язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Солиқ, божхона ва бошқа маъмурий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.12.2007 й. Р N 123-сонли Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2007 й.

Р N 123

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - "SOBIR RAHIMOV TAOM" хусусий фирмаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - Собир Раҳимов тумани давлат солиқ инспекциясига томонидан 2007 йил 23 январдаги далолатномага асосан чиқарилган 2007 йил 6 февралдаги 11/-1297-сонли тақдимнома асосида табиий ресурслардан фойдаланганлик учун қўшимча ҳисобланган солиқ ва пеня суммаларини ундириш учун фирманинг ҳисоб рақамига қўйилган инкассо топшириқномасининг ижро этилишини мумкин эмас деб топишни сўраган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2007 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Олий хўжалик суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2007 йил 31 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Протестда суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қисман қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Собир Раҳимов туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан 2007 йилнинг 17-23 январь кунлари "SOBIR RAHIMOV TAOM" хусусий фирмасида солиқ қонунчилигига риоя этилиши аҳволи юзасидан режали текшириш ўтказилган ва унинг натижалари бўйича 2007 йил 23 январда далолатнома тузилган.

Текшириш давомида хусусий фирмага нисбатан табиий ресурслардан фойдаланганлик солиғи бўйича 2004 йил учун 4376200 сўм ва 2005 йил учун 517100 сўм, жами 4893300 сўм солиқ қўшимча ҳисобланиб, фирманинг ҳисоб рақамига 2007 йил 20 февралда 20-сонли инкассо тўлов топшириқномаси қўйилган ва 5284095 сўм ундирилган.

Биринчи инстанция суди даъвогарнинг инкассо тўлов топшириқномасининг ижро этилишини мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришда молиявий санкция суд томонидан қўлланилиши лозимлигини, бироқ Солиқ инспекцияси томонидан судга мурожаат қилинмасдан, хусусий фирма далолатноманинг 9-бандига норози бўлгани ҳолда мажбурий тартибда асоссиз равишда инкассо топшириқномаси қўйилганини кўрсатиб, даъво талабини қаноатлантирган. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги 12/149-сонли "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий жавобгарлигини эркинлаштиришни такомиллаштиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар тўғрисида"ги қарорининг 16.1-бандида қўшимча ҳисобланган солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар молиявий санкция ҳисобланмаслиги ва солиқ органи томонидан судга мурожаат қилинмасдан қабул қилинган қарор асосида белгиланган тартибда ундирилиши кўрсатилганига биринчи инстанция суди томонидан эътибор берилмаган.

Бундан ташқари, 2007 йил 20 февралда 20-сонли инкассо тўлов топшириқномаси ижро этилиб, хусусий фирма ҳисоб рақамидан 5284095 сўм ундирилган бўлишига қарамай, даъвогар томонидан даъво аризасида юқоридаги пул суммасини қайтариш сўралмасдан, ижро этилган инкассо топшириқномасини ижро этиш мумкин эмаслиги ҳақида асоссиз талаб қўйилган, аммо судлар томонидан ушбу ҳолатга эътибор берилмасдан, даъвони қаноатлантириш ҳақида нотўғри қарорлар қабул қилинган.

Шунингдек, даъво аризасида ижро этиш мумкин эмас деб топилиши сўралган инкассо топшириқномасининг санаси, сони ва суммаси аниқ кўрсатилмаганига судлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Хўжалик процессуал кодекси 200-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолатда, Раёсат мазкур иш бўйича қабул қилинган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ва кассация судлов ҳайъатининг қарорини бекор қилишни ва даъво талабини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогар зиммасига юклашни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.