ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Ветеринария. Зоотехника тадбирлари. Ҳайвонлар карантини /

Ўзбекистон Республикасининг 03.09.1993 й. 935-XII-сон "Ветеринария тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.09.1993 й.

N 935-XII



ВЕТЕРИНАРИЯ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ветеринария соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ветеринария тўғрисидаги қонунчилик

Ветеринария тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ветеринария тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


биологик чиқиндилар - ҳайвонларнинг жасадлари, ветеринария-санитария жиҳатидан хавфли деб топилган, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринарияга оид биологик саноат чиқиндилари;


ветеринария - ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини, ҳайвонлар касалликлари пайдо бўлишининг, тарқалишининг олдини олишни ва уларни тугатишни, аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилишни таъминлашга, ҳайвонларга ветеринария хизмати кўрсатилишини амалга оширишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг ветеринар осойишталигини, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илмий ва амалий фаолият соҳаси;


ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари - ветеринария соҳасидаги талабларни белгиловчи, давлат органлари ва бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар риоя этиши шарт бўлган ҳужжатлар;


ветеринария дори воситалари - келиб чиқиши табиий ва синтетик бўлган дори моддаларидан (субстанциялардан) ёки дори моддаларининг (субстанцияларнинг) аралашмасидан олинган, ҳайвонлар касалликлари профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек ҳайвонлар организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун мўлжалланган воситалар;


ветеринар осойишталик - ҳайвонларнинг соғлиғига салбий омилларнинг зарарли таъсирлари, эпизоотия мавжуд бўлмаган, шунингдек ҳайвонларнинг яшаши учун қулай шарт-шароитлар таъминланадиган ҳолат;


давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар - ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штаммлари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчалар, ветеринария техника воситалари, шунингдек бозорларда реализация қилинадиган ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотлари;


келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот - гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, тухум ва тухум маҳсулотлари, шунингдек асаларичилик маҳсулотлари;


келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб хом ашё - ҳайвонлардан олинадиган, қайта ишлашга мўлжалланган маҳсулотлар;


нобоп пункт - ҳайвонлар юқумли касалликларининг ўчоғи аниқланган ҳудуд;


озуқа - ҳайвонларни озиқлантириш учун фойдаланиладиган, келиб чиқиши ўсимлик ва ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар;


озуқабоп қўшимчалар - ҳайвонлар рационида етишмайдиган озуқавий ва минерал моддалар ҳамда витаминларнинг манбалари сифатида фойдаланиладиган, келиб чиқиши органик, минерал ва синтетик моддалар;


чекловчи тадбирлар (карантин) - ҳайвонлар юқумли касалликлари ўчоқларининг доираси кенгайиб кетишига йўл қўймасликка ва уларни тугатишга, улар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракати чекланишини назарда тутувчи маъмурий, эпизоотияга қарши чора-тадбирлар ҳамда бошқа чора-тадбирлар;


эпизоотия - тегишли ҳудудда ҳайвонларнинг ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари тарқалиши;


эпизоотияга қарши тадбирлар - эпизоотиянинг олдини олишга, уни аниқлашга ёки тугатишга доир ташкилий ва махсус ветеринария тадбирлари тизими;


ҳайвонларнинг юқумли касалликлари - пайдо бўлишига ҳайвонларга касалликларнинг қўзғатувчилари таъсири сабаб бўладиган, тарқалиши ҳамда бошқа ҳайвонларга ва одамга ўтиши эҳтимоли мавжуд бўлган касалликлар.



2-БОБ. ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ВЕТЕРИНАР

ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

4-модда. Ветеринария соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари

Ветеринария соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ветеринария соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат томонидан ветеринария соҳасидаги нормаларни белгилаш;

давлат ветеринария назоратини амалга ошириш;

ветеринария соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

ветеринария соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

профилактикаси, ташхис қўйилиши ва тугатилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари рўйхатини тасдиқлайди;

ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ва бунда ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё олиб қўйиладиган ҳамда йўқ қилиб ташланадиган Ҳайвонларнинг касалликлари рўйхатини тасдиқлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ветеринария соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

ветеринария соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

ветеринария соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

тегишли ҳудудда ветеринар осойишталикни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўради;

эпизоотияга қарши тадбирларни ўтказишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш қўмитасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (бундан буён матнда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси деб юритилади):

ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этади;

ветеринария соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

давлат ветеринария назоратини амалга оширади;

давлат ветеринария хизматининг ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ветеринария соҳасидаги фаолиятни бевосита амалга оширувчи ҳамда тадбирлар ва дастурларни рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириб боради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда эпизоотияга қарши тадбирлар ўтказилишини таъминлайди;

ветеринар осойишталикни таъминлаш, ҳайвонлар юқумли касалликларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва улар тарқалишининг олдини олишга доир профилактика ишларининг самарадорлиги юзасидан мониторингни амалга оширади;

мамлакат ҳудуди ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилинишини, ҳайвонлар соғлиғини профилактика қилиш ва даволашнинг замонавий усуллари жорий этилишини, ветеринария дори воситаларининг маҳаллий ҳамда хорижий илм-фан ютуқларини жорий этишга асосланган янги турлари ва шакллари ишлаб чиқарилишини таъминлайди;

ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга оширади, ветеринария даволаш-профилактика фаолиятини бошлаганлик тўғрисидаги хабарномаларни қабул қилади ва уларнинг реестрини юритади;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишига ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилишига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитига белгиланган тартибда рухсатнома беради;

маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказишни ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларини беришни амалга оширади;

ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларни тизимли асосда ўз вақтида ишлаб чиқишни ва сифатли амалга оширишни ташкил этишни таъминлайди;

идоравий ҳамда ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматининг ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё хавфсизлигини таъминлашга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;

ветеринария соҳасида илмий, услубий ва таълим салоҳияти ҳар томонлама ривожлантирилишини, илмий тадқиқотлар йўналишлари белгиланишини, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмаларининг ветеринария амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштиради;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, раҳбариятнинг ҳамда мутахассисларнинг иш услуби ҳамда шаклларини такомиллаштириш, шу жумладан тузилмавий бўлинмаларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифалар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан масъулиятини ошириш тизимини ташкил этади;

халқаро ҳамкорликни амалга оширишда иштирок этади, халқаро ветеринария ташкилотларида Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалайди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Ветеринария тадбирларини ўтказишда фуқаролар

ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат

ташкилотларининг ва фуқароларнинг иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда ветеринария соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

тегишли ҳудуд аҳолисини эпизоотия ва нобоп пункт тўғрисида хабардор этади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ветеринар осойишталикни таъминлашда иштирок этувчи давлат органларига ва бошқа органларга кўмаклашиши ҳамда зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.



3-БОБ. ВЕТЕРИНАРИЯ ТИЗИМИ ВА УНИ БОШҚАРИШ

9-модда. Ветеринария хизмати тизими

Ветеринария хизмати тизими давлат, идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматларидан иборатдир.


10-модда. Давлат ветеринария хизматини бошқариш

Давлат ветеринария хизмати Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасидан, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасидан, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаларидан, Давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармасидан, туманлар (шаҳарлар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларидан, лабораториялардан, Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказидан, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий марказидан, Ветеринария илмий-тадқиқот институтидан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, унинг академик лицейидан, шунингдек ветеринария участкаларидан, бозорлардаги ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияларидан, чегара ва транспортдаги ветеринария пунктларидан (участкаларидан) ҳамда бошқа муассасалардан иборатдир.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига раис бошчилик қилади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг мансабдор шахслари қуйидаги тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади:

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаларининг бошлиқлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

туманлар (шаҳарлар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари бошлиқлари тегишинча туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаларининг бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади;

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказининг, Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг, Давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармасининг, шунингдек чегара ва транспортдаги ветеринария пунктларининг (участкаларининг) раҳбарлари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Давлат ветеринария хизматининг бошқа муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига, шунингдек тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисобдордир.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


11-модда. Давлат ветеринария хизматининг вазифалари

Давлат ветеринария хизмати:

а) эпизоотик мониторингни амалга оширади;

б) ҳайвонлар касалликларининг пайдо бўлиши ва уларнинг нобуд бўлиши сабабларини таҳлил қилади, ушбу касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

в) қуйидаги йўналишлар бўйича давлат ветеринария назоратини амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчилар олиб кирилишидан муҳофаза қилиш, шунингдек ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринария дори воситалари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчаларни тайёрлаш, олиб ўтиш (ташиш), экспорт ва импорт қилиш;

ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқариш;

г) ҳайвонлар юқумли касалликларининг олдини олиш ва уларни тугатишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

д) соғлиқни сақлаш органлари ва бошқа органлар билан биргаликда ҳайвонлар ва одам учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ўчоқларини тугатади, шунингдек ўзаро ахборот алмашишни амалга оширади;

е) барча чорвачилик объектларининг, кушхоналарнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишловчи корхоналарнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни реализация қиладиган ва сақлайдиган савдо шохобчаларининг, омборларнинг ветеринария-санитария ҳолатини назорат қилади, бу объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг, шунингдек ер қазиш ишларининг ветеринария экспертизасини амалга оширади;

ж) ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш, озуқаларнинг, шунингдек чорвачилик объектларида ичимлик сувининг сифатини баҳолаш мақсадида лаборатория текширувлари ҳамда бошқа текширувлар ўтказади;

з) юридик ва жисмоний шахслардан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари тарқалишининг олдини олишни ҳамда уларнинг тугатилишини таъминловчи чора-тадбирлар ўтказилишини, шунингдек эпизоотик вазиятни аниқлаш учун зарур бўлган ахборот тақдим этилишини талаб қилади;

и) ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ҳайвонларнинг касаллиги аниқланган тақдирда, ҳайвонларни сўйишга ёки йўқ қилиб ташлашга, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни зарарсизлантиришга (юқумсизлантиришга), қайта ишлашга ёки утилизация қилишга тааллуқли, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган талабларни белгилайди;

к) давлат ва идоравий ветеринария хизматлари ветеринария мутахассисларининг фаолиятини назорат қилади ҳамда мувофиқлаштириб боради, шунингдек белгиланган талаблар ва шартларга хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари, жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни белгиланган тартибда амалга оширади;

л) ветеринария соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантиришга кўмаклашади.



12-модда. Давлат ветеринария инспекторлари

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг раиси - Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторидир, унинг ўринбосарлари - Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг ўринбосарларидир (бундан иқтисодий масалалар бўйича раис ўринбосари мустасно), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг, Давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармасининг ветеринар мутахассислари - ўз ваколатлари доирасида давлат ветеринария инспекторларидир.

Давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси бошлиғи - давлат чегарасидаги ва транспортдаги бош давлат ветеринария инспектори, унинг ўринбосарлари - давлат чегарасидаги ва транспортдаги бош давлат ветеринария инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаларининг бошлиқлари - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларидир, уларнинг ўринбосарлари - тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларининг ўринбосарларидир.

Туманлар (шаҳарлар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларининг бошлиқлари тегишли туманларнинг (шаҳарларнинг) бош давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.

Ветеринария участкаларининг ва бозорлардаги ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларининг мудирлари тегишли участкалардаги ва бозорлардаги давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.

Чегара ва транспорт ветеринария пунктларининг (участкаларининг) бошлиқлари ҳамда ветеринар врачлари тегишли чегара ва транспорт ветеринария пунктларининг (участкаларининг) давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.



13-модда. Давлат ветеринария инспекторларининг ваколатлари

Бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари ва давлат ветеринария инспекторлари ўз ваколатлари доирасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, юридик ва жисмоний шахсларга зарур ветеринария, ветеринария-санитария тадбирлари ва эпизоотияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган касалликларга чалинган ҳайвонлар аниқланган ҳолларда, ушбу ҳайвонларни сўйиш ёки йўқ қилиб ташлаш тўғрисида, шунингдек истеъмолга яроқсиз деб топилган, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни йўқ қилиб ташлаш, қайта ишлаш ёки ушбу маҳсулот ва хом ашёдан ўзгача тарзда фойдаланиш ҳақида юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги объектларга қонунчиликда белгиланган тартибда киради ва ветеринария тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

темир йўл вагонларининг, кемаларнинг, самолётларнинг ва бошқа транспорт воситаларининг ҳолати ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига номувофиқлиги аниқланган тақдирда улардан фойдаланишни тақиқлайди;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларининг бузилишлари аниқланган тақдирда чорвачилик объектларидан, гўшт ва сут саноати корхоналаридан, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишловчи ҳамда сақловчи корхоналардан фойдаланишни тақиқлайди;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларининг бузилишлари аниқланган тақдирда чорвачилик фермаларида, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишловчи ҳамда сақловчи корхоналарда янги қурилган, тикланган ва реконструкция қилинган объектларни ишга туширишни тўхтатиб туради;

ҳайвонларнинг эгалари томонидан, шунингдек келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишлаш, сақлаш ҳамда уларнинг савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан ветеринария тўғрисидаги қонунчилик ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;

чегараолди туманларда, қўшни давлатларда юзага келган эпизоотик вазият тўғрисида тегишли органлар ва ташкилотларни хабардор қилади, тегишли ветеринария тадбирларини амалга оширади ҳамда зарур тавсиялар беради;

ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар ишлаб чиқарилишини ҳамда улардан чорвачиликда ва ветеринарияда фойдаланилишини назорат қилади, уларнинг ҳайвонлар соғлиғига ва келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ҳамда хом ашё сифатига таъсирини баҳолайди;

ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланган тақдирда тегишли ҳудудларни нобоп пунктлар деб эълон қилиш ва уларда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш тўғрисида, шунингдек ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари тугатилганидан кейин чекловчи тадбирларни (карантинни) бекор қилиш ҳақида тегишли давлат органларига тақдимнома киритади;

ветеринария тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун мансабдор шахсларга ва бошқа шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чораларини кўради.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари ва давлат ветеринария инспекторлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


14-модда. Идоравий ветеринария хизмати

Идоравий ветеринария хизмати ветеринария назорати ва ветеринария хизмати талаб қилинадиган вазирликлар ҳамда идоралар тасарруфидаги хизматдир.

Идоравий ветеринария хизмати ўз фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга оширади. Идоравий ветеринария хизмати фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан амалга оширилади.


15-модда. Идоравий ветеринария хизмати ветеринария

мутахассисларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Идоравий ветеринария хизматининг ветеринария мутахассислари:

идоравий ветеринария назорати объектларига монеликсиз кириш ва ветеринария тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

идорага қарашли муассасалар ва ташкилотлардан ветеринария тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва уларни тугатишни таъминлайдиган чора-тадбирлар ўтказилишини, шунингдек эпизоотик вазиятни аниқлаш учун зарур бўлган ахборот тақдим этилишини талаб қилиш;

ветеринария тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор мансабдор шахсларни ҳамда бошқа ходимларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш ҳақида идорага қарашли муассасалар ва ташкилотлар раҳбариятига кўриб чиқиш учун тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга.

Идоравий ветеринария хизматининг ветеринария мутахассислари:

хизмат кўрсатилаётган корхоналарда, муассасаларда ва ташкилотларда эпизоотияга қарши тадбирларни, даволаш, ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиши;

идоравий ветеринария назоратини ҳамда келиб чиқиши ҳайвонотга ва ўсимликка мансуб маҳсулотнинг, хом ашёнинг ветеринария-санитария экспертизаси ўтказилишини амалга ошириши;

ҳайвонлар ўта хавфли юқумли касалликларга чалинганлиги хусусида шубҳа мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда давлат ветеринария хизматига зудлик билан хабар қилиши ва касаллик доираси кенгайиб кетмаслиги юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўриши;

белгиланган тартибда ветеринарияга оид статистика ҳисоботини юритиш учун давлат ветеринария хизматига ахборот тақдим этиши шарт.

Идоравий ветеринария хизматининг ветеринария мутахассислари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


16-модда. Ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари

Фаолияти чорвачиликни ташкил этиш ва юритиш, ҳайвонларни сақлаш, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни, озуқаларни, озуқабоп қўшимчаларни ҳамда ҳайвонларни даволаш учун мўлжалланган ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари ташкил этилиши мумкин.

Ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматларининг ветеринария мутахассислари:

корхонанинг, муассасанинг, ташкилотнинг раҳбаридан ветеринария тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва уларни тугатишни таъминлайдиган чора-тадбирлар ўтказилишини, шунингдек эпизоотик вазиятни аниқлаш учун зарур бўлган ахборот тақдим этилишини талаб қилиши;

хизмат кўрсатилаётган корхоналарда, муассасаларда ва ташкилотларда эпизоотияга қарши тадбирларни, даволаш, ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиши;

ҳайвонлар ўта хавфли юқумли касалликларга чалинганлиги хусусида шубҳа мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда давлат ветеринария хизматига зудлик билан хабар қилиши ва касаллик доираси кенгайиб кетмаслиги юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўриши;

эпизоотия пайдо бўлган тақдирда давлат ветеринария хизматининг кўрсатмаларига биноан ветеринария тадбирларини ўтказиши шарт.

Ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматларининг ветеринария мутахассислари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


17-модда. Хусусий ветеринария фаолияти

Юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ хусусий ветеринария фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Хусусий ветеринария фаолиятини амалга ошириш учун (бундан ветеринария даволаш-профилактика фаолияти мустасно) юридик ва жисмоний шахслар - тадбиркорлик субъектлари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан бериладиган лицензияга эга бўлиши шарт.

Хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари:

ҳайвонларнинг касаллигини аниқлаб ташхис қўйиш ва уларни даволаш билан шуғулланиш, бундан ҳайвонларнинг чекловчи тадбирлар (карантин) ёки қонунчиликда белгиланган бошқа чекловлар қўлланадиган касалликларга чалиниши ҳоллари мустасно;

ҳайвонларни касалланишдан сақлаш мақсадида эмлаш тадбирлари ўтказиш, шунингдек ҳайвонларнинг эгаларига маслаҳат бериш;

ветеринария дори ва техника воситаларини, озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва реализация қилиш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари:

ҳайвонларда юқумли касаллик борлиги хусусида шубҳа мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда давлат ветеринария хизматига зудлик билан хабар қилиши ва касаллик доираси кенгайиб кетмаслиги юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўриши;

эпизоотия пайдо бўлган тақдирда давлат ветеринария хизматининг кўрсатмаларига биноан ветеринария тадбирларини ўтказиши шарт.

Хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


4-БОБ. ҲАЙВОНЛАР, КЕЛИБ ЧИҚИШИ

ҲАЙВОНОТГА МАНСУБ МАҲСУЛОТ ҲАМДА ХОМ

АШЁ ЭГАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

18-модда. Ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб

маҳсулот ва хом ашё эгаларининг ҳуқуқлари

Ҳайвонларнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёнинг эгалари:

ветеринария хизмати кўрсатилиши тўғрисида тегишли ветеринария хизматлари, шунингдек хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузиш;

ҳайвонларнинг касалликка чалиниши ҳолати, эпизоотик вазият тўғрисида, шунингдек ҳайвонларда, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёда ўтказилган махсус текширишлар натижалари ҳақида ветеринария хизматидан ахборот олиш;

ҳайвонларни, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни, озуқаларни, озуқабоп қўшимчаларни, ветеринария дори ва техника воситаларини ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ олиш ҳамда реализация қилиш, шу жумладан хорижда олиш ва реализация қилиш;

давлат органлари ва бошқа органларнинг қонунга хилоф қарорлари, ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳайвонларнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёнинг эгалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19-модда. Ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб

маҳсулот ва хом ашё эгаларининг мажбуриятлари

Ҳайвонларнинг, келиб чиқишиҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёнинг эгалари:

ветеринария тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

давлат ветеринария хизматининг кўрсатмаларини бажариши;

ўзларига тегишли ҳайвонлар касалликларининг олдини олишга қаратилган ташкилий-хўжалик ва ветеринария тадбирларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириши, бундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган тадбирлар мустасно;

касал ҳайвонни даволатиши, зарур бўлган ҳолларда, тегишли давлат ветеринария инспекторининг кўрсатмасига кўра унинг сўйилишини ёки йўқ қилиб ташланишини белгиланган тартибда таъминлаши;

ҳайвонларнинг тўсатдан нобуд бўлганлиги ёки ғайриодатий хатти-ҳаракати фактлари тўғрисида мазкур ҳудудга хизмат кўрсатувчи давлат ветеринария хизматини зудлик билан хабардор қилиши;

ҳайвонларни юқумли касалликлардан муҳофаза этиш бўйича тегишли карантин тадбирлари ва бошқа ветеринария тадбирлари ўтказилишини, шунингдек тўлиқ ҳажмда даволаш-профилактика ишловлари ўтказилишини таъминлаши;

чорвачилик биноларини ҳамда ҳайвонларни, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни сақлаш учун мўлжалланган бошқа иншоотларни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ сақлаши;

чорвачилик биноларида ва бошқа объектларда дезинфекция, дезинсекция, дератизацияни ўз вақтида ўтказиши;

ҳайвонларни, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя этган ҳолда реализация қилишни амалга ошириши;

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан рўйхатдан ўтказилмаган ветеринария дори воситаларини ва озуқабоп қўшимчаларни чорвачиликда қўлламаслиги;

ҳайвонларни сўйишга доир ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя этиши шарт.

Ҳайвонлар, келиб чиқишиҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё эгаларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


5-БОБ. ВЕТЕРИНАР ОСОЙИШТАЛИКНИ ВА ДАВЛАТ

ВЕТЕРИНАРИЯ НАЗОРАТИНИ ТАЪМИНЛАШ

20-модда. Профилактика, ташхис қўйиш ва даволаш тадбирлари

Профилактика тадбирлари ҳайвонларнинг юқумли касалликлари пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилгандир.

Ташхис қўйиш тадбирлари ҳайвонлар касалликларини қўзғатувчиларнинг манбаларини, уларнинг ҳайвонларга ва одамга ўтиши омилларини аниқлаш, шунингдек профилактика ҳамда даволаш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Даволаш тадбирлари ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишга, даволаш-профилактика таъсирига эга бўлган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчалар қўлланилишини назарда тутадиган муолажалардан фойдаланган ҳолда ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилгандир.


21-модда. Лаборатория текширувлари

Лаборатория текширувлари:

ветеринария ва ветеринария-санитария экспертизаси хулосаларини тайёрлаш мақсадида;

давлат ветеринария назоратини амалга оширишда;

ҳайвоннинг соғлиғи ҳолатини аниқлаш, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар ва биологик чиқиндиларнинг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ҳамда нормаларида белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш мақсадида;

илмий-тадқиқот мақсадларида ўтказилади.

Ветеринария соҳасидаги лаборатория текширувлари белгиланган тартибда давлат ветеринария лабораториялари ва бошқа ветеринария лабораториялари томонидан ўтказилади.

Ветеринария лаборатория-ташхис қўйиш ишлари юридик ва жисмоний шахслар томонидан лицензия асосида амалга оширилади.



22-модда. Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги

товарларни ишлаб чиқариш ва уларнинг муомалада

бўлиши чоғидаги ветеринария талаблари

Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқариш ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мос келадиган ишлаб чиқариш объектларида амалга оширилиши керак.

Бозорларда, савдо ташкилотларида ва бошқа савдо объектларида келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни, шунингдек бозорларда реализация қилинадиган ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ҳамда реализация қилиш ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлган ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ҳамда нормаларига мувофиқ бўлиши керак.

Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг ветеринария экспертизаси ва синови натижаларига кўра амалга оширилади.

Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш фақат улар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.


23-модда. Биологик чиқиндиларнинг муомалада

бўлиши ва йўқ қилиб ташланиши чоғидаги

ветеринария талаблари

Биологик чиқиндилар фақат уларнинг ветеринария жиҳатидан хавфсизлигини тасдиқловчи ветеринария-санитария экспертизаси натижаларига кўра муомалага қўйилади ёки йўқ қилиб ташланади, бундан чорвачилик чиқиндилари мустасно.



24-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудини

ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб

кирилишидан муҳофаза қилиш

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар давлат ветеринария назоратидан ўтказилиши шарт.

Эпизоотик жиҳатдан осойишта бўлган бошқа давлатлардан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилишига ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилишига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитига ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя этилган ҳолда йўл қўйилади.

Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасида жойлашган чегара ветеринария пунктлари (участкалари) орқали олиб ўтилади.

Бошқа давлатлар ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, ҳайвонларнинг келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ялпи касалликлари ва ҳайвонларнинг илгари қайд этилмаган юқумли касалликлари пайдо бўлган тақдирда давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб ўтишга тақиқ, чеклов жорий этиш ҳамда уларни олиб ўтишни тиклаш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспектори томонидан қабул қилинади.

Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришдан олдин юридик ва жисмоний шахслар экспорт ва транзит қилувчи мамлакатлардаги эпизоотик вазият тўғрисида давлат ветеринария хизматидан бепул ахборот олиш ҳуқуқига эга.



25-модда. Давлат ветеринария назорати объектлари

Қуйидагилар давлат ветеринария назорати объектлари жумласига киради:

ҳайвонлар, уларнинг жинсий ва соматик ҳужайралари;

ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчилар;

келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, бозорларда реализация қилинадиган ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотлари, ветеринария дори ва техника воситалари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчалар, патологик материал, биологик чиқиндилар, шунингдек сув, ҳаво ва тупроқ намуналари;

ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчиларни юқтириш омиллари бўлиши мумкин бўлган транспорт воситалари, идишлар, жойлаш-ўраш материаллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ветеринария соҳасидаги фаолияти;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни етиштирадиган, тайёрлайдиган, ишлаб чиқарадиган, сақлайдиган, қайта ишлайдиган, ташийдиган, реализация қиладиган ёки улардан фойдаланадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳудудлари ҳамда ишлаб чиқариш бинолари;

ҳайвонларҳайдаб ўтиладиган йўллар, йўналишлар, биотермик ўралар, ҳайвонот қабристонлари, ҳайвонлар боқиладиган яйловларнинг ва суғориладиган жойларнинг ҳудудлари;

ветеринария ҳисоби ва ҳисоботи бўйича ҳужжатлар;

ветеринария далолатномалари, лицензиялари, рухсатномалари, маълумотномалари, гувоҳномалари ва сертификатлари;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш (сўйиш), сақлаш ва қайта ишлашга доир норматив-техник ҳужжатлар.



26-модда. Эпизоотик мониторинг

Эпизоотик мониторинг ҳайвонлар юқумли касалликларини қўзғатувчиларни аниқлаш бўйича ахборотни тизимли равишда йиғиш ва ишловдан ўтказишдир.

Эпизоотик мониторинг давлат ветеринария хизмати томонидан қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

эпизоотик вазиятни прогноз қилиш, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ва ушбу касалликларни қўзғатувчилар тарқалишини чеклаш бўйича тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш;

чекловчи тадбирларни (карантинни) белгилаш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

фаолияти ҳайвонларни сақлаш, сўйиш, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни қайта ишлаш билан боғлиқ бўлган корхоналардаги, муассасалардаги ҳамда ташкилотлардаги эпизоотик вазиятни хўжалик фаолияти хавфсиз амалга оширилиши учун аниқлаш;

халқаро савдо-сотиқ ва давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ташиш учун мамлакатдаги эпизоотик вазиятни аниқлаш.



27-модда. Давлат ветеринария хизмати назорати

остидаги товарларни олиб қўйиш, йўқ қилиб ташлаш,

зарарсизлантириш (юқумсизлантириш) ва қайта ишлаш

Ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё уларнинг хавфлилик даражасига қараб ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига кўра мажбурий равишда олиб қўйилиши ҳамда йўқ қилиб ташланиши ёхуд олиб қўйилмаган ҳолда мажбурий равишда зарарсизлантирилиши (юқумсизлантирилиши) ва қайта ишланиши шарт.

Ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ва бунда ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё олиб қўйиладиган ҳамда йўқ қилиб ташланадиган Ҳайвонларнинг касалликлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайвонларнинг ва одамнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ва бунда ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ҳамда хом ашё, ветеринария дори воситалари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчалар олиб қўйилмаган ҳолда зарарсизлантириладиган (юқумсизлантириладиган) ҳамда қайта ишланадиган Ҳайвонлар касалликларининг рўйхати Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан тасдиқланади.


28-модда. Ҳайвонлар юқумли касалликларининг

ўчоқлари аниқланган чоғдаги чекловчи

тадбирлар (карантин)

Ҳайвонлар юқумли касалликларининг ўчоқлари аниқланган ҳолларда Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг, туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарчаларнинг, қишлоқларнинг, овулларнинг муайян ҳудудларини нобоп пунктлар деб эълон қилиш ва уларда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш тегишли бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Белгиланган муддатлар ўтганидан ва ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари тугатилганидан кейин, шунингдек зарур ветеринария тадбирлари ўтказилганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг, туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарчаларнинг, қишлоқларнинг, овулларнинг муайян ҳудудларидаги чекловчи тадбирлар (карантин) тегишли бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига кўра чекловчи тадбирларни (карантинни) белгилаган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бекор қилинади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

29-модда. Давлат ветеринария хизматининг

таъминоти ва молиялаштирилиши

Давлат ветеринария хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланади.


30-модда. Давлат ветеринария назоратини амалга ошириш

бўйича фаолиятга аралашишга йўл қўйилмаслиги

Давлат ветеринария назорати органларининг фаолиятига аралашиш, давлат ветеринария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида уларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш тақиқланади.



31-модда. Низоларни ҳал этиш

Ветеринария соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



32-модда. Ветеринария тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Ветеринария тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Халқ сўзи", 2015 йил 31 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 11 январь, 1-сон, 1-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2015 йил, 12-сон, 453-модда




































Время: 0.1394
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск