ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Раёсат қарорлари / Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 04.05.2006 й. Р N 47-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

04.05.2006 й.

N Р 47



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Қашқадарё вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар - "АGROS-АВ" қўшма корхонаси, "Агрос" кичик давлат корхонаси, "Варганза" ширкат хўжалиги, "Китоб" жамоа хўжалиги, "Заковат" фермер хўжалиги, "Ёшлик" жамоа корхонаси ва "Аlberto Bertuzzi S.Р.А." фирмасидан 269803,34 АҚШ доллари миқдоридаги кредит бўйича ҳисобланган фоизлар, 30281,12 АҚШ доллари миқдорида тўлов кечиктирилганлиги учун пеня, 33010,90 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтказиб юборилган фоизлар бўйича пеня, 278280 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтказиб юборилган кредит суммаси, 1113120 АҚШ доллари миқдорида кредит бўйича қолдиқ, кредитдан фойдаланганлик учун ҳисобланган, аммо тўланмаган 4516,25 АҚШ доллари комиссия тўловлари, комиссиядан фойдаланганлик ва тўловни кечиктирганлик учун 561,65 АҚШ доллари миқдорида пеня, жами 1729573,25 АҚШ доллари миқдоридаги кредит ва устама фоизларини гаровга қўйилган мол-мулклар ва "АGROS-АВ" қўшма корхонасининг устав жамғармасидаги 51 фоиз улуши ҳисобидан ундиришни ва кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2004 йил 29 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, "АGROS-АВ" қўшма корхонасининг гаровга қўйилган мулки ҳисобидан жами 558984,34 АҚШ доллари ундирилган. Даъвогарнинг кредит шартномасини бекор қилиш талаби кўрмасдан қолдирилган. "Агрос" кичик давлат корхонаси, "Варганза" ширкат хўжалиги, "Китоб" жамоа хўжалиги, "Заковат" фермер хўжалиги, "Ёшлик" жамоа корхонаси ва "Аlberto Bertuzzi S.Р.А." фирмаси жавобгарликдан озод қилинган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Кассация судлов ҳайъатининг 2005 йил 11 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан протестда суд қарорларини ўзгартириб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш масаласи қўйилган.

Раёсат, иш бўйича судьянинг маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қўллаб-қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "АGROS-АВ" қўшма корхонаси ва "Аlberto Bertuzzi S.Р.А." фирмаси (Италия) ўртасида 2001 йил 19 апрелда тузилган анорни қайта ишлаш заводини одди-сотди ҳақидаги 01-120700/МА-сонли импорт шартномасини молиялаштириш мақсадида даъвогар билан жавобгар - "АGROS-АВ" қўшма корхонаси ўртасида 2002 йил 4 июнда МС-6/2-сонли кредит шартномаси тузилган. Кредит шартномасига кўра, банк жавобгарга 1139400 АҚШ долларини 10 ойлик имтиёз билан 4 йил муддатга бериш мажбуриятини олган.

Мазкур кредит шартномасига асосан олинган кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида жавобгарларнинг мол-мулклари гаровга қўйилган. Жумладан:

- банк ва "АGROS-АВ" қўшма корхонаси ўртасидаги 2002 йил 13 июндаги гаров шартномасига кўра анорни қайта ишлаш заводи 732126 АҚШ долларига баҳоланиб, гаровга олинган;

- банк ва "Варганза" ширкат хўжалиги ўртасидаги 2002 йил 13 июндаги ширкат хўжалигининг кўчмас мулклари 42000 АҚШ долларига баҳоланиб, гаровга олинган;

- банк ва "Варганза" ширкат хўжалиги ўртасидаги 2002 йил 13 июнда гаров шартномасига кўра анор боғлари 807000 АҚШ долларига баҳоланиб, гаровга олинган;

- банк ва "Ёшлик" ширкат хўжалиги ўртасидаги 2002 йил 13 июндаги шартномага кўра ширкат хўжалигининг кўчмас мулклари 93000 АҚШ долларига баҳоланиб, гаровга олинган;

- банк ва "АGROS-АВ" қўшма корхонаси таъсисчилари ўртасида қўшма корхонанинг устав фондидаги 51 фоиз улушларини гаровга қўйиш шартномаси тузилган.

Биринчи инстанция суди кредитни тўлиқ қайтариш муддати келмаганлигини асос қилиб, даъво талабларини фақат муддати келган кредит ва устама фоизларни 558984,34 АҚШ доллари миқдорида "АGROS-АВ" қўшма корхонасининг гаровга қўйилган мол-мулки ҳисобидан қаноатлантирган. Қолган жавобгарлар эса кредитни тўлиқ қайтариш муддати келмаганлиги учун жавобгарликдан озод қилинган.

Бироқ, суд даъво талабларини қисман қаноатлантириш ва қолган жавобгарларни жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида нотўғри хулосага келган. Чунки, суд асосланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 736-моддасида кредитни муддатидан олдин қайтариш бўйича аввал кредит шартномасини бекор қилиш лозимлиги белгиланмаган.

Аксинча, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига мувофиқ мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ва мазкур Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Ушбу Кодекснинг 236-моддасига кўра эса мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Бундан ташқари, суднинг кредитни тўлиқ қайтариш муддати келмаганлиги учун тузилган гаров шартномаларининг шартларига таяниб қолган жавобгарларни жавобгарликдан озод қилиши ҳам асоссиздир. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 736-моддаси 2-қисмига биноан, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 264-моддаси 2-қисмига кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаган тақдирда, кредитор бу мажбурият бўйича ўз талабини гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан қаноатлантирилишига ҳақли бўлади. Ушбу Кодекснинг 279-моддасига мувофиқ, кредиторнинг талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.

Бундан ташқари, биринчи инстанция суди ундирилиши лозим бўлган пеня суммасини асоссиз равишда камайтирган.

Раёсат даъво талабларининг ундирувни жавобгар таъсисчиларининг гаровга қўйилган жами 51% улушларига қаратиш талабини рад қилиш қисмида ҳал қилув қарори ва кассация инстанциясининг қарорини бекор қилиб, "АGROS-АВ" қўшма корхонаси таъсисчилари таркиби ва улушлари миқдори ўзгарганлиги сабабли бу талабни кўрмасдан қолдиришни лозим деб топади.

Кассация судлов ҳайъати ҳам биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига эътибор бермасдан, асоссиз равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилган. Бундай ҳолда суд қарорлари ўзгартирилиб, даъво талабининг кредит суммаси, фоизлар, комиссия тўловлари ва тўловлар кечиктирилганлиги учун пеня ундириш қисми тўлиқ қаноатлантирилиши, биринчи ва кассация инстанцияларида ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари жавобгар - "АGROS-АВ" қўшма корхонасидан ундирилиши лозим.

Қайд этилганларга асосан, Раёсат Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2004 йил 29 декабрдаги ҳал қилув қарорини ҳамда Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2005 йил 11 майдаги қарорини қуйидаги мазмунда ўзгартиришни лозим топди.

Яъни, даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки фойдасига "АGROS-АВ" қўшма корхонасидан гаровга қўйилган мол-мулки ҳисобидан 1113120 АҚШ доллари миқдоридаги ссуда бўйича қарз суммаси, 269803,34 АҚШ доллари миқдорида фоизлар, 63292,02 АҚШ доллари миқдорида пеня, 278280,00 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 4516,25 АҚШ доллари миқдорида комиссия ва 561,65 АҚШ доллари миқдорида комиссия бўйича пеня, жами 1729573 АҚШ долларини, шулардан 849000 АҚШ доллари "Варганза" ширкат хўжалигининг гаровга қўйилган кўчмас мулкидан, 93000 АҚШ доллари "Ёшлик" жамоа хўжалигининг гаровга қўйилган кўчмас мулки ҳисобидан ундирилди.

Ҳал қилув қарори ва кассация инстанцияси қарорининг ундирувни жавобгар таъсисчиларининг гаровга қўйилган жами 51% улушларига қаратиш талабини рад қилиш қисми бекор қилиниб, бу талаб кўрмасдан қолдирилди.

Ҳал қилув қарори ва қарорнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки фойдасига жавобгар - "АGROS-АВ" қўшма корхонасидан 17909885 сўм давлат божи ундирилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон









Время: 0.0145
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск