язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 16.05.2005 й. 19-0403/5875-сонли Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

16.05.2005 й.

N 19-0403/5875


(КЎЧИРМА)


Қарздор қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредитор қарздордан неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли.


Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси Қумқўрғон туманидаги "Тилов Ботир" хусусий фирмасининг манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, ДТ "Халқ банки" Қумқўрғон бўлимидан 2139331 сўм асосий қарз, 2435304 сўм пеня, жами 4578635 сўм ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво 1575331 сўм асосий қарз миқдорида қаноатлантирилиб, қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Адлия бошқармаси Олий хўжалик судига берган кассация шикоятида ҳал қилув қарорининг пеняни рад этиш қисмини бекор қилиб, жавобгардан 1569665 сўм пеня ундириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга биноан хўжалик судининг ҳал қилув қарорини қисман бекор қилиб, янги қарор қабул қилишни лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2003 йил 11 октябрда 8-сонли қурилиш пудрати шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра даъвогар - пудратчи, жавобгар - буюртмачига тегишли бинода қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш, буюртмачи эса олдиндан 15 фоиз бўнак пули тўлаб, қолганини қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, қабул қилиш далолатномалари имзолангандан кейин тўлаб бериш мажбуриятини олишган.

Даъвогар хўжалик судига мурожаат этиб, шартномага кўра 3139331 сўмлик ишларни бажарганлигини, бу ҳақда тузилган ф-2 далолатномаси жавобгар томонидан имзоланганлигини, жавобгар томонидан 2003 йил 6 ноябрда 1431143 сўм ва 2004 йил 26 майда 1 млн. сўм тўланиб, қолган қарз миқдори тўланмаганлигини кўрсатиб, асосий қарз ва унга ҳисобланган пеняни ундиришни сўраган.

Шартнома, ф-2 далолатномаси, банк бўлимининг назорат далолатномасидан кўринишича, даъвогар томонидан 3139331 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган, бироқ жавобгар томонидан хизмат ҳақи қисман тўланган. Шунингдек, жавобгар томонидан даъвогарнинг розилиги билан кредит шартномасига асосан олинган кредит фоизини қисман қоплаш учун қарз миқдорининг 564000 сўм қисми тўланган.

Иш кўрилиш кунига асосий қарз миқдори 1575331 сўмни ташкил этиши ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги сабабли, даъвонинг асосий қарз қисми шу миқдорда асосли қаноатлантирилган.

Даъвонинг пеня қисми ҳам ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса-да, биринчи инстанция суди тарафлар ўртасида ф-3 далолатномаси тузилмаганлигини кўрсатиб ҳамда жавобгарнинг қарз миқдорини унинг бошқа кредиторлик қарзларини тўлаш учун сарф қилиш мақсадида берган розилик хатига асосланиб, пеня ундиришни рад этган.

Ваҳоланки, шартномада бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари ф-2 ёки ф-3 далолатномалари билан тасдиқланиши кўрсатилган. Ф-2 далолатномаси жавобгар томонидан имзоланган. Шунингдек, иш кўрилиш кунига даъвогар қарз миқдори билан бошқа кредиторлик қарзларини қоплашдан воз кечган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 260-моддасида қарздор шартнома билан белгиланган ўз мажбуриятини лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга неустойка тўлаши шартлиги белгиланган.

Бинобарин, 2003 йил охиригача қурилиш-таъмирлаш ишлари даъвогар томонидан бажарилган бўлса-да, жавобгар томонидан хизмат ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли, даъвонинг пеня ундириш қисми қарзнинг ундирилган қисмидан ҳисобланиб ундирилиши лозим.

Юқоридагиларга биноан, судлов ҳайъати даъво талабининг пеня ундириш қисми ҳам асосли эканлигини, қарз миқдори иш кўриш кунигача камайтирилганлигини инобатга олиб, ҳал қилув қарорини қисман бекор қилиб, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига асосан жавобгардан тўланмай қолган қарзнинг 50 фоизи миқдорида, яъни 787666 сўм пеня ундириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Шунга кўра судлов ҳайъати ҳал қилув қарорининг пеняни рад этиш қисмини бекор қилиб, ДТ "Халқ банки" Қумқўрғон бўлимидан "Тилов Ботир" хусусий фирмасига 787666 сўм пеня ундириш ҳақида янги қарор қабул қилишни ва ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 йил, 5-сон