язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Ер муносабатларига оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 30.05.2007 й. 10-0611/16081-сонли Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

30.05.2007 й.

N 10-0611/16081


(КЎЧИРМА)




Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим


"MURTOZA OTA" фермер хўжалиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясидан 1491715 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Жавобгар кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган.

Кассация протестида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят ва протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги хужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, "MURTOZA OTA" фермер хўжалиги Ғаллаорол туман ҳокимининг 1999 йил 15 октябрдаги 496-к сонли қарори билан ташкил этилган, хўжаликка 60 га ер майдони фойдаланиш учун ажратилган.

"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси томонидан "Муборак-Янгиер" йўналиши 4-тармоғи бўйича газ қувурлари ўтказилиши муносабати билан "MURTOZA OTA" фермер хўжалига фойдаланишидаги ер майдонининг 2,66 гектари 2002 йилда "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси томонидан пайҳон қилинган ва ушбу ер майдони экин экиш учун яроқсиз ҳолатга келтирилган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2003 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарга 2002 йилда пайҳон қилинган ҳосилдорлик учун етказилган зарар, 2006 йил 3 майдаги ҳал қилув қарори билан 2,66 гектар ер майдонини рекультивация қилиш учун кетадиган пул маблағи ундириб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Фермер хўжалиги 2,66 гекгар ер майдонидан жавобгарнинг айби билан 2003, 2004, 2005 ва 2006 йиллар давомида фойдалана олмаган, натижада ушбу йиллар давомида олинадиган фойдадан маҳрум бўлган.

Шунинг учун даъвогар жавобгардан 1491715 сўм бой берилган фойдани ундириш талабини қўйган.

Даъвогар ушбу талабни тўғри қўйган бўлса-да, бой берилган фойдани ҳисоблашда қилиниши лозим бўлган харажатларни инобатга олмаган. Шунинг учун судлов ҳайъати томонидан даъвогар бой берган фойдани аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан мутахассис жалб қилинди.

Мутахассиснинг хулосасига кўра, 2003-2006 йиллар давомида "MURTOZA OTA" фермер хўжалиги томонидан 252036 сўм фойда бой берилган. Судлов ҳайъати мутахассис хулосасига асосланган ҳолда даъвони 252036 сўм миқдорида қаноатлантиришни лозим топади.

Гарчи, даъвогар бой берилган фойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 15 июндаги 282-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасида ерларнинг қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун олиниши муносабати билан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобутгарчилиги ҳажмларини аниқлаш ҳамда уларнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида"ги Низом талаблари асосида туман ҳокимининг қарори асосида тузилган комиссия томонидан ҳисобланганлигини қайд этса-да, комиссия томонидан 2007 йил 11 январда тузилган далолатномада ҳам фойда олиш учун қилиниши лозим бўлган харажатлар инобатга олинмаган. Ваҳоланки, юқорида қайд этилган Низомда бой берилган фойдани аниқлашда қилиниши лозим бўлган харажатлар чиқариб ташланмаслиги кўрсатилмаган. Даъвогар томонидан қўшимча тақдим этилган лалми ер майдонига қилинадиган харажатлар тўғрисидаги ҳисоб-китобларда ҳам барча харажатлар, жумладан ҳосил етиштириш учун сарфланадиган минерал ўғитлар қиймати ҳисобга олинмаган.

Бундан ташқари, даъвогар 1491715 сўм бой берилган фойдани ундириш учун судга 2006 йил декабрь ойида даъво тақдим қилган. Комиссия томонидан эса 2007 йил 11 январда даъвогарнинг ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда бой берилган даромаднинг хисоб-китоби тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган.

Шунинг учун судлов ҳайъати комиссия томонидан имзоланган далолатнома ва унга илова сифатида келтирилган лалми ер майдонига қилинадиган харажатлар тўғрисидаги маълумотномани инобатга олиш мумкин эмас деб ҳисоблайди.

Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъвогарнинг даъвосини 252036 сўм миқдорида қаноатлантиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 8-сон