язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Машинасозлик, металлургия, геология, минерал хом ашё қазиб олиш ва қайта ишлашни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.03.2007 й. 56-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 22 мартдаги

56-сон қарорига

1-ИЛОВА



Машинасозлик, металлургия, геология,

минерал хом ашё қазиб олиш ва қайта ишлашни

ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил

департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Машинасозлик, металлургия, геология, минерал хом ашё қазиб олиш ва қайта ишлашни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 мартдаги ПҚ-601-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

2. Департаментнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини, унинг Президиумини, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратини металлургия ва қимматбаҳо металлар; минерал хом ашёни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш; машинасозлик ва электротехника саноати; сафарбарлик ва давлат захиралари; стандартлаштириш ва метрология масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.

3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига бўйсунади ҳамда айни пайтда унинг фаолияти Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштирилади.

5. Департамент ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) металлургия ва қимматбаҳо металлар соҳасида:

кон-металлургия корхоналарини ривожлантириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

кон-металлургия корхоналарининг ишлаб чиқариш, лойиҳа-қидирув ва хўжалик фаолиятини тизимли, комплекс ўрганишни ташкил этиш;

металл парчаларини тайёрлаш, қора металлар прокатини ишлаб чиқариш ва ишлатиш, қимматбаҳо металларга давлат буюртмаси энг муҳим моддий балансларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини ҳамда келишиб олинишини ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

кон-металлургия ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг илмий-техник даражасини ошириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техника ва технология билан қайта жиҳозлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, кўрсатиб ўтилган вазифаларни ҳал этиш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;

кон-металлургия саноати корхоналарида фойдаланиладиган бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, тармоқ корхоналари учун сотиб олинадиган асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, хом ашё ва материаллар импортини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

республиканинг кон-металлургия саноати корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолаш;

металлургия ва қимматбаҳо металлар соҳасида қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши устидан назоратни таъминлаш;

металлургия тармоғи маҳсулотларининг ички ва жаҳон бозорларига кириб боришини тадқиқ ва таҳлил қилишни ташкил этиш;

б) минерал хом ашёни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида:

геология, кон қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарини ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

геология, кон қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш, лойиҳа-қидирув ва хўжалик фаолиятини тизимли, комплекс ўрганишни ташкил этиш;

кон қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарини ривожлантиришнинг илмий-техник даражасини ошириш, геология-қидирув ишларини ўтказиш ҳамда минерал-хом ашё базасини кенгайтириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техника ва технология билан қайта жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, кўрсатиб ўтилган вазифаларни ҳал этиш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш;

геологик-қидирув, минерал хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида мақсадли дастурларни, инвестиция лойиҳаларини, маҳсулот тақсимотига оид битимлар лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан қарорлар қабул қилиш учун экспертиза ўтказиш ва тавсиялар тайёрлаш;

республиканинг кон қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолаш;

геология тармоғи, кон қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати корхоналарида фойдаланиладиган бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, тармоқ корхоналари учун сотиб олинадиган асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, хом ашё ва материаллар импортини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш, уран маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш, шу жумладан, уни жаҳон бозорида сотиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

геологик ўрганиш, ноёб, рангли, камёб ер металлари ва уранни, шунингдек чучук ва минерал ер ости сувларини ҳамда фойдали қазилмаларнинг бошқа турларини қидириш ва разведка қилиш самарадорлигини оширишни, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё базасини қайта кўпайтиришни таъминлайдиган геология-қидирув ишларини сифатли прогноз қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, кон муносабатлари соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;

геология, геология-қидирув ишлари дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижроси устидан назоратни ташкил этиш;

геология, кон қазиб олиш ва қайта ишлаш тармоқлари учун, ушбу соҳадаги илғор тажрибадан фойдаланган ҳолда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мониторингини амалга ошириш, шунингдек республика олий ва ўрта ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича таклифларни таҳлил қилиш;

в) машинасозлик ва электротехника саноати соҳасида:

машинасозлик ва электротехника саноати корхоналарини ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республиканинг машинасозлик ва электротехника саноатининг ишлаб чиқариш, лойиҳа-қидирув ва хўжалик фаолиятини тизимли, комплекс ўрганишни ташкил этиш;

машинасозлик ва электротехника саноати корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолаш;

машинасозлик ва электротехника саноати корхоналарида фойдаланиладиган бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, кўрсатиб ўтилган тармоқ корхоналари учун сотиб олинадиган асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, хом ашё ва материаллар импортини мақбуллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда машинасозлик ва электротехника саноати корхоналарини барқарор ривожлантиришнинг истиқболли стратегияси ишлаб чиқилишини таъминлаш;

машинасозлик ва электротехника саноатини ривожлантириш соҳасида қабул қилинган қарорлар амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш;

тадқиқотлар ўтказиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш, уларни жаҳон бозорларига киритиш;

г) сафарбарлик ва давлат захиралари соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, иқтисодиёт тармоқларининг сафарбарлик ва давлат захираларини жамлаш масалаларига тайёрлигини тизимли ўрганиш ва ҳолатини таҳлил этиш;

давлат стратегик ва сафарбарлик захираларидан олинган товарлар ва маҳсулотларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини ва ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш бўйича мониторинг олиб борилишини ва ишларнинг аҳволи таҳлил этилишини таъминлаш;

сафарбарлик ва давлат захиралари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан бажарилишини назорат қилиш;

давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари шакллантирилишини, шу жумладан уларнинг тўпланиши, сақланиши ва янгиланишини, шунингдек давлат стратегик ва сафарбарлик захираларидан белгиланган тартибда тезкор фойдаланишга доимий тайёрликни таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳарбий-саноат комиссияси қарорларини бажариш ишлари мувофиқлаштирилиши ва назорат қилинишини таъминлаш;

д) стандартлаштириш ва метрология соҳасида:

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш (мувофиқликни баҳолаш) тизимларининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш, шунингдек уларни хорижий мамлакатларнинг халқаро ва миллий тизимлари билан уйғунлаштиришнинг аҳволи масалалари бўйича тизимли ва комплекс мониторингни ташкил этиш;

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш (мувофиқликни баҳолаш) соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, халқаро стандартларни қўллаш асосида, шу жумладан сифатни бошқариш тизими бўйича маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлилигини оширишни таҳлил этиш ва улар бўйича таклифлар тайёрлаш;

"Стандартлаштириш тўғрисида", "Метрология тўғрисида", "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳамда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш (мувофиқликни баҳолаш) соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш ва ишларни мувофиқлаштириш;

стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш (мувофиқликни баҳолаш) соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

экспорт ва импорт қилинаётган товарлар сифатини юклаб жўнатишдан ҳамда туширишдан олдин текшириш билан боғлиқ эксперт баҳолаш тизимини ривожлантиришни таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш.


7. Департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўзи юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни тўплайди ва умумлаштиради;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида ва ҳудудларда ишларнинг аҳволини ўрганади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Бош вазирнинг ўринбосари учун тегишли материалларни тайёрлайди;

тегишли тармоқларни ривожлантириш, шунингдек тегишли тармоқларда ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурларини, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва янада такомиллаштириш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси топшириқларининг ижросини назорат қилади; (ЎзР ВМ 20.05.2008 й. 100-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)

тегишли тармоқлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда янгиланишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун таҳлилий, маълумотнома материаллар ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширади ва уларни ишлаб чиқади, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материалларнинг комплекслилиги ҳамда уларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашнинг сифати, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари лойиҳаларининг давлат ва хўжалик бошқарувининг манфаатдор органлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари билан келишилиши учун жавоб беради;

ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқарувининг мутасаддилик қилинадиган органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўзи юритадиган масалалар бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар иши самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, фуқароларни шахсан қабул қилишни амалга оширади;

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органларининг коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Бош вазир ўринбосарининг топшириғига биноан эса - давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

зарурат бўлганда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартиби талаблари бузилган ҳолда тушган ҳужжатларни қайтариб юбориш.

Департаментнинг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, Департамент белгилаган муддатларда бажарилиши керак.

9. Департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорлари, фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг мутасаддилик қилинадиган идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми мустаҳкамланиши учун жавоб беради.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Департаментнинг тузилмасига Департамент мудири, металлургия ва қимматбаҳо металлар; минерал хом ашёни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш; машинасозлик ва электротехника масалалари бўйича шўъбалар, сафарбарлик ва давлат захиралари масалалари бўйича бош ва етакчи мутахассис, стандартлаштириш ва метрология масалалари бўйича бош мутахассис, шунингдек инспектор киради. Шўъба таркибига шўъба мудири, бош ва етакчи мутахассислар киради.

Департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


11. Департамент ишларига мудир раҳбарлик қилади.


12. Департамент мудири, шўъба мудирлари ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департамент ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида иш юритиш бўйича Йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Департаментнинг иш режалари, Департамент мудири, шўъба мудирлари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Департаментнинг иш режалари, Департамент мудирининг ва шўъба мудирларининг шахсий иш режалари Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Мутахассисларнинг шахсий иш режалари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари билан келишилади ва Департамент мудири томонидан тасдиқланади.


14. Департамент мудири:

Департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат принципларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатидан ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назоратни таъминлайди;

тегишли тармоқлар, соҳалар ва республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг аҳволи ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторингни ва маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этиш, тармоқлар ва республика ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболдаги вазифаларини амалга ошириш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

департаментнинг тасдиқланган тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимларга тавсия этиладиган номзодлар, мутахассисларнинг касб даражасини ва ишчанлик малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ва Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси билан келишган ҳолда комплекс раҳбари кўриб чиқиши учун киритади;

мутахассислар ўртасида вазифаларнинг тақсимотини, шунингдек комплекснинг ярим йиллик иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Комплекс раҳбари тасдиқлаши учун киритади, Департамент мутахассисларининг иш режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган, республика Ҳукуматининг қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси томонидан Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Ижро этувчи аппаратда амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ ишларнинг юритилишини таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.

15. Департамент мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан белгиланадиган Департаментнинг шўъба мудирларидан бири бажаради.


16. Шўъба мудири:

шўъба мутахассислари ишларини мувофиқлаштиради ҳамда шўъбага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

шўъбага биркитилган масалалар, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва республика ҳудудлари бўйича мутахассислар томонидан маълумотнома, таҳлилий, статистик материаллар ва бошқа материаллар, шунингдек қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил қилади;

қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорларини амалга ошириш юзасидан мутахассислар томонидан ташкилий чора-тадбирлар ёки назорат режалари тайёрланишини, уларнинг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ёки унинг ўринбосарлари томонидан тасдиқланишини мувофиқлаштиради, эришилган натижаларнинг доимий асосда мониторинги олиб борилишини таъминлайди;

мутахассисларнинг, департаментнинг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли давр учун иш режаларида тасдиқланган масалаларни ўрганиш ва чора-тадбирларни амалга оширишнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди, танқидий таҳлил асосида департамент мудирига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига кўриб чиқиш учун тегишли таклифлар киритади;

мутахассислар томонидан иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари, соҳалари ва секторлари, шунингдек республика ҳудудлари бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилиши устидан назоратни амалга оширади;

маълумотнома материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига, унинг ўринбосарларига, Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ҳамда идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, шўъба мутасаддилик қиладиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда қатнашади;

Департамент мудирининг топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ўз ижросида бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

17. Шўъба мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Департамент мудири белгилайдиган шўъба бош мутахассисларидан бири бажаради.


18. Департаментнинг бош мутахассис:

функционал вазифаларга мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт таклифлар тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шўъба мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади ҳамда республика иқтисодиёти тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини тизимли назорат қилади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилишини ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари марказий аппаратлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмалари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлар) ишининг ҳолати ва натижадорлигини доимий асосда ўрганади, улар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ўз ижросида бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассис фаолиятини назорат қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

19. Департаментнинг етакчи мутахассиси:

функционал вазифаларга мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг тегишли органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт таклифлар тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шўъба мудирига ва бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Ижро этувчи аппарат бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режаси ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, республика иқтисодиёти тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки ҳудудлари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижро этилишини тизимли назорат қилади;

тегишли функционал масалалар бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилишини ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари марказий аппаратлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмалари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлар) ишининг ҳолати ва натижадорлигини доимий асосда ўрганади, улар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Ижро этувчи аппарат бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

шўъба мудири билан келишган ҳолда ўз ижросида бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

20. Инспектор Департаментда иш юритишни амалга оширади, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 13-сон, 117-модда.