раисининг ўринбосари М.Исомов, Андижон вилояти хўжалик суди судьяси Н.Хўжамбердиевлар томонидан Республика Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармони ва Олий хўжалик судининг мазкур масалаларга тааллуқли Пленуми ва Раёсати қарорлари билан белгиланган тартибда шартнома интизомини бузиш ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларга тегишли таъсир чоралари кўрилмасдан, қонун бузилиши ҳолатлари билан муросасозлик қилинишига чек қўйилмаганлиги, ижро интизомининг бузилишига йўл қўйиб, қонунчиликни мустаҳкамлаш ва одил судлов сифатини ошириш соҳасида юклатилган хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаётганликлари учун интизомий чорага лойиқ деб топилсин. Уларга нисбатан интизомий иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъатига тавсия этилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Бухоро вилоятлари хўжалик судлари раисларининг ўринбосарлари Г.Якубов, Р.Латифжонов ва М.Жўраевлар ҳам ушбу соҳада йўл қўйган камчиликлари учун интизомий чорага лойиқдирлар, лекин хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати қарори билан 2000 йилда уларга нисбатан интизомий чора қўлланилиб, ишдаги камчиликларни бартараф этиш учун муддат берилганлиги эътиборга олиниб, қаттиқ огоҳлантирилсин.

Ушбу ҳудудларга бириктирилган Олий хўжалик суди судьялари С.Таниқулов, И.Солиев ва И.Есемуратовларнинг эътибори жойларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли чоралар кўрилмасдан келинаётганлигига қаратилиб, зудлик билан интизомни мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш талаб этилсин.


7. Самарқанд (А.Акромов), Бухоро (Л.Алиева), Сурхондарё (Н.Собиров), Фарғона (Б.Махаматов), Хоразм (Қ.Каримов), Наманган (М.Муҳитдинов) вилоятлари хўжалик судларида ижроси бажарилмасдан қолган маъмурий, моддий ва интизомий таъсир чораларининг амалдаги қонунларда белгиланган тартибда ижро этилишини таъминлаш ҳамда Самарқанд, Навоий (И.Насриев), Сирдарё (Х.Темиров) ва Фарғона вилоятлари хўжалик судлари раисларига аввалги йилларда "банкрот" деб топилган хўжалик юритувчи субъектларни тугатиш ва давлат реестридан чиқариш ишларини охирига етказиш учун уч ой муддат берилиб, натижалари юзасидан Олий хўжалик судига маълум қилиш топширилсин.


8. Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари Н.Ахмонов, Ташкилий-назорат бошқармаси бошлиғи М.Ниёзметов ва суд қарорларини ижро этиш бўлими бошлиғи С.Зокировдан Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Навоий, Жиззах, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри хўжалик судларида банк муассасаларига топширилган катта миқдордаги суд ҳужжатларининг ижро этилмаганлиги сабабларини ўрганиб, зудлик билан Республика Доимий ишчи гуруҳи ҳамкорлигида ушбу ҳудудларда ижро интизомини мустаҳкамлаш чораларини белгилаш талаб этилсин.


9. Ишлар бошқармасига (М.Дадахўжаев) хўжалик судларининг моддий-техникавий базасини етарли таъминлаш ва мавжуд воситалардан самарали фойдаланиш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриш топширилсин.

Пленум қарори жойларга юборилиб, ижроси бўйича назорат олиб бориш Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари Н.Ахмоновга юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди раиси                         М.Абдусаломов


Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси                      Т. Юсупов



Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск