Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Алоқа /

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 03.11.2009 й. 2032-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 10-8/4270-сон, Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 33-09-сон Қарори билан тасдиқланган

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 3 ноябрда 2032-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш

агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ,

валютага оид жиноятларга ва жиноий

даромадларни легаллаштиришга

қарши курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

10-8/4270, 33-09-сон қарорига

ИЛОВА



Почта алоқаси операторлари, провайдерлари

учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга

қарши курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 43-сон, 451-модда) мувофиқ пул маблағларининг почта ўтказмаларини қабул қилиш ва етказиб бериш (топшириш)да почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:


бенефициар мулкдор - пировард натижада мулк ҳуқуқига эга бўлган ёки почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчини аниқ назорат қиладиган жисмоний шахс, шу жумладан, унинг манфаатлари йўлида пул маблағларининг почта ўтказмалари билан боғлиқ операция амалга оширилаётган юридик шахс;


ички назорат - пул маблағларининг почта ўтказмаларини қабул қилиш ва етказиб бериш (топшириш)ни амалга оширувчи почта алоқаси операторлари, провайдерларининг махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлашга доир фаолиятидир;


идентификациялаш - фойдаланувчиларнинг лозим даражадаги текширувини амалга ошириш мақсадида улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан аниқланиши;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан шубҳали деб топилган, содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағларининг почта ўтказмалари билан операциялар;


шубҳали операция - пул маблағларининг почта ўтказмалари билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни амалга оширишда почта алоқаси операторлари, провайдерларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва (ёки) терроризмни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;


почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчи (бундан кейин фойдаланувчи) - почта алоқаси хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланадиган юридик ёки жисмоний шахс;


пул маблағларининг почта ўтказмаси (бундан кейин пул ўтказмаси) - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта алоқаси ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда пул маблағларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича хизмати;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти номидан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси (бундан кейинги ўринларда Департамент деб юритилади).


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;

почта алоқаси объекти - почта алоқаси операторларининг алоҳида бўлинмалари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари, бўлимлари, пунктлари, шунингдек бошқа бўлинмалар);

оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар.

2. Ички назоратни амалга ошириш мақсади қуйидагилар ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қаратилган пул ўтказмалари билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

почта алоқаси операторлари, провайдерларининг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.

3. Ички назоратни амалга оширишда почта алоқаси операторлари, провайдерларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфи даражасини аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек уларни камайтириш бўйича чоралар кўриш;

қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Қоидаларга мувофиқ фойдаланувчиларни лозим даражада текшириш чораларини амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни, шунингдек операцияларни бажаришда фойдаланиладиган пул маблағларининг келиб чиқиш манбаларини аниқлаш ва ўрганиш;

ушбу Қоидаларнинг 20-бандида белгиланган мезонлар асосида шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган ва хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотлар (ҳужжатлар)ни Департаментга ўз вақтида тақдим этиш;

алоҳида ҳолларда хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш ҳамда бундай операция ҳақида операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида Департаментни хабардор этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул ўтказмалари билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотнинг, шунингдек идентификациялаш маълумотлари ва фойдаланувчиларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

шубҳали операцияларнинг амалга оширилиши ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган фойдаланувчилар билан боғлиқ шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборот билан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро алмашинуви;

сўровнома бўйича мижозлар базасидан террорчилик фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ бўлган шахсларни аниқлаш.



II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Почта алоқасининг операторлари, провайдерлари ички назоратни ташкил этиш, мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун таркибий бўлинмани шакллантириш ёки масъул шахсларни белгилашга жавобгар бўладилар.

Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахсларга тақдим этиладиган малака талаблари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс почта алоқаси оператори, провайдерининг буйруғи билан раҳбарлик лавозимини эгаллаган ходимлар орасидан тайинланади.

Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс қуйидагиларга мажбурдир:

почта алоқаси соҳасидаги қонун ҳужжатларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қабул қилинган норматив ҳужжатлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини билишга;

почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги билимларга эга бўлишга, шунингдек махсус курсларда малакани мунтазам оширишга.

Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул этиб ўз фаолиятида ва ахлоқида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқаргани ёки ишни виждонан юритмаганини намоён этган, шунингдек иқтисодиёт соҳасидаги жинояти учун илгари суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар тайинланиши мумкин эмас.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари бўлинмалари ходимларининг мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс билан ўзаро муносабат тартиби почта алоқаси операторлари, провайдерларининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.

5. Ички назорат тизими почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан уларнинг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, фойдаланувчилар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ таваккалчилик хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


6. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари ҳар йили 15 январгача мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахслар рўйхатини уларнинг сўровнома маълумотларини илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига (бундан буён матнда Инспекция деб юритилади) тақдим этади.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар чоракда Инспекцияга чорак якунидан кейинги ойнинг 5-санасигача тақдим этилади.

7. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахслар қуйидаги функцияларни бажарадилар:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфларини аниқлаш, баҳо бериш, назорат қилиш, бошқариш ва уларнинг даражасини пасайтириш тадбирларини амалга оширадилар;

мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назорат ва фойдаланувчиларни лозим даражада текшириш процедураларини жорий этиш ва амалга оширишни ташкил этадилар;

хатарларни баҳолаш таҳлили асосида ички назоратни амалга ошириш бўйича тадбирлар дастурларини ишлаб чиқадилар ва тасдиқлаш учун раҳбариятга киритадилар (тасдиқлайдилар);

мазкур Қоидалар ва ички назорат дастурларини амалга ошириш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ташкилот раҳбарига белгиланган (йилда бир мартадан кам бўлмаган) муддатларда тақдим этадилар;

фойдаланувчиларнинг ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялари ёки хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги хабарларнинг ўз вақтида Департаментга юборилишини, шунингдек Департаментнинг қўшимча ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайдилар;

мазкур Қоидалар ва ички назоратни амалга ошириш бўйича тадбирлар дастурларини амалга ошириш жараёнининг маҳфийлигини таъминлайдилар;

ички назоратни ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидалар талабларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инспекция ва Департаментнинг масъул шахслари билан ҳамкорликни амалга оширадилар.

8. Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ташкилотлари ходимларидан ички назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий-бошқарув, бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиш;

ички назоратни амалга ошириш мақсадида олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, ташкилотнинг электрон маълумотлар базалари, маҳаллий ҳисоблаш тармоқлари ва автоматлаштирилган компьютер тизимларида сақланадиган файллар ва бошқа ёзувлар нусхаларини олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операцияга нисбатан кейинги хатти-ҳаракатлар (шу жумладан, фойдаланувчи ёки операция тўғрисидаги қўшимча ахборотни олиш ёки мавжуд ахборотни текшириш мақсадида операция ўтказилишини тўхтатиб туриш) бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш.

Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


9. Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахслар қуйидаги мажбуриятларга эга:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга оид хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, уларни расмийлаштириш ва камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

фойдаланувчиларнинг лозим даражада текширувини ва идентификацияланишини амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш бўйича чораларни кўриш;

шубҳали операцияларни аниқлаганда, белгиланган тартибда Департаментга маълумот бериш;

олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

ички назоратни амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

фойдаланувчилардан амалий иш муносабатларининг мақсади ва кўзланган хусусияти, шунингдек зарур ҳолатларда пул маблағларининг келиб чиқиш манбаи тўғрисидаги ахборотни сўраш;

лозим даражада текшириш материалларига қўшиб қўйиладиган яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, фойдаланувчининг таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида назарда тутилган мақсад ва фаолият турларига тўғри келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма равишда қайд этиш;

идентификациялашни якунлаш имкони бўлмаганда ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, у билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотлар олинганда, пул ўтказмаларини амалга оширишда фойдаланувчига рад жавобини бериш;

мазкур Қоидаларнинг 22-бандида қайд этилган алоҳида ҳолларда Департаментга хабар берилиши лозим бўлган операцияларни тўхтатиш;

фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларни бошқа почта алоқаси операторлари, провайдерларининг мазкур Қоидаларга риоя қилиш учун масъул бўлган шахслари билан алмашиш;

Мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахслар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


10. Сўнгги янгиликларга, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг ва терроризмни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида почта алоқаси операторлари, провайдерлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишув бўйича мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахсларни доимий равишда қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.

11. Лозим даражада текшириш жараёнида олинган маълумотлар асосида, фаолият тури ва пул маблағлари билан амалга ошириладиган операцияларни инобатга олган ҳолда, фойдаланувчига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида операциялар амалга оширилишининг тегишли таваккалчилик хавфи даражаси (юқори ёки паст) белгиланади.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берадиган фойдаланувчиларни юқори даражадаги хатар тоифасига киритиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

уларга нисбатан террорчилик фаолиятида иштирок этаётганлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг назорати остида эканлиги ёхуд террорчилик фаолияти билан шуғулланаётган ёки шуғулланишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори эканлиги ёхуд уни назорат қилаётган шахс эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлган шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда ёхуд оффшор ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

оффшор ҳудудларда ҳисобвараққа эга бўлган резидент ва норезидентлар;

ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаган ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

фаолият даври молиявий йилнинг бир чорагидан ошмаган ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

ҳақиқий мулкдори мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар ҳисобланган ташкилотлар;

мунтазам равишда (уч ой давомида кетма-кет икки мартадан кўп) шубҳали операцияларни амалга оширувчи фойдаланувчилар.

Таваккалчилик хавфининг юқори даражасини белгилашда почта алоқаси операторлари, провайдерлари фойдаланувчини лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чораларини кўриши ва улар томонидан содир этилаётган операцияларнинг доимий мониторингини амалга ошириши шарт.

Агар фойдаланувчи юқори даражадаги таваккалчилик хавфи билан боғлиқ бўлмаса, у ҳолда бундай фойдаланувчилар паст даражадаги таваккалчилик хавфи тоифасига киритилади.

Фойдаланувчи томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг хусусияти ўзгаришига қараб, почта алоқаси операторлари, провайдерлари фойдаланувчини тегишлича текшириш натижалари бўйича тўпланган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда таваккалчилик хавфи даражасини қайта кўриб чиқиши лозим..

11-1. Фойдаланувчини тегишлича текширувдан ўтказилишининг кучайтирилган чораларига қуйидагилар киради:

фойдаланувчи ҳақида қўшимча маълумотлар (фаолият тури, активларининг миқдори, очиқ маълумотлар базалари, жумладан Интернет тармоғи ёки бошқа манбалар орқали олиниши мумкин бўлган бошқа маълумот) олиш ва фойдаланувчи ёки бенефициар мулкдор ҳақидаги маълумотларни тез-тез янгилаб бориш;

юборувчидан пул маблағлари манбалари ёки фойдаланувчининг молиявий ҳолати ҳақида маълумот олиш;

пул ўтказмалари бўйича режалаштирилган ёки ўтказилган операциялар бўйича маълумотлар олиш;

пул ўтказмаси операциясини амалга ошириш учун почта алоқаси объекти раҳбаридан рухсат олиш;

почта ўтказмаларининг кучайтирилган мониторингини амалга ошириш.


III. ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИ ЛОЗИМ

ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


12. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари қуйидаги ҳолларда фойдаланувчиларни лозим даражада текшириш чораларини кўрадилар:

фойдаланувчилар билан амалий иш муносабатларини ўрнатишда;

пул ўтказмаларини қабул қилиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича хизматларни кўрсатишда;

олиб борилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш мақсадларига алоқадор эканлигига ҳар қандай шубҳалар мавжуд бўлганда;

идентификациялаш учун аввал олинган маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигига шубҳа мавжуд бўлганда.


13. Фойдаланувчиларни лозим даражада текшириш хизматлар кўрсатишнинг барча босқичларида амалга оширилиши шарт.

Фойдаланувчини ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда қонун ҳужжатларига мувофиқ улар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда уларнинг операцияларни амалга оширишга бўлган ваколатлари текширилиши шарт.


14. Фойдаланувчи операцияларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириқ билан бир ёки бир неча маротаба мурожаат қилганда почта алоқаси операторлари, провайдерлари қуйидагиларни бажаришга мажбур:

мазкур Қоидалар ёки бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ операция бўйича фойдаланувчини ёки наф олувчини идентификациялаш;

фойдаланувчининг аввалги ҳисобот даври (ой, чорак, ярим йил, йил) мобайнида амалга оширган операцияларини, агар бундай операциялар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлса, ўрганиб чиқиш;

операциянинг турини ва унинг фойдаланувчи юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган фаолияти мақсади ва турларига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

операция турини ҳамда унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фойдаланувчи жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фаолият турига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

халқаро пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлган операцияларда юборувчи тўғрисидаги маълумотлар (жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик шахсларнинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) ва юборувчининг банк ҳисобварағи) тақдим этилмаганда ёки тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда, уларга алоҳида эътибор бериш ва синчиклаб таҳлил қилиш.

15. Фойдаланувчи жисмоний шахсни идентификациялаш шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) асосида амалга оширилади.

Агар жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор бўлса, унинг давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам ўрганилиши керак.


16. Фойдаланувчи юридик шахсни идентификациялашда зарур ҳолларда почта алоқаси операторлари, провайдерлари давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларни текширишлари керак.


17. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари фойдаланувчи томонидан тақдим этиладиган ахборотни:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олинган фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш;

фойдаланувчининг почта алоқасининг бошқа операторлари, провайдерлари билан ўзаро муносабатларини ўрганиш орқали текширишга мажбур.

18. Юридик ва жисмоний шахсларни идентификациялаш жараёнида почта алоқаси операторлари, провайдерлари бенефициар мулкдорларни идентификациялаш бўйича, шу жумладан, фойдаланувчи мол-мулкининг тузилишини ўрганиш йўли билан, асосланган ва мумкин бўлган чора-тадбирларни қўллаши лозим.


19. Почта алоқаси оператори, провайдери фойдаланувчилар томонидан идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, уларга операцияларни амалга оширишда рад жавобини беради.


19-1. Фойдаланувчи ва бенефициар мулкдорни идентификациялашда почта алоқаси операторлари, провайдерлари олинган ахборотни ушбу Қоидаларнинг 22-бандида келтирилган шахслар рўйхати билан таққослаши лозим.

19-2. Пул ўтказмалари билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги маълумотлар зарурат туғилганда операциянинг барча тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши керак.

19-3. Барча мураккаб, ғайриоддий йирик миқдордаги операциялар ёхуд иқтисодий ёки қонуний мақсадсизлиги аниқ ёхуд кўриниб турган бошқа шубҳали операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижасида олинган маълумотлар қоғоз кўринишдаги ташувчиларда қайд қилинади ёки фойдаланувчиларни идентификациялашни амалга оширувчи шахсларга фойдаланувчи тўғрисидаги ахборотни текшириш учун доимий режимда тезкор фойдаланиш имконини берадиган маълумотларнинг электрон базасига киритилади.

19-4. Фойдаланувчини лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан ҳар йили янгиланиб борилиши керак.


IV. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ТАРТИБИ


20. Пул маблағларини қабул қилиш, ўтказиш ва тўлаш бўйича операция қуйидаги ҳолларда шубҳали деб топилиши мумкин:

зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан, ишонч билдирувчи шахс (агар фойдаланувчи ишончли вакил сифатида иштирок этса) тўғрисидаги маълумотларнинг фойдаланувчи томонидан тақдим этилишининг асоссиз рад этилиши (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлардан ташқари);

фойдаланувчининг амалга ошириладиган битимга нисбатан маҳфийлик масалалари билан ортиқча ташвишланиши;

операцияни амалга оширишда фойдаланувчи талаби билан қилинаётган асосланмаган шошма-шошарлик;

амалга оширишнинг мақсади қонун ҳужжатларида ўрнатилган назорат жараёнлари бош тортиш деб тахмин қилишга асос бўладиган операцияларнинг кўп маротаба бажарилишини аниқлаш;

агар фойдаланувчи бир ёки 30 календарь куни давомида умумий суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг 1000 баробарига тенг бўлган суммадан ошадиган пул ўтказмаларини жўнатса ёки олса;

агар фойдаланувчи чалкаш ёки ғайриоддий характерга эга бўлган пул ўтказмаларини жўнатаётган ёки олаётган бўлса (умумий суммасига боғлиқ бўлмаган ҳолда бир ёки 30 календарь куни давомида 10 ва ундан ортиқ пул ўтказмаларини турли манзиллар бўйича жўнатиш);

агар пул ўтказмасини қандайдир сабабларга кўра адресатга ёки жўнатувчига топширишнинг имконияти бўлмаса;

агар фойдаланувчи - юридик шахс ўзаро ҳисоб-китобларни нақд пул маблағлари билан ўтказишни талаб қилса;

агар фойдаланувчи ёки операция иштирокчиларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, фойдаланувчи билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши;

операцияларни амалга оширишда фойдаланилган пул маблағлари жиноий келиб чиқишга эгалиги тўғрисидаги ҳар қандай шубҳаларнинг мавжудлиги.


21. Операциянинг шубҳали деб топилиши ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидаларда ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек фойдаланувчининг шахси, пул ўтказмасининг мақсадлари ва миқдори билан ҳамда шубҳали операцияларни тўғри аниқлаш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар асосида аниқланадиган таваккалчилик хавфига боғлиқ равишда амалга оширилади.


22. Пул ўтказмалари билан бажариладиган ҳар қандай операция, бу операциянинг тарафларидан бири:

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчиликни амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс эканлиги ҳақида белгиланган тартибда олинган ахборот мавжуд бўлса, Департаментга хабар қилиниши лозим.

Бундай ҳолларда почта алоқаси операторлари, провайдерлари пул ўтказмалари билан боғлиқ операцияларни бу операция бажарилиши лозим бўлган санадан эътиборан уч иш кунига тўхтатиб туриш ҳамда бундай операция ҳақида операция тўхтатиб турилган куннинг ўзида Департаментни хабардор қилишга мажбурдирлар. Пул ўтказмалари билан боғлиқ операцияни тўхтатиб туриш тўғрисида Департаментнинг кўрсатмаси бўлмаса, кўрсатилган муддат ўтгач, почта алоқаси оператори, провайдери тўхтатиб турилган операцияни бажаришга киришади.


23. Фойдаланувчи операцияси шубҳали деб топилганидан кейин мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс фойдаланувчига нисбатан кўриладиган кейинги ҳаракатлар тўғрисида қарор қабул қилади, шу жумладан:

шубҳали операция тўғрисида Департаментга хабар қилиш;

тегишлича текшириш бўйича кучайтирилган чораларни кўриш;

қонун ҳужжатларига ёки фойдаланувчи билан тузилган шартномага мувофиқ у билан муносабатларни тўхтатиш.


24. Шубҳали операциялар ҳақидаги маълумотлар почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан Демартаментга шубҳали операциялар деб топилган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган шаклда берилади.

Шубҳали операцияга нисбатан ҳар бир хабар тўғрисидаги ахборот мазкур Қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахс томонидан қоғоз ва (ёки) электрон кўринишда юритиладиган махсус дафтарга киритилади.


25. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари, шунингдек тегишли операцияга нисбатан шубҳаларни тасдиқлаши ёки олиб ташловчи ҳар қандай ахборотни дарҳол Департаментга хабар бериши зарур.



V. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН АХБОРОТ ВА

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ, МАҲФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


26. Қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидаларга мувофиқ Департаментга хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қуйидагилар ҳужжатлар билан расмийлаштирилади:

операция тури ва уни бажариш асослари;

операцияни бажариш санаси ва қандай суммага бажарилганлиги;

операцияни бажараётган фойдаланувчини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

топшириғига кўра ва номидан операцияни бажараётган фойдаланувчини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

фойдаланувчининг номидан операцияни бажарувчи, бу шахснинг вакили (ишончли вакили)ни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

пул маблағлари билан операциялар бўйича олувчини ва унинг вакилини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.


27. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари пул маблағлари билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва фойдаланувчиларни лозим даражада текширишга доир материалларни, шу жумладан, ишга доир ёзишмаларни қонун ҳужжатларида белгиланган, лекин операциялар амалга оширилганидан ёки фойдаланувчилар билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлашлари шарт.

28. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларни уларнинг операциялари тўғрисидаги хабарлар Департаментга тақдим этилганлиги тўғрисида хабардор қилишга ҳақли эмаслар.

Почта алоқаси операторлари, провайдерлари уларнинг ходимлари томонидан ички назорат бўйича функцияларни бажариш жараёнида олинган ахборотнинг ошкор этилмаслиги (ёки шахсий мақсадларда ёхуд учинчи шахслар манфаатларида фойдаланилмаслиги)ни таъминлайдилар.


28-1. Мазкур Қоидалар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар почта алоқаси операторлари, провайдерлари таркибий бўлинмаларининг барча ходимларига етказилиши керак.


VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


29. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан ушбу Қоидаларнинг талабларига риоя қилинишининг мониторинги ва назорати Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Инспекция томонидан Департамент билан биргаликда амалга оширилади.

30. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик фактларини яширишда, шунингдек ушбу Қоидалар талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 45-сон, 490-модда.







































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск