ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бўлган низоларни хал қилиш бўйича суд амалиётининг таҳлили (Таҳлил ОХС Раёсатининг 1999 йил 28 октябрдаги қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ТАҲЛИЛ

Олий хўжалик суди Раёсатининг

1999 йил 28 октябрдаги қарори

билан тасдиқланган.




ШАРТНОМАЛАРНИ ТУЗИШ, ЎЗГАРТИРИШ ВА БЕКОР

ҚИЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН НИЗОЛАРНИ ҲАЛ

ҚИЛИШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИНГ

ТАҲЛИЛИ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 1999 йил иккинчи ярим йиллиги учун белгиланган иш режасига биноан "Шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти" ўрганиб чиқилди.

Амалиётда хўжалик судлари томонидан мазмунан кўриладиган ишларнинг аксарияти бевосита шартномавий муносабатлардан келиб чиқади. Шартноманинг тарафлар манфаатларини ифодалаган тарзда тузилиши, амалдаги қонунчиликка мувофиқ келиши, тарафларнинг манфаатларини юридик жиҳатдан мустаҳкам қилиниши ҳамда қонуний мақсадни назарда тутилиши унинг мукаммаллигини ифодалайди.

Тарафлар ўртасида  тузиладиган шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш ҳоллари кўплаб учраб туради ва умуман, бозор муносабатларига ўтиш шароитида шартнома тузилгандан кейин тарафларда унинг айрим шартларини ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш ёки шартномани бекор қилиш ҳақида турли низолар пайдо бўлмоқда.

Ушбу тоифадаги низоларни ҳал этишда бир маромда суд амалиётига эришиш мақсадида хўжалик судларига тубандаги тавсиялар берилиши лозим топилади:


1. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 377-моддасида белгиланган келишмовчиликлар баён-номасини хўжалик судига бериш учун ўттиз кунлик муддатнинг ўтказиб юборилганлиги даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос бўлаолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 377-моддасига асосан оферта (шартнома лойиҳаси) йўлланган тараф учун шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолларда бу тараф оферта олган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида бошқа тарафга акцепт тўғрисидаги ёки акцептдан бош тортиш тўғрисидаги ёҳуд офертани бошқа шартларда акцептлаши тўғрисида (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) билдириш йўллаши керак.

Оферта йўллаган ҳамда шартнома тузиши мажбурий бўлган тарафдан офертани бошқа шартларда акцептлаш тўғрисида билдириш (шартнома лойиҳасига келишмовчиликлар баённомаси) олган тараф бундай билдириш олинган ёки акцепт учун муддат тугаган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли.

Таъкидлаб ўтилган муддат манфаатдор тарафнинг келишмовчиликлар баённомасини хўжалик судларига топширишни чекловчи муддат деб қаралмаслиги керак.

Шунинг учун манфаатдор тараф муддатлар тугаганидан сўнг келишмовчиликлар баённомасини суд муҳокамасига берганида ва бошқа тараф унга эътироф билдирганида, суд бундай даъво аризани мазмунан кўриб чиқиши лозим.

Агар шартнома тузиши лозим бўлган тараф шартнома лойиҳасини юборган бўлса акцептант келишмовчиликлар баённомасини олганлиги, шартномани унинг таҳлили билан қабул қилинганлиги ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этганлиги ҳақида билдириши керак.

Келишмовчиликлар баённомаси рад этилган ёки уни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги билдириш кўрса-тилган муддатда олинмаган келишмовчиликлар баённо-маси йўлланган тараф шартнома тузиш чоғида юз берган келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга топширишга ҳақли.

Ўттиз кунлик муддат мобайнида оферант томонидан (биринчи ҳолатда) ёки акцептант томонидан (иккинчи ҳолатда) келишмовчиликлар баённомаси шартноманинг жиддий шартларига дахлдорлиги масаласида хўжалик судларига берилмаганлиги ҳолатида шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.

Келишмовчиликлар баённомасида шартлар жиддий эканлиги масалани ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367-моддаси талабларидан келиб чиқиш лозим.


2. Оммавий шартнома тузишга мажбур қилиш ҳақидаги даъво билан уни тузишга мажбур бўлган корхонанинг Контрагенти мурожаат қилишга ҳақли холос.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 358-моддасига асосан ташкилот томонидан тузилган ҳамда унинг бундай ташкилот ўз фаолият хусусиятига кўра ўзига мурожаат қиладиган ҳар бир шахсга нисбатан амалга ошириши шарт бўлган товарни сотиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш соҳасидаги вазифаларни белгилаб қўядиган шартнома оммавий шартнома, дейилади.

Ташкилот оммавий шартнома тузишдан асоссиз бош тортганида Фуқаролик Кодексининг 377-моддасида кўрсатилган қоидалар қўлланилиши мумкин.

Бу моддада кўрсатилишича агар ушбу кодекс ёки бошқа қонунларга мувофиқ шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса иккинчи тараф уни шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 377-моддаси мазмунига кўра оммавий шартномани тузишга мажбур қилиш ҳақидаги даъво билан судга фақат мажбур тарафнинг контрагенти мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ташкилот истеъмолчини бундай шартнома тузишга мажбур қилишга ҳақли эмас.

Истеъмолчи мажбур бўлган тараф томонидан кўрсатилган хизматлардан (электр таъминоти, алоқа хизматлари ва ҳоказолар) фойдаланиб келиб, лекин шартнома тузишдан бош тортган ҳолларда хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 370-моддасига мувофиқ, истеъмолчининг мажбур тараф хизматидан амалда фойдаланганлигини, хизмат кўрсатувчи абонент офертасининг акцептланиши деб баҳолашлари лозим. Бундан келиб чиқиб бу муносабатлар шартномавий муносабатлар, деб қаралиши лозим.


3. Маҳсулот етказиб берувчи билан узоқ давом этган хўжалик алоқаларида бўлганлик давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш тўғрисида шартнома тузишга мажбур қилиш учун асос бўлаолмайди.

Очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти хўжалик судига мурожаат қилиб жунни қайта ишлаш фабрикасини давлат эҳтиёжлари учун жун етказиб бериш тўғрисида шартнома тузишга мажбур қилишни сўраган.

Даъвогар ўзининг талабларини тарафлар ўртасидаги узоқ давом этган хўжалик алоқалари билан асослаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 354-моддасида белгиланган қоидалардан келиб чи??ан ҳолда шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслигини, шартнома тузиш бурчи ушбу кодексда, бошқа қонунларда ёки олинган мажбуриятларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснолигини эътиборга олган ҳолда суд даъвогарнинг талабларини қаноатлантиришни рад этган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 457-моддаси талабларига кўра давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш, давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш бўйича давлат контракти асосида, шунингдек унинг асосида давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаларига мувофиқ амалга оширилади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари давлат эҳтиёжлари дейилади.

Қонун талабларига кўра маҳсулот етказиб бериш ҳақидаги буюртма жавобгарга ҳавола этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 459-моддасига мувофиқ маҳсулот етказувчи учун давлат контрактини тузиш фақат қонунда кўрсатилган ҳолларда мажбурий бўлганлиги сабабли қонунчиликда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш ҳақида шартнома тузишнинг маълум зарурий шартлари мавжуд бўлмасдан туриб узоқ давом этган хўжалик алоқалари олиб борилганлиги шартнома тузишга мажбур қилиш учун асос бўлаолмайди.


4. Ҳаракатларнинг амалга оширилиши маълум ҳолларда ёзма равишда тузилган шартномага ўзгартириш киритиш учун розилик деб қаралиши мумкин.

Ҳиссадорлик жамияти (ижарага берувчи) хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар масъулияти чекланган ўртоқлик жамияти томонидан даъвогар таклиф қилган янги ставкалар бўйича ижара ҳақи тўлаб келинган бўлсада, аммо ижара шартномаси шартларига ўзгартириш киритишга ёзма равишда розилик бермаётганлигини баён қилиб, ижарага олувчи билан ўзаро тузилган хонани ижарага бериш шартномасига ўзгартиришлар киритишни сўраган.

Хўжалик суди ҳиссадорлик  жамиятининг даъво талабларини рад этиб, ижарага олувчининг ижара тўловларини тўлашликдан иборат бўлган ҳаракати ижара шартномасига ўзгартиришлар киритишга розилик деб баҳолаб бўлмаслигини, чунки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 384-моддаси талабларига кўра шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, унга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги келишув ҳам, башарти, қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, шу шаклда тузилиши лозимлигини, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 559-моддаси мазмунига кўра юридик шахслар ўртасида  ижара шартномаси ёзма шаклда тузилиши сабабли, шартномага ўзгартириш киритиш ҳақидаги келишув ҳам ёзма равишда тузилиши шартлиги баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 366-моддасида белгиланганидек, агар шартнома тузиш ҳақидаги ёзма таклиф ушбу кодекснинг 370-моддаси туртинчи қисмида назарда тутилган тартибда олинган бўлса шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади деган қоидаларга амал қилиб кассация босқичи суди биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилган.

Қайд этилган қонун нормасида таъкидланишича агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган, ёки офертада кўрсатилмаган бўлса, офертани олган шахс томонидан унда кўрсатилган шартларни бажариш юзасидан ҳаракатларнинг амалга оширилиши акцепт ҳисобланади.

Ижарага олувчининг ҳаракатларини акцепт деб тан олмаслик учун бошқа асослар бўлмаганлиги, ижарага берувчи томонидан ижара ҳақи шартлари бўйича қилинган таклифга эътирозлар билдирилмаганлигини инобатга олиб, масъулияти чекланган ўртоқлик жамиятининг ҳаракати ижара шартномасига ўзгартириш киритишга розилик деб баҳоланиши лозим.


5. Мажбуриятни бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи норматив актнинг бекор қилиниши, шартномадан ушбу акт асосида белгиланган жавобгарлик ҳақидаги шартни чиқариб ташлаш учун асос бўлиши мумкин.

Ҳиссадорлик  жамияти хўжалик судига мурожаат қилиб, энерготаъминот ташкилоти билан ўзаро тузилган шартномадан истеъмол қилинган электр энергияси учун тўланиши лозим бўлган тўловни кечиктирганлик учун белгиланган пеня тўлаш ҳақидаги жавобгарликни белгиловчи бандни чиқариб ташлашни сўраган.

Хўжалик суди қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартномада истеъмол қилинган электр энергияси учун ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятларни бузганлиги учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорида белгиланган миқдорда қўлланилиши кўрсатилган.

Қарорда назарда тутилган жавобгарлик ҳақидаги норма шартномага киритилганидан бошлаб, у шартномавий шарт деб ҳисобланади, шунинг учун қарорнинг ўз кучини йўқотган деб тан олиниши шартномадан ушбу шартни чиқариб ташлаш учун асос бўлиб хизмат қилаолмайди.

Кассация босқич суди биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини қуйидагиларга асосланиб бекор қилган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган неустойка императив (мажбурловчи) шаклда акс эттирилган бўлиб, у шартномага киритилганидан қатьий назар, қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 263-моддаси).

Шартномада бундай неустойкани акс эттирилиши уни шартномавий шарт дейишга асос бўлмайди.

Шартномада императив (мажбурий) шаклда ифодаланган қонун нормасида акс эттирилган неустойканинг белгиланиши, унинг миқдори тарафлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 260-моддасига мувофиқ оширилмаганлиги, яъни неустойкага шартномавий характер берилмаганлиги ҳолати норматив акт бекор қилинганида бундай шарт шартномадан чиқарилиши мумкин.


6. Ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги талаб, агар хўжалик судига мурожаат қилиш учун асос бўлган камчиликлар оқилона муддатларда бартараф этилган бўлса, қаноатлантирилиши мумкин эмас.

Хўжалик судининг муҳокамасига шартномани жиддий равишда бузилганлиги, яъни доимий равишда ижара тўловларини тўламаганлик, ижарага берилган бинони таъмирлаш юзасидан мажбуриятларни бажармаганлиги, ижарага берувчининг розилигисиз иккиламчи ижарага бериш ҳақида шартнома тузилганлигини баён қилиб, шартномани бекор қилиш сўралган.

Ишни суд мажлисида кўриш жараёнида жавобгар томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги далиллар тақдим этилган.

Хўжалик суди даъво талабларини қаноатлантиришни қуйидаги асосларга кўра рад этган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 382-моддасида тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида ҳамда қонунда кўрсатилган бошқа ҳолларда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 551-моддасига мувофиқ, таъкидлаб ўтилган шартнома шартлари бузилганлиги асосида шартномани суд тартибида бекор қилиш ҳақидаги талаб ижарага берувчи томонидан ижарага олувчини унинг мажбуриятларини оқилона муддатларда бажарилиши лозимлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилганлигидан кейин ва унга ўз мажбуриятларини бажариш учун имконият берганидан сўнггина қўйилиши мумкин.

Ижарага олувчи томонидан хўжалик судига мурожаат қилиш учун асос бўлган шартнома шартларининг бузилиш ҳолатлари зарур муддатларда бартараф этилганлигини инобатга олган ҳолда ижарага берувчида бундай даъво билан мурожаат қилиш учун асос бўлмаган.


7. Сотувчининг ижрони қабул қилишдан бош тортиши шартномани бекор қилиш ҳақидаги даъво талабларини рад этиш учун асос бўлаолади.

Хўжалик судига ҳиссадорлик жамияти мурожаат қилиб, масъулияти чекланган ўртоқлик жамияти билан ўзаро тузилган бинони олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраган.

Даъвогарнинг таъкидлашича сотиб олувчи унинг ҳисоб рақамига шартномада белгиланган муддатда бино учун тўланиши лозим бўлган пул тўловини ўтказиб бермаган.

Суд қуйидагилардан келиб чи??ан ҳолда ҳиссадорлик жамиятининг талабларини рад этган.

Иш материалларига қараганда, сотувчининг пул тўловини олишдан бош тортганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 249-моддасига асосан, тўлов пули суммаси нотариуснинг депозит ҳисобига ўтказилган.

Нотариус томонидан унинг депозит ҳисобида сақланаётган пул суммаси ҳақида ёзма равишда хабар қилинганлигига қарамай, сотувчи унга депозитдаги пулларни ўтказиш лозим бўлган ҳисоб рақами ҳақидаги маълумотларни бермаган.


8. Пудратчи томонидан қурилиш ишларини тугатиш муддатларининг бузилиши ва қурилиш қиймати сметаси баҳоларининг оширилиши шартномани бекор қилиш учун асос бўлаолади.

Хўжалик судига турар жой қурилиш ширкати даъво билан мурожаат қилиб, очиқ турдаги акционерлик жамияти томонидан турар жойни қуриш шартно-масининг шартлари жиддий равишда бузилганлиги, яъни турар жойнинг смета қиймати оширилганлиги ва мажбуриятларни бажариш муддатига амал қилинма-ганлигини кўрсатиб, пудрат шартномасини бекор қилишни сўраган.

Жавобгар даъво талабларига эътироз билдириб, мажбуриятларнинг бузилганлигига қурилиш материалларини етказиб беришда юзага келган қийинчиликлар ва пулни қадрсизланиши оқибатида қурилишни қимматлашганини кўрсатган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 636-моддасига асосан пудратчи қурилишни ва унга боғлиқ ишларни нарҳлар белгиланган сметага мувофиқ амалга ошириши шарт. Агар унга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан ишларнинг қиймати сметадан ошиб кетса, пудратчи бу ҳақда ўз вақтида буюртмачини огоҳлантириши лозим.

Пудратчи ?урилиш ишларининг нархи кўтарилиши шартлари ҳақида буюртмачи билан белгиланган тартибда келишиб олмаган.

Бундай ҳолатда хўжалик суди пудратчи томонидан йўл қўйилган шартнома шартлари бузилишини асосли равишда жиддий деб тан олган ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 382-моддасига асосан шартномани бекор қилиш ҳақида қонуний қарор қабул қилган.


(асосий)



Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск