ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Кредит, қарз, кафиллик ва гаров шартномаларига оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 26.10.2005 й. 21-0403/406-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

26.10.2005 й.

N 21-0403/406


(КЎЧИРМА)


Агар шахснинг битим тузиш ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан чеклаб қўйилган ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлса, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ҳоллардагина шартнома суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


Даъвогар - "Турон" АЖ хўжалик судига Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Навоий вилоят бўлими Қизилтепа филиали ва Қизилтепа тумани "Рустам" ИЧСКга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида ишга жавобгар сифатида Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки ҳам жалб қилинган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган ва айбдор мансабдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўриш учун "Турон" АЖ, Навоий шаҳар ДСИ, Навоий вилоят "Пахтабанк"ига хусусий ажрим юборилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Даъвогарнинг кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, кассация шикояти важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, яхна ичимликлар ишлаб чиқариш ва уни қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Қизилтепа филиали 2001 йил 10 декабрдаги 11/12-сонли кредит шартномасига асосан йиллик 24 % устама тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 10 млн. сўм кредит маблағини "Рустам" ИЧСКга ажратган. Кредит қайтарилишини таъминлаш мақсадида банк, "Рустам" ИЧСК (қарздор) ва "Турон" АЖ (кафил) ўртасида 2001 йил 6 ноябрда шартнома тузилиб, унга кўра қарздор томонидан кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ва кредит ҳамда унинг фоизлари қайтарилмаган тақдирда кафил қарзни қоплаш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Кафиллик миқдори 17 млн. сўм деб белгиланган.

Қарздор томонидан қарз қайтарилмаганлиги сабабли, вилоят прокуратураси даъвогар - Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Қизилтепа филиали манфаатини кўзлаб, хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган ва жавобгарлар - "Рустам" ИЧСК ҳамда "Турон" АЖдан солидар тартибда кредит шартномасига асосан тўланиши лозим бўлган 11193400 сўм қарзни ундиришни сўраган. Вилоят прокуратурасининг даъво аризасига асосан қўзғатилган 21-03-02/1921-сонли иш бўйича чиқарилган 2003 йил 4 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, қарз жавобгарлардан солидар тартибда ундирилган.

"Турон" АЖ кафиллик шартномасини ноқонуний деб ҳисоблаб, уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилган.

Судлов ҳайъати мазкур хўжалик иши бўйича биринчи инстанция суди даъвони рад этиш тўғрисида тўғри тўхтамга келган деб ҳисоблайди. Чунки, иш ҳужжатларида кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар мавжуд эмас.

Кассация шикоятида кафиллик шартномаси ноқонуний тузилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 124-моддасига асосан таъсис ҳужжати ёки қонунчилик талабларига зид ҳолда тузилган ҳар қандай битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилиши лозимлиги, "Турон" АЖнинг Низомида кафиллик бериш кўзда тутилмаганлиги, кафиллик шартномасини тузишдан олдин жамиятнинг иқтисодий аҳволи таҳлил қилинмаганлиги ва ушбу соҳада тегишли мутахассис хулосаси олинмаганлиги, жамиятнинг Низомида чеклаш бор ёки йўқлигини банк текшириши лозимлиги, кафиллик шартномасини тузиш учун жамиятнинг тўлов қобилияти яхши эканлигини тасдиқловчи сохта бухгалтерия ҳужжати - баланси асос бўлганлиги, ФКнинг 123-моддаси 1-қисмига кўра, бир тараф вакилининг иккинчи тараф вакили билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги, ушбу Кодекснинг 231-моддасига кўра мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қилиши мумкинлиги, жамият бошқаруви раиси С. Суннатов ваколат доирасидан четга чиқиб, Ж. Олтинов ўрнига кафиллик шартномасини ўзбошимчалик билан тузганлиги, унга меҳнат таътилида бўлган вақтида битимлар тузиш ваколати берилмаганлиги, жамият Низом жамғармасининг 50 % улуши фуқаро О. Муҳиддиновга тегишли бўлганлигига қарамасдан, унинг розилигисиз кафиллик шартномаси тузилганлиги тўғрисидаги важлар келтирилган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъвогарнинг ушбу важлари муҳокама қилиниб, қуйидагиларга кўра асоссиз деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 126-моддасига мувофиқ, агар шахснинг битим тузиш ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан чеклаб қўйилган ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлса, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ҳоллардагина шартнома суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Аммо, банк "Турон" АЖнинг Низомида бошқарув раисининг ваколати чегараланганлигини билмаган ва олдиндан билиши мумкин бўлмаган.

Суд мажлисида иштирок этган банк вакиллари томонидан кредитнинг таъминоти сифатида расмийлаштирилган кафиллик шартномасини тузишда талаб қилинаётган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2000 йил 29 мартда 906-сон билан рўйхатдан ўтган "Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 2.8-бандида кўрсатилганлиги, шу рўйхатда кафилдан унинг Низомини талаб қилиб олиш кўрсатилмаганлиги, ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олган тақдирда банк адлия идоралари томонидан жазоланиши мумкинлиги, кафилнинг Низомини талаб қилиб олиш ва ўрганиш банкнинг вазифасига кирмаслиги тўғрисидаги важлар келтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 29 мартда 906-сон билан рўйхатдан ўтган "Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида"ги Низомда кафилдан унинг Низомини талаб қилиб олиш назарда тутилмаган.

Шунинг учун судлов ҳайъати кафилнинг Низомини талаб қилиб олиш ва ўрганиш банкнинг вазифасига кирмаслиги тўғрисидаги банк вакилларининг важларини асосли деб ҳисоблайди ва даъвогарнинг банк жамият Низомида назарда тутилган чеклашларни билиши лозимлиги тўғрисидаги важларини рад этишни лозим топади.

Кассация шикоятида даъвогарнинг кафиллик шартномасини тузишга жамиятнинг тўлов қобилияти яхши эканлигини тасдиқловчи сохта бухгалтерия ҳужжати - баланси асос бўлганлиги тўғрисидаги важлар келтирилган бўлиб, биринчи инстанция суди томонидан бу важлар асосли равишда инобатга олинмаган. Чунки, "Турон" АЖнинг баланси банк томонидан эмас, балки даъвогарнинг ўзи томонидан тузилган ва балансда акс эттирилган кўрсаткичларнинг нотўғри эканлигида банкнинг айби йўқ.

Даъвогар томонидан "Турон" АЖнинг Низомида кафиллик бериш кўзда тутилмаганлиги тўғрисидаги важлар келтирилган бўлса-да, унда кафиллик бериш тақиқланганлиги ҳам кўрсатилмаган.

"Турон" АЖ ўз хоҳиши билан кафиллик шартномасини тузган ва бу битимни тузишга уни ҳеч ким мажбур қилмаган. Шу маънода даъвогарнинг ҳеч қандай ҳуқуқи бузилмаган.

Кассация шикоятидаги жамият бошқаруви раиси С. Суннатов меҳнат таътилида бўлиб, ваколат доирасидан четга чиқиб, Ж. Олтинов ўрнига кафиллик шартномасини ўзбошимчалик билан тузганлиги, унга меҳнат таътилида бўлган вақтида битимлар тузиш ваколати берилмаганлиги тўғрисидаги важларни ҳам судлов ҳайъати асоссиз деб ҳисоблайди. С. Суннатов меҳнат таътилида бўлгани билан, уни акциядорлик жамиятининг умумий йиғилиши раҳбарлик лавозимидан четлатмаган.

Бундан ташқари, судлов ҳайъати кассация шикоятининг жамият Низом жамғармасининг 50 % улуши фуқаро О. Муҳиддиновга тегишли бўлганлигига қарамасдан, унинг розилигисиз кафиллик шартномаси тузилганлиги тўғрисидаги важларини ҳам рад этишни лозим топади. Чунки, акциядорлик жамияти бошқаруви раисига жамият номидан битимлар тузиш ваколати алоҳида акционерлар томонидан эмас, балки умумий йиғилиш томонидан берилган.

Шунингдек, судлов ҳайъати даъвогарнинг суд ишни ноқонуний равишда даъвогарнинг иштирокисиз кўрганлиги тўғрисидаги важларини ҳам рад этишни лозим топади. Иш ҳужжатларига кўра, суднинг ишни кўришни 2004 йил 14 июль кунига қолдириш тўғрисидаги 2004 йил 28 июндаги ажрими даъвогар корхонаси раҳбари ҳамда бош ҳисобчиси томонидан 2004 йил 7 июль куни олинган. Бу ҳолат хўжалик судининг 2004 йил 1 июлдаги 02/26-21733-сонли хати билан тасдиқланади.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлиги сабабли ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос йўқ деб ҳисоблайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 йил, 5-сон
























Время: 0.0093
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск