язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.09.2002 й. 328-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 23 сентябрдаги

328-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (бундан буён матнда "Агентлик" деб юритилади) алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида давлат бошқаруви ва тартибга солишнинг махсус ваколатли органи ҳисобланади.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга амал қилади.


3. Агентлик Халқаро электр алоқаси уюшмасида, Жаҳон почта уюшмасида ва алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалашга вакил қилинган орган ҳисобланади.


4. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, банкларда ҳисоб рақамларга эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро телефон-телеграф ва почта алоқасини барпо этиш, уларнинг фаолият кўрсатиши ва хизматлар кўрсатиш, матбуотни, маълумотларни узатиш тармоқларини, шу жумладан Интернетни, радио алоқаси тармоқларини, радиоэшиттириш ва телевидениени ёйиш соҳасида стратегик устуворликларни амалга ошириш;

почта алоқаси тизимида фаолиятни бошқариш, телекоммуникация ва маълумотларни узатиш тармоқларини ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш, ушбу соҳаларда рақобат муҳитини барпо этиш, фаолиятнинг тегишли турларини лицензиялаш;

ахборот тизимлари ва воситаларини, телекоммуникациялар ва маълумотларни узатиш тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга шарт-шароитлар яратиш;

замонавий халқаро стандартларни жорий этиш, телекоммуникация ва ахборот технологияларига мамлакатимиз стандартларини, техник шартларни ва талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ахборот ресурслари бозорини ривожлантиришни ташкил этиш, давлат бошқаруви, бизнес, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим соҳаларида, шунингдек жамият турмушининг бошқа соҳаларида ахборот айирбошлашнинг электрон шаклларига ўтиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, почта алоқаси, телекоммуникациялар, ахборот тизимлари тармоқларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатлари йўлида ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитларида улардан устувор фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш.



III. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

алоқа ва ахборотлаштиришни ривожлантиришнинг миллий дастурлари ва концепцияларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишни ташкил этади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги фаолият масалалари юзасидан қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

мамлакатнинг ягона ахборот маконини барпо этиш мақсадида замонавий халқаро стандартларни жорий этади, телекоммуникация ва ахборот технологияларининг мамлакат стандартлари, техник шартлари ва талабларини ишлаб чиқади, юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолияти учун кенг шарт-шароитлар яратиш йўли билан алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгилайди;

почта тўловининг давлат белгилари намуналарини тасдиқлайди ва уларни нашр этиш, жорий этиш ва муомаладан олиб қўйиш тартибини белгилайди;

почта индексларини, ёзма хат-хабарларни олиш оралиғи нормативларини, шунингдек операторлар ва провайдерлар учун мажбурий бўлган почта жўнатмалари ўтишининг назорат муддатларини тасдиқлайди;

телекоммуникациялар тармоқларининг уланиш, операторлар томонидан ўзаро хизматлар кўрсатиш ҳамда улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

муаммоли илмий-тадқиқот ишлари, ахборот технологияларини, алоқа тармоқлари ва хизматларини, тармоқ стандартлари ва техник шартларни ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг маркетинги ва мониторинги бўйича ишларни, ахборот-коммуникация технологияларининг мамлакатимизда ва жаҳонда ривожланиши тенденцияларини ўрганиш ва таҳлил этишни ташкил этади ҳамда улар бўйича маърузалар тайёрлайди;

радиочастота органи функциясини амалга оширади, радиочастота спектри, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш, шунингдек радио тўсиқлар, шу жумладан индустриал радио тўсиқларни бартараф этиш ишларини ташкил этади;

алоқа ҳамда ахборот тизимлари ва воситалари тармоқларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши бўйича хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти устидан давлат назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш қоидалари ва тартибини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

алоқа ва ахборот технологияларининг техник воситалари ва хизматларини сертификациялаш ишларини ташкил этади;

телекоммуникациялар ва ахборотлаштириш соҳасида фаолиятнинг айрим турларини лицензиялайди, лицензияларни беради, қайта расмийлаштиради, амал қилишини тўхтатиб туради, амал қилишини тўхтатиб қўяди ва бекор қилади, лицензия битимлари бажарилишини назорат қилади;

рақамлаш режасини ва тизимини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, телекоммуникациялар тармоқларини рақамлаш ресурсларидан фойдаланишни ҳисобга олади, тизимлаштиради ва улар устидан назорат қилади ҳамда Интернет тармоғининг миллий сегментини аниқ маконда тарқатиш ишларини ташкил этади;

почта алоқаси, телекоммуникациялар тармоқлари ва воситалари, ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини белгилайди ҳамда ушбу масалада операторлар ва провайдерлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

идоравий мансублигидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларнинг техник кучлари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда мудофаа қобилиятини ва миллий хавфсизликни таъминлаш, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда почта алоқаси ва телекоммуникацияларнинг универсал хизматлари рўйхатини, улар сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди ҳамда почта алоқаси ва телекоммуникацияларнинг универсал хизматларига тарифларни тасдиқлайди;

фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда телекоммуникацияларнинг айрим хизматларига тарифларни ва телекоммуникацияларнинг тармоқлараро уланишига тарифларни тартибга солади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида дастурий маҳсулотлар, ахборот ресурслари, хизматлар бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти учун тенг шароитлар яратилишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда рақобатни ривожлантиришга кўмаклашади, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида ноҳалол рақобатнинг олдини олиш ва монополистик фаолиятни чеклаш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни кўради;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида халқаро фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли маъмурияти сифатида иш кўради. Халқаро электр алоқаси уюшмаси, Жаҳон почта уюшмаси ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларнинг конгресслари, съездлари, конференцияларида Ўзбекистон Республикаси номидан қатнашади, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида белгиланган тартибда халқаро идоравий битимлар ва шартномалар тузади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида халқаро, ҳукуматлараро битимлар ва шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди;

инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади, почта алоқаси воситалари ва тармоқларини, телекоммуникацияларни, ахборот тизимлари ва технологияларни, дастурий маҳсулотларни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган хизматларни, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш чора-тадбирларини амалга оширади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси учун хорижий мамлакатларнинг молиявий институтлари, ҳукуматлари томонидан ажратиладиган грантлардан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди ва уларни тақсимлайди;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш учун инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан тендерлар, танловлар ва савдоларни ташкил этади ва уларни ўтказишда қатнашади;

ўзига қарашли давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари ишига бевосита раҳбарлик қилади, улар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди, белгиланган тартибда корхоналарни ташкил этади ва уларни тугатади, ўзига қарашли корхоналар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади, уларни рағбатлантириш ва жазолаш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида тузилмани такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

Агентлик тизимининг сафарбарлик режасини, давлат захирасига моддий воситалар жамлаш тузилмаси, таркиби, нормалари ва режасини ишлаб чиқади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини алоқа билан таъминлаш учун ҳарбий қисм кучлари ва воситалари билан авария-тиклаш ишлари бажарилишини, Агентлик тизимининг алоҳида муҳим объектлари қўриқланишини ташкил этади;

Агентлик тизимига кирувчи бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ўқув юртлари, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмаларнинг бюджетдан молиялаштирилиши эҳтиёжини умумлаштиради ва бюджетдан маблағ билан таъминлашни ташкил этади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида статистика ҳисоботини такомиллаштириш ишларини ташкил этади, статистика ҳисоботини тўплайди, асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилади;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси ўқув юртларининг юқори иқтидорли талабаларига Агентликнинг стипендияларини тайинлайди.

Агентлик қонун ҳужжатларда назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажаради.



IV. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7. Агентлик:

ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатувчи ёки улардан фойдаланувчи, мазкур соҳада тизимлар ва иншоотларни лойиҳалаштирувчи, қурувчи ва улардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар чиқариш;

алоқанинг техник воситалари ва ахборот технологияларини белгиланган тартибда сертификатлаш ва Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишга рухсатномалар бериш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида Агентлик ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда тегишли таклифлар киритиш;

фавқулодда вазиятларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин, эпидемияларда ва бошқаларда) почта алоқаси, телекоммуникациялар ва ахборот тизимларининг ҳар қандай тармоқлари ва воситаларидан устувор фойдаланиш, шунингдек уларнинг фаолият кўрсатишини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш;

радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартларга ва техник нормаларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, фуқароларнинг хавфсизлигини, атроф муҳит муҳофазасини таъминламаганда, радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақ тўланмаганда, шунингдек алоҳида ҳолатларда улардан фойдаланишни белгиланган тартибда тақиқлаш;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида белгиланган тартибда халқаро, идоралараро шартномалар тузиш;

алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги халқаро ташкилотларга Ўзбекистон Республикасининг аъзолик бадалларини тўлаш учун алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги ташкилотлар ва компанияларнинг ихтиёрийлик асосида берилган маблағларини жамлаш;

давлат бошқаруви органлари, вазирликлар ва идоралардан Агентлик ваколатига тегишли бўлган масалаларга доир зарур ахборотни сўраб олиш;

ўз ваколатлари доирасида зиммасига юкланган вазифалардан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқларга эга.

Агентлик почта тўлови давлат белгиларини муомалага чиқариш ва муомаладан олиб қўйиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эгадир.



V. АГЕНТЛИКНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


8. Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

алоқа ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор ва ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳаларни, илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш масалалари бўйича - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси;

почта алоқаси ва телекоммуникация тизимлари ҳамда ахборот тизимлари ва воситалари муаммоларини тадқиқ этиш, улар маркетинги ва мониторинги, техник воситаларни сертификатлаш бўйича  Илмий-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази;

Ўзбекистон Республикасида почта ва телекоммуникациялар соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати бўйича - Давлат алоқа инспекцияси;

Ўзбекистон Республикасининг радиочастота спектридан фойдаланишни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш бўйича - Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси;

алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, электрон-тижорат, ахборот хавфсизлиги, иқтисодиёт ва менежмент соҳасида мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, шунингдек алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш бўйича - Тошкент ахборот технологиялари университети;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг хат-хабарларини ҳамда дипломатик хат-хабарларни қабул қилиш, етказиб бериш бўйича - Давлат фельдъегерлик хизмати;

республика муассасалари, ташкилотлари ва корхоналарининг махсус хат-хабарларини ва жўнатмаларини қабул қилиш, етказиб бериш бўйича - Республика махсус алоқа узели;

телекоммуникациялар тармоқларидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштириш, телекоммуникациялар ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, телекоммуникациялар хизматларига бўлган эҳтиёжни тўлиқроқ қондириш учун турли операторлар тармоқларини мувофиқлаштирган бошқариш тизимини барпо этиш, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа ва миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида тармоқлардан устувор фойдаланиш бўйича - Шаҳарлараро ва халқаро тармоқларни бошқариш маркази;

давлат ва жамоат органларининг, фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш учун Маълумотлар узатиш миллий тармоғининг фаолият кўрсатиши ва унинг ривожланишини таъминлаш, техник воситаларни жорий этиш, республика ягона ахборот маконининг коммуникация асосларини такомиллаштириш ва унинг жаҳон ахборот маконига кириши имкониятларини кенгайтириш бўйича - "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғи корхонаси;

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида телерадио дастурларни тарқатиш ва трансляция қилиш, радиоканаллар бўйича радио алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича - Радио алоқаси, радиоэшиттириш ва телевидение корхонаси;

радиочастота органи, радиочастоталардан фойдаланишга рухсатномалар бериш, электрмагнит мосликни ва радиочастота спектри мониторингини таъминлаш функцияларини бажариш бўйича - Электромагнит мослик маркази;

ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, ахборот, сервис ва консалтинг хизматларининг кенг доирасини кўрсатиш соҳасида дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича - Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази;

маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро, почта, ахборот, телекоммуникация тармоқлари ва радио алоқаси тармоқлари, алоқа хизматлари кўрсатувчи радиоэшиттириш ва телевидение ташкилотлари ва муассасалари ҳамда ҳарбий тузилмалар.



VI. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига идоравий бўйсунади. Агентлик Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.


10. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Бош директор бошчилик қилади.


11. Бош директорнинг ўринбосарлари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади, уларнинг сонини белгилаш ва уларни лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


12. Бош директор лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирига, биринчи ўринбосар ва ўринбосарлар - тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


13. Агентликнинг Бош директори бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг раиси ҳисобланади.


14. Бош директор:

Агентликка юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ўринбосарлар, Агентликка қарашли корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулияти даражасини белгилайди;

унга алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида хорижий давлатларнинг бунга вакил қилинган мансабдор шахслари билан битимлар ва шартномаларни Ҳукумат номидан имзолаш ваколати белгиланган тартибда берилади.

Агентлик аппарати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондини, штат рўйхатини, аппаратга сарфланадиган харажатлар сметасини тасдиқлайди, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони ва таркибини, рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва тизимини белгилайди;

Агентлик аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади;

ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

тасдиқланган номенклатурага мувофиқ Агентлик аппарати ходимларини, Агентликка қарашли давлат ташкилотлари, корхоналар ва муассасалар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


15. Агентликда Бош директор - ҳайъат раиси, лавозимига кўра Бош директор ўринбосарлари, шунингдек Агентлик тизимининг бошқа раҳбар ходимларидан иборат 11 кишидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади. Ҳайъатнинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ўз мажлисларида алоқа ва ахборотлаштириш тизимини ривожлантиришнинг, илмий-техника ютуқларидан кенг кўламда фойдаланиш, идоралараро ва давлатлараро алоқаларни ривожлантиришнинг асосий масалаларини ҳамда фаолиятнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади, қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилади.

Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, Агентликнинг буйруқлари билан ҳаётга жорий этилади. Бош директор билан ҳайъат ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда Бош директор келиб чиққан келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига азборот берган ҳолда ўз қарорини ҳаётга жорий этади. Ҳайъат аъзолари, ўз навбатида, ўз фикрини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


16. Агентлик аппарати таъминоти Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан амалга оширилади.


17. Агентликни тугатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.