ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Гаров тўғрисидаги қонунни татбиқ этиш билан боғлиқ бўлган низоларни хал қилиш бўйича суд амалиётининг таҳлили (Таҳли ОХС Раёсатининг қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ТАҲЛИЛ

Олий хўжалик суди Раёсатининг

1999 йил 25 ноябрдаги қарори

билан тасдиқланган.




ГАРОВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ТАДБИҚ ЭТИШ

БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН НИЗОЛАРНИ ҲАЛ

ҚИЛИШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИНГ

ТАҲЛИЛИ



Бозор муносабатлари шароитида мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш воситаси-гаровнинг ҳуқуқий муаммоларни назарий ва амалий ўрганиш бу институтни янада самаралироқ ишлашини таъминлаш чораларини кўришга олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 1999 йил иккинчи ярим йиллиги учун белгиланган иш режасига биноан "Гаров тўғрисида"ги Қонунни тадбиқ этиш билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти ўрганиб чиқилди. "Гаров тўғрисида"ги Қонун 1992 йил 9 декабрда (1998 йилда янги тахрир билан) қабул қилинган бўлиб, эндиги вазифа бу қонуннинг ишлаши у билан боғлиқ шартномавий муносабатларни расмийлаштиришни соддалаштириш, гаров нарсасини суғурталаш орқали бу институтнинг ҳуқуқий аҳамиятини ошириб боришдан иборат.

Хўжалик судлари томонидан амалиётда шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ низоларни мазмунан тўғри ҳал қилишда албатта бу мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашнинг кафолатлаш механизми, хусусан гаров институтининг қўлланганлиги ёки йўқлигини таҳлил қилиш муҳим хулосалар қилишга олиб келади. Маълумки гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тараф учун салбий оқибатларнинг вужудга келиши мумкинлиги шартномаларни қонун талаби ҳажмида бажаришга тарафларни мажбур қилади ва натижада шартнома интизомининг мустаҳкамланишига кўмаклашади. Чунки гаров билан таъминланган мажбурият бўйича кредитор (гаровга олувчи) қарздор томонидан ўз зиммасига шартнома билан олган мажбуриятини бажарилмаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга  қўювчи)нинг бошқа кредиторларига нисбатан ўз талабини имтиёзли қаноатлантиришга ҳақли бўлади. Республика хўжалик судларида кўрилаётган хўжалик низоларида тарафларнинг мажбуриятни бажаришини таъминлаш сифатида гаров усулидан фойдаланиши унча кўп учрамайди. Масалан, Жиззах вилоят хўжалик суди 1999 йилнинг 10 ойи давомида гаров билан боғлиқ 6 та хўжалик ишини кўрган. Андижон вилоятида-9 та, Бухоро вилоятида-49 та, Навоий вилоятида-4 та, Сирдарё ва Наманган вилоятларида гаров билан боғлиқ даъволар мутлоқо судга келиб тушмаган.

Судларда кўрилган хўжалик низоларни таҳлили шуни кўрсатмоқдаки кўпчилик ҳолларда банк томонидан берилаётган кредитлар гаров билан кафолатланмаган. Айрим гаров билан кафолатланиб берилган кредитларнинг ҳам ўз вақтида қайтарилмаслик ҳоллари ва гаров билан кафолатланган бу мулкка нисбатан даъвонинг қаратилмаслик (ижро усулини ўзгартириш) ҳоллари ҳам  учрайди.

Ушбу тоифадаги низоларни ҳал қилишда бир маромдаги суд амалиётини шакллантириш мақсадида хўжалик судларига тубандаги тавсиялар берилиши лозим деб топилади:


1. Мажбуриятни бажарилишини таъминлаш мақсадида у гаров билан кафолатланиши лозим

Гаров мулкий муносабатларда энг кўп қўлланиладиган, турли хил битимлар бўйича вужудга келадиган мажбуриятларнинг беками-кўст бажарилишини таъминлашга, кредиторнинг иқтисодий манфаатларини ишончли равишда ҳимоя қилишга қаратилган муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситалардан бири бўлиб ҳисобланади. Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш деб, қарздор томонидан олинган ва унинг зиммасида бўлган вазифани бажаришга мажбур қиладиган чорага айтилади. Шундай чора сифатида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 259-моддаси қоидасига мувофиқ мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш усули сифатида Гаров белгиланган бўлиб, 264-моддасида эса мажбуриятни бажарилишини таъминлаш инструменти сифатида гаров белгиланиб, гаров билан таъминланган мажбурият кредитори гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан гаровга қўювчининг бошқа кредиторлари олдида ўз талабини имтиёзли қаноатлантиришга ҳақли бўлади. Гаров нарсаси агар шартнома билан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, Қонунга мувофиқ гаровга берувчи (мулкдорда ёки мулкка нисбатан ҳуқуқни ўзида сақловчи)нинг эгалигида қолдирилади.

Шартнома билан мулкни гаровга олувчига фойдаланиш ҳуқуқини бермасдан у қулфлаб ва муҳрлаб сақлашга қолдирилиши мумкин (ФКнинг 269-моддаси 3-қисми). Гаров нарсаси гаровга қўювчи томонидан 3-нчи шахсга берилганида гаров мулки учун жавобгар бўлиб, гаровга қўювчининг ўзи ҳисобланади. Гаровга қўйилган мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи ўзгарганда яъни мулк бошқа шахсга сотилса (ҳақ эвазига ўтказилса), ҳадя қилинса (бепул ўтказилса) ёки қонун йўл қўйган бошқа асосларда (талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиш асосида (ФКнинг 313-моддаси) ўтказилганида бу мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи сақланади. Яъни янги мулкдор гаров билан таъминланган мажбурият кредиторлари олдида дастлабки мулкдор қандай жавобгар бўлса худди шу ҳажмда ва тартибда жавобгар бўлиб қолаверади (ФКнинг 284-моддаси 2-қисми). Башарти гаров предмети бўлган ашё бир нечта шахсларга ҳиссаси кўрсатилиб ўтганда (масалан: мерос олиш тариқасида, ёки корхоналар тарқатилиб, тугатилиб уларни ҳуқуқни қабул қилиш асосида бошқа мулкдорлар қабул қилсалар) улар кредиторлар олдида ўз улуши доирасида жавобгар бўладилар. Гаров билан тартибга солинадиган муносабатлар унинг предмети (нарсаси) бўлиши мумкин бўлган мулкнинг асосан икки гуруҳи, яъни кўчмас (ипотека) ва кўчар мулкларга бўлиниши билан белгиланади. Шу билан бирга мулкий ҳуқуқлар (талаблар) ҳам гаров нарсаси бўлиши мумкин. Лекин ҳар кандай талаб қилишга бўлган ҳуқуқлар гаров нарсаси бўла олмайди. Бундай ҳуқуқлар жумласига кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан унинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарарни қоплаш ва ўзга шахсга берилиши қонун билан маън этилган бошқа талаблар (масалан: алимент талаб қилиш ҳуқуқи) киради. Ашёвий ҳуқуқнинг гаров нарсаси бўлиши учун бу ҳақда қонунда кўрсатилган бўлиши ёки қонунда кўрсатилмаса ҳам шартнома билан келишилган бўлиши керак. Акс ҳолда бундай ҳуқуқ гаров нарсаси бўла олмайди (ФКнинг 266-моддаси 4-қисми). Гаров нарсаси бўлиши мумкин бўлган ашёвий ҳуқуқлар турлари Фуқаролик  Кодексининг 165-моддасида келтирилган.


2. Гаров туфайли гаров билан таъминланган мажбурият тўла ҳажмда қаноатлантирилиши лозим. Гаров билан кредиторнинг ҳақиқий талаби қаноатлантирилади.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров талабининг қондириш пайтида, яъни мажбурият бажарилмай, уни ижро этилиши гаров нарсасига қаратилган пайтда мавжуд бўлган ҳажмини таъминлайди. Бу сумма доирасига бажарилиши лозим бўлган асосий мажбурият баҳоси, мажбурият бажарилганда кредиторнинг олиши лозим бўлган фоизлари, неустойка, ижрони кечиктириб юборганлик натижасида етказилган зарар миқдори киради. Бундан ташқари гаровга олувчининг гаровга қўйилган мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ зарур ҳаражатлари ҳамда ундирув билан боғлиқ ҳаражатлари ҳам бу сумма таркибига киради. Гаров билан таъминланадиган мажбурият суммаси (ҳажми) шартномада кўрсатилган бўлиши лозим. Башарти гаров шартномасида юқорида кўрсатилган шартлар назарда тутилмаган бўлса, юқорида айтилганидек талабни қаноатлантириш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда қаноатлантирилади.


3. Гаровга қўйилган мулкнинг йўқолиши ёки зарарланганида унинг учун жавобгарлик гаровга қўювчи зиммасида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси мулкнинг тарафларнинг айби бўлмасдан (форс-мажор ҳолатларида) тасодифан нобуд бўлиши ҳавф-хатарини мулкдорга юклайди. Жумладан гаровга қўйилган мулкнинг ҳам нобуд бўлиши, табиий эскириши натижасида яроқсиз ҳолга келиш ҳавф-хатари ҳам гаровга қўювчида ҳисобланади (ФКнинг 275-моддаси 1-қисми). Худди шу модда қоидасига мувофиқ шартнома билан ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш ҳавф-хатари шартнома билан бошқа шахсга ҳам ўтказилиши мумкин. Гаров мулкини зарарланиши учун гаровни ушлаб турувчи ҳам жавобгар бўлади, башарти шартнома билан гаров нарсаси гаров сақловчига топширилган бўлса. Бунда гаров сақловчига мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи берилган берилмаганлигининг аҳамияти йўқ. Чунки мулкдор уни са?ловчига мулкни сақлаш учун зарур бўлган ҳамма чораларни кўриш шарти билан топширган бўлади. Бунда мулкни сақлаш учун сақловчи уни суғурта ҳам қилиши лозим бўлади. Фақат суғурталаш гаров шартномаси билан бошқача тартиб белгиланмаса ҳамиша гаровга қўювчи ҳисобидан амалга оширилади (ФКнинг 274-моддаси 1-банди). Гаровга қўйилган мулкнинг сақланиши учун қонун гаровга қўювчини ҳам, гаров сақловчини ҳам  масъул деб белгилайди. Улар гаров нарсаси кимда сақланишидан қатьий назар гаровга қўйилган мол-мулкнинг асралишини таъминлаш учун шу жумладан уни учинчи шахсларнинг тажовузлари ва талаб қилиб олишларидан ҳимоя қилиш учун ҳамма чораларни кўришини, гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки унинг шикастланиши ҳавфи пайдо бўлганлиги ҳақида иккинчи тарафни ҳамда мулкдорни дарҳол огоҳлантириши лозимлигини белгилайди.

Башарти, юқоридаги қоидаларга риоя қилинса ҳамда тарафлар ўртасида тузилган шартномада бошқача белгиланмаса, аммо тарафлардан бирортасининг айби бўлмасдан туриб, олдини олиб бўлмайдиган ҳодиса натижасида, яъни форс-мажор ҳолатида гаров нарсаси нобуд бўлганида мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ҳавф-хатари гаровга қўювчида бўлади.

Агар гаровга олувчи Фуқаролик Кодексининг 333-моддаси тартибида жавобгарликдан озод бўлиши мумкинлигини, яъни мулкнинг зарарланиши ёки йўқолишида ўзининг айби йўқлигини исботлайолмаса, ўзига топширилган гаров нарсасининг йўқолганлиги, бутунлай ёки қисман шикастлангалиги учун жавобгар ҳисобланади. Йўқолган ёки шикастланган гаров нарсасининг баҳоси қанча бўлишидан қатьий назар йўқолган вақтдаги яъни низолашиш пайтидаги мавжуд баҳода белгиланади. Гаров нарсасининг шикастланиш натижасида ундан ашёнинг тайинланиши бўйича фойдаланиш мумкин бўлмаса (башарти, ваколатли органнинг бу ҳақда хулосаси бўлса) мулкдор, ёки гаров қўювчи бу мулкдан воз кечиши ва ўзига етказилган зарарни талаб қилишга ҳақли.

Гаровга қўйилган мулкнинг зарарланиши, унинг яроқсиз ҳолга келиши, ваколатли органларнинг бундай ашёнинг яроқсизлигини, уни тайинланиши бўйича фойдаланиб бўлмаслигини тасдиқлайдиган ҳужжатлари асосида белгиланади.

Масалан: автотранспорт воситаларининг гаровга қўйилиши давомида унинг яроқсиз ҳолга келиши унинг авария туфайли ёки бошқача тарзда шикастланиши ДАН идораларининг тегишли ҳужжатлари асосида бетараф техника устахоналарининг хулосаси асосида суд томонидан юридик фактни белгилаш тартибида аниқланиши керак. Бунга мисол қилиб Навоий вилоят хўжалик судида "Нуджум ЛТД" масъулияти чекланган ҳиссадорлик  жамиятига қарашли бўлган Хатирчи туманидаги "Йўлдош" кичик корхонасининг юридик аҳамиятга эга бўлган бахтсиз ҳодиса фактини тасдиқлашни сўраб берган аризаси юзасидан кўрилган ишни кўрсатиш мумкин (136-сонли хўжалик иши). 1996 йил 15 июлда 3-ойлик 240000 сўм кредит олиш шартномасининг бажарилишини таъминлаш мақсадида С.Мажидовга тегишли ВАЗ-2101 русумли "Жигули" маркали автомашинаси гаровга қўйилиб, у бахтсиз ходиса туфайли яроқсиз аҳволга келган. Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан берилган маълумотномага қараганда 1997 йил 25 март куни тепаликда турган автомашина об-ҳаво натижасида, ёмғир ёгиб турган вақтда ўз-ўзидан сирғалиб юриб кетиши натижасида яроқсиз ҳолга келиб, унга моддий зарар етказилган. Хўжалик суди бахтсиз ҳодисани содир бўлганлигини белгилаб, юридик аҳамиятга эга бўлган фактни тасдиқлаб берган. Гаров предмети бўлган автомашина яроқсизлиги факти суд томонидан белгилангач, суд кредитни қайтаришни кафолатлаган гаров нарсаси нобуд бўлганлиги ва гаров нарсаси билан кредиторнинг талаби туфайли предметни "Ўзагросуғурта"нинг Хатирчи тумани бўлимидан ундириб берган (61-сонли хўжалик иши). Бунда хўжалик суди юридик фактни белгилашни алоҳида  ишлаб чиқариш тартибида кўради

Судларда гаров билан таъминланган шартномаларда кредитор талабини қаноатлантиришда "Гаров ҳақида"ги Қонуннинг 12-моддаси 3-банди қоидасини тўғри қўлланмаган ҳоллар учрайди. Бу модда қоидасига кўра гаровга қўйилган мол-мулкнинг йўқолиши ёки шикастланиши ҳақида иккинчи тарафни дарҳол хабардор қилиши шарт. Юқорида келтирган мисолимизда ВАЗ-2101 "Жигули" автомашинасининг нобуд бўлганлиги ҳақида суғурта ташкилотига хабар қилинмаган. Аммо суғурта ҳодисаси ҳақида улар 3 кун ичида хабар бериши лозим эди. Таъкидлаш лозимки, мазкур хўжалик низосини судда кўришда Навоий вилоят хўжалик суди томонидан транспорт воситаси билан боғлиқ йўл транспорт ходисаси содир бўлмаган, деб ички ишлар органи томонидан аввал далолатнома берилганлиги инобатга олинмаган.

Гаровга қўйилган мулкка нисбатан кредиторлар талаби қаратилиши мумкин, фақат бунда гаров нарсасидан фойдаланиш туфайли олинган фойда ёки бошқача даромад гаровга қўювчининг мулки бўлиб ҳисобланади.

Фуқаролик Кодексининг 277-моддаси гаровга қўювчининг гаров нарсасидан фойдаланиш ҳуқуқини белгилайди. Фойдаланиш жараёнида олинган даромад, башарти, гаров нарсаси мулкдорнинг ўзида сақланса, унинг мулки ҳисобланади. Гаров нарсаси ижара шартномаси асосида ёки қонун йўл қўйган бошқа ҳуқуқий асосларга кўра бошқа шахсларга топширилган ҳолда унинг фойдали хусусиятларини нормал даражада ўзлаштиришда фойдаланишда олинган даромадлари шу шахсларнинг мулки бўлиб ҳисобланади. Бу ерда мулк фақат ижара шартномаси асосидагина бошқа шахсларга ўтказилиши билан чекланмайди. Гаров нарсаси қонун йўл қўйган бошқа асосларга кўра бошқа шахслар бошқарувида бўлганида ҳам ҳосил ва даромад шу фойдаланувчиники ҳисобланади. Бу ерда ҳосил ва даромад гаров нарсасидан ажратиб олинадиган мулк шаклида бўлиши лозим. Масалан гаров нарсаси бўлган қорамолнинг бузоғи ҳосил сифатида қаралади ва гаров нарсаси ҳисобланмасдан гаровга қўювчининг мулки ҳисобланади. Фуқаролик Кодексининг 86-моддасида белгиланган асосий ва мансуб ашёлар гаров шартномасининг нарсаси сифатида қаралишида агар гаровга қўйиш шартномасида бошқача белгиланмаган бўлса, унга гаров шартномасининг шартлари ва унинг бажарилмаслиги туфайли келиб чиқадиган оқибатлари таъсир қилмайди. Агар шартномада бевосита гаровга қўйилаётган ашёдан масалан гаровга қўйилаётган ер участкасидан ҳосилни йиғиб олиш ва унинг қийматини асосий қарзни тўлашга сарф қилиш назарда тутилган бўлса у ҳолда ҳосил, даромад гаров нарсаси ҳисобланади. Аввал амалда бўлган Фуқаролик Кодексида фақат битта қоида белгиланган бўлиб, у ҳам бўлса ҳосил ва даромадларнинг фақат мулкдорга тегишли бўлиши белгиланган эди. Амалдаги Кодекснинг 90-моддасида белгиланишича мансуб ашёнинг тақдири қонун ёки шартномада бошқача белгиланмаган бўлса асосий ашёнинг тақдирига боғлиқ бўлади. Бинобарин асосий ашё тўғрисидаги шартлар мансуб ашёга ҳам  тааллуқли ҳисобланади. Аммо қонун ва шартномада бошқача ҳоллар ҳам белгиланиши мумкин, яъни асосий ашё бировга ўтказилганда мансуб ашёнинг қолдирилиши ҳақида алоҳида келишув ҳам бўлиши мумкин (ФКнинг 92-моддаси).


4. Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаса гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилиши мумкин

Фуқаролик Кодекси 278-моддаси 1-қисми қоидасига кўра гаровга олувчи ўз ихтиёрида бўлган ёки бўлиши лозим бўлган гаровга қўйилган мол-мулкни бошқа шахсларнинг қонунсиз эгаллашидан, шу жумладан гаровга қўювчининг эгаллашидан талаб қилиб олишга ҳақли (Фуқаролик Кодекснинг 228, 229, 230, 232-моддалари). Гаров билан таъминланган мажбурият қарздор томонидан бажарилмаганда, гаровга қўйилган мулк суднинг қарорига асосан сотилади ва мулкни сотиш билан боғлик ҳаражатлар чиқариб ташлангач, унинг баҳоси  (сотилган суммаси) ҳисобидан биринчи навбатда бошқа шахслардан олдин кредиторнинг талаблари қондирилади. Агар гаровга қўйилган мулкни сотишдан тушган сумма мулкни гаровга олган шахс (кредитор)нинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, у ҳолда кредитор, агар қонун ёки шартномада бошқача белгиланмаган бўлса, етишмаётган суммани қарздорнинг бошқа мулки ҳисобидан олишга ҳақли бўлади. Бунда кредиторнинг ўз ҳақини қарздорнинг бошқа мулкидан олишга бўлган ҳуқуқи гаров ҳуқуқидан эмас, асосий мажбурият ҳуқуқидан келиб чиқади. Бу ҳолда қарздорнинг бошқа мулки ҳисобидан ўз ҳақини ундириш умумий асосларда амалга оширилиб бошқа шахсларга (кредиторларга) нисбатан устунлик ҳуқуқига эга бўлмайди.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларини миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин. Ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ва гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш тартиби Кодекснинг 280-281-моддалари қоидаси тартибида амалга оширилади.

Бозор иқтисодига ўтишнинг ҳозирги даврида мажбуриятни бажаришни таъминлашда гаров институтининг мажбуриятни бажарилишини кафолатлашнинг азалдан синалиб келган неустойка шакли ўз аҳамиятини йуқотади. Ўтиш даврига хос айрим негатив ҳолатлар ишлаб чиқаришнинг камайиши, етказиб берилган товар, бажарилган иш, кўрсатилган хизмат учун тўловнинг амалга оширилмаётганлиги, ўз-ўзидан инфляцияни вужудга келтиради ва бундай ҳолатда неустойкани қўллаш ўз аҳамиятини йўқотади. Чунки пул мажбуриятини бажармаган тараф неустойкани умуман тўлаш қобилиятига эга эмас. Шу туфайли мажбуриятни бажарилишини таъминлашнинг асосий мажбуриятга қўшимча (акцессор) мажбурият шаклида вужудга келадиган гаров усули муҳим аҳамият касб этади. Биринчидан, мулкни гаровга қўйиш шартномаси қарздор кредитор ҳисоб-китоб қилиши лозим бўлган пайтда бу мулкнинг мавжудлиги ва сақланишини таъминлайди. Бундан ташқари гаровга қўйилган мулкнинг баҳоси аксарият ҳолда  инфляциядан фарқли ўлароқ ошиб боради (масалан, иппотекада). Иккинчидан, қарздорнинг мулкини гаровга қўйиш гаров ушловчи кредиторга ўзининг талабини бошқа кредиторларга нисбатан имтиёзли равишда қаноатлантириш имкониятини беради. Учинчидан, қарздорни ўз баҳоси жиҳатдан мажбуриятдан катта суммадаги гаров нарсаси бўлган натура шаклдаги мулкини аниқ йўқотиш ҳавф-хатари яъни тез сотиладиган мулкни йўқотишдан кўра қарздорни шартномадан вужудга келган мажбуриятни ўз вақтида бажаришга ундайди. Юқоридаги имтиёзларни тадбиркорлар томонидан тўғри англаб олиниши ва хўжалик судлари томонидан иқтисодий муносабатларга бу ричагни тўғри тадбиқ қилиниши Республикамизда бозор инфраструктурасини тезроқ шакллантиришга, маданий, ҳуқуқий бозор муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашади. Акцессор (қўшимча) мажбурият сифатида Гаров шартномаси асосий мажбурият тугаши билан у ҳам ўз функциясини бажарган ҳисобланади.


(асосий)



Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск