ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Чет эллик инвесторлар иштирокида кўрилган иқтисодий низоларни хал этиш бўйича суд амалиётининг Таҳлили (Олий хўжалик суди Раёсатининг 28.06.2001 й. Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ушбу таҳлил

Олий хўжалик суди Раёсатининг

2001 йил 28 июндаги қарори

билан тасдиқланган.




Чет эллик инвесторлар иштирокида кўрилган

иқтисодий низоларни ҳал этиш

бўйича суд амалиётининг

ТАҲЛИЛИ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2001 йил 23 февралдаги 90-сон Пленуми қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 февралдаги мажлисида "2000 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2001 йилда иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари"га бағишланган нутқидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш юзасидан *тадбирлари" ижросини таъминлаш мақсадида хорижий инвесторлар иштирокида иқтисодий низолар юзасидан 2000 йилда ва 2001 йилнинг 1-чорагида кўрилган хўжалик ишлари ўрганиб чиқилди.

Хорижий инвестицияли корхоналарнинг бир маромда фаолият юритиши, чел эл сармояларини жалб этиш ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги, "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари уларнинг асосийлари ҳисобланади. Ушбу қонунлар чет эл сармояларини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ва тартибини белгилайди.

Чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасининг юридик (ёки) жисмоний шахслари билан биргаликда ташкил этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарнинг устав жамғармаларида ва бошқа мол-мулкида улуш қўшиб қатнашиш;

чет эллик инвесторларга тўлиқ қарашли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатларини, банклар, суғурта ташкилотлари ва бошқа корхоналарни барпо этиш ва ривожлантириш;

мол-мулк, акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қарз мажбуриятларини сотиб олиш;

интеллектуал мулкка, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, товар белгилари, фойдали моделлар, саноат намуналари, фирма номлари ва ноухауга, шунингдек ишчанлик нуфузига (гудвиллга) ҳуқуқлар киритиш;

концессиялар, шу жумладан табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессиялар олиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, тураржой биноларига улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш (шу жумладан ижара асосида фойдаланиш) ҳамда табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини сотиб олиш орқали.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона уни таъсис этиш йўли билан ёки илгари чет эл инвестициялари иштирокисиз таъсис этилган корхонада иштирок этиш улушини (пайини, акцияларини) ёхуд бундай корхонани бутунлай, шу жумладан хусусийлаштириш жараёнида чет эллик инвестор томонидан сотиб олиниши натижасида ташкил этилиши мумкин.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари томонидан чет эллик инвесторлар иштирокида кўрилган иқтисодий низоларга оид хўжалик ишларининг сони 2000 йилда 885 тани, 2001 йилнинг биринчи чорагида 159 тани ташкил этган.

Ҳисоб-китоб, тўловлар, маҳсулот етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатишга оид даъво турлари чет эллик инвесторлар иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ кўрилган ишларнинг асосий қисмидир.

2000 йилда Тошкент шаҳар хўжалик судида 467 та, Тошкент вилоят хўжалик судида 71 та, Навоий вилоят хўжалик судида 128 та ишлар кўрилган бўлиб, улар шу турдаги жами кўрилган ишларнинг асосий салмоғини ташкил этган.

2000 йилда 587 та иш бўйича чет эллик инвесторлар даъвогар сифатида қатнашиб, улар фойдасига жами 1178296 минг сўм ҳамда 181281 АҚШ доллари ундирилган бўлса, шу даврда улардан 298 та иш бўйича жавобгар тариқасида 705861 минг сўм ва 3579 АҚШ доллари ундирилган.

2001 йил I чорагида 76 та иш бўйича чет эллик инвесторлар иштирокидаги корхоналар даъвогар сифатида қатнашиб улар фойдасига 121300 минг сўм ундирилган. Шу даврда улардан даъвогарлар фойдасига 83 та иш бўйича 259337 минг сўм ундирилган.

Ушбу кўрсаткичларга нисбат берилганда чет эллик инвесторлар иштирокидаги корхоналар 2000 йилда 66,3% ишлар бўйича, 2001 йилнинг 1-чорагида 47,7 % ишлар бўйича даъвогар сифатида ва аксинча 2000 йилда 33,6%, 2001 йилнинг 1-чорагида 52,2% ишлар бўйича жавобгар сифатида қатнашганлиги кўринади.

Мазкур турдаги хўжалик ишлари бўйича статистик ҳисобот юритишда хўжалик судлари томонидан "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги Қонун моҳиятига яхши эътибор берилмаганлиги туфайли бир қатор чалкашликларга йўл қўйилган.

Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоят хўжалик судлари чет эллик инвесторлар иштирокида кўрилган ишлар сонини статистик ҳисоботда тўғри баён қилган бўлсалар, қолган хўжалик судлари ҳисобот тузишда "қўшма корхона"лар иштирокида кўрилган ишларни инобатга олмаганлар.

Натижада 2000 йилда Республика бўйича кўрилган 885 та хўжалик иши, статистик ҳисоботда 303 та деб кўрсатилган.

Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан тақдим этилган статистик ҳисоботда 2000 йилда чет эллик инвесторлар иштирокида 7 та иш кўрилганлиги ва улар фойдасига 93000 АҚШ доллари ундирилганлиги кўрсатилган бўлса, шу суд томонидан 2001 йилда ўтказилган умумлаштириш маълумотномасида шу турдаги жами 467 та иш кўрилганлиги, шулардан чет эллик инвесторлар фойдасига 334 та иш бўйича 601564 минг сўм ва улардан даъвогарлар фойдасига 133 та иш бўйича 371784 минг сўм ундирилганлиги кўрсатилган.

Хўжалик судлари томонидан қўшма корхоналарнинг молия хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги ва ўз устав жамғармаларини шакллантирмаганлиги учун уларни тугатишга оид бир қатор ишлар кўриб чиқилиб, кўп ҳолларда бу турдаги даъволар қаноатлантирилган.

Андижон вилояти Адлия бошқармасининг даъво аризаларига кўра "Анка" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси, "Алкур" Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси, "Виктория Ғалаба - Холдинг" Ўзбекистон-Болгария ҚК, "Турон Юлдузи" Ўзбекистон-Қозоғистон КК, "Андижон Ко ЛТД" чет эл корхонаси, "Байрам-Фиеста" Ўзбекистон-Мексика ҚК, "ЎзЭКС" Ўзбекистон-Россия ҚК, "Жанубий-Шарқ" Ўзбекистон-Қирғизистон ҚК, "Ас Ойим-Текстиль" Ўзбекистон-Туркия ҚК, "Алюмин" Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма корхоналарини тугатиш ҳақида вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

Ушбу турдаги ишларни кўриб чиқишда айрим жавобгарлар даъвогар томонидан кўрсатилган манзилларда мавжуд эмаслиги ва фаолият кўрсатмаганлиги туфайли улардан давлат божи ва бошқа суд харажатларини қай тартибда ундириш кераклигини сўраб мурожаат қилган айрим хўжалик судларига шуни тушунтириб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 28 июнда "Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг 5-бандига асосан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тўғрисидаги ишлар бўйича аризачи ва жавобгар суд чиқимлари ва давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Хўжалик ишларини кўришда хўжалик судлари томонидан асосан қонун талабларига риоя қилинган ҳолда суд ҳужжатлари чиқарилган.

Шу билан бир қаторда айрим ҳолларда иш ҳолатлари тўла текширилмаганлиги, моддий ва процессуал қонун нормалари бузилганлиги ёки иш ҳолатларига тўғри баҳо берилмаганлиги туфайли юқори инстанцияда суд қарорлари ўзгартирилган ва бекор қилинган.

Мазкур умумлашма буйича суд амалиётидан келиб чиқиб қайд этилган тоифадаги ишларни кўришда хўжалик судларига қуйидаги тавсиялар берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Даъвогарда бинога нисбатан мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги даъвони рад қилишга асос бўлади.

"БОТ" қўшма корхонаси Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилиб А.Тўқай кўчаси, 1-уйда жойлашган бинога нисбатан эгалик ҳуқуқини тан олишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарорига кўра даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш бўйича жавобгар "Пайванд" масъулияти чекланган жамиятининг апелляция тартибидаги шикоятига кўра суднинг ушбу ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогарнинг даъвоси рад этилган.

Апелляция инстанциясининг мазкур хўжалик иши буйича чиқарган қарори Олий хўжалик суди судлов ҳайъати томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда, "БОТ" Ўзбек-Малайзия қўшма корхонаси 1997 йил 27 майда 350000 АҚШ доллари миқдорида белгиланган устав жамғармаси билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Қўшма корхонанинг таъсисчилари сифатида чет эл томонидан фирмаси, Ўзбекистон томонидан "Амир саят" фирмаси ва иш бўйича жавобгар "Пайванд" МЧЖ кирган. Жавобгар ўз улушини устав фондига бинони киритиш йўли билан тўлдириш тўғрисида қарор қабул қилган. Лекин бинонинг қаерда жойлашганлиги ва у қандай ҳолатда эканлиги корхона Уставида кўрсатилмаган. Бироқ жавобгар ўз улушини Устав фондига бир йил давомида тўлаши кўзда тутилган.

1998 йилнинг 21 май куни "Пайванд" жамияти таъсисчиларнинг розилиги билан қўшма корхона таркибидан чиқарилган. Шу муносабат билан қўшма корхонанинг таркиби ва уставига ўзгартиришлар киритилган. Фуқаролик Кодексининг 486-моддасига асосан Кўчмас мулкнинг топширилиши тарафлар имзолайдиган топшириш далолатномаси ёки топшириш тўғрисидаги бошға ҳужжатга биноан амалга оширилиши керак.

Шунга қарамасдан томонлар ўртасида низоли бинони қўшма корхонага топшириш тўғрисида бирон-бир ҳужжат тузилмаган ва имзоланмаган. Қўшма корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида унинг устав фондига бинони киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар Адлия вазирлигига тақдим этилмаган.

Бундан ташқари, мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи жавобгарга давлат мулкини хусусийлаштириш натажасида вужудга келган бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилган ва бу ҳақда далолатнома берилган.

Низоли бино қўшма корхонанинг юридик манзили сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, у корхонага фақат фойдаланиш учун берилганлигига қарамасдан биринчи босқич суди иш ҳолатларига тўғри баҳо бермаган ҳолда, даъвони қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган. Натижада мазкур хўжалик иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори юқори суд инстанцияси томонидан бекор қилинган.

Ҳокимият томонидан белгиланадиган ижара ҳақи энг кам миқдорининг ўзгартирилиши инвестициялаш вақтида амалда бўлган қонун билан таъминланган инвестиция шароитини ёмонлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.

Даъвогар НПП "Гидрометприбор" судга мурожаат қилиб, жавобгар "УзБАТ АО" қўшма корхонасидан 16207095 сўм ижара шартномаси бўйича қарзни ундириб беришни сўраган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг ҳал қилув қарорига кўра даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига 12272571 сўм ундирилган. Мазкур ҳал қилув қарори апелляция ва кассация инстанциялари томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш ҳужжатларига қараганда даъвогар НПП "Гидрометприбор" билан жавобгар "УзБАТ АО" қўшма корхонаси ўртасида 1997 йилнинг 9 июн куни бинони ижарага олиш тўғрисида РНТ - 91 10/6520-сон шартнома имзоланган ва ушбу шартнома Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Шартноманинг 4-бандида ижарага олувчи ўзи фойдаланаётган бинонинг 1 кв.м. учун 270 сўмдан ижара ҳақи ҳамда уйдан фойдаланиш учун ўрнатилган умумий харажатлар қисми бўйича 1 кв.м. учун 403 сўмдан тўлаши лозимлиги белгиланиб, шартноманинг 7-бандида эса ушбу белгиланган ижара ҳақи миқдори 1997 йилнинг 31 декабр кунига қадар ўзгармасдан қолиши, лекин кейинчалик ижара ҳақининг энг кам миқдори марказлашган тарзда ўзгартирилган тақдирда қайтадан кўриб чиқилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 1998 йил 31 декабр кунги 572-сон қарорига кўра 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрида ижара ҳақининг янги ягона энг кам миқдори ўрнатилгач, даъвогар жавобгарга хат орқали мурожаат қилиб, шартнома бўйича тўланадиган ижара ҳақини ўзгартиришни сўраган.

Жавобгар ижара миқдорининг кўпайтирилишига рози эмаслигини, Ўзбекистон Республикасининг "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддаси 4-бандига асосан кейинги қонунлар инвестициялаш шарт-шароитларини оғирлаштирадиган бўлса, бу ҳолда чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш вақтидан бошлаб 10 йил давомида инвестициялаш санасида амал қилган қонунлар қўлланиши лозимлигини билдирган.

Судлов ҳайъати ишни кассация тартибида кўришда юқорида қайд этилган ҳолатларга баҳо бериб, инвестиция шарт-шароитлари хўжалик ва инвестиция фаолиятини амалга оширишнинг иқтисодий режими эканлигини, солиқ турлари, уларнинг ставкалари ва бошқа мажбурий тўловлар, конвертация шартлари, давлат божи ставкалари ва таърифлари, ўз даромадини ва бошқа инвестор активларини реквизиция қилинадиган ҳолларда компенсация тўлаш шартлари сингари параметрларини ўз ичига олишини, лекин икки мустақил хўжалик субъекти ўртасидаги ижарага оид ўзаро хусусий-ҳуқуқий муносабатлар инвестициялаш шарт-шароитларига алоқадор эмаслигини кўрсатган ва иш бўйича чиқарилган суд қарорларини асосли деб топган.

Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорлар ва хусусий мулк эгалари манфаатини кўзлаб хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақли бўлиб, улар томонидан берилган даъво аризалари мазмунан кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ("Қорақалпоқтутунув" акциядорлик компаниясининг манфаатини кўзлаб) Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво аризаси бериб, жавобгарлар - "Янги Замон" Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси ва "Қорақалпоқнонмаҳсулотлари" ассоциациясининг бош корхонасидан 17766000 сўм асосий қарз, 255000 сўм жарима, 7799000 сўм пеня, 73818262 сўм етказилган зарар, жами 99638302 сўм ундириб беришни сўраган.

Шаҳар хўжалик суди Адлия вазирлигига қонунчиликда юридик шахслар манфаатини кўзлаб даъво тақдим этиш ҳуқуқи берилмаган деган важ билан Хўжалик процессуал Кодексининг 23, 86 (1 б.), 87-моддаларини қўллаб, иш юритишни тугатган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, шикоят бериш муддатини тиклаш ва иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилиб, ишни мазмунан кўриб чиқишлик учун юборишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 17 февралдаги 57-сон "Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини фаоллаштириш тўғрисида"ги Қарорининг 7-банди 6-қисмига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тадбиркорлар ва хусусий мулк эгалари ҳуқуқларини, уларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида судларга шу жумладан, хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган.

Судлов ҳайъати ишнинг шу ҳолатларидан келиб чи??ан ҳолда иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиб ишни мазмунан кўриш учун шаҳар хўжалик судига юборган.

Агарда кредит шартномасида эркин муомаладаги валютани сўмга алмаштириш (конвертация) мажбурияти банк зиммасига юклатилган бўлмаса, суд унга бундай мажбуриятни юклашга ҳақли эмас.

Даъвогар Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки жавобгар "Папфен" Ўзбек-Турк қўшма корхонасидан кредит ва фоиздан келиб чи??ан қарзи 3579497, 25 АҚШ доллари ундиришни сўраб хўжалик судига мурожаат қилган.

Суд даъвогарнинг талабларини тўла қаноатлантирган, лекин асосий қарз суммасини иш кўрилган кундаги курс бўйича миллий валютада ундирган.

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг қарорини қисман ўзгартирган ва жавобгар "Папфен" қўшма корхонасидан 3579497, 25 АҚШ доллари ундириш тўғрисида қарор қабул қилган, шунингдек Миллий банк зиммасига жавобгар бошқа валютани аккумуляция қилган тақдирда уни конвертация қилишга ёрдам бериш мажбуриятини юклаган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки апелляция инстанцияси қарорини қисман ўзгартиришни ва конвертация қилишга ёрдам бериш мажбуриятининг зиммаларига юклатилган қисмини бекор қилишни сўраган.

Кассация инстанцияси иш ҳолатларига тўғри баҳо бериб, банк кредит суммасини валютага алмаштириш учун кўмаклашиши мумкинлиги, лекин бу унинг мажбуриятига кирмаслигини кўрсатиб, кассация шикоятини асосли деб топган.

Бундан ташқари, апелляция инстанцияси банк зиммасига валютани конвертация қилишда ёрдам бериш мажбуриятини юклаб, даъво талабларидан ҳам четга чи??анлигини ҳисобга олган ҳолда суд қарори қисман ўзгартирилиб, ундан банк зиммасига бошқа валютани конвертация қилишга ёрдам бериш мажбуриятини юклаш қисми чиқарилган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, чет эллик инвесторлар иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ хўжалик ишлари бўйича низолар томонларнинг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликлари натижасида келиб чи??ан.

Шу туркумдаги суд ҳужжатларининг айрим ҳолларда бекор бўлиши ва ўзгартирилишига судьялар томонидан амалдаги қонунларнинг яхши ўзлаштирмаганлиги, янги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг ўз вақтида ўрганилмаганлиги ҳамда шу турдаги ишлар бўйича суд амалиётининг мунтазам равишда таҳлил қилиб борилмаганлиги сабаб бўлган.

Келгусида чет эллик инвесторлар ва қўшма корхоналар иштирокида кўриладиган хўжалик ишлари сифатини яхшилаш учун, хўжалик судлари раисларига ишларни кўришда моддий ва процессуал қонун нормаларига қатъий риоя қилишни таъминлаш, шу турдаги ишларни ҳал этишга оид қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни мунтазам равишда ўрганишни ташкил этиш ҳамда суд амалиётида учраб турадиган айрим муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўриш тавсия этилади.

Судлов таркиблари

Суд амалиётини

умумлаштириш ва

таҳлил этиш бўлими

Время: 0.0154
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск