язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Биринчи инстанция ҳал қилув қарорларига шарҳлар/ Банк фаолиятига оид масалалар/ Банк томонидан инкассо топшириқномалари ижроси бажарилмаганлиги учун молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги низо бўйича

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Банк томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари ўз вақтида бажарилмаганлиги ёки ижроси кечиктирилганлиги банкка ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасининг 0,5 фоизи миқдорида суд тартибида молиявий санкция қўлланилишига сабаб бўлади



Ишнинг мазмуни


Дастлабки тергов органининг ялпи текшириш тайинлаш ҳақида 2012 йил 3 июлдаги қарорига ва вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг 2012 йил 30 июлдаги 606-х/с-сонли буйруғига асосан очиқ акциядорлик тижорат банки филиалида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган ва унинг якуни бўйича тегишли далолатнома тузилган.

Ўтказилган текширишда очиқ акциядорлик тижорат банки филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома талабларига риоя қилинмасдан, жами 40 та ҳолатда 1,0 миллиард сўмдан зиёд пул маблағлари мазкур Йўриқнома талаблари асосида мутаносиб равишда тақсимланмасдан, пул маблағлари бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга ўз муддатида ўтказиб берилмаганлиги аниқланган.

Шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи томонидан текшириш ҳужжатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича 2012 йил 26 октябрда соли??а оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, очиқ акциядорлик тижорат банки филиалига нисбатан ҳисобланган 33,8 миллион сўм пеняни ихтиёрий равишда бюджетга тўлаб бериш тавсия этилган.

Аммо, ҳисобланган ушбу пеня суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлиги боис, шаҳар давлат солиқ инспекцияси очиқ акциядорлик тижорат банки филиалига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 53-моддасига мувофиқ 33,8 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраб хўжалик судига ариза берган.


Аризачининг важлари


Суд мажлисида иштирок этган аризачи - шаҳар давлат солиқ инспекцияси вакили текшириш амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида ўтказилганлигини маълум қилиб, жавобгарга нисбатан 33,8 миллион сўм пеня қўллашни сўраган.


Жавобгарнинг важлари


Суд мажлисида иштирок этган жавобгар - очиқ акциядорлик тижорат банки вакиллари текшириш давомида пеня ҳисоблашда хатоликка йўл қўйилганлигини, аслида бюджет тўловлари кечиктирилмаганлигини маълум қилиб, аризани қаноатлантиришни рад қилишни сўраган.


Суднинг ҳал қилув қарори


Ариза қаноатлантирилсин.

Очиқ акциядорлик тижорат банкига нисбатан 33,8 миллион сўм пеня қўллансин.


Шарҳ


Очиқ акциядорлик тижорат банки филиалида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатта олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома талабларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган.

Текшириш натижасига кўра, жами 40 та ҳолатда 1,0 миллиард сўмдан зиёд пул маблағлари мазкур Йўриқнома талаблари асосида мутаносиб равишда тақсимланмасдан, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар ҳисобига белгиланган муддатларда ўтказиб берилмаганлиги аниқланган. Демак, айнан мана шу 40 та ҳолатда давлат солиқ хизмати органи томонидан юридик шахсларнинг банкдаги ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномалари очиқ акциядорлик тижорат банки томонидан бажарилмаган, оқибатда бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга 1,0 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзлари ундирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 53-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ банклар солиқ тўловчининг солиқни ва (ёки) бошқа мажбурий тўловни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини, шунингдек тегишли ваколатли органнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномада ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 15 апрелда 1122-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида"ги Низомда белгиланган тартибда бажаришлари шартдир.

Аммо, очиқ акциядорлик тижорат банки филиали мутахассислари томонидан мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига, давлат солиқ хизмати органи томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг банкдаги ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномаларининг бажарилишини таъминлаш чоралари кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 63-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, солиқ қарзи суммасини ундириш солиқ тўловчининг барча банк ҳисобварақларида турган пул маблағларидан амалга оширилиши мумкин, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратиш мумкин бўлмаган ҳисобварақлар бундан мустаснодир.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмида ва "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 7-моддасининг олтинчи қисмида банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасининг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилиши белгиланган.

Бунда қўлланиладиган пеня банкнинг ўз солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун эмас, балки банк мижозининг солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун банкка нисбатан белгиланган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади. Пеня ҳуқуқий табиати бўйича молиявий санкция ҳисобланади ва суд тартибида қўлланилади, албатта, банк содир этилган соли??а оид ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ҳамда пеняни ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустаснодир.

Шаҳар давлат солиқ инспекциясининг аризасидаги талаби юридик шахс мақомига эга бўлмаган банк филиалига нисбатан қаратилган бўлса-да, хўжалик суди ариза жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганлигини, банк филиали судда жавобгар бўла олмаслигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддаси талабларига мувофиқ банк филиали қарашли бўлган Бош банкнинг ўзини мазкур хўжалик ишида жавобгар сифатида иштирок этиш учун жалб қилган.

Чунки, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ банк филиали уни ташкил этган банк номидан банк фаолиятини амалга оширувчи алоҳида бўлинмадир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 47-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс номидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Ваколатхона ва филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради. Булар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарорининг 37 - 37.3-бандларида таъкидланган.

Суд бундай вазиятда очиқ акциядорлик тижорат банки томонидан пеня суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлигини, тарафлар ўртасидаги низо бартараф этилмаганлигини инобатга олиб, тарафлар вакиллари иштирокида пеня суммасининг тўғри ҳисобланганлигини текшириб, шаҳар давлат солиқ инспекциясининг аризасидаги талабини тўлиқ қаноатлантирган.

Ушбу хўжалик низосидан хулоса шуки, банк томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномалари ўз вақтида бажарилмаган ёки ижроси кечиктирилганлиги банкка ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасининг 0,5 фоизи миқдорида суд тартибида молиявий санкция қўлланилишига сабаб бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 9-сон