ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Давлат сири. Тижорат ва хизмат сири. Конфиденциал ахборот /

Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 848-XII-сон "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.05.1993 й.

N 848-XII



ДАВЛАТ СИРЛАРИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар, Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий тузилмалари ва фуқароларининг республика ҳудудидаги ҳамда унинг ташқарисидаги фаолиятининг барча турларида давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.



1-модда. Давлат сирлари тушунчаси

Давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо маҳфий ва маҳфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади.

Давлат сирлари Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.



2-модда. Давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асоси

Давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва унга мувофиқ равишда чиқариладиган Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.


3-модда. Давлат сирларининг категориялари

Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари - давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини қамраб олади.

Ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади.

Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар ҳарбий сирни ташкил этади.

Ошкор этилиши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади.


4-модда. Муайян тартибга бўйсунувчи объектлар

Алоҳида тартибга бўйсунувчи, алоҳида муҳим ва муайян тартибга бўйсунувчи объектлар рўйхати, шунингдек уларнинг сирасига мансуб деб топиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.


5-модда. Ахборотларни давлат сирларига мансуб деб топиш

Ахборотларни маҳфийлаштириш ва маҳфийликдан чиқариш ушбу Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган маълумотларнинг маҳфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикасида маҳфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар Рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти белгилаб қўядиган давлат сирларини сақлашни таъминловчи давлат органлари Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларининг мулки ҳисобланган ахборотларни маҳфийлаштириш ва маҳфийликдан чиқаришга ҳақлидир.

Давлат сирларига тааллуқли маълумотларга эга бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, айрим фуқаролар бундай маълумотлар маҳфийлаштирилиши зарурлиги тўғрисидаги масала ҳал этилиши учун давлат сирлари сақланишини таъминловчи органларга мурожаат этишлари лозим.

Маҳфийлаштирилиши фуқаронинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборот давлат сирларига мансуб деб топилиши мумкин эмас.

Ахборот эгалари ахборотларни маҳфийлаштириш ёки маҳфийликдан чиқаришга оид ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар устидан судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.



6-модда. Давлат сирларини сақлаш тизими

Ахборотларни маҳфийлаштириш, улар билан танишиш учун ижозат бериш тартибини ҳамда шу билан боғлиқ чекловларни, шунингдек давлат сирларидан фойдаланиш тартибини ўзида мужассам этувчи давлат сирларини сақлаш тизимини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросига маҳфий маълумотлар билан ишда фойдаланиш учун берилган ижозатни тўхтатиш ёки бундан маҳрум қилиш фуқарони ўзига маълум бўлган давлат сирларини ошкор қилмаслик мажбуриятидан халос этмайди.



7-модда. Ахборотларни маҳфийлаштириш муддатлари

Ахборотлар маҳфийлаштирилишининг қанчалик асосли эканлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда ҳар беш йилда қайта кўриб чиқилади.



8-модда. Давлат сири ёки ҳарбий сирлардан воқиф бўлган

фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш

Давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўзи ёзма равишда берган розилиги билан маҳфийлик муддати тугагунига қадар, лекин кўпи билан беш йилга ҳуқуқлари чекланиши мумкин.


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг

давлат сирларини сақлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколат доирасида:

давлат сирлари сақланишини, алоқанинг махсус турлари ва шифр иши хавфсизлигини, чет эл разведкасининг техникавий воситаларига қарши ҳаракатларни таъминлаш устидан назоратни йўлга қўяди;

давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларда маҳфийлик тартиби текширилишини амалга оширади. Бунда давлат сирлари сақланишига қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар тақдим этади;

давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштиришда фуқароларнинг розилиги билан уларни махсус текширувдан ўтказади;

давлат сирларини сақлаш масалаларида идораларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

давлат сирларини сақлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ўзга чора-тадбирларни амалга оширади.


10-модда. Давлат сирларини сақлаш борасидаги бурч,

уларни ошкор этганлик ёки қонунга хилоф равишда

маҳфийлаштирганлик учун жавобгарлик

Давлат сирларини сақлаш - бундай сирларга эга бўлган барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг мансабдор шахслари ва фуқароларининг бурчи. Давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ бирон-бир ишлар бундай сирларни сақлаш юзасидан чоралар кўрилганидан кейингина амалга оширилади.

Давлат сирларини сақлаш бўйича масъулият давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади.

Давлат сирларини ошкор этганлик, бундай сирлар ифодаланган ҳужжатлар ва буюмларни йўқотганлик учун ёки ахборотларни қонунга хилоф равишда маҳфийлаштирганлик учун айбдорлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1993 йил, 5-сон, 232-модда.


































Время: 0.0156
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск