Кадровый Консультант

Кадрлар бўйича маслаҳатчи / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар / Соғлиқни сақлаш /

Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 29.08.2012 й. 2387-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 10.07.2012 й. 200-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 29 августда 2387-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2012 йил 10 июлдаги

200-сон буйруғига

ИЛОВА



Ходимларни тиббий кўрикдан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 1-сонга илова), Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги, "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 128-модда) қонунларига асосан ташкилотларда ходимларни дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан (бундан буён матнда вақти-вақти билан деб юритилади) тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган лавозимларга эга бўлган ташкилотларга тааллуқлидир.


2. Мазкур Низом талаблари бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказиладиган ходимлар тоифаси учун қўлланилмайди.


3. Тиббий кўриклар юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликлари, заҳарланишлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддасига асосан иш берувчи ушбу Кодексга мувофиқ тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларни, шу жумладан, мазкур Низомнинг 1, 2 ва 3-иловаларида келтирилган рўйхатларда назарда тутилган ишлардаги ходимларни тегишли равишда меҳнат шартномаси тузиш вақтида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.


5. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаса, ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.

Вақти-вақти билан ўтказиладиган тиббий кўриклар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли клиникаларида ҳам ўтказилиши мумкин.


6. Вақти-вақти билан ўтказиладиган тиббий кўриклар иш давомида ўтказилади.


7. Тиббий кўрикларни ўтказиш пайтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.



II БОБ. ТИББИЙ КЎРИКНИ ЎТКАЗИШ


8. Иш берувчи ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари (бундан буён матнда ҳудудий ДСЭНМ деб юритилади) ва ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан биргаликда ҳар календарь йилнинг 1 декабригача ташкилотдаги тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимларнинг лавозим бўйича контингентини аниқлаши ва бу ҳақда мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома тузиши лозим.


9. Иш берувчи тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимларнинг лавозим контингентидан келиб чиқиб ҳудудий ДСЭНМ ва ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларнинг рўйхатини тузади ва тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасига тақдим этади.

Тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларнинг рўйхатида ташкилот номи, ходимнинг касби, у ишлаётган цех ёки бошқа бўлинма номи, ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари ҳамда ходимнинг ушбу омиллар таъсиридаги иш стажи кўрсатилади.


10. Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари томонидан ҳудудий ДСЭНМ билан келишилган ҳолда мазкур Низомнинг 5-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг календарь режаси тузилади.


11. Агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


12. Дастлабки тарзда тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар ташкилот томонидан тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасига мазкур Низомнинг 6-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ тақдим этилган йўлланма асосида тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ходим тиббий кўрикдан ўтиш учун паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати билан келиши лозим.


13. Тиббий кўрикларни ўтказиш учун тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тиббий комиссия ташкил этилади.

Тиббий комиссия таркиби врач-терапевт, невропатолог, офтальмолог, дерматовенеролог, отоларинголог, психиатр, акушер-гинеколог ва жарроҳ ҳамда бошқа мутахассислардан иборат бўлиб, уларнинг тиббий комиссия таркибига киритилиши врач-терапевт томонидан мазкур Низомнинг 1, 2 ва 3-иловаларида белгиланган талаблардан келиб чиқиб ҳал этилади.

Тиббий кўрикларни ўтказиш бўйича тузилган тиббий комиссиянинг раиси профпатология ёки касб касалликлари бўйича касбий тайёргарликдан ўтган врач бўлиши лозим.


14. Аёллар йилда камида бир марта акушер-гинеколог кўригидан ўтиши лозим.


15. Аллерген моддалар таъсирига дучор бўлувчи шахслар терапевт, отоларинголог, дерматовенеролог кўригидан ўтиши ҳамда улар қонининг клиник таҳлили ўтказилиши лозим.


16. Ходимлар дастлабки тарзда тиббий кўрикдан ўтишда дерматовенеролог кўригидан мажбурий равишда ўтказилади, вақти-вақти билан дерматовенеролог тиббий кўригидан ўтишда эса, врач-терапевтнинг кўрсатмаси бўлгандагина ўтказилади.

Тиббий кўрикдан ўтувчи ходимларда психик касалликлар (шизофрения, эпилепсия, олигофрения) мавжудлигини текшириш ходимларнинг яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасининг врач-психиатри томонидан амалга оширилади.

Туман врач-психиатри бўлмаган тақдирда психиатрик текшириш туманлараро ёки вилоят (шаҳар, республика) психоневрология диспансерининг врач-психиатрлари томонидан амалга оширилади.

Агар ходим психик касалликлар бўйича диспансер ҳисобида турса, унга бу ҳақда белгиланган намунадаги маълумотнома берилади. Агар ходим психик касалликлар бўйича ҳисобда турмаса ва унда руҳий бузилишлар аниқланмаса, унга врач-психиатрнинг имзоси қўйилган белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.

Маълумотномалар ушбу даволаш-профилактика муассасасининг муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланади.


17. Юқумли ёки паразитар касаллик ташхисини аниқлаш учун врач-инфекционист ёки бошқа мутахассислар жалб этилади.


18. Тиббий комиссия тиббий кўрикни ўтказишда ходимнинг касбий фаолияти хусусиятлари, тегишли касб ва мутахассислик ҳамда меҳнат шароитлари билан тўлиқ танишиб чиқиши лозим.

Тиббий кўрикни ўтказувчи врач ва мутахассислар ишлаб чиқариш соҳасининг хусусиятлари ва ходимларда кузатилиши мумкин бўлган касбий патологияни чуқур билишлари шарт.


19. Тиббий комиссия томонидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ барча маълумотларни, шунингдек уларнинг касбий фаолият йўналишига оид маълумотларни қайд этиш мақсадида ҳар бир ходимга амбулатор тиббий карта (025-у шакли) юритилади. Амбулатор тиббий картада тиббий кўрикни ўтказишда иштирок этган ҳар бир врач ва мутахассисларнинг ходимнинг касбга яроқлилик тўғрисидаги хулосалари кўрсатилиши керак.


20. Тиббий кўрикдан ўтган ходимнинг иш жойи ўзгарган тақдирда, ходимни тиббий кўрикдан ўтказган даволаш-профилактика муассасаси томонидан унинг амбулатор тиббий картаси (025-у шакли) ходимнинг янги иш жойига тиббиёт хизматини кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасасига, агар у бўлмаса, ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасасига юборилади.


21. Тиббий кўрикни ўтказишда мазкур Низомнинг 7-иловасида келтирилган хавфли, зарарли моддалар, ноқулай омиллар таъсири билан боғлиқ ишларга қўйиш учун қаршилик кўрсатувчи умумий тиббий монеликлар инобатга олиниши лозим.


22. Тиббий кўрикдан ўтказилган ходимнинг касбга яроқлилик масаласи бўйича тиббий комиссия мазкур Низомнинг 1, 2 ва 3-иловаларида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда ўзининг хулосасини беради.

Тиббий кўрик натижасига кўра ходим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари остида ишлашга яроқсиз деб топилганда, унга бу тўғрисида тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси берилади ва ушбу хулосанинг нусхаси уч кунлик муддат ичида ходим ишлайдиган ташкилотга юборилади.


23. Тиббий комиссия томонидан ўтказилган тиббий кўрик натижасига кўра ходимга қуйидаги даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари режалаштирилиши лозим:

келиб чиқишида касбий омил асосий ҳисобланган аъзоларда кескин бўлмаган ўзгаришлар аниқланган ходимларни динамик кузатиш ва зарур даволаш чораларини кўриш;

аниқланган касалликларнинг туридан келиб чиқиб, белгиланган тартибда ходимларни стационар ва санаторий-курортларда даволаниш учун юбориш, шунингдек дам олиш уйлари, санаторийлар ва профилакторийларга йўлланма бериш;

соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган бошқа ишга вақтинча ўтказишда, ишнинг тури ходимнинг малакасини ҳисобга олиб, иш берувчи билан келишган ҳолда тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан белгиланади.


24. Вақти-вақти билан ўтказиладиган тиббий кўрик натижаси бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири мавжуд ишлардаги ходимларни динамик кузатиш мақсадида ушбу ходимлар қуйидаги дифференциалланган гуруҳларга ажратилади:

Д1 - зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсири белгилари бўлмаган гуруҳ;

Д2 - касб касалликларининг ривожланиш хавфи юқори бўлган гуруҳ;

Д3 - касб касалликлари аниқланган беморлар.


25. Вақти-вақти билан ўтказилган тиббий кўриклар натижаси бўйича тиббий комиссия томонидан мазкур Низомнинг 8-иловасига мувофиқ далолатнома тузилади.

Далолатнома тўрт нусхада тузилиб, ҳудудий ДСЭНМ, ходим ишлайдиган ташкилот ва касаба уюшмаси қўмитасига юборилади ҳамда бир нусхаси тиббий кўрикни ўтказган даволаш-профилактика муассасасида қолади.


26. Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида ходимда касб касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган ҳолларда ушбу ходим тиббий комиссия томонидан касалликнинг касб билан боғлиқлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли клиникаларига юборилиши лозим.

Бунда касб касаллигининг тури Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 27-сон, 283-модда) билан тасдиқланган Меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган шахсларнинг касбий меҳнат лаёқати йўқотилиши градусини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-иловасида келтирилган Касб касалликлари рўйхатига мувофиқ аниқланади.


27. Ҳудудий ДСЭНМлар тегишли равишда касб касаллигига чалинган ходимларнинг ҳисобини юритади.


28. Касб касаллигига чалинган ходимлар ушбу касаллик даври бўйича диспансер назоратида туради ва улар касб касалликлари клиникаларида ҳар йили даволанишлари лозим.



III БОБ. ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ИШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИК


29. Тиббий кўрикнинг сифатли ўтказилишига тиббий кўрикдан ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари жавобгар ҳисобланади.


30. Тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


31. Иш берувчилар ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.



IV БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


32. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Таъсири натижасида ишловчи ходимлари дастлабки

тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши

шарт бўлган хавфли ва зарарли моддалар рўйхати, шунингдек

ушбу моддалар таъсирида ишловчи ходимларнинг тиббий кўрикдан

ўтиш муддатлари, тиббий кўрикни ўтказувчи врач ва мутахассислар

тоифаси ҳамда зарур бўлган лаборатор ва функционал текширувлар,

ишга қўйиш учун қаршилик кўрсатувчи тиббий монеликлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Таъсири натижасида ишловчи

ходимлари дастлабки тарзда

ва вақти-вақти билан тиббий

кўрикдан ўтказилиши шарт

бўлган хавфли ва зарарли

моддалар номи


Тиббий

кўрикдан

ўтиш

муддати


Тиббий кўрикни

ўтказувчи

врач - мута-

хассислар


Лаборатор

ва функционал

текширишлар


Ишга қўйиш учун қаршилик

кўрсатувчи умумий тиббий

монеликларга қўшимча

тиббий монеликлар


1. КИМЁВИЙ БИРИКМАЛАР ВА ЭЛЕМЕНТЛАР:

1.1.

Азотнинг ноорганик бирикмалари (аммиак, азот кислотаси ва бошқалар)


2 йилда

1 марта

Терапевт, отоларинголог

Ташқи нафас функциясини текшириш (ТНФ)

1. Юқори нафас йўллари ҳамма қисмларининг тарқалган субтрофик ўзгаришлари, гиперпластик ларингит.

2. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.


1.2.

Алифатик (тўйинган, тўйинмаган) ва ароматик (формальдегид, ацетальдегид, акролеин, бензальдегид, фталальдегид ва бошқалар) альдегидлар (А)


1 йилда

1 марта

Терапевт, отоларинголог,

невропатолог,

дерматовенеролог

Лейкоцитар формула, ТНФ

1. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

2. Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.


1.3.

Альдегидлар ва кетонлар - галоген ҳосилали (хлорбензальдегид, фторацетон, хлорацетофенол ва бошқалар) (А)

2 йилда

1 марта

Терапевт, отоларинголог,

дерматовенеролог, офтальмолог

Лейкоцитар формула, ТНФ

1. Терининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

2. Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.

3. Кўзнинг олдинги қаватининг (қовоқ, конъюнктива, шох парда, кўз ёши ажратувчи йўллар) сурункали касалликлари.


1.4.

Аминлар, органик кислоталарнинг амидлари, анилидлар ва бошқалар (диметилфорфамид, капролактам ва бошқалар)


1 йилда

1 марта

Терапевт, отоларинголог,

невропатолог,

дерматовенеролог


Лейкоцитар формула (аллергик моддалар таъсири бўлса),

қонда билирубин ва

Аланинаминатренсфераза (АЛТ) миқдорини аниқлаш


1. Периферик нерв тизимининг сурункали касалликлари.

2. Терининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

3. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

4. Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.

5. Яққол ифодаланган вегетатив томирлар дисфункцияси.


1.5.

Бериллий ва унинг бирикмалари (А)


1 йилда

1 марта


Терапевт, отоларинголог, дерматовенеролог


Қоннинг умумий таҳлили, кўкрак қафасининг рентгенографияси - дастлабки тиббий кўрикда тўғри ва ён проекцияда, қайта рентгенограмма 3 йилдан кейин, 3 - 10 йиллик иш стажида ҳар 2 йилда 1 марта, 10 йиллик иш стажидан кейин 1 йилда 1 марта, ТНФ


1. Аллергик касалликлар.

2. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

3. Терининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

4. Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.

5. Гиперпластик ларингит (бериллийнинг эрувчан бирикмалари билан боғлиқ ишларда).


1.6.

Бор ва унинг бирикмалари (бор карбиди, нитриди ва бошқалар) (Ф)

2 йилда

1 марта

Терапевт, отоларинголог

Мазкур Рўйхатнинг 1.5-бандига мувофиқ

Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.


1.7.

Бороводородлар


1 йилда

1 марта


Терапевт, отоларинголог

Қоннинг умумий таҳлили, билирубин ва АЛТ миқдорини аниқлаш


1. Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.

2. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.


Галогенлар:

1.8.

Хлор, бром, йод, водород бирикмалари, оксидлари (А)


1 йилда

1 марта


Терапевт, отоларинголог, дерматовенеролог, офтальмолог


ТНФ, кўкрак қафасининг рентгенографияси


1. Юқори нафас йўлларининг тўлиқ дистрофия ҳолати ва аллергик касалликлари.

2. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

3. Терининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

4. Кўзнинг олдинги қаватининг (қовоқ, конъюнктива, шох парда, кўз ёши ажратувчи йўллар) сурункали касалликлари.


1.9.

Фтор ва унинг ноорганик бирикмалари


1 йилда

1 марта


Терапевт, отоларинголог, дерматовенеролог, стоматолог, офтальмолог

Узун суякларнинг рентгенографияси, 5 йиллик иш стажидан кейин 3 йилда 1 марта (ҳамма рентгенограммалар сақланиши керак)


1. Сурункали субатрофик ва атрофик ринит. Гиперпластик ларингит. Бурун бўшлиғи шиллиқ қаватининг эрозияси.

2. Периферик нерв тизимининг сурункали касалликлари.

3. Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

4. Терининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.

5. Оғиз бўшлиғи касалликлари.

6. Кўзнинг олдинги қаватининг сурункали касалликлари.

7. Таянч-ҳаракат аппарати суяк тўқимасининг зарарланиши билан кечувчи сурункали касалликлар.


1.10.

Фосгенлар


1 йилда

1 марта

Терапевт, отоларинголог


Мазкур Рўйхатнинг 1.5-бандига мувофиқ


Бронх-ўпка тизимининг тез-тез қайталанувчи сурункали касалликлари.


1.11.

Гидразин ва унинг ҳосилалари (фенилгидразин, боргидразин, диметилгидразин ва бошқалар)


...
Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск