ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Нодавлат нотижорат ташкилотлар. Сиёсий партиялар / Жамоат фондлари /

"Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро ҳайрия жамғармасининг таянч пунктлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.03.1994 й. 119-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 5 мартдаги

119-сон қарорига

ИЛОВА



"Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли

бўлмаган халқаро ҳайрия жамғармасининг

таянч пунктлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Соғлом авлод учун" ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро жамғарманинг таянч пунктлари республиканинг ҳар бир туманида ва шаҳрида (Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 28 октябрдаги 524-сон қарорига мувофиқ) очилади.

Таянч пунктлари давлат, жамоат ва хусусий ташкилотларнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ўсиб келаётган авлодни интеллектуал ва жисмоний ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги фаолиятини интеграциялаш учун ташкил этилади. Таянч пунктлари соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, Қизил Ярим ой Жамияти органлари ва муассасаларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳолини соғломлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга дастлабки тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги куч-ғайратларини ва ишларини уйғунлаштиради.

2. Таянч пункти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, Жамғарма уставига, мазкур Низомга ва "Соғлом авлод учун" жамғармасининг ҳудудий филиаллари қарорларига амал қилади.

3. Таянч пункти Фонд ҳудудий филиалининг ижтимоий ишлаб чиқариш бўлинмаси ҳисобланади, унинг номидан тўлиқ хўжалик ҳисоби, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида фаолият кўрсатади.

4. Таянч пункти Давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқини олади, ҳисоб-китоб счётига, юмалоқ муҳрга, уч бурчакли муҳрга эга бўлади ва "Соғлом авлод учун" жамғармаси рамзидан фойдаланишга ҳақлидир.


II. ТАЯНЧ ПУНКТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Таянч пункти унинг юқори органи ҳисобланадиган Фонд ҳудудий филиали директорининг Фонд марказий аппарати билан келишилган қарорига биноан ташкил этилади.

6. Таянч пункти тузилмасини Жамғарма дирекцияси белгилайди ва тасдиқлайди.


7. Таянч пунктига директор раҳбарлик қилади.

Таянч пункти директори Жамғарманинг ҳудудий филиали директори томонидан тасдиқланади ва таянч пунктининг молия-хўжалик ҳамда бошқа фаолияти учун шахсан жавоб беради.

8. Штат жадвалини, даромад ва харажатлар сметасини Жамғарма ҳудудий филиали директори тасдиқлайди.

9. Туман (шаҳар) ҳокимлиги таянч пунктини бино, моддий-техника воситалари билан таъминлайди.

10. Таянч пункти зарур асбоб-ускуналар, мебель, кўргазмали тарғибот воситалари, она ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, чақалоқни овқатлантириш, йигит ва қизларни жинсий тарбиялаш ва шу каби масалаларга оид тегишли адабиётлар, проспектлар, буклетлар ва рисолалар билан таъминланади.

11. Таянч пункти фаолиятини назорат қилиш ҳокимлик томонидан Фонднинг ҳудудий филиали директори билан биргаликда амалга оширилади.


III. ТАЯНЧ ПУНКТИНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


12. Таянч пунктлари ҳокимликлар билан биргаликда давлат, жамоат ва ишлаб чиқариш тузилмаларининг Ҳукуматнинг ўсиб келаётган авлодни соғломлаштиришга доир ижтимоий сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги сайъи-ҳаракатларини уйғунлаштириб боради.


13. Таянч пункти ўз мақсадларига эришиш ва вазифаларини бажариш учун вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари ва уларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, Қизил Ярим Ой Жамияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилади.

14. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ҳар бир оилага дастлабки тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида таянч пунктлари соғлиқни сақлашнинг дастлабки бўғинлари Қизил Ярим Ой Жамияти ҳамширалари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Зарур бўлганда муассасаларга, алоҳида шахсларга ҳайрия ёрдами кўрсатади.

15. Таянч пунктлари ҳузурида қуйидаги маслаҳат хизматлари очилиши мумкин:

оила ва никоҳ хизмати;

ишонч телефони;

ўсмирлар учун маслаҳатлар;

"Она ва бола" учун маслаҳатлар;

ҳуқуқий маслаҳатлар:

болаларни овқатлантириш бўйича маслаҳатлар ва бошқа хизматлар.


16. Таянч пунктлари манфаатдор соғлиқни сақлаш, халқ таълими ташкилотлари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний, интеллектуал ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил этадилар, таҳлиллар ва тадқиқотларнинг натижалари умумлаштирилади ва кўриб чиқиш учун Фонднинг ҳудудий филиаллари директорларига жўнатилади.


IV. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


17. Таянч пунктлари ўз фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида ташкил этадилар.


18. Қуйидагилар таянч пункти даромадларининг манбалари ҳисобланади:

ҳудудий бўлимларнинг ажратмалари;

хўжалик ташкилотларининг, алоҳида фуқароларнинг пул маблағлари, моддий бойликлар, кўчар ва кўчмас мулк тарзидаги ихтиёрий бадаллари ва хайр-эҳсонлари;

"Соғлом авлод учун" жамғармаси манфаатини кўзлаб ҳайрия тадбирларини ўтказишдан тушумлар.


19. Таянч пунктларининг устав фонди Фонднинг ҳудудий филиаллари бадалларидан, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия бадаллари ҳисобига шаклланади.

20. Молия-хўжалик фаолияти соҳасида таянч пунктига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

кенг тушунтириш ишлари ёрдамида ватандошлар ва хорижий фуқароларнинг, жамоат ташкилотларининг, давлат муассасалари ва корхоналарининг, банкларнинг ҳамда турли тижорат тузилмаларининг пул, моддий, маданий ва интеллектуал бойликлар тарзидаги ихтиёрий ҳиссаларини жалб этиш;

Жамғарманинг лойиҳа ва дастурларини амалга ошириш;

ўз номидан шартномалар тузиш, мулкий ҳуқуқлар олиш ва улар бўйича мажбуриятлар қабул қилиш;

ишлаб чиқариш корхоналарини, шу жумладан, хорижий шериклар билан биргаликда, ташкил этиш;

аҳолига савдо, савдо-воситачилик ва таъминот хизматлари кўрсатиш;

кўргазмалар, савдо ярмаркалари, товарлар, маҳсулотлар ва хизматлар аукционларини ўтказиш.


21. Таянч пункти ҳар чоракда ҳисоб рақамига тушган маблағларнинг 10 фоизини мажбурий тартибда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунигача Фонднинг ҳудудий филиали ҳисоб рақамига ўтказади. Бунда таянч пункти тушган маблағларнинг 10 фоизидан ортиғини молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий ўзаро муносабатлар тўғрисида тегишли шартнома расмийлаштириш йўли билан Фонднинг ҳудудий филиали ҳисоб рақамига ўтказиш ҳуқуқига эга.

22. Жамғарманинг таянч пункти Фонднинг ҳудудий филиали директорига ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача ҳар чораклик хўжалик фаолияти балансини тақдим этади.


V. БОШҚА ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


23. Жамғарманинг таянч пунктлари, бўлимлари ҳокимликлар билан биргаликда аҳолини комплекс соғломлаштириш ва инсоннинг яшаши учун соғлом муҳит яратиш дастурида қатнашувчи барча органлар ва муассасалар фаолиятини уйғунлаштириб борадилар. Шу мақсадда:

ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича қўшма режа-графиклар тузадилар;

ўтказилаётган тадбирларнинг таъсирчанлиги учун мониторинг тизимини ишлаб чиқадилар ва жорий этадилар;

ишларга тезда тузатишлар киритиш мақсадида Жамғарманинг вилоят бўлимларини ўз вақтида хабардор қиладилар;

ўсиб келаётган авлодни соғломлаштиришга оид чора-тадбирларнинг бажарилишини ҳар чоракда таҳлил қилиб борадилар ва кўрсаткичларни яхшилаганлик учун рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқадилар.



VI. ТАЯНЧ ПУНКТИ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


24. Таянч пункти фаолиятининг қониқарли эмаслиги туфайли ёки суд қарорига биноан тугатилиши мумкин.


25. Таянч пунктини тугатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


















































Время: 0.0060
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск