ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Раёсат қарорлари / Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 22.02.2007 й. Р N 16-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

22.02.2007 й.

Р N 16

(КЎЧИРМА)

"YUKTRANS" очиқ акциядорлик жамияти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "РОYТАХТ SАVDО МАRКАZI" қўшма корхонасидан тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномаси бўйича ҳисобланган 6 млн. сўм қарз фоизини ундиришни сўраган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2006 йил 1 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

"YUKTRANS" очиқ акциядорлик жамияти ва "РОYТАХТ SАVDО МАRКАZI" қўшма корхонаси ўртасида 2003 йил 23 октябрда 3/10-сонли қарз шартномаси 6 ой муддатга тузилган.

Қарз шартномасига кўра қарз берувчи қарз олувчининг ҳисоб-рақамига 100 млн. сўм пул маблағини ўтказиб бериш, қарз олувчи эса ҳар ойда қарз пул маблағининг 2 фоизи миқдорида қарз берувчига фоиз тўлаб бориш ҳамда шартномада белгиланган муддатда олинган қарзни қайтариш мажбуриятини олган.

Шартнома муддати тарафларнинг 2004 йил 8 апрелдаги 1-сонли келишувига асосан қарз пул маблағи берилган кундан 12 ой муддатга узайтирилган, 2004 йил 19 октябрдаги 2-сонли келишувга кўра, шартнома муддати 2005 йил 28 февралга қадар узайтирилган.

Қарз олувчи ҳар чоракда расмийлаштирилган ҳисоб-фактура орқали асосий қарзнинг ойлик 2 фоизи миқдоридаги фоиз тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бундан ташқари, қарз олувчи томонидан шартномада белгиланган муддатда қарз ва қарз фоизларини қайтариш мажбуриятлари бажарилмаганда, қарз фоизидан ташқари тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлови кечиктирилган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлаши лозим бўлган.

"YUKTRANS" ОАЖ томонидан 2003 йил 24 октябрда 406-сонли тўлов топшириқномаси билан "РОYТАХТ SАVDО МАRКАZI" қўшма корхонасининг ҳисоб рақамига 100 млн. сўм ўтказилиб, шартнома юзасидан олган мажбурияти тўлиқ бажарилган.

Аммо, "РОYТАХТ SАVDО МАRКАZI" қўшма корхонаси қарз шартномаси бўйича олган мажбуриятини тўлиқ бажармаган. 2003 йил декабрь ойидан 2004 йил декабрь ойига қадар қарз шартномаси юзасидан фақатгина 22 млн. сўм фоизлар бўйича тўловни амалга оширган, холос.

Қўшма корхона томонидан қарз шартномаси бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги сабабли, "YUKTRANS" ОАЖ хўжалик судига мурожаат қилган.

Тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномасининг 5.4-бандида шартномада белгиланган муддатда қарз ва қарз фоизларини қайтариш мажбуриятлари бажарилмаганда, қарз фоизидан ташқари тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлови кечиктирилган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўланиши белгиланганлиги сабабли, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2005 йил 21 апрелдаги 10-0507/3004-сонли иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори билан "РОYТАХТ SАVDО МАRКАZI" қўшма корхонасидан 100 млн. сўм асосий қарз, 12263014 сўм қарз фоизи, 3487419 сўм неустойка ва суд харажатлари ундирилган.

Қайд этилган ҳал қилув қарорининг ижроси таъминланмаганлиги сабабли, "YUKTRANS" ОАЖ хўжалик судига мурожаат қилиб, 2006 йилнинг учинчи чораги учун қарздордан 6 млн. сўм қарз фоизини ундиришни сўраган.

Ушбу даъво ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, моддий ҳуқуқ нормалари бузилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 357-моддасига мувофиқ қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келади, деб белгиланиши мумкин. Бундай шарт ёзиб қўйилмаган шартнома тарафлар мажбуриятни бажаришининг шартномада белгилаб қўйилган охирги муддатигача амал қилади, деб ҳисобланади.

Тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномасининг амал қилиш муддати 2005 йил 28 февралга қадар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши, 238-моддасига мувофиқ мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт.

"РОYТАХТ SАVDО МАRКАZI" қўшма корхонаси шартномада белгиланган мажбуриятларни бажармаганлиги сабабли, "YUKTRANS" ОАЖ қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномаси мажбуриятларини суднинг ҳал қилув қарори орқали бажаришни талаб қилган.

Хўжалик судининг 2005 йил 21 апрелдаги ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномаси асосида асосий қарз, қарз фоизи ва неустойка ундирилган.

"Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Биринчи инстанция суди томонидан тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномасининг амал қилиш муддати 2005 йил 28 февралда тугаганлиги ҳамда шартнома бўйича келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабатлар суднинг ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш орқали ҳал этилиши мумкинлиги, ҳал қилув қарорининг ижро иш юритуви бўйича амалга оширилган процессуал ҳаракатлар натижасида тўлов амалга оширилганлиги ёки амалга оширилмаганлиги ўрганилмаган, даъвогар тақдим этган, қарз фоизи миқдорини белгиловчи счёт-фактуранинг бир томонлама расмийлаштирилганлигига, ундаги ҳисобларнинг тўғрилигига ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 200-моддасининг биринчи қисмига асосан суд ҳужжатининг ноқонуний ёки асоссизлиги суд қарорини назорат тартибида бекор қилиш ва ўзгартириш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда Раёсат биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш лозим деб ҳисоблайди.

Ишни янгидан кўришда суд жавобгар вакили иштирокини таъминлаб, тарафлар ўртасида тузилган қарз шартномаси бўйича қарздор томонидан амалга оширилган тўлов миқдорини аниқлаб, қарз шартномасидан келиб чиқадиган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.

















Время: 0.0258
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск