ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 23.02.2005 й. 16-0306/1264-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

23.02.2005 й.

N 16-0306/1264


(КЎЧИРМА)


Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади.


Вилоят адлия бошқармаси "Боғбон" фермер хўжалиги манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "Ўзбекистон" ширкат хўжалигидан шартнома шартларини лозим даражада бажармаганлиги учун 8103440 сўмлик зарарни ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Вилоят адлия бошқармаси кассация шикоятида тарафлар ўртасида тузилган шартномада жавобгар сув етказиб бериш мажбуриятини олганлигини, аммо бу вазифани лозим даражада бажармаганлиги натижасида фермер хўжалигининг экинлари қуриб қолиб, моддий зарар кўрганлигини, қонун ҳужжатларида жавобгар етказилган зарарни қоплаши шартлиги белгиланганлигини, аммо судлар ушбу қонун нормасини нотўғри қўллаб, асоссиз равишда даъвони рад қилганликларини кўрсатиб, суд қарорларини бекор қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати иш материалларини, кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб, қуйидагиларга кўра кассация шикоятини қаноатлантирмасликни лозим деб топади:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа асослардан келиб чиқади. Кодекснинг 236-моддасига кўра эса, мажбуриятлар мажбурият шартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 1998 йил 12 сентябрда ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш тўғрисида шартнома тузилган. Шартноманинг 10-бандига кўра жавобгар даъвогарнинг қишлоқ хўжалик экинларини ва дарахтзорларини ажратилган лимитга мувофиқ суғориш учун сув билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 333-моддасига мувофиқ қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, айбсиз ҳисобланади.

Иш ҳужжатларига илова қилинган 2001 йил 3 май, 15 май, 20 июль, 5 декабрь ва 2002 йил 10 ноябрдаги далолатномалар билан даъвогар ва жавобгарнинг ерларида сув танқис бўлганлиги, уларнинг ерларига сув етказиб берадиган сув насосларининг 3 ва 4-кўтармалари мунтазам равишда ишламаганлиги оқибатида иккала хўжалик экинлари зарар кўрганлиги тасдиқланган.

Сув тортиш насоси жавобгарнинг балансида бўлмай, балки туман насос станцияси бошқармасига қарашли бўлиб, насосларнинг мунтазам равишда ишламаганлигида жавобгарнинг айби бўлмаган. Даъвогарнинг жавобгар ўз вақтида насосларни ишлатишни талаб қилмаган, натижада унинг ерларига сув етказиб берилмаган, деган важларини судлов ҳайъати асоссиз деб ҳисоблайди, чунки шартнома шартларида бундай мажбуриятлар белгиланмаган.

Суд мажлисида тарафлар вакилларининг берган кўрсатмаларидан аниқланишича, даъвогар ва жавобгарнинг ерлари бир контурда жойлашган бўлиб, даъвогар сув келадиган трубанинг биринчи қулоғида жойлашган. Унинг ерлари суғорилгандан кейин сув жавобгарнинг ерларига ўтган. Бундай ҳолда жавобгарнинг шартнома мажбуриятларини қасддан бажармаганлиги ҳолати мавжуд эмас.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарга зарар етказилишида жавобгарнинг айби йўқлиги иш ҳужжатлари билан тасдиқланганлигини инобатга олиб, даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида тўғри хулосага келган. Апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатларга тўғри баҳо берилиб қарор қабул қилинган деб, асосли равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни асоссиз деб, уни қаноатлантирмасликни, суд қарорларини эса ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб ҳисоблайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 4-сон












Время: 0.0258
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск