ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 21.06.2006 й. 10-0617/2100-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

21.06.2006 й.

N 10-0617/2100


(КЎЧИРМА)




Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.


Даъвогар - "Космополис" МЧЖ хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "Асрий" МЧЖдан бажарилган қурилиш пудрати ишлари учун тўланмаган 35385683 сўм асосий қарз ва 17692841 сўм пеня, 353856 сўм банк хизмати, жами - 53432420 сўм ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Жавобгарнинг кассация шикоятида қарз суммасининг 1603362 сўм қисми даъвогарнинг солиқдан қарзи ҳисобига Қибрай туман ДСИ томонидан ундирилганлиги кўрсатилиб, пеняни тўлашдан озод қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати иш материалларини, кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб, қуйидагиларга кўра кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ва ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.

Мазкур Кодекснинг 236-моддасига биноан эса, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 2005 йил 2 мартда Тошкент вилояти Қибрай туманида 750 ўқувчига мўлжалланган хизмат кўрсатиш соҳасидаги кооператив коллежига қарашли "Динамо" стадионини қуриш тўғрисида 2-сонли қурилиш пудрати шартномаси тузилган.

Шартнома бўйича даъвогар жавобгарнинг объектида 37870996 сўмлик қурилиш ишларини бажарган. Жавобгар томонидан бажарилган ишлар учун 2485313 сўм тўланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 666-моддасига биноан қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

Даъвогар томонидан қурилиш ишлари бажарилганлиги иш бўйича тўпланган ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Шунга қарамай, жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаган.

ФКнинг 673-моддасига мувофиқ буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди.

Биринчи инстанция суди ушбу нормани қўллаган ҳолда даъво талабларининг асосий қарз суммасини ундириш ҳақида қарор қабул қилган. Бироқ, даъвогардан солиқлар бўйича қарз суммасини ундириш учун Қибрай ДСИ томонидан қўйилган инкассо тўлов талабномалари унинг ҳисоб рақамида пул маблағлари бўлмаганлиги сабабли ижро этилмаганлиги муносабати билан 1603362 сўм жавобгарнинг ҳисоб рақамидаги пул маблағларидан ундирилган. Биринчи инстанция суди ушбу ҳолатларни инобатга олмасдан, асосий қарз суммасини ундирган. Ваҳоланки, асосий қарз суммасидан 1603362 сўм тўланган бўлган. Даъвогарнинг вакили ҳам суд мажлисида кассация шикоятининг ушбу қисмига эътироз билдирмади. Шу сабабли, судлов ҳайъати даъво талабларининг асосий қарзни ундириш қисмини ўзгартириб, даъвогар фойдасига 33782321 сўм асосий қарз суммасини ундиришни лозим деб ҳисоблайди.

Жавобгарнинг пенядан озод қилиш бўйича келтирган важларини судлов ҳайъати асоссиз деб ҳисоблайди. Чунки, тарафлар ўртасида тузилган шартномада (4.2-банд) мажбуриятни лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик белгиланган. Суд жавобгар томонидан бажарилган пудрат ишлари учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, бунда жавобгарнинг айби борлигини инобатга олиб, асосли равишда неустойкани ундирган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 й., 10-сон













Время: 0.0170
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск