язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.08.2005 й. 183-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 3 августдаги

183-сон қарорига

1-ИЛОВА



Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари

йиғма ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Йиғма департамент деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 25 июлдаги ПҚ-131-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Йиғма департаментнинг фаолияти:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини, унинг Президиумини, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси аппаратини умуман мамлакат иқтисодиётида ҳамда минтақаларида бозор ислоҳотлари ва таркибий ислоҳотлар, шунингдек ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий таъминлашга;

макроиқтисодий, тармоқ ва ижтимоий ривожлантириш дастурлари стратегиясини ишлаб чиқишда, макроиқтисодий ва таркибий сиёсат самарадарлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлашда марказий иқтисодий идоралар, бошқарувнинг тармоқ органлари ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати департаментларининг прогноз-таҳлил фаолиятини мувофиқлаштиришга;

иқтисодий ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, иқтисодий ривожлантириш стратегияси ва дастурларини ишлаб чиқиш, маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишини, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, унинг мамлакат минтақаларида роли ва аҳамиятини оширишнинг аҳволини таҳлил қилиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати департаментлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишга;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодиёт ташкилотлари ва молия институтлари билан ташқи иқтисодий алоқаларини, Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлигини ривожлантириш, экспорт салоҳиётини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва шартномавий-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришга йўналтирилган.


3. Йиғма департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Йиғма департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Йиғма департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига, ташкилий масалалар ва ижро интизоми масалалари бўйича эса  Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига бўйсунади.


5. Йиғма департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида ташкил этилган ахборот-таҳлил бошқармаси тегишли равишда вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларига ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, шунингдек Йиғма департаментга ҳисоб беради.

Йиғма департамент ўзига ҳисоб берадиган Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази фаолиятига раҳбарлик қилади ва уни мувофиқлаштиради.


7. Ахборот-таҳлил гуруҳлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи, шунингдек кўрсатиб ўтилган ҳудудий бўлинмалар мутахассислари лавозимга тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан Йиғма департамент мудири билан келишилган ҳолда тайинланади.



II. ЙИҒМА ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Йиғма департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) макроиқтисодий ривожлантириш ва ислоҳотларни амалга ошириш соҳасида:

марказий иқтисодий идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси Аппарати департаментларининг ахборот-таҳлилий фаолиятини мувофиқлаштириш асосида мамлакатда иқтисодий, ижтимоий, таркибий ва институционал ислоҳотларнинг амалга оширилишини мунтазам ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

иқтисодиётдаги, шу жумладан маълумотларнинг тегишли базаларини яратиш ва уларни таҳлил қилиш асосида макроиқтисодий аҳволнинг ва таркибий сифат ўзгаришлари мониторинги тизимини яратиш;

Ҳукуматнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Аппарати департаментлари томонидан тайёрланадиган муҳим иқтисодий, ижтимоий муаммолар, институционал ва таркибий ислоҳотлар бўйича мақсадли дастурлари ва қарорлари лойиҳаларини эксперт баҳолаш;

макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини, мамлакат аҳолисини иш билан банд этиш ва уларнинг турмуш даражасини оширишни таъминлашнинг стратегик вазифаларини бажаришга йўналтирилган иқтисодий, ижтимоий ва таркибий сиёсатнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

мақолалар, оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни макроиқтисодий ва ижтимоий вазият тўғрисида хабардор қилиш мақсадида ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлашни ва тарқатишни, халқаро молия ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликдаги ишларни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан материал ва қиймат балансларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш; Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ департаментлари томонидан тақдим этиладиган уларнинг тасарруфларидаги тармоқлар бўйича иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича келишилган мониторинг кўрсаткичларини умумлаштириш;

б) ҳудудларни ривожлантириш соҳасида:

марказий иқтисодиёт идораларини ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларини, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини жалб этган ҳолда мамлакат минтақаларида иқтисодий, ижтимоий, таркибий ва маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мунтазам ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

минтақаларда, шу жумладан маълумотларнинг тегишли базаларини яратиш ва уларни таҳлил қилиш асосида макроиқтисодий аҳволнинг, ижтимоий вазиятнинг, ижтимоий муҳофазанинг, аҳолини иш билан таъминлашнинг ва таркибий иқтисодий ислоҳотлар мониторингини олиб бориш тизимини яратиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тайёрланадиган ҳудудларнинг муҳим иқтисодий ва ижтимоий муаммолари бўйича мақсадли ҳудудий дастурлари ва Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини эксперт баҳолаш;

ҳар бир минтақада аҳолини иш билан банд этиш, уларнинг даромадларини кўпайтириш ва турмуш даражасини оширишни таъминлашга йўналтирилган иқтисодий, ижтимоий ва таркибий сиёсатнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

в) ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодиёт ва молия ташкилотлари билан ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантиришни мувофиқлаштириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг экспорт ҳажмларини янада кўпайтириш, унинг таркибини такомиллаштириш ва жуғрофиясини кенгайтириш, ташқи савдо балансини мақбуллаштириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг ҳар йилги прогнозини, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантиришни ва уларнинг бажарилишини таъминлашни мувофиқлаштириш;

Марказй Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек минтақавий иқтисодий ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида давлатлараро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳамда шартномавий-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш.


9. Йиғма департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

мамлакатни ва минтақаларни макроиқтисодий ҳамда ижтимоий ривожлантириш, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича маълумотлар тизимлаштирилган базасининг яратилишини, юритилишини ва мунтазам янгилаб борилишини таъминлайди;

ўзи мутасаддилик қиладиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Бош вазирнинг тегишли ўринбосари учун, шунингдек уларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқиш учун тегишли маълумотномалар, таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди;

минтақаларда ишларнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини, иқтисодий, таркибий ва маъмурий ислоҳотлар, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукуматнинг қарорлари бажарилишини, шу жумладан жойига борган ҳолда, ўрганади, ўрганиш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятига ахборот бериш учун тегишли таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарининг топшириқлари ижросини назорат қилади;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширади ва уларни ишлаб чиқади ҳамда улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари бўйича мажлисларини тайёрлаш билан боғлиқ материалларни ишлаб чиқиш ва қарорларни расмийлаштиришда қатнашади, шунингдек мазкур материаллар тўғрисида Бош вазирнинг тегишли ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига ахборот беради, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлис қарорларининг бажарилиши устидан назоратни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг тегишли ўринбосари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материалларнинг комплекслилиги ҳамда уларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашнинг сифати, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларининг давлат ва хўжалик бошқарувининг манфаатдор органлари, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари билан келишилиши учун жавоб беради; Йиғма департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ташкил этади;

ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги ахборот-таҳлил бошқармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ахборот-таҳлил гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг тегишли ўринбосари бошчилик қиладиган тегишли ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар иши самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, фуқароларни шахсан қабул қилишни амалга оширади;

аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича мақсадли дастурларнинг, мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорларининг амалга оширилишини уйғунлаштириш ва натижаларини умумлаштиришни таъминлайди; аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни такомиллаштиришга йўналтирилган механизмларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларни умумлаштиради; фуқароларнинг пенсия таъминоти, ёрдамга муҳтож оилаларни ва аҳолининг айрим қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда ишсизларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича ахборот-таҳлилий материалларни республика минтақалари, шунингдек иқтисодиёт соҳалари бўйича умумлаштиради.

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.



III. ЙИҒМА ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Йиғма департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш ва сўраш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот-таҳлилий ва прогнозлаш фаолиятини, Вазирлар Маҳкамаси департаментларининг макроиқтисодий ривожлантириш, ижтимоий, таркибий ва институционал ислоҳотлар, иқтисодиёт тармоқларини, секторларини ва минтақаларни иқтисодий ривожлантириш стратегияси ва дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

марказий иқтисодиёт органлари, уларнинг илмий-тадқиқот марказлари ва институтлари ходимларини, маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда ахборот ва таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш учун вақтинчалик эксперт таҳлил гуруҳлари ташкил этиш;

халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар, семинарлар ва кенгашлар ишида, шунингдек иқтисодий, ижтимоий, институционал ва таркибий ислоҳотлар, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш муаммоларининг ахборот-таҳлилий тадқиқотлари бўйича халқаро лойиҳаларда қатнашиш;

Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари, шунингдек халқаро, хорижий, молия ва иқтисодиёт ташкилотлари, хорижий ҳукумат муассасалари билан ташқи иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича мустақил ёзишмаларни юритиш;

мутасаддилик қилинадиган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органларининг коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Бош вазир тегишли ўринбосарининг топшириғига биноан эса давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг Йиғма департамент тасарруфидаги соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлисларида ва йиғилишларида қатнашиш;

хорижий давлатлар ҳукуматлари, халқаро хорижий молия ва иқтисодиёт ташкилотлари, ноҳукумат ташкилотлар, хорижий фирмалар ва компаниялар вакиллари билан ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича музокаралар ўтказиш ва уларда қатнашиш;

зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш;

зарурат бўлганда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартиби талаблари бузилган ҳолда тушган ҳужжатларни қайтариб юбориш.

Йиғма департаментнинг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарининг топшириқларида бошқа бажариш муддатлари белгиланмаган бўлса, Йиғма департамент белгилаган муддатларда бажарилиши керак.


11. Йиғма департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва бошқа ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорлари, фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг мутасаддилик қилинадиган идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми таъминланиши учун жавоб беради.



IV. ЙИҒМА ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


12. Йиғма департаментнинг тузилмасига Йиғма департамент мудири, Йиғма департамент мудирининг макроиқтисодий ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари, Йиғма департамент мудирининг ҳудудларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Йиғма департамент мудирининг ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари, макроиқтисодий ривожлантириш ва ислоҳ қилиш, ҳудудларни, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича бош ва етакчи мутахассислар, етакчи мутахассис (юрист), шунингдек инспектор киради.

Йиғма департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


13. Йиғма департамент ишларига мудир раҳбарлик қилади.


14. Йиғма департамент мудири, мудир ўринбосарлари ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. ЙИҒМА ДЕПАРТАМЕНТ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Йиғма департамент ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартибига, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг тегишли ўринбосарининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Йиғма департаментнинг чораклик иш режалари, мудир, унинг ўринбосарлари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади. Йиғма департаментнинг чораклик иш режалари, мудирнинг ва унинг ўринбосарлари шахсий иш режалари Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари билан келишилади ва Бош вазирнинг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Мутахассисларнинг шахсий иш режалари Бош вазирнинг тегишли ўринбосари билан келишилади ва Йиғма департамент мудири томонидан тасдиқланади.


16. Йиғма департамент мудири:

Йиғма департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, ўз ўринбосарлари, мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда Йиғма департаментга юкланган вазифалар, функцияларнинг бажарилиши ва ижро интизомининг аҳволи учун шахсан жавоб беради;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Йиғма департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқади, мазкур лойиҳаларга розилик беради ҳамда улар юзасидан эксперт хулосаларни имзолайди;

Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Президиумининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари томонидан Йиғма департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан тушган, Вазирлар Маҳкамасининг қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига кўриб чиқиш учун юборади;

ўз ўринбосарлари ва Йиғма департамент мутахассислари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва тасдиқлаш учун Бош вазирнинг тегишли ўринбосарига киритади;

Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида амалда бўлган йўриқномага мувофиқ ишларнинг юритилишини таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Йиғма департамент ишларини такомиллаштириш, мутахассисларнинг иш ва касб малакасини ошириш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Йиғма департамент мудири ўринбосарлари ва мутахассисларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга танбеҳ бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг Раҳбари билан келишилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига тақдим этади.


17. Йиғма департамент мудири вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан белгиланадиган Йиғма департамент мудирининг ўринбосарларидан бири бажаради.


18. Йиғма департамент мудирининг ўринбосари:

тегишли мутахассисларга бевосита раҳбарлик қилади ҳамда ўзига биркитилган масалалар бўйича Йиғма департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ва ўзига бўйсунувчи мутахассислар ижро интизомининг аҳволи учун шахсан жавоб беради;

ўзига биркитилган масалалар бўйича материалларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил қилади, топшириқларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлайди;

тегишли масалалар бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилиши, уларнинг мунтазам равишда янгилаб борилиши устидан назоратни амалга оширади;

материаллар тўғрисида Йиғма департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Бош вазирнинг тегишли ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига ахборот беради;

ислоҳотларни чуқурлаштириш, янада ривожлантириш, шунингдек тегишли соҳалардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларнинг ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва уларни Йиғма департамент мудирига тақдим этади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ҳамда идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, ўзи мутасаддилик қиладиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича йиғилишлар ўтказади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорларининг лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

Йиғма департамент мудири топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Йиғма департамент мудирига тегишли мутахассислар ўртасида вазифаларни тақсимлаш бўйича таклифлар киритади;

Йиғма департамент мудирига мутахассисларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга танбеҳ бериш тўғрисида таклифлар тақдим этади.


19. Йиғма департаментнинг бош мутахассиси:

ўзига биркитилган масалалар бўйича материалларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, материалларнинг ўз вақтида тайёрланиши, сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда топшириқларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

ишлаб чиқилаётган қарорлар лойиҳаларини амалга оширишнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини эксперт баҳолашни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ва унинг ўринбосарларининг ўзига биркитилган масалалар бўйича топшириқлари бажарилишини назорат қилади; тегишли масалалар бўйича туркумланган маълумотлар базаси яратилишини ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил қилади;

материаллар тўғрисида Йиғма департамент мудирига, унинг ўринбосарига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига ахборот беради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган материалларни ўрганади, ўзига биркитилган масалалар бўйича ахборотларни умумлаштиради, зарур таҳлилий материалларни, прогнозлар ва эксперт хулосаларни тайёрлайди;

ислоҳотларни чуқурлаштириш, янада ривожлантириш, шунингдек ўзига биркитилган масалалар бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва Йиғма департамент мудири ўринбосарига тақдим этади;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек тайёрланаётган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига биркитилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади; тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассиснинг фаолиятини назорат қилади.


20. Йиғма департаментнинг етакчи мутахассиси:

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, Йиғма департамент мудири, унинг тегишли ўринбосари ва бош мутахассиснинг ўзига биркитилган масалалар бўйича топшириқларини бажаради, материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини, сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда топшириқларнинг бажарилиши устидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг ўзига биркитилган масалалар бўйича топшириқлари бажарилишининг аҳволи тўғрисидаги ахборотларни тўплаш ва умумлаштиришни амалга оширади;

ўзига биркитилган соҳа бўйича туркумланган маълумотлар базасини шакллантиради, унинг тўлдирилишини ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлайди;

материалларни Йиғма департамент мудирига, унинг ўринбосарига ва бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига тақдим этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган материалларни ўрганади, ўзига биркитилган масалалар бўйича ахборотларни умумлаштиради, зарур маълумотномаларни ва таҳлилий материалларни тайёрлайди;

ўзига биркитилган масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбари ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Йиғма департамент мудирининг ўринбосари ва бош мутахассис билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорларининг ишлаб чиқилаётган лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади.


21. Йиғма департаментнинг етакчи мутахассиси (юрист):

ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида норматив ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши, келишилишини ташкил этади, уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини юридик экспертизадан ўтказади;

ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари бўйича юридик хулосаларни Йиғма департамент мудирининг ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосарига ва Йиғма департамент мудирига кўриб чиқиш учун киритади;

ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни ҳуқуқий таъминлайди;

ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

хорижий давлатлар ҳукуматлари, фирмалар, компаниялар ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан ташқи иқтисодий алоқаларни ҳуқуқий таъминлаш масалалари бўйича олиб бориладиган музокараларда қатнашади;

ташқи иқтисодий фаолиятни ҳуқуқий таъминлаш масалалари бўйича мамлакатимиз юридик ва жисмоний шахслари ҳамда хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан кенгашлар ва маслаҳатлашувларни белгиланган тартибда ташкил этади ва ўтказади;

ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида халқаро шартномаларни тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштиришда қатнашади;

энг муҳим ташқи иқтисодий шартномалар (битимлар, контрактлар, протоколлар ва шу кабилар)ни ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

материалларнинг ишланиши сифати, топшириқлар бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш ва ўзига юкланган функцияларнинг бажарилиши учун жавоб беради;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ташкил қилади;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатлари бўйича шарҳлар ва тушунтиришлар лойиҳаларини тайёрлайди.


22. Инспектор Йиғма департаментда иш юритишни амалга оширади, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 30-31-сон, 234-модда.