ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишга оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 26.09.2006 й. 11-0622/4970-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

26.09.2006 й.

N 11-0622/4970


(КЎЧИРМА)




Хўжалик ишларини кўришда қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


Оҳангарон тумани давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, Оҳангарон ўрмон хўжалигига нисбатан 940000 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Жавобгар Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат этиб, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, Оҳангарон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг 2006 йил 10 мартдаги 38-хс-сонли буйруғига асосан солиқ инспекцияси ходимлари томонидан шу туман ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган Оҳангарон ўрмон хўжалигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 декабрдаги 621-сонли, 2001 йил 22 июлдаги 264-сонли, 2002 йил 5 августдаги 280-сонли қарорларининг бажарилиши юзасидан қисқа муддатли текшириш ўтказилган.

Текшириш натижаларига кўра, солиқ инспекцияси ходимлари томонидан далолатнома тузилиб, унда ўрмон хўжалиги ишчиси М.Қ. томонидан 5 туп арча кўчати 5000 сўм нақд пулга сотилиб, назорат-касса машинасида 5000 сўм савдо пули урилмаганлиги кўрсатилиб, текширув ҳужжатлари асосида хўжалик судига ариза тақдим этилган.

Оҳангарон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг 2006 йил 10 мартдаги 38-хс-сонли буйруғида 2006 йил 1-чорак мувофиқлаштириш режа-жадвали текшириш учун асос қилиб кўрсатилган бўлса-да, лекин ушбу режа-жадвал ишга қўшилмаган ва даъвогар томонидан судлов ҳайъатига тақдим этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида"ги 1998 йил 19 ноябрдаги ПФ-2114-сонли Фармонининг 1-бандида мулкчилик шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига доир барча текширувларни, молия-хўжалик фаолиятини текширишни истисно этган ҳолда ўтказиш, қоида тариқасида, бир йўла комплекс текширишлар ўтказилиши назарда тутилиб, фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига биноан режа асосидаги тартибда назорат органлари томонидан йилига кўпи билан бир марта амалга оширилиши кўрсатилган.

Лекин, солиқ инспекцияси ходимлари томонидан қайд этилган Фармонга зид равишда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг розилигисиз, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан ўрмон хўжалигида асоссиз равишда текшириш ўтказилган.

Бундан ташқари, текшириш учун асос бўлган ҳужжатлар ва текшириш натижалари юзасидан тузилган далолатнома нусхаси "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида белгиланган тартибда жавобгарга тилхат асосида топширилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 23 июлдаги "Назорат қилувчи органлар фаолиятини тартибга солишга оид қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 116-сонли қарорининг 7-бандида текшириш ўтказиш буйруғи ва режаси хўжалик юритувчи субъект раҳбарига тилхат асосида топширилмаган, текшириш натижалари юзасидан тузилган ҳужжатларнинг нусхаси хўжалик юритувчи субъектга қолдирилмаган тақдирда, назорат қилувчи органлар қабул қилган ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузган деб баҳолашга ҳамда ушбу ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади, деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 54-моддасига кўра қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Биринчи ва апелляция инстанциялари томонидан қарорлар қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 июндаги 262-сонли қарорининг 3-иловасига кўра Оҳангарон ўрмон хўжалиги давлат ташкилоти ҳисобланиб, хўжалик асосан бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштирилишига, бундан ташқари, мазкур хўжалик Тошкент вилояти ҳокимлиги тасарруфида бўлиб, унга стратегик аҳамиятга молик бўлган бошқа вазифалар ҳам юклатилганлигига, судларга фақатгина тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималар қўллаш ваколати берилганлигига эътибор қаратилмаган.

Судлов ҳайъати юқорида қайд этилган ҳолатларни эътиборга олган ҳолда биринчи ва апелляция инстанцияси судининг қарорларини бекор қилиб, даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш лозим деб ҳисоблайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 3-сон
















Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск