ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепцияси (ЎзР ВМ 29.08.2015 й. 251-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 29 августдаги

251-сон қарорига

1-ИЛОВА



2015-2020 йиллар даврида

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг

соғлом овқатланишини таъминлаш

КОНЦЕПЦИЯСИ


I. КИРИШ


1. Овқатланиш аҳоли соғлиғини белгилайдиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Соғлом овқатланиш - бу инсоннинг соғлиғи мустаҳкамланишига ва касалликлар камайишига кўмаклашадиган, унинг ўсишини, нормал камол топишини ва ҳаёт фаолиятини таъминлайдиган овқатланиш. Овқатланиш тузилмасида баланснинг ҳар қандай бузилиши инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатади, шунингдек турмуш сифати пасайишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Республикада озиқ-овқат саноати ривожланишининг тадрижий ўсишини таъминлашга ва мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган. Бунинг ҳисобига кейинги йилларда аҳолининг овқатланиши сифати анча яхшиланди, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тузилмаси ўзгарди, жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш 1,3 баравар, сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш - 1,6 баравар, тухум ейиш - 2,2 баравар, сабзавотларни истеъмол қилиш - 2,6 баравар, картошкани истеъмол қилиш - 1,7 баравар, меваларни истеъмол қилиш - 4,0 баравар ўсди.

Овқатланиш тузилмаси ва рациони яхшиланиши бошқа омиллар билан биргаликда аҳоли соғлиғи кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди. Охирги 10 йилда танасининг оғирлиги енгил бўлган болалар улуши икки баравардан ортиққа қисқарди (4 фоиздан 1,8 фоизгача), аёлларнинг анемия (камқонлик) билан касалланиши даражаси 2,5 баравар пасайди. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 6,5 йилга кўпайди (67 ёшдан 73,5 ёшгача), аёлларнинг ўртача умр кўриши - 75,8 ёшга етди.

Шу билан бирга, ижобий иқтисодий ўзгаришлар ва урбанизациянинг тез ўсиши ва унга хос бўлган турмуш тарзидаги ўзгаришлар барча иқтисодий ривожланган мамлакатлар учун хос бўлган нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликлар даражаси ошишига олиб келди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ушбу касалликлар юқумли бўлмаган касалликларнинг алоҳида гуруҳига ажратилган. Юқумли бўлмаган касалликлар даражасининг ошиши нооқилона овқатланиш билан биргаликда етарли бўлмаган жисмоний фаоллик, тамаки истеъмол қилиш ва алкоголни зарарли истеъмол қилиш билан боғлиқдир.

2014 йилда ўтказилган тадқиқотлар натижалари республика катта ёшдаги аҳолисининг 67,2 фоизга яқини сабзавотлар ва меваларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этиладиган нормадан паст истеъмол қилишини, 37 фоизи туз миқдори ортиқча бўлган овқатни истеъмол қилишини, катта ёшдаги аҳолининг 16,4 фоизи эса жисмоний фаол эмаслигини кўрсатди. Бунинг натижасида катта ёшдаги аҳолининг 20,2 фоизи ортиқча вазнга ва 33,9 фоизи юқори қон босимга эга.



II. КОНЦЕПЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


2. Аҳоли соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳоли турли гуруҳларининг тиббиёт фани талабларига мувофиқ соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш Концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.


3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли турли гуруҳларининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш, жисмоний фаоллик ҳамда алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартириш йўли билан касалликка чалиниш ва бевақт вафот этишни камайтириш;

нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва улар тарқалиши даражасини пасайтириш, аҳоли соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида соғлом овқатланишга доир кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш ва шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фаол фойдаланган ҳолда соғлом овқатланишни тарғиб қилишни кучайтириш;

овқатланиш билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтиришга йўналтирилган соғлом овқатланиш масалалари бўйича аҳолининг турли гуруҳлари учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш, соғлом овқатланиш соҳасида фундаментал тадқиқотларни устувор ривожлантириш;

жамоаларда ташкил этилган овқатланишни ташкил этишни такомиллаштириш, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларнинг, шунингдек 3 ёшгача бўлган болаларнинг тўлақонли овқатланишини ташкил этиш, даволаш жараёнининг ажралмас қисми сифатида даволаш-профилактика муассасаларида парҳезли (даволаш ва профилактик) овқатланишни яхшилаш;

сифат ва хавфсизликка қўйиладиган замонавий талабларга мувофиқ озиқ-овқат хом ашёсининг асосий турларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, алмаштириб бўлмайдиган компонентлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва болалар овқатланиши учун ихтисослаштирилган маҳсулотлар, парҳезли (даволаш ва профилактик) озиқ-овқат маҳсулотлари ва овқатга биологик актив қўшимчалар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хом ашёсига тегишли бўлган техник регламентлар ва давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва чет элдан етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хом ашёсининг сифати устидан назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш;

аҳоли соғлиғи кўрсаткичлари ва тарқалган алиментар-боғлиқ ҳолатлар ривожланиши динамикаси таҳлили асосида овқатланиш соҳасида мониторинг дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.



III. СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

ВА ТУРМУШ ТАРЗИ БЎЙИЧА ФАОЛИЯТНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Ушбу Концепцияни амалга ошириш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:


а) аҳолини соғлом овқатланиш билан таъминлаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шу жумладан:

маҳаллий сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

давлат таълим ва тиббиёт муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни тартибга солиш;

овқатга солинадиган туз ишлаб чиқарувчи корхоналарга калий йодат ва калий йодит узлуксиз етказиб берилиши механизмларини яхшилаш, йодлаштирилган туз ишлаб чиқаришнинг доимий мониторинги олиб борилишини таъминлаш;

алкоголли маҳсулотлар сотилишини янада тартибга солиш;

таълим муассасаларида истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги устидан амалий назорат ўрнатиш;

витаминлар ва микронутриентлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кўпайтириш ҳисобига ташкил этилган жамоаларда болалар овқатланишининг суткалик рационини яхшилаш;


б) аҳолини соғлом овқатланиш билан таъминлаш механизмини такомиллаштиришга ва соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантиришга йўналтирилган қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш:

маҳаллий озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқиладиган парҳезли сут-қатиқ маҳсулотлари турларини кенгайтириш;

ўсимлик ҳужайралари асосида таркибида туз кам бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтириш;

қанд-шакарнинг ўрнини босувчи доривор стевия ўсимлигини етиштириш ва саноат йўли билан қайта ишлашни кўпайтириш;

аҳолини муҳим микронутриентлар билан таъминлаш давлат дастурларини амалга оширишни давом эттириш;

таълим муассасаларида ва бошқа ташкилотларда соғлом овқатланишга ва соғлом турмуш тарзи юритилишига кўмаклашувчи шарт-шароитлар яратиш;

Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари аҳолиси орасида соғлом овқатланиш маданиятини ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга йўналтирилган тажриба лойиҳани амалга ошириш, кейинчалик олинган ижобий тажрибани республиканинг барча минтақаларига ёйиш;

озиқ-овқат маҳсулотларининг даволаш-профилактик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг турли жинс-ёш ва профессионал гуруҳлари учун овқатланишнинг тавсия этиладиган ўртача суткалик меъёрларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини "даладан ишлаб чиқарувчигача", "ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача" етказиб бериш логистикаси схемаларини такомиллаштириш;

озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, болалар ва парҳезли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек қишлоқ хўжалиги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларни рағбатлантиришнинг мавжуд иқтисодий механизмларини такомиллаштириш;


в) соғлом овқатланиш ва диетология соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш:

маҳаллий хом ашё - нефть конлари суви негизида йод ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;

аҳолининг турли гуруҳлари орасида овқатланиш рационини ва нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликлар тарқалиши ривожланиши сабабларини ўрганиш;

болалар ва катта ёшдагилар учун маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари асосида парҳезли таомлар ва ичимликларнинг илмий асосланган рецептурасини ишлаб чиқиш;

аҳоли орасида темир тақчил бўлган анемия ва йод тақчиллиги ҳолатлари тарқалишини ўрганиш;


г) соғлом овқатланиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш:

махсус теле-, радиоэшиттиришлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган материаллар доираси ва сонини кенгайтириш;

аҳоли орасида соғлом овқатланишни оммавийлаштириш ва соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш жараёнига сиёсат, фан, санъат, спортнинг таниқли арбобларини ва жамоат арбобларини жалб этиш;

амалга ошириладиган ахборот-маърифий тадбирлар натижалари мониторингини олиб бориш ва уларни баҳолаш;

аҳоли орасида, энг аввало, ёшлар орасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишнинг соғлиқ учун зарарли оқибатлари масалалари бўйича тушунтириш ишлари олиб боришни кенгайтириш;


д) тиббиёт кадрлари тайёрлаш сифатини янада ошириш:

ўрта махсус, касб-ҳунар, олий ва олий таълимдан кейинги таълим учун соғлом овқатланиш соҳасида ўқув дастурларини жорий этиш;

тиббиёт олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари талабалари учун соғлом овқатланиш ва диетология масалалари бўйича ўқув дастурларини жорий этиш;

"Диетология" мутахассислиги бўйича магистрлар ва клиник ординаторлар тайёрлаш;

соғлом овқатланиш, диетология, жисмоний фаоллик, алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишнинг соғлиқ учун зарарли оқибатлари масалалари бўйича мутахассисларнинг малакасини ҳар йили ошириш.



IV. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ


5. Концепцияни амалга ошириш 2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш йўли билан амалга оширилади.


6. Тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таъминланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни;

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш соҳасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини ишлаб чиқишни;

озиқ-овқат саноати тизимига ва қишлоқ хўжалигига халқаро ташкилотлар, хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб этиш учун шарт-шароитлар яратилишини;

аҳолининг соғлом овқатланиши соҳасида комплекс чора-тадбирлар бажарилиши устидан мунтазам мониторинг олиб борилиши ташкил этилишини таъминлайди.


8. Масъул бажарувчилар:

белгиланган муддатларга ва ишлар ҳажмига мувофиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини;

тадбирларни амалга ошириш учун мўлжалланган молиявий маблағлардан аниқ мақсадни кўзлаб ва самарали фойдаланилишини;

кейинги йилга тадбирларни амалга ошириш бўйича иш режаси ҳар йили Комиссияга тақдим этилишини;

Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборот Комиссияга чораклик асосида тақдим этилишини таъминлайдилар.

Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.



V. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


9. Концепцияни амалга ошириш 2020 йилда:

аҳоли томонидан сабзавотлар ва мевалар истеъмол қилинишини 15 фоизга кўпайтириш;

таркибида туз кўп бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишни 15 фоизга қисқартириш;

овқатланиш рациони соғлом овқатланиш принципларига мос бўлган ҳомиладор аёллар, чақалоқлар ва беш ёшгача болалар улушини 10 фоизга кўпайтириш;

тамаки истеъмол қилишни ва алкоголни зарарли истеъмол қилишни 10 фоизга қисқартириш;

соғлом, хавфсиз ва сифатли қишлоқ хўжалиги мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини мамлакатимизда етиштиришни кенгайтириш;

таркибида шакар, туз, тўйинтирилган ва трансёғли кислоталар кам бўлган маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш ва реализация қилиш ҳажмини кўпайтириш;

витаминлар ва зарур минераллар билан бойитилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш улушини кўпайтириш имконини беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 7 сентябрь, 35-сон, 467-модда













































Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск