ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Умумий қоидалар /

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури (ЎзР ОМ 29.08.1997 й. 466-I-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг

1997 йил 29 августдаги

466-I-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш

МИЛЛИЙ ДАСТУРИ


Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлатни қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан дадил бориб, жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Барқарорлик ва тартиб, миллатлараро тотувлик ва фуқаролар аҳиллиги туфайли ёш давлатимиз ишонч ва ҳурматга сазовор бўлмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиёт, сиёсат, давлат қурилиши, ҳуқуқий тизим ва жамиятни маънавий ўзгартириш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Ўтказилаётган ислоҳотларнинг қонуний замини яратилди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳуқуқий асослари изчиллик билан мустаҳкамланмоқда ва такомиллаштирилмоқда.

Ватанимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир. Шахснинг сиёсий фаоллиги, унинг чинакам фуқаровий муносабати, демократик ислоҳотларга интилувчанлиги белгиланган мақсадларга тезроқ эришишнинг муҳим омилидир.

Юксак ҳуқуқий маданият - демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг ифодасидир. У жамиятдаги турли хил ҳаётий жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқароларнинг, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлиги ҳамда батартиблигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи омилдир. Қонунни ҳурмат қилиш ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолият кўрсатишининг асосий талабларидан бири ҳисобланади.

Ҳуқуқий маданият - умумий маданиятнинг ажралмас таркибий қисми. Инсонлар онгида шундай ишонч қарор топиши керакки, ҳуқуқий билимларга эга бўлган ва уларни амалиётда татбиқ эта оладиган кишигина маданиятли ва билимли деб ҳисобланиши мумкин.

Жамият ва давлат тараққиётининг ҳозирги ҳолати ҳуқуқий муносабатлар барча иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини ҳар томонлама оширишни талаб қилмоқда. Ҳуқуқий маданият ҳуқуқий билим, ҳуқуқий эътиқод ва изчил амалий фаолият мажмуи сифатида жамият ва давлат олдида турган вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишини таъминлайди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий давлат асосларини шакллантириш заруриятидан келиб чиққан ҳолда ушбу Миллий дастур қабул қилинмоқда.



УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Миллий дастурнинг мақсади аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратишдир.

Кўрсатилган мақсадга эришишда асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш;

барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг қонунга ҳамда ҳуқуққа ҳурмат билан муносабатда бўлишига эришиш;

аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;

фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигини таъминлаш.

Ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва юксалтириш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги принципларга асосланади: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги; Конституция ва қонуннинг устунлиги; демократияга асосланганлик, ижтимоий адолат; илмийлик; узлуксизлик; ҳуқуқий тарбиядаги ворислик ҳамда умумийлик; ҳуқуқий ахборотнинг ҳамма учун очиқлиги; ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий маорифнинг бирлиги ҳамда уларга табақалаштирилган ёндашув.

Юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқаро, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ҳамда ижтимоий фаоллиги юксалишини таъминлаш;

аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш брганлари, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш;

аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, илмий-оммабоп юридик адабиётлар нашр қилиниши ва тарқатилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия воситалари ва усулларини такомиллаштириш;

юридик таълим, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизимини ривожлантириш;

ҳуқуқий маданиятнинг илмий асосларини тадқиқ этишни рағбатлантириш, ижтимоий-ҳуқуқий тадқиқотларни ташкил этиш;

миллий анъаналар ҳамда жаҳон тажрибасидан фойдаланиш асосида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш, бир томондан, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳуқуқий билимларнинг муайян даражасини ўзлаштириб олиши учун зарур бўлган шарт-шароит яратишни, иккинчи томондан - турли ижтимоий гуруҳларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий маорифни табақалаштиришни назарда тутади.



ФУҚАРО, ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТНИНГ ЎЗАРО

МУНОСАБАТЛАРИДА АҲОЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИ

ВА ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШ


Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси шахс ва давлат ўзаро масъуллигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўйган. "Инсон - давлат" муносабатларида устуворлик инсонга тегишли. Давлат ҳокимияти органларининг фаолияти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилиши лозим.

Инсон ҳуқуқлари - инсонпарвар демократик ҳуқуқий онгнинг ўзагидир. Ҳуқуқий онг даражаси - бу одамларнинг ҳуқуқлардан шунчаки хабардорлиги, қонунларни билишигина эмас. Бу, энг аввало, қонунларга риоя этиш ва уларни бажаришга тайёрлик, қонунга итоаткорлик, ҳуқуқни ва одил судловни ҳурмат қилишдир.

Мукаммал қонун ҳужжатлари ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг муҳим шарти, ҳуқуқий давлат қарор топишининг зарурий белгиси ҳисобланади. Мамлакатимиз қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро нормалар ва стандартларга изчиллик билан мувофиқлаштириб бориш зарур. Қонунлар ҳаётий, амалиёт билан узвий боғлиқ бўлиши ва ундан келиб чиқиши лозим. Бунда қонунлар тўғридан-тўғри амал қилиш кучига эга бўлиши керак. Ижро этувчи органлар қонун ости ҳужжатларини қонунларга қўшимча киритиш сифатида эмас, балки уларнинг ижросини таъминлаш учунгина қабул қилишлари мумкин.

Демократик ислоҳотларни монанд ҳуқуқий таъминлашнинг энг муҳим шарти қонунчиликнинг изчил бўлишидир. Қонунлар ўзаро қатъий мувофиқлашиши, Конституцияга асосланиши, миллий ҳуқуқий тизимнинг ривожланишига кўмаклашиши лозим.

Қонунчилик тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда қонунларнинг ҳаётга аниқ ва изчил татбиқ этилишига, уларга қатъий ҳамда оғишмай риоя қилинишига эришиш зарур. Ҳеч бир давлат органи, мансабдор шахс ва инсон қонунга бўйсуниш мажбуриятидан озод қилиниши мумкин эмас.

Давлат томонидан ҳамда жамоатчилик тузилмалари фаолиятини кучайтириш орқали қонунларни рўёбга чиқаришнинг таъсирчан механизмини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан бошқарув ҳамда назоратнинг янги самарали воситаларини шакллантириш зарур.

Қонунчиликда ички уйғунликнинг мавжудлиги, турли ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятнинг йўқлиги, қонунларга оғишмай риоя этилишини таъминловчи таъсирчан механизмлар яратилганлиги фуқароларни қонунларга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, ҳар кимда қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш учун зарурдир.

Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни, биринчи навбатда, суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир кишининг қонунийлик ва адолат тантана қилишига бўлган қатъий ишончи шунга асосланиши керакки, қонунни бузган шахс жазосиз қолмайди ва ҳар ким бузилган ҳуқуқи тикланишини ҳамда унга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Аҳоли ҳуқуқий маданият даражасининг оширилиши қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ходимларининг билимдонлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий маданият даражаси жамоат бирлашмалари, жамғармалар, иттифоқлар, уюшмалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кенг тармоғи мавжудлиги ҳамда бу демократик тузилмаларнинг муайян шахс ва жамиятнинг ҳуқуқларини таъминлашдаги ижтимоий фаоллиги билан белгиланади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда касаба уюшмалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Улар ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбиянинг турли шаклларидан янада самарали фойдаланишлари, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигини кучайтиришга катта ҳисса қўшишлари лозим.

Жамоат бирлашмалари аҳолининг турли ижтимоий гуруҳларига тегишлича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга, жамоатчилик юридик маслаҳатхоналари ташкил этишга, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий масалалар, пенсия таъминоти, никоҳ-оила муносабатлари бўйича қонунлар тўпламларини нашр этишга, юридик маълумотномалар, шунингдек турли касбдаги ходимларга мўлжалланган илмий-оммабоп ҳуқуқий адабиётлар чиқаришга алоҳида эътибор беришлари керак.

Ҳуқуқий тарбиянинг умумийлиги ва ҳуқуқий ахборотнинг ҳамма учун очиқлиги принципини рўёбга чиқаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шу жумладан, маҳаллаларнинг роли беқиёсдир. Улар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва ҳуқуқий онгини оширишга бевосита ҳамда муттасил таъсир кўрсатишлари даркор.

Жамият ва давлат фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, турли жамоатчилик ҳаракатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг фаолият юритишига кўмаклашади.

Халқни ҳуқуқий маърифатли қилишда профессионал юристлар ва уларнинг бирлашмалари муносиб ўрин эгаллашлари лозим. Демократик жамият юқори малакали юристларга эҳтиёж сезади. Уларнинг касбий фазилатлари ва билимларидан фойдаланиш жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгига улкан ижобий таъсир кўрсатишга қодир. Ўзбекистон юристлар уюшмасининг ташкил этилиши ва унинг таркибига кирадиган юристларнинг турли касбий бирлашмалари (судьялар, адвокатлар, ҳуқуқшунос олимлар иттифоқлари ва бошқалар) тузилиши ушбу Дастур вазифаларини рўёбга чиқаришда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда, шунингдек юристларнинг касбга доир манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутган бўлур эди. Аҳолини ҳуқуқий маърифатли қилиш ишига профессионал юристларнинг кучларини жалб қилиш юристлар уюшмасининг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Ҳуқуқий тарбияни қўлаб-қувватлаш бўйича ҳукуматга қарашли бўлмаган жамғарманинг тузилиши жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ишига катта ҳисса қўшиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари ҳуқуқий билимлар ва ҳуқуқий маданиятни оммага изчил тарқатишлари лозим. Оммавий ахборот воситалари ижтимоий фикр ва ҳуқуқий маданиятни шакллантирувчи демократик институтлар бўлгани учун ҳам уларнинг бу борадаги фаолиятини кучайтириш зарурияти борган сари кўпроқ сезилмоқда.



ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАЪЛИМИ ВА

ҲУҚУҚИЙ ТАРБИЯСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


Жамият ва давлат ижтимоий фаол ва қонунга итоаткор фуқароларни тарбиялашдан манфаатдордир. Давлат жамият маданий ҳаётининг таркибий қисми бўлмиш ҳуқуқий маданият тўғрисида алоҳида ғамхўрлик қилади.

Ҳуқуқий таълимнинг мақсади ҳар бир кишига амалий фаолиятда зарур бўладиган ҳуқуқий билимларни белгиланган давлат стандартларидан кам бўлмаган ҳажмда олиш имкониятини беришдан иборатдир.

Тарбиявий ва ўқув ишлари шахснинг ҳуқуқий онг даражасини инсон, жамият, давлат манфаатларига жавоб берадиган энг умумий юридик принциплар ва нормаларни англаб етишга қадар оширишга йўналтирилиши лозим.

Ҳуқуқий таълим узлуксиз бўлиб, ёшликдан бошлаб бериб борилиши лозим. Болалар мактабгача тарбия муассасаларидаёқ хулқ-атвор қоидаларидан хабардор бўлиши, маънавий ва баъзи ҳуқуқий нормалар тўғрисида бошланғич тушунчалар олиши, келгусида ўқув давомида бу билимлар кенгайтирилиши ва чуқурлаштирилиши, аниқ ифодаланган ҳуқуқий хусусият касб этиши зарур.

Ҳуқуқий ахборотдан барчанинг эркин фойдалана олишини таъминлаш, ҳар кимга ўзининг ҳуқуқий билимларини ошириш учун реал шароит яратиш фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини тегишли тарзда амалга ошириш, бурчларини бажариш, жамиятнинг сиёсий ҳаётида онгли ва фаол иштирок этиш имконини беради.

Ҳуқуқий тарбиянинг ўтмишдан қолган фақат бир томонлама ахборот бериш - маърифатчиликка йўналтирилганлигини бартараф этиб, уни қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш вазифалари билан узвийроқ боғлаш зарур.

Шуни муттасил назарда тутиш керакки, ҳуқуқий тарбия инсонларни ҳуқуқ, қонунийлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маърифат, қонунга ҳамда ҳуқуққа нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш билан чекланиб қолмай, балки шахснинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигида, унинг ҳуқуқий маданиятида ўзининг тугал ифодасини топади.

Аҳолининг ҳуқуқий тарбияси ва таълимини такомиллаштиришга таълим ва тарбиянинг ҳали фойдаланилмаган механизмларини яратиш, улардан самарали фойдаланиш, тарбия ва таълимнинг янги шакллари ва воситаларини жорий этиш, моддий-техника негизини кучайтириш йўли билан эришилади.

Ҳуқуқий тарбия ва таълимни кучайтиришнинг асосий чоралари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг асосий ташкилотчиси сифатида таълим ва тарбиянинг усуллари ва воситаларини, бу фаолият билан бевосита шуғулланаётган муассасалар тузилмасини мунтазам равишда такомиллаштириб боради, ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий таълимнинг муқобил тизимларини шакллантиришга ёрдам беради;

аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида давлат тузилмалари ва жамоат бирлашмаларининг кенг ҳамкорлигини таъминлаш;

ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш, кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболдаги вазифаларни аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва юристлар жамоат бирлашмалари фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бўлиб қолишига эришиш;

ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг таълим-тарбия муассасалари томонидангина эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат органларининг ва корхоналарнинг (муассасалар, ташкилотларнинг), шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизматлари ходимлари иштирокида ҳам амалга оширилиши;

ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбиянинг уларни мактабгача тарбия муассасаларида, умумтаълим мактабларида олиб борилишини назарда тутувчи норматив ва ўқув-услубий мезонларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда янги ўқув фанларини жорий қилиш;

ҳуқуқий фанлар асосларини чуқур ўргатадиган ўқув юртлари ва уларда тайёрланадиган юридик кадрларнинг сонини иқтисодий, ижтимоий, демографик вазият ва жамиятнинг тегишли мутахассисларга бўлган эҳтиёжини белгиловчи бошқа омиллар эътиборга олинган ҳолда аниқлаш;

дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа адабиётлар тайёрлаш ва нашр этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш;

таълим ва тарбия муассасаларига дахлдор бўлмаган шахсларнинг (ишчилар, хизматчилар, уй бекалари, пенсионерлар, ҳарбий хизматчилар ва бошқаларнинг) ҳуқуқий тарбияси ва ҳуқуқий таълими тизимини такомиллаштириш. Бу ишга давлат юридик ўқув юртлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, илмий-тадқиқот институтлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқаларни жалб қилиш;

юридик ўқув юртларининг моддий-техника негизини мустаҳкамлаш.

Мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, сиёсий-ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш шароитларида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг янги воситалари ва усулларини жорий этиш лозим.

Ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг восита ва усулларини такомиллаштириш мақсадида:

фуқаролар билан олиб бориладиган ҳуқуқий ишлар савиясини ошириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ва ўқув юртларининг кадрлар билан етарли таъминланишига эришиш;

мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш керак. Чунки улар қонунларни қатъий ижро этишга, ҳуқуқнинг сўзсиз амал қилишини таъминлашга, ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга даъват этилганлар.

Ҳуқуқий билимларни давлат идораларигина эмас, балки жамоат бирлашмалари томонидан ҳам оммалаштириш жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишнинг янги шакллари жумласига киради.

Юридик ўқув юртлари ҳамда ҳуқуқ соҳасида илмий муассасалари бўлмаган шаҳарларда ва қишлоқ жойларда ҳуқуқий таълимни ташкил этишга алоҳида эътибор бериш лозим.

Ҳуқуқий билимларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш тизимини такомиллаштириш, барчага мўлжалланган юридик адабиётларни нашр этиш ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашади.



ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ, МАНСАБДОР

ШАХСЛАР ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ

САВОДХОНЛИГИНИ ОШИРИШ


Қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти шуни яққол кўрсатадики, талайгина ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши ҳоллари ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслиги, ҳуқуқий маданият даражаси пастлиги оқибатидир. Айнан шу сабабли, ҳуқуқлари бузилган фуқаролар ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган механизмидан, шу жумладан, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш имкониятидан камдан-кам фойдаланадилар.

Ҳуқуқни писанд қилмасликка барҳам бериш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳуқуқий ахборотдан фойдалана олиш имкониятини амалда таъминлашни талаб қилади. Бу жиҳатдан қонунларни ва, айниқса, идоравий норматив ҳужжатларни ўз вақтида нашр этиш зарур. Адлия вазирлиги томонидан чиқарилаётган "Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари Ахборотномаси"нинг тиражини кўпайтириш ва унга эркин обуна бўлишни таъминлаш лозим. Ҳуқуқнинг айрим тармоқлари бўйича, шунингдек аҳолининг муайян гуруҳларига мўлжалланган норматив ҳужжатларнинг мавзуий тўпламларини нашр этиш ҳуқуқий ахборотдан фойдалана олишни таъминлашга катта ҳисса бўлур эди.

Замонавий ахборот таъминоти компьютер технологияларидан кенг фойдаланишни тақозо қилади. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг илмий асосланган ягона маълумотнома тизимини ишлаб чиқиш ва ундан муштарийларнинг бемалол фойдалана олишини таъминлаш зарур.

Кенг ўқувчилар доирасига ҳам, аҳолининг айрим гуруҳларига, шу жумладан, мансабдор шахсларга ҳам мўлжалланган оммабоп маълумотнома адабиётларни нашр этишни анча кўпайтириш аҳолини ахборотлар билан таъминлашни яхшилаш ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг муҳим йўналишига айланмоғи лозим. Амалдаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалаларини тушунтириб берадиган ва давлат органлари ходимларига, шунингдек давлатга қарашли бўлмаган ташкилотларнинг раҳбарларига мўлжалланган шарҳлар ва амалий қўлланмаларни нашр этишга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари катта аҳамиятга эга. Уларнинг ҳуқуқий мавзуларга эътиборини кучайтириш, аҳоли ўртасида кўпроқ кўтарилаётган юридик масалаларни даврий нашрлар саҳифаларида, телевидение ва радио эшиттиришларида тушунтириб бериш борасидаги ҳиссасини кескин ошириш зарур.

Давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида, улар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, ҳуқуқий билим асосларини албатта ўқитиш мақсадга мувофиқдир.

Турли тоифадаги ходимлар малакасини ошириш табақалаштирилган бўлмоғи лозим. Авваламбор, инсоннинг касбий тайёргарлигини оширишга интилиш керак. Турли касбдагилар ўз фаолиятларида оқилона қўллай оладиган тарзда ҳуқуқий билимга эга бўлсинлар. Давлат органлари ва уларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларига қўйиладиган талаблар ва малака тавсифномалари, даставвал инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид ҳуқуқий билимларнинг зарур даражасини назарда тутиши керак.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ўқув юртлари ва маҳаллаларда фуқаролар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, адвокатлар ва ҳуқуқшунос олимларнинг учрашувларини ташкил этиш аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашади.



ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАИЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


Изчил, узлуксиз, ўзаро боғлиқ, замонавий талабларга жавоб берадиган юридик таълим тизимини яратиш жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнииг йўналишларидан биридир.

Таълимнинг барча босқичларини қамраб оладиган ўқув комплексларини ташкил этиш кадрларни тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни такомиллаштиришнинг муҳим воситасидир.

Ҳозирда ва истиқболда қанча ва қандай ихтисосликлар бўйича ҳуқуқшунос мутахассислар керак деган масалани ҳал этмасдан туриб, юридик таълимнинг ислоҳотини тасаввур қилиб бўлмайди. Шу муносабат билан олий ва ўрта махсус юридик маълумотли мутахассислар эгаллаши лозим бўлган лавозимлар рўйхатини белгилаш биринчи даражали аҳамиятга эга. Бундай рўйхатни ишлаб чиқиш чоғида тегишли малакадаги юридик кадрларни тайёрлашга қаратилган тадбирлар тизимини ва уларни амалга оширишнинг мақбул муддатларини белгилаб қўйиш муҳим.

Илмий асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва юридик таълимнинг ихтисослашувини изчил амалга ошириш юридик кадрларни тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишнинг зарур шартидир.

Юридик кадрлар тайёрлашни ихтисослаштириш, бир томондан, тегишли ўқув фанларини чуқур ўрганишни, иккинчи томондан, ҳуқуқшунослик ихтисослиги бўйича кадрлар тайёрлашни амалга ошираётган барча ўқув юртлари учун мажбурий бўлган таянч юридик фанлар рўйхатини белгилаб қўйишни назарда тутади. Ўқув режаларида ана шу мажбурий фанлар туркуми бўлмаса ёки қисқартирилган бўлса, тегишли ўқув юрти юридик кадрлар тайёрлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак.

Аҳолига ҳуқуқий таълим бериш ва ҳуқуқий тарбия ишларини ташкил этиш сифатини ошириш, бўлғуси юристларда зарур кўникмаларни шакллантириш мақсадида юридик олий ўқув юртларининг ўқув режаларида ҳуқуқий маърифатнинг илмий асослари ва услубиётлари курси бўйича машғулотлар ўтказишни назарда тутиш шарт.

Юридик ўқув юртларига абитуриентлар қабул қилиш тизимини такомиллаштириш малакали юридик кадрлар тайёрлашни таъминлашнинг таркибий қисмига айланмоғи лозим. Юридик ўқув юртларига абитуриентлар танлаб олишда уларнинг таҳлил этиш, мантиқий фикрлаш, ностандарт вазиятларни танқидий баҳолай олиш, хулоса чиқариш, ўз нуқтаи назарини асослай олиш қобилиятларини, уларнинг оғзаки ва ёзма нутқ маҳоратини аниқлаш зарур, шу мақсадда тест синовидан ўтказиш билан бир қаторда уларнинг тегишли қобилиятларини аниқлашга имкон берадиган ижодий имтиҳон топширишларини назарда тутиш керак бўлади.

Юридик таълимни такомиллаштириш ўқув жараёнини ислоҳ қилишни, ўқитишнинг илғор воситалари ва усулларидан кенг фойдаланишни, таълимнинг амалиёт билан узвийлигини кучайтиришни талаб қилади. Зеро, юрист нафақат муайян билимлар мажмуига эга бўлиши, балки бу билимларни амалиётда қўллай олиши зарур.

Ўқув жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмига, Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қарор топиши ва фуқаролар жамияти шаклланиши масалаларига, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларига жиддий эътибор қаратилиши керак.

Юридик ўқув юртини тамомлаш ва давлат имтиҳонларини топширишга битирувчининг тегишли таълим курсидан ўтганлиги ва муайян билим олганлигининг тасдиғи сифатида қарамоқ керак. Битирувчиларга ихтисослик бўйича ишлаш имконияти эса улар стажировкадан ўтганидан ва олинган билимларни иш жараёнида қўллай олишидан далолат берувчи малака имтиҳонини топширганидан кейингина берилади.

Илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш юридик таълимнинг замонавий юксак даражасини таъминлашнинг бирламчи жиҳати, энг муҳим шарти ҳисобланади. Илмий ва педагог кадрлар тайёрлашдаги номутаносиблик шунга олиб келдики, республикада ҳуқуқнинг қатор соҳалари (молия, меҳнат, халқаро ҳуқуқ, ижтимоий таъминот ҳуқуқи ва бошқалар) бўйича илмий ва педагог ходимлар етишмаслиги жиддий сезилмоқда.

Тегишли мутахассислар тақчиллиги юридик кадрлар тайёрлашни, бинобарин, бир қатор амалий вазифаларни, шу жумладан, бозор ислоҳотларини ҳуқуқий таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишни анчагина қийинлаштиради. Мутахассислар тақчиллиги сезилаётган ҳуқуқ соҳалари бўйича илмий ва педагог кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш зарур.

Ҳуқуқшуносларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш узлуксиз юридик таълим тизимининг мажбурий босқичига айланиши керак. Юридик таълим ва илмий тадқиқотларнинг амалиёт билан уйғунлигини кучайтириш мақсадида илмий ва педагог ходимлар ўз мутахассисликлари бўйича албатта судларда, прокуратура, ички ишлар органларида, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, шунингдек корхоналарда, адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларида стажировкадан ўтишини назарда тутиш керак.



ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШНИНГ

ИЛМИЙ АСОСЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ


Ҳуқуқий маданиятнинг моҳияти, мазмуни, таркибий тузилиши ва намоён бўлишининг фалсафий, ижтимоий, иқтисодий, психологик ва юридик муаммоларини тадқиқ этиш, уни шакллантириш ва янада юксалтириш усулларини аниқлашга илмий изланишларнинг устувор йўналиши деб қаралмоғи лозим.

Шахс умумий ва ҳуқуқий маданиятининг ўзаро боғлиқлиги; ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий феъл-атвор; ижтимоий онгни шакллантиришда ҳуқуқнинг ўрни; ҳуқуқий тарбия ва аҳолининг ижтимоий фаоллиги; ҳуқуқий онгга таъсир этиш шакллари ва усуллари; ҳуқуқий онгнинг психологик жиҳатлари; ҳуқуқий онгдаги ижтимоий бузилиш ва салбий ўзгаришлар; аҳолининг турли қатлам ва ижтимоий гуруҳларининг ҳуқуқий маданияти каби долзарб муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилиши айниқса долзарбдир.

Ҳуқуқий маданият муаммоларини тадқиқ этишнинг социологик негизини ривожлантириш, умуман жамиятдаги ҳуқуқий маданият ва аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқий маданияти ҳолатининг ҳақиқий манзарасини аниқлаш учун сўровлар ўтказиш ва ҳуқуқ, унинг ижтимоий қадри ҳамда тартибга солувчанлик вазифаси тўғрисида жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа усулларини қўллаш зарур.

Ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг педагогик муаммоларини тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоғи лозим. Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари манфаатдор ташкилотларнинг иштирокида ёшларни ҳуқуқий тарбиялашнинг илмий асосланган услубиётини ишлаб чиқишлари керак.

Ўзбекистон Республикасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, хорижий давлатлардаги ҳуқуқий маданиятни оширишга доир илмий тадқиқотларнинг натижаларини нашр этиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, бу соҳада илмий ахборот айирбошлашни йўлга қўйиш муҳимдир.

Илмий-амалий конференциялар, семинарлар ўтказиш, илмий, илмий-оммабоп адабиётлар ва маълумотномалар нашр этишни кўпайтириш аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари бўйича олиб бориладиган илмий тадқиқотларни кучайтириш, илмий билимларни оммалаштириш ишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилмоғи керак.



































Время: 0.0312
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск