ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 10.04.2007 й. 10-0617/13333-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

10.04.2007 й.

N 10-0617/13333


(КЎЧИРМА)




Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси "Озиқ-овқат савдо" масъулияти чекланган жамияти манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил сентябрдаги 135-сонли фармойишини, Ўзбекистон Республикаси АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг 2006 йил 31 майдаги 14-8/35-сонли фармойишини ҳақиқий эмас деб топишни, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва АТ "Ўзсаноатқурилишбанк" Амалиёт бошқармасидан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖга 20,0 млн. сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил 2 сентябрдаги 1135-сонли фармойиши, АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг 2006 йил 31 майдаги 14-8/35-сонли фармойиши ҳақиқий эмас деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖга 20,0 млн. сўм ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарорининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан 324200 сўм давлат божини ундириш қисми бекор қилиниб, ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгартириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларида келтирилган важларга қараганда, "Озиқ-овқат савдо" МЧЖ ва "Шухсан-Р" хусусий фирмаси ўртасида тузилган 2006 йил 24 мартдаги 178-сонли, 2006 йил 26 мартдаги 184-сонли шартномаларга асосан жамият томонидан хусусий фирмага 40,0 млн. сўмлик товарлар етказиб берилган. Хусусий фирма, ўз навбатида, етказиб берилган товарлар учун тўловни амалга оширган. "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамига келиб тушган 20,0 млн. сўм жиноят ишига дахлдор деб баҳоланиб, 9226-сонли ҳарбий қисмнинг ҳисоб рақамидан "Шухсан-Р" хусусий фирмасига ўтказилган пул маблағи сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил сентябрь ойидаги 135-сонли фармойиши ҳамда АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг 2006 йил 31 майдаги 14-8/35-сонли фармойиши асосида "Озиқ-овқат савдо" МЧЖдан ечиб олинган.

Лекин, ишда мавжуд бўлган жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2005 йил 13 декабрдаги ҳукмида "Шухсан-Р" хусусий фирмаси томонидан 2005 йил 24 мартда "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган 20,0 млн. сўм пул маблағининг жиноят ишига дахлдорлиги кўрсатилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг "Шухсан-Р" хусусий фирмаси раҳбари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича қабул қилинган 2006 йил 28 июлдаги ҳукмида эса 9226-сонли ҳарбий қисмнинг ҳисоб рақамидан "Шухсан-Р" хусусий фирмасига ноқонуний тарзда ўтказилган 40,0 млн. сўм "Меҳнат ҳалол" шўъба корхонасига ўтказилиб, шўъба корхонасидан олинган профилланган тунука ва пўлат қувурлар нақд пулларга сотилиб, пуллар нақдлаштирилганлиги қайд этилган.

Бундай ҳолда "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган 20,0 млн. сўм жиноят ишига дахлдор деб ҳисобланиб, зарарни қоплаш учун йўналтирилиши нотўғридир ва 20,0 млн. сўм жамиятга қайтарилиши лозим.

Чунки, "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамига 20,0 млн. сўм ноқонуний келиб тушганлиги дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланмаган, жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмида баён қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 166-моддасига мувофиқ, мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади, мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Даъво аризасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил сентябрь ойидаги 135-сонли фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаб қўйилган бўлса-да, лекин ҳал қилув қарорида даъво талабидан четга чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил 2 сентябрдаги 1135-сонли фармойиши ҳақиқий эмас деб топилган.

Судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил сентябрь ойидаги 135-сонли фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, даъво талаби тегишли ҳужжатлар билан асослантирилмаганлиги сабабли рад этилиши лозим деб ҳисоблайди.

Шунингдек, "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамига келиб тушган 20,0 млн. сўм Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан олинмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖга 20,0 млн. сўм ундириш ҳақидаги даъво талаби ҳам рад этилади.

Аммо, "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамига 20,0 млн. сўм ноқонуний келиб тушганлиги жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми билан тасдиқланмаган бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг 2006 йил 31 майдаги 14-8/35-сонли фармойиши билан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖнинг ҳисоб рақамидан асоссиз равишда 20,0 млн. сўм олинган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 199-моддасига кўра, мол-мулкни мулкдордан олиб қўйишга қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ана шу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг фармойиши юқорида қайд этилган қонун талабига зиддир.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 228-моддасида мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақлилиги кўрсатилган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"дан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖ ҳисоб рақамидан асоссиз равишда ечиб олинган 20,0 млн. сўмни жамият фойдасига ундириш лозим.

Судлов ҳайъати юқорида қайд этилган ҳолатларни эътиборга олиб, суд қарорини ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил 2 сентябрдаги 1135-сонли фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖга 20,0 млн. сўм ва 5000 сўм почта харажатлари ундириш қисмини бекор қилиб, даъвонинг шу қисмини рад қилишни, Ўзбекистон Республикаси АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"дан "Озиқ-овқат савдо" МЧЖга 20,0 млн. сўм ва 5000 сўм почта харажатларини ундиришни, Ўзбекистон Республикаси АТ "Ўзсаноатқурилишбанк"дан ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 200000 сўм давлат божи, ишни апелляция тартибида кўриш билан боғлиқ 100000 сўм давлат божи ва Тошкент шаҳар хўжалик судига 5000 сўм почта харажатлари, ишни кассация тартибида кўриш билан боғлиқ 100000 сўм давлат божи ва Олий хўжалик судига 5000 сўм почта харажатларини ундиришни ҳамда суд қарорларининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 6-сон











Время: 0.0303
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск