ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Экологик назорат /

Идоравий экологик назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 08.10.2015 й. 286-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 8 октябрдаги

286-сон қарорига

1-ИЛОВА


Идоравий экологик назоратни амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу идоравий экологик назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) "Экологик назорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан уларга идоравий мансуб ташкилотларда идоравий экологик назоратни амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Идоравий экологик назоратни амалга ошириш тартиби "Экологик назорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқа қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом билан тартибга солинади.


3. Функцияларига табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни ташкил қилиш ва (ёки) мувофиқлаштириш, шунингдек ўзларига идоравий мансуб ташкилотларнинг фаолияти атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариш ва оқизиш ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлса, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида атроф-муҳит ва табиий ресурслар ҳолати устидан идоравий экологик назоратни юритиш мажбурий ҳисобланади.



II. ИДОРАВИЙ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ СОҲАСИДА

ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИНИНГ

АСОСИЙ МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идоравий экологик назорат соҳасида идоравий мансуб ташкилотларда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида қуйидагиларни амалга оширишлари шарт:

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва унга чек қўйиш;

атроф-муҳитнинг ифлосланишига, ўзларига фойдаланишга берилган табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги мажбуриятлар бажарилишини, идоравий экологик дастурлар амалга оширилишини таъминлаш;

идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти натижасида атроф-муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва ўз ваколати доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотларини ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш.


5. Юкланган мажбуриятларни амалга ошириш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:

экологик назорат соҳасидаги ички идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

экологик нормативлар ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва уларга риоя қилинишини назорат қилади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқариш тадбирлари режалари ва дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда бажарилишини мувофиқлаштиради;

идоравий мансуб ташкилотларда атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ва оқизилиши, атроф-муҳит ва табиий ресурсларнинг ҳолати устидан узлуксиз кузатиш тизими яратилишига кўмаклашади ҳамда улар ишини назорат қилади;

экологик хизматлар ходимлари тайёрланиши ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этади;

идоравий мансуб ташкилотларда ишлаб чиқариш экологик назорати олиб борилишига методик ёрдам кўрсатади ва кўмаклашади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган, шунингдек идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга ошириш бўйича мажбуриятлар бажарилмаслигида айбдор бўлган ходимларни интизомий ва моддий жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширишлари мумкин.



III. ИДОРАВИЙ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ ОБЪЕКТЛАРИ


6. Идоравий экологик назорат объектлари қуйидагилардан иборат:

ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси;

атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар;

атроф-муҳит ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.



IV. ИДОРАВИЙ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ СУБЪЕКТЛАРИ


7. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идоравий экологик назорат субъектлари ҳисобланади.

Қуйидагилар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари номидан идоравий экологик назоратни амалга оширади:

ўзининг низомига (уставига) мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқарув органи;

давлат ва хўжалик бошқаруви органи ходимлари;

давлат ва хўжалик бошқаруви органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил қилинган экологик хизмати.


8. Давлат ва хўжалик бошқаруви органининг бошқарув органи:

идоравий экологик назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги ички идоравий ҳужжатларни тасдиқлайди;

идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назорати масалалари бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва тушунтиришлар беради;

идоравий мансуб ташкилотлар идоравий экологик хизмат ва (ёки) давлат ва хўжалик бошқаруви органининг идоравий экологик назоратни амалга ошираётган ходимлари ўртасидаги низоларни кўриб чиқади ва улар бўйича қарор қабул қилади.


9. Давлат ва хўжалик бошқаруви органининг ходимлари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органининг экологик хизмати фаолиятни меҳнат шартномаларига, лавозим йўриқномаларига ва бошқа идоравий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширадилар.



V. ИДОРАВИЙ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТНИНГ ШАКЛЛАРИ


10. Қуйидагилар идоравий экологик назоратнинг шакллари ҳисобланади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишини текшириш;

атроф-муҳит мониторинги;

идоравий мансуб ташкилотларни текшириш.


11. Идоравий экологик назорат атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи омилларни ҳисобга олиш, атроф-муҳит ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳолатини таҳлил этиш, баҳолаш ва прогноз қилиш йўли билан ҳам амалга оширилади.


12. Идоравий экологик назоратни амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шакллардан ҳам фойдаланилиши мумкин.


13. Идоравий экологик назоратнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган шакллари қўлланилишига йўл қўйилмайди.



VI. ИДОРАВИЙ МАНСУБ ТАШКИЛОТЛАР ТОМОНИДАН

АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРДАН

ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ

ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИ, ТАДБИРЛАР РЕЖАЛАРИ ВА

ДАСТУРЛАРНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ ТЕКШИРИШ


14. Идоравий мансуб ташкилотлар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, тадбирлар режалари ва дастурларнинг амалга оширилишини текшириш (кейинги ўринларда текшириш деб аталади) режали текшириш, режадан ташқари текшириш ва назорат тартибидаги текшириш шаклида амалга оширилади.


15. Текшириш текширилаётган ташкилотнинг тегишли иш вақтига тўғри келадиган вақт давомида амалга оширилади.


16. Текширилаётган ташкилотнинг ишлаб чиқариш бўлинмалари, цехлари, шунингдек хизматлари ва маъмуриятининг иш вақти режимлари текшириш ўтказиш вақтига тўғри келмаган ҳолларда ишлаб чиқариш бўлинмалари, цехлар, шунингдек хизматлар ва маъмуриятнинг иш вақти текширишни ўтказиш вақти деб ҳисобланади.


17. Текширишни амалга оширишнинг муддати ва даврийлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбари томонидан белгиланади.


18. Текшириш ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбари ёхуд унинг коллегиал бошқарув органи томонидан тасдиқланган текширишларни амалга оширишнинг йиллик ва (ёки) истиқболли режалари;

йиллик ва (ёки) истиқболли текшириш режаси асосида ва уни бажариш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбари ёки унинг ўринбосарининг текшириш муддати, ижрочилар ва ўрганишга доир масалалар доираси кўрсатилган текширишнинг мақсади тўғрисида қабул қилган буйруғи (фармойиши).


19. Текшириш идоравий мансуб ташкилотлар томонидан табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилган ҳолатларда юридик ва жисмоний шахслардан асосланган шикоятлар тушганда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли қарорлари билан, шунингдек авария, фавқулодда вазиятлар ва рухсат этилмаган атроф-муҳитни ифлослантириш хавфи юзага келган вазиятларда ҳам тайинланиши мумкин.


20. Текшириш давомида қуйидагилар ўрганилади:

давлат идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоатчилик экологик назорати тартибида амалга оширилган охирги текшириш ҳужжатлари;

давлат экологик экспертизаси хулосаси;

экологик аудит материаллари;

рухсатнома ва норматив ҳужжатлар (атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариш ва оқизиш ҳамда чиқиндиларни жойлаштиришни меъёрлаш бўйича материаллар, ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжатлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш, кон ажратмаси далолатномалари, лицензиялар ва бошқалар);

текширилаётган объект ҳудудида бошқа табиатдан фойдаланувчиларнинг мавжудлиги ва фаолиятни амалга оширишнинг асослари, шунингдек улар томонидан тегишли фаолият бўйича шартнома шартларига риоя қилиниши;

атроф-муҳитнинг идоравий мониторинги материаллари;

давлат экологик назорат органлари кўрсатмаларининг бажарилиши ҳолати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тармоқ ва ҳудудий дастурлар ва ушбу ишлаб чиқариш объектига тегишли бўлган бошқа режалар ва тадбирлар, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш бўйича режалар ва тадбирлар амалга оширилиши;

табиатдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳисобот маълумотларининг ишончлилиги;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек атроф-муҳит ифлослантирилишини назорат қилиш ишларини ташкил этишнинг ҳолати;

оқова сувларни тозалаш объектларининг ва атмосферага чиқаришнинг, ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳитга чиқарилиши ва оқизилиши устидан назорат қилувчи асбоб-ускуналар, приборлар ва қурилмаларнинг ҳолати;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектлар режимининг таъминланиши;

атроф-муҳит муҳофазаси маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланиши;

лойиҳавий ва амалдаги кўрсаткичлар;

ишлаб чиқариш фаолияти;

ишлаб чиқариш майдонлари ва цехларнинг жойлаштирилиши, ишлаб чиқариш технологик схемаси;

табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳолати (ифлослантирувчи моддаларни чиқариш, оқизиш ҳамда ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларининг манбалари, таркиби, ҳажмлари ва бошқалар);

табиий ресурсларнинг, шу жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг қайта тикланиши ва уларнинг сифати;

табиатдан фойдаланганлик ва атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўловлар тўланиши;

текширилаётган объектдаги табиатни муҳофаза қилиш фаолиятига оид бошқа материаллар.


21. Авариялар, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва улар хавф солганда, атроф-муҳит рухсат берилмаган ҳолда ифлослантирилганда, табиий ресурслардан фойдаланиш бузилганда юридик ва жисмоний шахсларнинг шикоятлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тегишли қарорларига кўра уларнинг пайдо бўлиши сабаблари ва шарт-шароитлар билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилади.


22. Текширилаётган ташкилотнинг объектларида намуналар олиш табиий муҳитни ифлослантириш манбалари мавжуд бўлганда, чиқиндилар жойлаштирилганда амалга оширилади.


23. Атмосфера ҳавосига зарарли моддаларни чиқариш, оқова сувларни оқизиш манбаларидан, тупроқдан намуналар олиш ва улардаги зарарли моддалар миқдорини таҳлил қилиш давлат экологик назорати органларида қўлланиладиган методикалар бўйича амалга оширилади.


24. Ифлослантирувчи моддалар эмиссиясини баҳолаш олинган кўрсаткичларни белгиланган экологик нормативлар билан солиштириш орқали амалга оширилади.



VII. АТРОФ-МУҲИТНИНГ ИДОРАВИЙ

ЭКОЛОГИК НАЗОРАТИНИ ЮРИТИШ


25. Атроф-муҳитнинг идоравий экологик назорати қуйидаги тизимда юритилади:

атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги табиий объектлар, ифлослантириш манбалари, хавфли табиий-техноген жараёнлар бўйича, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фон мониторинги шаклида;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган ички идоравий ҳужжатларда белгиланган тартибда атроф-муҳит ва табиий ресурслар ҳолати устидан ички идоравий мониторинг.

26. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, агар уларга идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариш ва оқизиш ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлса, атроф-муҳит ва табиий ресурслар ҳолати устидан ички идоравий экологик назоратни юритиш мажбурий ҳисобланади.



VIII. ИДОРАВИЙ МАНСУБ ТАШКИЛОТЛАРНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идоравий мансуб ташкилотларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш, шунингдек атроф-муҳитни ифлослантириш, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш мақсадида идоравий мансуб ташкилотларни назорат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.


28. Идоравий мансуб ташкилотларни назорат қилиш уларнинг фаолияти билан тезкор танишиш имкониятини таъминловчи айланиб чиқиш, кўздан кечириш ва бошқа шаклларда амалга оширилади.


29. Назорат қилиш ички идоравий экологик назорат учун назарда тутилган тартибда амалга ошириладиган намуналарни олиш, фото- ва видеотасвирлар ҳамда ҳужжатлаштиришнинг бошқа усуллари билан биргаликда олиб борилади.


30. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан назорат қилинганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоатчилик экологик назоратининг инспекторлари жалб қилиниши мумкин.


31. Назорат қилишнинг муддати, даврийлиги ва бошқа шартлари ички идоравий ҳужжатлар билан белгиланади.



IX. ИДОРАВИЙ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ


32. Текшириш якунлари бўйича далолатнома тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

у тузилган сана ва жой;

текширишни амалга оширишда қатнашган шахсларнинг, шунингдек назорат қилинадиган ташкилот вакилларининг лавозими, фамилияси, исми ва отасининг исми;

тегишли ҳужжатларнинг реквизитлари кўрсатилган ҳолда текширишни ўтказишнинг асослари;

текширишнинг амалда бошланган ва якунланган санаси;

ўрганиш учун қўйилган саволлар рўйхати ва уларга жавоблар;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмлари талаблари, давлат идоравий, ишлаб чиқариш экологик назорати органларининг кўрсатмалари ва тавсиялари, рухсат берувчи ва норматив ҳужжатлар бажарилмаслиги ёки бузилиши ҳолатлари, охирги календарь йил мобайнида тегишли соҳада лавозим мажбуриятлари бажарилмаслиги муносабати билан ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахсларини табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқни бузишлар учун маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолатлари;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг аниқланган ҳолатлари бўйича чоралар кўриш учун таклифлар.

Далолатнома текширишни амалга оширишда қатнашаётган шахслар ва назорат қилинадиган ташкилотнинг вакиллари томонидан имзоланади.


33. Агар назорат қилинадиган ташкилотнинг вакили далолатномани имзолашни рад этса, у ҳолда далолатномада тегишли ёзув қайд этилади.


34. Далолатномага тушунтириш ва маълумотнома материаллар, тушунтиришлар ва мулоҳазалар, назорат қилинадиган ташкилот вакилининг эътирозлари илова қилинади.


35. Назорат қилинадиган ташкилотнинг раҳбари идоравий экологик назорат натижалари бўйича далолатномани имзолашни рад этган тақдирда унда баён қилинган ҳолатларнинг ишончлилиги масаласи далолатномага илова қилинадиган материалларни ва назорат қилинадиган ташкилотнинг раҳбарининг имзолашни рад этишни ёзма асослашини ўрганиб чиқиш йўли билан идоранинг раҳбари томонидан аниқланади.


36. Назорат қилиш якунлари бўйича маълумотнома тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

у тузилган сана ва жой;

назорат қилишда қатнашган шахсларнинг, шунингдек назорат қилинадиган ташкилот вакилларининг лавозими, фамилияси, исми ва отасининг исми;

тегишли ҳужжатларнинг реквизитлари кўрсатилган ҳолда назорат қилишни амалга оширишнинг асоси;

назорат қилишнинг амалда бошланган ва тамом бўлган санаси;

ўрганиш учун қўйилган саволларга жавоблар.

Маълумотнома назорат қилишни амалга оширишда қатнашган шахслар ва назорат қилинувчи ташкилотнинг вакиллари томонидан, агар улар назорат қилишда ҳозир бўлсалар, имзоланади.

Маълумотномага тушунтириш ва маълумотнома материаллар, тушунтиришлар ва мулоҳазалар, назорат қилинган ташкилотларнинг вакили (вакиллари), кино-, фотоҳужжатлар илова қилиниши мумкин.


37. Атроф-муҳитни идоравий экологик назорат қилиш жараёнида намуналар олиш далолатномалари, ўлчаш баённомалари, маълумотнома, таҳлилий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар тузилади.


38. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши аниқланган тақдирда, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларда давлат ва хўжалик бошқаруви органининг мансабдор шахси тегишли чоралар кўриш учун идоравий мансуб ташкилотнинг раҳбарига таклифлар киритади.


39. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идоравий экологик назорат натижалари бўйича ўз низомига (уставига), шунингдек идоравий мансуб ташкилотларнинг низомларига (уставларига) мувофиқ амалга оширишнинг бошқа чораларини кўришга ҳақлидир.


40. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аҳолининг, аҳоли пунктларининг, ишлаб чиқариш объектлари ва коммуникациялар хавфсизлигига таҳдид солувчи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг аниқланган бузилишлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларига хабар беришлари шарт.



X. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41. Идоравий экологик назоратни амалга оширишга аралашиш, тенг равишда идоравий экологик назоратни амалга оширувчи ваколатли шахсларга қандайдир шаклда бўлмасин таъсир кўрсатиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.


42. Идоравий мансуб ташкилот билан идоравий экологик назоратни амалга оширувчи ваколатли шахслар ўртасида юзага келадиган идоравий экологик назорат соҳасидаги низолар тегишли идоранинг бошқарувчи органи томонидан ҳал этилади.


43. Бир томондан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан, иккинчи томондан экологик назоратнинг бошқа субъектлари ўртасида юзага келадиган идоравий назорат соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


44. Идоравий экологик назорат соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 19 октябрь, 41-сон, 525-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 10-сон, 90-модда































Время: 0.2153
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск