Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.05.2004 й. 215-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 7 майдаги

215-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (кейинги ўринларда "Агентлик" деб юритилади) алоқа, ахборотлаштириш ва радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасидаги вазифаларни ҳал қилиш ва давлат сиёсатини ўтказиш учун ваколат берилган мувофиқлаштирувчи бошқарув органи, шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасида махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.

Агентлик Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг ишчи органи функциясини бажаради.


2. Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

алоқа ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор ва ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳаларни, илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш масалалари бўйича - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси;

почта алоқаси ва телекоммуникация тизимлари ҳамда ахборот тизимлари ва воситалари, техник воситаларни сертификатлаш соҳасида тадқиқотлар, маркетинг ва мониторингни ташкил этиш бўйича - Илмий-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази;

Ўзбекистон Республикасида почта ва телекоммуникациялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати бўйича - Давлат алоқа инспекцияси;

Ўзбекистон Республикасининг радиочастота спектридан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича - Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси (идоралараро коллегиал орган);

алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, электрон тижорат, ахборот хавфсизлиги, иқтисодиёт ва менежмент соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича - Тошкент ахборот технологиялари университети;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви юқори органларининг хат-хабарларини ҳамда дипломатик хат-хабарларни қабул қилиш, етказиб бериш бўйича - Давлат фельдъегерлик хизмати;

республика муассасалари, ташкилотлари ва корхоналарининг махсус хат-хабарларини ва жўнатмаларини қабул қилиш, етказиб бериш бўйича - Республика махсус алоқа узели;

телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш, телекоммуникациялар ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, телекоммуникациялар хизматларига бўлган эҳтиёжни янада тўлиқ қондириш учун телекоммуникациялар турли операторлари, идоравий тармоқлар эгалари тармоқларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш тизимини яратиш, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа ва миллий хавфсизлиги манфаатлари йўлида тармоқлардан устувор фойдаланишни таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш - Ўзбекистон телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш республика маркази;

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида телерадиодастурларни тарқатиш ва трансляция қилиш, радиоканаллар бўйича радио алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича - Радио алоқаси, радиоэшиттириш ва телевидение маркази;

радиочастота органи функцияларини бажариш, шу жумладан электромагнит мослашувни ва радиочастота спектри мониторингини таъминлаш бўйича - Электромагнит мослашув маркази;

ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, ахборот, сервис ва кенг кўламда консалтинг хизматлари кўрсатиш соҳасида дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича - Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази;

тинчлик даврида ва алоҳида даврда Ўзбекистон Республикаси алоқа объектларида ва телекоммуникация тармоқларида авария-тиклаш ишларини бажариш, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни ҳарбийлаштирилган қўриқлашни таъминлаш бўйича - Махсус авария-тиклаш бошқармаси (ҳарбий тузилмаси);

қонунчилик ва норматив ҳужжатлар, давлат ва тармоқ стандартлари талабларига, оммавий коммуникациялар соҳасида, жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий йўлдош тизими, Интернетнинг глобал тармоқлари, ахборотларни, шунингдек матбаа маҳсулотларини етказиб бериш ва тарқатиш бошқа электрон воситалари соҳасида фаолиятни амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахслар лицензиялари шартларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш бўйича - Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази;

радиотехника, радио алоқаси, телекоммуникацияни бошқариш тизимини, ҳисоблаш техникасини лойиҳалаш, реконструкция қилиш, ўрнатиш, созлаш, фойдаланишга топшириш, шу жумладан махсус мақсаддаги объектлар учун воситалар ва алоҳида буюмлар тайёрлаш бўйича - "Гранит" илмий-ишлаб чиқариш корхонаси;

Республика ахборот-кутубхона маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказлари - ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш ва уларни ривожлантириш, универсал ахборот ресурсларини, миллий ва хорижий нашрлар (босма, аудиовизуал, электрон ва бошқалар) фондини шакллантириш, сақлаш ва уларни бериш, шунингдек ахборот-ресурс марказларининг ахборотлаштириш ва жойларда кутубхона иши соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва ташкилий-методик жиҳатдан таъминлаш.

3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Агентлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Агентлик Халқаро электр алоқаси уюшмасида, Жаҳон почта уюшмасида ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодаловчи ваколатли орган ҳисобланади.


6. Агентликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларини моддий-техник таъминлаш, шунингдек ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Агентликка қарашли ташкилотлар, корхоналар ва муассасаларни моддий-техник таъминлаш ҳамда улар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш давлат бюджети маблағлари (бюджетдан молиялаштириладиган ўқув юрти, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмалар), ўз маблағлари, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


7. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, радио алоқаси, радиоэшиттириш, телевидение, почта алоқаси, матбуот тарқатиш тармоқларини ривожлантириш, шунингдек ахборотлаштириш, ахборот ресурслари бозори ва радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида стратегик устуворликларни шакллантириш ва амалга ошириш, давлат томонидан самарали тартибга солиб боришни рўёбга чиқариш;

электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасида махсус ваколатли орган функцияларини амалга ошириш;

алоқа ва ахборотлаштириш тармоқ ва ҳудудий органлари ҳамда хизматлари ишларини, шунингдек стандартлаштириш, сертификатлаш ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини лицензиялашни таъминлаш, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида, шу жумладан маълумотлар узатишнинг замонавий воситалари, IP-технологиялар соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларини мувофиқлаштириш;

давлат органлари, тармоқ ва ҳудудий ахборот тизимларини яратиш ва ривожлантириш, давлат ахборот ресурсларини шакллантириш, давлат бошқаруви, фан ва таълим, бизнес, соғлиқни сақлаш соҳасида ва фаолиятнинг бошқа соҳаларида ахборот айирбошлашнинг электрон шаклларига ўтиш дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

телекоммуникациялар ва почта алоқаси, телерадиоэшиттириш тармоқларида, ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини муҳофаза қилишнинг самарали воситалари ва усулларини жорий этиш, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатлари йўлида ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитларида улардан устувор фойдаланиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан ички назоратнинг жорий этилишини ташкил этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда почта алоқаси операторлари, провайдерлари учун ички назорат қоидаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимлари, радиочастота спектридан самарали фойдаланиш ҳамда телекоммуникациялар, почта алоқаси, телерадиоэшиттириш тармоқларида ва ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ишлари бажарилишини назорат қилиш ва ижросини текширишни ташкил этиш;

ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимлари, компьютер ва телекоммуникация техникасини ишлаб чиқиш соҳасида, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ва юқори малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;

радиоэлектрон воситалар ва телекоммуникация воситалари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларига тармоқ стандартлари, техник шартлар ва талабларни белгиланган тартибда тасдиқлаш, давлат стандартлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек халқаро стандартлар жорий этилишини ташкил этиш;

телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, почта алоқаси тармоқларини ҳамда ахборот тизимларини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш;

монополияга қарши орган билан биргаликда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

стратегик устуворликларни, телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, почта алоқаси, матбуот тарқатиш тармоқларини, ахборот ресурслари ва тизимлари бозорини ривожлантириш соҳасида давлат томонидан самарали тартибга солишни амалга оширишда ҳудудий бошқармаларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

қонунчилик ва норматив ҳужжатлар, давлат ва тармоқ стандартлари талабларига, оммавий коммуникациялар соҳасида, жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий йўлдош тизими, Интернетнинг глобал тармоқлари, ахборотларни, шунингдек матбаа маҳсулотларини етказиб бериш ва тарқатиш бошқа электрон воситалари соҳасида фаолиятни амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахслар лицензиялари шартларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;

аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этиш ва ривожлантириш.

9. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

алоқа ва ахборотлаштиришни ривожлантиришнинг миллий дастурлари ва концепцияларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишни ташкил этади, минтақавий дастурларни ишлаб чиқишга ҳамда амалга оширишга кўмаклашади;

алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан электрон рақамли имзодан фойдаланиш миллий ахборот макони мониторинги соҳасидаги фаолият масалалари юзасидан қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

мамлакатнинг ягона ахборот маконини барпо этиш мақсадида давлат стандартларини ишлаб чиқади ва тасдиқлашга белгиланган тартибда тақдим этади, халқаро стандартларни жорий этади, радиоэлектрон ҳамда телекоммуникациялар ва ахборот-коммуникация технологияларига шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланишга доир тармоқ стандартларини, техник шартлар ҳамда талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

почта тўловининг давлат белгилари намуналарини тасдиқлайди ва почта маркаларини нашр этиш, уларни муомалага киритиш ва муомаладан олиб қўйиш тартибини белгилайди;

почта индексларини, ёзма хат-хабарларни олиш частотаси нормативларини, шунингдек почта жўнатмалари ўтишининг операторлар ва провайдерлар учун мажбурий бўлган назорат муддатларини тасдиқлайди;

почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияларини шакллантиради;

франкироваль машиналардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

почта алоқаси миллий оператори ходимининг формали кийими ва кўкрак нишонини тасдиқлаш ҳамда кийиш тартибини белгилайди;

почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг почта, хат ва жўнатмалар ҳамда пул маблағлари ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситаларига жойлаштириладиган махсус фарқловчи белгиларни тасдиқлайди;

телекоммуникациялар тармоқларига уланиш, операторлар, провайдерлар томонидан ўзаро хизматлар кўрсатиш ҳамда улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

ахборот технологияларини, алоқа тармоқлари ва хизматларини, тармоқ стандартлари ва техник шартларни ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг илмий ҳамда маркетинг тадқиқотлари ва мониторинги бўйича ишларни, ахборот-коммуникация технологияларининг мамлакатимизда ва жаҳонда ривожланиши тенденцияларини ўрганиш ва таҳлил этишни ташкил этади ҳамда улар бўйича маърузалар тайёрлайди;

давлат органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобига яратилган ахборот ресурсларини, шунингдек давлат сирларига ва махфий ахборотга эга бўлган ресурсларни шакллантириш ишларини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан риоя этилиши мониторингини ва назоратини олиб бориш масалаларига раҳбарлик қилади ва ишларни мувофиқлаштиради;

радиочастота спектри, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш, шунингдек радиотўсиқларни, шу жумладан индустриал радиотўсиқларни бартараф этиш ишларини ташкил қилади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг алоқа ҳамда ахборот тизимлари ва воситалари тармоқларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши бўйича фаолияти устидан давлат назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш қоидалари ва тартибини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

телекоммуникациялар соҳасида фаолиятнинг айрим турларини белгиланган тартибда лицензиялашни амалга оширади;

телефон рақамларини белгилаш, рақамлар ажратиш режасини ва тизимини тасдиқлайди, телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларидан фойдаланишни, Интернет тармоғининг миллий сегментини аниқ адресли маконда тарқатишни ҳисобга олади ва назорат қилади;

почта алоқаси, телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш тармоқлари ва воситалари, ахборот тизимлари ва ресурсларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгилайди ҳамда норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

идоравий мансублигидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг техник кучлари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда мудофаа қобилиятини ва миллий хавфсизликни, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги алоҳида муҳим ҳамда тоифаланган объектларнинг узлуксиз ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил этади;

телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш, телекоммуникациялар ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, телекоммуникациялар хизматларига бўлган эҳтиёжни янада тўлиқ қондириш учун телекоммуникациялар турли операторлари, идоравий тармоқлар эгалари тармоқларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш тизимини яратиш, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа ва миллий хавфсизлиги манфаатлари йўлида тармоқлардан устувор фойдаланишни таъминлаш бўйича ишлар мувофиқлаштирилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда почта алоқаси ва телекоммуникацияларнинг универсал хизматлари рўйхатини, уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди, почта алоқаси ва телекоммуникацияларнинг универсал хизматларига тарифларни тасдиқлайди;

фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда телекоммуникацияларнинг айрим хизматлари рўйхатини белгилайди ва уларга ҳамда тармоқлараро уланишларга тарифларни келишиб олади;

ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларида фойдаланиш учун дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишни ташкил қилади ҳамда уларни иқтисодиёт тармоқларида жорий этади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида давлат органлари, тармоқ ва ҳудудий ахборот тизимларини яратишга, дастурий маҳсулотлар, ахборот ресурслари, хизматлар бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

давлат монополияга қарши органи билан биргаликда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти учун тенг шароитлар яратишга, рақобатни ривожлантиришга ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади;

Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар билан биргаликда радиочастота спектрини тақсимлаш, ундан фойдаланиш ҳамда ушбу соҳада қонунчиликка риоя этилишини назорат қилишда давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг алоқа ва ахборотлаштириш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасининг алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида халқаро фаолиятни амалга оширувчи ваколатли органи сифатида иш кўради, Халқаро электр алоқаси уюшмаси, Жаҳон почта уюшмаси ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларнинг конгресслари, съездлари, конференцияларида Ўзбекистон Республикаси номидан қатнашади;

алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлатлараро ҳамда ҳукуматлараро битимлар ва шартномалар лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади;

алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида, белгиланган тартибда халқаро идоралараро битимлар ва шартномалар тузади;

инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамда почта алоқаси, телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш воситалари ва тармоқларини, ахборот тизимлари ва технологияларини, радиомониторингнинг техник воситаларини, дастурий маҳсулотларни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этишда қатнашади, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган хизматларни, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашни, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил қилади;

алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш учун халқаро молия институтлари, хорижий мамлакатларнинг ҳукуматлари томонидан ажратиладиган грантлардан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш учун инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан тендерлар, танловлар ва савдоларни ташкил этади ва уларни ўтказишда қатнашади;

ҳудудий бошқармалар, ўзига қарашли давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари ишига бевосита раҳбарлик қилади, улар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимларининг, радиочастота спектридан фойдаланишнинг, почта алоқаси ва телекоммуникациялар, маълумотларни узатиш, телерадиоэшиттириш тармоқларида, давлат бошқарув органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот тизимларида хавфсизлик бўйича техник ва технологик талабларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

алоқа ва ахборотлаштириш, радиочастота спектридан ва электрон рақамли имзодан, шу жумладан жойларда фойдаланиш соҳасида мониторинг ўтказиш, қонун бузилишларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида тузилмани такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

Агентлик тизимининг сафарбарлик режасини, давлат захирасига моддий воситалар жамлаш тузилмаси, таркиби, нормалари ва режасини ишлаб чиқади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини алоқа билан таъминлаш учун ҳарбий қисм кучлари ва воситалари билан авария-тиклаш ишлари бажарилишини, Агентлик тизимининг алоҳида муҳим объектлари қўриқланишини ташкил этади;

телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, почта алоқаси, матбуот тарқатиш тармоқларини, ахборот ресурслари ва тизимлари бозорини ривожлантириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида стратегик устуворликларни амалга оширишда, давлат томонидан самарали тартибга солиб боришни рўёбга чиқаришда ҳудудий бошқармаларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ҳамда уни мувофиқлаштиришни ташкил қилади;

Агентлик тизимига кирувчи бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ўқув юртлари, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмаларнинг бюджетдан молиялаштирилишини ташкил этади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси ўқув юртларининг алоҳида иқтидорли талабалари учун Агентликнинг стипендияларини белгилайди;

қонунчилик ва норматив ҳужжатлар, давлат ва тармоқ стандартлари талабларига, оммавий коммуникациялар соҳасида, жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий йўлдош тизими, Интернетнинг глобал тармоқлари, ахборотларни, шунингдек матбаа маҳсулотларини етказиб бериш ва тарқатиш бошқа электрон воситалари соҳасида фаолиятни амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахслар лицензиялари шартларига риоя этилиши юзасидан мониторинг амалга оширилишини ташкил қилади.

электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказади ва электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг ваколатли шахсларига электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини беради;

электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг ваколатли шахслари электрон рақамли имзолари калитлари сертификатларининг ягона давлат реестрини юритади ҳамда унга юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин киришини таъминлайди;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказларининг ваколатли шахслари электрон рақамли имзоларининг ҳақиқийлигини тасдиқлайди;

электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказлари фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш ҳуқуқини олиш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертиза ўтказишни ташкил қилади;

электрон кутубхона тизими ривожлантирилишини, кутубхона ахборот ресурслари тизимлаштирилишини, аҳолининг кенг қатламлари ахборот-кутубхона марказлари ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш.

10. Қуйидагилар Агентлик ҳудудий бошқармаларининг вазифалари ҳисобланади:

минтақаларда алоқа ва ахборотлаштиришни ривожлантириш дастурларининг ҳудудий даражада амалга оширилишини, лицензия битимларининг бажарилишини, радиочастота спектридан фойдаланиш самарадорлигини, шунингдек ахборот ва почта хавфсизлиги талаблари бажарилишини таҳлил қилиш;

телекоммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензиялар олиш учун минтақавий талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан расмийлаштирилган лицензиялар ва бошқа ҳужжатларни бериш;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тегишли давлат бошқаруви органлари билан радиочастота спектридан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, телевидение ва радио дастурларини тарқатиш, маълумотларни узатиш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

алоқа объектлари ва корхоналари қўриқланишини, радиочастота спектридан фойдаланиш самарадорлигини, почта, телекоммуникация, маълумотларни узатиш ва телерадиоэшиттириш тармоқларида, ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш.


11. Ҳудудий бошқармалар ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантиришнинг минтақавий дастурлари бажарилиши мониторингини ташкил қилади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг алоқа тармоқлари, ахборотлаштириш тизимлари ва воситаларини яратиш ҳамда уларнинг фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг лицензия талабларини, ахборот ва почта хавфсизлиги талабларини, телекоммуникацияларнинг шаҳарлараро ва халқаро тармоқларини бошқариш органи талабларини бажариш бўйича фаолиятини текширишда қатнашади;

идоравий мансублигидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг техник кучлари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда мудофаа қобилиятини ва миллий хавфсизликни, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги алоҳида муҳим ҳамда тоифаланган объектларнинг узлуксиз ва хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминлаш, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш мақсадида вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда комплекс чора-тадбирларни бажаришда қатнашади;

радиочастота спектрини тақсимлаш, ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашда ва ушбу соҳада қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилишда қатнашади;

радиочастота спектри, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш мониторинги, шунингдек радиотўсиқларни, шу жумладан индустриал радиотўсиқларни, қонун ҳужжатларида тақиқланган ахборотларни тарқатиш учун телерадиоэшиттириш ва маълумотлар узатишнинг техник воситаларидан фойдаланишда суиистеъмолчиликларни бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

почта алоқаси ва телекоммуникациялар, маълумотларни узатиш, телерадиоэшиттириш тармоқларида, ахборот тизимларида хавфсизлик бўйича техник ва технологик талабларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида мониторинг ўтказиш, қонун бузилишларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

сафарбарлик режаларини ишлаб чиқишда қатнашади, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини алоқа билан таъминлаш, алоҳида муҳим объектларни қўриқлаш учун авария-тиклаш ишларини бажаришни ташкил қилади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот ресурслари ҳамда тизимларини шакллантириш ишларини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

почта алоқаси, телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш тармоқлари ва воситалари, ахборот тизимлари ва ресурслари, радиочастота спектридан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив ҳужжатларни бажариш тадбирларини амалга оширади;

давлат монополияга қарши органи ҳудудий тузилмалари билан биргаликда табиий монополист субъектлар фаолияти мониторингида қатнашади, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида рақобатни ривожлантиришга ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади.


12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий бошқармалар, ўзига қарашли ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар орқали ҳал қилади.



III. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат бошқаруви органлари, вазирликлар ва идоралардан, хўжалик юритувчи субъектлардан Агентлик ваколатига тааллуқли масалаларга доир зарур ахборотларни сўраб олиш;

Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишга рухсатномалар бериш, шунингдек радиочастота спектридан фойдаланишни тўхтатиш, тўхтатиб туриш ва чеклаш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва давлат бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

фавқулодда вазиятларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин, эпидемияларда ва бошқаларда) почта алоқаси, телекоммуникациялар ва ахборот тизимларининг ҳар қандай тармоқлари ва воситаларидан устувор фойдаланиш, уларнинг фаолият кўрсатишини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш, шунингдек телекоммуникациялар тармоқлари ва воситаларидан марказлаштирилган бошқариш, телекоммуникация хизматлари махсус истеъмолчиларининг телекоммуникациялар тармоқларидан ташқари;

радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартларга ва техник нормаларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, фуқароларнинг хавфсизлигини, атроф муҳит муҳофазасини таъминламаганда, радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақ тўланмаганда, шунингдек алоҳида ҳолатларда улардан фойдаланишни белгиланган тартибда тақиқлаш;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида белгиланган тартибда халқаро идоралараро шартномалар тузиш;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги халқаро ташкилотларга Ўзбекистон Республикасининг аъзолик бадалларини тўлаш учун алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги ташкилотлар ва компанияларнинг ихтиёрийлик асосида берилган маблағларини жамлаш.

Агентлик почта тўлови давлат белгиларини муомалага чиқариш ва муомаладан олиб қўйиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эгадир.

Агентлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Агентлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.


15. Агентлик алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишнинг таъминланиши, шунингдек ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошчилик қилади.

Бош директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган тўрт нафар ўринбосари, шу жумладан икки нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Мақомига кўра бош директор вазирга, бош директорнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари - тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосарларига ва ўринбосарларига тенглаштирилади.

17. Агентликнинг бош директори бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг раиси ҳисобланади.


18. Агентликнинг бош директори:

Агентлик фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради,

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ҳудудий бошқармалар, Агентлик тизимидаги давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилайди, Агентлик фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик ва ҳудудий бошқармалар, Агентликка қарашли ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар иши учун ўз ўринбосарларининг, бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Агентлик тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармаларнинг тузилмасига ўзгартиришлар киритади, штат жадвалини, шунингдек Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, бюджетдан молиялаштириладиган ўзига қарашли давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Агентлик бўлимлари, ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни, Агентлик тизимига кирувчи ўзига қарашли ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар тўғрисидаги низомларни (уларнинг уставларини) белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Агентлик марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бошқармалар, Агентлик тизимига кирувчи ўзига қарашли ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


19. Агентликда бош директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби бош директорнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Агентлик фаолиятининг алоқа, ахборотлаштириш ва радиочастота спектридан фойдаланиш, шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадио маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, ушбу соҳада самарали давлат томонидан бошқаришни амалга оширишда стратегик йўналишларни шакллантириш ва рўёбга чиқариш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Агентлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари бош директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Бош директор ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда бош директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

20. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини Агентлик томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширадилар.

Ҳудудий бошқармаларга Агентлик бош директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқлар бошчилик қиладилар.

Ҳудудий бошқармалар номи:

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси;



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 19-сон, 220-модда.









































Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск