ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 25.03.2013 й. 19-1207/17173-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

25.03.2013 й.

N 19-1207/17173


(КЎЧИРМА)




Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак


"Сурхондарё электр тармоқлари" ОАЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ Сурхондарё вилоят филиалидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 2008 йил 1 июлдаги 18-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топишни, ортиқча чегирилиб ғайриқонуний ушлаб қолинган 23 852 452 сўмни ҳамда 6 678 687 сўм банк фоизи ундиришни сўраган.

Суднинг 2012 йил 3 декабрдаги ажрими билан "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ ишга жавобгар сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларга тўлиқ баҳо бермасдан даъвони қаноатлантирганлиги сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2008 йил 2 июнда "Аҳоли истеъмолчиларидан фойдаланган электр энергияси ҳақини йиғиш юзасидан хизмат кўрсатиш тўғрисида" 489-сонли шартнома тузилган. Шартномага кўра, жавобгар ўзининг вилоят миқёсидаги барча туман почта алоқа тармоқлари орқали туман (шаҳар)лардаги аҳоли истеъмолчиларидан электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўланадиган пул маблағларини йиғиштириб олиш ва иловага асосан жойлардаги туман (шаҳар) электр таъминоти корхоналари ҳисоб рақамларига ўтказиб бериш, бир ой давомида аҳоли истеъмолчиларидан режадаги йиғимларни ундирган тақдирда, йиғилган пул маблағларига нисбатан 8 фоиз миқдорида хизмат ҳақи олиши, агар бирор-бир почта алоқа тармоғи кўрсатилган режадан кам йиғса, ушбу почта тармоғи бир ой давомида аҳоли истеъмолчиларидан ундирилган пул маблағларига нисбатан 6 фоиз миқдорида хизмат ҳақи олиши белгиланган.

Шартноманинг 7.1-бандига кўра, шартноманинг амал қилиш муддати 2008 йил 31 декабрга қадар деб, шартнома муддати тугагач тарафлардан бири уни бекор қилиш ёки уни ўзгартириш ҳақида иккинчи томонга мурожаат қилмаса, у кейинги йилга узайтирилган ҳисобланиши белгиланган.

Бундан ташқари, Денов шаҳар электр тармоқлари корхонаси ва "Ўзбекистон почтаси" Сурхондарё вилоят филиалининг Денов почта алоқа тармоғи ўртасида 2008 йил 1 июлда 18-сонли шартнома тузилган. Ушбу шартнома шартлари ва мажбурияти мазкур 489-сонли шартнома шартлари ва мажбуриятига қарама-қарши бўлиб, унга кўра Денов шаҳар электр тармоқлари корхонаси зиммасига Денов почта алоқа тармоғига аҳоли истеъмолчиларидан электр энергияси учун йиғилган пул маблағларининг 10 фоизи миқдорида хизмат ҳақи тўлаш мажбуриятини олган.

Шу боис, Денов шаҳар электр тармоқлари корхонасининг юқори ташкилоти (даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қуйи ташкилотининг 489-сонли шартнома талабларига қарама-қарши тузилган шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни ва ортиқча чегирилиб ғайриқонуний ушлаб қолинган 23 852 452 сўмни ҳамда 6 678 687 сўм банк фоизини ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 149-моддасига мувофиқ, даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

ФКнинг 150-моддасига кўра, умумий даъво муддати - уч йил.

ФК 153-моддасининг иккинчи қисмига кўра, даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

2012 йил 18 декабрда бўлиб ўтган суд мажлисида жавобгар судга ариза билан мурожаат қилиб, даъво муддатини қўллаб даъвони рад этишни сўраган бўлса-да, биринчи инстанция суди ушбу аризани инобатга олиш ёки олмаслик, даъво муддатини тиклаш ёки тиклашни рад этиш масаласини муҳокама қилмасдан даъвонинг шартномани ҳақиқий эмас деб топиш қисмини қаноатлантириб барвақт хулосага келган.

Бундан ташқари, биринчи инстанция суди жавобгар ортиқча чегирилган маблағни қайтаришни 840 кунга кечиктирган деб ҳисоблаб, жавобгардан даъвогар фойдасига 6 678 687 сўм банк фоизи ундирган бўлса-да, чегирилган пул маблағидан жавобгарнинг ноқонуний равишда 840 кун мобайнида фойдаланганлигини исботловчи далилларни талаб қилиб олмаган, шунингдек чегирилган маблағлар қайси вақтда қайтарилиши лозим бўлганлиги ва қайси кундан бошлаб ноқонуний равишда қайтарилмай келинганлиги асослантирилмаган.

ФКнинг 242-моддасига кўра, агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса - ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.

Ишдаги мавжуд ҳужжатларга кўра, даъвогар жавобгарга ортиқча чегирилган маблағни қайтариш ҳақида дастлабки талабномани 2012 йил 3 ноябрда берган. Даъво аризаси эса, судга 2012 йил 26 ноябрда берилган.

Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ХПКнинг 169, 188 ва 200-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги қарори 1-бандининг иккинчи қисмида тушунтириш берилган.

Қайд этилганларга мувофиқ, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун шу хўжалик судининг биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этиб ўтилган камчиликларни бартараф этиб, даъво муддатини қўллаш ёки қўлламаслик масаласини ҳал этиб, шартнома шартлари ва тарафларнинг важларига ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 4-сон







































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск