ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Даъво аризаларини қабул қилишни рад этиш ва қайтариш бўйича суд амалиётининг тафсилоти (Тафсилот ОХС Раёсатининг 1999 йил 29 апрелдаги қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ТАФСИЛОТ

Олий хўжалик суди Раёсатининг

1999 йил 29 апрелдаги қарори

билан тасдиқланган.




ДАЪВО АРИЗАЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ

РАД ЭТИШ ВА ҚАЙТАРИШ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИНИНГ ТАФСИЛОТИ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 1999 йил биринчи ярим йиллик иш режасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Тошкент, Навоий, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари мисолида даъво аризаларини қабул қилишни рад этиш ва қайтариш бўйича суд амалиёти ўрганилиб, умумлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён ХПК деб юритилади) 117-ва 118-моддаларини қўллаш бўйича суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш натижалари шуни кўрсатдики, хўжалик судлари даъво аризаларини қабул қилишни рад этиш ва қайтариш асосларини асосан тўғри қўлламоқдалар.

Статистик маълумотларга кўра, Республика хўжалик судларига 1998 йил мобайнида жами 32075 та даъво аризалари (аризалар) келиб тушган бўлса, шундан 312 таси бўйича даъво аризаларини қабул қилиш рад этилган, 3177 таси қайтарилган.

Хўжалик судининг судьяси судга тақдим этилган даъво материалларини текшириш натижаларига кўра даъво аризасини қабул қилиш, даъво аризани қабул қилишни рад этиш ва даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажримлардан бирини чиқаради. Даъво аризасини хўжалик судида кўриб чиқишлик учун қабул қилиш тўғрисидаги масала Конституция кафолат берган ҳар бир шахснинг судда ҳимоя қилиниши ҳуқуқи билан бевосита боғлиқдир. Даъво аризасини қабул қилиш масаласини даъво аризада кўрсатилган асослар уни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар учун тегишли маълумотлар етарлилиги текширилган ҳолда судьяни якка ўзи ҳал этади. Даъво аризасини иш юритувига қабул қилиш ва уни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримлар судьяни хоҳишига қараб, битта ажримда баён этилиши мумкин. Ушбу ҳолатда ажримда иш юритувига қабул қилиш ва суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги масалалар кетма-кетликда ёритилиши лозим бўлади.

ХПКнинг 117-моддасида даъво аризасини қабул қилишни рад этиш мумкин бўлган асослар, рад этишни расмийлаштириш тартиби ва рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳолатлари баён этилган. Даъво аризасини  қабул қилишни рад этиш асослари хўжалик суди томонидан кенгайтирилиб шарҳланиши мумкин эмас. Ушбу асосларни кенг шарҳ этишга йўл қўйилмаслиги хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаро-тадбиркорларни хўжалик судига даъво тақдим этиш ҳуқуқини кафолатлайди.

ХПКнинг 117-моддасига мувофиқ судья қуйидаги ҳолларда даъво аризасини қабул қилишни рад этиши мумкин:

1) Хўжалик судининг судьяси даъво аризасини қабул қилишда агар низо хўжалик судида кўриб чиқишга тегишли бўлмаса ёки хўжалик суди судловига тааллуқли бўлмаса, даъво аризасини қабул қилишни рад этади. Бу ерда суз идоравийлик тамойилини бузилганлиги ҳақида кетади. Чунки Конституциявий суд ёки бошқа судларнинг ваколатига тегишли бўлган низолар ёки бошқа ишлар, ёхуд қонунга мувофиқ бошқа юрисдикция идоралари томонидан ҳал этиладиган низолар ёки бошқа ишлар хўжалик судида кўриб чиқилмайди. Шу билан бирга бу бандда тааллуқлилик масаласи ёритилган бўлиб, хўжалик судларига тааллуқли низолар тоифалари ХПКнинг 23, 24-моддаларида батафсил кўрсатилган бўлиб, қайд этилган ишлардан ташқари қонун билан хўжалик судига тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин. Хўжалик судлари ушбу банд бўйича даъво аризаларини қабул қилишни рад этишларида ХПК нинг 23-моддасини 5-қисмида кўрсатилган ҳолатни яъни ўзаро боғлик бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий судга тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда ҳамма талаблар умумий судда кўрилиши керак деган қоидани ҳам  қўллашлари лозим.

2) Айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ажрими ёхуд умумий суднинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори ёки ажрими бўлса даъво аризани қабул қилиш рад этилади;

Ушбу асосни амалиётда қўллашда хатоликлар ҳам мавжуд, масалан, Навоий вилоят хўжалик суди томо-нидан, даъвогар- "Мифини" хусусий фирмасининг, жа-вобгар-"Сарбон" жамоа корхонасидан 750360 сўм ундириш тўғрисидаги 02/09-41-сонли иш бўйича 1998 йил 28 февралдаги ажрим билан ХПКнинг 117-моддаси 2-қисмига кўра шу томонлар ва шу предмет бўйича томонлар ўртасидаги низо юзасидан вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори мавжуд деган асос билан даъво аризасини қабул қилишни рад этган. Даъвогар бу ажрим устидан шикоят берган. Апелляция инстанциясида аниқланишича, даъвогар даъво ариза берганидан бошлаб, иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар бўлган давр учун пеня сўраб мурожаат этган. Биринчи даъво бўйича эса бундай талаб қўйилмаган, шунинг учун апелляция инстанцияси томонидан бу ажрим бекор қилиниб, ХПКни 172-моддасига кўра ишни биринчи инстанцияда мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган. 

3) хўжалик судининг, умумий суднинг, ҳакамлар судининг иш юритишида айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган ҳакамлар судининг қонуний кучга кирган қарори бўлса, хўжалик суди ҳакамлар судининг қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этиб, ишни қарорни қабул қилган ҳакамлар судига янгидан кўриш учун қайтарган, бироқ ишни ўша ҳакамлар судида кўриш имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

ХПКнинг 117-моддасида қайд этилган асослар бўйича хўжалик судлари томонидан даъво аризаларини қабул қилиш рад этилганида даъвогар айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича ва низо хўжалик судига тааллуқли бўлмагани учун низо юзасидан хўжалик судига қайта мурожаат қилишига йўл қўйилмайди. 

Хўжалик процессуал кодексининг 117-моддасини 2, 3, 4-бандларида кўрсатилган асослар билан даъво ари-зани қабул қилишни рад этиш ҳолатлари суд амалиётида кам учрайди. Ушбу ҳолатлар кўп ҳолларда судда иш қўзғатилганидан сўнг, ишда иштирок этувчи шахслар орқали аниқланади, бундай ҳолатларда суд ХПКнинг 86-моддаси 2-бандини қўллаб, иш юритишни тугатади.

Судья юқорида қайд этилган асослар мавжудлигини аниқлаган ҳолларда, даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқариб, уни томонларга ариза судга келиб тушганидан бошлаб, беш кундан кечиктирмасдан буюртма хат орқали юборади. Даъво аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим суд номидан чиқарилади, чунки Хўжалик процессуал қонунчилиги бўйича судья суднинг ҳар қандай актини чиқаришда бевосита суд номидан ҳаракат қилади. Даъвогарга жўнатиладиган қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримга, даъво материаллари илова қилинади. Ушбу ҳолатларда давлат божини қайтариш масаласи муҳим бўлиб, давлат божи Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрдаги (кейинги 06.05.1994 йил, 30.08.1996 йил, 27.12.1996 йил, 25.04.1997 йил, 30.08.1997 йил, 01.05.1998 йил, 29.08.1998 йилдаги ўзгартишлари билан) "Давлат божи тўғрисида" ги Қонунда белгиланган ҳолларда қайтарилади.

Қонунга биноан (6-модда 6-банди) хўжалик судлари томонидан аризалар (шикоятлар) қайтарилганда ёки уларни қабул қилиш рад этилганида давлат божи ҳам қайтарилади.

Хўжалик суди судьясининг даъво аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин. Ажрим апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан бекор қилинган тақдирда даъво аризаси хўжалик судига дастлабки мурожаат қилинган кундан берилган, деб ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Хўжалик процессуал кодексига янги норма суд буйруғи бериш институти киритилган бўлиб, вилоят хўжалик судлари даъво аризани қабул қилишни рад этиш бўйича ХПКнинг 117-моддасидан ташқари, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги Кодекснинг 107-моддасини ҳам  амалиётда қўлламоқдалар.

Ушбу моддага кўра томонларнинг суд буйруғини бериш ҳақидаги аризалари қуйидаги 5 асосга кўра қабул қилиш рад этилади:

1) билдирилган талаб ХПКнинг 103-моддасида назарда тутилмаган бўлса, яъни солиқлар, йиғимлар ва мажбурий тўловларни ундиришни ташкилот ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги талаб, ҳужжатлар асосида тан олинган талаб, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланувчи талабларга мос келмаса;

2) ариза ХПКнинг 104-моддасида белгиланган талабларга, яъни аризани шакли ва мазмунига риоя қилинмаган ҳолда берилган бўлса;

3) билдирилган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, (бу ҳолатда фақатгина солиштирув далолатномаси эмас балки шартнома, юк хатлари, актлар ва бошқа ишга тааллуқли ҳужжатлар);

4) қарздорга аризани нусхасини топширилганлиги тўғрисидаги далиллар судга тақдим этилмаган бўлса;

5) билдирилган талаб учун давлат божи тўланмаган бўлса.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, суд буйруғи бериш ҳақидаги аризаларни аксарияти ариза шакли ва мазмунига амал қилмаслик ва давлат божи тўланмагани учун қайтарилмоқда. Масалан, Бухоро вилоят хўжалик суди томонидан 6 та ариза бож тўламаганлик учун, 1 та ариза ХПКнинг 109-моддасининг 2-бандига кўра, яъни ҳуқуқ тўғрисидаги низони мавжуд берилган ҳужжатлар асосида ҳал этиб бўлмайди, деган хулоса билан суд буйруғини бериш ҳақидаги аризани қабул қилиш рад этилган. Хўжалик судлари томонидан суд буйруғи бериш ҳақидаги аризаларни қабул қилишда ҳам хатоликларга йўл қўйилмокда. Бундай ҳолатларга, томонлар давлат божидан озод қилишни сўраб илтимоснома бермасдан фақат маълумотнома берсалар, умумий тартибда даъво аризани расмийлаштириб берсалар ҳам қабул қилишни рад этиш ўрнига, қабул қилиб суд буйруғи бермоқдалар. Бундай ҳолатлар барча хўжалик судлари фаолиятида учрайди.

Шу ерда таъкидлаб ўтиш лозимки, хўжалик судлари ХПКда белгиланган суд буйруғи бериш институтини доим ҳам тўғри қўлламаяптилар. Даъвогарлар кўпинча судга даъво ариза билан мурожаат қилсаларда, аммо даъво аризалар умумий тартибда кўрилмасдан, суд буйруғи берилмоқда. Бу ишларни кўпчилиги давлат божи тўловлари амалга оширилмасдан, бождан озод қилиш масаласи ҳал этилмай, кўрилиб, даъво ариза бўйича белгиланган миқдорда давлат божи суммалари жавобгарлардан умумий тартибда тўланиши лозим бўлган божнинг 50 фоизи миқдорида ундирилмоқда. Бу эса оқибат натижада давлат божининг умумий миқдорига салбий таъсир кўрсатади.

Хўжалик судлари даъво аризаларни қабул қилишда Хўжалик процессуал кодексини 118-моддасида кўрсатилган камчиликлар борлигини аниқлаганликлари тақдирда даъво аризаларни қайтаришлари лозим. Ушбу моддада даъво аризани қайтариш асослари рўйхати, бу процессуал ҳаракатни расмийлаштириш, даъво аризани қайтариш ҳақидаги ажрим устидан шикоят бериш тартиби ва қайтаришнинг ҳуқуқий оқибатлари ёритилган.

Судья даъво аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, яъни:

1) даъво аризасини ХПКнинг 112-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;

2) даъво аризаси имзоланмаган ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

3) иш мазкур хўжалик суди судловига тегишли бўлмаса;

4) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга даъво аризасининг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;

5) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

6) шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса;

7) битта даъво аризасида бир ёки бир неча жавобгарга ўзаро боғланмаган бир неча талаб бирлаштирилган бўлса;

8) қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ қарз банк ёхуд бошқа кредит муассасаси орқали олиниши лозим бўлганида, жавобгардан қарзни олиш учун банкка ёки бошқа кредит муассасасига мурожаат қилинганлиги ҳақида далиллар тақдим этилмаган бўлса;

9) агар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунга қадар уни қайтариб олиш тўғрисида даъвогардан ариза тушган бўлса.

Хўжалик судининг судьяси юқорида қайд этилган асослар мавжудлигини аниқлаган ҳолларда, даъво аризасини қайтариш ҳақида у олинган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.

Даъвогарга жўнатиладиган ажримга даъво материаллари қўшиб юборилади. Ушбу ҳолатда ҳам давлат божини қайтариш масаласи муҳим бўлиб, бунда ҳам давлат божи "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунда белгиланган ҳолларда қайтарилади. Судьянинг даъво аризани қайтариш ҳақидаги ажрими устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин ва томонларнинг ушбу ҳуқуқлари ажримнинг хулоса қисмида албатта ёритилиши лозим бўлади. Даъво аризани қайтариш ҳақидаги ажрим апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан бекор қилинган тақдирда даъво аризаси хўжалик судига дастлабки мурожаат қилинган кундан берилган деб ҳисобланади. Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган хатолар бартараф этилганидан кейин иккинчи марта хўжалик судига умумий тартибда даъво аризаси билан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Амалиёт таҳлили шуни кўрсатадики, асосан даъво аризани шакли ва мазмунига риоя этмаслик, давлат божи тўламаслик уларни қайтаришга сабаб бўлмоқда.

Хўжалик судлари томонидан даъво аризалари қайтаришда камчиликлар ва хатоликларга йўл қўйилмоқда. Ажримлар расмийлаштирилишида фақат ХПКнинг тегишли моддасини кўрсатиш билан чегараланиб, қайтариш сабабларини ёритмаслик ҳоллари мавжуд.

Хўжалик юритувчи субъектлар кўп ҳолатларда ҳозирги кунгача даъво аризани расмийлаштиришни билмасликлари ва юристлар йўқлиги оқибатида расмийлаштириш тартибига риоя қилмасдан, жуда қисқа, саёз ва тушунарсиз ёзиб хўжалик судларига тақдим этмоқдалар. Бунга Фарғона "Ўзнефтниқайтаишлаш" Давлат ишлаб чиқариш бирлашмасининг жавобгар - Наманган вилоят "Нуробод" жамоа корхонасидан 87295 сўм ундириш ҳақидаги даъво аризасини мисол тариқасида келтириш мумкин. Ушбу даъво ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар хўжалик суди томонидан ХПКнинг 112-моддасига риоя қилинмагани, даъво ариза 1997 йил 5 сентябр санаси билан қайд этилгани, ундирилиши лозим бўлган суммани ҳисоби тақдим этилмагани учун 1998 йил 16 апрелдаги ажрим билан қайтарилган.

Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ва даъво аризасини қайтариш бўйича суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш асосида судлов таркиби хўжалик судларига қуйидагиларни тавсия қилишни лозим деб топади:


1. Хўжалик судлари ХПКнинг 107, 117 ва 118-моддаларига кўра даъво аризаларини (аризалар) қабул қилишни рад этиш ва қайтариш бўйича ажрим чиқаришларида қайд этилган моддаларнинг бандлари-нигина кўрсатмасдан, балки ушбу бандларда қайд этилган асосларни ҳам кўрсатишлари лозим;


2. ХПКнинг 112-моддасига мувофиқ даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан уларнинг ваколати доирасида имзоланиши лозимлигидан келиб чиқиб, даъво аризани қабул қилишни рад этиш ва қайтаришнинг ҳар бир ҳолатида хўжалик суди томонидан даъво аризасини имзолаган шахснинг ваколати текширилиши зарур;


3. Даъво аризани қабул қилишни рад этиш ва қайта-риш ҳақидаги ажрим билан даъво аризасига илова қи-линган ҳамма асл нусхадаги ҳужжатлар ва давлат божи маълумотнома билан даъвогарга қайтарилиши лозим.


4. Даъвогарлар томонидан даъво ариза берилишида почта ҳаражатлари тўланмаган ҳолларда сансалорликка йўл қўймаслик мақсадида, аризани иш юритувга қабул қилиб, суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақидаги ажримда даъвогарга почта ҳаражатини тўлаб келиш мажбурияти юклатилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.


(асосий)



Время: 0.0038
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск