Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология /

Мувофиқликни баҳолаш органларини ва метрологик хизматларни аккредитация қилиш ҳамда инспекция назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.10.2015 й. 292-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 14 октябрдаги

292-сон қарорига

1-ИЛОВА



Мувофиқликни баҳолаш органларини ва метрологик

хизматларни аккредитация қилиш ҳамда инспекция

назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом мувофиқликни баҳолаш органларини ва метрологик хизматларни аккредитация қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини инспекция назоратидан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Миллий аккредитация органи - Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги;


Аккредитация қилиш кенгаши - Миллий аккредитация органи, мувофиқликни баҳолаш соҳасида ваколатли вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган доимий ишлайдиган орган, аккредитация қилиш ва инспекция назоратини ўтказиш ишлари натижаларини кўриб чиқиш ҳамда тавсия тусидаги хулосалар бериш унинг асосий вазифаси ҳисобланади;


ариза берувчи - аккредитация олишга талабгор бўлган юридик шахс;


мувофиқликни баҳолаш органи - юридик шахслар ҳисобланган ва мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажариш учун белгиланган тартибда аккредитация қилинган инспекция органлари, синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари), маҳсулотларни, хизматларни, менежмент тизимларини, ходимларни сертификатлаштириш органлари;


метрологик хизмат - юридик шахсларнинг давлат органлари ва метрологик хизматлари тармоғи ҳамда уларнинг ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга қаратилган фаолияти;


аккредитация қилиш соҳаси - аккредитация қилишда "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан белгиланадиган мувофиқликни баҳолаш органининг фаолияти соҳаси;

аккредитация қилиш объекти - мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат;


аккредитация қилиш шартлари - техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар мажмуи. Аккредитация қилиш объекти ушбу талабларга мувофиқ бўлиши керак;


аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома - аккредитация қилиш соҳасидаги ишларни бажариш учун мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг малакали эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;


сифат бўйича эксперт-аудитор - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ишларни бажариш учун тегишли малакага эга бўлган мутахассис;


техник эксперт - мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ишларни ташкил этишга, жараёнга ёки фаолиятга доир махсус билимларга ва тажрибага эга бўлган жисмоний шахс;


ходимлар - мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказиш учун тайёргарликка ва малакага эга бўлган мутахассислар;


биринчи томон - ишлаб чиқарувчининг ёки хизматлар кўрсатувчининг манфаатларини ифодаловчи юридик шахслар;


иккинчи томон - мувофиқлиги баҳоланаётган объектдан истеъмолчи сифатида манфаатдор бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


учинчи томон - биринчи ва иккинчи томондан мустақил бўлган жисмоний ёки юридик шахс.


3. Маҳсулот, ишлаб чиқариш жараёнлари, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимлар, шунингдек метрологик ишлар ва хизматларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш ва тасдиқлаш борасида ўзининг малакали эканлигини эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан "Ўзбекаккредитация" ДКга мурожаат қилган талабгор аккредитация қилинади.

4. Аккредитация қилиш аккредитация қилинаётган объектнинг малакали эканлигини ва унинг мустақиллигини расман тасдиқлаш мақсадида ўтказилади.


5. Қуйидагилар аккредитация қилишнинг умумий шартлари ҳисобланади:

а) штатида аккредитациянинг ариза берилаётган соҳасида малакали ходимларнинг мавжудлиги;

б) сифат менежментининг амалдаги тизими мавжудлиги;

в) мувофиқлиги баҳоланаётган объектлар учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги.


6. Қуйидагилар ариза берувчини маҳсулотни сертификатлаштириш органи ва/ёки сертификатлаштириш бўйича инспекция органи сифатида аккредитация қилиш учун қўшимча шартлар ҳисобланади:

а) аккредитация қилинаётган объектнинг ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар, ижро этувчилар ва истеъмолчилардан мустақиллиги;

в) штатида сифат бўйича камида икки нафар эксперт-аудиторнинг мавжудлиги;

г) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатда белгиланган баҳоланаётган объектнинг асосий кўрсаткичлари аксарият қисмини белгиловчи, ўзининг белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораториясининг (марказининг) мавжудлиги;

д) баҳоланаётган объект асосий кўрсаткичларининг етишмаётган қисмини аниқлашни таъминловчи аккредитация қилинган ўзга синов лаборатория (марказ)лари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимларнинг мавжудлиги.


7. Қуйидагилар ариза берувчини хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаштириш органи сифатида аккредитация қилиш учун қўшимча шартлар ҳисобланади:

а) баҳоланаётган тарафдан мустақиллик;

б) штатида сифат бўйича камида икки нафар эксперт-аудиторнинг мавжудлиги.


8. Қуйидагилар ариза берувчини юк ортишдан олдин ва/ёки юкни тушириш вақтидаги инспекцияни ўтказиш бўйича инспекция органи сифатида аккредитация қилиш учун қўшимча шартлар ҳисобланади:

а) маҳсулотни сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари) билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар;

б) маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш учун тегишли техника воситалари ва асбоб-ускуналар ёки лабораториялар;

в) Халқаро инспекция агентликлари федерациясининг юкни ортишдан олдин инспекция ўтказишга доир талабларига жавоб берадиган ташкилотлар билан битимлар;

г) Халқаро инспекция агентликлари федерациясига аъзоликни тасдиқловчи ҳужжат (Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари учун) мавжудлиги.


9. Маҳсулотлар, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни, сертификатлаштириш органи, сертификатлаш бўйича инспекция органи ва юкни ортишдан олдин ва/ёки юкни тушириш вақтида инспекцияни ўтказиш бўйича инспекция органининг раҳбари сифат бўйича эксперт-аудитор томонидан аттестациядан ўтказилган бўлиши керак.


10. Синов ва ўлчов лабораторияларини (марказларини) ва метрологик хизматни аккредитация қилиш учун қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши қўшимча шартлар ҳисобланади:

а) синов ва/ёки ўлчов усулларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар;

б) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг тегишли талабларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқариш бинолари ва атроф муҳит шароитлари;

в) аккредитация қилишнинг кўрсатилган соҳасига мувофиқ синов ва/ёки ўлчовларни ўтказишни таъминловчи синов воситалари ва/ёки ўлчов воситалари.


11. Синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари) уларда учинчи томон мақоми мавжуд бўлганда мустақил эканлиги сифатида аккредитация қилиниши мумкин.



II БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


1-§. Аккредитация қилиш босқичлари


12. Ариза берувчиларни аккредитация қилиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади ва қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

а) аккредитация қилишга буюртманома бериш;

б) тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг бутлигини ва тўлиқлигини таҳлил қилиш ҳамда аккредитация қилиш ишларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш ёки тақдим этилган ҳужжатларни пухталаштириш учун қайтариш, экспертиза далолатномасини расмийлаштирилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш;

в) аккредитация объектини баҳолаш, баҳолаш далолатномасини расмийлаштирган ҳолда аккредитация объектини баҳолаш учун комиссия тузиш;

г) аккредитация объектини баҳолаш натижаларини ва тузатиш ишлари (баҳолашда номувофиқлар аниқланган тақдирда) самарадорлигини таҳлил қилиш Миллий аккредитация органи томонидан ариза берувчини аккредитация қилиш ёки Аккредитация қилиш кенгаши тавсияларини ҳисобга олган ҳолда аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

д) аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва бериш.


13. Аккредитация қилишнинг ҳар бир навбатдаги босқичи олдинги босқичнинг натижалари ижобий бўлган тақдирда бажарилади.


14. Аккредитация қилиш (аккредитация қилиш соҳасини кенгайтириш) ишлари учун тўлов ариза берувчи томонидан босқичма-босқич, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


15. Ариза берувчи, аккредитация қилиш натижаларидан қатъи назар, аккредитация бўйича ишларни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатларни босқичма-босқич тузиладиган шартномага мувофиқ тўлаши шарт.


16. Такрорий аккредитация қилиш ушбу Низом II бобининг 2-параграфига мувофиқ ўтказилади.



2-§. Аккредитацияни ўтказиш


17. Ариза берувчи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича аккредитация қилишга буюртманомани "Ўзбекаккредитация" ДКга юборади, унга ушбу Низомнинг 19 - 21-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилади.

18. Ариза берувчи аккредитация қилишга буюртманомани, унга зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда, бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда бериши мумкин.

Буюртманома электрон шаклда берилган тақдирда "Ўзбекаккредитация" ДК ҳужжатларнинг расми олинган версиясини экспертизага қабул қилади, сўнгра уларни аккредитация объектининг мувофиқлиги баҳоланадиган жойга борган вақтда асл нусхаси билан таққослайди. "Ўзбекаккредитация" ДК электрон шаклдаги буюртманома олингани тўғрисида ариза берувчи хабардор қилинишини таъминлайди.

19. Маҳсулотлар, менежмент тизимлари, ходимларни ва сертификатлаштириш бўйича инспекция органини сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилиш органига бериладиган буюртманомага қуйидагилар илова қилинади:

а) аккредитация қилиниши сўралаётган аккредитация соҳасини аниқловчи мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхати;

б) сифат менежменти тизими тартиб-таомиллари ва мувофиқликни тасдиқлаш бўйича ишларни бажариш қоидаларидан иборат бўлган сифат бўйича қўлланма;

в) ходимлар ва сифат бўйича эксперт-аудиторлар тўғрисидаги маълумотлар.


20. Синов ва/ёки ўлчов лабораторияларини (марказларини) ва/ёки метрологик хизматни аккредитация қилиш учун буюртманомага қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотлар илова қилинади:

а) аккредитация соҳасини белгиловчи аккредитация қилиш сўралаётган синовлар усуллари (методикалари) ва/ёки ўлчовлар турлари рўйхати;

б) синов ва/ёки ўлчов лабораторияси (маркази)нинг ва/ёки метрологик хизматнинг паспорти;

в) сифат менежменти тизими тартиб-таомилларидан иборат бўлган сифат бўйича қўлланмалар.


21. Юкни ортишдан олдин ва/ёки юкни тушириш вақтидаги инспекцияни ўтказувчи инспекция органини аккредитация қилиш учун буюртманомага қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотлар илова қилинади:

а) аккредитация соҳасини аниқловчи мувофиқликни баҳолаш объектларини аккредитация қилишнинг сўралаётган объектлари рўйхати;

б) мувофиқликни тасдиқлаш ишларини ва сифат менежменти тизими тартиб-таомилларидан иборат бўлган сифат бўйича қўлланмалар;

в) ходимлар тўғрисидаги маълумотлар;

г) юкни ортишдан олдин ёки юкни тушириш вақтида ариза берувчи улар билан бирга ишлашни мўлжаллаётган мувофиқликни баҳолаш органлари тўғрисидаги маълумотлар.


22. Ушбу Низомнинг 19 - 21-бандларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Ушбу Низомнинг 19 - 21-бандларида кўрсатилган ҳужжатларни расмийлаштиришга ва уларнинг мазмунига қўйиладиган талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.


23. Ариза берувчи ўз хоҳишига кўра аккредитация қилиш объектига тааллуқли қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши мумкин.


24. Буюртманомани кўриб чиқиш натижалари бўйича "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан 3 иш куни мобайнида аккредитация қилиш ишларини ўтказиш ёки ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда уларни пухталаштиришга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинади.

25. Акрредитация қилиш ишларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда "Ўзбекаккредитация" ДК экспертиза бўйича хизматлар учун тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 20 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларнинг экспертизадан ўтказилишини таъминлайди. Экспертиза натижалари хулоса билан расмийлаштирилади.

26. Экспертиза Миллий аккредитация органи мутахассислари томонидан ёки унинг топшириғи бўйича бошқа ваколатли ташкилотларнинг сифат бўйича эксперт-аудитори томонидан амалга оширилади. Экспертиза бошқа ваколатли ташкилотларнинг сифат бўйича эксперт-аудитори томонидан ўтказилган тақдирда тўлов ариза берувчи томонидан ушбу ташкилотга ўтказилади.


27. Экспертиза натижалари салбий бўлган тақдирда "Ўзбекаккредитация" ДК 3 иш куни мобайнида ариза берувчига унинг аккредитация қилиш шартларига номувофиқлиги тўғрисида асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма билдиришнома юборади. Бунда ариза берувчига кўрсатилган номувофиқликларни 20 иш куни мобайнида бартараф этиш ва ҳужжатларни такрорий кўриб чиқиш учун тақдим этиш имконияти берилади.

28. "Ўзбекаккредитация" ДКнинг билдиришномасида кўрсатилган номувофиқликлар ариза берувчи томонидан бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такрорий кўриб чиқиш номувофиқликларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар ариза берувчи томонидан тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади. Буюртманома такрорий кўриб чиқилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Белгиланган муддат тугагандан кейин берилган буюртманома янгидан берилган ҳисобланади.


29. Такрорий экспертиза "Ўзбекаккредитация" ДК ёки дастлабки экспертизани ўтказган бошқа ваколатли ташкилотларнинг сифат бўйича эксперт-аудитори томонидан ўтказилади.

30. Такрорий экспертиза натижаси салбий бўлган тақдирда "Ўзбекаккредитация" ДК ариза берувчини унинг аккредитация қилиш шартларига номувофиқлиги сабабли аккредитация қилишнинг рад этилгани тўғрисида 3 иш куни мобайнида хабардор қилади.

31. Экспертизанинг ижобий натижалари бўйича "Ўзбекаккредитация" ДК аккредитация қилиш объектининг мувофиқлигини баҳолаш учун комиссияни (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) 10 иш куни мобайнида тузади, объектнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганиш ҳамда унинг:

буюртманомада тақдим этилган ҳужжатларга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига ва аккредитация қилишнинг белгиланган шартларига мувофиқлигини;

кўрсатилган функцияларни бажаришга қодирлигини баҳолаш комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади.


32. Комиссия Миллий аккредитация органи раҳбарининг буйруғи билан тайинланади. Буйруқда комиссиянинг таркиби, аккредитация қилиш объектининг мувофиқлигини баҳолашнинг мақсади, санаси, муддати ва жойи кўрсатилади.


33. Комиссия раиси сифат бўйича экспертлар-аудиторлар орасидан тайинланади.


34. Комиссияни тузишда комиссия таркибига киритиладиган шахсларнинг холисона баҳолашни ўтказиш учун зарур бўладиган лаёқати, билимлари ва кўникмалари ҳисобга олинади.


35. Зарур бўлган тақдирда комиссияга техник экспертлар жалб этилиши мумкин. Техник экспертлар сифат бўйича эксперт-аудитор раҳбарлигида ишлаши керак.


36. Комиссия ишларининг дастури "Ўзбекаккредитация" ДКнинг раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан тасдиқланади. Буйруқ ва комиссия ишларининг дастури комиссия баҳолашни ўтказиш учун жўнаб кетгунгача танишиш мақсадида ариза берувчига тақдим этилади.

37. Комиссия ишларининг давом этиши 20 иш кунидан ошмаслиги керак. Аккредитация қилиш объектининг мувофиқлигини баҳолаш натижалари ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ баҳолаш далолатномаси билан расмийлаштирилади.


38. Ариза берувчи комиссия хулосаларига рози бўлмаган тақдирда рози эмаслиги тўғрисида ёзма эътироз тақдим этиши мумкин, у баҳолаш далолатномасига илова қилинади.


39. Ўтказилган баҳолаш якунлари бўйича "Ўзбекаккредитация" ДК масаланинг 5 иш куни мобайнида Аккредитация қилиш кенгашида кўриб чиқилишини таъминлайди.

40. Миллий аккредитация органи 3 иш куни мобайнида Аккредитация қилиш кенгашининг тавсиялари асосида аккредитация қилиш тўғрисида ёки ариза берувчига аниқланган номувофиқликни бартараф этиш учун 30 иш кунидан иборат бўлган муддат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.


41. Ариза берувчи томонидан номувофиқликларни бартараф этиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар белгиланган муддатларда тақдим этилган тақдирда комиссия "Ўзбекаккредитация" ДКнинг буйруғи асосида 5 иш кунидан ошмайдиган муддатда камчиликларни бартараф этишнинг ҳолатини ўрганади ва назорат далолатномасини расмийлаштиради.

42. Ўтказилган такрорий баҳолаш якунлари бўйича ҳужжатлар комиссия томонидан тақдим этилгандан кейин масала 5 иш куни мобайнида Аккредитация қилиш кенгаши томонидан кўриб чиқилади.


43. Миллий аккредитация органи 5 иш куни мобайнида Аккредитация қилиш кенгаши тавсиялари асосида аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


44. Аниқланган номувофиқликларни белгиланган муддатда бартараф этиш таъминланмаган тақдирда Миллий аккредитация органи аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


45. Аккредитацияни ўтказиш муддати аккредитация қилишга берилган буюртманома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 130 иш кунидан ошмаслиги керак.



3-§. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бериш


46. Аккредитация қилиш тўғрисидаги қарор ижобий бўлган тақдирда "Ўзбекаккредитация" ДК ариза берувчига аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани 3 иш куни мобайнида беради.

47. Учинчи томон ҳисобланадиган синов ва/ёки ўлчов лабораторияларига (марказларига) техник жиҳатдан малакалилик ва мустақиллик юзасидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалар берилади. Биринчи ёки иккинчи томоннинг синов ва/ёки ўлчов лабораторияларига (марказларига) фақат техник жиҳатдан малакалилик учун аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалар берилади.


48. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома Мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестрида (кейинги ўринларда Давлат реестри деб аталади) рўйхатдан ўтказилади.


49. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномада ёки унга иловада аккредитация қилинганликнинг соҳаси кўрсатилади.


50. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.


51. Аккредитация қилиш объектининг фаолиятини аккредитациянинг белгиланган шартларига мувофиқлик юзасидан инспекция назоратидан ўтказиш "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан ушбу Низомнинг IV бобига мувофиқ амалга оширилади.


III БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ

СОҲАСИНИ ЎЗГАРТИРИШ


1-§. Аккредитация қилиш соҳасини кенгайтириш


52. Аккредитация қилиш соҳасини кенгайтиришга талабгор бўлган мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитация қилинган орган ва/ёки метрологик хизмат Миллий аккредитация органига аккредитация қилиш соҳасини кенгайтириш юзасидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ буюртманома юборади.


53. Буюртманомага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари ва сертификатлаштириш бўйича инспекция органлари учун:

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасини белгилайдиган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхати;

сифат бўйича қўлланмага мувофиқликни тасдиқлаш ишларини бажариш қоидалари бўйича ва сифат менежменти тизими тартиб-таомиллари бўйича қўшимча;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатда белгиланган аккредитация қилиш соҳасига қўшимча равишда киритиладиган баҳоланаётган объектлар асосий кўрсаткичларининг аксарият қисмини аниқлашни таъминлайдиган, ўзининг белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораторияси (маркази)нинг мавжудлиги тўғрисида ахборот;

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасидаги баҳоланаётган объектлар асосий кўрсаткичларининг етишмаётган қисмини аниқлашни таъминловчи аккредитация қилинган ўзга синов лабораториялари (марказлари) билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимларнинг мавжудлиги;

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасида фаолиятни амалга оширувчи ходимлар тўғрисидаги маълумотлар;

б) хизматлар, менежмент тизимлари ва ходимларни сертификатлаштириш органлари учун:

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасини аниқлайдиган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхати;

сифат бўйича қўлланмага мувофиқликни тасдиқлаш бўйича ишларни бажариш қоидалари ва сифат менежменти тизими тартиб-таомиллари бўйича қўшимча;

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасида фаолиятни амалга оширувчи ходимлар тўғрисидаги маълумотлар;

в) синов ва/ёки ўлчов лабораториялари (марказлари), метрологик хизматлар учун:

синов усулларининг (методикаларининг) ва/ёки аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасини аниқловчи ўлчовлар турларининг аккредитация қилишга сўралаётган рўйхати;

синов ва/ёки ўлчов лабораторияси (маркази)нинг ва метрологик хизматининг паспорти;

г) юкни ортишдан олдинги ва/ёки юкни тушириш вақтидаги инспекцияни ўтказиш бўйича инспекция органлари учун:

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасини аниқлайдиган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхати;

мувофиқликни тасдиқлаш ва сифат менежменти тизими тартиб-таомиллари бўйича ишларни бажариш қоидаларига қўшимча;

мувофиқликни баҳолаш органлари тўғрисидаги маълумотлар, ариза берувчи улар билан аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасини аниқловчи баҳолаш объектларини юкни ортишдан олдин ва/ёки юкни тушириш вақтидаги инспекцияни ўтказишда ишлашни мўлжаллайди;

аккредитация қилишнинг қўшимча соҳасида фаолиятни амалга оширувчи ходимлар тўғрисидаги маълумотлар.


54. Аккредитация қилиш соҳасини кенгайтириш ушбу Низомнинг 23 - 44-бандларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


55. Мувофиқликни баҳолаш органини ва/ёки метрологик хизматни аккредитация қилиш соҳасини кенгайтиришда "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан уларни аккредитация қилиш соҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.


2-§. Аккредитация қилиш соҳасини қисқартириш


56. Аккредитация қилиш соҳасини қисқартириш Миллий аккредитация органининг қарори билан қуйидагилар асосида амалга оширилади:

мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг аккредитация қилиш соҳасини қисқартириш тўғрисидаги аризаси;

мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат фаолиятининг инспекция назоратини ўтказиш натижалари.


57. Мувофиқликни баҳолаш органини ва/ёки метрологик хизматни аккредитация қилиш соҳасини қисқартиришда "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан уларни аккредитация қилиш соҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Аккредитация қилиш соҳасини қисқартирганлик учун тўлов ундирилмайди.



IV БОБ. ИНСПЕКЦИЯ НАЗОРАТИНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий қоидалар


58. Аккредитация қилишда белгиланган талабларга мувофиқликни тасдиқлаш мақсадида мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг фаолиятини инспекция назоратидан ўтказиш "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг бутун амал қилиш муддати мобайнида амалга оширилади.

59. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг қўлланиши, сифат менежменти жорий этилган тизимининг самарадорлиги, амалга оширилаётган фаолиятнинг аккредитация қилишнинг тасдиқланган соҳасига мувофиқлиги, сертификатлаштириш, инспекция назорати ва синовлар бўйича бажарилган ишлар маҳсулотлар, хизматлар, ходимларни ҳамда менежмент тизимларини ва инспекция органларини сертификатлаштириш органлари фаолиятининг инспекция назоратини ўтказиш объектлари ҳисобланади.


60. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг қўлланиши, сифат менежменти жорий этилган тизимининг самарадорлиги, аккредитация қилишнинг белгиланган соҳасида амалга оширилаётган фаолиятнинг мувофиқлиги, синов ва ўлчовлар вақтида расмийлаштириладиган протоколлар, ўлчов воситаларини синов ҳамда ўлчов ва синовлар воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш сертификатлари синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари) ва метрологик хизмат фаолиятининг инспекция назоратини ўтказиш объектлари ҳисобланади.


61. Мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат фаолиятининг инспекция назорати аккредитация қилиш тўғрисидаги битимлар асосида, жойига борган ҳолда, ҳар йили кўпи билан бир марта, Миллий аккредитация органи раҳбари томонидан ҳар йили тасдиқланадиган инспекция назоратининг режа-жадвалига мувофиқ амалга оширилади.


62. Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат фаолиятининг инспекция назоратини ўтказиш ишлари учун тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


63. Мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат фаолиятининг режадан ташқари инспекция назоратини ўтказиш Миллий аккредитация органига аккредитация қилиш шартлари бузилишининг ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолатлари ёки асосланмаган ва ноқонуний ҳаракатлар, шу жумладан тижорат сири ҳисобланадиган маълумотларнинг ошкор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар тушган тақдирда амалга оширилади.

Мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат фаолиятининг режадан ташқари инспекция назорати ўтказилганлиги учун тўлов ундирилмайди.



2-§. Инспекция назоратини ўтказиш


64. Инспекция назорати ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ схема бўйича ўтказилади.


65. Миллий аккредитация органи раҳбарининг буйруғи мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат фаолиятининг инспекция назоратини ўтказиш учун асос ҳисобланади, ушбу буйруқда инспекция назоратини амалга оширувчи комиссиянинг таркиби ва уни ўтказишнинг аниқ муддатлари кўрсатилади, шунингдек ишларнинг объектлари, рўйхати ва ҳажми кўрсатилган инспекция назоратининг дастури тасдиқланади.

Инспекция назоратини ўтказиш муддати мувофиқликни баҳолаш органи ва/ёки метрологик хизмат билан келишилган бўлиши ва 20 иш кунидан ошмаслиги керак.


66. Комиссияни сифат бўйича эксперт-аудитор бошқаради. Мувофиқликни баҳолаш органини ва метрологик хизматни аккредитация қилиш соҳасига боғлиқ ҳолда комиссия таркибига инспекция назоратини ўтказишда кўриб чиқиладиган масалалар бўйича малакали мутахассислар (сифат бўйича эксперт-аудиторлар ва (ёки) синовлар турлари бўйича техник экспертлар, тайёрловчиларнинг, назорат қилиш органларининг, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг, илмий-тадқиқот ташкилотларининг вакиллари) қўшимча равишда киритилиши мумкин.


67. Комиссия аъзолари маҳфийликни таъминлаш бўйича талабларга риоя этишлари керак.


68. Комиссия раҳбари инспекция назорати бошланишидан олдин мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат раҳбарини инспекция назоратининг мақсади ва шартлари, комиссия аъзолари билан таништириши, шунингдек унга, олингани тўғрисида имзо қўйдирган ҳолда, буйруқ ва дастурнинг бир нусхадан тақдим этиши шарт.


69. Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ўтказиладиган маҳсулотлар, хизматлар, ходимлар, менежмент тизимларини ва инспекция органини сертификатлаштириш бўйича органлар фаолиятининг инспекция назоратини ўтказишда қуйидагилар текширилади:

а) уларнинг мустақиллиги ва аккредитация шартларининг бажарилиши;

б) аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари) билан ўзаро ҳамкорлик қилиш (зарур бўлган тақдирда);

в) мувофиқликни баҳолашнинг ўтказилган ишлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги ва мувофиқлиги (буюртманомалар, мувофиқлик сертификатларининг нусхалари, синовлар дастурлари, синовлар протоколлари, ишлаб чиқаришларни текшириш далолатномалари ва бошқалар);

г) мувофиқликни баҳолаш бўйича қарорлар қабул қилишнинг асосланганлиги;

д) мувофиқликни баҳолаш бўйича ишларнинг натижалари ҳисобини юритиш ва рўйхатдан ўтказиш;

е) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳисобга олиш ва кўриб чиқиш;

ж) техник жиҳатдан тартибга солишга доир тегишли норматив ҳужжатлар билан таъминланганлик, уларнинг амал қилиш муддатлари, уларга ўз вақтида ўзгартиришлар киритилганлиги;

з) олинган мувофиқлик сертификатларини ва мувофиқлик белгисини қўллашда бузилишларга йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар қўллаш ҳолатлари;

и) ходимларнинг лаёқатлилиги ва малакасининг бажариладиган функцияларга мувофиқлиги, сертификатлаштириш органининг ходимлар малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш бўйича фаолияти, лавозим йўриқномаларининг мавжудлиги ва муҳимлиги;

к) сертификатлаштиришга ариза берувчиларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган ахборотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

л) улар бўйича қатъий ҳисобот бериладиган бланкаларнинг ҳисоби.


70. Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ўтказиладиган синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари) ҳамда метрологик хизмат фаолиятини инспекция назоратидан ўтказиш вақтида қуйидагилар текширилади:

а) синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари)нинг, шунингдек метрологик хизматнинг мустақиллиги;

б) синовлар, текширишлар, ўлчаш ва метрологик аттестация протоколларининг ва/ёки сертификатларининг мавжудлиги, тўлиқлиги ва уларни тақдим этиш ҳамда расмийлаштиришнинг тўғрилиги, шунингдек уларни ҳисобга олиш ва сақлаш тизими;

в) ўлчовлар ва синовлар воситаларининг мақбул даражадаги синовларини (ўлчовларини), текширишларни, ўлчовларни ҳамда метрологик аттестациядан ўтказишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар;

г) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳисобга олиш ва кўриб чиқиш;

д) техник жиҳатдан тартибга солишга доир тегишли норматив ҳужжатлар билан таъминланганлик, уларнинг амал қилиш муддатлари, уларга ўз вақтида ўзгартиришлар киритилганлиги;

е) ходимларнинг лаёқатлилиги ва малакасининг бажариладиган функцияларга мувофиқлиги, ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш бўйича сертификатлаштириш органининг фаолияти лавозим, йўриқномаларининг мавжудлиги ва долзарблиги;

ж) синовлар (ўлчовлар), текширишлар, метрологик аттестацияни ўтказиш хоналари ва шартларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги;

з) синов ва ўлчов воситалари ва бошқа техник воситалар, шунингдек давлат стандарти намуналари, бошқа тоифалардаги стандарт намуналари, аттестациядан ўтказилган аралашмалар билан таъминланганлик, уларнинг ўз вақтида текшириб кўрилганлиги;

и) синовлар ва ўлчовларни, текширишларни, шунингдек сифат менежменти тизими тартиб-таомилларини регламентловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

к) бошқа синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари) ва метрологик хизматлар, маҳсулотлар, хизматлар, ходимларни, менежмент тизимларини сертификатлаштириш органлари ва инспекция органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда ахборотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

л) улар юзасидан қатъий ҳисобот бериладиган бланкаларни ҳисобга олиш;

м) лабораториялараро таққослашларнинг натижалари. Зарурат бўлганда, лабораториялараро таққослашлар ўтказилмаган тақдирда синов ва ўлчов лабораториялари (марказлари)нинг ваколатлилигини тасдиқлаш учун назорат комиссия томонидан синовлар (ўлчовлар), текширишлар, ўлчашни, метрологик аттестациядан ўтказиш талаб қилинишига йўл қўйилади. Назорат синовлари (ўлчовлари) амалга ошириладиган маҳсулотларнинг тури, маҳсулотларнинг текшириладиган тавсифлари, намуналарни (синовларни) тайёрлаш ва танлаб олиш, тавсифномалар маълумотларининг анонимлигини таъминлаш назорат синовлари (ўлчовлар) дастурида белгиланади.

Инспекция назорати давомида номувофиқликлар аниқланганда номувофиқлик тўғрисида протокол расмийлаштирилади.


71. Мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг фаолиятини инспекция назоратидан ўтказиш натижаларига кўра комиссия томонидан мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг аккредитация қилиш шартларига мувофиқлиги ҳақидаги умумий баҳодан иборат бўлган ҳужжат икки нусхада расмийлаштирилади. Унинг биринчи нусхаси мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизматнинг раҳбарига топширилади, иккинчи нусхаси эса "Ўзбекаккредитация" ДКга тақдим этиш учун комиссия раҳбарида қолади. Инспекция назорати далолатномаси комиссиянинг аъзолари ҳамда мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизматнинг раҳбари томонидан имзоланади. У инспекция назорати натижаларига қўшилмаса, ўзининг алоҳида фикрини баён қилиши мумкин.

72. Миллий аккредитация органи инспекция назорати бўйича натижалар комиссия томонидан тақдим этилгандан кейин 5 иш куни мобайнида Кенгашда масаланинг кўриб чиқилишини таъминлайди.


73. Миллий аккредитация органи 5 иш куни мобайнида Кенгашнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, шунингдек аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани белгиланган тартибда бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.



V БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ТЎҒРИСИДАГИ ГУВОҲНОМАНИ

ТАСДИҚЛАШ, УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ ВА ТЎХТАТИШ ҲАМДА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


74. Миллий аккредитация органининг мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг аккредитациядан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаш ҳақидаги қарори инспекция назоратининг натижалари ижобий бўлганда қабул қилинади.


75. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши инспекция назорати вақтида аниқланган номувофиқликлар бартараф этилмаган тақдирда тўхтатиб турилиши мумкин.


76. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Миллий аккредитация органи ёки суд томонидан тўхтаб турилади. Миллий аккредитация органи томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга, суд томонидан эса 10 иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.


77. Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори у қабул қилинган кундан 3 кундан бошлаб кечикмай ёзма шаклда мувофиқликни баҳолаш органига ва метрологик хизматга етказилади. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органига, метрологик хизматга ва Миллий аккредитация органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.


78. Мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлигининг тасдиғи олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган Миллий аккредитация органи ва суд томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тиклаш ҳақида қарор қабул қилинади.


79. Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят аризаси бериш мумкин. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши асоссиз тўхтатиб қўйилганлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Миллий аккредитация органи мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат олдида уларга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.


80. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс - мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат тугатилганда - улар тугатилган ёки уларнинг фаолияти тўхтатилган вақтдан бошлаб, уларнинг қайта ташкил этилиши натижасида - улар қайта ташкил этилган вақтдан бошлаб, уларнинг қайта ўзгартирилиши бундан мустасно;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар Миллий аккредитация органи ёки суд томонидан белгиланган муддатда мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат томонидан бартараф этилмаганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат томонидан мунтазам ёки бир неча маротаба қўпол тарзда бузилганда;

Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақидаги қарорининг қонуний эмаслиги аниқланганда;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганда.


81. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш Миллий аккредитация органи томонидан амалга оширилади, ушбу Низомнинг 82-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


82. Ушбу Низом 80-бандининг тўртинчи - олтинчи хатбошиларда кўрсатилган ҳолатларда аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома амал қилишининг тўхтатилиши суд қарорига кўра амалга оширилади.


83. Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори у қабул қилинган кундан 3 кундан кечикмай ёзма шаклда мувофиқликни баҳолаш органига ва метрологик хизматга етказилади. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органига, метрологик хизматга ва Миллий аккредитация органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.


84. "Ўзбекаккредитация" ДКнинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат томонидан олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома "Ўзбекаккредитация" ДКга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

85. Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят аризаси бериш мумкин. Суд томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши асоссиз тўхтатиб қўйилганлиги эътироф этилган тақдирда Миллий аккредитация органи мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат олдида уларга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.


86. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши уни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб тўхтатилади.


87. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин:

мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилганда;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда.


88. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ушбу Низом 87-бандининг учинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда суднинг қарорига кўра, ушбу Низом 87-бандининг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда эса - Миллий аккредитация органининг қарорига кўра амалга оширилади.


89. Миллий аккредитация органининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарори у қабул қилинган кундан 3 кундан кечикмай ёзма шаклда мувофиқликни баҳолаш органига ва метрологик хизматга етказилади. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органига, метрологик хизматга ва Миллий аккредитация органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.


90. "Ўзбекаккредитация" ДКнинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарори мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат томонидан олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома "Ўзбекаккредитация" ДКга қайтарилиши, Давлат реестридан чиқарилиши ва йўқ қилиниши керак.

91. Суднинг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарори қабул қилинганда аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома берилган кунидан бошлаб бекор қилинган ҳисобланади.


92. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилгандан кейин ва/ёки у бекор қилингандан кейин аккредитациядан ўтиш учун такрорий ариза аккредитация талабларига тўғри келмаган номувофиқликлар бартараф этилгандан кейин, бироқ аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилгандан кейин ва/ёки у бекор қилингандан кейин кўпи билан 6 ойдан кейин берилиши мумкин. Бунда ариза берувчи томонидан илгари аниқланган номувофиқликлар ва/ёки қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.


93. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

94. Аккредитациянинг амалдаги иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар "Ўзстандарт" агентлиги сайтида жойлаштирилади.



VI БОБ. ЮРИДИК ШАХС ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛГАНДА,

НОМИ, ЮРИДИК МАНЗИЛИ ЁКИ ЖОЙЛАШГАН ЖОЙИ

ЎЗГАРГАНДА УНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


95. Юридик шахс қайта ташкил этилганда, номи, юридик манзили ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат юридик шахс қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин 10 иш кунидан ошмайдиган муддатда илгари берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхасини илова қилиб, тегишли тартиб-таомилдан ўтказилганлиги тўғрисида "Ўзбекаккредитация" ДКга ариза бериши (аккредитациядан ўтказилганлик тўғрисидаги янги гувоҳномани расмийлаштириши ёки такроран аккредитация қилдириши) шарт.

96. Ариза берилган вақтдан бошлаб ва аккредитациядан ўтказилганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома расмийлаштирилгунга қадар мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат ўз фаолиятини илгари берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома асосида амалга оширади.


97. Буюртманома тушганда "Ўзбекаккредитация" ДК қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот юзасидан ўзаро ҳамкорлик орқали бошқа давлат органларида ва ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотни мустақил равишда олади.

98. Агар ариза берувчи илгари аккредитациядан ўтказилган мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизматнинг ҳуқуқий вориси бўлмаса, ҳужжатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ кейинги тартиб-таомиллар ушбу Низом II бобининг 2-параграфида назарда тутилган тартибда ўтказилади.


99. Аккредитациядан ўтказилган маҳсулот, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаштириш органи ва инспекция органининг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда аккредитация тўғрисидаги янги гувоҳнома аккредитация ўтказилмасдан расмийлаштирилади.


100. Синов ва ўлчов лабораторияси (маркази) ёки метрологик хизматнинг жойлашган жойи ўзгарганда ушбу Низом II бобининг 2-параграфида назарда тутилган тартибда улар қайтадан аккредитациядан ўтказилади.


101. Янгидан расмийлаштирилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 кун мобайнида "Ўзбекаккредитация" ДК томонидан берилади.


VII БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИНИ

ДОЛЗАРБЛАШТИРИШ


102. Аккредитация қилиш материалларини долзарблаштириш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилганда ушбу Низомнинг 19 - 21-бандларига мувофиқ тақдим этилган мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрологик хизматнинг ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатлари ўрнига техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги янги норматив ҳужжат амалга киритилганда;

ходимлар таркиби ўзгарганда;

ўлчов воситалари ва синов воситалари алмаштирилганда.


103. Аккредитация қилиш материалларини долзарблаштиришда мувофиқликни баҳолаш органи ва метрологик хизмат "Ўзбекаккредитация" ДКга долзарблаштириш сабабларини кўрсатган ҳолда, ўзгартиришлар киритилган ҳужжатларни илова қилиб икки нусхада буюртманома беради.

104. "Ўзбекаккредитация" ДК тақдим этилган ҳужжатларни 15 иш куни мобайнида кўриб чиқади ва илгари тасдиқланган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритади ёки уларнинг янги таҳрирдаги матнини тасдиқлайди.

Аккредитация қилиш материалларини долзарблаштирганлик учун тўлов ундирилмайди.



VIII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


105. Миллий аккредитация органининг қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


106. Аккредитация қилганлик, инспекция назоратини ўтказганлик, аккредитация қилиш соҳасини кенгайтирганлик ва аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштирганлик ишларига ҳақ тўлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ Миллий аккредитация органи томонидан белгиланади.


107. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Аккредитация қилиш

СХЕМАСИ

        

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддати

1-босқич

Аккредитация олишга талабгорлик қилувчи юридик шахс - Ариза берувчи


        

Аккредитация олиш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тайёрлайди.

Зарур ҳужжатлар илова қилинган буюртманомани бевосита олинганлиги тўғрисида билдиришнома олинган ҳолда почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда "Ўзбекаккредитация" ДКга тақдим этади.

      


Ариза берувчининг хоҳишига кўра









2-босқич

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


          

1. Аккредитация қилишга тақдим этилган буюртманомани ва ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда:

аккредитация қилиш бўйича ишларни бажариш;

ҳужжатлар бут бўлмаганида уларни пухта ишлаш учун қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади.



3 иш куни мобайнида


2. Экспертиза натижалари бўйича хулосани расмийлаштирган ҳолда ҳужжатлар комплектини экспертизадан ўтказади.



Тўлов тўланган кундан бошлаб 20 иш куни мобайнида


3*. Экспертизанинг натижаси салбий бўлганда ариза берувчининг аккредитация шартларига номувофиқлиги сабабларини кўрсатган ҳолда унга ёзма билдиришнома юборади ва аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш учун 20 кундан ортиқ бўлмаган муддат беради.



3 иш куни мобайнида


4*. Экспертиза натижалари бўйича белгиланган номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни такроран кўриб чиқади.

      


Ҳужжатлар тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида







3-босқич

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


      

1. Экспертизанинг ижобий натижалари бўйича аккредитация объектини жойнинг ўзида баҳолаш учун комиссия тузади.

     


10 иш куни мобайнида


2. Жойнинг ўзида баҳолайди ва натижалар бўйича баҳолаш далолатномасини расмийлаштиради.

        


20 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда







4-босқич


"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


       

1. Баҳолаш якунлари Аккредитация қилиш кенгашида кўриб чиқилишини таъминлайди.



5 иш куни мобайнида

Миллий аккредитация органи


2. Аккредитация қилиш кенгаши тавсияларини инобатга олган ҳолда:

аккредитация тўғрисида;

номувофиқликларни бартараф этиш учун белгиланган муддатни бериш тўғрисида қарор қабул қилади.



3 иш куни мобайнида

Ариза берувчи


3*. Аниқланган номувофиқликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни тақдим этади.



30 иш куни мобайнида

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


4*. Номувофиқликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқади ва жойнинг ўзига чиқиб назорат далолатномасини расмийлаштиради.



Ҳужжатлар тушган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида

Миллий аккредитация органи


5*. Баҳолаш якунлари Аккредитация қилиш кенгашида кўриб чиқилишини таъминлайди.




6*. Аккредитация қилиш кенгаши тавсияларини ҳисобга олган ҳолда:

аккредитация қилиш тўғрисида;

аккредитацияни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.









5-босқич

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


     

Аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради.

       


3 иш куни мобайнида



        

*) Бандлар белгиланган талабларга номувофиқлик аниқланган ва уни бартараф этиш учун муддат бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда бажарилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Миллий аккредитация органи раҳбарига

_____________________________________



Аккредитацияга (аккредитация

соҳасини кенгайтиришга)

БУЮРТМАНОМА

1.


уни


(ариза берувчининг номи)



сифатида аккредитациядан

(аккредитация объекти)


            

ўтказишни илтимос қилади.


2. Манзил, телефон, факс, электрон почта, ҳисоб-китоб рақами , КТУТ, СТИР

        

       

       

      

3. Раҳбарнинг Ф.И.О., телефони


        

        


    

4. Масъул шахснинг Ф.И.О., телефони


        

        


          

Аккредитация учун тақдим этилган ҳужжатлар:

1.


2.


3.


4.


5.


6.


Тўлов кафолатланади.

Ариза берувчи







(ташкилотнинг номи)


(имзо)


(Ф.И.О.)

        





Низомга

3-ИЛОВА



ни


(ариза берувчининг номи)




сифатида


(аккредитация объекти)


Баҳолаш

ДАЛОЛАТНОМАСИ



асосида


(баҳолашни ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатнинг номи, тартиб рақами, санаси)


             

20 йил "___" __________дан 20 йил "___" __________ гача бўлган даврда.

Қуйидаги таркибдаги Комиссия:

Комиссия раҳбари



(Ф.И.О., лавозими)

Комиссия аъзолари



(Ф.И.О., лавозими)


         


(ариза берувчининг номи)

             

        

ни аккредитациядан ўтказиш мақсадида баҳолашни ўтказди.

Баҳолашда:


аниқланди.

Комиссия



(Комиссиянинг тавсияси)


ни тавсия қилади.

Хулоса:



(ариза берувчининг аккредитациясига нисбатан комиссиянинг хулосаси)

Комиссия раиси




(имзо)


Комиссия аъзолари




(имзо)


          





Низомга

4-ИЛОВА


Инспекция назоратини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддати

           

1-босқич

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


      

Инспекция назоратини ўтказишнинг режа-жадвали асосида:

Комиссия таркибини ва ўтказиш муддатларини кўрсатган ҳолда буйруқ чиқаради;

Инспекция назоратини ўтказиш дастурини тасдиқлайди.

         


Режа-жадвалга мувофиқ

(кўпи билан 1 календарь йилда бир марта)



       

2-босқич

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


      

Жойнинг ўзига чиқиб инспекция назоратини ўтказади ва натижалар бўйича инспекция назорати далолатномасини расмийлаштиради.

       


20 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда



            

3-босқич

"Ўзбекаккре-

дитация" ДК


        

1. Баҳолаш якунлари Аккредитация қилиш кенгашида кўриб чиқилишини таъминлайди;



5 иш куни мобайнида

Миллий аккредитация органи


2. Аккредитация қилиш кенгашининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлаш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, шунингдек аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

             


5 иш куни мобайнида

            

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 26 октябрь, 42-сон, 534-модда



































Время: 0.2220
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск