ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 22.04.2015 й. 15-1504/21837-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

22.04.2015 й.

N 15-1504/21837


(КЎЧИРМА)




Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади


Қувасой кварц агро” МЧЖ (бундан буён матнда - даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Фарғона наслли парранда” МЧЖ (бундан буён матнда - жавобгар)дан 160 086 887,70 сўм асосий қарз, 22 800 000 сўм фоиз, 19 440 429 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 142 946 458 сўм асосий қарз, 22 800 000 сўм фоиз, 5 100 000 сўм пеня ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилиб, унда суд ишни кўришда иш ҳолатларини тўлиқ аниқламаганлиги, жавобгар ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаганлиги, шартномада даъвогар томонидан берилган маблағ жавобгар томонидан маҳсулот сифатида қайтарилиши назарда тутилганлигига аҳамият берилмаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорининг қарзни пул маблағида ундириш қисмини маҳсулотга қаратиш деб ўзгартириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, ҳал қилув қарорини эса ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, тарафлар ўртасида 2013 йил 20 августда 1-сонли ҳамкорлик шартномаси тузилган.

Шартнома шартларига кўра, даъвогар 300 000 000 сўм маблағни жавобгарнинг ҳисоб рақамига шартномада белгиланган муддат ва шартларда қайтариш шарти билан ўтказиб бериш мажбуриятини олган.

Шартноманинг 1.3-бандига кўра, жавобгар маблағдан фойдаланганлиги учун йиллик 12 фоиз устама тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.4-бандига кўра, жавобгар 300 000 000 сўм маблағни шартнома имзоланган кундан кейин 3 ой имтиёзли муддат тугаши билан ҳар ойнинг 25-санасига қадар тўлов топшириқномаси билан 20 000 000 сўм асосий қарз тўлови ва унга ҳисобланган фоизларни 15 ой давомида тўлаш мажбуриятини олган.

Шунингдек, шартноманинг 2.5-бандига кўра, жавобгар олинган маблағни 2015 йил 25 февраль кунига қадар тўлиқ қайтаришни кафолатлаган.

Шартноманинг 2.7-бандида даъвогарнинг ёзма равишдаги хатига асосан қайтариладиган маблағ ҳисобидан наслли тухумлар ва гўшт маҳсулотлари билан натура ҳолда ҳисоб-китоб қилиш белгиланган.

Шунингдек, шартноманинг 3.2-бандида жавобгар шартномада кўрсатилган муддатларда маблағни қайтармаса, тўлов жадвали қийматининг 0,4 фоизи миқдорида, лекин шартнома умумий суммасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган.

Даъвогар ўз мажбуриятини бажариб, 2013 йил 22 августдаги 1-сонли тўлов топшириқномаси билан жавобгарга пул маблағини ўтказиб берган бўлса-да, жавобгар шартнома шартларини бузиб, асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни шартномада келишилган муддат ва миқдорларда қайтармаган.

Натижада, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 160 086 887,70 сўм асосий қарз, 22 800 000 сўм фоиз, 19 440 429 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Шартнома ҳамкорлик шартномаси сифатида тузилган бўлса-да, бироқ шартнома мазмуни бўйича қарз шартномаси.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бирйўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 734-моддасига кўра, агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.

Биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, 160 086 887,70 сўм асосий қарзнинг 17 140 429,7 сўм қисми жавобгар томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тўланганлигини, 22 800 000 сўм фоиз тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 1.3-бандига асосан ҳисобланганлигидан келиб чиқиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 142 946 458 сўм асосий қарз, 22 800 000 сўм фоиз ундириш, шунингдек пеняни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасига асосан 5 100 000 сўмга қадар камайтириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Жавобгарнинг иш кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаганлиги ҳақидаги важи асоссиз, чунки 2015 йил 8 январдаги суд мажлисида жавобгар вакили Ш. Миродилов қатнашган ва ўз фикрларини баён қилган. Ишни кўриш жавобгар вакилининг илтимосномасига кўра 2015 йилнинг 15 январига қолдирилган ва бу ҳақда жавобгар огоҳлантирилган. Бироқ, 2015 йил 15 январдаги суд мажлисига жавобгар вакиллари узрсиз сабабларга кўра келмаган.

Шунингдек, жавобгарнинг даъвогар томонидан берилган маблағ жавобгар томонидан маҳсулот сифатида қайтарилиши белгиланганлиги ҳақидаги важи ҳам асоссиз бўлиб, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.4-бандида даъвогар томонидан берилган маблағ ва унга ҳисобланган фоизлар жавобгар томонидан тўлов топшириқномага асосан, яъни пул кўринишида қайтарилиши белгиланган, шартноманинг 2.7-бандида эса берилган маблағни натура ҳолида қайтаришни талаб қилиш даъвогарнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 186-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кассация инстанциясида кўрганида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судида тўғри қўлланилганлигини текширади.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, тўланган 7 000 сўм почта харажати ҳамда 1 011 636,58 сўм давлат божини жавобгар зиммасида қолдириб, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини унга юклашни лозим топади.


























Время: 0.0260
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск