ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик суди фаолиятининг якунлари ҳақида /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 28.01.2000 й. 81-сон "Хўжалик судларининг 1999 йил иш якунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2000 йил 22 январда Олий Мажлиснинг Иккинчи чақириқ биринчи сессиясида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган хўжалик судлари учун устувор вазифалар тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.01.2000 й.

N 81


ХЎЖАЛИК СУДЛАРИНИНГ 1999 ЙИЛ ИШ

ЯКУНЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ И.КАРИМОВНИНГ 2000 ЙИЛ 22

ЯНВАРДА ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ ИККИНЧИ

ЧАҚИРИҚ БИРИНЧИ СЕССИЯСИДА СЎЗЛАГАН

НУТҚИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ХЎЖАЛИК

СУДЛАРИ УЧУН УСТУВОР

ВАЗИФАЛАР ТЎҒРИСИДА



Олий хўжалик суди Пленуми хўжалик судларининг 1999 йил иш якунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2000 йил 22 январда Олий Мажлиснинг иккинчи чақириқ биринчи сессиясида сўзлаган нутқидан хўжалик судлари учун келиб чиқадиган устувор вазифалар тўғрисидаги масалани муҳокама қилиб, қайд этадики, мамлакатда иқтисодиёт ва бозор муносабатларининг ривожланишига, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий эркинликлари таъмин этилишига хўжалик судлари ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Хусусий мулк миқёсларининг кенгайиб боришида ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя этилишида, кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишида қатъият билан фаолият кўрсатмоқдалар.

Мамлакатимиз Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ўтказилган сайловлар, Ислом Каримовнинг Президентлик лавозимига қайта такрорий сайланиши демократиянинг, мустақил давлатчилик тамойилларининг тантанаси эканлигини Пленум яна бир бор таъкидлаб ўтади.

Юртбошимиз XXI аср бўсағасида буюк ўзгаришлар, жамиятимизнинг янгиланиши ва қудратли тараққиётини таъминлаш борасида қўйган устувор вазифаларини хўжалик судлари судьялари ва ходимлари ўз фаолиятларининг асосий мазмуни деб қабул қиладилар.

Хўжалик судлари ташкилий жиҳатдан ривожланиб, яхши жиҳозланган мустақил бинолар билан таъминланмоқда. Миллий кадрлар тайёрлашнинг Давлат дастури муваффақиятли бажарилмоқда. Янгича фикрлайдиган, маънавий жиҳатдан бой соҳа мутахассислари сулоласи таркиб топмоқда. Хўжалик судларида 8 нафар "Ўзбекистон Республикасида Хизмат кўрсатган юрист", 1 нафар "Республикада Хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони билан тақдирланган ходимлар ишламоқдалар. 8 нафар судья "Шуҳрат" медали билан, 1 киши Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи билан мукофотланган. 11 нафар фан номзодлари ва бир фан доктори судьялик лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Хўжалик судларига келиб тушаётган низолар сони мунтазам равишда ошиб бормоқда, уларни ҳал этиш сифати яхшиланмоқда.

1999 йилда хўжалик судларида 32 мингта иш кўрилди. Бу ўтган 1998 йилга нисбатан 3704 тага, ёки 13 фоизга кўпдир.

Ундириб берилган қарзлар миқдори 91,0 млрд. сўм ва 2,0 млн. АҚШ долларига етган. Бу 1998 йилга нисбатан 36,4 млрд. сўм ва 300 минг АҚШ долларига кўпдир.

Бухоро, Андижон, Жиззах, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судларида бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 40 тага, Тошкент шаҳар хўжалик судида эса 75 тага етиб борган. Хўжалик судларида кўрилаётган умумий низолар, жумладан, банкротлик ва солиқ қонунларининг бузилишидан келиб чиқаётган низоларнинг кўплаб ҳал этилиши, махсус суд ҳайъатлари ва ишларни юритувчи суд котиблари лавозимининг қўшимча киритилишини тақозо этмоқда.

Шулар билан бир қаторда, айрим хўжалик судлари судьялари ва ходимлари томонидан одил судловни амалга оширишда жиддий камчиликларга йўл қўйиш ҳолатларига барҳам берилмаётганини Пленум алоҳида қайд этади.

Хўжалик судларида судьялар томонидан иш кўришда ташкилотчилик қобилиятининг етишмаслиги, топширилган ишга масъулиятсизлик билан қараш, суд раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан талабчанлик сусайтирилганлиги оқибатида 177 та иш қонунда белгиланган муддатлари ўтказилиб ҳал этилган, 389 та иш бўйича суд қарорлари тарафларга ва ижрочиларга муддатидан кечиктириб юборилган. Бундай қонун бузилиши ҳолатлари Фарғона вилояти хўжалик судида (Б.Махаматов) кенг тарқалган.

Судларнинг биринчи инстанциясида ҳал этилган ишларнинг сифати талаб даражасида эмас. Сурхондарё (Н.Собиров), Андижон (Ф.Шамсиддинов), Бухоро (Л.Алиева) хўжалик судларининг судьялари кўпроқ сифатсиз ҳужжатлар чиқарилишига йўл қўйганлар.

Хўжалик судларининг раҳбарлари ва Олий хўжалик судининг судлов таркиблари томонидан қуйи босқичдаги судлар амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш, улар томонидан йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, амалий ёрдам кўрсатиш ишлари етарли даражада олиб борилмаган.

Олий хўжалик судининг кассация босқичи ўз фаолияти билан қуйи судларга етарли даражада ибрат кўрсата олмаяпти. Судьялар Е.Есниязов, Б.Мусаев, Ё.Шомирзаевалар маъруза қилган ишлар юзасидан айрим қарорлар назорат инстанциясида бекор қилинган.

1999 йилда мажбурий ижрога тааллуқли суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда ижрочилар кам сонли бўлишларига қарамасдан, ижобий натижаларга эришганлар. 6,5 мингта суд ҳужжатлари бўйича ундирувчилар фойдасига, бюджет ва хўжалик судларини ривожлантириш фондига жами бўлиб 5,7 млрд. сўм қарзлар ундириб берилган. Бу 1998 йилга нисбатан 2,2 млрд. сўмга кўп демакдир. Республика  бюджети ҳисобига 866,8 млн. сўм давлат божи ва суд жарималари ундирилган.

Бу борада Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар хўжалик судларида бир мунча ижобий натижаларга эришилган.

Шулар билан бирга 2000 йилнинг январ ҳолатига кўра, Фарғона вилоятида (масъул, раис ўринбосари З.Алиохунова) 439,3 млн. сўмлик 358 та, Жиззах вилоятида (масъул, раис ўринбосари Ю.Назаров) 387,1 млн. сўмлик 354 та, Бухоро вилоятида (масъул, раис ўринбосари М.Жўраев) 217,7 млн. сўмлик 259 та, Тошкент вилоятида (масъул, раис ўринбосари М.Исомов) 164,5 млн. сўмлик 540 та ва бошқа вилоятларда жами бўлиб 4,1 млрд. сўмни ундириш ҳақидаги 2908 та мажбурий ижрога тааллуқли суд ҳужжатларининг ижроси таъминланмасдан қолган. Республика Президентининг 1997 йил 5 февралдаги Фармони талаблари хўжалик судлари ва банк муассасалари томонидан етарли даражада бажарилмаётир. Қашқадарё вилояти хўжалик судида (раис ўринбосари М.Турсунов) 1999 йилнинг охирига келиб вилоят банкларида 5,4 млрд. сўмлик 688 та суд топшириқларининг бажарилмай қолиши сабаблари таҳлил этилмаган. Андижон вилояти (раис ўринбосари Р.Латифжонов)  банк муассасаларига келиб тушган суд қарорларининг фақат 15,4 фоизи, Фарғона вилоятида 17,2 фоизининг ижроси таъминланиши суд қарорлари ижроси устидан назорат олиб борувчи Доимий ишчи гуруҳлари томонидан муҳокама этилмаган. Прокуратура, Давлат солиқ органлари ва банк муассасалари билан етарли ҳамкорлик ўрнатилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик тўғрисида"ги қонуни, Республика Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармони талабларидан келиб чиқиб, хўжалик юритувчи субъектларни "банкрот"лик ҳолатига олиб келган, иқтисодий қонунчилик ва шартнома мажбуриятларини бажаришда интизомсизликка йўл қўйган, суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан талабчанлик бир мунча оширилган. 1995-1999 йиллар давомида 1702 та иқтисодий ночор корхоналар "банкрот" деб эътироф этилган. Шулардан 1999 йилга қадар "банкрот" бўлган корхоналарни тугатиш жараёни асосан якунланган, улар давлат рўйхатидан чиқарилган.

Аммо, 1999 йилда "банкрот" деб эътироф этилган 1015 та корхонадан 81 фоизининг тугатилиши таъминланиб, қолганларини тугатиш жараёни ташқи бошқарувчилар томонидан асоссиз равишда чўзиб юборилмоқда. Самарқанд вилоятида 22 та, Фарғона вилоятида 20 та, Бухоро вилоятида 19 та, Андижон вилоятида 17 та, республика бўйича жами бўлиб 191 та "банкрот" бўлган корхоналар йил охирига қадар тугатилмай қолган.

Корхоналарни "банкрот"лик ҳолатига олиб келган, шартнома мажбуриятларини бажармаган, хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказган 347 нафар мансабдор шахсга нисбатан 312 та жиноят иши қўзғатилган. Шулардан фақат 78 та иш юзасидан судлар айблов ҳукмлари чиқарганлар. Кўпгина ишлар бўйича тергов органлари томонидан нима чоралар кўрилганлиги судларга аён эмас. Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Фарғона вилоят хўжалик судлари судьялари томонидан мансабдор шахсларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари борлигини тўлиқ аниқламай туриб, жиноят ишини қўзғатиш ҳолатларига йўл қўйилган. 24 та жиноят ишлари шу сабабдан бекор қилинган. 14 та ишлар юзасидан чиқарилган ажримлар юқори суд инстанциясида асоссиз деб топилган.

Кадрлар бошқармаси (У.Бахриев) кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялашда мавжуд бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олишга, мунтазам равишда уларнинг малакасини ошириб боришга қаратилган ишларни бажаришда сусткашликка йўл қўймокда.

Айрим хўжалик судларида мавжуд бўлган моддий-техника воситаларини сақлашга ва тўлиқ фойдаланишни ташкил этишга Ишлар бошқармаси (М.Дадахўжаев) етарли эътибор бермаётир. "Хўжалик ва ҳуқуқ" - "Хозяйство и право" журналини тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлар орасида оммалаштириш, обуначилар сонини кўпайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда журнал таҳририяти (М.Ниёзов) ва "Хўжалик ҳуқуқи" ўқув маркази (Ш.Ҳайитов) ўз фаолиятларини талаб даражасида такомиллаштиришга эришмаганлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2000 йил 22 январда Олий Мажлиснинг иккинчи чақириқ биринчи сессиясида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш ва иқтисодий низоларни ҳал этишда одил судловни янада фаолроқ таъминлаш мақсадида Олий хўжалик суди Пленуми,


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судлари судьялари ва ходимлари ўз фаолиятларини амалга оширишда қонун устуворлигини таъминласинлар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 22 январда Олий Мажлиснинг иккинчи чақириқ биринчи сессиясида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга оширишда ташаббускорлик ва қатъият кўрсатсинлар.


2. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашда хўжалик судларининг фаолиятини такомиллаштириш муҳим вазифа деб белгилансин. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг ҳамда Олий хўжалик суди судлов таркибларининг раисларига:


2.1. Хўжалик субъектларидан тушаётган аризаларнинг Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси талабларига катъий риоя қилган ҳолда, диққат ва эътибор билан, қонунда белгиланган муддатларда сифатли кўрилишини таъминлаш;


2.2. Суд томонидан чиқарилган ҳужжатларнинг қонунийлиги, апелляция ва кассация босқичларида уларнинг асослилигини текширишда синчиклаб ўрганиб чиқиш, ҳар бир иш бўйича судья томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг сабабларини таҳлил қилиш, тегишли таъсир чораларини кўриб бориш;


2.3. Судьялар томонидан етарли асослар бўлмагани ҳолда жиноий иш қўзғатиш ҳақида хусусий ажримлар чиқарилишини фавқулодда ҳолат деб баҳоланиб, уларнинг олдини олиш тадбирларини кўриш;


2.4. Суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашда ташкилотчилик ва қатъиятни жорий этиш, муросасозликка ва ўзбилармончиликка йўл қўймаслик, Доимий ишчи гуруҳи таъсирчанлигини ошириш, унинг йиғилишларида суд қарорлари ижросини таъмин этмаган мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш, ҳозирда ижро қилинмаётган мажбурий ижрога тааллуқли суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўриш;


2.5. Республика Президентининг 1997 йил 5 февралдаги ва 1998 йил 4 мартдаги Фармонлари талабларини амалга оширишда прокуратура, солиқ органлари ҳамда банк муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чораларини кўриш топширилсин.


3.Сирдарё ва Хоразм вилояти хўжалик судларининг (раислари Х.Темиров, К.Каримов) хўжалик низоларини кўриши, ҳал этиш ҳамда суд қарорлари ижросини таъминлаш бўйича одил судловни амалга оширишдаги ижобий фаолиятларини ўрганиб, оммалаштириш, ишда ўрнак кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш ҳақида таклиф тайёрлаш Олий хўжалик судининг Ташкилий назорат ва кадрлар бошқармасига топширилсин.


4.Фарғона, Сурхондарё ва Андижон вилояти хўжалик судларининг раислари Б.Махаматов, Н.Собиров ва Ф.Шамсиддиновларнинг эътибори судьялар фаолиятида ишларни кўришда сансоларликка йўл қўйилганлигига, масъулиятсизлик ва лоқайдликка барҳам берилмаганига қаратилсин.

Хўжалик судида қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан мурасасозлик қилиб келаётганликлари, хўжалик суди фаолиятини бошқаришда талабчанлик қобилиятларининг етишмаётганлиги уларга кўрсатиб ўтилсин. 2000 йилнинг биринчи ярми мобайнида мавжуд камчиликларга барҳам берилмаган тақдирда қаттиқ чорага тортилишлари ҳақида огоҳлантирилсинлар.


5. Жиззах, Бухоро, Тошкент вилояти хўжалик судлари раисларининг ўринбосарлари - суд қарорлари ижроси устидан назорат олиб борувчи Доимий ишчи гуруҳ раҳбарлари Ю.Назаров, М.Жўраев, М.Исомовлар суд қарорларининг ижросини  таъминлашда йўл қўйилган  ўзбилармон ва масъулиятсизликлари учун интизомий чорага лойиқ деб топилсинлар. Аммо ишда жиддий ўзгаришлар бўлишига қаратилган тадбирлар кўраётганликлари ҳақидаги ахборотларини ҳисобга олиб, 2000 йилнинг май-июн ойларида уларнинг фаолиятлари назорат тартибида текширилсин ва натижасига кўра чора кўрилиши ҳақида  огоҳлантирилсинлар.


6. Хўжалик судлари томонидан қонунни бир хилда ва аниқ татбиқ этишни таъминлаш учун муҳим турдаги ишлар юзасидан таҳлил ва умумлаштиришни амалга ошириб бориш Олий хўжалик судининг Суд амалиётини таҳлил этиш ва умумлаштириш бўлимига, судлов таркиблари раисларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг раисларига юклатилсин.

Умумлаштириш якуни бўйича фикр-мулоҳазалар баён этилган тавсияномалар Олий хўжалик судининг Раёсатига киритилиб, жойларга юборишни ташкил этиш ва ижроси устидан назорат ўрнатиш Олий хўжалик суди раисининг ўринбосарлари М.К.Азимов ва М.С.Умаровларнинг асосий вазифаларидан бири деб белгилансин.


7. Ўзбекистон Республикасининг янги қонунлари, ҳуқуқий меъёрлари, Олий хўжалик суди томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини жойларга ўз вақтида мунтазам равишда жўнатилишини таъминлаш Қонунчилик ва халкаро ҳуқуқий алоқалар бўлими (Н.Дорошенко)га юклатилсин. Бу ҳақдаги масалани 2000 йилнинг 1-ярмида Олий хўжалик судининг Раёсатида кўриб чиқиш лозим деб ҳисоблансин.


8. Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари Н.Р.Ахмонов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи У.Бахриевлардан 1-ярим йилликда судьялар захирасини тўлиқ шакллантириш ва улар билан ўтказиладиган машғулотлар ҳамда тадбирларни ишлаб чиқиб, Раёсат муҳокамасига киритиш талаб этилсин.


9. Олий хўжалик судининг Кадрлар бошқармаси (У.Баҳриев), "Хўжалик ҳуқуқи" ўқув маркази (Ш.Ҳайитов) билан ҳамкорликда судлов таркибларининг ҳамда Суд амалиётини таҳлил этиш ва умумлаштириш бўлими (К.Комилов) таклифларига биноан судьяларнинг малакасини ошириш юзасидан доимий равишда ўқув машғулотларини ўтказиб борсин ва 2000 йил режасини тузиб, Раёсат муҳокамасига киритсин.


10. М.К.Азимов, С.Б.Холбоевлардан Илмий-маслаҳат Кенгаши ишини жонлантириш талаб этилсин. Суд амалиётини умумлаштириш ва судьялар учун илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқишда уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилсин.


11. "Хўжалик ва ҳуқуқ" - "Хозяйство и право" журнали таҳририяти (М.Ниёзов) ва хўжалик судларининг раислари журналга қўшимча равишда обуна ўтказиш чораларини кўрсинлар. Бу масаланинг аҳволи ҳақида журнал Бош муҳаррири ва айрим вилоят хўжалик суди раисларининг ҳисоботлари 2000 йил биринчи чорак якуни бўйича Олий хўжалик судининг Раёсатида муҳокама этилсин.


12. Республика хўжалик судларида "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун ва солиқ ҳақидаги қонунларнинг қўлланилиши билан боғлиқ бўлган низолар сонининг муттасил ортиб бораётгани ҳамда бу ишларни ҳал этиш, уларнинг ижросини расмийлаштиришнинг талаб даражасида амалга оширилишини таъминлаш учун тизимга махсус суд ҳайъатлари ва суд котиблари лавозимини киритиш ҳақидаги масалани тегишли органлар олдига қўйиш мақсадга мувофиқ деб топилсин.

Олий хўжалик судининг Пленуми хўжалик судларининг судьялари ва ходимларидан суд обрўсининг юксак бўлишини таъминлаш учун ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришни, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишни талаб қилади.











Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск