ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Экологик назорат /

Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 08.10.2015 й. 287-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 8 октябрдаги

287-сон қарорига

1-ИЛОВА


Жамоатчилик экологик назоратини

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартибини ҳамда жамоатчилик экологик назорати субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Жамоатчилик экологик назорати - атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга доир жамоатчилик чора-тадбирлари тизимидир.


3. Жамоатчилик экологик назорати Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида", "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида", "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Жамоатчилик экологик назорати:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

оммавий ахборот воситалари;

нодавлат нотижорат ташкилотлар;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (кейинги ўринларда фуқаролар деб аталади) томонидан амалга оширилади.

5. Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тамойиллари таъминланиши керак.


6. Қуйидагилар жамоатчилик экологик назоратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;

атроф-муҳит ҳолатини кузатиб бориш, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

атроф-муҳитдаги ўзгаришлар, табиий ресурслардан фойдаланилиши ва кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилишда иштирок этиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш.


7. Қуйидагилар жамоатчилик экологик назоратининг объектлари ҳисобланади:

ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси;

атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар;

атроф-муҳитнинг ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.


8. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида жамоатчилик экология назоратчилари тизимини шакллантириши ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши мумкин.

9. Экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар ва уларнинг мурожаатлари бўйича қонунчиликка мувофиқ ўз вақтида чора кўрадилар.


10. Аҳолининг, аҳоли яшаш пунктларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотларга эга бўлган экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликда белгиланган тартибда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларга ушбу маълумот билан ўз вақтида ва тўлиқ бепул танишишини таъминлаши зарур, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


11. Ўзбекистон экологик ҳаракати, ўз уставидаги вазифаларига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг экологик назоратни амалга оширишдаги иштирокини янада кучайтиришга доир тавсиялар ҳам ишлаб чиқади.



II. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ

ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ЖАМОАТЧИЛИК

ЭКОЛОГИК НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


12. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назорат соҳасидаги фаолияти фуқароларнинг тегишли ўзини ўзи бошқариш ҳудудида (шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар ҳамда шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар маҳаллаларида) амалга оширилади.


13. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда ушбу Намунавий низомнинг 5-бандида санаб ўтилган тамойиллар билан бир қаторда демократизм, ижтимоий адолат, мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналар таъминланиши керак.

14. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назорат бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан амалга оширилади.

15. Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятга умумий раҳбарлик фуқаролар йиғинининг раиси ҳамда фуқаролар йиғинининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси раиси томонидан амалга оширилади.

16. Фуқаролар йиғинининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиясининг жамоатчилик экологик назорати соҳасидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ амалга оширилади.

Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятни амалга ошириш мақсадида Фуқаролар йиғинининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси табиатни муҳофаза қилиш органлари, коммунал хизматлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар, ички ишлар органлари (профилактика бўйича инспекторлар), Ёшлар иттифоқи бўлинмалари вакилларини, фуқаролар йиғинининг раиси маслаҳатчиларини ва соҳалар бўйича комиссиялар вакилларини белгиланган тартибда жалб қилиш ҳуқуқига эга.

17. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича қарорлар тайёрлашда ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ҳамда бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадилар;

тегишли ҳудудда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширадилар;

атроф-муҳитнинг ҳолатини ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришни амалга оширадилар;

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этадилар;

махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, хўжалик юритувчи субъектларга давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда хабардор бўлган ўзининг ваколатли вакилининг кузатувчи сифатида иштирок этиши тўғрисида таклифлар киритадилар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзлари аниқлаган ҳолати тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни хабардор қиладилар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритадилар;

атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қиладилар ва ахборот оладилар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказадилар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитадилар ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қиладилар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўмаклашадилар, экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича, шу жумладан, жамоатчилик экология назоратчилари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қиладилар;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда кўмаклашадилар.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


18. Жамоатчилик экологик назоратининг самарадорлигини ошириш учун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг ҳудудларида ташкил этилган маслаҳат марказлари негизида жамоатчилик экология назоратчиларига қисқа муддатли курслар ўтказишда кўмаклашадилар.

Тегишли ҳудудларда жойлашган таълим муассасалари фуқаролар йиғинлари мурожаатига биноан аҳолининг экологик маданиятини ошириш ишлари доирасида турли тадбирларни ўтказиш, жамоатчилик экология назоратчилари учун қисқа муддатли курслар ташкил қилиш учун ўқув жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналарини тақдим этишлари мумкин.

19. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари экологик назоратни амалга ошириш учун шартнома асосида мутахассис ва экспертларни қонунчиликка мувофиқ жалб қилиши мумкин.


20. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамоатчилик экологик назорати бўйича ваколатларини амалга ошириш учун ўз маблағларидан ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан хайрия сифатида тушган, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар маблағларидан фойдаланиши мумкин.



III. НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАР

ТОМОНИДАН ЖАМОАТЧИЛИК ЭКОЛОГИК

НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

22. Нодавлат нотижорат ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлашда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш;

атроф-муҳитнинг ҳолатини ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига ҳамда табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиб боришда иштирок этиш;

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, хўжалик юритувчи субъектларга давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда ўз вакилининг кузатувчи сифатида иштирок этиши тўғрисида таклифлар киритиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзлари аниқлаган ҳолатлари тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни хабардор қилиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва улардан ахборот олиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;

экологик назоратнинг махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари билан жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича, шу жумладан, жамоатчилик экология назоратчилари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилиш;

давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларида кўмаклашиш;

атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш давлат дастурлари бажарилиши масалалари бўйича оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материалларни тўплаш ва таҳлил қилиш ҳамда мазкур маълумотлар бўйича чоралар кўриш юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича белгиланган тартибда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида ресурсларни ташкил қилиш, оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш, оммавий ахборот воситаларига ҳаммуассис бўлиш, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик экологик назорати натижалари ёритилишида иштирок этиш;

жамоатчилик экологик назорати мақсадида суратга олишларни, аудио ва видеотасвирларни амалга ошириш ҳамда қонунчиликни бузмаган ҳолда ушбу материалларни чоп этиш ва эфирга узатиш;

тегишли давлат органларига экологик назорат масалалари бўйича мурожаатлар юбориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, давлат экологик дастури бажарилиши масалалари бўйича ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва илмий-техникавий кенгашларни ташкиллаштиришда ташаббускорлик кўрсатиш, уларда мутахассис ва экспертларни иштирок этишга жалб қилиш;

жамоатчилик эшитувларини ўтказишда ташаббускорлик қилиш ва уларни ўтказиш.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23. Жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятни моддий ва молиявий таъминлаш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар ташкилот мол-мулкини шакллантиришнинг қуйидаги манбалари маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда тушадиган тушумлар;

ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек жамоатчилик экологик назорати бўйича фаолиятини амалга ошириш учун давлат томонидан белгиланган тартибда бериладиган субсидиялар, ижтимоий буюртмалар ва грантлар шаклида ёрдам олиши мумкин.


24. Нодавлат нотижорат ташкилотлар қуйидагиларни бажариши шарт:

экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;

экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини уларнинг ўрнига бажармаслик.

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



IV. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК ЭКОЛОГИК

НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


25. Фуқаролар жамоатчилик экологик назоратини республика ҳудудида ҳам, ўзининг доимий яшаш жойида ҳам, вақтинча турган жойида ҳам бевосита амалга ошириш ҳуқуқига эга.

26. Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;

экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзлари аниқлаган ҳолати тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш;

атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва улардан ахборот олиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишда, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш.

Фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


27. Фуқаролар қуйидагиларни бажариши шарт:

экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш.

Фуқароларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



V. ЖАМОАТЧИЛИК ЭКОЛОГИК НАЗОРАТИНИНГ

АСОСИЙ ШАКЛЛАРИ


28. Қуйидагилар Жамоатчилик экологик назоратининг асосий шакллари ҳисобланади:

атроф-муҳитнинг ҳолатини ва унинг хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолият таъсиридаги ўзгаришларини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишини кузатиб бориш;

давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитиш;

жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказиш.

Жамоатчилик экологик назорати атроф-муҳит ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шакллар ва усуллардан ҳам фойдаланилиши мумкин.


29. Кузатиб бориш қуйидагиларни:

атроф табиий муҳитга таъсир қилувчи манбалар ҳолатини;

атроф табиий муҳитга таъсир қилувчи физикавий, кимёвий ва биологик жараёнлар, ҳодисалар ва омилларни;

атмосфера ҳавосининг, ер усти ва ер ости сувларининг, тупроқнинг, ер усти экотизимларининг ва геологик муҳитнинг ифлосланиш даражаси ҳолатини;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ҳолати ҳамда ҳўжалик ва бошқа фаолият таъсирида уларнинг деградация жараёнларини таърифлаш (аниқлаш), баҳолаш, таҳлил ва прогноз қилиш мақсадида амалга оширилади.

Кузатиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар томонидан мустақил ишлаб чиқилган режалар ва дастурларга мувофиқ ўзлари учун қулай бўлган усул ва воситалар билан амалга оширилади.


30. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар давлат экологик назоратининг қуйидаги асосий шакллари амалга оширилганда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва бошқа экологик дастурлар амалга оширилишини текшириш;

атроф-муҳит мониторинги;

давлат экологик экспертизаси.


31. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кузатувчилар номзодларини кўрсатиш экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар тақдимига биноан амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан кузатувчилар номзодларини кўрсатиш ташкилотнинг ижро этувчи раҳбарлик органининг тақдимига биноан амалга оширилади.

Фуқаролар давлат экологик назорати амалга оширилганда ўзини ўзи таклиф қилиш йўли билан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидан) ёки ўзи аъзо ёки фаоли бўлган нодавлат нотижорат ташкилот тақдимига биноан кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

32. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг ҳамда фуқароларнинг давлат экологик назоратида кузатувчи сифатида иштирок этиши экологик назорат соҳасида махсус ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


33. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг ҳамда фуқароларнинг идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратида кузатувчи сифатида иштирок этиши тегишли идора ва ташкилот билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг ҳамда фуқароларнинг идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратида кузатувчи сифатида иштирок этишига фақат юридик шахснинг вакили ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг вакили иштирокида йўл қўйилади.

Ишлаб чиқариш участкаларини (цехларни, бўлимларни) ташкилот маъмуриятини ва ҳамроҳлик қилувчи шахсни хабардор қилмасдан айланиб чиқиш (кўздан кечириш) ман этилади.


34. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (ўз ваколатлари доирасида) тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ҳисоботларини эшитадилар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг жамоат эшитувлари, конференциялар, "давра суҳбатлари" ва бошқа тадбирлар ташкил қилинганда экологик назорат соҳасида махсус ваколатли давлат органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул шахсларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитишлари мумкин.


35. Жамоатчилик экологик экспертизаси нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар ташаббуси билан экологик асосланилишида эҳтиёж бўлган ҳар қандай фаолиятда амалга оширилиши мумкин. Жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ман этилади.

Жамоатчилик экологик экспертизаси, давлат экологик экспертизаси ўтказилишидан қатъи назар, амалга оширилиши мумкин.

Жамоатчилик экологик экспертизасининг хулосаси тавсиявий характерга эга.



VI. ЖАМОАТЧИЛИК ЭКОЛОГИК НАЗОРАТИ

НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА АМАЛГА ОШИРИШ ШАКЛЛАРИ


36. Жамоатчилик экологик назорати натижалари белгиланган тартибда маълумотнома ёки ахборот тузиш орқали, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан расмийлаштирилиши мумкин.

Жамоатчилик экологик назорати натижалари бўйича ахборот ёки маълумотнома:

экологик назорат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари томонидан амалга оширилганда тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раиси ёки нодавлат нотижорат ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади;

экологик назорат ўзини ўзи таклиф этиш йўли билан фуқаро томонидан амалга оширилганда назорат натижалари фуқаро томонидан тасдиқлаб берилади.

Жамоатчилик экологик назорати натижалари бўйича ахборот ёки маълумотнома фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига, бошқа давлат органларига, шунингдек ташкилотлар раҳбарларига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун юборилади.


37. Қуйидагилар жамоатчилик экологик назорати натижаларини амалга ошириш шакллари ҳисобланади:

махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жамоатчилик экологик назорати натижалари тўғрисида хабардор қилиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун давлат органларига таклиф киритиш.

Жамоатчилик экологик назорати натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.


38. Махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини жамоатчилик экологик назорати натижалари тўғрисида хабардор қилиш белгиланган тартибда бериладиган оғзаки, ёзма ва электрон мурожаатлар (аризалар, таклифлар ёки шикоятлар) шаклида бўлиши мумкин.

Мурожаатларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ёки фуқароларда мавжуд бўлган ушбу мурожаатларнинг туб моҳияти бўйича илгари қабул қилинган қарорлар (ёки уларнинг нусхалари), шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш учун керак бўлган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан фото-, аудио- ва видеоматериаллар илова қилиниши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг жамоатчилик экологик назорати масалалари бўйича мурожаатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 19 октябрь, 41-сон, 526-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 10-сон, 91-модда




































Время: 0.1594
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск