ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

ЎзР Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси томонидан 1999 йил давомида кўрилган ишлар юзасидан суд амалиётининг таҳлили (Таҳлил ОХС Раёсатининг 2000 йил 30 мартдаги қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ушбу таҳлил

Олий хўжалик суди Раёсатининг

2000 йил 30 мартдаги қарори

билан тасдиқланган.




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК

СУДИНИНГ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ ТОМОНИДАН

1999 ЙИЛ ДАВОМИДА КЎРИЛГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН

СУД АМАЛИЁТИНИНГ ТАҲЛИЛИ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2000 йил биринчи ярим йиллиги учун қабул қилинган иш режасига кўра Олий хўжалик судининг кассация инстанциясида 1999 йил давомида кўрилган ишлар юзасидан суд амалиёти ўрганиб чиқилди.

1999 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари томонидан биринчи инстанцияда 32002 та ишлар мазмунан ҳал этилган бўлиб, улардан Олий хўжалик судининг кассация босқичида 737 та ишлар кўриб чиқилиб, бу жами кўрилган ишларнинг 2,3% ташкил этади.

Юқорида қайд этилганидек Олий хўжалик судининг кассация инстанциясида мазмунан 737 та иш кўриб ҳал этилган бўлса, ундан ташқари яна 63 та иш ҳам хўжалик судлари томонидан шу босқичда кўриш учун юборилган, лекин улар Олий хўжалик суди судлов таркиблари томонидан ХПКнинг 180-моддаси талаблари асосида кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқишлик учун қабул қилинмасдан қайтарилган.

Таҳлил шуни кўрсатадики Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди ва Наманган вилоят хўжалик судидан ташқари барча хўжалик судлари томонидан юборилган ишлар орасида кассация шикояти кўриб чиқишлик учун қабул қилинмасдан қайтарилган ишлар мавжуд. Буларга Тошкент шаҳар хўжалик судига - 13 та иш, Сирдарё (ҳар учинчи иш) ва Бухоро (ҳар бешинчи иш) вилоят хўжалик судларига - 8 тадан иш, Тошкент вилоят хўжалик судига - 6 та иш, Қашқадарё вилоят хўжалик судига - 5 та иш, Фарғона, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах вилоят хўжалик судларига 4 тадан ишлар кўрилмасдан қайтарилган. Барча ишлар бўйича чиқарилган ажримлар устидан шикоят ёки протест келтирилмаган.

Масалан, Қўқон шаҳар "Саодат-М" пилла ва уруғчилик жамоа корхонасининг жавобгар - Фарғона шаҳар "Кумуш-тола" ҳиссадорлик  жамиятидан 18.782.705 сўм ундириш ҳақидаги иш бўйича Фарғона вилоят хўжалик судининг 27.08.1999 йилдаги ҳал қилув  қароридан ва 3.10.1999 йилдаги апелляция қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан Олий хўжалик судига мурожаат қилган. Кассация шикоятига унинг нусхаси жавобгарга жўнатилганлигини тасдиқловчи далиллар, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган, кассация шикояти қонунда белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома келтирилмаган. Шулар асосида Олий хўжалик судининг 30 декабр 1999 йилдаги ажрими билан кассация шикояти кўриб чиқишлик учун қабул қилинмасдан қайтарилган.

Яна бир мисол, "Гўзаллик-ТМ" хусусий фирмасини Термез шаҳар ҳокимлиги ККБдан 1485219 сўм ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича Сурхондарё вилоят хўжалик суди томонидан қабул қилинган 1998 йил 3 июлдаги иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримидан норози бўлиб берган кассация шикояти ҳам  кўриб чиқиш учун қабул қилинмасдан қайтарилган. Чунки Олий хўжалик судининг 1 июн 1999 йилдаги ажримига мувофиқ даъвогар томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси талабларига риоя қилинмаган ҳолда  кассация шикояти берилган, жумладан, кассация шикояти бериш муддати ўтказиб юборилган (шикоят орадан бир йил ўтганидан сўнг берилган). Муддатни тиклашлик учун узрли сабаб кўрсатилган илтимоснома берилмаган, шикоятда қайси суд ҳужжати устидан норози бўлингани, суд томонидан моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш нимадан иборатлиги кўрсатилмаган, шу билан бирга давлат божи тўловидан озод этишлик тўғрисида илтимоснома берилмаган.

Кассация шикоятларини кўриб чиқиш учун қабул қилмасдан қайтаришга асосан шикоятларнинг мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахслар томонидан имзоланганлиги, кассация шикоятининг нусҳаси иккинчи томонга жўнатилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаганлиги, давлат божи тўловлари билан боғлиқ масалалар ҳал этилмаганлиги сабаб бўлмоқда. 

Хўжалик судлари судьялари кассация шикоятини (протестини) қабул қилишда, суд раислари эса ишларни Олий хўжалик судига юбориш учун расмийлаштиришда қонун талабларига оғишмай амал қилиб, сансоларликка йўл қўйилишини олдини олишлари лозим бўлсада аммо бу борада хамиша ҳам қонун талабларига қатъий риоя қилинмаяпти.

Масалан, Фарғона вилоят хўжалик судининг 1999 йил 22 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра даъвогар-Фарғона шаҳар "Узсаламан" Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасининг фойдасига жавобгар-Фарғона шаҳар "Дарё-97" фирмасидан 1700000 сўм асосий қарз ва 850.000 сўм жарима ундирилган.

Шу суднинг 1999 йил 7 июндаги қарори билан даъвогар қўшма корхонанинг апелляция шикояти рад этилган.

Қабул қилинган қарорлардан норози бўлган "Узсаламан" қўшма корхонаси Олий хўжалик судига йўлланган кассация шикоятини 1999 йил 22 августда вилоят хўжалик судига топширган. Вилоят хўжалик суди раиси томонидан  иш кассация тартибида куриб чикиш учун юборилаётганлиги хакида 1999 йил 2 сентябрда Республика Олий хўжалик  суди Раиси номига 402 сонли алоқа хати имзоланган.

Бироқ, Олий хўжалик судининг девонхонаси томонидан хўжалик иши 1999 йил 16 ноябрда 762-сон билан кирим қилинган. Вилоят хўжалик суди ходимларининг масъулиятсизлиги оқибатида кассация шикояти тушган кундан то Олий хўжалик судигача хўжалик иши етиб келгунга қадар уч ойдан ошиқ вақт кетган.

Кассация тартибида тегишли расмийлаштирилиб Олий хўжалик судига юборилаётган хўжалик ишлари ўрганилганда хўжалик судлари томонидан кўплаб, эътиборсизлик билан қолдириб бўлмайдиган хато-камчиликлар аниқланди.

Олий хўжалик судининг судлов ҳайъати томонидан "Тадбиркор" хусусий ишлаб чиқариш ва савдо фирмасининг қурилиш материаллари таъминоти махсус бошқармасидан 2927934 сўм ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича 4-70-5/99-сонли хўжалик иши юзасидан Фарғона вилоят хўжалик судининг 1999 йил 20 августдаги ҳал қилув қарори ва 1999 йил 15 сентябрдаги қароридан даъвогарнинг норози бўлиб берган кассация шикоятини иш материаллари билан биргаликда текшириб чиқилиб, суд қарорлари ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Шу билан биргаликда судлов ҳайъати вилоят хўжалик суди судьялари ва ходимлари томонидан суд ҳужжатларига нисбатан эътиборсизликлари учун уларга нисбатан Фарғона вилоят хўжалик суди раиси номига "Хабарнома" орқали маълумот киритган.

Ушбу маълумотга кўра, даъво аризасини қабул қилиш ва расмийлаштиришдаги девонхона муҳридаги қайд қилиш муддати аниқ эмас (и. в. 3), иш ҳужжатлари жойлашган варақлар ёзилишида ҳам ноаниқликлар мавжуд. Жумладан, улар ёзилган рақамлар устидан қайта ёзиш (и.в.29-31, 60, 61), суд мажлиси баённомаси тузувчи томонидан ёзилган сўзлар устидан қайта ёзиш (и.в. 58, 59, 62, 63), баённомадаги низолашувчи томонлар ўртасидаги пул сумма рақамлари деярли барчаси устидан қайта ёзилган (и.в. 59, 60). Судья томонидан чиқарилган 02.08.1999 йилдаги қарорида (и.в. 68, 69) ёзув машинкасидан фойдаланиб устидан ёзишларга йўл қўйилган, натижада кўп жойларда ноаниқликлар вужудга келган.

Кассация тартибида Олий хўжалик судига келган ишларни хўжалик судларига тақсимот қилганда (Тошкент шаҳар хўжалик судидан ташқари) ўртача 31тадан иш тўғри келади, уларни қонун асосида расмийлаштириш ва жўнатишда вилоят хўжалик судлари раислари талабчанликларини оширишлари лозим.

Кассация инстанциясида кўриш учун юборилган ишларни таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, баъзи ҳолларда хўжалик судлари томонидан иш юритувига қабул қилинган хўжалик ишларига юзакичилик билан қараш оқибатида айрим ишлар ўзининг ечимини топиши узоқ муддатга чўзилмоқда.

Масалан, Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани "Хисрав" хусусий фирмаси Андижон вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Асака шаҳар "Гуллола-Бону" компаниясидан 673750 сўм ундириб беришни сўрган.

Вилоят хўжалик судининг 1998 йил 24 сентябрдаги ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган.

Даъвогарнинг 1998 йил 30 ноябрдаги ажримдан норози бўлиб берган апелляция шикояти вилоят хўжалик суди томонидан қайтарилган.

Олий хўжалик суди судлов хайъатининг 1999 йил, 14 июндаги қарорига биноан вилоят хўжалик судининг даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўриб чиқишлик учун шу вилоят судига юборилган.

Даъво ариза бўйича вилоят хўжалик судининг 1998 йил 20 августдаги ажрими билан иш қўзғатилиб, суд муҳокамаси 1998 йил 10 сентябрга тайинланган. Хўжалик судини 1998 йил 10 сентябрдаги ажрими билан судга даъвогар вакили келмагани ишни унинг иштирокисиз кўришлик ҳақида мурожаат қилмагани сабабли, ишни кўришни 1998 йил 24 сентябрга қолдирган.

Хўжалик суди 1998 йил 24 сентябрда даъвогар вакили келмагани ва ишни унинг иштирокисиз кўришга розилик бермаганлиги учун ажрим билан даъвони кўрмасдан қолдирган. Лекин ишда мавжуд ҳужжатлар ўрганилганда хўжалик суди томонидан ХПКнинг 124-моддаси та-лаблари бузилган, яъни иш ҳужжатларида ажрим топ-ширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат юбо-рилмаган, шу билан бирга суд томонидан даъвогарнинг ажримни олганлиги ҳолатлари текширилмаган.

Даъвогар томонидан тақдим этилган Сариосиё тумани почта алоқа боғланмасининг 06.01.1999 йилдаги берган маълумотномасига кўра Андижон вилоят хўжалик судидан 1998 йил 1 августдан 30 сентябргача "Хисрав" фирмасига хат-хабар келмаганлиги қайд этилган.

Ушбу иш мазмунан кўриб ҳал этишлик учун Андижон вилоят хўжалик судига юборилган бўлиб, судьянинг 1999 йил 3 августдаги ажрими билан унда ишни кўриш 18 августга тайинланиб, тарафларни ваколатнома билан қатнашишлари шартлиги кўрсатилган.

Хўжалик ишида (и.в. 94) даъвогар-"Хисрав" хусусий тижорат фирмаси ишончномаси тикилган. Суд мажлиси 1999 йил 10 август кунига тайинланган бўлса, ишда суд мажлиси баённомаси ва ишни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажрими мавжуд эмас. Суднинг 23 август 1999 йил Асака шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғига "Гуллола-Бону" компаниясининг ҳозирги кундаги фаолияти ҳақидаги маълумот сўралган мактубига 1999 йил 6 сентябрдаги 1612-сонли Асака шаҳар Давлат солиқ бошқармасидан олинган жавоб хатида ушбу "Гуллола-Бону" компанияси Асака шаҳар ҳокимининг 1998 йил 1 июндаги 194-к-сонли қарори билан тузилган "Гуллола-Бону" таъсисчилари Р.Х.Қодиров, К.Х.Қодиров, М.Қодирова ва Т.Турғуновлар ҳақида "Би-Би" ишлаб чиқариш ва тижорат фирмаси таъсисчилари Р.Х.Қодиров, К.Х.Қодиров, М.Қодирова ва Т.Турғуновлар иштирокидаги 1998 йил 3 августдаги далолатномага асосан компаниянинг балансидан тортиб ер майдони "Би-Би" хусусий ишлаб чиқариш ва тижорат фирмаси балансига кўчирилган (ўтказилган). Бундан ташқари "Би-Би" хусусий ишлаб чиқариш ва тижорат фирмаси "Гуллола-Бону" компанияси фаолияти тугатилганлиги муносабати билан барча қарзларини тўлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари юзасидан даъволарини ва компаниянинг фаолияти тугатилганидан сўнг юзага келадиган барча муаммоларни ҳал этишни ўз зиммасига олган. Ҳозирда "Би-Би" хусусий ишлаб чиқариш ва тижорат фирмаси 1999 йил 14 апрел кунги Асака шаҳар ҳокимининг 701-к-сонли қарорига асосан "Ал-Қодир" қурилиш материаллари улгуржи ва чакана савдо базаси номи билан фаолият кўрсатиб келаётганлиги баён этилган.

Вилоят хўжалик судининг 19.08.1999 йилдаги ажримига кўра жавобгар "Гуллола-Бону" компания-сининг тугатилиши муносабати билан иш юритуви тугатилган. Бироқ иш материалларида ушбу ажрим даъвогарга шикоят бериш учун юборилганлиги ҳақида маълумот тикилмаган.

Бундай ҳолатларда вилоят хўжалик суди ишни сансоларликка йўл қўймасдан Хўжалик процессуал кодексини 38 моддасидан келиб чиқиб, ишга жавобгар сифатида "Ал-Қодир" қурилиш материаллари ва чакана савдо базасини жалб этиб, мазмунан кўриб чиқиб, қонуний қарор қабул қилиши лозим эди.

Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси қарорлари асосида бекор қилиниб янгитдан кўриш учун юборилган ишлар қуйи судлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлиги назоратдан четда қолиб кетмоқда. Шу сабабли вилоят хўжалик судларига қайта қуриш учун юборилган ишлар натижаси ҳақида хўжалик судлари раислари маълумот беришлари лозим деб ҳисоблаймиз. 

Кассация босқичида кўрилган ишларнинг 55%, яъни 404 таси бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 45%, яъни 333 таси бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган (32%) ёки ўзгартирилган (13%).

Кассация инстанциясида суд актларини бекор қилиш ва ўзгартириш асослари бўлиб 253 ҳолда моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўлланганлиги, 80 ҳолда процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллангани сабаб бўлган.

Тошкент вилоят хўжалик суди Бўстонлиқ тумани Чернобил ногиронлари халқаро Фондининг 125-сонли Бустонлик акционерлик жамиятидан 325440 сўм жарима ундириш ҳақидаги даъвосини кўриб тегишли ҳал қилув қарори қабул қилган, бироқ суд муҳокамаси бўйича белгиланган тартибда суд баённомаси юритилмаган. Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддаси талабларига кўра ишда суд мажлисининг баённомаси бўлмаса ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос булиши белгиланган, шу асосда Олий хўжалик судининг 1999 йил 14 июлдаги қарори билан Тошкент вилоят хўжалик судининг 25.02.99 йилдаги ҳал қилув  қарори бекор қилиниб, иш янгитдан мазмунан кўриш учун шу вилоят хўжалик судига юборилган.

Хўжалик судлари ишларни мазмунан ҳал этишда ишда мавжуд бўлган ҳужжатларни чуқур таҳлил этиб, аввало томонлар ўртасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлган шартнома мазмуни ва моҳиятидан келиб чи??ан ҳолда  ишларни ҳал этишлари лозим.

Хоразм вилоят "Қишлоқ хўжалик таъминот-тузатиш" Давлат ширкат бирлашмаси Қашқадарё вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Чироқчи туман "Чиял" жамоа ширкат хўжалигидан 12.271.000 сўм асосий қарз, 23928450 сўм жарима ундиришни сўраган. Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 19 феврал 1999 йилги ҳал қилув қарори билан даъвони қисман қаноатлантирилиб 7613926 сум асосий қарз, 1903492 сўм жарима ундирилган.

Ҳал қилув қарори апелляция инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси даъвогарнинг кассация шикоятига асосан ишни қайта кўриб суд қарорларини ўзгартирди ва даъвони асосий қарз қисмини тўла қаноатлантирди.

Вилоят хўжалик суди ишни кўриб чиқишида томонлар ўртасида  шартномада хизмат ҳақи тўла келишилганини, бундан ташқари жавобгар бўлган ширкат хўжалиги томонидан асосий қарз суммасини солиштирув далолатномаси билан олинганлигини инобатга олмаган.

Суд ишни кўриб чиқишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 19 мартдаги 152-сонли қарорига мувофиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги, молия вазирлиги, "Ўзқишхўжтаъминоттаъмир" Қўмитаси ва Давлат мулк қўмитаси тасдиқлаган "Давлат акциядорлик машина-трактор нархлар хорижий техникадан механизациялаштирилган ишлар (хизматлар) баҳосини белгилаш Услубиятлари"нинг жадвалида белгиланган "Кейс" ўрим комбайни учун тавсия этилган шартномавий баҳо даражаси бир гектар ер учун 2039 сўм 37 тийин белгиланганлигини ҳисобга олиб, даъвони ушбу суммадан келиб чиқиб қисман қаноатлантирган. Лекин қайд этилган услубият ва "Ўзқишхўжтаъминоттаъмир" Қўмитаси, молия вазирлигининг 22.10.1998 йилдаги хатига кўра Услубият тавсия кўринишида бўлиб, вилоят туманларида қўлланма сифатида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган.

Даъвогар ва жавобгар томонлар Услубият талабларидан ва ўз шароитларидан келиб чиқиб, ҳар бир гектар ер учун 4732 сўмдан хизмат ҳақини баҳолаб, ўзаро шартномавий муносабатга киришганлар.

Шу сабабли Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси ушбу ишни кўриб чиқиб, томонлар ўртасидаги шартномада белгиланган нарх ва ўртада тузилган солиштирув далолатномага кўра даъвони қисман қаноатлантирган.

Худди шундай камчиликлар Қашқадарё вилоят хўжалик суди томонидан кўрилган 97/2261, 98/5001, 98/5003, 98/5004, 98/5005, 98/5006, 98/5008-сонли хўжалик ишларида ҳам йўл қўйилган бўлиб, хўжалик суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри талқин қилинган.

Жорий 2000 йилдан бошлаб статистика маълумотларга ўзгартириш киритилиб, Олий хўжалик судининг кас-сация инстанциясида кўрилган ишлар маълумотига апелляция инстанциясида кўрилган ишларни сифат ҳисоботи киритилди.

Олий хўжалик судининг кассация инстанциясида апелляция инстанциясидан ўтиб бекор қилинган ишларнинг хўжалик судлари бўйича жадвали қуйидагича:

Хўжалик судининг номи

Кўрилган ишлар сони

Бекор қилинган қарорлар сони

Бирин. инстан. бўйича


Апелляц инстанц. бўйича

Биринчи ва апелляц. инстан.

бўйича

Биринчи ва апелляц. инстан. бекор қилиниб, янги қарор

1

Қорақалпо-ғистон

15

7

2

2

1

2

2

Андижон

22

9

2

1

6

-

3

Бухоро

36

14

4

2

6

2

4

Жиззах

31

12

6

2

3

1

5

Қашқадарё

62

27

8

6

13

-

6

Наманган

7

1

1

-

-

-

7

Навоий

34

11

5

3

3

-

8

Самарқанд

52

16

5

2

9

-

9

Сурхондарё

32

19

11

2

6

-

10

Сирдарё

15

6

3

2

1

-

11

Тошкент вил.

51

22

8

5

8

1

12

Фарғона

45

23

7

5

9

2

13

Хоразм

9

5

5

-

-

-

14

Тошкент ш.

326

62

34

13

13

2


Жаъми

737

234

101

45

78

10

Ушбу жадвалдан кўринишича вилоят хўжалик судларининг апелляция инстанциялари ишлари ҳам хато ва камчиликлардан ҳоли эмаслиги кўринади.

Биринчи инстанцияда кўрилган ишлардан 101 таси, апелляция инстанцияси қабул қилган қарорларидан 45 таси бекор қилинган бўлса, 78 та ҳолда эса апелляция ҳамда биринчи инстанцияда қабул қилинган суд ҳужжатлари бекор қилинган. Айниқса Андижон (жами 9 иш бекор қилинган бўлса, шулардан 6 тасида апелляция ва биринчи инстанцияда қабул қилинган суд ҳужжатлари), Бухоро (14 - 6), Самарқанд (16 - 9), Тошкент вилояти (22 - 8), Фарғона (23 - 9), Қашқадарё (27-13) хўжалик судларида бу кўрсатгичлар юқорилиги маълум бўлди. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция қабул қилган суд ҳужжатларини ўз вақтида тўғрилаш ўрнига муросасозлик билан иш юритиб келганлар.


Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси вилоят хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, "Наслли парранда" ҳиссадорлик  жамиятининг мол-мулки қиймати 1998 йил якуни бўйича 30476 минг сўмни ташкил этиши, асосий воситалари бўлса эскириш даражаси 59,6% га тенг бўлгани, жамиятнинг дебиторлик қарзлари 3106 минг сўмни, шундан муддати ўтгани 2068 минг сўмни, кредиторлик қарзи 41942 минг сўмни, шундан тўлов муддати утгани 25064 минг сўмни ташкил этганлиги учун "банкрот", деб эътироф этишни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 1998 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори билан аризачининг талаби қаноатлантирилган.

"Наслли парранда" ҳиссадорлик  жамияти ҳал қилув қароридан норози бўлиб, берган апелляция шикояти вилоят хўжалик суди судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, 1999 йил 18 февралдаги қарори билан ҳал қилув  қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатларга кўра, биринчи инстанция судининг 1998 йил 28 октябрдаги ажрими билан иш 1998 йил 26 ноябрда кўришга тайинланиб, ажримни 4569-сонли хат билан 1998 йил 6 ноябрда тарафларга юборилган. Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан Ўзбекистон Республикаси "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг (янги таҳрирда) 1998 йил 1 ноябрда кучга кирганлик ҳолати ҳисобга олинмаган. Ушбу қонуннинг 7-моддасига асосан қарздорга нисбатан барча хатти-ҳаракатлар ҳамма кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан амалга оширилиши, кредиторлар йиғилиши қарздорни "банкрот" деб топиш тўғрисидаги ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ва ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиши, кредиторларни биринчи йиғилиши қарорига асосланган ҳолда биринчи инстанция суди қарор чиқариши лозим эди.

Бундан ташқари биринчи ва апелляция судлари томонидан "Рс Корпорейшн ЛТД" қўшма корхонасининг 1998 йил 11 декабрдаги 90-сонли хатида қарздорга иқтисодий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги хатига ҳам эътибор берилмаган. Аризачи томонидан 1999 йил 18 февралдаги хатида қарздор корхонага ташқи бошқарув тайинлаш ҳақидаги таклифини апелляция суди инобатга олмаган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларни ва ишдаги хужжатларга тўғри ва асосли баҳо берилмаганини инобатга олиб, Олий хўжалик судининг судлов ҳайъати иш бўйича қабул қилинган қарорларни бекор қилиб ишни янгитдан кўришга юборган.

Хўжалик судлари ишда бўлган ҳужжатларни чуқур ўрганишлари ва кабул килинаётган қарорларни асослантиришлари лозим. Бу айниқса жиноий иш қўзғатиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда ўта муҳимдир.

Самарқанд вилоят прокуратураси вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат этиб, Самарқанд вилоят Каттақурғон шаҳар "Ташаббускор" корхонаси хўжалик юритувчи субъектлар ва бюджет олдидаги қарзларини тўлиқ тўлаш кобилиятига эга бўлмаганлиги, иқтисодий инқирозга учраганлигини ҳисобга олиб, корхонани "банкрот" деб эътироф этишни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 1999 йил 21 июндаги ҳал қилув қарори билан "Ташаббускор" корхонаси "банкрот" деб эътироф этилган.

Суднинг шу кундаги ажрими билан жавобгар - "Ташаббускор" корхонасининг раҳбари Б.Бутаевга нисбатан ЎзР ЖКнинг 167-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноий иш қўзғатилган.

Вилоят прокуратураси Олий хўжалик судига кассация протести билан мурожаат этиб, "Ташаббускор" корхонасининг раҳбари Б.Бутаевга нисбатан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан 1999 йил 12 мартда ЎзР ЖКнинг 167-моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноий иш қўзғатилганлигини, шунинг учун хўжалик суди томонидан қабул қилинган, жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими бекор қилиниши лозимлигини кўрсатган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича Самарқанд вилоят прокуратураси Каттақўрғон шаҳар "Ташаббускор" корхонаси "банкрот" деб эътироф этиш ҳақида хўжалик судига мурожаат этганида даъво аризасига шаҳар прокуратураси ва солиқ идораси томонидан тузилган 1999 йил 6 майдаги маълумотномани қўшган. Маълумотномада кўрсатилишича "Ташаббускор" хусусий корхонасининг раҳбари Б.Бутаев вилоят меҳнат биржасидан 500000 сўм имтиёзли кредит олган бўлиб, маблағни талон-тарож қилиб қайтармаган, унинг бу қилмиши устидан шаҳар прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Хўжалик ишида шундай маълумот бўлишига қарамасдан вилоят хўжалик судининг судьяси томонидан бу ҳолатга эътибор берилмаган ва низоли иш бўйича, бир шахсга икки бор жиноий иш қўзғатилган.

Судлов хайъати "Ташаббускор" хусусий корхонасининг раҳбари Б.Бутаевга нисбатан мукаддам прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатилганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 8-моддасига асосан вилоят хўжалик судининг жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги ажримини бекор қилган.

Олий хўжалик судининг кассация инстанциясида кўрилган ишлар бўйича 39 та (5,2 %) хусусий ажримлар чиқарилган (1-судлов таркиби - 4 та, 2-судлов таркиби - 26 та, 3-судлов таркиби - 9 та), уларнинг деярли барчасини жавоблари келиб тушган. Бироқ баъзи холларда хусусий ажримларга ХПКнинг 152-моддаси асосида бир ойлик муддат ичида жавоб бериш лозим бўлсада, бу талабларга риоя қилинмаяпти.

Баъзи ҳолларда хусусий ажримлар тегишли прокурорлик текшируви ўтказиш учун чиқарилиб уни ўз интикомига етказиш учун узоқ муддат талаб қилинади.

"Косибкор" хусусий корхонаси Сурхондарё вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Сурхондарё вилоят Молия бошқармаси ҳузуридаги монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасининг 1998 йил 18 ноябрдаги 52-сонли 110.000 сўм жарима солиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 1999 йил 28 январдаги ҳал қилув  қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Ҳал қилув  қарорининг давлат божини ундириш қисмидан норози бўлган жавобгар апелляция шикоятини бериб, давлат божи ҳаражатларини тўлашдан озод қилишни сўраган. Қашқадарё вилоят хўжалик судининг апелляция судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантирган ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, жавобгарни давлат божини тўлашдан озод қилган.

Иш кассация судлов ҳайъати мажлисида курилиши жараёнида жавобгар вакили даъвогарга 1998 йил 2 декабрда 52-сонли жарима солиш тўғрисидаги қарорини берган, шунинг учун даъвогар 52-сонли қарорини бекор қилишни сўраб вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат этган. Ваҳоланки бошкарма жаримани банк орқали ундириш учун қўйган инкасса топшириқномасига 55-сонли ўчириб ёзилган қарорни қўйган. Даъвогарга нисбатан жавобгарда 2 та қарор мавжуд бўлиб, иккаласи ҳам бўяб учириб ёзилган ва бу қарорлардан қайсибири ҳақиқий эканлигини, иш юзасидан 52-сонли қарор бекор қилинган бўлсада, банкда 55-сонли қарор асосида инкасса қўйилган тўлов топширикномаси ижро учун берилганлигини инобатга олган ҳолда ҳайъат тегишли прокурорлик текшируви ўтказишлиги лозим деб топиб, 1999 йил 9 июнда хусусий ажрим чиқариб текширув ишларини олиб бориш Сурхондарё вилоят прокуратурасига юклатилган.

1999 йил 24 июнда СТ 3/52-сонли хат билан хусусий ажрим вилоят прокуратурасига жўнатилган. 27.07.1999 йилда ажрим бўйича жавоб берилмаганлиги ҳақида Сурхондарё вилоят прокуратурасига эслатма жўнатилган.

Вилоят прокурори 1999 йили 11 августдаги хат оркали хусусий ажрим Олтинсой тумани прокурорига юборилганлиги, "Косибкор" хусусий дорихона бошлиғи Т.Отамуродов уйида йўқлиги ва Тошкент шаҳрига дам олиш учун кетганлиги, турар жойи аниқ бўлмаганлиги сабабли текшириш муддати узайтирилганлиги ҳақида хабар қилган.

Олтинсой тумани прокурорининг 02.09.1999 йилдаги хатига кўра 20.08.1999 йилда хатшунослик экспертизаси тайинлангани, суд-хатшунослик экспертизасининг хулосаси олинганидан сўнг тўпланган материаллар юзасидан қонуний тўхтамга келишиб, қўшимча ахборот бериш кўрсатилган.

Бироқ хусусий ажрим бўйича бошқа жавоб юборилмаган.

Бизнинг фикримизча, Олий хўжалик суди томонидан чиқарилган хусусий ажримлар тегишли равишда уни ижросини таъминлаш учун қайси ташкилот, муассаса ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборишдан қатьий назар унинг юқори раҳбар органларига юборилиши мақсадга мувофиқдир.

Кассация инстанциясида ишларни кўриш мобайнида хўжалик судлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, қонунчиликни бир ҳилда қўллашни таъмин этиш мақсадида тубандаги тавсиялар берилиши лозим  топилди.

Ҳуқуқи бузилган шахс томонидан бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомиласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадини (бой берилган фойда)ни тегишли ҳужжатлар билан исботланмаса, бундай даъво талаби рад этилиши лозим.

Қашқадарё вилояти Касби тумани "Ишонч" де??он фермер хўжалиги Қашқадарё вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Касби туман ҳокимлиги ва "Қашқадарё" жамоа хўжалигидан 1146596 сўм олинмай қолинган даромад (фойда)ни ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 21.01.1999 йилдаги 99/1008 сонли ҳал қилув  қарори билан даъво рад этилган.

Жавобгарнинг апелляция шикояти вилоят хўжалик суди судлов ҳайъати томонидан 16.03.1999 йилда кўриб чиқилиб, қисман қаноатлантирилган ва даъвогарга 802617 сўм олинмаган даромад ундириб берилган.

"Қашқадарё" жамоа хўжалиги апелляция судлов ҳайъати қароридан норози бўлиб, Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Олий хўжалик суди судлов хайъати аниклашича, даъвогар томонидан даъво аризада таъкидлаб утилган туман хокимининг 1997 йил 29 декабрдаги Карори билан олиниши лозим булган 9 гектар ердан 6,5 гектари 1998 йил 30 мартдаги далолатномага кўра қайтариб олинган бўлиб, ерни кайтариб олиш масаласи туман де??он фермер хўжаликлари уюшмасининг 1997 йил 8 августдаги  442 сонли хатига кўра амалга оширилган. Шу билан бирга хўжалик кайтариб олинган ерни Р.Курбонов бошлик ижара жамоасига берган. Ижара жамоаси берилган ерга пахта экиб, 1998 йилни зарар билан якунлаган. Шу билан бирга фермер хўжалигидан ерни олиб қўйиш жамоа хўжалигининг талаби ёки харакати билан амалга оширилмаган.

Бундан ташқари, ширкат хўжалиги қайтариб олинган ердан фойдаланмаган. Фуқаролик Кодексининг 14 моддасини 2-қисмига кўра хуқуқни бузган шахс яъни ширкат хўжалиги ердан фойдаланиш натижасида даромад олган бўлса ва бу холат тегишли хужжатлар билан ўз исботини топсагина бой берилган фойдани фермер хўжалиги талаб қилишга хақлидир.

Де??он фермер хўжалигининг 1146596 сўм олинмай қолинган даромад ҳақидаги даъвоси хўжалик томонидан хужжатлар билан исботланмаган, 9 гектар ер ва ундан олиниши лозим бўлган махсулот бўйича шартномалар тузилмаган.

Судлов ҳайъати иш ҳужжатларидан келиб чиқиб, апелляция судлов хайъатининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция суди ишдаги хужжатларга тўғри баҳо бериб, даъвони асоссиз булгани учун рад этиш хақида асосли хулосага келган деб ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 112 моддасида белгиланган даъво аризанинг белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаслик даъво аризани қайтаришлик учун асос бўлади.

Де??онобод тумани, "Доно" хусусий кичик корхонаси Сурхондарё вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, "Туркистон" де??он фермер хўжаликлари уюшмасидан 142176 сўм жарима ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 1999 йил 22 июлдаги ажрими билан даъво ариза Хўжалик процессуал кодекси талабларига риоя қилинмаганлиги учун қайтарилган.

Даъвогар вилоят хўжалик судининг даъво аризани қайтариш ҳақидаги ажрими устидан Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, ажримни бекор қилиб, ишни мазмунан кўришликни сўраган.

Ишда мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар - "Доно" корхонаси Сурхондарё вилоят хўжалик судига 1999 йил 1 июнда 9-сонли даъво ариза билан мурожаат қилган.

Даъво аризани илова қисмида аризани жавобгарга жўнатилганлигини тасдиқловчи квитанция кўрсатилган бўлсада, иш ҳужжатларида квитанция мавжуд бўлмаган, шу билан бирга ХПКнинг 112-моддасида белгиланган даъво аризанинг белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган.

Вилоят хўжалик суди даъвогарнинг даъво аризасини кўриб чиқиб, Хўжалик процессуал кодексининг 118-моддасини 1, 4-бандларига риоя этилмагани, яъни даъво аризани иккинчи тарафга юборилганлигини тасдиқловчи почта квитанцияси илова қилинмагани ва почта, банк реквизити кўрсатилмаганлиги сабабли асосли равишда қайтарган.

Шу сабабли судлов ҳайъати вилоят хўжалик судининг даъво аризани қайтариш тўғрисидаги ажримини ўзгаришсиз қолдириб, кассация шикоятини рад этган.

Битимнинг (шартнома) давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя килмаслик битимнинг ҳақиқий  эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий  бўлмайди (ФКнинг 112-моддаси).

Ўз-ўзидан ҳақиқий  бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли (ФКнинг 113-моддаси).

Қашқадарё вилоят товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси 1998 йил 15 майда Томск шаҳри Ҳокимига хат йўллаб, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун Қашқадарё вилоят “ЭКСПО-ЦЕНТР” экспортни ривожлантириш маркази директори И.Сармоновни вакил қилиб жўнатишини маълум қилган. Натижада 1998 йил 18 июнда Томск шаҳар, “Ремсер” номли масъулияти чекланган жамияти (улгуржи бозор) билан “Экспоцентр” маркази директори ва марказ вакили ҳисобланган И. Сармонов ўртасида иқтисодий хамкорлик баённомаси имзоланган. 1998 йил 19 июнда эса “РЕМСЕР” МЧЖ билан “Экспоцентр” маркази (И.Сармонов) ўртасида Томск шаҳрида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ва Россия томони эса бунинг эвазига 30 фоизини пул билан, қолган қисмини бошқа маҳсулотлар (ёғоч) билан тўловни амалга ошириш хақидаги шартнома имзоланади.

1998 йил 5 августда "Экспоцентр" марказида йиғилиш бўлиб, унинг баёнига кўра тадбиркор И.Сармоновга 1998 йил 19 июндаги шартнома бўйича бир маротаба опреацияни амалга ошириш ваколати топширилади. Шу кунда "Экспоцентр" маркази (бош хисобчиси Е.М.Фатхуллаева) ва тадбиркор И. Сармонов ўртасида келишув битими имзоланиб, унга кўра Сармоновга 24 тонна миқдоридаги узумни "РЕМСЕР" жамиятига (РОССИЯ) олиб бориб, у ердан ёғоч маҳсулотларини олиб келиш ваколатларини топширади.

1998 йил 8 августда  "Алка" акционерлик жамияти билан "Экспоцентр" маркази ўртасида 24 тонна узумни "Мерседес- Бенц" рефрижераторида Томск шаҳрига олиб бориб, у ердан 24 тонна қурилиш ёғоч маҳсулотини олиб келиб бериш хақида 44-сонли шартнома тузилади. (Шартномага "Экспоцентр" рахбари И.Сармонов имзо чекади).

Натижада "Алка" жамияти машина  ажратиб беради. Тадбиркор И.Сармонов эса 1998 йил 5 августдаги 116-сонли кирим ордери билан "Алка" жамиятига 300000 сўм накд пул топширади. Сунгра "Мерседес-Бенц" рефриже-раторига 24 тонна 240000 сўмлик узум  юкланиб, таможня декларацияси 1998 йил 5 августда расмийлаштирилади.

Декларацияга кўра юк Карши шаҳри фуқароси Икром Рахмоналиев номидан (экспортер) Россияга фуқаро И.Сармонов (қабул қилиб олувчи-импортер) кўрса-тилади. Вахоланки, бу ерда экспортер - "Экспоцентр" маркази, импортер - эса - ООО "РЕМСЕР" бўлиши лозим эди.

Қозоғистон Республикасида узум олиб бораётган машина 1998 йил 20 августда ағдарилиб кетиб, махуслот яроксиз холга келган. Натижада тегишли актлар тузилиб, ГАИ ходимлари томонидан декларацияга ҳайдовчи бошқариб бораётганда ухлаб қолганлиги ҳақида белги қўйилган.

И.Сармонов хўжалик судига мурожаат қилиб, Россия нархида 3960000 сўм узум пулини, 378000 сум яшик пулини, 31339 сўм йўл харажати, маҳсулотни ўрнига ёғоч олиб келса 22909339 сўм даромад олишини кўрсатиб ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 1999 йил 28 майдаги хал қилув қарори билан жавобгар - "Алка" жамиятидан тадбиркор И.Сармоновга 1 кг узумни бозор нархида 60-85 сўмдан - 1680000 сўмни, 31339 сўм йўл ҳаражатини жами 2398789 сўмни ундириб берилган.

Хўжалик  иши вилоят хўжалик суди апелляция босқичида қайта кўриб чиқилиб, 1999 йил  30 июлдаги қарори билан И.Сармонов узумни Россияда сотса 28800 АҚШ доллари миқдорида даромад олиши, буни сўм курсига ҳисоблаб, 3756384 сўм бўлишини ва 300000 сўм йўл ҳақи, 387450 сўм яшик қиймати, 31339 сўм йўл харажати, 34500 сўм давлат божи, 600 сўм суд харажатини қўшиб, жами 4510313 сўм И.Сармоновга ундириб берилган.

Олий хўжалик суди судлов хайъати ишни 1999 йил 29 сентябрда "Алка" жамияти шикояти асосида кўриб чиқиб, жавобгардан даъвогарга 300000 сўм машина учун тўланган пулни ва 240000 сўм узум пулини ундириб берган.

Кассация судлов хайъати жавобгар шикоятига кўра ишни қайта кўриб чиқиб, суд қарорларини қуйидаги асосларга кўра ўзгартирган:

Биринчидан, Томск шаҳар, "РЕМСЕР" маъсулияти чекланган жамияти билан (улгуржи бозор) 1998 йил 8 августдаги 44-сонли шартнома "Экспоцентр" маркази томонидан (директор И.Сармонов) имзолаган. Юк эса 1998 йил 5 августда божхонада фуқаро Икром Раҳмоналиев (Экспортер) номидан расмийлаштириб, Россияга фуқаро И.Сармоновга (қабул қилиб олувчи - импортер) юборилади. Декларацияда "РЕМСЕР" жамияти кўрсатилмаган.

Иккинчидан, "Экспоцентр" маркази директори И.Сармонов "РЕМСЕР" жамияти билан шартнома имзолаган бўлса, бундай ҳолда ушбу шартнома 1998 йил 8 апрелда Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олинган "Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тузилган экспорт контрактлари (шартномалари)ни Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш тартиби"га кўра Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигидан ва ваколат берилган банкдан рўйхатдан ўтиши лозим бўлган. Бироқ, шартнома рўйхатдан ўтказилмаган. Тартибга кўра шартномалар рўйхатдан ўтгандан сўнггина кучга кириши кўрсатилган.

Учинчидан, 1998 йил 19 июндаги "Экспоцентр" маркази ва "РЕМСЕР" жамияти ўртасида тузилган шартнома ўз мазмунига кўра бартер (айирбошлаш) шартномаси бўлиб, ушбу шартнома Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 13 августдаги 280 сонли қарорига зиддир. Чунки, ушбу қарорнинг 2-бандига кўра "Иловага киритилмаган товарларни экспорт қилиш учун бартер контрактлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорларига кўра, истисно тариқасида МДҲ ва Балтика мамлакатларининг хўжалик юритувчи субъектлари билан фақат тайёрловчилар томонидан (мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган ҳолларда) ёки экспорт қилинадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш техника мақсадларидаги маҳсулотларни айирбошлаш учун тузилиши мумкин.

Қайд этилганларга кўра, кассация судлов ҳайъати жавобгардан даъвогар - тадбиркор И.Сармоновга фақат автомашина учун тўлаган 300000 сўм ва декларацияда қайд этилган 240000 сўм узум пулини тегишли ҳужжатлар билан тасдиқлангани учун ундириб, даъвонинг қолган қисмини асоссизлиги учун рад этган.


Моддий зарар шартнома ва даъво бўйича тараф бўлмаган ташкилот томонидан етказилгани учун объектга  етказилган моддий зарарни ундириш ҳақидаги қисми асосли равишда рад этилган


Даъвогар - "Бинои-Арк" хусусий фирмаси Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Шанс-Микс" маъсулияти чекланган жамиятдан 750000 сўм асосий қарз, 856000 сўм етказилган зарарни ундириб беришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 750000 сўм асосий қарз ундириб берилган. Объектга етказилган моддий зарар шартнома ва даъво тарафи бўлмаган ташкилот томонидан етказилгани учун рад этилган. Апелляция судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Жавобгар-"Шанс-Микс" жамияти қарорларни ноқонуний ҳисоблаб, даъвогар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 38-моддаси талаби бузилгани, шартнома бир томонлама бекор қилингани ва даъвогар томонидан қилинган пудрат ишларидаги камчиликлар бартараф этилмагани учун даъвони рад этишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, томонлар ўртасида 1997 йил 24 октябрда шартнома тузилиб, унга кўра кутубхона биносининг том қисмини таъмирлаш ишлари белгиланган.

Бажарилган ишлар форма-2 акти билан қабул қилинган. Ёғингарчилик бўлиши оқибатида кутубхона томидан сув ўтиб, зарар етказилган. Ушбу ҳолат бўйича кутубхона ва буюртмачи вакиллари иштирокида баённома тузилган. Баённома тузишда пудратчи жалб этилмаган ва баённома бир томонлама тузилган. Суд томонидан тайинланган экспертиза хулосаси ҳал қилув қарорини қабул қилишда асос қилиб олинган.

Жавобгарнинг даъвогар томонидан шартнома бир томонлама бекор қилинган деган важи асоссиздир, чунки даъво талаби шартномани кучини йўқотган ёки уни бекор қилинган деб топиш ҳақида эмас, балки шартномада белгиланган мажбуриятларни сифатсиз бажарилганлиги оқибатида етказилган зарар ва қилинган харажатларни ундиришдан иборатдир.

Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати суд қарорларини қонуний деб топиб, кучида қолдирган.


Томонлар ўртасида тузилган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномаси моҳияти жиҳатидан топшириқ шартномаси бўлганлиги сабабли судга даъвогар сифатида мурожаат  қилиш ҳуқуқини келтириб чиқармайди


Тошкент шаҳар, “RESSER" шўъба корхонаси 1998 йил 19 ноябрда Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, "SAIDA BAROKA” хусусий фирмасидан 271630 АҚШ долларини сўм ҳисобида ундириб беришни сўраган.

Шаҳар хўжалик судининг 1998 йил 22 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.

Жавобгарнинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб берган апелляция шикояти шаҳар хўжалик суди судлов ҳайъати томонидан 1996 йил 26 февралда кўриб чиқилган. Судлов ҳайъатининг қарорига кўра шикоят қаноатлантирилиб, ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъво рад этилган.

Шаҳар хўжалик судининг қарорлари устидан Тошкент шаҳар прокурори томонидан кассация протести, даъвогар томонидан эса кассация шикояти берилган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, Бирлашган Араб Амирлиги, Дубай шаҳридаги “RESSER FZE" фирмаси билан Тошкент шаҳридаги “RESSER” шўъба корхонаси ўртасида 1998 йил 16 ноябрда талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномаси тузилган. “RESSER” шўъба корхонаси "SAIDA BAROKA” фирмасидан берилган махсулот қиймати бўлган 103392 АҚШ доллари, 68238 АҚШ долларида жарима, 100000 АҚШ доллари миқдорида молиявий жарима, жами 271630 АҚШ долларини ҳал қилув қарорини қабул қилишдаги Республика Марказий банкининг АҚШ долларини сўмга бўлган қийматида ундириб беришни сўраган.

Ишдаги мавжуд 1998 йил 16 ноябрда тузилган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасининг мазмунидан кўринишича, ушбу битимнинг моҳияти жиҳатидан топшириқ шартномаси эканлиги кўринади. Фуқаролик Кодексининг 817, 818-моддаларига кўра бир тараф (вакил -  “RESSER” корхонаси), иккинчи тараф (топшириқ берувчи - “RESSER FZE" фирмаси) номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик харакатларни содир этиш мажбуриятини олган. Ушбу ҳолда  “RESSER” корхонаси “RESSER FZE" фирмаси берган ишончномага асосан унинг номидан хўжалик судига даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Бундан ташқари топшириқ шартномасининг муҳим белгиси топшириқ берувчи вакилга ҳақ тўлаш лозим бўлиб 1998 йил 16 ноябрдаги шартномага кўра фирма шўъба корхонага ундирилиши лозим бўлган суммани кредит сифатида бериб, шўъба корхонасига тўланадиган ҳақ кредитдан фойдаланганлик оқибатида олган фойда кўринишида расмийлаштирилган.

Демак, бу ҳолатда “RESSER” корхонаси ишда “RESSER FZE" фирмаси номидан қатнашиб ёки фирманинг ўзи даъво билан мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 19 августдаги 423-сонли Қарорига кўра даъво суммасининг 10 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши лозим бўлган. Шу сабабли 6595-Т сонли иш бўйича “RESSER” шўъба корхонаси даъвогар бўлаолмайди.

Судлов хайъати апелляция инстанцияси қайд этилган ҳолатларни мухокама қилиб, иш бўйича “RESSER” корхонаси ва “RESSER FZE" фирмаси ўртасида 1998 йил 16 ноябрда тузилган талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақидаги шартномага қонуний баҳо бериб, тўғри хулосага келганлигини ҳисобга олиб, қарорни ўзгартириш, кассация шикояти ва протестни эса қаноатлантирмасдан қолдирди.


"Фермер хўжалиги тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддаси ва томонлар ўртасидаги шартноманинг 11-бандига кўра фермер хўжалиги ўзига қарашли уй-жойлар, хўжалик иморатлари, қишлоқ хўжалик экинлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, улардан етиштирилган ҳосилга мулкдордир


Учкўприк тумани "Мерган" фермер хўжалиги даъво ариза билан Фарғона вилоят хўжалик судига мурожаат қилиб, Учкўприк туман "Учкўприк" қишлоқ хўжалиги кооперативидан 120000 сўм асосий қарз (ижара ҳақи)ни ундиришни ва қўшимча даъво аризасида эса ер майдонидаги дов-дарахтлар ва мевали кўчатларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этилишини сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Жавобгарнинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб берган апелляция шикояти вилоят хўжалик суди судлов ҳайъати томонидан рад этилган ва ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Жавобгар - "Учкўприк" қишлоқ хўжалиги кооперативи суд қароридан норози бўлиб, Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Ишда мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, "Учкўприк" жамоа хўжалигининг 1993 йил 7 сентябрдаги 23-сонли қарори, Учкўприқ қишлоқ кенгашининг 1993 йил 7 сентябрдаги 36/9-сонли қарори, Учкўприк туман хокимининг 1993 йил 27 сентябрдаги 257-сонли қарори асосида бошқа де??он фермер хўжаликлари қатори "Мерган" хўжалиги ҳам ташкил этилиб, унга "Учкўприк" жамоа хўжалигига қарашли 6,5 гектардан иборат 460 туп меваси бор боғ жойлашган ер ажратиб берилган. Фермер хўжалиги ушбу ердаги боғларни парваришлаб, маҳсулот етиштириб келган.

"Учкўприк" қишлоқ хўжалиги кооперативининг 1998 йил 28 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишининг 15-сонли қарорига кўра Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 июлдаги 300-сонли қарори, вилоят ҳокимининг 1998 йил 1 августдаги 178-сонли қарори ва "Учкўприк" тумани ҳокимининг 1998 йил 22 сентябрдаги 365-сонли қароридан келиб чиқиб, "Мерган" фермер хўжалигига ўзи фойдаланиб келаётган 6,5 гектар боғ ва у жойлашган ер ижарага берилган. Натижада 1998 йил 28 сентябрда томонлар ўртасида ижара шартномаси тузилиб, фермер хўжалигига 6,5 га боғли ер 10 йилга ижарага берилган.

Шартноманинг 3-бандига кўра берилган ерда боғ мавжуд бўлиб, даъвогарнинг ижара ҳақини туман бюджетига тўлаш ҳақидаги важи асоссиздир, чунки 1998 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилган "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасининг 1-қисмига биноан фермер хўжалигига берилган ер участкасидан фойдаланганлик учун ҳақ туман бюджетига киритиладиган (тўланадиган эмас) ҳар йилги ижара ҳақи тариқасида ер участкасининг сифатига, жойлашган манзилига ва сув билан таъминланганлик даражасига қараб, унинг кадастр баҳосини инобатга олган ҳолда белгиланган ер солиғи ставкаси миқдорида ундирилади. Бундан келиб чиқадики, ижара ҳақи туман бюджетига эмас, балки белгиланган ер солиғи ставкаси миқдоридан келиб чиқиб, ижарага берувчига "Ижара тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддаси ва шартноманинг 7-бандига асосан тўланади. Бундан ташқари томонлар 1998 йил 22 майда ўзаро далолатнома тузишиб, 6,5 гектар 600000 сўм ижара ҳақи тўланишига ўзаро келишганлар ва 300000 сўм тўланган. Фермер хўжалиги 1999 йил ҳисобидан 120000 сўмини тўлаб, қолганини тўлаш мажбуриятини олган.

Даъвогарнинг 6,5 гектар ердаги мевали дарахтларга мулк ҳуқуқини эътироф этилишида вилоят хўжалик суди қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий баҳо бермаган. Сабаби, фермер хўжалигига 1993 йилда мевалари мавжуд боғли ер ажртилган бўлиб, далолатномага кўра 460 тупдан иборат олма, жами 4750 кг ҳосил берувчи меваларни ташкил этган боғ топширилган. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддаси ва шартноманинг 11-бандига кўра "Мерган" хўжалиги ўзига қарашли уй-жойлар, хўжалик иморатлари, қишлоқ хўжалиги экинлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, улардан етиштирилган хосилга мулкдордир.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, фермер хўжалигининг қонунда ва шартномада кўрсатилган бу ҳуқуқи қишлоқ хўжалиги кооперативи томонидан бузилмаган. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати вилоят хўжалик суди томонидан қабул қилинган қарорларни бекор қилиб, даъвони рад этган.


Иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги суд қарорини ўзгартиришга асос бўлади


Даъвогар - Ғаллаорол туман  "Ойбек" де??он фермер хўжалиги Жиззах вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат этиб, жавобгар - Ғаллаорол "Музбулоқ" ширкат хўжалигидан ҳоким қарорлари билан берилиши лозим бўлган 16 гектар ерни олиб беришликни ва 1680000 сўм етказилган зарарни ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция судлов ҳайъатининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Даъвогар суд қарорларидан норози бўлиб, Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат этган.

Иш ҳужжатларига кўра, фермер хўжалигига Ғаллаорол туман ҳокимининг 1995 йил 28 мартдаги 132-К сонли қарори билан 2 га, 1996 йил 26 январдаги 38-К сонли қарори билан 8 га ер бериш тўғрисида қарорлар чиқарилган.

Бу чиқарилган қарорларга мувофиқ жами 30 га суғориладиган ер майдонини "Ойбек" де??он фермер хўжалигига фойдаланиш учун берилиши лозим бўлган.

Туман ҳокимиятининг чиқарган қарорлари ижросини таъминлашлик "Музбулоқ" ширкат хўжалиги зиммасига юклатилган.

Ушбу қарорларга биноан "Ойбек" де??он-фермер хўжалигига берилган 30 га ердан фақатгина 14 га ердан фойдаланиб, қолган 16 га ер жавобгар томонидан суғориладиган ерлардан берилмаган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича туман хокимининг "Ойбек" де??он-фермер жамоа хўжалигига 30 га суғориладиган ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарорига қарамасдан туриб, жавобгар - "Музбулоқ" ширкат хўжалигининг даъвогар "Ойбек" де??он-фермер хўжалигига таклиф этилган ерлардан фақатгина 14 га ерни олишлигини ва қолган 16 га ерни кам рентабелли, зарар кўриб ишлайдиган ер деган важлари асоссиз бўлиб, аслида жавобгар қолган 16 га ерни қамишзор ва ботқоқликдан иборат бўлган ерлардан кўрсатган.

Бу кўрсатилган ботқоқлик ва қамишзорлардан иборат бўлган 16 га ерни даъвогар олмаслигини бу ерларни қайта ишлаш мумкин эмаслигини ва бу ерлардан ҳосил олиб бўлмаслигини айтган.

Бу кўрсатилган ҳолатлар, вилоят хўжалик суди томонидан ўрганилмаган ва инобатга олинмаган.

Судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация шикоятини 16 га суғориладиган ерни олиб бериш ҳақидаги қисмини қаноталантирилиб, суд қарорларини қолган қисмини ўзгаришсиз қолдирган.


Даъво талабларини асослантирувчи ҳужжатлар ҳар томонлама, тўлиқ ўрганилмаганлиги, ишнинг объектив ҳолатлари аниқланмаганлиги суд қарорларини бекор қилиб, янгитдан мазмунан кўриш учун юборишга асос бўлиб ҳисобланади


Музробот туманидаги "Навбаҳор" де??он фермер хўжаликлар уюшмаси ҳудудида жойлашган "Дина Герасимова" номли чўчқачилик фермаси хўжалик  судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 1995 йил 20 апрелда туман ҳокимининг 80-рақамли қарорига асосан "Навбаҳор" де??он фермер хўжаликлар уюшмаси таркибида у бошлиқ хусусий ферма хусусийлаштирилиб ташкил этилганлигини, таъсис ҳужжатларга кўра уюшма фермага 35 га ер ажратиши лозим бўлганлигини, 1995-96-йиллар давомида уюшма фермадан жами 3360 кг чўчқа гўшти олиб, пулини тўламасдан келаётганлиги, бунинг қиймати 33600 сўмни ташкил этиши, ўз вақтида ер ажратиб берилмаганлиги, тегишлича озуқа билан таъминланмаганлиги натижасида кўрган 1489000 сўм зарарини ундиришни ва фермага тегишли уйни қайтариб олиб беришни сўраган.

Сурхондарё вилоят хўжалик судининг 1997 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

"Навбаҳор" де??он фермер хўжаликлари уюшмаси ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Вилоят хўжалик судининг 1997 йил 11 апрелдаги қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирилган ва ҳал қилув қарори бекор қилинган.

"Дина Герасимова" номли чўчқачилик фермаси қарордан норози бўлиб, Олий хўжалик судига кассация шикояти бериб ушбу апелляция босқичи қарорни бекор қилишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича Музробот тумани ҳокимининг 1995 йил 20 апрелдаги қарорига кўра "Навбаҳор" де??он фермер хўжаликлари уюшмаси қошида чўчқачилик фермаси хусусийлаштирилиб Дина Герасимовага топширилган, бунда ферманинг мол-мулки ичида 40376 сўмга баҳоланган уй биноси ҳам кўрсатилган, ҳозирги кунда уюшма раҳбарияти томонидан уй топширилмаган.

Дина Герасимова томонидан 1995 йил 3 январда хусусийлаштирилган фермада чўчқалар сони 260 та бўлиб, бу чўчқаларни сақлаш ва кўпайтириш учун норматив асосида 35 га ер ажратилиши лозим эди, уюшма билан тузилган шартноманинг шартларига кўра фақат 5 га ер ажратилган, бундан ташқари шартномада кўрсатилишича агарда ер берилмаган тақдирда уюшма   70 % ем-хашак билан таъминлаши лозим бўлган.

Шундай бўлишига қарамасдан уюшма фермадан турли сабаблар билан 3360 кг чучқа гўшти олган ва унинг ҳақини тўламаган, хусусийлаштириш вақтида тузилган шартнома шартларига кўра 5 га ер 10 йилга ижарага берилиши лозим эди, бу ернинг ажратилмаганлиги натижасида фермага моддий зарар етказилган.

Сурхондарё вилоят хўжалик судининг апелляция босқичида қарорни қабул қилишда юқоридаги ҳолатларга эътибор берилмаган, фермер Дина Герасимованинг даъво аризасида келтирган талаблари ҳужжатлар асосида тўлиқ ўрганиб чиқилмаганлигига суд томонидан тегишли баҳо берилмаган.

Суднинг биринчи босқичида эса олинган чўчқа гўштининг нархи қайси ҳужжатга асосан белгиланганлиги аниқланмаган, бундан ташқари етказилган зарарни исботловчи ҳисоб-китобни асослантирувчи бирорта ҳам ҳужжатларнинг иш материалларида йўқлигига эътибор берилмаган.

Суд томонидан иш кўришда даъвогардан олинган чўчқа гўштининг вазнини ва нархини исботловчи ҳужжатлар талаб қилиб олинмаган, шартномада кўрсатилган 5 га ер ажратиб берилганлиги ёки берил-маганлиги, даъвогар кўрган зарар қайси ер майдонидан ҳисобланганлиги ва қандай маҳсулот тури олинмай қолганлиги учун ферма қанча зарар кўрганлигини аниқланмаган.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда судлов ҳайъати иш бўйича қабул қилинган апелляция қарорини бекор қилиб ишни қайтадан мазмунан кўришлик учун юборган. 


Суғурта шартномасини қонуний кучга киришини асосий шарти суғурта бадали тўланишидир


Даъвогар Баҳмал тумани "Ғайрат" фермер хўжалиги жавобгар Баҳмал туман "Агросуғурта" бўлимидан суғурта қилинган мол-мулкнинг ёнғин натижасида ёниб кетганлиги туфайли етказилган мулкий зарарни ундириб беришни сўраб хўжалик  судига мурожаат қилган.

Вилоят хўжалик судининг 1999 йил 10 майдаги 505-сонли ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилиб, даъвогарга 1116000 сўм келтирилган зарар, 33420 сўм давлат божи, 550 сўм суд, почта ҳаражатлари ундириб берилган.

Жавобгар Баҳмал тумани "Агросуғурта" бўлимининг Жиззах вилоят хўжалик судининг 1999 йил 10 майдаги ҳал қилув қарори устидан келтирилган 1999 йил 25 майдаги 123-сонли шикояти апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогарнинг даъвоси рад этилган.

Даъвогар "Ғайрат" фермер хўжалиги вилоят хўжалик судининг ушбу қароридан норози бўлиб Олий хўжалик судига берган кассация шикоятида даъвогар аризаси суд томонидан асоссиз важлар билан рад этилганлигини баён этиб, 1999 йил 10 майдаги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган. 

Иш ҳужжатларига қараганда "Ғайрат" фермер хўжалиги вилоят "Бизнес-Фонд" бошқармасидан имтиёзли кредит олиш мақсадида ўзига тегишли молхона Баҳмал туман Кадастр бўлимида 1755874 сўмга нархлаб, туман "Агросуғурта" бўлимида суғурталаб 2-сонли суғурта гувоҳномасини олган. Шу гувоҳнома асосида фермер хўжалигига бошқарма томонидан 1000000 сўм берилган. Аммо, 1999 йил 3 мартдан 4 мартга ўтар кечаси молхонада ёнқин чиқиб унга 1116000 сўм зарар етказганлигини билдириб, буни Баҳмал туман "Агросуғурта" бўлимидан ундиришни сўраган.

Ишни кассация судлов ҳайъатида кўриш жараёнида аниқланишича ҳақиқатдан ҳам Баҳмал тумани "Агросуғурта" бўлими томонидан "Ғайрат" фермер хўжалигига 1998 йил 27 мартда 2-сонли суғурта гувоҳномаси берилган. Лекин фермер хўжалиги суғурта бадалларини тўламаган.

Ушбу суғурта шартномасига асосан 1755874 сўмлик мол-мулк суғурталанган. Даъвогарнинг тарафлар ўртасида суғурта шартномаси тузилмасдан суғурта гувоҳномаси берилганлиги тўғрисидаги важи ўз исботини топмади. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 927-моддасига кўра, суғурта шартномаси битта ҳужжатни тузиш ёки суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан суғурталовчи имзолаган, суғурта шартномасини шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузиши мумкинлиги ифода этилган. Тарафлар суғурта шартномаси шартларини суғурта гувоҳномасида белгилаб ушбу суғурталанган мол-мулк учун "Ғайрат" фермер хўжалиги 10 кун мобайнида 35117 сўм 48 тийин суғурта бадали тўланиши лозим бўлган. Аммо ушбу хўжалик томонидан ўз зиммасига олган шартнома мажбурияти бўйича суғурта бадали тўланмаган. Фуқаролик кодексининг 947-моддасига кўра суғурта шартномаси, агар унда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта мукофоти ёки биринчи бадал тўланган пайтда кучга киради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майда қабул қилинган "Суғурта тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддасига асосан суғурталанувчининг мажбуриятларидан бири суғурта тўловларини белгиланган тартибда тўлаб бориш ҳисобланади. Шунингдек, ушбу Қонуннинг 17-моддасига биноан суғурта шартномаси суғурталанувчи суғурта бадалларини шартномада белгиланган муддатларда тўламаганда унинг амал қилиши тўхтатилади. Суғурта шартномасининг шартларини ўз ичига олган суғурта гувоҳномасида 10 кун бўлсада, "Ғайрат" фермер хўжалиги томонидан бу шартномавий мажбурият бажарилмаган яъни суғурта бадали суғурталанувчи томонидан ҳанузгача тўланмаган.

Биринчи инстанция судида ишни кўришда суд томонидан моддий ҳуқуқ нормаси бузилган. Кассация судлов ҳайъати вилоят хўжалик суди апелляция инстанцияси томонидан моддий ҳуқуқ нормасига таяниб, тўғри қарор чиқарилганлиги эътиборга олиб, 1999 йил 10 майдаги даъво талабини рад этиш тўғрисидаги қарор қонуний ва асослантирилган тарзда чиқарилган деб топди.


Суғурталовчи суғурта ҳодисаси юзага келганда суғурта тўловини суғурта баҳоси ҳажмида тўлайди


"Бизнес-Фонд" Фарғона вилояти бошқармаси вилоят хўжалик  судига мурожаат қилиб, "Диёр" хусусий фирмаси ва "Мадад" суғурта агентлиги Фарқона вилояти филиалидан 1996 йил 27 мартдаги 76-сонли кредит бериш ва 28 мартдаги 56-сонли қарз олувчининг кредитни тўлай олмаслик ҳолатидаги жавобгарлигини суғурталаш ҳақидаги шартномаларга мувофиқ хусусий фирмага берилган 450000 сўм кредит қарзи, 218300 сўм кредит фоизи ва 45000 сўм пеняни ундириб беришни сўраган.

Хусусий фирма даъвога нисбатан эътироз билдирмаган, суғурта агентлиги филиали эса суғурта агентлиги қарздорнинг қарзи юзасидан кредитор олдида жавоб бермаслигини билдириб, уни жавобгарликдан озод қилишни сўраган.

Вилоят хўжалик  судининг 1998 йил 28 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган ва суғурта агентлигидан даъвонинг суғурта полиси берилган 405000 сўми, хусусий фирмадан эса даъвонинг қолган қисми ундирилган.

Суғурта агентлиги филиали томонидан берилган апелляция шикоятини кўриб чи??ан апелляция судлов ҳайъатининг 1999 йил 6 январдаги қарори билан ҳал қилув қарорини "Мадад" суғурта агентлигига тегишли қисми бекор қилиниб, даъво суммаси тўлиқ қарздордан ундирилиб, суғурта агентлиги жавобгарликдан озод қилинган. Судлов ҳайъатининг бу қароридан норози бўлган даъвогар кассация шикояти билан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик  судига мурожаат қилган.

Ишда мавжуд ҳужжатларга қараганда, "Бизнес-Фонд" вилоят бошқармаси ва хусусий фирма ўртасида 1996 йил 27 март куни шартнома тузилиб, шартномага кўра бошқарма фирмага фермер хўжалигини ривожлантириш ва чорва моли сотиб олиш, шунингдек қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун 450000 сўм кредитни бир йилга 30% йиллик тўлаш шарти билан беришга, фирма эса берилган пулни мақсадли ишлатиб ўз вақтида қайтариш мажбуриятини олган.

Бошқарма томонидан берилаётган кредит суммасини қайтарилишини таъминлаш мақсадида 1996 йил 28 мартда хусусий фирма ва "Мадад" суғурта Агентлиги вилоят филиали ўртасида "Қарз олувчининг кредитни тўлай олмаслик ҳолатидаги жавобгарлигини суғурталаш ҳақида" 56-сонли шартнома тузилиб, бу шартномага кўра хусусий фирма ҳисобидан суғурта агентлиги филиали ҳисобига тегишли суммадаги 15390 сўм суғурта тўлови амалга оширилган ва кредит суммасининг 405000 сўми суғурталанган. Шу суммага суғурта гувоҳномаси ҳам берилган.

Бошқарма томонидан 76-сонли кредит шартномасида келишилган сумма хусусий фирмага ўз вақтида ўтказиб берилган ва хусусий фирма олинган пулдан мақсадли фойдаланган. Аммо, қарз хусусий фирма томонидан шартномада белгиланган муддатларда қайтарилмаган.

Хусусий фирма раҳбарининг ишда мавжуд кўргазмаларига қараганда, 1996 йилда содир бўлган табиий офатлар натижасида экилган қишлоқ хўжалик  маҳсулотлари ҳосилдорлигидан фирма зарар кўриб чи??ан. Бу ҳақда фирма шу йил 30 декабрда суғурта агентлигига ариза ҳам топширган. Шундай бўлсада, шартномада белгиланган муддатларда фоиз ҳисобидан 33700 сўм қайтарган.

Кредит шартномасига кўра, кредитни қайтариш муддати тугаганидан сўнг, хусусий фирма ўз қарзини уза олмаганлиги сабабли кредитор ва суғурта ташкилоти раҳбарлари ўзаро 1997 йилнинг 27 июнида 1-а-сонли баённома тузиб, вилоят тадбиркорлари томонидан тақдим этилган аризаларга биноан кредит суммаларига қўлланиладиган устама фоизларни, олинган кредит маблағларини қайтариш муддатларини қайта кўриб чиқиб бошқа тадбиркорлар қатори "Диёр" хусусий фирмасининг ҳам қарзини қайтариш муддатини 12 ойга узайтирган.

Қайд этилган баённомани суғурта агентлиги филиали раҳбарлари тан олмай бу комиссия мажлисида қатнашмаганлигини, аслида эса уларда 1997 йил 17 июнда чиқарилган 3-а-сонли баённома борлиги, тадбиркор томонидан кредит суммаси ва фоизларини қайтариш муддатларини узайтирилган қисмига суғурта бадали тўланмаганлигини кўрсатиб ўтилиб, суғурта ташкилотини жавобгарликдан озод қилиши сўралган. Апелляция судлов ҳайъати филиалнинг бу фикрини инобатга олиб нотўғри хулосага келган.

Аслида эса, юқорида қайд этилган 1997 йил 27 июндаги 1-а-сонли ёки суғурта ташкилотида мавжуд 17 июндаги 3-а-сонли баённомаларда қарзни қайтариш муддатлари қарз берувчи ва суғурта ташкилоти томонидан узайтирилган бўлсада, кредит шартномасига ҳам, суғурта шартномасига ҳам ўзгартиришлар киритилмаган, уларнинг муддатлари узайтирилмаган. Шу муносабат билан судлов ҳайъати биринчи босқич судининг суғурта шартномасида олинган мажбурият юзасидан суғурта ҳолати юзага келганлиги учун суғурта ташкилоти масъул бўлиши ва жавоб бериши лозимлиги тўғрисидаги хулосасини асосли деб ҳисоблайди.

Судлов ҳайъати суғурта агентлиги филиали томонидан берилган эътироз ва важларни асоссиз деб топган, чунки қайд этилган баённомаларда филиал директори қасанова М.ни имзоси ва ташкилот муҳри мавжуд. Низолашувчи тарафлар ўртасида тузилган кредит ва суғурта шартномаларини муддатлари узайтирилмаган. Кредит суммаси хусусий фирмага суғурта шартномаси тузилиб, суғурта полиси берилгандан сўнггина тўланган. Кредит суммасининг 405000 сўми суғурталанганлиги, бу суммани хусусий фирма мақсадли ишлатганлиги сабабли суғурта агентлиги ана шу суммага жавоб бериши, тўланган суммани эса келгусида хусусий фирмадан қарши (регресс) даъво бериш йўли билан ундириши лозимлигини кўрсатган.

Биринчи босқич судининг хусусий фирмадан кредит қарзидан қолган 45000 сўм, фоиз суммаси ва қарзни қайтариш муддатини кечиктирганлик учун пеняни ундирганлигини ҳам асосли иш ҳолатларидан келиб чиқган ҳолда қабул қилинган бўлиб, бу суд хулосасини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун судлов ҳайъати асос топмади.


Суд амалиётини таҳлил этиш бўйича қуйидагиларни тавсия қилишни лозим топилади


1. Олий хўжалик  суди томонидан чиқарилган хусусий ажримлар бўйича қонунда белгиланган муддатларда жавоб олинишини таъминлаш мақсадида мансабдор шахслар масъулиятини ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 181-моддасини қўллаш;


2. Мунтазам равишда ишларни кўришда сансоларлик ҳолатлари йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида хўжалик  судлари раисларидан ХПКнинг 125-моддаси талаблари асосида назоратни олиб бориш вазифасини кучайтириш;


3. Судлов ҳайъатлари томонидан ишларни кассация тартибида кўришда ишларни Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг талаблари асосида тўлиқ расмийлаштирилмаганлик, белгиланган муддатларда кассацияга юбормаганлик ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чоралари қўллашликлари лозимлигини таъкидлаш.

(асосий)


Время: 0.0274
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск