Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 23.07.2004 й. 116-сон "Назорат қилувчи органлар фаолиятини тартибга солишга оид қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.07.2004 й.

N 116




НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШГА

ОИД ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ АМАЛИЁТДА

ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ҲАҚИДА


Хўжалик судларида назорат қилувчи органлар иштирокидаги низоларни ҳал этишда амалиётда вужудга келаётган айрим масалалар юзасидан тушунтириш бериш ҳамда қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 47-моддасига асосан


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судларига тушунтирилсинки, назорат қилувчи органлар фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини қўллаш ҳақидаги суд иш юритувида назорат қилувчи органлар, хўжалик юритувчи субъектлар, якка тартибдаги тадбиркорлар даъвогар ва жавобгар сифатида қатнашиши мумкин.

Назорат қилувчи органлар бўлиб, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ҳисобланади.

Республика назорат қилувчи органлари ўз мақомига кўра давлат бошқарув органлари тизимига кирганлиги муносабати билан уларнинг ўз ваколат доирасида чиқарган текширишларни олиб бориш тартибларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, мулк шаклидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурий тусга эга бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонунининг 22, 26-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг (ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса) ўн кундан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 12-моддаси 2-қисмига мувофиқ, хўжалик суди ишни кўриш чоғида давлат органи ёки бошқа органнинг ҳужжати қонунга тўғри келмаслигини, шу жумладан, у ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда чиқарилганини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.


2. Хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддасига мувофиқ, назорат қилувчи органлар иштирокида ҳал этадиган низолар турларига:

- давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш;

- ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш;

- қонунда сўзсиз (акцептсиз) тартибда жарима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса, текширув вазифаларини амалга оширувчи давлат органлари томонидан ташкилотлардан жарималар ундириш;

- текширув вазифаларини амалга оширувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар киради.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 103-моддаси 1-бандига биноан, хўжалик судлари томонидан солиқлар, йиғимлар ва давлат бюджетига мажбурий тўловлар бўйича боқимандаларни ундиришни ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги талаблар ҳам кўриб чиқилади.

Шу билан бирга назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари ёки бошқа ҳаракатлари (текшириш) натижасида хўжалик юритувчи субъектга зарар етказилган бўлса, у ҳолда етказилган зарарни қоплаш, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва хўжалик судларининг ваколатига киритилган бошқа низолар ҳал этилиши мумкин.


3. Хўжалик судлари мазкур туркумдаги ишларни кўришда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш назорат қилувчи органларнинг ваколатли, яъни, белгиланган намунадаги махсус гувоҳномага эга бўлган мансабдор шахслари томонидан фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилишини, улар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда аттестациядан ўтказилган бўлишлари лозимлигини, шунингдек назорат қилувчи орган текширишга аудиторлик ташкилоти ёки экспертларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этишга ҳақли эканлигини инобатга олсинлар.


4. Хўжалик судларининг эътиборлари Ўзбекистон Республикаси "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддасига, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятини текширишга киришишига мазкур шахсларда назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган текширишни ўтказиш режасидан кўчирма, назорат қилувчи органнинг текширувчи мансабдор шахслар таркиби ҳамда текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи нусхаси, текширувчи мансабдор шахсларнинг шахсий гувоҳномалари бўлиши, назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахс мақомига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини режали текшириш, шу жумладан, тафтиш ўтказиш учун махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ўтказишнинг мувофиқлаштирувчи режасидан кўчирма, назорат қилувчи органнинг мувофиқлаштирувчи режа асосида чиқарган буйруғи ёхуд махсус ваколатли органнинг режадан ташқари текшириш, шу жумладан, тафтиш ўтказиш тўғрисидаги ҳамда текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби ва текширувни ўтказиш муддатлари кўрсатилган қарорлари, шунингдек прокуратура, ички ишлар, миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноят иши текшириш ўтказиш учун асос бўлишига қаратилсин.

Ўзбекистон Республикаси "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига асосан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини режадан ташқари текшириш учун махсус ваколатли органнинг текширилаётган объект номини, текшириш ўтказиш мақсади, муддатлари ҳамда уни ўтказиш сабабларининг асослилиги кўрсатилган ҳолда режадан ташқари текшириш ўтказиш тўғрисида чиқарган қарори, шунингдек текширишни амалга оширувчи тегишли мансабдор шахслар таркиби ва текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи ҳам асос бўлади.


5. Хўжалик судлари назорат қилувчи органлар ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни кўришда ушбу ҳужжатларни қабул қилишга асос бўлган назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишлар (тафтиш, комплекс, қисқа муддатли, режадан ташқари, муқобил ва назорат тартибидаги текширишлар)нинг қонунийлигини, асослилигини, холислигини, ошкоралигини, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаслигининг кафолатланганлигини, текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари таъминланганлигини, текширишлар даврийлиги ва муддатлари, моддий ҳуқуқ нормалари қай даражада тўғри татбиқ этилганлигини ҳар томонлама ўрганишлари ва ҳуқуқий баҳо беришлари лозим.

Шунингдек, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига қанчалик риоя этганликларига, яъни, Ўзбекистон Республикаси "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасида кўрсатилган текшириш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни кўрсатиш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига халал бермаслик, текширишларни қайд этиш дафтари (китоби)га ёзиб қўйиш, давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш, расмийлаштирилган далолатнома ёки маълумотнома нусхасини текширилаётган шахсга қолдириш каби ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳам талаб этилади.


6. Хўжалик судларига тушунтирилсинки, назорат қилувчи органлар томонидан текширишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга аналогия бўйича қонун нормаларини қўллаш кўзда тутилмаган, шу сабабли хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини назорат қилувчи органларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган усуллар билан текширишига йўл қўйилмайди.

Ҳар бир ҳолда ишни кўриш жараёнида фақат назорат қилувчи органнинг амалга оширган текшириш услубларига ҳуқуқий баҳо бериш билан чегараланиб қолмасдан, тарафлар тақдим этган ҳужжатларни ҳам ҳар томонлама тўлиқ текшириш ва ўтказилган текширишнинг қонун ҳужжатларига мос келиши ёки келмаслиги ҳолатини ҳам аниқлаш лозим.

Хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилаётганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни суд мажлисида қатнашиб исботлаш мажбурияти шу ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юкланишини инобатга олишлари зарур. Назорат қилувчи орган томонидан ҳужжатни қабул қилишга асос бўлган ҳолатларнинг исботлаб бера олинмаслиги ушбу ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.


7. Хўжалик судларига уқтирилсинки, қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва қоидаларнинг жиддий бузилишига йўл қўйилган тақдирда, жумладан, текшириш учун Ўзбекистон Республикаси "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлмаган, текшириш ваколати бўлмаган шахслар томонидан ўтказилган, текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар кўрсатилмаган, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш бўйича махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмасининг мувофиқлаштириш режасидан кўчирма, назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш ўтказиш буйруғи ва режаси, жиноий иш қўзғатиш билан боғлиқ текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарор нусхаси хўжалик юритувчи субъект раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор)га унинг олганлигини тасдиқловчи тилхат асосида топширилмаган, текшириш предметдан четга чиққан ҳолда амалга оширилган, текшириш натижалари юзасидан далолатнома ёки маълумотнома расмийлаштирилмаган ва унинг нусхаси хўжалик юритувчи субъектга қолдирилмаган тақдирда назорат қилувчи органлар қабул қилган ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузган деб баҳолашга ҳамда ушбу ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади.

Текшириш давомида текширишларни қайд этиш дафтари (китоби)га тегишли ёзувларни киритмаслик, текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни кўрсатмаслик, текширувчиларнинг ўз шахсларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан таништирмаслиги, текширишлар даврийлиги ва муддатларини бузиш каби ўрнатилган тартиб қоидалар бузилишига йўл қўйилганлиги эса хўжалик судлари томонидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 152-моддасига мувофиқ, лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарлик чоралари қўллаш ҳақида хусусий ажрим чиқариш учун асос бўлади.


8. Хўжалик судларининг эътибори қаратилсинки, текширишларни қайд этиш дафтари (китоби) текширишдан олдин текширувчиларга тегишли ёзувни киритиш учун тақдим этилмаганлиги ҳолатининг алоҳида далолатнома ёки бевосита текшириш далолатномаси (маълумотномаси)да акс эттирилиши, текшириш натижалари юзасидан расмийлаштирилган далолатномага ёки маълумотномага текширилаётган шахснинг имзо қўйишдан ҳамда унинг бир нусхасини олишдан бош тортганлиги ҳақидаги ёзувларнинг шу ҳужжатларга киритилиб қўйилиши, назорат қилувчи орган томонидан жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг хўжалик юритувчи субъектга кечиктириб юборилиши ҳолатлари гарчи айрим белгиланган тартибга риоя этилмасдан текшириш ўтказилиб, қарор қабул қилинган бўлса-да, бундай ҳолда назорат қилувчи органлар ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.


9. Хўжалик судларининг эътиборлари хўжалик юритувчи субъектларга етказилган зарарларни қоплаш ёки сўзсиз (акцептсиз) ундириб олинган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги даъво талаблари назорат қилувчи органларнинг ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб топилгандан кейин қаноатлантирилиши мумкинлигига қаратилсин. Шуни назарда тутиш лозимки, бюджетдан пул маблағлари қайтарилганда неустойка (пеня, жарима) ёки фоизлар тўланмайди.

Шунингдек, хўжалик судларининг эътибори назорат қилувчи органлар томонидан тегишли қарор чиқарилмасдан, акцептсиз тартибда ундириб олинган пул маблағларини бюджетдан қайтариш ҳақидаги даъво талаби ундиришга асос бўлган ижро ҳужжатини ижро этилиши мумкин эмас деб топилганидан сўнг қаноатлантириш мумкинлигига қаратилсин.

Бюджетга асоссиз ундирилган пул маблағларини қайтариш ва етказилган зарарларни давлат органлари (божхона, солиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш органлари ҳамда бошқа органлар)дан ундириб олиш ҳақида даъво тақдим этилганда, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 42-моддасига асосан хўжалик судлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномалари ёки ўз ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ёхуд унинг жойлардаги ҳудудий органларини низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилишга ҳақлидир.

Хўжалик юритувчи субъектга етказилган зарарни қоплаш талабини эса хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14, 15, 990-моддаларига мувофиқ кўриб чиқишлари лозим.

Пул маблағлари тегишли қарор чиқарилмасдан, далолатнома асосида ёки далолатнома тузмасдан ундириб олинган бўлса, хўжалик суди манфаатдор шахснинг талаби бўйича олиб қўйилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш, ижро ҳужжатини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқишга ва текширишларни амалга оширган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга ҳақли.


10. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 115-моддасига мувофиқ, даъвогар - хўжалик юритувчи субъект ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақли. Даъво аризасига назорат қилувчи орган қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан бирга ижро ҳужжатини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш ёки ундириб олинган пул маблағини бюджетдан қайтариш ҳақида талаблар қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 120-моддасига асосан жавобгар - назорат қилувчи орган иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар дастлабки даъво билан бирга, кўриб чиқиш учун даъвогарга умумий қоидаларга риоя этган ҳолда, қарши даъво тақдим этишга ҳақлидир. Шу боис, назорат қилувчи орган томонидан берилган даъво аризасига нисбатан хўжалик юритувчи субъект ҳам ўз навбатида қарши даъво бериши мумкин.

Хўжалик судларига тушунтирилсинки, ушбу тоифадаги низолар маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққанлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 44-моддасига асосан назорат қилувчи орган ва хўжалик юритувчи субъект ўрталарида келишув битими тузилишига йўл қўйилмайди.


11. Умумий қоидага кўра, назорат қилувчи органлар иштирокидаги низолар бўйича хўжалик судига даъво аризасининг берилиши, агар қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан чиқарилган ҳужжатларнинг ижросини тўхтатишга асос бўлмайди.

Шу билан бирга хўжалик суди Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 76, 77-моддаларига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра даъвони таъминлаш мақсадида жавобгарга ва бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатлар қилишни таъқиқлаш, даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш билан боғлиқ даъвони таъминлаш чораларини кўриб, бу ҳақда ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Жавобгарга ва бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатлар қилишни таъқиқлаш чораларига риоя этмаганлик учун хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 77-моддаси 4-қисмини қўллаб, ташкилотлар ва фуқаролардан республика бюджети даромадига баҳоланадиган даъволар бўйича - даъво баҳосининг эллик фоизигача миқдорда, баҳоланмайдиган даъволар бўйича - энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ундиришга ҳақли.

Жарима солиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 101-моддаси талабларига риоя этган ҳолда хўжалик суди мажлисида ҳал этилади ва унинг натижалари юзасидан ажрим чиқарилади.


12. Хўжалик судларига тушунтирилсинки, назорат қилувчи органлар иштирокидаги низолар бўйича даъво бериш учун махсус муддатлар белгиланган бўлиб, агарда қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу муддатлар ўтказиб юборилганда хўжалик судлари уларни тиклаш, тўхтатиш ёки узайтириш ваколатига эга эмас.

Башарти, даъво бериш учун қонун ҳужжатларида белгиланган махсус муддат ўтказиб юборилганлиги суд мажлисида аниқланса, у ҳолда хўжалик суди иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар манфаатдор тарафнинг берган аризасига кўра, даъво муддатини қўллашга ва даъвони қаноатлантиришни рад этишга ҳақли.

Хўжалик судига мурожаат қилиш учун белгиланган махсус муддатнинг ўтказиб юборилиши даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмаслиги, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддати ўтганлигидан қатъи назар, хўжалик судида кўриб чиқиш учун қабул қилиниши инобатга олиниши лозим.


13. Хўжалик судининг судловига тааллуқли бўлмаган даъво аризаларини Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 117-моддаси 1-бандига биноан қабул қилиш рад этилади. Агарда ушбу ҳолатлар ишни кўриш жараёнида аниқланган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 86-моддаси 1-бандига асосан, хусусан назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари)ни ноқонуний деб топиш, солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлаш бўйича имтиёзлар бериш, назорат қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъект раҳбарига нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва бошқа талаблар бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарилиши лозим.


14. Хўжалик судларининг эътибори қаратилсинки, тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги юзасидан давлат ва бошқа органларнинг қарорлари устидан хўжалик судига мурожаат қилганда Ўзбекистон Республикаси "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунининг 4-моддаси 2-банди "с" кичик бандига, Ўзбекистон Республикаси "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 49-моддасига асосан давлат божи тўлашдан озод этилади.


15. Хўжалик судларига мазкур тоифадаги ишларни кўриш вақтида текширишларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишига олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашлари, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган айбдор шахсларга нисбатан қатъий қонуний (жиноий, маъмурий, моддий, интизомий) таъсир чоралари қўлланилишини таъминлашлари шартлиги уқтирилсин.


16. Хўжалик судларининг эътиборлари шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 139-моддаси талабларидан келиб чиқиб, сўзсиз (акцептсиз) ундириб олинган пул маблағини қайтариш тўғрисидаги хўжалик судининг ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу сумманинг республика ёки маҳаллий бюджетдан қайтарилиши, 140-моддасига биноан ижро ҳужжати ижро этилиши мумкин эмас деб топилганда бу ҳужжатнинг номи, тартиб рақами, санаси ва ҳисобдан ўчирилмайдиган сумма кўрсатилиши, 143-моддасига асосан ҳужжат ҳақиқий эмас деб топилганда эса унинг номи, тартиб рақами, санаси, бошқа зарур реквизитлари ва уни чиқарган орган тўғрисидаги маълумотлар, ҳужжатни тўла ёки унинг маълум қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ёхуд аризачининг талабини тўла ёки унинг маълум бир қисмини рад этиш тўғрисидаги кўрсатма акс этиши керак.


17. Хўжалик судларига назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилган текширишлар билан боғлиқ низоларни имкони борича сайёр суд мажлисларида ҳал этиш, адлия, прокуратура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан бирга хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини бузиш сабабларини таҳлил этиб, уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ишларини ўтказиш қоидаларини, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кенг тушунтириб бориш, назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари томонидан йўл қўйилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳолатларини мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.



















Время: 0.0247
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск