язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Уй-жой қонунчилиги/ Хизмат турар жойлари/ Хизмат турар жойлари бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.01.2000 й. 24-сон қарорига 1-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 27 январдаги

24-сон қарорига

1-ИЛОВА


Хизмат турар жойлари бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Давлат ва хусусий уй-жой фонди уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб кириши учун мўлжалланган турар жойлар хизмат турар жойлари деб ҳисобланади.


2. Уй-жойнинг идоравий бўйсунишидан қатъий назар, турар жойни хизмат турар жойларига киритиш ушбу турар жойлар мулки бўлган ёки бошқарувида бўлган корхона, муассаса, акциядорлик ташкилоти ёки жамоат ташкилотининг (кейинги ўринларда - иш берувчи деб аталади) тавсиясига кўра давлат уй-жойи ёки хусусий уй-жойни тақсимлаш режасига мувофиқ жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади.

Хусусий уй-жой фонди уйларидан хизмат турар жойлари берилганда уй эгаси билан иш берувчи ўртасида қонунда белгиланган тартибда уй-жойни ижарага олиш шартномаси тузилади.


3. Хизмат турар жойларига киритиладиган турар жой яшаш учун яроқли бўлиши ҳамда санитария, техника ва ёнғинга қарши талабларга жавоб бериши керак.


4. Хизмат турар жойлари у ёки бу шахсга иш берувчининг тавсияномасига кўра берилади. Ушбу тавсиянома меҳнат шартномаси нусхаси ва турар жойнинг ҳуқуқий тегишлилиги тўғрисидаги маълумотнома билан биргаликда жойлардаги давлат ҳокимияти органларига тақдим этилади.


5. Жойлардаги давлат ҳокимияти органи томонидан қабул қилинган қарор асосида фуқарога белгиланган шаклдаги хизмат турар жойига далолатнома берилади, ушбу далолатнома ижара шартномаси бўйича берилган хизмат турар жойига кўчиб кириш учун ягона асос ҳисобланади.


6. Хизмат турар жойига кўчиб кириш муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди уйларида жойлашган турар жойлар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. Хизмат турар жойига кўчиб киришга далолатнома жойлардаги давлат ҳокимияти органининг қарорига аниқ мувофиқ ҳолда турар жойларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш бўлими томонидан ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органи томонидан тайинланадиган махсус тайинланган мансабдор шахс томонидан берилади.

Далолатнома амалда бўш турган хизмат турар жойигагина берилиши мумкин.


8. Далолатнома бевосита хизмат турар жойи берилаётган фуқарога, ёки, истисно ҳолларда (касаллик, хизмат сафари), белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома бўйича бошқа шахсга берилиши мумкин.


9. Далолатномани олишда паспорт (ту?илганлик тўғрисидаги гувоҳнома) ёки далолатномага киритилиши керак бўлган оиланинг барча аъзолари учун паспортнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

Ҳарбий хизматчилар паспортсиз яшайдилар. Ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар ҳарбий хизматчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномаси асосида яшайдилар.


10. Хизмат турар жойига далолатнома бериш оиланинг ҳақиқий таркиби турар жой бериш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган таркибга мос келмаган тақдирда мазкур жойлардаги давлат ҳокимияти органининг қарори билан тўхтатилиши мумкин.


11. Агар фуқаро эгаллаб турган лавозим Хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига кирмаса, фуқароларга хизмат турар жойига кўчиб киришга далолатнома берилишига йўл қўйилмайди.


12. Идоравий қарашлилигидан қатъи назар, хизмат турар жойларини ҳисобга олиш ва ушбу жойларга берилаётган далолатномаларни рўйхатдан ўтказиш жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Берилган хизмат турар жойига кўчиб кирилгандан ва рўйхатдан ўтказилгандан кейин далолатнома иш берувчига топширилиши ва қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат сифатида сақланиши керак.

13. Хизмат турар жойи мулкдори ёки у томонидан бунга вакил қилинган орган (бошқарувчи ташкилот) билан номига ишончнома берилган фуқаро ўртасида хизмат турар жойини сақлаш ва ундан фойдаланишга доир ўзаро муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва хизмат турар жойини ижарага олиш шартномаси билан тартибга солинади.


14. Хизмат турар жойини ижарага олиш шартномаси муддати у имзоланган кундан ҳисобланади ва меҳнат шартномаси муддати тугаши билан биргаликда тўхтатилади, яъни хизмат турар жойлари меҳнат шартномаси амал қилиши вақтига ёки сайлаб қўйиладиган лавозимлар муддатлари тамом бўлишигача берилади.

Меҳнат шартномасида ва хизмат турар жойини ижарага олиш шартномасида номига ишончнома берилган фуқаронинг ва унинг оиласининг вояга етган аъзоларининг меҳнат шартномаси тўхтатилгач хизмат турар жойини бўшатиш тўғрисидаги мажбурияти қайд этилган бўлиши керак.

Эгаллаб турилган хизмат турар жойини бўшатишдан бош тортилган тақдирда ижарага олувчи ушбу жойда рўйхатдан ўтказилган барча шахслар билан биргаликда иш берувчининг суд тартибидаги ёзма огоҳлантиришидан бир ойдан кейин бошқа турар жой бермасдан кўчирилади, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 80-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар меҳнат, хизмат муносабатлари тикланса, хизмат турар жойини ижарага олувчи хизмат турар жойи ижара шартномаси муддати тугагандан кейин ҳам ижара шартномасини қайта тиклашда имтиёзли ҳуқуқни сақлаб қолади.


15. Хизмат турар жойини ижарага олувчи ундан хизмат турар жойининг мақсадига ва шартнома шартларига мувофиқ фойдаланиши, турар жойга ва коммунал хизматларга тўловларни ҳар ойда, ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тўлаши керак.

Тўлов муддати белгиланган муддатлардан кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, бироқ тўловнинг кечиктирилган суммасидан 50 фоиздан ортиқ бўлмаган пеня ҳисобланади.

Турар жой ва коммунал хизматлар учун тўловлар тижорат банки муассасалари ёки тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга оширилади.

16. Хизмат турар жойлари бўлиб олиниши, алмаштирилиши, брон қилиниши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.


17. Хизмат турар жойини ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги билан ўзи эгаллаб турган хизмат турар жойига оила аъзоларини, оиланинг вояга етган барча аъзоларининг ёзма розилиги билан эса бошқа фуқароларни кўчириб киритишга ҳақлидир. Оиланинг вояга етмаган аъзоларининг кўчиб киришига бундай розилик талаб қилинмайди.

Хизмат турар жойига бошқа фуқароларнинг кўчиб киришига бир кишига тўғри келадиган уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши шарти билан йўл қўйилади, вояга етмаган болаларни ва меҳнатга лаёқатсиз ёлғиз ота-оналарни кўчириб киритиш бундан мустасно.


18. Хизмат турар жойларидан бошқа мақсадда фойдаланиш ёки уни ижарага бериш тақиқланади.


19. Хизмат турар жойига далолатнома суд тартибида ҳақиқий эмас деб тан олиниши мумкин.


20. Турар жойни хизмат турар жойларидан чиқариш қуйидаги ҳолларда:

агар хизмат турар жойига эҳтиёж бўлмаса;

хизмат турар жойи белгиланган тартибда яшаш учун яроқли эмас деб эътироф этилса;

хизмат турар жойи бириктирилган ташкилот тугатилса ва ушбу ташкилотнинг ҳуқуқий вориси бўлмаса;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда жойлардаги давлат ҳокимияти органининг қарорига кўра амалга оширилади.

Иш берувчи томонидан ходимга турар жой берилган ва бу ходим Уй-жой кодексининг 80-моддасига асосан, бошқа турар жой бермаган ҳолда, хизмат турар жойларидан кўчирилиши мумкин бўлмаса, мазкур турар жой хизмат турар жойларидан ташкилотнинг талабига кўра чиқарилиши мумкин.


21. Хизмат турар жойи ишдан бўшаган ходимнинг ўрнига тайинланган янги ходимга берилганда турар жойларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш бўлимига ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органининг махсус тайинланган мансабдор шахсига мазкур Тартибнинг 4-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва илгари берилган далолатнома тақдим этилади.


22. Хизмат турар жойларидан кўчириш Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодеќсининг 79 - 80-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.


23. Хизмат турар жойлари бериш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ низолар қонунда белгиланган тартибда ҳал этилади.