ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Кредит, қарз, кафиллик ва гаров шартномаларига оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 17.04.2007 й. 18-0605/0124-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

17.04.2007 й.

N 18-0605/0124


(КЎЧИРМА)




Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси АТ "Пахта-банк" Бешкент бўлими манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркор А.Самадов ва "Тожибек" фермер хўжалигининг гаровдаги ва ликвидли мол-мулклари ҳисобидан 5607700 сўм кредит ва унинг фоизларини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2006 йил 23 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Олий хўжалик суди Раёсатининг 2006 йил 23 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган, иш янгидан кўриш учун юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2007 йил 25 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Даъвогар фойдасига якка тартибдаги тадбиркор А.Самадов ва "Тожибек" фермер хўжалигидан солидар тартибда 5607700 сўм ундирилган.

Протестда ҳал қилув қарорини ўзгартириб, "Тожибек" фермер хўжалигини жавобгарликдан озод қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, АТ "Пахтабанк" Бешкент бўлими ва якка тартибдаги тадбиркор А.Самадов ўртасида тузилган 2002 йил 7 ноябрдаги шартномага асосан якка тартибдаги тадбиркорга йиллик 24 фоиз тўлаш шарти билан икки йил муддатга 3800000 сўм кредит ажратилган.

Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида 2002 йил 7 ноябрда тарафлар ўртасида кафиллик шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан "Тожибек" фермер хўжалиги якка тартибдаги тадбиркор А. Самадовнинг кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини бажармаган тақдирда, кафил сифатида ушбу мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Якка тартибдаги тадбиркор А.Самадов томонидан олинган кредит ва унга ҳисобланган 1807700 сўм фоиз шартномада кўрсатилган муддатда қайтарилмаган.

Биринчи инстанция суди Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб бериши ҳақидаги 293-моддасининг биринчи қисми талабидан келиб чиқиб, кредит ва унинг фоизларини жавобгарлардан солидар тартибда ундирган.

Аммо, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2005 йил 17 майдаги ҳукмида АТ "Пахтабанк" Бешкент бўлими кредит бўлими етакчи мутахассиси Ж. Р. якка тартибдаги тадбиркор А.Самадовга "Тожибек" фермер хўжалиги кредит олиш учун кафиллик қилади, деб расмий ҳужжат ҳисобланган кафиллик шартномаси ва мажлис баёнига сохта ёзувлар киритиб, уни қалбакилаштирганлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 124-моддасининг биринчи қисмига кўра юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Тарафлар ўртасида тузилган кафиллик шартномаси қалбакилаштирилганлиги суд ҳукми билан тасдиқланган. Қалбакилиги тасдиқланган кафиллик шартномаси асосида "Тожибек" фермер хўжалигидан кредит ва унинг фоизларини ундириш мумкин эмас.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгартириб, "Тожибек" фермер хўжалигини жавобгарликдан озод этиб, кредит ва унинг фоизларини якка тартибдаги тадбиркор А.Самадовдан ундиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 6-сон












Время: 0.0392
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск