ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 07.11.2005 й. 17-0510/3148-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

07.11.2005 й.

N 17-0510/3148


(КЎЧИРМА)


Ҳал қилув қарорида тадбиркорлик фаолияти субъектини тугатиш асосларининг кўрсатиб ўтилмаганлиги суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги деб баҳоланган.


Андижон вилоят прокуратураси "Гўзал" фермер хўжалигининг манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, якка тартибдаги тадбиркор Н. Акбаровнинг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво  қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Якка тартибдаги тадбиркор Н. Акбаров Олий хўжалик судига кассация шикояти бериб, даъво талаби асоссизлиги учун уни рад этишни сўраган.

Судлов ҳайъати ишдаги мавжуд ҳужжатларни, кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Вилоят прокуратураси томонидан "Гўзал" фермер хўжалигининг аризасига асосан Ўзбекистон Республикасининг "Ветеринария тўғрисида"ги Қонуни ижроси юзасидан текшириш ўтказилиб, "Гўзал" фермер хўжалигига қарашли чорвачилик комплексига фуқаро О. Маҳмудохунов томонидан сотиб олинган чўчқачилик фермаси туташ жойлашганлиги, бу фермада якка тартибдаги тадбиркор Н. Акбаров чўчқа етиштириш фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, ветеринария соҳаси мутахассисларининг хулосасига кўра, чорвачилик билан шуғулланаётган фермаларнинг оралиғида камида 300 метр санитария ҳимоя зонаси бўлиши шартлиги кўрсатилган ва шу ҳужжат асосида судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган.

Иш ҳолатларидан кўринишича, Андижон туманидаги "Бобир" ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган чорвачилик (чўчқачилик) фермаси икки қисмга бўлинган бўлиб, бир қисми фуқаро М. Ҳурбоев, иккинчиси "Гўзал" фермер хўжалиги ва учинчи қисми О. Маҳмудохунов томонидан "Бобир" ширкат хўжалигидан сотиб олинган.

Фуқаро О. Маҳмудохунов билан тадбиркор Н. Акбаров ўртасида оғзаки тузилган олди-сотди битимига кўра, О. Маҳмудохунов томонидан ферманинг сотиб олинган қисмида тадбиркор Н. Акбаров чўчқа етиштириш билан шуғуллана бошлаган.

Бироқ, тадбиркор Н. Акбаров ҳақиқатда қандай ҳужжатларга асосан низолашилаётган жойда фаолият кўрсатаётганлиги суд томонидан аниқланмаган.

Даъвогар ўз даъвосида "Чорвачилик фермаларини лойиҳалаштириш, қуриш, қайта таъмирлаш ва фойдаланишда ветеринария-санитария талаблари"га асосланган. Ваҳоланки, унда камида 300 метр санитария ҳимоя зонаси чорвачилик билан шуғулланаётган фермаларнинг оралиғида эмас, балки фермерлар билан аҳоли жойлашган ҳудуд оралиғи шу масофадан кам бўлмаслиги кераклиги кўрсатилган.

Прокуратура томонидан ўтказилган текшириш далолатномалари ҳамда даъво аризасида ҳавола этилган мутахассисларнинг хулосаси даъво аризасига илова қилинмаган ва биринчи инстанция суди томонидан талаб этиб олинмаган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан тадбиркорнинг чўчқа боқиш фаолияти тўхтатилган. Бу айнан шу фаолият билан шуғулланиш учун рухсатнома олган тадбиркорнинг фаолиятини тўхтатиш демакдир.

Ўзбекистон Республикаси "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 48-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектини тугатиш унинг мол-мулки мулкдорининг ёки бундай корхоналарни тузишга ваколатли органнинг қарорига мувофиқ ёхуд суд қарорига биноан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддасида юридик шахсни тугатиш асослари кўрсатилган бўлиб, биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори чиқаришда бу асослар кўрсатиб ўтилмаган, яъни жавобгар фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги даъвони қаноатлантиришдан олдин бунга асос бўла оладиган ҳолатларни тасдиқловчи бирор-бир ҳужжат суд томонидан даъвогардан талаб қилиб олинмаган. Ишга соҳа мутахассислари жалб қилиниб, уларнинг тегишли фикр-мулоҳазалари олинмаган.

Бинобарин, биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан, ҳал қилув қарори қабул қилинган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддасига кўра суд қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Шунинг учун судлов ҳайъати суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда йўл қўйилган хатоликлар бартараф этилиб, ишни кўришда тарафлар вакилларининг иштироки таъминланиб, низонинг мазмунан тўғри ҳал этилиши учун зарур ҳужжатлар талаб этилиб, шу соҳа мутахассисларининг фикрлари олиниб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида асослантирилган ва қонуний қарор қабул қилиниши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 йил, 5-сон






























Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск