ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Солиққа оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 05.02.2013 й. 11-1129/12588-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

05.02.2013 й.

N 11-1129/12588


(КЎЧИРМА)




Ишда иштирок этаётган ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак


Бўстонлиқ туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркор Р.Дж.дан 59685,12 сўм солиқ қарзини ундиришни ва ундирувни унинг мол-мулкига қаратишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 5 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 9 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида Р.Дж. ўзининг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли 2010 йил 1 июнда ўз фаолиятини тўхтатганлиги ва шу туфайли ҳозирда юридик шахс мақомига эга бўлмаганлиги учун иш юритишни тугатишни сўраган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини ишдаги ҳужжатлар билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Р.Дж.нинг 2011 йил 26 апрель ҳолатидаги солиқ қарзи 59685,12 сўмни ташкил қилган.

Жавобгарга солиқ қарзини бир ой мобайнида тўлаш ҳақида даъвогар томонидан 2011 йил 26 апрелда 716-сонли талабнома юборилган.

Солиқ тўловчи солиқ қарзини ихтиёрий равишда тўламагач, даъвогар ушбу солиқ қарзини жавобгардан мажбурий ундириш чораларини кўрган.

Иш судда кўрилгунига қадар якка тартибдаги тадбиркор томонидан солиқ қарзи қопланмаган.

Солиқ кодекси 62-моддасининг биринчи қисмига кўра, ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларидан ҳисобланади. Мазкур Кодекс 65-моддасининг биринчи қисмига биноан, ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш давлат солиқ хизмати органининг даъво аризаси асосида суд тартибида амалга оширилади.

Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаб, процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, арз қилинган талабни асосли равишда қаноатлантирган.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг кассация шикоятида келтирган важлари қуйидагиларга кўра асоссиздир.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар хўжалик судига тааллуқлидир. Маълум бўлишича, Р.Дж. 2010 йил 25 февралда амал қилиш муддати 2015 йил 25 февралгача бўлган, аралаш моллар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи, тартиб рақами 4128-сон бўлган гувоҳномани олган ва шу асосда якка тартибдаги тадбиркор ҳамда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган. Ўз фаолиятини 2010 йил 1 июндан бошлаб вақтинчалик тўхтатган. Аммо, 59685,12 сўм солиқ қарзи унинг 2010 йил 1 июнга қадар олиб борган фаолияти давомида ҳисобланиб, низо судда кўрилаётган вақтда у якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлган ва давлат реестридан чиқарилмаган.

Гарчи, Р.Дж. фаолият кўрсатмаётганлигини билдирса-да, давлат реестридан чиқарилганлиги ҳолатини исботловчи далилларни судга тақдим этмаган. Ваҳоланки, ХПКнинг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этаётган ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Бундай ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос мавжуд эмас.

Бундан ташқари, ХПКнинг 121-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар ишни юритиш вақтида ўз манзилларининг ўзгарганлиги ҳақида хўжалик судига хабар беришлари шарт. Бундай хабар берилмаган тақдирда процессуал ҳужжатлар хўжалик судига маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ёки яшамаётган бўлса ҳам, етказиб берилган деб ҳисобланади. Яъни, суднинг 2012 йил 31 октябрдаги ажрими жавобгарнинг солиқ органига маълум бўлган юридик манзилгоҳига етказилган. Аммо, манзилда Р.Дж. бўлмаганлиги сабабли, ажрим унга топширилмаган ва бу ҳақда 2012 йил 9 ноябрда далолатнома тузилган. Кассация инстанцияси судининг 2013 йил 14 январдаги ажрими унинг солиқ органига топширган ҳисоботлари бўйича яшаш манзили Бўстонлиқ тумани, Чарвақ Беш тут 11-уй, 12-квартирага юборилган бўлиб, ажрим 2013 йил 23 январь куни Р.Дж. томонидан қабул қилиб олинган. Шу сабабли, жавобгарнинг ушбу важлари билан келишиб бўлмайди.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 2-сон

























Время: 0.0061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск