ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти /

Ўзбекистон Республикасининг 13.04.2011 й. ЎРҚ-280-сон "Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 04.03.2011 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 25.03.2011 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.04.2011 й.

N ЎРҚ-280



АХБОРОТ-КУТУБХОНА

ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 4 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2011 йил 25 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги

қонунчилик

Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот-кутубхона ресурси - моддий объектда матн, овозли ёзув ёки тасвир тарзида қайд этилган ҳамда идентификациялаш, сақлаш ва фойдаланишни таъминлаш учун реквизитларга эга бўлган ахборот;


ахборот-кутубхона фаолияти - ахборот-кутубхона муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона фондларини шакллантириш ва ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича фаолияти;


ахборот-кутубхона фонди - тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурсларининг мажмуи;

ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш - фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш;


йиғма электрон каталог - ахборот-кутубхона муассасаларининг электрон каталоглари мажмуи;


фойдаланувчи - ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилиши учун ахборот-кутубхона муассасасида рўйхатга олинган шахс;


электрон каталог - тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхатининг электрон шакли;


электрон кутубхона - ахборот-кутубхона фондининг электрон шакли.



4-модда. Ахборот-кутубхона фаолиятининг асосий вазифалари

Ахборот-кутубхона фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фойдаланувчиларнинг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш;

фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва таълим олиш эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

миллий маданиятни тиклашга ва янада ривожлантиришга кўмаклашиш, маданий мерос объектларини сақлаш;

ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлаш.



2-БОБ. АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФАОЛИЯТИ

СОҲАСИНИНГ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ТАРТИБГА СОЛИНИШИ

5-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти

соҳасидаги давлат бошқаруви

Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида махсус ваколат берган давлат органи (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Махсус ваколатли давлат органи

Махсус ваколатли давлат органи:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этади;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;

ахборот-кутубхона ресурсларини ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари сирасига киритиш тартибини, шунингдек уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

ахборот-кутубхона муассасаларининг ҳисобини юритади;

йиғма электрон каталогни шакллантириш ва юритиш тартибини тасдиқлайди.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Ахборот-кутубхона муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:

уларнинг молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестициялар жалб этиш;

ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширишда солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзларни белгилаш орқали амалга оширилади.


3-БОБ. АХБОРОТ-КУТУБХОНА ТИЗИМИ

9-модда. Ахборот-кутубхона тизими ҳамда

ахборот-кутубхона муассасаларининг турлари

Ахборот-кутубхона тизими ягона ташкилий ва услубий таъминот асосида фаолият кўрсатувчи ахборот-кутубхона муассасалари мажмуидир.

Ахборот-кутубхона муассасаси мустақил муассаса бўлиши ёхуд корхона, муассаса ёки ташкилотнинг таркибий бўлинмаси бўлиши мумкин.

Ахборот-кутубхона муассасаларига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси;

ахборот-кутубхона марказлари;

ахборот-ресурс марказлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари;

бошқа кутубхоналар (фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, тижорат ташкилотларининг кутубхоналари).

Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларининг мазмуни ва белгиланган мақсадига кўра универсал ҳамда махсус ахборот-кутубхона муассасаларига бўлинади.

Универсал ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини билимнинг турли соҳалари бўйича шакллантиради ва турли тоифадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиради.

Махсус ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фондларини билимнинг бир ёки бир неча турдош соҳалари бўйича шакллантиради ва айрим тоифадаги фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиради.



10-модда. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси миллий ва жаҳон маданиятини, фани ва таълимини ривожлантириш манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ҳамда амалга оширувчи умумдавлат универсал ахборот-кутубхона муассасасидир.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси:

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради, унинг бут сақланишини таъминлайди ҳамда фойдаланувчиларга миллий ва хорижий нашрларнинг энг тўлиқ тўпламини тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхасини, шунингдек диссертацияларнинг кўчирма нусхасини олади;

Ўзбекистон Республикасида чиқариладиган нашрларнинг давлат библиографик ҳисобини юритади;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳасида илмий-тадқиқот ҳамда илмий-услубий фаолиятни амалга оширади ва мувофиқлаштиради;

ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларини бут сақлаш, консервациялаш ва реставрация қилиш бўйича ишларни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиради ва юритади;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланади.


11-модда. Ахборот-кутубхона марказлари

Ахборот-кутубхона марказлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этувчи ҳамда амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Ахборот-кутубхона марказлари:

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

тегишли ҳудудда чиқариладиган нашрларнинг мажбурий нусхасини олади;

библиографик, илмий-услубий ва маданий-маърифий ишларни бажаради;

тегишли ҳудудда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларни ташкилий-услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

тегишли ҳудудда ахборот-кутубхона муассасаларининг депозитар сақланадиган ахборот-кутубхона ресурсларини тўплашни амалга оширади ва уларнинг ҳисобини юритади.

Ахборот-кутубхона марказлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ахборот-кутубхона марказларининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Ахборот-кутубхона маркази тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланади.


12-модда. Ахборот-ресурс марказлари

Ахборот-ресурс марказлари давлат таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган, ўқувчи ёшларнинг, шунингдек аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи универсал ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Ахборот-ресурс марказлари:

таълим муассасасининг ихтисослашувига мувофиқ асосан илмий-таълимга оид мазмундаги ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

ўзидаги ва ўзидан узоқдаги ахборот ресурсларидан фойдаланиш асосида маънавий бой ва баркамол шахсни ижодий ривожлантириш учун имконият яратган ҳолда, фойдаланувчиларни маданий мерос объектларидан баҳраманд этади;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади;

маданий, таълим, ахборот дастурлари ва лойиҳаларини ҳамда бошқа дастурлар ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун таълим, илмий муассасалар ва архивлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, миллий маданият марказлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиради.

Ахборот-ресурс марказлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ахборот-ресурс марказларининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Ахборот-ресурс маркази тўғрисидаги намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланади.


13-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви

органларининг кутубхоналари

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари қонунчиликда белгиланадиган тартибда ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи махсус ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари:

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кутубхоналарининг ахборот-кутубхона фонди давлат мулкидир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари тўғрисидаги низомлар ушбу органларнинг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.



14-модда. Бошқа кутубхоналар

Бошқа кутубхоналар ўз муассислари томонидан белгиланадиган тартибда ахборот-кутубхона фаолиятини амалга оширувчи универсал ёки махсус ахборот-кутубхона муассасаларидир.

Бошқа кутубхоналар:

ахборот-кутубхона фондини шакллантиради ва унинг бут сақланишини таъминлайди;

электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради;

ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди;

бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;

йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади.

Бошқа кутубхоналарнинг ахборот-кутубхона фонди уларнинг муассислари мулкидир.

Бошқа кутубхоналар тўғрисидаги низомлар уларнинг муассислари томонидан тасдиқланади.



15-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини

ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш

Ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


4-БОБ. АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФОНДИ

16-модда. Ахборот-кутубхона фондини шакллантириш

Ахборот-кутубхона фондини шакллантириш ахборот-кутубхона муассасасининг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ уни жамлаш, ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш ва сақлаш орқали амалга оширилади.


17-модда. Ахборот-кутубхона фондини жамлаш

Ахборот-кутубхона фонди нашрларни ва бошқа ахборот-кутубхона ресурсларини сотиб олиш, уларга обуна бўлиш, уларни айирбошлаш, текинга олиш, шу жумладан, ҳадяга олиш ҳисобига жамланади.



18-модда. Ахборот-кутубхона фондини ҳисобга олиш,

ишловдан ўтказиш, жойлаштириш, сақлаш

ва ундан фойдаланиш

Ахборот-кутубхона фондини ҳисобга олиш, ишловдан ўтказиш, жойлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ахборот-кутубхона фондининг нашрлар мажбурий нусхасини олиш ҳисобига жамланадиган, шунингдек ноёб ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларини ўз ичига олган қисми миллий маданий бойлик бўлиб, моддий маданий мерос объекти сифатида сақланади.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника таъминоти ёмонлашувига, уларни меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига, ахборот-кутубхона фондларини сақлаш нормалари ва шарт-шароитларига мос келмайдиган биноларга кўчиришга йўл қўйилмайди.



5-БОБ. ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

19-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ахборот-кутубхона муассасаларига кириш ва ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш;

ўз эҳтиёжларига мос тарзда ахборотни эркин танлаб олиш;

кўрсатиладиган хизматларнинг, шу жумладан, пулли хизматларнинг рўйхати ҳамда уларни кўрсатиш шартлари ҳақида ахборот олиш;

сўралаётган ахборот-кутубхона ресурсларининг мавжудлиги ҳақида ахборот олиш.

Фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Фойдаланувчилар:

ахборот-кутубхона муассасаларида фойдаланиш қоидаларига риоя этиши;

ахборот-кутубхона ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, уларнинг йўқолишига ёки бузилишига йўл қўймаслиги, зарар етказилган тақдирда эса белгиланган тартибда унинг ўрнини қоплаши;

ахборот-кутубхона муассасалари ишининг сифатини пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслиги шарт.

Фойдаланувчилар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


21-модда. Жисмоний имкониятлари чекланган

фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона

хизмати кўрсатиш

Жисмоний имкониятлари чекланган фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш ахборот-кутубхона муассасаларида махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ахборот ёзилган махсус жисмларда ахборот-кутубхона ресурсларини тақдим этиш орқали амалга оширилади.


6-БОБ. АХБОРОТ-КУТУБХОНА МУАССАСАЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ. АХБОРОТ-КУТУБХОНА

МУАССАСАЛАРИНИНГ БИРЛАШМАЛАРИ.

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

22-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш

Ахборот-кутубхона муассасаларини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

муассисларнинг маблағлари;

пулли хизматлар кўрсатишдан олинадиган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


23-модда. Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари

Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот-кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда бирлашмалар тузиши мумкин.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари:

ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади;

ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ахборот-кутубхона муассасалари кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этади.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг бирлашмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


24-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти

соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

25-модда. Низоларни ҳал этиш

Ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


26-модда. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


27-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2011 йил 14 апрель.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 15-сон, 146-модда.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2011 йил, 4-сон, 96-модда.



















































Время: 0.0041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск