ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.02.2009 й. 41-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 12 февралдаги

41-сон қарорига

3-ИЛОВА



Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат

қилиш ҳудудий комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тегишли ҳудудда аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида ташкил этилади.


2. Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссияси (кейинги ўринларда ҳудудий комиссия деб аталади) ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси тўғрисидаги Низомга, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Ҳудудий комиссия тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссиясига (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ҳисоб беради.

Ҳудудий комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларининг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш бўлинмалари, шунингдек тегишли ҳудудда жойлашган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан бажарилиши мажбурийдир.


II. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


4. Қуйидагилар ҳудудий комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлинмалари, бошқа алоқадор органлар томонидан шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари, ҳудудий қурилиш бўлинмалари томонидан аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларининг асосий қоидалари, ҳудудларни режалаштириш схемалари, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ободонлаштириш схема ва лойиҳалари, туманни (туманлар гуруҳини) режалаштириш лойиҳалари, қуриш қоидалари амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва таъминлаш;

муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни оқилона жойлаштириш, ривожлантириш, аҳоли пунктлари ерларидан мақсадли фойдаланиш, уй-жой фонди ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш мақсадидаги объектлар сақланишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

замонавий талаблар ва миллий анъаналарга мувофиқ аҳоли пунктларини шаҳарсозлик бўйича комплекс ривожлантиришни, уларнинг меъморий-бадиий қиёфаси ва бой меъморий-тарихий мерос сақланишини таъминлаш бўйича масалаларни кўриб чиқиш ва таклифлар киритиш;

шаҳарсозлик фаолияти объектларининг, шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш, уларни экспертизадан ўтказиш, шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек санитария норма ва қоидаларига риоя этилиши мониторингини олиб бориш;

ноқонуний қурилишларнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларидан ноўрин фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш;

шаҳарсозлик фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли пунктлари бош режалари асосий қоидаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, шаҳарсозликка доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.


5. Ҳудудий комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз қарорларининг шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилишини назорат қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ҳудудий комиссияга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари тегишли раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Комиссия қарорларининг бажарилишини таъминламаган тегишли мансабдор шахсларга нисбатан интизомий ва бошқа жазо чораларини қўллаш шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

ваколатли давлат органларига тегишли ҳудудда шаҳарсозликка доир қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки белгиланган тартибда тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритиш.



III. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Ҳудудий комиссия ушбу Низомга иловага мувофиқ таркибда ташкил этилади.


7. Ҳудудий комиссияга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

ҳудудий комиссия фаолиятини унга юкланган вазифаларга мувофиқ ташкил этиш;

ҳудудий комиссия мажлисларини чақириш ва уларнинг кун тартибини белгилаш;

Комиссия ва ҳудудий комиссия қарорлари бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

ҳудудий комиссия аъзоларининг унга юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

ҳудудий комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа хатти-ҳаракатларни бажариш.

Ҳудудий комиссия раиси:

Комиссияга ва унинг ишчи гуруҳларига ҳаққоний ва муфассал ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши;

ҳудудий комиссиянинг унга юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолиятининг натижадорлиги учун жавоб беради.


8. Ҳудудий комиссия аъзолари улар ўртасида тақсимланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб берадилар.


9. Ҳудудий комиссия ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси иш режасига мувофиқ ишлаб чиқиладиган ва ҳудудий комиссия раиси тасдиқлайдиган йиллик режа асосида ташкил қилади.


10. Ҳудудий комиссия доимий ва мунтазам равишда, тегишли аҳоли пунктларига, ишлаётган, қурилаётган ва реконструкция қилинаётган объектларга истиқболли қуриш мўлжалланаётган ҳудудларга бевосита борган ҳолда шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг талаблари бажарилишининг аҳволини ўрганади.


11. Ҳудудий комиссия мажлислари тасдиқланган иш режасига мувофиқ ҳар ойда камида бир марта ўтказилади. Ҳудудий комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.


12. Ҳудудий комиссия мажлисини унинг раиси бошқаради. Ҳудудий комиссия раиси бўлмаган тақдирда мажлисни унинг ўринбосари бошқаради. Ҳудудий комиссия мажлиси унда ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Ҳудудий комиссия қарори аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда ҳудудий комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Ҳудудий комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


13. Ҳудудий комиссия раиси билан келишган ҳолда унинг объектив сабабларга кўра мажлисда қатнашмаётган аъзолари ўрнига уларнинг ваколатли вакиллари овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашишлари мумкин.


14. Ҳудудий комиссия раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида ҳудудий комиссия аъзолари билан келишилган алоҳида масалалар бўйича қарорларни сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.


15. Ҳудудий комиссия мажлисларига ҳокимликларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари, шунингдек кўриб чиқилаётган масалалар характерига кўра, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бўлинмалари раҳбарлари таклиф этилади.

Ҳудудий комиссия мажлисларида ҳудудий гуруҳлар томонидан ўтказилган ўрганишларнинг натижалари кўриб чиқилади, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий бўлинмалари тегишли раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.


16. Ҳудудий комиссия қарорлари ҳудудий комиссия мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади. Ҳудудий комиссия мажлиси протоколига унинг барча аъзоларининг розилик белгиси қўйилади, протокол котиб томонидан имзоланади, ҳудудий комиссия раиси томонидан тасдиқланади ҳамда бир ҳафта муддатда ҳудудий комиссия аъзоларига, манфаатдор ташкилотларга ва Комиссиянинг ишчи органига юборилади.


17. Ҳудудий комиссия протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар ҳудудий комиссиянинг ишчи органида сақланади.


18. Ҳудудий комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилиш ҳудудий комиссиянинг ишчи органи томонидан амалга оширилади.


19. Ҳудудий комиссия ҳар ойда, ой тугагандан кейин 10 кун мобайнида Комиссияга ҳисобот даврида бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади.



IV. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


20. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари тегишли равишда ҳудудий комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

21. Ҳудудий комиссиянинг ишчи органи:

навбатдаги давр учун ҳудудий комиссиянинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

ҳудудий комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ва маҳаллий давлат ҳокимияти тегишли органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий органларидан ҳамда ҳудудий комиссия аъзоларидан зарур материаллар ва эксперт хулосаларни олиш ҳуқуқига эга бўлади;

кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашни ва ҳудудий комиссия мажлисларини ўтказишни ташкил қилади;

ҳудудий комиссияга кўриб чиқиш учун ахборот ва таҳлилий материалларни тақдим этади;

ҳудудий комиссияга кўриб чиқиш учун унинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади;

кун тартибидаги масалалар бўйича ҳудудий комиссиянинг мажлисларини ўтказишни ташкил қилади;

ҳудудий комиссия раиси билан мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини келишиб олади;

ҳудудий комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказилиш санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

ҳудудий комиссия қарорларининг бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини ҳудудий комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этади;

ҳудудий комиссия протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни ҳудудий комиссия аъзоларига, манфаатдор ташкилотларга юборади.






Низомга

ИЛОВА



Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини

назорат қилиш ҳудудий комиссиясининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қурилиш масалаларига мутасадди ўринбосари (ҳудудий комиссия раиси).


2. Ҳудудий қурилиш бўлими раҳбарлари.

3. Ҳудудий ер ресурслари ва давлат кадастри бўлинмасининг раҳбари.


4. Ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармасининг раҳбари.

5. Ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш бўлинмасининг раҳбари.


6. Ҳудудий ички ишлар бўлинмаси раҳбарининг ўринбосари.


7. Ҳудудий иқтисодиёт бўлинмасининг раҳбари.


8. "Маҳалла" жамғармасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари.


9. Бошқа алоқадор органлар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва мансабдор шахслари.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 8-сон, 77-модда.
















































Время: 0.0319
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск