язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш Қоидалари (ЎзР ВМ 26.12.2011 й. 342-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 26 декабрдаги

342-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидаги автомобиль йўллари минтақасида

хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль йўллари тўғрисида" ва "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шаҳарларда йўл қурилишини ташкил этишни такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 26 апрелдаги ПҚ-62-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.


2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


автомобиль йўли - транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган, уларнинг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган муҳандислик иншоотлари мажмуаси, шунингдек ушбу мажмуани жойлаштириш учун ажратилган ер участкалари ва мажмуа устидаги белгиланган доирадаги бўшлиқ;


автомобиль йўлининг ўқ чизиғи - қатнов қисми ёки ажратувчи тасма ўртасидан ўтувчи шартли чизиқ;


автомобиль йўлларини ривожлантириш чизмаси - иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга боғлиқ ҳолда автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг мақсади ва асосий кўрсаткичларини, уларни лойиҳалаш, қуриш, таъмирлашнинг мақсадга мувофиқлигини асословчи ва техник даражасини ошириш бўйича бошқа тадбирларни ўз ичига олган чизма;


автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар - йўл ҳаракатининг иштирокчилари бўлган ёки ажратилган минтақа ҳамда йўл бўйи минтақаси доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;


ажратилган минтақа - автомобиль йўли, унинг тегишли таркибий элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтлар ўтқазиш учун доимий фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси;


қатнов қисмининг чети - қатнов қисмини йўл бўйидан ажратувчи чизиқ;


қизил чизиқ - умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун йўл қурилишига ажратилган ер тасмаси чегарасидан бошлаб белгиланган хавфсизлик минтақаси. Кўчалар учун қатнов қисми четидан бошлаб белгиланган хавфсизлик минтақаси;


магистраль кўча - шаҳарнинг асосий тармоқ йўли. Улар умумшаҳар аҳамиятига эга бўлган (аҳоли яшовчи, саноат туманлари ва жамоат марказлари ўртасидаги алоқа, шаҳар ташқарисидаги автомобиль йўлларига чиқиш) ва туман аҳамиятидаги магистраль кўчалар (туман чегарасидаги ва умумшаҳар аҳамиятига эга бўлган магистраль кўчалар билан транспорт алоқалари)га бўлинади;


механик транспорт воситаси - двигатель билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси (мопеддан ташқари). Ушбу атама барча трактор ва ўзиюрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир;


йўлнинг режаси - йўлда жойлашган барча иншоотлар билан йўлнинг горизонтал текисликдаги акси;


йўлбўйи минтақаси - ажратилган минтақага туташган, чегараларида аҳоли хавфсизлигини ва транспортнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун ердан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланадиган ер участкаси;


йўлга мутасадди хўжалик - умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли тармоғини, унинг меъёрий эксплуатацияси учун зарур бўлган барча иншоотларни, шунингдек мазкур йўлларни тузатиш ва сақлаш билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларни ўз ичига олади;


йўл хизмати - автомобиль йўлларини ва йўл иншоотларини сақлаш ва тузатиш, автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш, йўлнинг техник тоифасини сақлаш ва ошириш бўйича ишлар юкланган бўлинмалар мажмуаси;


йўл тармоқларини ривожлантириш - ҳудуддаги иқтисодиёт тармоқларига ва аҳолининг автомобилда ташишга бўлган эҳтиёжига ҳамда халқаро автотранспорт ташувларининг ҳажмига боғлиқ равишда автомобиль йўлларининг келажакдаги ривожланиш режасини амалга ошириш;


йўл муҳандислик қурилмалари - ҳаракат хавфсизлигини ва узлуксизлигини таъминлаш, йўловчилар, ҳайдовчилар ва автомобилларга ҳаракат бўйлаб хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган иншоотлар мажмуаси. Уларга автобус бекатлари, тезликни ошириб ўтиш тасмаси, автомобиллар тўхтаб туриши учун майдончалар, дам олиш майдончалари ва автобусларни кутиш учун айвонлар, йўлни қор кўчкиларидан, қор босишидан ҳимоялаш учун қурилмалар, алоқа йўллари ва йўлни ёритиш воситалари киради;


йўл тоифаси - автомобиль йўлининг республика умумий транспорт тармоғи ва халқ хўжалигидаги аҳамиятини, ундаги ҳаракат жадаллигини ифодаловчи мезон;


йўл ёқаси - йўл пойининг икки томонида жойлашган бўлиб, у қатнов қисмининг ён томонидан йўл пойининг четигача бўлган жойдир. Йўлнинг қатнов қисмини ўраб турадиган йўл ёқасининг борлиги автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди. Йўл ёқасида мустаҳкамланган четки тасма ётқизилади, улар қоплама четининг мустаҳкамлигини оширади. Йўл ёқасининг кенглиги йўл тоифасига боғлиқ бўлади;


йўл тўшамаси - бир ёки бир нечта қатламлардан иборат бўлиб, бир нечта қатлам тўшамаси қоплама, асос ва асоснинг қўшимча совуқ ва иссиқдан ҳимояловчи, сув ўтказувчи ва бошқа қатламларидан иборат бўлади. Транспорт воситаларидан тушаётган юкламага қаршилиги ва иқлим таъсирига муносабати бўйича йўл тўшамалари қаттиқ қопламали ва асосли тўшамалар ҳамда қаттиқ бўлмаган қопламали ва асосли тўшамаларга бўлинади;


транспорт воситаси - одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма;


транспорт оқими - турли даражада юкланган ҳар хил русумдаги автомобилларнинг ва бошқа транспорт воситаларининг йўл бўйлаб айнан бир вақтдаги ҳаракати;


транспорт оқимининг зичлиги - транспорт-эксплуатация хусусияти бўйича бир хил йўл участкасининг бирлик узунлигига тўғри келадиган, одатда, 1 км оралиқдаги автомобиллар миқдори;


ҳаракат жадаллиги - маълум вақт (ўртача бир соат ёки бир кеча-кундуз) оралиғида йўлнинг муайян кесимидан ўтадиган автомобиль ва бошқа турдаги транспорт воситалари сони;


хавфсизлик минтақаси - умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун йўл қурилишига ажратилган ер тасмаси чегарасидан қизил чизиққача бўлган масофа. Кўчалар учун - қатнов қисми четидан қизил чизиққача бўлган масофа.


3. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳамда шаҳар кўчаларида, шунингдек улар учун ажратилган минтақаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ташкил этиш тартибини белгилайди.


4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, ягона техника сиёсатини олиб бориш - махсус ваколатли органга, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, кўчаларини лойиҳалашда нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш - маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юкланади.


5. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига бўлинади.

Шаҳар кўчалари - шаҳар ва туман аҳамиятига эга бўлган кўчаларга ҳамда магистрал кўчаларга бўлинади.


6. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва уларга ажратилган минтақалардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш ишлари - махсус ваколатли орган ва унинг ҳудудий идоралари томонидан, кўчалар ва уларга ажратилган минтақалардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш ишлари - маҳаллий ҳокимиятлар ва уларга қарашли тегишли ташкилотлар (ободонлаштириш ташкилотлари ва ҳ.к.) томонидан амалга оширилади.


7. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва шаҳар кўчалари, шунингдек уларга ажратилган минтақаларда ҳаракат хавфсизлигининг таъминланганлиги ва тўғри ташкил этилганлиги, ҳаракат хавфсизлиги талабларига зид камчиликлар ва ноқонуний қурилишлар бўлмаслиги йўл ташкилотлари (ёки бошқа мутасадди идоралар) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати деб аталади) томонидан назорат қилинади.


8. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва шаҳар кўчалари, шунингдек уларга ажратилган минтақаларнинг келгусида ривожлантириш режасини ҳамда мазкур жойларга қуриладиган объектларнинг меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.


9. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва шаҳар кўчалари ҳамда уларга ажратилган минтақаларда ҳаракат хавфсизлиги талабларига зид ноқонуний қурилишлар ва бошқа камчиликлар йўл ташкилотлари (ёки бошқа мутасадди идоралар) ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан аниқланиб, тегишли ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдимнома (ёки хабарнома) киритилганда улар томонидан ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилиши лозим.



II. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ ҚУРИШ (ТАЪМИРЛАШ

ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ) ЛОЙИҲАЛАРИНИ

КЕЛИШИШ, ТАСДИҚЛАШ ВА ТАЪМИРЛАШ

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


10. Давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ва шаҳар кўчаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича иш лойиҳалари лойиҳалаш ташкилоти билан келишилгандан сўнг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан кўриб чиқилади ва келишилади.


11. Халқаро аҳамиятга молик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ва шаҳар магистраль кўчаларининг иш лойиҳалари лойиҳалаш ташкилоти билан келишилгандан сўнг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг ҳудудий органлари билан келишилади, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этилади.


12. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ва шаҳар кўчаларида таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек қазиш ва бошқа шу каби ишларни амалга ошириш тегишли шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида бажарилади.


13. Таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ташкилот таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойлардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим.

Таъмирлаш ишлари олиб бориладиган йўл қисмига таъмирлашни бошлашдан олдин вақтинчалик йўл белгилари, сигналлар ва светофорлар, тўсувчи ва йўналтирувчи мосламалар ўрнатилади, қатнов қисмига вақтинчалик ётиқ чизиқлар чизилади, зарур ҳолларда эса - таъмирланаётган жойни айланиб ўтиш йўллари ташкил этилади.


14. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойлар тўсувчи шитлар, энсиз тўсиқлар, устунчалар, ишора устунчалари, конуслар, рангли байроқчали боғичлар, ишора чироқлари ёрдамида тўсиб муҳофазаланади.


15. Ҳаракатланишни ташкил этишнинг техник воситалари йўл ишлари олиб борилаётган жойларни тўсиқлар билан ўраш ва мазкур жойларда ҳаракатланишни ташкил этиш иловада келтирилган намунавий схемага мувофиқ амалга оширилади.


16. Таъмирлаш ишлари ўтказилаётган жойларда ҳаракатланишни ташкил этиш схемасини тузишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:

транспорт ҳайдовчиларини ва пиёдаларни йўл ишларининг бошланиши сабабли юзага келган хавф ҳақида огоҳлантириш ва ушбу хавфнинг тавсифини изоҳлаб кўрсатиш (панно ва стендлар);

қатнов қисмидаги тўсиқларни айланиб ўтиш йўналишини, йўлнинг таъмирланаётган қисмини айланиб ўтадиган йўл ташкил қилинганда эса - ушбу йўлнинг йўналиши қайси томонга олиб боришини аниқ белгилаб қўйиш;

таъмирлаш ишлари олиб борилаётган йўлнинг қисмига яқинлашганда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши тартибини ишлаб чиқиш.


17. Таъмирлаш ишларини олиб бориш ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши шароитлари мавжуд схемалар турларининг биронтасига ҳам тўғри келмаган ҳолларда, шу жойнинг ўзи учун ҳаракатланишни ташкил этишнинг алоҳида схемаси тузилади.


18. Йўлнинг таъмирлаш ишлари бажариладиган жойларида ҳаракатланишни ташкил этиш ва ушбу жойларни тўсиқлар билан тўсиш схемаси ҳамда таъмирлаш ишларини тугатиш муддати йўл ташкилотининг раҳбарлари томонидан тасдиқланади ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилади.


19. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойларда ишлар тугаллангунга қадар хавфсиз ҳаракатланишни ташкил этиш масъулияти мазкур ишларни амалга ошираётган ташкилот раҳбарлари зиммасида бўлади.


20. Чегарадан ўтказиш пунктлари ва ундан кейин қўшни давлат билан чегара чизиғигача бўлган ҳудудлардан ўтган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва уларнинг минтақасидаги халқаро юк ташувчи транспорт воситалари учун кутиш майдонлари махсус ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан келишилган ҳолда қурилади, таъмирланади ва реконструкция қилинади.



III. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИДАН ҲАМДА УЛАРГА

АЖРАТИЛГАН МИНТАҚАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


21. Автомобиль йўлларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар, автомобиль йўллари минтақасида ер ости ва устидан ўтувчи ҳамда бошқа иншоотлар ва коммуникацияларни қурувчи ёки таъмирловчи ташкилотларнинг ушбу тартибга амал қилиши мажбурийдир.


22. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) йўлларнинг тоифалари бўйича қурилиш учун ажратилган ер тасмаси чегарасидан қуйидагича белгиланади:

1 ва 2-тоифадаги автомобиль йўлларида - 25 метр;

3-тоифадаги автомобиль йўлларида - 20 метр;

4 ва 5-тоифадаги автомобиль йўлларида - 15 метр.

Автомобиль йўллари қурилиши учун ажратилган ер тасмаси чегараси тегишли қурилиш меъёрлари ва қоидаларида белгиланган.


23. Шаҳар кўчалари учун хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган.


24. Юридик ва жисмоний шахслар йўл қопламалари ва йўл иншоотларига зиён етказмайдиган, ҳаракат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган, техник жиҳатдан соз механик транспорт ҳамда транспорт воситаларидан фойдаланиши шарт.


25. Ўқига тушадиган юклама ва тўлиқ вазни амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгилангандан юқори бўлмаган транспорт воситаларига, ўзиюрар машиналар ва механизмларга автомобиль йўлларида ҳаракатланишга рухсат этилади.


26. Автомобиль йўллари ва уларнинг хавфсизлик минтақаларида қуйидагилар тақиқланади:

автомобиль йўллари ва кўчаларни, улардаги сунъий иншоотларни сақлашга ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли бўлмаган бошқа бино ва иншоотларни қуриш;

йўлларга, йўл иншоотлари, йўл белгилари ва кўрсаткичларига, ҳаракатланишни ташкил этувчи ва бошқарувчи воситаларга ҳамда йўлга тааллуқли бошқа нарсаларга зиён етказиш;

ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилган йўл қисмларидан транспорт воситасида махсус рухсатномасиз ўтиш;

қаттиқ ва кучайтирилган қопламали йўлларда занжирли транспорт воситаларининг махсус ҳимояловчи бошмоқларсиз ҳаракатланиши, шунингдек катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш;

подаларни ҳайдаб ўтиш, уларни боқиш (подаларни фақат белгиланган ва тегишли йўл белгиси қўйилган жойдан ҳайдаб ўтишга рухсат этилади);

қатнов қисми ва йўл четини, кўприкларни, қувурларни, ариқчаларни, сув қочириш иншооти (дренаж) қурилмаларини ифлослантириш, йўлларга ва ажратилган минтақага тўкилиб-сочиладиган юкларни белгиланган идишларга жойлаштирмасдан ташиш;

йўналишларни ажратувчи тасмага барча турдаги транспорт воситаларининг чиқиши;

йўл ва йўл иншоотларини ҳар қандай элементлар билан, аравалар, техникалар, материаллар ва бошқалар билан тўсиб қўйиш, аркалар, шлагбаумлар ва бошқа иншоотлар қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, ҳар хил материалларни тахлаб қўйиш, чиқинди ва қорларни уйиб қўйиш;

транспорт воситаларини таъмирлаш ва мойлаш, ёнилғи-мойлаш материалларини қуйиш, юк ортиш, юк тушириш, юкни бошқа техникага ортиш ва маҳкамлаш, тозалаш ва ювиш (иложсиз ҳолатларда улар йўлдан чиқиб, ажратилган тасма ҳудудида амалга оширилиши мумкин, бироқ ҳайдовчи ёки транспорт воситаси эгаси шу жойни дарҳол тозалаб қўйиши шарт);

ажратилган минтақада ҳамда кўприклардан, йўл ўтказгичлардан ва эстакадалардан 200 метргача бўлган масофаларда лагерлар, палаткали шаҳарчалар барпо этиш ва олов ёқиш;

дарёлар ва анҳорларнинг кўприклари остида қайиқлар станцияси, қайиқлар тўхташ жойи ва бошқа иншоотлар қуриш;

кўприклар, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотлар остида ва устида йўл инфраструктурасига боғлиқ бўлмаган бино ва иншоотларни қуриш;

дарёлардаги кўприклардан ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 км. гача бўлган масофада қум ва тошлар олиш учун карьерлар барпо этиш;

ер шўрини ювиш, йўл четидаги ариқчалардан суғориш учун фойдаланиш, маданий қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, яшил минтақани суғориш каби ишларда автомобиль йўлларини сувга бостириш, ажратилган минтақани балчиқлантириш;

сув қочирувчи иншоотларга ва захира ерларга канализация, ишлатилган мелиорация ва оқова сувларни оқизиш;

юқори кучланишли электр тармоқларининг автомобиль йўлларини кесиб ўтиш жойларини электр сими узилиб йўл қисмига тушишига қарши хавфсизликни таъминловчи ҳимоя қурилмаларисиз қуриш.


27. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида махсус ваколатли орган билан келишмасдан қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:

автомобиль йўлларини каналлар, алоқа ва электр энергияси узатувчи тармоқлар, нефть ва газ ўтказувчи қувурлар ҳамда темир йўллар билан кесиб ўтиш;

кўприклар ва сув қувурлари яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёлар ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштириш;

автомобиль йўлига қўшилиб кетган шлюзлар, тўғонлар ва бошқа мелиорация ҳамда гидротехника иншоотларини таъмирлаш;

ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама пештахталари, пешлавҳалар, эълонлар ўрнатиш ва жойлаштириш;

автомобиль йўлларининг четларида, йўл кўтармалари ёки ўймалари қияликларида жойлашган фойдаланишдаги алоқа ва электр энергияси узатиш тармоқларини таъмирлаш;

ажратилган минтақада кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш (йўл ташкилотлари бундан мустасно);

дарёлар ва каналлардаги кўприклар ости қирғоқларда туриб ўлчов ва бошқа ишларни ташкил қилиш;

автомобиль йўлларида спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказиш;

автомобиль йўлларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қуритиш мақсадларида фойдаланиш;

катта ҳажмли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш.


28. Автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида йўл ва ободонлаштириш ташкилотлари қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

йўлларни ва йўл иншоотларини соз ҳолда сақлаш, қишда қисқа вақтда қордан тозалаш ва музламаларнинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўриш;

йўл белгиларини амалдаги давлат стандартларига асосан ўрнатиш, ҳаракатланиш учун хавфли бўлган участкаларни зарур тўсиқлар ва қурилмалар билан жиҳозлаш;

йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганда ушбу участкаларнинг талаб даражасида жиҳозланишини, кечаси ва кундузи яхши кўринадиган тўсиқлар, йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ўрнатилишини таъминлаш, зарур ҳолларда айланиб ўтувчи йўлларни ташкил этиш;

йўлларнинг қатнов қисми қурилиш материаллари билан тўсилиб қолишига йўл қўймаслик, ишламаётган йўл машиналари ва механизмларини ўз вақтида йўлдан четга чиқариб қўйиш;

автобус бекатларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш майдончалари бўлишини таъминлаш, зарур ҳолларда автопавильонлар қуриш;

ҳайдовчиларнинг дам олиши учун белгиланган жойларда транспорт воситалари туриши учун тегишли шарт-шароитлар бўлган майдончалар ташкил этиш;

йўл шароити билан боғлиқ ҳолда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг сабабларини доимий равишда ўрганиб бориш ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан узвий ҳамкорликда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаш.


29. Автомобиль йўлига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар:

автомобиль йўлига қўшиладиган ва шохобча йўлларни техникавий жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;

тротуарлар ва пиёдалар йўлкаларининг қор ва чиқиндилардан тозалаб турилишини амалга ошириши;

ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраши ва сақлаши;

йўл билан туташ бўлган тўсиқлар ҳамда қурилишларни соз ва бўялган ҳолда сақлаши;

автомобиль йўлига туташ буталарни парвариш қилиши ва иморатларни соз ҳолатда сақлаши;

автомобиль йўли ўқидан эллик метрдан кам бўлган масофада тошлар, шох-шабба, конструкциялар ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймаслиги шарт.


30. Йўл ҳаракати иштирокчилари автомобиль йўлларида ва йўл иншоотларида ҳаракат хавфсизлигига зид носозликлар ва бузилишларни кўришганда, бу ҳақда яқиндаги йўл ташкилотлари ёки ички ишлар органларига зудлик билан хабар беришлари зарур.


31. Амалдаги техник меъёрларга асосан автомобиль йўллари билан бир сатҳда кесишган темир йўл кесишмаларини сақлаш, шунингдек барча турдаги шлагбаумлар ва кесишмаларни қўриқлаш темир йўл органлари томонидан амалга оширилади. Темир йўллар устидан умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини ўтказиш учун қурилган йўл ўтказгичларини соз ҳолатда сақлаш ва улардан белгиланган тартибда фойдаланишни таъминлаш йўл ташкилотлари томонидан амалга оширилади.


32. Халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга йўллар билан туташувчи ва кесиб ўтувчи барча йўллар асосий йўлдан иккала тарафда 100 метр масофагача қаттиқ қопламали бўлиши шарт.


33. Биринчи ва иккинчи тоифали ҳамда келажакда қайта таъмирланиб, юқори тоифага ўтказилиши режалаштирилган учинчи тоифали автомобиль йўлларининг иккала тарафида ҳам яқин масофаларда иморатлар қуриш тақиқланади.

Автомобиль йўлларининг бир тарафидан қуйидаги ҳолларда, тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари (ҳудудларни меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари, бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари) асосида қишлоқ хўжалиги ерларига иморатлар қурилиши, Ҳукумат қарорларида белгиланган ҳолларда - белгиланган тартибда объектлар: йўлнинг қатнов қисми четидан:

очиқ жойларда - 200 метр узоқликда;

аҳоли яшаш жойларида, автомобиль йўлларининг аҳоли пунктлари чегаралари туташган тарафида - 100 метр узоқликда жойлаштирилиши мумкин.


34. Ер ости ва ер устидан ўтувчи муҳандислик коммуникациялари меъёрий ҳужжатлар асосида ривожланишни ҳисобга олган ҳолда 22-бандда белгиланган хавфсизлик минтақасидан ташқарида ўтиши керак.

Бирорта коммуникация тармоқларининг тўғридан-тўғри йўл тўшамасида жойлаштирилиши тақиқланади.


35. Автомобиль йўлларида таъмирлаш ишларини олиб борувчи ташкилотлар келишилган тартибга риоя этишлари, бажариладиган ишларни ўз вақтида сифатли тугаллашлари, шунингдек транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши шарт.

Мазкур ташкилотларнинг масъул ходими таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин, технологик жараён, ишларни бошлаш ва тугаллаш вақти кўрсатилган ҳужжатларни бош пудратчи ташкилотлардан олиши керак.


36. Автомобиль йўллари минтақаларида сервис ва инфратузилма объектларини жойлаштириш белгиланган тартибда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан келишилгандан ҳамда ер ажратиш комиссияларидан ўтгандан кейин амалга оширилади.


37. Йўл бўйида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида жойлашган бозорлар ва бошқа ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари бўлса, улардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар транспорт воситалари учун барча қулайликларга эга, кириш ва чиқиш йўллари бўлган майдонлар ҳамда транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари бўлишини белгиланган тартибда таъминлаши шарт.


38. Табиий офатлар рўй берганда, фавқулодда ҳолатлар юзага келганда ёки таъмирлаш-қурилиш ишлари амалга оширилганда, йўл ташкилотларининг масъул ходимлари йўл қисмида "Ҳаракатланиш тақиқланади" йўл белгисини ўрнатиб, транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай ҳолатларда биринчи навбатда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларига хабар берилиши керак.

Оммавий тадбирлар ўтказиш пайтида эса йўлларда ҳаракатланишни вақтинча чегаралаш ёки тўхтатиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фармойиши бўлиши лозим.

Автомобиль йўлларида ҳаракатланишни вақтинча чегаралаш ёки тўхтатиш тегишли йўл ташкилотлари томонидан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



IV. ВАКОЛАТЛИ ОРГАНЛАР ТОМОНИДАН АВТОМОБИЛЬ

ЙЎЛЛАРИ ВА УНИНГ МИНТАҚАСИНИ НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


39. Йўллардан фойдаланишда содир бўлган ва транспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи ҳамда ҳаракат хавфсизлигига зид камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш учун амалга ошириладиган кундалик назорат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилади.


40. Автомобиль йўллари ёқаси ва уларга ажратилган минтақалар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда мавсумий (баҳорги ва кузги), назорат тартибидаги ва махсус кўриклар орқали доимий назоратга олиниши керак.


41. Кўрик давомида аниқланган камчиликлар ва тартибсизликлар (ноқонуний қурилишлар) юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар ва маҳаллий ҳокимликларга тақдимномалар киритилиши зарур.

Ёзма кўрсатмалар ва тақдимномалар олган тегишли ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зудлик билан, ўз ваколати доирасида, аниқланган камчиликларни ва тартибсизликларни (ноқонуний қурилишларни) бартараф этиш чораларини кўриши керак.


42. Автомобиль йўлларини бошқариш бўйича махсус ваколатли орган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан (шаҳар кўчалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари билан) келишилган ҳолда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини (шаҳар кўчаларини) бир йилда икки марта (баҳор ва кузда) мавсумий кўрикдан ўтказиши ва кўрик натижалари асосида йўл ҳаракати хавфсизлиги тадбирларини ишлаб чиқиши ҳамда уларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориши, ҳаракат хавфсизлигига зид ҳолатлар ёки йўлнинг ҳолатига боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисалари кўпайган йўл қисмларини келгуси йилга таъмирлаш режасига киритиш бўйича тегишли органларга таклиф тақдим этиши (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эса ўз режаларига киритиши) зарур.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


43. Ушбу Қоидаларда белгиланган талабларни бузганликда айбдор ҳисобланган юридик ва жисмоний шахслар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 52-сон, 562-модда