Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш /

Ўзбекистон Республикасида бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш Қоидалари (ЎзР ВМ 28.07.2003 й. 330-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 28 июлдаги

330-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида бозорларда

савдо фаолиятини ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасида бозорларда савдо фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.



II. АСОСИЙ АТАМАЛАР ВА ТУШУНЧАЛАР


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий атамалар ва тушунчалардан фойдаланилган:


бозор - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган жойларда доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган ҳамда савдо расталари, савдо ўринлари, турғун савдо шохобчалари (шу жумладан савдо павильонлари, киоскалари)дан фойдаланган ҳолда, эркин рақобат шароитларида истеъмол товарлари кенг ассортиментининг чакана ва майда улгуржи олди-сотдиси учун зарур шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган мулкий комплекс;


деҳқон (озиқ-овқат) бозори - кенг турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларнинг савдо расталари, савдо ўринлари, турғун савдо шохобчалари (шу жумладан савдо павильонлари, киоскалари)дан фойдаланган ҳолда чакана ва майда улгуржи олди-сотдиси амалга ошириладиган бозор;


буюм бозори - назорат-касса машиналари билан жиҳозланган турғун савдо шохобчалари (шу жумладан савдо павильонлари, киоскалари), шунингдек савдо расталари ва савдо ўринлари орқали ноозиқ-овқат, асосан илгари фойдаланишда бўлган истеъмол товарларининг чакана ва майда улгуржи олди-сотдиси амалга ошириладиган бозор;


ихтисослаштирилган бозор - товарларнинг ихтисослаштирилган гуруҳлари: қурилиш материаллари, автомобиллар ва автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари, тирик моллар, паррандалар, ҳайвонлар ва бошқалар савдоси амалга ошириладиган бозор;


дам олиш куни ярмаркаси - жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бевосита қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан олди-сотдиси учун муайян вақтга (одатда дам олиш кунларига) шарт-шароитлар яратиш учун махсус ажратилган ҳудуд.


3. Бозор ҳудудида жойлашган турғун чакана савдо объектлари фаолияти Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



III. БОЗОРЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


4. Бозорни ташкил этиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бозор ташкил этиш учун ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорлари асосида амалга оширилади.

Дам олиш куни ярмаркалари ташкил этиш жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида амалга оширилади.


5. Қарорда бозорнинг жойлашган ўрни, унинг ихтисослашуви, иш тартиби, ундаги савдо ўринларининг сони ва уларнинг жойлашиши мажбурий тартибда белгилаб қўйилади.


6. Бозор фаолиятини ташкил этиш бозор ташкил этиш учун ажратилган ер участкасини ижарага берувчи юридик шахс томонидан таъминланади. Кўрсатиб ўтилган юридик шахс очиқ акциядорлик жамияти шаклида ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, унинг муассисларидан биттаси мажбурий тартибда устав жамғармасидаги улуши камида 51 фоиз бўлган жойлардаги давлат ҳокимияти органи бўлиши керак.


7. Ташкил этилаётган бозорлар устав жамғармасининг энг кам миқдори тегишли ташкилий-ҳуқуқий шакллар учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорга мувофиқ бўлиши, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг камида 500 бараваридан кам бўлмаслиги керак.


8. Давлат рўйхатидан ўтказиш пайтигача бозорнинг устав жамғармасига таъсис ҳужжатларида кўрсатилган миқдорнинг камида 30 фоизи қўшилади.


9. Бозорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


10. Бозорларни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



IV. БОЗОР ҲУДУДИНИ ОБОДОНЛАШТИРИШГА,

ОБЪЕКТЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА ВА

АСБОБ-УСКУНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


11. Бозорда:

асфальтланган (мол бозорларидан ташқари), яхши ёритилган, ёндош ҳудуддан тўсиқ билан ажратилган савдо майдони;

бозорда иш вақти тугагандан кейин ёпиладиган кириш ва чиқиш жойлари;

бозорнинг номи, ихтисослашуви ва иш тартиби давлат тилида ёзилган жиҳозланган пешлавҳа;

жиҳозланган ва тартиб рақамлари қўйилган турғун ҳамда мавсумий савдо расталари ва савдо қилиш учун жойлар, турғун савдо шохобчалари (шу жумладан павильонлар, киоскалар) бўлиши керак. Бунда бозор маъмурияти тасдиқлаган ва бозор обьектларининг жойлашиш схемаси кўринарли жойга осилган ва объектларнинг амалда жойлашган ўрни, шунингдек бозор расталари ва савдо ўринларининг жойлашиши харидорларнинг бозорда эркин юришини ва савдо расталари ва жойларига бемалол боришини таъминлаши керак;

давлат солиқ хизмати органларининг таянч пунктини жойлаштириш учун бинолар, божхона ва солиқ органлари (буюм бозорлари ва ихтисослаштирилган бозорларда), ветеринария-санитария экспертизаси давлат лабораторияси ёки давлат ветеринария назорати бўлинмалари (мол ва ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда) билан биргаликда ташкил этиладиган маслаҳат бериш пунктлари;

буюмларни сақлаш жойлари, дезинфекцияловчи моддаларни сақлаш, гўшт маҳсулотларини майдалаш (гўшт сотишда) учун алоҳида хоналар;

товарларни савдо жойларига етказиш учун аравачаларни прокатга бериш пункти, ўлчов-тортиш воситаларини прокатга бериш пунктлари;

ёнғинни ўчириш ва авария ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳолларида аҳолини хабардор қилиш воситалари;

ижарачилар ва харидорларнинг автотранспорт воситалари турадиган жойлар, жамоат ҳожатхоналари, сув қувурлари, қўл-юз ювиш воситалари, ахлат тўплагичлар (буюм бозорларида зарурат бўлганда кийимни кийиб кўриш учун жиҳозланган кабиналар) ва бошқа зарур инфратузилма объектлари бўлиши керак.


12. Бозорлар ҳудудлари уларнинг ихтисослашувига мувофиқ, деҳқон бозорлари ноозиқ-овқат истеъмол товарлари билан савдо қилишга ихтисослашган бозорлар (буюм бозорлари ёки ихтисослаштирилган бозорлар) билан ёндош бўлмайдиган даражада аниқ ажратиб қўйилган бўлиши керак.


13. Бозор ҳудудида:

объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринларининг ташкил этилиши;

юкларни ташиш учун мўлжалланган воситалар (контейнерлар)дан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини сотиш;

озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини автомашиналардан сотиш тақиқланади, қонун ҳужатларида белгиланган тартибда ихтисослашган автотранспорт ва асбоб-ускуналардан (автолавкалар, автодўконлар, изотермик сиғимлар, тирик балиқ сотиш учун автоаквариумлардан ва шу кабилардан) сотиш бундан мустасно.


14. Танишиш учун қулай жойларда:

а) товар номенклатурасининг асосий гуруҳлари бўйича савдо зоналари кўрсаткичлари;

б) савдо зоналари, умумий овқатланиш ва сервис хизмати кўрсатиш объектлари, маъмурий бинолар, намойиш қилиш хонасининг жойлашиш схемаси кўрсатилган стенд ёки ветеринария-санитария экспертизаси давлат лабораторияси ёки бозордаги давлат ветеринария назорати бўлинмаси (мол ва ўсимлик маҳсулотларини сотишда), назорат ўлчови тарозилари, автомобиллар тўхташ жойлари, жамоат ҳожатхоналари ва бошқа объектлар схемаси кўрсатилган стендлар;

в) фавқулодда вазиятлар рўй берганда бозорни эвакуация қилиш схемаси;

г) ахборотлар стенди, унда сотувчилар ва бозорга келувчилар учун:

"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу Қоидаларнинг матнлари;

савдо фаолиятини ва товарларнинг айрим турларини сотишни тартибга солувчи қоидалар;

бозорда савдо ўринларини бериш ва хизматлар кўрсатиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги ахборот;

бозор маъмуриятининг, туман ҳокимлигининг, давлат санитария назорати (давлат ветеринария назорати) ҳудудий органларининг, давлат солиқ хизматининг, ички ишлар органларининг телефон рақамлари осиб қўйилади.


15. Савдо операциялари ўлчаш-тортиш воситаларидан (тарозилар, тарози тошлари, ўлчовли сиғимлар, метрлар ва бошқалар) фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак бўлган бозорларда метрологик қоидалар ва нормалар талабларига мувофиқ бўлган ўлчов анжомлари мавжуд бўлиши шарт.

Тарозилар ва бошқа ўлчов анжомлари сотувчининг иш жойида тортиб кўриш, қийматини аниқлаш ва товарни бериш бўйича барча жараёнларнинг кўриниб туриши таъминланган ҳолда ўрнатилиши керак.


16. Бозор ҳудудида махсус ажратилган жойларда:

умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва тижорат банклари объектлари (филиаллар, мини-банклар, банк кассалари);

намойиш қилиш хонаси ёки ишлаб чиқарувчи корхоналарга (шартнома шартларида) истиқболли товарларни кўрсатиш, уларни оммалаштириш бўйича тақдимотлар, реклама кампаниялари ўтказиш имкониятини яратиш учун стенд жойлаштирилади.


17. Санитария кунлари бозорда жойлардаги давлат ҳокимияти органи томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ белгиланади.


18. Бозор ҳудудида товарларни ташишни ва бозорда савдо жараёнини ташкил этиш товарларни ташиб келтириш (қабул қилиб олиш), сақлаш ва сотиш учун зарур шароитларни тўлиқ таъминлаши керак.


19. Мижозларнинг бозор ҳудудига кириши - бепул.


20. Бозорлар ҳудудида савдони амалга оширишда назорат-касса машиналарини қўлланиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.



V. БОЗОРНИ БОШҚАРИШ. СОТУВЧИЛАРНИНГ

ВА БОЗОР МАЪМУРИЯТИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


21. Бозорни бошқариш бозор маъмурияти томонидан амалга оширилади, унга ушбу Қоидаларга ҳамда бозорларда савдо ўринлари беришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этиш учун жавобгарлик юкланади.


22. Бозорда сотувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Қоидаларга мувофиқ савдо фаолиятини амалга ошириш;

бозор маъмуриятидан ушбу Қоидаларга мувофиқ ишлаш учун шарт-шароитлар билан таъминлашни талаб қилиш;

бозор маъмуриятидан бозорнинг иш тартиби ва режими бўйича зарур тушунтиришлар олиш;

бозор маъмурияти томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлардан фойдаланиш;

ўзларининг фаолияти назорат органлари томонидан текширилган тақдирда бозор маъмурияти ходимларини таклиф этиш;

бозор маъмуриятига бозор фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш.


23. Сотувчилар бозорда қуйидагиларга мажбур:

бозорда савдо фаолиятини амалга оширишда ўз ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатга, патта тўлови тўланганлиги тўғрисидаги чекга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларга эга бўлиш;

ушбу Қоидаларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш;

фақат бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойлардагина савдо қилиш;

савдо ўринларини тоза ва тартибли сақлаш;

бозор маъмурияти ва бошқа назорат қилувчи органларнинг қонуний талабларини бажариш.


24. Савдо ўрнини учинчи шахсга бериш тақиқланади.


25. Бозор маъмурияти амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорлар фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, савдо қоидаларида белгиланган талабларнинг бажарилиши учун жавоб беради.

Бозор маъмурияти раҳбарияти ушбу Қоидаларга риоя қилинмаганлик ёки маъмурият ходимлари томонидан ёки бозорда сотувчилар томонидан уларга риоя этиш юзасидан зарур назоратнинг йўқлиги учун ёллаш шартномаларини бекор қилишгача бўлган даражада интизомий жавоб беради.


26. Бозор маъмурияти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юридик шахсларга ва юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларга бозорда савдо фаолиятини амалга ошириш ҳамда хизматлар кўрсатиш учун шартнома асосида савдо ўринлари бериш;

деҳқон бозорларида жисмоний шахсларга, улар томонидан патта тўлови тўланган тақдирда ёзма шартномалар тузмасдан савдо ўринлари бериш;

шартнома асосида қўшимча хизматлар кўрсатиш;

назорат органлари вакилларига улар бозорларда ўз функцияларини амалга ошираётганда ҳамроҳлик қилиш;

ижарачилар томонидан бозорларда савдо фаолиятини амалга оширишга белгиланган талаблар такроран бузилиши ҳоллари ҳужжатли тарзда тасдиқланган тақдирда улар билан турғун объектларни ижарага бериш, савдо ўринлари тақдим этиш юзасидан тузилган шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш.

Бозор ҳудудида тарозилар ва бошқа ўлчов анжомларини ижарага бериш, юк сақлаш жойларини ташкил этиш, юкларни ташиш учун аравачаларни ижарага бериш бўйича хизматлар фақат бозор маъмурияти томонидан кўрсатилиши мумкин.


27. Бозор маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

сотувчилар ва ўз ходимлари томонидан ушбу Қоидаларга ва белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

бозор ишларини ва бозор фаолияти билан боғлиқ жараёнларни амалдаги санитария қоидаларига ҳамда савдо фаолиятини амалга оширишни белгиловчи ва атроф-муҳитни, бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемия, эпизоотия ва экология хавфсизлигини таъминловчи нормаларга қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиш;

жамоат тартибини сақлаш, қўриқлашни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, бозорнинг нормал фаолият кўрсатиши учун, шу жумладан унинг энергия, иссиқлик ва сув таъминоти бўйича зарур шароитларни таъминлаш;

ўлчаш воситаларини ва сақлаш камераларини прокатга бериш пункти ишлари учун жавобгар шахсларни буйруқ билан тайинлаш;

бозор майдонини, маъмурий-хўжалик биноларини, умумий равишда фойдаланиладиган жойларни зарур санитария-техник ҳолатда сақлаш;

ёндош ҳудудлар ўз вақтида йиғиштирилишини ва ободонлаштирилишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни, йирик ҳажмли ахлатларни, турли хил идишларни ва шу кабиларнинг ташиб кетилишини таъминлаш.


28. Бозор маъмурияти:

сотувчиларнинг анжомларга, тегишли техник талабларга, санитария нормалари ва қоидаларига бўлган эҳтиёжини;

харидорларга хизмат кўрсатиш чоғида пайдо бўладиган низоли вазиятларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини;

сотувчиларнинг минимал касбий тайёргарлиги бўйича тадбирлар амалга оширилишини;

маҳаллий ҳокимликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган мулоҳазалар ва таклифлар дафтарларининг мавжуд бўлишини ва уларни харидорларнинг биринчи талабига биноан тақдим этилишини таъминлайди.


29. Бозор маъмурияти назорат қилувчи органлар вакилларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишда кўмаклашади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўради. Зарурат бўлганда назорат қилувчи органлар ходимларига текширишларни ўтказиш даври учун хоналар ажратади.



VI. БОЗОРНИНГ ИШ РЕЖИМИ


30. Бозорнинг иш режими Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг бозорни ташкил қилиш тўғрисидаги қарорида назарда тутилади.


31. Бозор ҳудудидаги айрим савдо объектларининг иш вақти бозор ишларининг умумий режими билан тартибга солинади.


32. Бозор режали санитария-техник ишларни амалга ошириш учун ёпилган тақдирда бозор маъмурияти олдиндан, мазкур ишлар ўтказилгунгача етти иш кунидан кечикмай сотувчиларни, аҳолини ва жойлардаги давлат ҳокимияти органини бозорнинг ёпилиши сабаблари ва даври тўғрисида хабардор қилади.


33. Алоҳида савдо объектини (павильон, палаткалар, киоскалар ва шу кабиларни) ёпиш зарур бўлган тақдирда бозорнинг иш вақтида сотувчи харидорлар учун объектнинг ёпилиши сабаблари ва даври тўғрисидаги эълонни осиб қўйиши, объект бир иш соатидан кўпроқ вақтга ёпилган тақдирда эса харидорлар учун эълондан ташқари бозор маъмуриятини бу тўғрида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.


34. Бозор авария ва фавқулодда вазиятлар юз берганда шошилинч тадбирларни бажариш учун ёпилган тақдирда бу тўғридаги ахборот зудлик билан сотувчиларга, харидорларга ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларига етказилади.



VII. БОЗОРЛАРНИНГ ДАРОМАДЛАРИ МАНБАЛАРИ


35. Қуйидагилар:

патта тўловидан тушумлар;

бозорларнинг ҳудудида жойлашган ва уларнинг тасарруфидаги ер участкалари, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумлар;

сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

бозор маъмурияти (ёки унинг савдо-харид корхоналари) томонидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги товарларини тайёрлаш, харид қилиш ва сотишдан (деҳқон бозорлари учун) олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар бозорлар даромадларининг манбалари ҳисобланади.


36. Патта тўлови бозорларда чакана савдони амалга оширувчи шахслардан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ставкалар бўйича ундирилади.


37. Сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатилганлиги, ер майдонлари, бинолар, иншоотлар ва бошқа мол-мулк юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилганлиги учун ҳақ бозор маъмурияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари белгилайдиган миқдорларда ундирилади.

Бунда ер участкалари учун ижара ҳақи миқдори ушбу жой учун ер солиғининг уч баравари миқдоридан ошмаслиги керак.



VIII. БОЗОРЛАР ДАРОМАДЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ


38. Бозорларнинг хизматлар кўрсатишдан, бозорлар ҳудудидаги ер участкалари, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан, шунингдек патта тўловини ундиришдан олинадиган даромадларидан умумдавлат ва маҳаллий солиқлар олинмайди.

Даромадлар умумий миқдорининг 50 фоизи бозор маъмурияти ихтиёрида қолади ва улардан жорий харажатларни қоплашда, реконструкция қилишда, ободонлаштиришда, бозорлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини кенгайтиришда, сифатини яхшилашда фойдаланилади.

Қолган 50 фоизи белгиланган тартибда маҳаллий бюджетга ўтказилади.


39. Деҳқон бозорларининг маҳсулот етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномаларга биноан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш, тайёрлаш ва сотиш бўйича хўжалик фаолиятидан олинган даромадлари алоҳида ҳисобга олинади ва уларга умумий равишда белгиланган тартибда солиқ солинади.



IX. ПАТТА ТЎЛОВИ УНДИРИШНИ,

КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАРГА

ҲАҚ ТЎЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


40. Бозор маъмурияти патта тўлови ундиришнинг, кўрсатиладиган мажбурий ва бошқа хизматлар учун ҳақ тўлашнинг барча сотувчилар учун қулай, тушунарли шарт-шароитлари яратилиши учун жавоб беради.

Шундан келиб чиққан ҳолда бозор маъмурияти қуйидагиларни ташкил этишга мажбурдир:

барча савдо расталарида кўзга кўринадиган жойда бозор ҳудудида савдо қилиш шартлари давлат тилида ёритилган плакатлар, тушунтирувчи жадвалларни патта тўлови ставкалари ва хизматлар қийматлари кўрсатилган ҳолда жойлаштириш;

тегишли тарзда, шу жумладан назорат-касса машиналари билан жиҳозланган патта тўлови ундириш турғун шохобчалари мавжуд бўлиши, у ерда ҳисобга олиш ходимлари (кассирлар) доимий равишда бўлишлари керак. Бунда турғун шохобчалар сони 500 сотувчига (савдо ўринларига) 1 шохобча ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши керак;

бозорда савдо қилганлик учун патта тўлови ундиришнинг асосий шартларини, сотувчи ва харидорларга кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва қийматини радио орқали мунтазам равишда маълум қилиб бориш;

мажбурий тусдаги хизматлар кўрсатилганлиги учун патта тўлови тўлашдан бош тортган сотувчиларни аниқлаш мақсадида савдо расталари ва умуман бозор ҳудуди ҳар соатда назоратчилар томонидан айланиб чиқилиши;

савдони амалга ошириш, патта тўлови тўлаш тартибини бузувчи шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жазолар қўлланилиши зарур бўладиган ҳоллар учун давлат солиқ хизмати органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан тезкор алоқа ўрнатиш.


41. Бозорлар маъмурияти томонидан бир марталик йиғимлар ва ижара ҳақи тўловларини қабул қилиш мажбурий тартибда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

100 ва ундан ортиқ турғун савдо шохобчалари ва савдо ўринларига эга бўлган бозорлар ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар ва ижара ҳақи тўловлари фақат автоматлаштирилган тарзда банк тизими орқали ҳисобга олиш йўли билан, тўловнинг тўлиқлиги давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ҳар куни текширилган ҳолда ундирилади.

42. Кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундириш жойларда ҳисобга олиш ходимлари томонидан сотувчиларга назорат-касса машиналари чеки ёки давлат солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган квитанциялар берилган ҳолда амалга оширилади.


43. Патта тўловини ундириш ва ундан тушган тушумлар ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.



Х. БОЗОР (БОЗОРДАГИ САВДО ОБЪЕКТИ) ФАОЛИЯТИНИ

ТЎХТАТИБ ҚЎЙИШ УЧУН АСОС ҲИСОБЛАНАДИГАН

ҚОНУН БУЗИЛИШЛАРИ РЎЙХАТИ


44. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, тегишли ҳужжатларда тасдиқланган қуйидаги мавжуд қонун бузилишларида бозор (бозордаги савдо объекти) фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилиши мумкин:

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилганда;

бозор (бозордаги савдо объекти)ни ташкил этиш ва ундан фойдаланишда санитария ва ветеринария қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри хавфли эпидемия ва юқумли касалликларининг тарқалишига сабаб бўлувчи бузилиши ҳолатлари белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

бозорни ташкил қилиш ва ундан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларининг, экология талабларининг бузилиши ҳолатлари белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига риоя қилинмаганда;

савдони амалга оширишда назорат-касса машиналарини қўлланиш тартиби ёки хусусий тадбиркорлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ даромадларни ва товар операцияларини ҳамда товарлар чеклари дафтарларини ҳисобга олиш китобини юритиш тартиби доимий равишда бузилганда;

бозорнинг ихтисослашувига нисбатан мазкур Қоидаларда белгиланган талаблар бузилганда;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа қонун бузилишларида.


45. Кўрсатилган қонун бузилишлари (бозордаги савдо объекти) аниқланганда, назорат органлари ўз ваколатлари доирасида, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдимномалар киритади, улар асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга бозор фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади ёки ўн иш кунидан ортиқ муддатга бозорнинг фаолиятини тўхтатиб туршп тўғрисида судга мурожаат қилади.

46. Йўл қўйилган қонун бузилишлари тўлиқ бартараф этилгандан кейин кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тасдиқланган кундан бошлаб ўн кун муддатда фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган орган бозор (бозордаги савдо объекти) фаолиятини қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.


XI. БОЗОР ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


47. Бозор фаолияти:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасининг ижара шартномаси тўхтатилганда;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, томонлардан бирининг ташаббуси билан ер участкасининг ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бозорни жойлаштиришга ажратилган ер участкаси давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилганда;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.



XII. БОЗОРЛАР ИШЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


48. Савдо фаолиятини тартибга солувчи мазкур Қоидалар ва бошқа талаблар ҳамда нормаларга бозорларда риоя этилишини назорат қилиш жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва назорат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.


49. Бозор фаолиятини текшириш тасдиқланган Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишларни ўтказиш ва текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ назорат органлари томонидан амалга оширилади. Назорат органлари томонидан ўтказиладиган текширишларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари вакиллари жалб қилиниши мумкин.


50. Назорат органлари ўз ваколатлари доирасида, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида, тадбиркорлик фаолияти, бозорларда белгиланган савдо фаолияти қоидалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сотувчилар томонидан риоя этилишини текширишлари мумкин.


51. Мазкур Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



XIII. ДЕҲҚОН БОЗОРЛАРИДА

ТОВАРЛАРНИ СОТИШГА ТАЛАБЛАР


52. Қуйидагилар деҳқон бозорларида сотиладиган товарларнинг асосий турлари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари, уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, ёрдамчи ва ҳунармандчилик корхоналари маҳсулотлари;

кўчатлар, уруғликлар, гуллар ва гул кўчатлари.


53. Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш:

жисмоний шахслар - деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари, боғбонлар ва полизчилар, юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан - жиҳозланган савдо ўринларида, патта тўловини мажбурий тўлаган ва назорат-касса машиналарини қўлламаган ҳолда;

юридик шахслар - қишлоқ хўжалиги корхоналари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, таъминот, сотиш ва савдо корхоналари томонидан - ижара шартномаси шартларида, турғун савдо шохобчалари орқали, назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул тушумини топширган ҳолда амалга оширадилар.


54. Деҳқон бозорида шунингдек бозорнинг савдо-харид корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш, тайёрлаш ва сотиш ҳам амалга оширилади.


55. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, балиқ, уйда тайёрланган консерваланган маҳсулотлар, гўшт ва балиқдан тайёрланган пазандалик маҳсулотлари, уй шароитида тайёрланган қандолатчилик маҳсулотлари билан савдо қилиш давлат санитария назорати талабларига мувофиқ махсус жиҳозланган ва ушбу маҳсулотни сақлаш ва сотиш шартларини таъминловчи умумий равишда фойдаланиладиган ихтисослаштирилган турғун озиқ-овқат павильонларида амалга оширилади.


56. Деҳқон бозорида импорт озиқ-овқат маҳсулотларини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга фақат, унинг сотиб олинган манбасини тасдиқловчи сифат сертификати ва ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда рухсат берилади.


57. Деҳқон бозорларида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари чакана савдоси фақат назорат-касса машиналари мажбурий қўлланган ҳолда турғун савдо шохобчаларида амалга оширилади.


58. Деҳқон бозорларида харидорларга қулайлик яратиш учун ўраш материаллари (қоғоз ва полиэтилен пакетлар, саватлар, посилка қутилари) сотишга рухсат этилади.


59. Деҳқон бозори ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда сотувчиларда қуйидагилар бўлиши лозим:

сотилаётган маҳсулотнинг ветеринария қоида ва нормалари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ветеринария-санитария экспертизаси давлат лабораториясининг ёки давлат ветеринария назорати бўлинмасининг хулосаси;

савдо жойи бериш бўйича хизматлар учун тўлов тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Ушбу ҳужжатлар сотувчида бутун иш вақти давомида сақланади ҳамда бозор ва давлат солиқ хизмати масъул ходимларининг биринчи талабига кўра кўрсатилади.



XIV. БУЮМ БОЗОРЛАРИДА

ТОВАРЛАРНИ СОТИШГА ТАЛАБЛАР


60. Қуйидаги ноозиқ-овқат товарлари буюм бозорларида сотиладиган товарларнинг асосий турлари ҳисобланади:

илгари ишлатилган товарлар;

юридик шахс бўлмасдан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган товарлар;

халқ ижодкорлиги, халқ ҳунармандчилиги ва косибчилик товарлари;

мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган товарлар (уларни фақат назорат-касса машиналари билан жиҳозланган турғун савдо шохобчалари орқали сотиш шарти билан);

юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар томонидан, белгиланган тартибда келтирилган импорт товарлар.


61. Буюм бозорида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари билан савдо қилишга юридик шахс бўлмаган якка тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахсларга ва:

чакана савдо ҳуқуқига белгиланган тартибда берилган рухсат гувоҳномасига эга бўлган (фақат якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан);

бозорда турғун савдо шохобчаси ёки савдо ўрнини ижарага олиш шартномасини тузган юридик шахсларга рухсат берилади.


62. Буюм бозорида товарларни чакана сотиш:

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан турғун савдо шохобчалари орқали - назорат-касса машиналарини мажбурий қўлланган ҳолда ҳамда нақд пул тушумини белгиланган тартибда ҳар куни банк муассасаларига топширган ҳолда;

жиҳозланган савдо шохобчаси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда даромадларни ва товар операцияларини ҳамда харидорга товар чекларини беришни ҳисобга олиш дафтарини мажбурий юритган ҳолда амалга оширилади.


63. Юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар буюм бозорида фақат:

илгари ишлатилган товарлар;

бевосита якка тартибдаги тадбиркорларнинг ўзлари келтиришган импорт товарлар;

ўзи тайёрлаган (сотилиши тақиқланмаган) товарлар;

бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан - ушбу товарларнинг ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинган товарлар;

фақат назорат-касса машиналари билан жиҳозланган турғун савдо шохобчалари орқали сотилганда, уларнинг сотиб олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи барча ҳужжатлар мавжуд бўлганда - мамлакатимиздаги товар ишлаб чиқарувчилар товарлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқига эга.


64. Импорт товарлар билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркор юридик шахс бўлмасдан якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган, экспорт-импорт операцияларини ва чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши керак ҳамда унда рўйхатдан ўтган жойдаги давлат солиқ инспекцияси томонидан берилган импорт операциялари субъектининг ҳисобга олиш картаси, шунингдек республика ҳудудига товарлар олиб кирганлигини ва улар божхонада расмийлаштирганлигини, божхона тўловлари ва қатъий белгиланган солиқни тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, мувофиқлик сертификати бўлиши шарт.

65. Ўзи тайёрлаган товарларни чакана сотувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқариш шароитлари мавжудлиги фактини исботловчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган ҳамда давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган ҳужжатларга эга бўлиши шарт.


66. Бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан - ушбу товарларнинг ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинган товарлар билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар сотилаётган товарларнинг якка тартибдаги тадбиркор - ишлаб чиқарувчи билан тузилган олди-сотди шартномасига эга бўлиши шарт. Шартномада мажбурий тартибда қуйидаги реквизитлар кўрсатилиши лозим:

якка тартибдаги тадбиркорлар - сотувчи ва харидорнинг исми, фамилияси ва отасининг исми;

якка тартибдаги тадбиркорлар - сотувчи ва харидорнинг паспортлари серияси, тартиб рақами ва берилган санаси;

якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами ва берилган санаси ҳамда гувоҳномани берган давлат ҳокимияти органлари;

солиқ тўловчиларнинг ва рўйхатдан ўтган жойдаги давлат солиқ инспекциясининг идентификация тартиб рақамлари;

банк муассасаларида ҳисоб рақамлари бўлган тақдирда банк реквизитлари.


67. Буюм бозорида рухсат гувоҳномасисиз ёхуд унинг амал қилиш даври тўхтатиб турилганда ёки у олиб қўйилганда савдо фаолиятини амалга ошириш фаолиятни лицензиясиз амалга ошириш ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланади.



XV. ҚУРИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИНИНГ

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН БОЗОРЛАРИДА

ТОВАРЛАРНИ СОТИШГА ТАЛАБЛАР

68. Таъмирлаш (пардозлаш) ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун фойдаланиладиган қўшимча материаллар қурилиш материалларининг ихтисослаштирилган бозорларида сотиладиган товарларнинг асосий турлари ҳисобланади.


69. Қурилиш материалларининг ихтисослаштирилган бозорларида улгуржи нархлари декларация қилинганлиги ёки уларнинг биржа савдоларида сотиб олинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда товарларни улгуржи гуруҳлар билан сотишга йўл қўйилади.


70. Қурилиш материалларини чакана сотиш:

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан - назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланган ҳамда белгиланган тартибда банк муассасаларига нақд тушумни ҳар куни топширган ҳолда;

жиҳозланган савдо ўринларида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан - Даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш дафтарини мажбурий юритган ҳамда нақд тушумни банк муассасаларига ҳар куни топширган ҳолда амалга оширилади.


71. Қурилиш материалларини сотишда, сотувчи томонидан харидор номига сотилган товарнинг номи, миқдори, суммаси кўрсатилган юк хати ёзиб берилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат-касса машинаси чеки ёки товар чеки берилади.


72. Қурилиш материалларининг ихтисослаштирилган бозорида рухсат гувоҳномасисиз ёхуд унинг амал қилиш муддати тўхтатиб турилган ёки у қайтариб олинган даврда савдо фаолиятини амалга ошириш фаолиятни лицензиясиз амалга ошириш деб ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланилади.


73. Қурилиш материалларини ихтисослаштирилган бозор ҳудудидаги ажратилган жойлардан ва қурилиш материаллари дўконларидан ташқарида сотишга йўл қўйилмайди.


74. Бозор маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

сочилувчан қурилиш товарларининг айрим турларини автомобилдан сотиш учун махсус майдончалар ташкил қилиш;

брокерлар томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш ва биржада битимлар тузиш учун алоқа воситалари, компьютер ва мебеллар билан жиҳозланган хона ажратиш;

биржадан олинган маълумотлар асосида ҳар кунги биржа савдолари натижалари бўйича шаклланаётган нархлар (котировкалар) тўғрисида харидорлар ва сотувчиларни хабардор қилиш.



XVI. ДАМ ОЛИШ КУНИ

ЯРМАРКАЛАРИНИНГ ИШ ТАРТИБИ


75. Дам олиш куни ярмаркаларини ўтказиш жойи ва муддатлари тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тақдимномасига кўра, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинади.


76. Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ички ишлар органлари, давлат санитария назорати ҳудудий органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида дам олиш куни ярмаркаларини тайёрлаш, ўтказиш ва ёпиш бўйича зарур тадбирларни амалга оширадилар.


77. Дам олиш куни ярмаркалари ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва уларни қайта ишлашдан олинган товарларни, шунингдек илгари ишлатилган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини сотишга рухсат этилади.


78. Дам олиш куни ярмаркалари ҳудудида савдо ўринлари бепул берилади.


79. Дам олиш куни ярмаркаларида маҳсулотларни сотиш қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади:

товарга оид ҳужжатлар (илгари ишлатилган товарлардан ташқари);

озиқ-овқат (қишлоқ хўжалиги) маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи давлат санитария назорати лабораториясининг хулосаси;

сотувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ушбу ҳужжатлар сотувчида бутун иш вақти давомида сақланади ва назорат органлари ва шаҳар (туман) ҳокимликларининг биринчи талабига кўра кўрсатилади.






Қоидаларга

ИЛОВА



Бозорларда сотилиши тақиқланган товарлар

РЎЙХАТИ


Қуйидагиларни бозорларда сотиш тақиқланади:

алкоголли маҳсулотлар (бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

аудиовизуал асарлар, фонограммалар, ЭҲМ учун дастурлар ва уларнинг моддий жисмлари, компьютер ва маиший техника (бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

қимматбаҳо металлар ва тошлар, шунингдек улардан тайёрланган буюмлар (бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

тайёр армия буюмлари ва белгиланган намунадаги махсус кийим-бош, ҳарбий ассортиментдаги бошқа товарлар, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар штампи қўйилган чойшаблар, ички ишлар органларида қўлланиладиган махсус воситалар ва махсус жиҳозлар;

ҳайвонлар терилари;

илгари фойдаланилган автомототранспорт воситалари, шунингдек уларнинг рақам қўйиладиган агрегатлари (ихтисослаштирилган автомобиль бозорларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда сотишдан ташқари);

хорижий валюта ва қимматли қоғозлар, ваколатли банкларнинг белгиланган тартибда жиҳозланган ва фаолият кўрсатаётган алмаштириш пунктларидан ташқари;

доривор воситалар (дорихоналардан ташқари);

ветеринария препаратлари ва биологик препаратлар (ихтисослаштирилган дорихоналар ва зоодўконлардан ташқари);

болалар таомлари (давлат санитария назорати талабларига мувофиқ махсус жиҳозланган ҳамда ушбу маҳсулотни сақлаш ва сотиш шароитларини таъминловчи турғун савдо шохобчалари бундан мустасно);

сотилиши қонун ҳужжатларида тақиқланган буюмлар.
























































Время: 0.1353
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск