Внимание!

NB! Мазкур Кодексга 2024 йил май ойидан киритиладиган ўзгартиришларни ЎзР 27.02.2024 й. ЎРК-913-сон Конунига каранг.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси (ЎзР 20.01.2016 й. ЎРҚ-400-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БОЖХОНА КОДЕКСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси

билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, божхона тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга ошириш, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш тартибини белгилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Божхона тўғрисидаги қонунчилик

Божхона тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг

вақт бўйича амал қилиши

Божхона ишида божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олган куни амалда бўлган қонунчилик қўлланилади.

Божхона тўғрисидаги қонунчилик орқага қайтиш кучига эга эмас ва агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга.

Божхона тўловларини бекор қилиш, божхона тўловлари ставкаларини камайтириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг мажбуриятларини бекор қилиш ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи божхона тўғрисидаги қонунчилик орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин, агар бу божхона тўғрисидаги қонунчиликда тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона тўғрисидаги қонунчилик, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик божхонага оид ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган қонунчилик ҳужжатлари асосида қўлланилади.


4-модда. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси

ҳуқуқларининг устуворлиги

Божхона тўғрисидаги қонунчиликдаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг фойдасига талқин қилинади.



2-БОБ. УШБУ КОДЕКСДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


5-модда. Ўзбекистон Республикасининг божхона

ҳудуди ва божхона чегараси

Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудини (бундан буён матнда божхона ҳудуди деб юритилади) ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин божхона зоналари ва эркин омборлар бўлиши мумкин, уларнинг ҳудудлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади.

Божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек эркин божхона зоналарининг ва эркин омборларнинг тегралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади (бундан буён матнда божхона чегараси деб юритилади).



6-модда. Божхона мақсадлари

Божхона мақсадлари қуйидагилардан иборат:

божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш;

божхона тўловлари ўз вақтида ва тўғри тўланишини таъминлаш;

иқтисодий сиёсат чораларига, божхона режимларининг талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш;

божхона тўғрисидаги қонунчилигини бузиш ҳолларига чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш.


7-модда. Ваколатли шахс

Товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси ёки товарга ва (ёки) транспорт воситасига нисбатан божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ваколатларга эга бўлган ёхуд товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи шахс ваколатли шахсдир.



7-1-модда. Ваколатли иқтисодий оператор

Қонунчиликда белгиланган тегишли талабларга жавоб берувчи юридик шахслар ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиши мумкин.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш тартиби, Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлаш мезонлари ва ваколатли иқтисодий оператор томонидан амалга ошириладиган махсус соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ваколатли иқтисодий операторлар реестрини юритади ва унинг ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилишини ҳамда камида ҳар ойда янгилаб борилишини таъминлайди.

8-модда. Юридик ва жисмоний шахслар

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган ташкилот;

чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган чет эл ташкилоти;

Ўзбекистон Республикасининг, чет давлатнинг қонунчилигига ёки халқаро шартномага мувофиқ ташкил этилган халқаро ташкилот юридик шахс ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) жисмоний шахслар ҳисобланади.



9-модда. Товарнинг кузатув ҳужжатлари

Тижорат ва транспорт ҳужжатлари товарнинг кузатув ҳужжатлари ҳисобланади.

Тижорат ҳужжатлари жумласига ҳисобварақ-фактура (инвойс), юклаб жўнатиш ва ўров варақлари ҳамда ташқи савдо фаолияти ва ўзга фаолият амалга оширилаётганда божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ битимлар тузилганлигини тасдиқлаш учун фойдаланиладиган бошқа ҳужжатлар киради.

Транспорт ҳужжатлари жумласига коносамент, юк хати ёки товарларни ташиш шартномаси борлигини тасдиқловчи ҳамда шундай ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжат киради.



10-модда. Товарнинг ўзгармас ҳолати

Товарнинг ўзгармас ҳолати товар божхона режимига жойлаштирилаётган пайтдаги барча хоссаларининг божхона режими амал қилишининг тугалланиш пайтида ўша ҳажмларда бут сақланиб қолишидир, бундан товарнинг табиий тарзда эскириши ёки уни ташиш ва (ёки) сақлашнинг нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгаришлар мустасно.



11-модда. Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси қайта ишлаш жараёнида ишлатиладиган товарлар миқдорининг битта бирлигидан ишлаб чиқариш жараёнига мувофиқ олинадиган қайта ишланган маҳсулотларнинг мутлақ қийматдаги ёки фоиз нисбатидаги миқдори ҳисобланади.



12-модда. Товарнинг бут сақланишини

таъминлашга доир операциялар

Товарнинг бут сақланишини таъминлашга доир операциялар жумласига қуйидагилар киради:

тозалаш, шамоллатиш, қуритиш, шу жумладан илиқ ҳавони вужудга келтириб қуритиш;

сақлашнинг мақбул ҳарорат режимини яратиш, шу жумладан совутиш, музлатиш, иситиш;

ҳимоя ўровига ўраш, ҳимояловчи мойни ва консервантларни суртиш;

занглашдан ҳимоя қилиш учун бўяш, муҳофазаловчи моддалар билан иҳоталаш;

коррозияга қарши қоплама суртиш.

Товарларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, товарнинг бут сақланишини таъминлашга доир операциялар жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги операциялар ҳам киритилиши мумкин.


13-модда. Товар ва транспорт воситаси

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси, валюта бойликлари ва бошқа қимматли қоғозлар, электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари, интеллектуал мулк объектлари, транспорт воситаси товар ҳисобланади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган транспорт воситаси мустасно.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товар ёхуд божхона ҳудудида эркин муомалага чиқарилган ёки ушбу Кодексга мувофиқ шундай мақомга эга бўлган товар Ўзбекистон товаридир.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилмаган товар, шунингдек ушбу Кодексга мувофиқ чет эл товари мақомини олган товар чет эл товаридир.

Товарларни ва йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган восита транспорт воситасидир. Транспорт воситаси ҳар қандай сув кемасини, ҳаво кемасини, автотранспорт воситасини, темир йўл транспорт воситасини (темир йўлнинг ҳаракатдаги таркибини, темир йўл ҳаракатдаги таркибининг бир қисмини) ёки контейнерни, шунингдек уларнинг ўз конструкциясига мувофиқ техник паспортларида ёки техник формулярларида назарда тутилган эҳтиёт қисмларни, анжомларни ва ускуналарни, суюқлик сақлаш идишларидаги ёқилғи-мойлаш материалларини, совутувчи ва бошқа хил техник суюқликларни, агар улар мазкур транспорт воситалари билан бирга ташилаётган бўлса, ўз ичига олади.



14-модда. Енгиб бўлмас куч таъсири

Табиат ҳодисалари (зилзилалар, ер кўчишлари, довуллар, қурғоқчиликлар ва ҳоказо) ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродаси ҳамда хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар сабабли келиб чиққан, шунинг оқибатида мазкур шахслар қабул қилган мажбуриятларини бажара олмайдиган фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган, кутилмаган ҳолатлар енгиб бўлмас куч таъсири ҳисобланади.



15-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган бошқа тушунчалар

Ушбу Кодексда қўлланиладиган бошқа тушунчалар:


божхона брокери - божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;

божхона иши - иқтисодий, тартибга солиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш мақсадларига эришишга қаратилган, божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлайдиган усуллар ва воситалар мажмуи;

божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш - автотранспорт воситаларининг божхона органлари томонидан божхона назорати остида кузатиб борилиши;


божхона операцияси - товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан божхона органларининг мансабдор шахси ва (ёки) ваколатли шахс томонидан амалга ошириладиган ҳаракат;


божхона режими - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг мақомини божхона мақсадлари учун белгиловчи қоидалар мажмуи;


божхона тартиб-таомили - божхона мақсадлари учун амалга ошириладиган божхона операцияларининг мажмуи;


декларант - товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс;


декларациялаш - божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва (ёки) божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги зарур маълумотларни божхона органларига маълум қилиш;


иқтисодий сиёсат чоралари - товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб киришга ва ушбу ҳудуддан олиб чиқишга доир чекловлар бўлиб, улар квота белгилашни, лицензиялашни, шунингдек мамлакат иқтисодиётининг жаҳон хўжалиги билан ўзаро ҳамкорлигини тартибга солишнинг бошқа чора-тадбирларини ўз ичига олади;


ташувчи - божхона назорати остида турган товарлар ташилишини амалга оширувчи ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс;


товар туркуми - битта олувчининг манзилига битта транспорт ҳужжати бўйича келаётган ёки битта почта юк хати билан жўнатилаётган ёхуд божхона чегараси орқали ўтаётган битта жисмоний шахснинг қўл юкида ва багажида олиб ўтилаётган товар ёки унинг бир қисми;


товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш - товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб кириш ёхуд ушбу ҳудуддан олиб чиқиш;


товарларнинг эркин муомаласи - божхона ҳудудида товарларнинг белгиланган тақиқлар ва чекловларсиз айланиши;


товарни чиқариб юбориш - божхона органларининг божхона расмийлаштирувини якунловчи ва маълум қилинган божхона режими шартларидан келиб чиққан ҳолда товарлардан фойдаланишга ва (ёки) уларни тасарруф этишга рухсат берилганлигини ифодаловчи ҳаракати;


юк операциялари - божхона назорати остида турган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш, уларнинг бузилган ўровларини тўғрилаш, уларни ўраш, қайта ўраш ва ташиш учун қабул қилиш;


Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасинингягона автоматлаштирилган ахборот тизими (божхона органларининг ахборот тизими) - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш учун уларга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг киритилишини, ҳисобга олинишини ҳамда мониторинг қилинишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг автоматлаштирилган тизими.



3-БОБ. ТОВАРЛАРНИ ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ ОРҚАЛИ ОЛИБ ЎТИШ


16-модда. Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини

божхона чегараси орқали олиб ўтиш шартлари

Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини бевосита божхона чегараси орқали олиб ўтишга қаратилган ҳаракатлар жумласига қуйидагилар киради:

божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахснинг божхона назорати зонасига кириши;

транспорт воситасининг божхона чегарасини кесиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтказиш пунктига кириши;

божхона ҳудудига йўллаш ёки ушбу ҳудуддан ташқарига жўнатиш учун товарларни транспорт ташкилотларига ёхуд халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини почта алоқаси операторлари ва провайдерларига топшириш;

жисмоний шахснинг қонунчиликка мувофиқ белгиланмаган жойлардан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан божхона чегарасини амалда кесиб ўтишга қаратилган ҳаракатлари.

Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб кириш шартлари товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан божхона чегарасини амалда кесиб ўтишдан ҳамда ушбу товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан ушбу Кодексда назарда тутилган кейинги барча ҳаракатларни улар божхона органлари томонидан чиқариб юборилгунига қадар амалга оширишдан иборат.

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда ташувчи уларни тайинланган божхона органи жойлашган ерга ёки бошқа жойга ушбу Кодекснинг 218-моддасида белгиланган муддатларда етказиб бериши шарт. Бунда товарларнинг ҳолатини ўзгартиришга ёки уларнинг ўровини бузишга, шунингдек қўйилган пломбаларга, муҳрларга ва божхона идентификациясининг бошқа воситаларига шикаст етказилишига йўл қўйилмайди.

Божхона декларациясини бериш ёки ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган, товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини мазкур ҳудуддан бевосита олиб чиқишга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан ушбу Кодексда назарда тутилган кейинги барча ҳаракатларни улар амалда божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар бажариш товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш шартлари ҳисобланади.

Товарларни божхона ҳудудидан олиб чиқишга улар ушбу Кодексга мувофиқ олиб чиқилаётган товарларга нисбатан қўлланиладиган тегишли божхона режимига жойлаштирилганидан сўнг йўл қўйилади. Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона назоратидан ўтказилмасдан мазкур ҳудуддан олиб чиқилиши мумкин эмас. Божхона назорати ташувчининг товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини олиб чиқиш нияти борлигидан олдиндан хабардор қилиш асосида божхона органи томонидан ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини ҳамда валюта бойликларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


17-модда. Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари

олиб кирилишидан (олиб чиқилишидан) божхона

органларини хабардор қилиш

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда ташувчи божхона органини божхона чегарасини кесиб ўтишидан хабардор қилиши шарт.

Ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахс товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига амалда етиб келгунига қадар улар тўғрисида божхона органига дастлабки ахборотни тақдим этишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва (ёки) қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига амалда етиб келгунига қадар ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахс улар тўғрисидаги дастлабки ахборотни божхона органига тақдим этиши шарт.

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилаётганда, уларни олиб ўтаётган шахс ушбу товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини олиб чиқиш нияти борлигидан божхона органларини олдиндан хабардор қилади. Божхона органи божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун товарлар ва (ёки) транспорт воситалари етиб келиши керак бўлган вақт ва жойни тайинлайди. Агар товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини олиб ўтаётган шахс кўрсатилган хабардор қилишни амалга оширмайдиган бўлса, бундай мажбурият ташувчининг зиммасига юклатилади.

Божхона чегараси кесиб ўтилаётганда божхона органини хабардор қилиш божхона чегараси орқали ўтказиш пунктида жойлашган божхона органига товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини, уларнинг товар кузатув ҳужжатларини тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

Божхона органлари ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Божхона чегараси орқали товарларнинг қувур транспорти ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтилиши тўғрисида хабардор қилиш ушбу Кодекснинг 25-бобига мувофиқ амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган дарё портида ёки аэропортда тўхтамасдан божхона ҳудудини кесиб ўтадиган дарё ва ҳаво кемаларига нисбатан ушбу модда талаблари қўлланилмайди.



18-модда. Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари

божхона ҳудудига олиб кирилаётганда тақдим

этиладиган ҳужжатлар

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда ташувчи божхона органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

1) автотранспорт воситасида халқаро ташиш чоғида:

а) автотранспорт воситасига тааллуқли қуйидаги ҳужжатларни:

Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) мувофиқ автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда чет эл автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши, ҳудудидан чиқиши ва транзит тарзида ўтиши учун ваколатли органнинг рухсатномаси;

юклар халқаро йўлларда ташиш (бундан буён матнда ХЙТ деб юритилади) дафтарчасини қўллаган ҳолда ташилган тақдирда, ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) талабларига мувофиқ автотранспорт воситасига юкларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида халқаро ташишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

тез бузиладиган маҳсулотлар ташилаётганда, тез бузиладиган маҳсулотларни ташиш учун автотранспорт воситасига рухсат берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

хавфли юклар ташилаётганда, хавфли юкларни ташиш учун автотранспорт воситасига рухсат берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

б) товарга тааллуқли қуйидаги ҳужжатларни:

Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги конвенция (Женева, 1956 йил 19 май) талабларига мувофиқ товар-транспорт юк хати;

юклар ХЙТ дафтарчаси қўлланилган ҳолда ташилган тақдирда, ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясига (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ ХЙТ дафтарчаси;

тижорат ҳужжатлари;

халқаро почта жўнатмаларини кузатиб бориш учун Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар;

в) ушбу банднинг "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган ҳужжатларда кўрсатилиши керак бўлган қуйидаги маълумотларни:

ташувчининг номи ва почта манзили;

ташиш учун товар қабул қилинадиган жой (мамлакат) ва етказиб берилиши мўлжалланган жой (мамлакат);

товарлар жўнатган мамлакатнинг ва товарлар келиб тушадиган мамлакатнинг номи;

товарларни жўнатувчининг ва олувчининг номи ҳамда почта манзили;

Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва камида олтита белги даражасидаги кодлари, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно;

товарнинг ҳар бир кўрсатилган коди бўйича товарларнинг брутто оғирлиги (килограммларда) ва фактура қиймати;

юк жойларининг сони;

контейнерларнинг идентификация рақамлари;

2) сув транспортида халқаро ташиш чоғида:

а) қуйидагиларни:

умумий декларация;

товарларнинг декларацияси;

кема ашё-анжомлари тўғрисидаги декларация;

кема экипажининг шахсий буюмлари тўғрисидаги декларация;

кема хизматчиларининг рўйхати;

йўловчилар рўйхати;

транспорт ҳужжатлари;

тижорат ҳужжатлари;

халқаро почта жўнатмаларини кузатиб бориш учун Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган ҳужжатларда кўрсатилиши керак бўлган қуйидаги маълумотларни:

кеманинг рўйхатдан ўтказилганлик рақами ва миллий мансублиги;

кеманинг номи;

капитаннинг фамилияси;

кема агентининг фамилияси ва манзили;

кемадаги йўловчиларнинг сони, фамилияси, исми, фуқаролиги (мансублиги), туғилган санаси ва жойи, чиқиш ва тушиш порти;

экипаж аъзоларининг сони ва таркиби;

кема жўнайдиган портнинг ва кирадиган портнинг номи;

Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва камида олтита белги даражасидаги кодлари, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно;

товарнинг ҳар бир кўрсатилган коди бўйича товарларнинг брутто оғирлиги (килограммларда) ва фактура қиймати;

юк жойларининг сони;

товарлар юкланган портнинг ва тушириладиган портнинг номи;

коносаментларнинг ёки ушбу портда туширилиши лозим бўлган товарларга доир денгиз (дарё) орқали ташиш шартномаси мавжудлигини ва унинг мазмунини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг рақамлари;

бортда қоладиган товарлар тушириладиган портларнинг номи;

кема ашё-анжомларининг миқдори кўрсатилган ҳолда уларнинг номи;

товарларни кемада жойлаштириш тавсифи;

3) ҳаво транспортида халқаро ташиш чоғида:

а) Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга (Чикаго, 1944 йил 7 декабрь) мувофиқ қуйидаги ҳужжатларни:

бош декларация;

юк қайдномаси;

авиа юк хати;

авиа юк хатига илова қилинадиган тижорат ҳужжатлари. Товар туркумлаб ташилган тақдирда мазкур ҳужжатлар товарнинг биринчи туркумига тақдим этилади;

халқаро почта жўнатмаларини кузатиб бориш учун Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган ҳужжатларда кўрсатилиши керак бўлган қуйидаги маълумотларни:

ҳаво кемасининг миллий мансублиги белгиларини ва рўйхатдан ўтказилганлик белгиларини кўрсатиш;

ҳаво кемасининг рейс рақами, парвоз йўналишини, учиш пунктини, етиб бориш пунктини кўрсатиш;

ҳаво кемаси эксплуатантининг номи;

экипаж аъзоларининг сони;

Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва камида олтита белги даражасидаги кодлари, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно;

авиа юк хатининг рақами, авиа юк хати ва товар туркуми бўйича ўринларнинг сони;

товар жўнатиладиган ва етиб борадиган пунктларнинг номи;

парвоз қиладиган ҳаво кемасининг бортига юкланадиган борт ашё-анжомларининг сони (ҳар бир товарнинг сони ва номи);

ҳаво кемаси бортида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг мавжудлиги;

товарнинг ҳар бир кўрсатилган коди бўйича товарларнинг брутто оғирлиги (килограммларда) ва фактура қиймати;

4) темир йўл транспортида халқаро ташиш чоғида:

а) Халқаро темир йўл юк йўналишлари тўғрисидаги битимга (1951 йил 1 ноябрь) мувофиқ қуйидаги ҳужжатларни:

товарнинг кузатув ҳужжатлари;

темир йўлнинг ҳаракатдаги таркибига доир топшириш қайдномаси;

халқаро почта жўнатмаларини кузатиб бориш учун Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар;

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган ҳужжатларда кўрсатилиши керак бўлган қуйидаги маълумотларни:

товарни жўнатувчининг номи ва почта манзили;

товарни олувчининг номи ва почта манзили;

товар жўнатиладиган станциянинг ва етиб борадиган станциянинг номи;

Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва камида олтита белги даражасидаги кодлари, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно;

товарнинг ҳар бир кўрсатилган коди бўйича товарларнинг брутто оғирлиги (килограммларда) ва фактура қиймати;

юк жойларининг сони;

контейнерларнинг идентификация рақамлари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар божхона органларига давлат тилида ёки халқаро ташишларда қўлланиладиган бошқа тилларда тақдим этилади. Халқаро ташишларда қўлланиладиган бошқа тилларда тақдим этилган ҳужжатлар, зарур ҳолларда, давлат тилига таржима қилиниб, ташувчи томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар олинишини талаб этадиган товарларга ва (ёки) транспорт воситаларига нисбатан божхона органи бундай ҳужжатнинг божхона органларининг ахборот тизимида мавжудлигини мустақил равишда текширади.

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда божхона органи ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилишга ҳақли эмас.



19-модда. Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари

божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда

тақдим этиладиган ҳужжатлар

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда ташувчи божхона декларациясини ёки уларни божхона ҳудудидан олиб чиқишга йўл қўювчи бошқа ҳужжатни, шунингдек товарларни ташиш амалга оширилаётган транспортнинг туридан келиб чиққан ҳолда, ушбу Кодекснинг 18-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотларни божхона органига тақдим этиши шарт.



20-модда. Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини

божхона чегараси орқали олиб ўтиш жойи ҳамда вақти

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқилаётганда уларни божхона чегараси орқали олиб ўтишга божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида йўл қўйилади ва транспорт воситаларини махсус белгиланган жойларда тўхтатган ҳолда, божхона органларининг иш вақтида амалга оширилади. Мазкур талабга риоя этилмаган тақдирда божхона органлари ушбу транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиб қўядилар.

Товарлар олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган қуйидаги махсус жиҳозланган жойлар божхона чегараси орқали ўтказиш пунктлари ҳисобланади:

ҳаво транспорти орқали олиб ўтишда - божхона ҳудудидаги етиб келинадиган (жўнатиладиган) аэропорт ёки товарларни ташиётган ҳаво кемаси қўнадиган (парвоз қиладиган) ва товарларни туширадиган (юклайдиган) биринчи (охирги) аэропорт;

дарё транспорти орқали олиб ўтишда - божхона ҳудудидаги товарлар тушириладиган (ортиладиган) биринчи (охирги) дарё порти ёки қайта юкланадиган дарё порти;

қувур транспорти орқали ва электр узатиш линиялари бўйича олиб ўтишда - ҳисобга олиш асбобларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан келишилган ҳолда ўрнатилган жойлари;

ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилмаган бошқа турдаги транспортда олиб ўтишда - йўналишдаги биринчи (охирги) божхона органи.

Божхона чегараси орқали ўтказиш пунктлари жойлашган ерлар, божхона органларининг иш вақти, транспорт воситаларининг тўхташ ва туриш жойлари, улар туришининг давомийлиги, шунингдек мазкур жойларнинг ўтказиш пунктларида кўрсатилиши тегишли ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Божхона чегараси билан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси бир-бирига тўғри келиб қолган жойларда божхона чегарасидаги ўтказиш пунктлари жойлашадиган ерлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Транспорт воситалари тўхтаб туришининг давомийлиги божхона назорати ва божхона расмийлаштируви манфаатларига зид равишда қисқартирилиши мумкин эмас.

Транспорт воситаларини белгиланган тўхташ ва туриш жойларидан жўнатиш зарур божхона тартиб-таомиллари тугалланганидан сўнг амалга оширилади.

Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона чегараси орқали белгиланмаган жойлардан олиб ўтиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

Ушбу модданинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган дарё портида ёки аэропортда тўхтамасдан божхона ҳудудини кесиб ўтаётган дарё ва ҳаво кемалари орқали ташилаётган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Божхона органлари божхона чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисида, белгиланган тақиқлар ва чекловлар, шунингдек божхона органларининг иш вақти ҳақида ҳаммабоп шаклда ахборот тақдим этиши шарт.



21-модда. Божхона назорати ва божхона расмийлаштируви

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши керак.

Божхона назорати Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига риоя этилишини таъминлаш учун божхона органлари томонидан амалга ошириладиган, шу жумладан, хавфни бошқариш тизими қўлланилган ҳолда амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуидан иборатдир.

Божхона чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини таъминлаш учун божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан ўтказиладиган божхона операциялари мажмуи божхона расмийлаштируви ҳисобланади.

Божхона назорати ва божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда божхона органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қонунчиликда назарда тутилмаган тақиқлар ва чекловларни белгилашга ҳақли эмас.


22-модда. Шартли чиқариб юборилган товарлар

Шахснинг белгиланган талаблар ва шартларга риоя этиш мажбуриятларига боғлиқ тарзда товарнинг чиқариб юборилиши шартли чиқариб юбориш ҳисобланади.

Қуйидагилар шартли чиқариб юборилган товарлар деб ҳисобланади:

а) божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилганлиги муносабати билан фойдаланилиши ва тасарруф этилиши чекланган товарлар;

б) бож олинмайдиган савдо, божхона ҳудудида қайта ишлаш, вақтинча олиб кириш, божхона транзити божхона режимларига жойлаштирилган товарлар;

в) божхона тўловлари шартли божхона қийматини аниқлаш асосида тўланган товарлар;

г) божхона тўловлари даврий божхона тўловлари шаклида тўланган товарлар;

д) зарур ҳужжатлар (бундан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мустасно) ва маълумотлар тақдим этилмаган товарлар;

е) божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига мувофиқ расмийлаштирилган товарлар;

ж) божхона юк декларацияси топширилгунига қадар чиқариб юборилган, шунингдек дастлабки, муваққат, тўлиқ бўлмаган ёки даврий божхона юк декларацияси расмийлаштирилган ҳолда тегишли божхона режимига жойлаштирилган товарлар.

Мазкур модданинг иккинчи қисми "а" бандида кўрсатиб ўтилган шартли чиқариб юборилган товарлардан фақат божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш шартларига мувофиқ бўлган мақсадда фойдаланилиши керак. Мазкур товарлардан улар шартли чиқариб юборилган пайтдан эътиборан уч йил ичида бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, берилган божхона имтиёзлари бекор қилиниб, божхона тўловларини тўлаш мажбурияти тикланади.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисми "д" бандида кўрсатиб ўтилган шартли чиқариб юборилган товарлар учун тақдим этилмаган мувофиқлик сертификатини ёки санитария-эпидемиология хулосасини олиш талаб этилса, ушбу товарлардан фойдаланиш, уларни учинчи шахсларга бериш, шу жумладан уларни сотиш ёки ўзга усулда бошқа шахсга ўтказиш орқали бериш тақиқланади, мазкур товарларни олиб киришга доир чекловлар ушбу товарларнинг сифати ва хавфсизлиги текширилиши муносабати билан белгиланган ҳолларда эса ҳар қандай шаклда фойдаланиш (ишлатиш) тақиқланади.

Товарлар, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартли чиқариб юборишнинг шартлари бўйича мажбуриятлар бажарилгунига қадар шартли чиқарилган ҳисобланади.


23-модда. Товарларни ва транспорт воситаларини божхона

чегараси орқали олиб ўтишга доир чекловлар

Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишга доир чекловлар халқаро мажбуриятлардан, ички бозорни ҳимоя қилиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек чет давлатлар ва улар иттифоқларининг Ўзбекистон Республикаси манфаатларини камситувчи ёки чекловчи бошқа ҳаракатларига жавоб чораси тариқасида қонунчиликка мувофиқ белгиланиши мумкин. Мазкур чекловлар киритилиши муносабати билан товарларни олиб ўтаётган шахсда ёхуд ташувчида юзага келган харажатларнинг ўрни божхона органлари томонидан қопланмайди.



24-модда. Товарлар ва транспорт воситалари олиб

кирилишини ҳамда олиб чиқилишини тақиқлаш

Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини, инсон ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, миллий ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар халқларининг маданий бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарлар истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин.

Олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, улар олиб кирилганда - дарҳол божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши ёхуд улар олиб чиқилганда - дарҳол божхона ҳудудига қайтарилиши шарт.

Товарни олиб чиқиш ёки қайтариш, шунингдек юк операциялари товарни олиб ўтаётган шахс ёхуд ташувчи томонидан амалга оширилади.

Агар товар дарҳол олиб чиқилмаган ёки қайтарилмаган бўлса, товар божхона органи эгаси бўлган божхона омборига ёхуд божхона назорати зоналарига товарни олиб ўтаётган шахс ёки ташувчи ҳисобидан вақтинча сақлаш божхона режимига жойлаштирилиши лозим. Бундай товарни сақлашнинг энг кўп муддати, агар қонунчиликда айрим турдаги товарларга нисбатан бошқача муддат назарда тутилмаган бўлса, уч суткани ташкил этади. Ушбу муддат тугагач, мазкур товарни тасарруф этиш давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлган товарларга нисбатан қўлланиладиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


II БЎЛИМ. БОЖХОНА РЕЖИМЛАРИ


4-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


25-модда. Божхона режимларининг турлари

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш мақсадларига боғлиқ ҳолда уларнинг божхона расмийлаштируви божхона режимларининг қуйидаги турларига мувофиқ амалга оширилади:

1) экспорт;

2) реэкспорт;

3) вақтинча олиб чиқиш;

4) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш;

5) эркин муомалага чиқариш (импорт);

6) реимпорт;

7) вақтинча олиб кириш;

8) божхона ҳудудида қайта ишлаш;

9) вақтинча сақлаш;

10) божхона омбори;

11) эркин омбор;

12) эркин божхона зонаси;

13) бож олинмайдиган савдо;

14) божхона транзити;

15) йўқ қилиш;

16) давлат фойдасига воз кечиш.



26-модда. Божхона режимини танлаш ва ўзгартириш

Товарларнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши ваколатли шахсларнинг товарларни божхона режимларидан бирига жойлаштириш ва мазкур божхона режими талаблари ҳамда шартларига риоя этиш мажбуриятини келтириб чиқаради.

Ваколатли шахс товарларнинг ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, ишлаб чиқарилган мамлакати ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган божхона режимини танлашга ёки уни бошқа божхона режимига ўзгартиришга ҳақли.

Танланган божхона режими божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун божхона органига тақдим этиладиган божхона декларациясида декларант томонидан маълум қилинади.



27-модда. Божхона режимида турган товарни олиб қўйиш

Қонунчилик бузилган тақдирда, божхона режимида турган товарлар белгиланган тартибда олиб қўйилиши мумкин.

Тегишли божхона режимида турган товар олиб қўйилаётганда ушбу божхона режимининг амал қилиши товар олиб қўйилган куннинг эртасидан бошлаб тўхтатиб турилади ва ушбу товарни давлат даромадига ўтказиш назарда тутилмаган қарор (ҳал қилув қарори) кучга кирган куннинг эртасидан бошлаб қайта тикланади.

Агар олиб қўйилган товарлар даврий божхона тўлови тўланган ҳолда вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган бўлса, божхона режими тўхтатиб турилган давр учун даврий божхона тўлови тўланмайди.

Божхона режимининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилганлигига доир иш бўйича тегишли қарор (ҳал қилув қарори) кучга кирган куннинг эртасидан бошлаб ўн беш иш куни ичида тугатилиши керак, агар:

товарнинг олиб қўйилиши божхона режими талаблари ва шартларига риоя этмаслик билан боғлиқ бўлса ва бу уни келгусида қўллашнинг имконияти бўлмаслигига олиб келса;

жисмоний шахснинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши божхона режими талаблари ва шартларига риоя этмаслик билан боғлиқ бўлса ва бу уни келгусида қўллашнинг имконияти бўлмаслигига олиб келса.



28-модда. Божхона режими шартлари ва талабларига

риоя этилишига жавобгар шахслар

Божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилиши учун жавобгарлик товарни тегишли божхона режимига жойлаштирган шахснинг зиммасида бўлади.

Вақтинча сақлаш, божхона омбори ёки эркин омбор божхона режимларига жойлаштирилган товарлар божхона назоратини четлаб берилган ёки йўқотилган тақдирда жавобгарлик:

агар товар божхона омборида турган бўлса, божхона омбори эгасининг;

агар товар божхона омбори бўлмаган омборларда ва бошқа жойларда турган бўлса, товарларни мазкур жойларга божхона омбори режимига жойлаштирган шахснинг;

агар товар эркин омборда турган бўлса, эркин омбор эгасининг зиммасида бўлади.

Божхона транзити божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилиши учун ташувчи жавобгар бўлади.

Бож олинмайдиган савдо божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилиши учун бож олинмайдиган савдо дўконининг эгаси жавобгар бўлади.



5-БОБ. ЭКСПОРТ


29-модда. Экспорт божхона режими

Экспорт божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товари уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади.

Экспорт божхона режимига жойлаштирилган ва амалда божхона ҳудудидан олиб чиқилган товар Ўзбекистон товари мақомини йўқотади.



30-модда. Товарни экспорт божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товарни экспорт божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари божхона тўловларини тўлаш ҳамда иқтисодий сиёсат чораларига риоя этишдан иборатдир.

Товарни экспорт божхона режимига жойлаштириш қонунчиликка мувофиқ бошқа талаблар ва шартларга риоя этган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Экспорт божхона режимига мувофиқ чиқарилган товар божхона декларацияси рўйхатдан ўтказилган куни қандай ҳолатда бўлса, амалда шундай ҳолатда божхона ҳудудидан олиб чиқилиши лозим, бундан товар ҳолатининг табиий эскириши ёки ташиш ва (ёки) сақлаш нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгаришлари мустасно.



31-модда. Товарни экспорт божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Экспорт божхона режимига нисбатан божхона расмийлаштируви учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Тегишли рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда экспорт қилинадиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



6-БОБ. РЕЭКСПОРТ


32-модда. Реэкспорт божхона режими

Реэкспорт божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар ёхуд божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарни қайта ишлаш маҳсулоти божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, ушбу Кодекснинг 35-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, уни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда олиб чиқилади.

Реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарларни божхона ҳудудидан амалда олиб чиқиш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай амалга оширилади.



33-модда. Товарни реэкспорт божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товар ёки уни қайта ишлаш маҳсулоти божхона органи идентификация қила оладиган тақдирдагина товар реэкспорт қилинишига йўл қўйилади, бундан ушбу Кодекс 74-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида шикастланган ёки бузилган товарнинг реэкспортига йўл қўйилади, бундай ҳолат ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;

товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;

товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно.



34-модда. Товарни реэкспорт божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда реэкспорти амалга ошириладиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



35-модда. Реэкспорт божхона режимида

божхона тўловларининг қўлланилиши

Реэкспорт божхона режимига жойлаштириладиган товар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади.

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш ушбу Кодекснинг 49-бобида назарда тутилган тартибда, айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан икки йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно.

Товарни амалда олиб чиқиш ушбу Кодекснинг 32-моддасида кўрсатилган муддатда амалга оширилмаган тақдирда, мазкур товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилгандаги каби божхона божлари ва солиқлар тўланади.



7-БОБ. ВАҚТИНЧА ОЛИБ ЧИҚИШ


36-модда. Вақтинча олиб чиқиш божхона режими

Вақтинча олиб чиқиш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар ушбу ҳудуддан ташқарида вақтинча фойдаланиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўланишдан шартли равишда озод этилган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади.


37-модда. Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш қуйидаги талаблар ва шартларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

вақтинча олиб чиқилаётган товарнинг божхона органлари томонидан идентификациялашни амалга ошириш мумкинлиги;

агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, ушбу органларнинг рухсатномалари божхона органларининг ахборот тизимида мавжудлиги;

товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштираётган шахс Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахс бўлиши керак.

Божхона ҳудудидан вақтинча олиб чиқилган товар ўзгармас ҳолатда қолиши керак.

Қуйидаги товарлар вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилмайди:

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши тақиқланган товарлар;

чиқиндилар;

электр энергияси, сув, қувурлар орқали етказиб бериладиган товарлар (нефть, газ), шунингдек ёқилғи;

олиб чиқилиши квоталанадиган товарлар;

сарфлаш материаллари ва сарф қилинадиган намуналар, хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар, алкоголь ва тамаки маҳсулоти;

бир марта ишлатиш учун мўлжалланган товарлар.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган товарларни фақат реклама, намойиш қилиш ва илмий-тадқиқот мақсадларида битта нусхадан вақтинча олиб чиқишга йўл қўйилади.

Вақтинча олиб чиқилган товар устидан божхона назорати унинг божхона расмийлаштирувини бажарган божхона органи томонидан амалга оширилади.



38-модда. Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини, шунингдек товарни етказиб бериш ёки топшириш тўғрисидаги контрактни (шартномани, келишувни) (товар ижара, лизинг шартномаси, кафолатли хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаси доирасида вақтинча олиб чиқилган ҳолларда) тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда вақтинча олиб чиқиладиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



39-модда. Товарни вақтинча олиб чиқиш муддати

Товарни вақтинча олиб чиқиш муддати товар вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан икки йилни ташкил этади.

Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимининг амал қилиши муддати тугамай ушбу Кодекснинг 41-моддасига мувофиқ ушбу божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга.

Қуйидаги товарларнинг вақтинча олиб чиқиш муддати божхона органи томонидан ваколатли шахснинг аризаси асосида икки йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлар ҳудудида жойлашган объектларида, дипломатик ваколатхоналарида ва консуллик муассасаларида фойдаланиш учун олиб чиқилган товарлар;

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ҳамда чет давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари ўртасидаги ижара шартномалари асосида вақтинча олиб чиқилган темир йўл ва ҳаво транспорти воситалари, шунингдек уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда уларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган транспорт ускуналари. Бунда вақтинча олиб чиқиш муддати ижара шартномаси муддатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

лизинг шартномаси асосида олиб чиқилган товарлар. Бундай товарларни вақтинча олиб чиқишга лизинг шартномасининг амал қилиш муддатига рухсат этилади;

товарларни (ишларни ва хизматларни) экспорт қилиш контракти (шартномаси, келишуви) шартлари бўйича кафолат муддати ичида хизмат кўрсатиш ва нуқсонларни бартараф этиш учун олиб чиқилган товарлар (божхона ҳудудидан ташқарида қолдириш учун мўлжалланган товарлар бундан мустасно). Бундай товарларни вақтинча олиб чиқишга кафолат даврининг амал қилиш муддатига йўл қўйилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида вақтинча олиб чиқишнинг кўпроқ муддати белгиланган товарлар.

Товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза вақтинча олиб чиқиш божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар божхона органига берилиши лозим. Товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтириш товарни божхона органига тақдим этмасдан амалга оширилади.

Ваколатли шахс томонидан божхона органига товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтириш тўғрисида ариза берилиши товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди.

Товарни вақтинча олиб чиқиш муддати узайтирилаётганда бошқа божхона декларацияси берилмайди.



40-модда. Вақтинча олиб чиқиш божхона режимига

жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни

тасарруф этиш ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш

Вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини Ўзбекистон Республикасининг бошқа юридик ёки жисмоний шахсига ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахсга ўтказишга вақтинча олиб чиқиш божхона режими тугагунига қадар йўл қўйилади.

Вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг бошқа юридик ёки жисмоний шахсига ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахсга ушбу товарни амалда божхона органига тақдим этмаган ҳолда мазкур шахс томонидан тақдим қилинган вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун божхона юк декларациясини божхона органи қабул қилган пайтдан эътиборан ўтказилган ҳисобланади.

Вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқининг ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бошқа юридик ёки жисмоний шахсига ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахсга ўтказилиши ушбу Кодекснинг 39-моддасида белгиланган вақтинча олиб чиқиш муддатини ўзгартирмайди.



41-модда. Вақтинча олиб чиқиш божхона

режимининг тугалланиши

Вақтинча олиб чиқилган товар вақтинча олиб чиқиш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилиши керак.

Ваколатли шахс товарни божхона ҳудудидан ташқарида қолдирган ҳолда уни бошқа божхона режимига жойлаштириш йўли билан вақтинча олиб чиқиш божхона режимини тугаллаши мумкин, бундан божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ вақтинча олиб чиқилган товар божхона ҳудудига олиб кирилиши шарт бўлган ҳоллар мустасно. Бундай ҳолда вақтинча олиб чиқиш божхона режимини тугаллашга товарни божхона органига амалда тақдим этмаган ҳолда йўл қўйилади.

Вақтинча олиб чиқиш божхона режими экспорт божхона режимига ўзгартирилган тақдирда товарнинг божхона қиймати ва миқдори товар вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади, божхона божлари ва солиқларнинг ставкалари эса, товарни экспорт божхона режимига жойлаштириш тўғрисидаги божхона декларацияси божхона органи томонидан рўйхатдан ўтказилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади.

Вақтинча олиб чиқиш божхона режими ушбу Кодекснинг 39-моддасида белгиланган муддатда тугалланмаган тақдирда, товарнинг олиб чиқишдаги божхона қийматидан ва (ёки) миқдоридан ҳамда товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган куни амалда бўлган божхона божлари ва солиқлар ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган божхона божлари ҳамда солиқлар тўланади.

Вақтинча олиб чиқиш божхона режими ушбу Кодекснинг 39-моддасида белгиланган муддатда тугалланмаслигига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида товарларнинг йўқ бўлиши ёки бутунлай йўқ бўлиб кетиши;

товарлар турган чет давлат органларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида товарларнинг ваколатли шахс эгалигидан чиқиб кетиши.

Товарларнинг йўқ бўлишига ёки мутлақо йўқолиб кетишига сабаб бўлган ҳолатларни тасдиқлаш мажбурияти божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилишига масъул шахсларнинг зиммасига юклатилади. Чет давлатлар ҳудудида юзага келган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари томонидан ёки ҳудудида мазкур ҳолатлар содир бўлган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тасдиқланади.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда, товарларни вақтинча олиб чиққан ва уларни ушбу Кодекснинг 39-моддасида белгиланган муддатда қайтариб олиб кирмаган шахс вақтинча олиб чиқиш божхона режими талаблари ҳамда шартларига риоя этмаганлик учун жавобгар бўлмайди.



8-БОБ. БОЖХОНА ҲУДУДИДАН

ТАШҚАРИДА ҚАЙТА ИШЛАШ


42-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида

қайта ишлаш божхона режими

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш мақсадида олиб чиқилади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига мувофиқ олиб чиқилаётган товарга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўланишидан шартли озод этиш қўлланилади. Бу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан ушбу Кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш божхона органининг товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун ушбу Кодекс 21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатномаси асосида амалга оширилади.



43-модда. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида

қайта ишлаш операциялари

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш операциялари қуйидагилардан иборат:

олиб чиқилган товар унинг дастлабки хоссаларини ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи хусусиятларини сақлаган ҳолда мазкур товарни бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш, бундан ушбу Кодекс 46-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

олиб чиқилган товардан фойдаланган ҳолда бошқа товарни тайёрлаш, шу жумладан монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;

товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёхуд тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш операциялари амалга оширилаётганда қайта ишлашга кўмаклашувчи ёхуд қайта ишлашни енгиллаштирувчи бошқа товарлардан бутунлай ёки қисман фойдаланишга йўл қўйилади.

Қуйидагилар товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш операциялари жумласига кирмайди:

товарнинг бут сақланишини таъминлаш, уни сотишга ва ташишга тайёрлаш операциялари;

ҳар қандай турдаги ҳайвонларнинг наслини олиш, уларни парваришлаш ва клонлаштириш, бўрдоқига боқиш ва тутиш (ушлаш, овлаш), шунингдек уларнинг маҳсулларини олиш ва тўплаш;

ҳар қандай ўсимлик турларини етиштириш ва йиғиш;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш;

ахборотдан, аудио- ва видео ёзувлардан исталган турдаги ахборот ташувчи жисмларга нусха кўчириш ва кўпайтириб олиш.



44-модда. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида

қайта ишлаш талаблари ва шартлари

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

олиб чиқилган товарни божхона органлари томонидан уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш мумкин бўлганда, бундан ушбу Кодекс 46-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида ушбу органларнинг рухсатномалари мавжудлиги;

техник-иқтисодий асосларнинг ва амалдаги қайта ишлаш жараёнининг кўрсаткичлари бир-бирига мос бўлиши;

товарни қайта ишлаш операцияларининг ушбу Кодекс 43-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

Қуйидаги ҳолларда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимидан фойдаланиш мумкин эмас:

агар товарнинг олиб чиқилиши тўланган божхона божлари ва солиқлар суммасини қайтаришни, улардан озод қилишни ёхуд олиб чиқишда тақдим этиладиган тўловларни ундиришни талаб қилишга асос бўлса;

божхона тўловларини тўлашдан шартли озод этилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига илгари жойлаштирилган товарга нисбатан ушбу шартли озод этишнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар, бундан шундай товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш, модернизация қилиш, унинг бузилган ёки эскирган таркибий қисмларини (элементларини) алмаштириш ёки тиклаш, нуқсонларини бартараф этиш учун олиб чиқиш мустасно.

Контракт (шартнома, келишув) шартлари ёки қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосланиши кўрсаткичлари ўзгарган тақдирда товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши лозим. Бунда юридик шахс ўзгартирилганлиги, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги, шунингдек жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарганлиги сабабли контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарган тақдирда янги ариза бериш талаб этилмайди.



45-модда. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида

қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш

учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш амалга ошириладиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



46-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш

учун олиб чиқилаётган товарни уни қайта ишлаш

маҳсулотларида идентификациялаш

Товарнинг ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган операцияларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш қуйидаги усуллардан бири ёки бир нечтаси ёрдамида амалга оширилиши мумкин:

қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарга ваколатли шахс ва (ёки) божхона органи томонидан муҳрлар қўйиш ва, зарур бўлган ҳолларда, штамплар қўйиш, рақамли ва (ёки) бошқа турда тамғалаш;

қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарни батафсил тавсифлаш, уни суратга тушириш ёки бошқа ўлчамларда тасвирлаш;

қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарнинг олдиндан олинган намуналарини ёки нусхаларини ва уни қайта ишлаш маҳсулотини тадқиқ этиш натижаларини қиёслаш;

қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарнинг завод ва серия рақамлари тарзида мавжуд бўлган тамғалашдан ёхуд бошқача тамғалашдан фойдаланиш.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш қонунчиликка мувофиқ бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли шахснинг сўровига ва божхона органининг розилигига кўра, олиб чиқилаётган товарни божхона мақсадида идентификациялаш ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар ҳақида, шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси тўғрисида тақдим этилган батафсил маълумотларни тадқиқ этиш йўли билан таъминланиши мумкин.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилаётган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш қуйидаги ҳолларда талаб этилмайди, агар:

улар мазкур Кодекснинг 49-моддасига мувофиқ қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарга эквивалент бўлган товарни қайта ишлаш натижасида олинган бўлса;

қайта ишлаш учун ишлаб чиқаришнинг узлуксиз циклларига тааллуқли технология жараёнидан фойдаланилаётган бўлса.



47-модда. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида

қайта ишлаш муддати

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномаси икки йил муддатга берилади.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасини олган шахс ушбу Кодекснинг 52-моддасига мувофиқ мазкур рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан аввалроқ божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга.

Бир мунча узоқ давом этадиган қайта ишлаш жараёни талаб қилинадиган айрим тоифадаги товарларга нисбатан товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддати ваколатли шахснинг аризасига кўра божхона органи томонидан икки йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддати ва қайта ишлаш муддати товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан, товар алоҳида туркумлар билан олиб чиқилганда эса, товарнинг биринчи туркуми божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан бошланади.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза божхона органига ушбу рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашига камида бир ой қолганда берилиши керак. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш рухсатномани олиш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Ваколатли шахс томонидан божхона органига товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ариза берилганлиги рухсатномада кўрсатилган товарни қайта ишлаш муддатини узиб қўймайди ёки тўхтатиб турмайди.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш рад этилган тақдирда, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товар ушбу Кодекснинг 52-моддасига мувофиқ бошқа божхона режимига жойлаштирилиши маълум қилиниши керак.



48-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта

ишлаш божхона режимида қайта ишлаш

маҳсулотларининг чиқиш нормаси

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси ваколатли шахс томонидан аниқланади ва товарни қайта ишлашни амалга оширишнинг ҳақиқий шароитларидан келиб чиққан ҳолда, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномаси берилаётганда божхона органи томонидан белгиланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилашда божхона органлари қайта ишлашнинг ваколатли шахс томонидан тақдим этилган технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатларга ҳамда ваколатли органнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан божхона лабораторияларининг) қайта ишлашнинг аниқ технологик жараёнига асосланган хулосаларига таянади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг тавсифи, миқдори, сифати қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланганидан кейин аниқланади.



49-модда. Қайта ишлаш маҳсулотининг

эквивалент компенсацияси

Эквивалент компенсацияга, яъни олиб чиқилган товардан олинган қайта ишлаш маҳсулотларини бошқа эквивалент чет эл товари билан алмаштиришга, агар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш операцияси товарни таъмирлашдан иборат бўлса, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномаси асосида, шунингдек бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида йўл қўйилади.

Божхона мақсадлари учун эквивалент чет эл товари деганда олиб чиқилган товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш натижасида олинган қайта ишлаш маҳсулотига ўз тавсифи, сифати ва техник хусусиятлари бўйича мос келувчи чет эл товари тушунилади.

Эквивалент чет эл товари олиб кирилаётганда ушбу боб қоидаларига мувофиқ унга олиб чиқилган товарнинг қайта ишлаш маҳсулоти сифатида қаралади.

Эквивалент компенсация чоғида эквивалент чет эл товарини олиб киришга товар қайта ишлаш учун божхона ҳудудидан олиб чиқилгунига қадар йўл қўйилади.



50-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш

божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта

ишлаш маҳсулотининг алмаштирилиши

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотининг алмаштирилишига қайта ишлаш маҳсулотига алмаштирилувчи товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига мувофиқ таъмирлаш учун мўлжалланган товар билан айнан бир хил ёки унга ўхшаш бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотининг алмаштирилиши учун контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) тегишли қоидалари ва (ёки) товарни таъмирлаётган шахснинг кафиллик мажбуриятлари асос бўлади.



51-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга

олиб чиқилган товар қолдиқлари ва чиқиндилари

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга рухсатнома олган шахс олиб чиқилиб, қайта ишланмаган товар қолдиғини ушбу Кодексда белгиланган шартлар асосида тегишли божхона режимларига жойлаштирган ҳолда, ушбу Кодекснинг 47-моддасига мувофиқ белгиланган товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай тасарруф этиши керак.

Олиб чиқилиб қайта ишланмаган товар қолдиқларига божхона расмийлаштируви мақсадида божхона ҳудудига реимпорт қилинадиган товарлар сифатида қаралади.

Товарни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар қайта ишланганидан кейин олиб кирилган тақдирда, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади.



52-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта

ишлаш божхона режимини тугаллаш

Қайта ишлаш маҳсулотлари ушбу Кодекснинг 47-моддасига мувофиқ белгиланган товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай божхона ҳудудига олиб кирилиши лозим ёхуд божхона режими ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ тугалланиши керак.

Божхона ҳудудидан олиб чиқилган товарга ёхуд унинг қолдиғига нисбатан божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими қуйидаги усулларнинг бири орқали тугалланиши мумкин:

товарни ёки унинг қолдиғини реимпорт божхона режимига жойлаштириш;

товарни ёки унинг қолдиғини амалда божхона органига тақдим этмасдан, ушбу Кодексда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этган ҳолда экспорт божхона режимига жойлаштириш, бундан божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ олиб чиқилган товар ёки унинг қолдиғи мажбурий тартибда реимпорт қилиниши шарт бўлган ҳол мустасно.

Қайта ишлаш маҳсулотлари биттадан ортиқ туркумда олиб кирилаётганда, қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасида кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш вақти-вақти билан, лекин уч ойда камида бир марта ва қайта ишлаш маҳсулотларининг охирги туркуми импорт қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай амалга оширилиши мумкин.

Қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасида кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш натижалари бўйича божхона органи рухсатнома олган шахс билан биргаликда далолатнома тузади. Агар олиб кирилган қайта ишлаш маҳсулотларининг миқдори текшириб кўриш натижасида рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқлиги аниқлангудек бўлса, божхона органи қўшимча божхона тўловлари тўлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай ҳолда божхона органи рухсатнома олган шахсга қарор қабул қилинган куннинг эртасидан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиши шарт. Агар бундай тўловларни тўлаш ёзма хабар олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида амалга оширилса, уларнинг суммаларига пеня ҳисобланмайди.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирган шахс божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режими қўлланилганлиги тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлаш муддати тугаган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида солиштириб чиқиши шарт.

Қайта ишлаш маҳсулотлари божхона ҳудудига қайтарилмаган тақдирда, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун олиб чиқилган товарга нисбатан мазкур товар экспорт божхона режимига жойлаштирилганда бўлгани каби божхона божлари ва солиқлар қўлланилади. Бунда товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундаги божхона божлари ва солиқлар ставкалари қўлланилади.



53-модда. Қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага

чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда

уларга нисбатан божхона тўловларининг қўлланилиши

Олиб кириладиган қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда божхона божлари ва қўшилган қиймат солиғи товарларни қайта ишлаш операцияларининг қийматидан келиб чиқиб ҳамда қайта ишлаш маҳсулотларига қўлланиладиган божхона божлари ва қўшилган қиймат солиғи ставкалари бўйича ҳисобланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан акциз солиғи қайта ишлаш маҳсулотларининг божхона қиймати ва миқдоридан келиб чиқиб, қайта ишлаш маҳсулотларига қўлланиладиган ставкалар бўйича ҳисобланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан божхона божларининг хос ставкасини қўлланилаётганда тўланиши лозим бўлган божхона божларининг миқдори қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан хос ставкада ҳисобланган божхона божи суммаси билан қайта ишлаш операциялари қийматининг қайта ишлаш маҳсулотлари божхона қийматига нисбатининг кўпайтмаси сифатида қайта ишлаш маҳсулотлари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда бўлгани каби ҳисоблаб чиқарилади.

Қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан ушбу моддага мувофиқ қўлланиладиган божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш мақсадида, қайта ишлаш операциялари қиймати қуйидаги қийматларнинг суммасини ифода этади:

олиб чиқилган товарларни қайта ишлаш;

товарни қайта ишлаш жойига ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини божхона чегарасигача қайтариб етказиб бериш, агар булар қайта ишлаш қийматига қўшилмаган бўлса.

Агар олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулотларига бўлган мулк ҳуқуқи улар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилгунига қадар бошқа шахсга ўтказилган бўлса, мазкур қайта ишлаш маҳсулотлари ушбу шахс томонидан импорт қилинаётганда божхона тўловлари мазкур шахс товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимига мустақил жойлаштирганида бўлгани каби ҳисоб-китоб қилинади.

Олиб кирилаётган қайта ишлаш маҳсулоти:

агар товар шартнома ёки кафолат мажбуриятига биноан текин таъмирлаш учун ёхуд ишлаб чиқариш нуқсони мавжудлиги сабабли олиб чиқилган бўлса, бу нуқсоннинг мавжудлиги товарни дастлабки эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда ҳисобга олинмаган бўлса, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан;

агар товар ҳақ эвазига таъмирлаш учун олиб чиқилган бўлса, божхона божлари ва акциз солиғи тўлашдан озод этилади.



54-модда. Божхона ҳудудидан ташқарида қайта

ишлаш божхона режимини қўллашга доир

тақиқлар ва чекловлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

товарларнинг айрим турларига нисбатан божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга йўл қўйилмайдиган ҳоллар;

муайян товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш бўйича айрим операцияларни ўтказишга доир чекловларни;

божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимида товарларни қайта ишлашга йўл қўйишга доир миқдорий чекловларни белгилаши мумкин.



9-БОБ. ЭРКИН МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШ (ИМПОРТ)


55-модда. Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режими

Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади.



56-модда. Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган тақдирда товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилади ва божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар мақомини олади.

Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш қонунчиликка мувофиқ бошқа талаблар ва шартларга риоя этган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.


57-модда. Товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона

режимига жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига нисбатан божхона расмийлаштируви учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда импорт қилинадиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



10-БОБ. РЕИМПОРТ


58-модда. Реимпорт божхона режими

Реимпорт божхона режими шундай режимки, бунда илгари божхона ҳудудидан олиб чиқилган товарлар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, ушбу Кодекснинг 59-моддасида белгиланган муддатларда божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилади.

Реимпорт божхона режимига жойлаштирилган товарга эркин муомалага чиқарилган товар сифатида қаралади.

Қисман ёки бошқа тарзда шикастланишлари бўлган, шикастланиш чоғида ҳолати ёмонлашган товарни реимпорт божхона режимига жойлаштиришга бу ҳолат авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида рўй берганлиги тасдиқланган тақдирда йўл қўйилади.

Товар реимпорт божхона режимига жойлаштирилгунига қадар уни нормал ҳолатда сақлаб туриш бўйича турли операциялар, шу жумладан майда таъмирлаш операциялари ва техник хизмат кўрсатиш, бундан товарни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш мустасно, амалга оширилиши мумкин ва улар товар қиймати ошиб кетишига олиб келмаслиги керак.

Товар реимпорт божхона режимига жойлаштирилган тақдирда товарнинг амалда реимпорт қилинаётган қисмига нисбатан товар экспорт божхона режимида божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда тўланган божхона божларининг ва солиқларнинг суммаларини қайтариш, башарти товар мазкур товарни олиб чиққан шахснинг айни ўзи ёки унинг ҳуқуқий вориси (меросхўри) томонидан олиб кирилаётган бўлса, ушбу Кодекснинг 49-бобида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Товар реимпорт қилинаётганда товарни олиб ўтаётган ваколатли шахс тўловлар сифатида олинган ёки товар божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда берилган бошқа имтиёзлар натижасида олинган суммаларни қонунчиликда белгиланган тартибда қайтаради.


59-модда. Товарни реимпорт божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товарни реимпорт божхона режимига жойлаштириш қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:

товар божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда у шу ҳудудда эркин муомалада турган товар мақомига эга бўлиши лозим;

товар уни олиб чиқиш учун мўлжалланган тегишли божхона режимига жойлаштирилган пайтдан эътиборан уч йил ичида, вақтинча олиб чиқилган товарга нисбатан - вақтинча олиб чиқишнинг белгиланган муддати ичида, товарнинг божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишланган қолдиғига нисбатан эса - қайта ишлашнинг белгиланган муддати ичида реимпорт божхона режимига маълум қилиниши керак. Бунда божхона чегараси кесиб ўтилган кун товарни олиб кириш санаси ҳисобланади, товарни олиб чиқиш учун мўлжалланган тегишли божхона режими учун божхона юк декларацияси расмийлаштирилган кун эса, олиб чиқиш санаси ҳисобланади;

товар табиий эскириш оқибатидаги ёхуд ташишнинг, сақлашнинг ёки фойдаланишнинг (ишлатишнинг) нормал шароитларида камайиши оқибатидаги ўзгаришларини истисно этганда ўша ҳолатида бўлиши керак;

божхона органлари томонидан товарни идентификациялашни амалга ошириш мумкинлиги.

Товарнинг фақат бир қисми қайтариб олиб кирилган тақдирда ҳам ушбу модданинг биринчи қисми талабларига риоя этилиши шарти билан уни реимпорт божхона режимига жойлаштиришга йўл қўйилади.

Илгари экспорт божхона режимига мувофиқ олиб чиқилган товарни реимпорт божхона режимига жойлаштиришга бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) шартлари бажарилмаган бўлса;

товардан божхона ҳудудидан ташқарида фойдаланилмаган ва у таъмирланмаган бўлса, бундан товарнинг қайтарилишига сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;

табиий эскириши ҳисобга олинган ҳолда товар ўзгармас ҳолатда турган бўлса, бундан нуқсонлар аниқланган ҳоллар мустасно.



60-модда. Товарни реимпорт божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни реимпорт божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда реимпорти амалга ошириладиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



11-БОБ. ВАҚТИНЧА ОЛИБ КИРИШ


61-модда. Вақтинча олиб кириш божхона режими

Вақтинча олиб кириш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига муайян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади.


62-модда. Товарни вақтинча олиб кириш божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товарларни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш қуйидаги талаблар ва шартларларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади:

вақтинча олиб кирилаётган товарнинг божхона органлари томонидан идентификацияланиши мумкинлиги;

агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, ушбу органларнинг рухсатномалари божхона органларининг ахборот тизимида мавжуд бўлиши.

Вақтинча олиб кирилган товар ўзгармас ҳолатда қолиши шарт. Вақтинча олиб кирилган товар билан унинг бут сақланишини таъминлаш учун зарур операцияларни, шу жумладан майда таъмирлаш операцияларини, бундан уни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш мустасно, техник хизмат кўрсатиш ва товарни соз ҳолатда сақлаб туриш учун зарур бошқа операцияларни амалга оширишга, башарти бундай операцияларни амалга ошириш натижасида товар қиймати унинг вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган пайтдаги қийматига нисбатан ошиб кетмаса, йўл қўйилади.

Илгари бошқа божхона режимларига жойлаштирилган товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига ушбу Кодексда назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда жойлаштирилиши мумкин.

Қуйидаги товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилиши мумкин эмас:

Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган товарлар;

чиқиндилар;

электр энергияси, сув, қувурлар орқали етказиб бериладиган товарлар (нефть, газ), шунингдек ёқилғи;

сарф қилинадиган материаллар ва сарф қилинадиган намуналар, хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар;

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан олиб кириладиган автотранспорт воситалари, бундан халқаро юк ташишни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно.

Ушбу модда тўртинчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган товарларни фақат реклама, намойиш қилиш ва илмий-тадқиқот мақсадларида битта нусхадан вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.

Вақтинча олиб кирилган товарнинг божхона назоратини унинг божхона расмийлаштирувини бажарган божхона органи амалга оширади.



63-модда. Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини, шунингдек товарни етказиб бериш ёки топшириш тўғрисидаги контрактни (шартномани, келишувни) (товар ижара, лизинг шартномаси, кафолатли хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаси доирасида вақтинча олиб кирилган ҳолларда) тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда вақтинча олиб кириладиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



64-модда. Товарни вақтинча олиб кириш муддати

Вақтинча олиб кириш муддати товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан икки йилни ташкил этади.

Товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимини унинг амал қилиш муддати ўтгунига қадар ушбу Кодекснинг 69-моддасига мувофиқ тугаллаш ҳуқуқига эга.

Қуйидаги товарларнинг вақтинча олиб кириш муддати ваколатли шахснинг аризаси асосида божхона органи томонидан икки йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг ва консуллик муассасаларининг ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун олиб кириладиган, ушбу ваколатхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган дипломатик агентлари ва маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган товарларнинг, шунингдек чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган мухбирлари ва мухбирлик пунктларининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган автотранспорт воситаларининг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати ушбу ваколатхоналар ва шахсларнинг аккредитация муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари билан чет давлатларнинг шахслари ўртасидаги ижара шартномалари асосида вақтинча олиб кириладиган темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларининг, шунингдек уларнинг эҳтиёт қисмлари ва уларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган транспорт асбоб-ускунасининг. Уларни вақтинча олиб кириш муддати ижара шартномаси муддатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

лизинг шартномалари асосида олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати лизинг шартномасининг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасининг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

маҳсулот тақсимотига оид битимлар ва геология-қидирув ишларини ўтказиш тўғрисидаги битимлар асосида олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб кириш муддати мазкур келишувларнинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

даврий божхона тўловлари тўлиқ тўланган товарларнинг;

имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаши ёки мулк ҳуқуқи бошқа шахсларга ўтиши муносабати билан вақтинча олиб киришнинг кейинги муддатида даврий божхона тўловларини тўлаш зарурати пайдо бўладиган товарларнинг;

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳалари асосида олиб кириладиган товарларнинг. Бундай товарларни вақтинча олиб киришга инвестиция даври муддатига йўл қўйилади;

товарни (ишларни ва хизматларни) импорт қилишга доир контракт (шартнома, келишув) шартлари бўйича кафолат муддати давомида хизмат кўрсатиш ва нуқсонларни бартараф этиш учун олиб кириладиган товарларнинг (божхона ҳудудида қолдириш учун мўлжалланган товарлар бундан мустасно). Бундай товарларни вақтинча олиб киришга кафолат даври муддатига йўл қўйилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари асосида вақтинча олиб киришнинг узоқроқ муддати белгиланган товарларнинг.

Вақтинча олиб кириш божхона режимининг муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза божхона органига вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар берилиши керак. Вақтинча олиб кириш божхона режими муддатини узайтириш божхона юк декларациясининг тегишли бўлмасига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.

Ваколатли шахс томонидан божхона органига вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш тўғрисида ариза берилганлиги вақтинча олиб кириш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди.

Вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати узайтирилганда бошқа божхона декларацияси тақдим қилинмайди.



65-модда. Вақтинча олиб кирилаётган товарларни божхона

божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этиш

Вақтинча олиб кирилаётган айрим товарларга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этиш қўлланилади. Бундай товарларнинг рўйхати ва озод этиш шартлари, шунингдек вақтинча олиб кирилган товарларга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўлаш бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



66-модда. Даврий божхона тўловларини тўлаган

ҳолда товарларни вақтинча олиб кириш

Даврий божхона тўловлари:

товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимида турган ҳар бир тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган календарь ой учун, ушбу товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган кунда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганда тўланиши лозим бўлган божхона божлари ва солиқлар суммасининг беш фоизи миқдорида чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилади;

улар тўланадиган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида тўланади;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Даврий божхона тўловларини ҳисоблашда товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари қўлланилади.

Даврий божхона тўловларини тўлаб товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштираётган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг умумий суммасини тўлаш;

тегишли давр бошлангунига қадар даврий божхона тўловларини ҳар ойда ёхуд йилнинг ҳар чорагида тўлаш.

Тўланадиган даврий божхона тўловларининг умумий суммаси товар вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштирилган куни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган тақдирда тўланиши лозим бўлган, чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловларининг суммасидан ошмаслиги лозим.

Даврий божхона тўловларининг тўланган суммалари:

вақтинча олиб кирилган товар олиб чиқилган ёхуд бошқа божхона режимларига жойлаштирилган тақдирда қайтарилмайди;

ушбу товарларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммаси ҳисобига ўтказилади.



67-модда. Вақтинча олиб кирилган товардан фойдаланиш

ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаш

Вақтинча олиб кирилган товардан уни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахсгина фойдаланиши ва (ёки) уни тасарруф этиши мумкин.

Вақтинча олиб кирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши тугагунига қадар бошқа шахсга ўтказишга, башарти ушбу шахс божхона органлари олдида вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига бундан буён ҳам риоя этилиши бўйича ёзма мажбуриятларни ўз зиммасига олса, йўл қўйилади.

Агар товар даврий божхона тўловлари тўланган ҳолда вақтинча олиб кирилган бўлса, уни дастлаб вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахс товар вақтинча олиб кириш божхона режимида турган бутун давр учун божхона тўловларини бундай ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказиладиган пайтга қадар, ушбу Кодекс 66-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ тўлаши керак.

Вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига риоя этишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш учун бошқа шахс тақдим этган божхона декларацияси божхона органи томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади.

Вақтинча олиб кирилган товарни ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ бошқа шахсга ўтказилганлиги дастлаб белгиланган вақтинча олиб кириш муддатини тўхтатиб турмайди ва узайтирмайди.



68-модда. Вақтинча олиб кириш божхона режимининг

амал қилишини тўхтатиб туриш

Вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши:

вақтинча олиб кирилган товар хатланган ёки олиб қўйилган даврда;

вақтинча олиб кирилган товар вақтинча сақлаш ва божхона омбори божхона режимларига жойлаштирилганда тўхтатиб турилади.

Тўхтатиб туриш муддати тугагач, вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши тикланади.



69-модда. Вақтинча олиб кириш божхона режимини тугаллаш

Вақтинча олиб кириш божхона режими вақтинча олиб кириш муддати ўтган куннинг эртасидан кечиктирмай товарни олиб чиқиш ёки уни бошқа божхона режимига жойлаштириш билан тугалланиши керак. Вақтинча олиб кирилган товарлар реэкспорт божхона режимига бир ёки бир нечта туркум билан жойлаштирилгандан сўнг олиб чиқилиши мумкин.

Товар авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ қилинган ёки қайтариб бўлмайдиган тарзда йўқотилган ёхуд Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг қарорлари оқибатида эгаликдан чиқиб кетган тақдирда, бу тегишли ваколатли давлат органи томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса, шахс вақтинча олиб кириш божхона режимини белгиланган муддатда тугалламаганлик учун жавобгарликдан озод этилади.

Вақтинча олиб кириш божхона режими тугалланганда товарнинг божхона расмийлаштируви божхона расмийлаштирувини ўтказган божхона органи томонидан ёки ваколатли шахснинг аризасига биноан, шу товарнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда зарур ҳажмда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш имкониятига эга бўлган бошқа божхона органи томонидан ўтказилиши мумкин. Ариза берилаётганда ваколатли шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

товарни вақтинча олиб кириш учун божхона юк декларацияси;

вақтинча олиб кирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш вақтинча олиб кириш божхона режими тугаллангунига қадар бошқа шахсга берилганлиги ёхуд у бошқача тарзда бошқа шахсга ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар шундай ўтказиш бажарилган бўлса.

Вақтинча олиб кириш божхона режими товарни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш билан тугалланганда ва даврий божхона тўловлари тўланганда товарни божхона йиғимларини тўлаган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш учун божхона юк декларацияси расмийлаштирилади.



12-БОБ. БОЖХОНА ҲУДУДИДА ҚАЙТА ИШЛАШ


70-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига қайта ишлаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда олиб кирилади.

Товар божхона ҳудудида қайта ишлаш мақсадида олиб кирилганда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан ушбу Кодекснинг 82-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Чет эл товарлари билан божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш операциялари амалга оширилган тақдирда Ўзбекистон товарларидан, шу жумладан чет эллик шахс томонидан олинган Ўзбекистон товарларидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилмаган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилади.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш ушбу Кодекс 21-бобининг қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси асосида амалга оширилади.



71-модда. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари қуйидагилардан иборат:

олиб кирилган товарни унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш, бундан ушбу Кодекс 74-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

олиб кирилган товардан фойдаланган ҳолда бошқа товар тайёрлаш, шу жумладан монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;

товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш;

қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга кўмаклашувчи ёки уларнинг ишлаб чиқарилишини енгиллаштирувчи бошқа товарлардан, агар бу товарлар қайта ишлаш жараёнида тўлиқ ёки қисман ишлатилса, хом ашё сифатида фойдаланиш. Мазкур операция ушбу қисмда кўрсатилган бошқа операциялардан бири билан бир вақтда бажарилиши керак.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари жумласига қуйидагилар кирмайди:

товарнинг бут сақланишини таъминлаш, уни сотишга ва ташишга тайёрлаш операциялари;

ҳар қандай турдаги ҳайвонларнинг наслини олиш, уларни парваришлаш ва клонлаштириш, бўрдоқига боқиш ва тутиш (ушлаш, овлаш), шунингдек уларнинг маҳсулларини олиш ва тўплаш;

ҳар қандай ўсимлик турларини етиштириш ва йиғиш;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш;

ахборотдан, аудио- ва видео ёзувлардан исталган турдаги ахборот ташувчи жисмларга нусха кўчириш ва уларни кўпайтириб олиш;

технологик жараёнда ёрдамчи восита сифатида чет эл товарларидан (ускуналар, дастгоҳлар, мосламалар ва бошқалар) фойдаланиш.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома олган шахс томонидан, шунингдек унинг топшириғига биноан бошқа шахс томонидан, агар рухсатномани олган шахс кўрсатилган операцияларни амалга оширишнинг бутун муддати давомида рухсатномада назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя этилиши учун божхона органлари олдида жавобгар бўлиб қолаверса, амалга оширилиши мумкин. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операцияларининг бошқа шахс томонидан амалга оширилиши товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасида акс эттирилган бўлиши керак.



72-модда. Товарни божхона ҳудудида қайта

ишлаш талаблари ва шартлари

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

олиб кирилган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш;

қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилаш;

товарларнинг божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашга доир тақиқлар ва чекловлар остига тушиб қолишини истисно этиш;

олиб кирилган товар учун ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлаш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операцияларининг ушбу Кодекснинг 71-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши.

Қайта ишлаш жараёни техник-иқтисодий асосларининг кўрсаткичлари ёки идентификациялаш усули ёхуд қайта ишлаш маҳсулотларнинг чиқиш нормаси ўзгарган тақдирда, товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши керак. Бунда юридик шахс ўзгартирилганлиги, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги, жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарганлиги сабабли контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарган тақдирда, янги ариза бериш талаб этилмайди.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай манфаатдор шахси томонидан, шу жумладан товарнинг эгаси бўлмаган ёки бевосита товарни қайта ишлаш операцияларини бажармайдиган шахс томонидан амалга оширилиши мумкин.



73-модда. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона

режимига жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда божхона ҳудудида қайта ишланадиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



74-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш учун

олиб кирилаётган товарни уни қайта ишлаш

маҳсулотларида идентификациялаш

Товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялаш товарнинг ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган операцияларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги усуллардан бири ёки бир нечтаси ёрдамида амалга оширилиши мумкин:

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарга муҳрлар қўйиш ва зарур бўлганда штамплар қўйиш, рақамли тарзда ва (ёки) бошқача тарзда тамғалаш;

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни батафсил тавсифлаш, уни фотосуратга тушириш ёки бошқа ўлчамда тасвирлаш;

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарнинг олдиндан олинган намуналарини ёки нусхаларини ва унинг қайта ишланган маҳсулотини тадқиқ этиш натижаларини қиёслаш;

қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарнинг завод ва серия рақамлари тарзидаги мавжуд тамғаланишидан ёхуд бошқача тарздаги тамғаланишидан фойдаланиш.

Товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялаш қонунчиликка мувофиқ бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли шахснинг сўровига биноан ҳамда божхона органининг розилиги билан ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар тўғрисида, шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси ҳақида тақдим этилган батафсил маълумотларни тадқиқ этиш йўли билан олиб кирилаётган товарни идентификациялаш таъминланиши мумкин.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш қуйидаги ҳолларда талаб этилмайди, агар:

улар ушбу Кодекснинг 77-моддасига мувофиқ қайта ишлаш учун олиб кирилган товарга эквивалент товарни қайта ишлаш натижасида олинган бўлса;

ишлаб чиқаришнинг узлуксиз циклларига тааллуқли технологик жараёндан қайта ишлаш учун фойдаланилаётган бўлса;

божхона ҳудудида ўхшаш ва (ёки) айнан бир хил қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини истисно этадиган ноёб технологик жараёндан қайта ишлаш учун фойдаланилаётган бўлса.

Товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялаш усули ваколатли шахс томонидан белгиланади.


75-модда. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш муддати

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси икки йил муддатга берилади.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасини олган шахс ушбу Кодекснинг 80-моддасига мувофиқ мазкур рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан аввалроқ божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга.

Бир мунча узоқ давом этадиган қайта ишлаш жараёни талаб қилинадиган айрим тоифадаги товарларга нисбатан товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддати ваколатли шахснинг аризасига кўра божхона органи томонидан икки йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин.

Айни бир товарларни айни бир хил шароитларда божхона ҳудудида қайта ишлаш бўйича мунтазам операциялар амалга оширилаётганда, шахснинг аризасига кўра унга товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси сўралган муддатга, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга берилиши мумкин.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддати ва қайта ишлаш муддати товар божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан, товар алоҳида туркумлар билан олиб кирилганда эса, товарнинг биринчи туркуми божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан бошланади.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза божхона органига ушбу рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашига камида бир ой қолганда берилиши керак. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш рухсатномани олиш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Ваколатли шахс томонидан божхона органига товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ариза берилганлиги рухсатномада кўрсатилган товарни қайта ишлаш муддатини узиб қўймайди ёки тўхтатиб турмайди.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш рад этилган тақдирда, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товар ушбу Кодекснинг 80-моддасига мувофиқ бошқа божхона режимига жойлаштирилиши маълум қилиниши керак.



76-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида

қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси

Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси, агар ушбу нормалар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, товарни қайта ишлаш амалга ошириладиган ҳақиқий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, ваколатли шахс томонидан аниқланади ва тасдиқланади, шунингдек товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси берилаётганда божхона органи томонидан белгиланади.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси белгиланаётганда божхона органлари ваколатли шахс тақдим этган қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатларга ҳамда қайта ишлашнинг аниқ технологик жараёнига асосланади.

Ваколатли шахс қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини аниқлашда давлат органларининг ва (ёки) ваколатли органларнинг хулосаларига асосланиши мумкин.

Қайта ишлаш маҳсулотларининг тавсифи, миқдори, сифати қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаси аниқланганидан кейин белгиланади.    



77-модда. Олиб кирилган товарларнинг эквивалент компенсацияси

Эквивалент компенсацияга, яъни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган, олиб кирилган товардан олинадиган қайта ишлаш маҳсулотини эквивалент товарни қайта ишлаш орқали олинган бошқа товар билан, шу жумладан Ўзбекистон товари билан алмаштиришга, агар товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операцияси таъмирлашдан иборат бўлса, товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси асосида, шунингдек бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида йўл қўйилади.

Эквивалент товар деганда, божхона мақсадлари учун, ўз тавсифи, сифати ва техник хусусиятларига кўра олиб кирилган товарга мос келувчи товар тушунилади.

Эквивалент товар, божхона мақсадлари учун, олиб кирилган товар мақомини олади, у билан алмаштириладиган олиб кирилган товар эса, эквивалент товар эга бўлган мақомни олади.

Эквивалент товарни қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотларга ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ олиб кирилган товарни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатида қаралади.

Агар товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун берилган рухсатномада эквивалент компенсация назарда тутилган бўлса, божхона ҳудудида қайта ишлаш учун товар олиб кирилгунига қадар қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқишга йўл қўйилади.



78-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона

режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш

маҳсулотининг алмаштирилиши

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотининг алмаштирилишига қайта ишлаш маҳсулотига алмаштирилувчи товар божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига мувофиқ таъмирлаш учун мўлжалланган товар билан айнан бир хил ёхуд унга ўхшаш бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида товар таъмирланаётганда қайта ишлаш маҳсулотини алмаштириш учун контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) тегишли қоидалари ва (ёки) товарларни таъмирлаётган шахснинг кафиллик мажбуриятлари асос бўлади.



79-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлашга олиб кирилган

товарларнинг қолдиқлари ва чиқиндилари

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома олган шахс қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган чиқиндиларни, шунингдек қайта ишланмаган олиб кирилган товар қолдиқларини ушбу Кодексда белгиланган шартлар асосида тегишли божхона режимларига жойлаштирган ҳолда, ушбу Кодекснинг 75-моддасига мувофиқ белгиланган божхона ҳудудида қайта ишлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай тасарруф этиши керак.



80-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш

божхона режимини тугаллаш

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими олиб кирилган товарнинг қайта ишлаш маҳсулотларини ёки унинг қолдиқларини, шунингдек товарни қайта ишлаш чиқиндиларини товарни божхона ҳудудида қайта ишлашнинг ушбу Кодекс 75-моддасида белгиланган муддати тугайдиган кундан кечиктирмай олиб чиқиш ёхуд уларни бошқа божхона режимларига жойлаштириш билан тугалланиши керак.

Қайта ишлаш маҳсулотлари биттадан ортиқ туркумда олиб чиқилаётганда, қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасида кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш вақти-вақти билан, лекин уч ойда камида бир марта ва қайта ишлаш маҳсулотларининг охирги туркуми божхона чегараси орқали олиб ўтилган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай амалга оширилиши мумкин.

Қайта ишлаш маҳсулотлари миқдорининг божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномасида кўрсатилган миқдорга мувофиқлигини текшириб кўриш натижалари бўйича божхона органи рухсатнома олган шахс билан биргаликда далолатнома тузади. Агар олиб чиқилган қайта ишлаш маҳсулотларининг миқдори текшириб кўриш натижасида рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқлиги аниқлангудек бўлса, божхона органи қўшимча божхона тўловлари тўлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай ҳолда божхона органи рухсатнома олган шахсга қарор қабул қилинган куннинг эртасидан кечиктирмай ёзма шаклда хабар қилиши шарт. Агар бундай тўловларни тўлаш ёзма хабар олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида амалга оширилса, уларнинг суммаларига пеня ҳисобланмайди.

Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирган шахс божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилганлиги тўғрисидаги маълумотларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими амал қилиши тугаган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида солиштириб чиқиши шарт.



81-модда. Қайта ишлаш маҳсулотларига, қолдиқларга

ва чиқиндиларга нисбатан божхона тўловларини

ҳамда иқтисодий сиёсат чораларини қўллаш

Олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулоти, қолдиқлар ва чиқиндилар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан, шунингдек иқтисодий сиёсат чоралари қўллашдан озод этилади, бундан ушбу Кодекснинг 82-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Қайта ишлаш маҳсулотларини эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда божхона божлари ва солиқлар қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қийматидан ва (ёки) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган сонидан ҳамда товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган, уларга нисбатан қўлланиладиган божхона тўловларининг ставкаларидан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Қайта ишлаш маҳсулотлари уларнинг чиқиш нормаларида белгиланганидан кам миқдорда олиб чиқилган тақдирда, бундай фарққа нисбатан ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган тартибда божхона тўловлари тўланади.

Товарларнинг қайта ишлаш чиқиндилари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган тақдирда улар божхона ҳудудига шу ҳолатда олиб кирилганидаги каби божхона тўловлари тўланиши керак.



82-модда. Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона

режимини қўллашга доир тақиқлар ва чекловлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

товарларнинг муайян турларига нисбатан божхона ҳудудида қайта ишлашга йўл қўйилмаслиги ҳолларини;

товарларнинг муайян турларини божхона ҳудудида қайта ишлаш бўйича айрим операцияларни ўтказишга доир чекловларни;

товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришга доир миқдорий чекловларни белгилаши мумкин.



13-БОБ. ВАҚТИНЧА САҚЛАШ


83-модда. Вақтинча сақлаш божхона режими

Вақтинча сақлаш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ҳар қандай товар тайинланган божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб ва танланган божхона режимига мувофиқ чиқариб юборилгунига қадар, шунингдек ушбу Кодекснинг 177-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва шартларда, божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда вақтинча божхона назорати остида сақланиши мумкин.



84-модда. Товарни вақтинча сақлаш божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Вақтинча сақлаш божхона режимига ҳар қандай товар, шу жумладан илгари бошқа божхона режимига жойлаштирилган товар жойлаштирилиши мумкин.

Божхона ҳудудига олиб кирилиши ва бу ҳудуддан олиб чиқилиши тақиқланган товарлар ушбу Кодекс 24-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ вақтинча сақлаш божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.

Вақтинча сақлаш божхона режимида турган товарни сақлаш божхона омборида ёки божхона назорати зоналарида, уларнинг мазкур божхона режимида туриши муддатларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.



85-модда. Товарнинг вақтинча сақлаш божхона

режимида туриш муддати

Товарнинг вақтинча сақлаш божхона режимида туриш муддати ана шу товарнинг мазкур божхона режимига жойлаштирилишини маълум қилган ваколатли шахс томонидан белгиланади, лекин бу муддат, агар ушбу Кодекснинг 177-моддасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, олтмиш календарь кундан ошмаслиги лозим.

Тез бузиладиган товар вақтинча сақлаш божхона режимида туришининг энг кўп муддати ўн календарь кунни ташкил этади.

Божхона омборларида, эркин омборларда ёки бож олинмайдиган савдо дўконларида турган товар уларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин, ушбу Кодекснинг 177-моддасида белгиланган муддатларда вақтинча сақлаш божхона режимида турган товар деб ҳисобланади.

Вақтинча сақлаш божхона режимининг амал қилиш муддатини ҳисоблаш товар ушбу Кодекснинг 177-моддасига ва 226-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ вақтинча сақлаш божхона режимида турган товар мақомини олган кундан эътиборан бошланади.



86-модда. Товарни вақтинча сақлаш божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжат

Товарни вақтинча сақлаш божхона режимига жойлаштириш учун декларант томонидан божхона органига ушбу Кодекснинг 267-моддасига мувофиқ тузилган қисқа божхона юк декларацияси тақдим қилинади.

Қисқа божхона юк декларацияси товар божхона органига тақдим этилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан ташувчи ёки бошқа ваколатли шахс томонидан берилади. Агар товар шу муддат ичида бошқа божхона режимига жойлаштирилса, қисқа божхона юк декларацияси берилмайди.

Товарни вақтинча сақлаш божхона режимига жойлаштиришда божхона органи ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли эмас.



87-модда. Вақтинча сақлаш божхона режимига жойлаштирилган

товар билан амалга ошириладиган операциялар ва ҳаракатлар

Божхона омборининг эгалари ёки ваколатли шахслар вақтинча сақлаш божхона режимига жойлаштирилган товар билан қуйидаги операциялар ва ҳаракатларни божхона органини хабардор қилган ҳолда амалга ошириши мумкин:

товарни кўздан кечириш ва ўлчаш;

ушбу Кодекснинг 211-моддасига мувофиқ товарни тадқиқ этиш ва идентификациялаш учун унинг намуналари ва нусхаларини олиш;

товарнинг ўзгармас ҳолатда бут сақланиши учун зарур операцияларни амалга ошириш, шу жумладан бузилган ўров-идишларни тўғрилаш;

вақтинча сақлаш жойи доирасида товарнинг ўрнини ўзгартириш.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган операциялар ва ҳаракатларнинг амалга оширилиши товарнинг йўқотилишига ёки унинг хоссалари ўзгаришига олиб келса, мазкур операциялар ва ҳаракатларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Товарнинг намуналари ва нусхаларига нисбатан улар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганидаги каби божхона тўловлари тўланиши ёки уларнинг тўланиши таъминланиши зарур, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно, агар ваколатли шахснинг ёзма мажбуриятига мувофиқ:

товар кейинчалик бошқа божхона режимига жойлаштирилган тақдирда намуналар ва нусхалар божхона юк декларациясига киритилса;

намуналар ва нусхалар товар сақланадиган муддат ичида божхона омборига қайтарилса, лекин бу муддат ўттиз календарь кундан ошмаслиги лозим.

Вақтинча сақлаш божхона режимида турган товарнинг бир божхона омборидан бошқасига божхона назорати остида олиб ўтилишига ушбу Кодекс 85-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган муддат тугагунига қадар йўл қўйилади. Бунда товарнинг вақтинча сақлаш божхона режимида туриши муддатининг ўтиши узилмайди ва тўхтатиб қўйилмайди.



88-модда. Вақтинча сақлаш божхона режимида

турган даврида яроқсиз ҳолга келган, бузилган

ёки шикастланган товарни тасарруф этиш

Вақтинча сақлаш божхона режимида турган даврида авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган товар ваколатли шахс томонидан танланган божхона режимига товар шу ҳолатда божхона ҳудудига олиб кирилганидаги каби жойлаштирилиши лозим. Мазкур ҳолатлар ваколатли шахс ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланиши керак.



89-модда. Вақтинча сақлаш божхона режимини тугаллаш

Вақтинча сақлаш божхона режимида туриш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай товар бошқа божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилиниши керак.

Товар бошқа божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан уч кун ичида вақтинча сақлаш жойидан олиб чиқилиши керак, бундан товар божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган ҳоллар мустасно.



14-БОБ. БОЖХОНА ОМБОРИ


90-модда. Божхона омбори божхона режими

Божхона омбори божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун мўлжалланган товар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда муайян биноларда (жойларда) божхона назорати остида сақланади.



91-модда. Товарни божхона омбори божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Божхона омбори божхона режимига ҳар қандай товар, шу жумладан илгари бошқа божхона режимига жойлаштирилган товар жойлаштирилади, қуйидагилар бундан мустасно:

божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товар;

божхона ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган Ўзбекистон товари;

қонунчиликка мувофиқ божхона ҳудуди орқали транзит қилиниши тақиқланган товар;

божхона омбори божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилинган кундаги яроқлилик муддати ушбу Кодекснинг 94-моддасига мувофиқ маълум қилинадиган муддатдан кам бўлган дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари.

Божхона омбори божхона режимида турган товарни сақлаш божхона омборида амалга оширилиши керак, бундан ушбу Кодекснинг 93-моддасида белгиланган ҳоллар мустасно.

Вақтинча олиб кириш ёки божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида турган товар ушбу режимларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадида божхона омбори божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.



92-модда. Товарни божхона омбори божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни божхона омбори божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.



93-модда. Божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган

товарни божхона омбори ҳисобланмайдиган жойларда сақлаш

Олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган товар божхона омбори ҳисобланмайдиган жойда тургани ҳолда божхона омбори божхона режимига қуйидаги ҳолларда ваколатли шахснинг аризасига кўра жойлаштирилади:

товар ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, унинг ташқи ўлчамлари, физик кўрсаткичлари туфайли ёки кимёвий хоссаларига кўра ёхуд сақланишига доир алоҳида шартлар қўйилиши туфайли божхона омборига жойлаштирилиши мумкин бўлмаса;

товар етказиб бериладиган жойда божхона омбори мавжуд бўлмаса.

Божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товар божхона омбори ҳисобланмайдиган жойларда сақланаётганда қуйидаги шартларга риоя этилиши лозим:

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тақдим этилганлиги;

товар билан боғлиқ юк операцияларини бажаришга, шунингдек уни исталган бошқа жойга кўчиришга божхона назорати остида йўл қўйилиши;

божхона омбори божхона режимида турган даврида товарни ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш учун бошқа шахсларга ўтказишга йўл қўйилмаслиги, бундан ушбу Кодекснинг 96-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган шартларга риоя этиш ҳарбий юкларга, инсонпарварлик ёрдами, техник кўмак сифатида олиб кириладиган товарларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарз (кредит) маблағлари, грантлар ҳисобидан олиб кириладиган товарларга, шунингдек олиб кирилаётган Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига, чет эл валютасига нисбатан татбиқ этилмайди.

Товар тегишли божхона режимига жойлаштирилмаган ҳолда йўқотилган ёки бошқа шахсларга бериб юборилган тақдирда божхона тўловларини тўлаш олиб кирилаётган товар божхона омбори ҳисобланмайдиган жойда туравергани ҳолда уни божхона омбори божхона режимига жойлаштирган шахс томонидан амалга оширилади.



94-модда. Товарнинг божхона омбори божхона

режимида туриш муддати

Товарнинг божхона омбори божхона режимида туриш муддати уч йилни ташкил этади.

Товарни божхона омбори божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимини унинг амал қилиш муддати ушбу Кодекснинг 98-моддасига мувофиқ тугагунига қадар тугаллаш ҳуқуқига эга.

Яроқлилик, сақлаш, ишлатиш ва (ёки) реализация қилиш муддати чекланган товар мазкур муддат тугагунига қадар камида бир юз саксон календарь кундан кечиктирмай бошқа божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилиниши ва божхона омборидан олиб чиқилиши керак.



95-модда. Божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган

товар билан амалга ошириладиган операциялар ва ҳаракатлар

Ваколатли шахслар божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товар билан божхона органини хабардор қилган ҳолда қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

товарнинг ўзгармас ҳолатда бут сақланишини таъминлаш учун зарур операцияларни бажариш;

товарни текшириш, кўздан кечириш ва ўлчаш;

божхона омбори ичида товарнинг жойини ўзгартириш, башарти мазкур ўзгартириш товарнинг ҳолати ўзгаришига, унинг ўров-идиши бузилишига ва (ёки) қўйилган божхона идентификациялаш воситаларининг ўзгаришига олиб келмаса;

ушбу Кодекснинг 211-моддасига мувофиқ тадқиқ этиш ва идентификациялаш учун товарнинг намуналари ва нусхаларини олиш;

товарни сотишга ва ташишга тайёрлаш учун зарур операцияларни бажариш, шу жумладан туркумларга бўлиш, жўнатмаларни шакллантириш, саралаш, ўраш-жойлаш, қайта ўраш-жойлаш, тамғалаш (акциз маркалари бундан мустасно), бошқа шу каби операцияларни, шу жумладан оддий йиғиш операцияларини бажариш;

товарнинг сифатини яхшилаш учун зарур бошқа операцияларни бажариш, бундан товарни аралаштириш, қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш мустасно.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган операциялар ва ҳаракатларнинг бажарилиши товарнинг йўқотилишига ёки хоссаларининг ўзгаришига олиб келса, ушбу операциялар ва ҳаракатларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Товарнинг намуналари ва нусхаларига нисбатан улар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилганида бўлгани каби божхона тўловлари тўланиши ёки бундай тўловларни тўлаш таъминланиши зарур, бундан товарни кейинчалик бошқа божхона режимига жойлаштиришда намуналар ва нусхаларнинг божхона юк декларациясига киритилиш ҳоллари мустасно.

Божхона омбори божхона режимида турган товарни ушбу Кодекс 94-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар тугагунига қадар божхона назорати остида бир божхона омборидан бошқасига олиб ўтишга йўл қўйилади. Бунда товарнинг божхона омбори божхона режимида туриши муддатининг ўтиши узилиб қолмайди ва тўхтатиб турилмайди.



96-модда. Божхона омбори божхона режимига

жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказиш

Божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказишга, унга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

товарни ёки унга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказувчи ваколатли шахс божхона органини олдиндан ёзма шаклда хабардор этади;

товарга бўлган ҳуқуқни олувчи ваколатли шахс ушбу товарга нисбатан танланган божхона режими талаблари ва шартларига риоя этган ҳолда божхона декларациясини божхона органига тақдим этади.

Ваколатли шахснинг товарга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқи божхона декларацияси божхона органига берилган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади. Божхона декларацияси берилган пайтда мазкур шахсда божхона режимига риоя этилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар юзага келади.



97-модда. Божхона омбори божхона режимида

турган даврда яроқсиз ҳолга келган, бузилган

ёки шикастланган товарни тасарруф этиш

Божхона омбори божхона режимида турган даврда авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган товар ваколатли шахс томонидан танланган божхона режимига у шу ҳолатда божхона ҳудудига олиб кирилган товар каби жойлаштирилиши лозим. Мазкур ҳолатлар ваколатли шахс ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланиши керак.



98-модда. Божхона омбори божхона режимини тугаллаш

Божхона омбори божхона режимида туриш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай товар бошқа божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилиниши керак, бундан вақтинча сақлаш божхона режими мустасно.

Бошқа божхона режимига жойлаштирилган кундан эътиборан уч иш куни ичида товар божхона омборидан олиб чиқилиши керак.

Илгари вақтинча олиб кириш ёки божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида турган товарни ундан кейинчалик божхона ҳудудида ушбу божхона режимига мувофиқ фойдаланиш мақсадида божхона омборидан олиб чиқишда вақтинча олиб кириш ёки божхона ҳудудида қайта ишлаш муддатининг ўтиши тикланади.



99-модда. Товарнинг божхона омбори божхона

режимида туриш муддати тугаганидан кейин

у билан амалга ошириладиган ҳаракатлар

Ушбу Кодекс 98-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган талабга риоя этилмаган тақдирда, божхона органи божхона омбори божхона режимида туриш муддати тугаган товарга нисбатан қарор қабул қилиниши учун судга мурожаат этади.



15-БОБ. ЭРКИН ОМБОР


100-модда. Эркин омбор божхона режими

Эркин омбор божхона режими шундай режимки, бунда товар муайян жойлар ва ҳудудларда божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда жойлаштирилади.



101-модда. Товарни эркин омбор божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Эркин омбор божхона режимига ҳар қандай товар жойлаштирилади, бундан божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товар ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқилиши тақиқланган Ўзбекистон товари мустасно.

Бошқа товарларга зарар етказиши мумкин бўлган ёки алоҳида шароитларда сақлаш талаб этиладиган товарлар махсус мослаштирилган биноларда сақланиши лозим.

Илгари бошқа божхона режимларига жойлаштирилган товарлар эркин омбор божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.



102-модда. Товарни эркин омбор божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни эркин омбор божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.



103-модда. Эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган

товар билан амалга ошириладиган операциялар

Эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товар билан қуйидаги операциялар амалга оширилиши мумкин:

товарнинг ўзгармас ҳолатда бут сақланишини таъминлаш операциялари;

товарни сотишга ва ташишга тайёрлаш операциялари, шу жумладан туркумларга бўлиш, жўнатмаларни шакллантириш, саралаш, ўраш-жойлаш, қайта ўраш-жойлаш, тамғалаш операциялари (акциз маркалари бундан мустасно) ва бошқа шу каби операциялар;

оддий йиғиш операциялари;

товардан эркин омборда ишлатиладиган технологик ускуна ва унинг эҳтиёт қисмлари, юклаш-тушириш техникаси, бошқа техник воситалар сифатида фойдаланиш операциялари.

Эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган товар билан айрим операцияларни амалга оширишга қонунчиликка мувофиқ тақиқлар ва чекловлар белгиланиши мумкин.


104-модда. Товарнинг эркин омбор божхона

режимида туриши муддати

Товар эркин омбор божхона режимида чекланмаган муддатда туриши мумкин.



105-модда. Эркин омбор божхона режимида

божхона тўловларининг ва иқтисодий сиёсат

чораларининг қўлланилиши

Эркин омбор божхона режимида турган товар эркин муомалага чиқариш (импорт) ёки экспорт божхона режимига жойлаштирилаётганда, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарнинг ишлаб чиқарилган мамлакатига боғлиқ равишда божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилади.

Эркин омбор божхона режимига жойлаштирилган ва божхона ҳудудига олиб кириладиган чет эл товарига нисбатан, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу товар бевосита божхона ҳудуди ташқарисидан олиб кирилганидаги каби божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилади.

Ўзбекистон товари эркин омбордан божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилаётганда унга нисбатан божхона ҳудудидан олиб чиқишда қўлланилганидаги каби божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилади.

Эркин омбордан божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат бўлмаган тақдирда бундай товар унга божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўллаш мақсадида Ўзбекистон товари сифатида, бошқа мақсадларда эса, чет эл товари сифатида қаралади.

Агар товар олиб чиқилаётганда божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилиши ёки тўланган суммалар қайтарилиши назарда тутилган бўлса, эркин омбор божхона режимига жойлаштириладиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига экспорт божхона режимида олиб чиқиш мўлжалланган товар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади ёки тўланган суммалар қайтарилади. Бундай товарни олиб чиқиш божхона божлари, солиқлар суммалари қайтарилган ёки уларни тўлашдан озод қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай амалга оширилиши керак.

Эркин омборлардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши лозим бўлган товар божхона ҳудудига қайтарилган ёки уни олиб чиқиш белгиланган муддатлар ичида амалга оширилмаган тақдирда божхона божлари ва солиқлар тўланади.



16-БОБ. ЭРКИН БОЖХОНА ЗОНАСИ


106-модда. Эркин божхона зонаси божхона режими

Эркин божхона зонаси божхона режими шундай режимки, бунда товар муайян жойлар ва ҳудудларда божхона тўловлари тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда жойлаштирилади ва шу тарзда ундан фойдаланилади.



107-модда. Товарларни эркин божхона зонаси божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Эркин божхона зонаси божхона режимига ҳар қандай товар жойлаштирилади, бундан божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарлар ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқилиши тақиқланган Ўзбекистон товарлари мустасно.

Эркин божхона зонаси фаолият кўрсатишини таъминлаш учун зарур Ўзбекистон товарларига нисбатан эркин божхона зонаси божхона режими қўлланилмайди.

Бошқа товарларга зарар етказиши мумкин бўлган ёки алоҳида шароитларда сақлаш талаб этиладиган товарлар махсус мослаштирилган биноларда сақланиши лозим.



108-модда. Товарни эркин божхона зонаси божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштириладиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



109-модда. Эркин божхона зонаси божхона

режимига жойлаштирилган товар билан

амалга ошириладиган операциялар

Эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштирилган товар билан операциялар эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштирилган товар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.

Эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштирилган товар билан айрим операцияларни амалга оширишга қонунчиликка мувофиқ тақиқлар ва чекловлар белгиланиши мумкин.


110-модда. Товарнинг эркин божхона зонаси

божхона режимида туриши муддатлари

Товар эркин божхона зонаси божхона режимида чекланмаган муддатда туриши мумкин.



111-модда. Эркин божхона зонаси божхона режимида

божхона тўловларининг қўлланилиши

Эркин божхона зонаси божхона режимида божхона тўловлари ушбу Кодекснинг 105-моддаси талаблари инобатга олинган ҳолда, эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ундирилади.



112-модда. Эркин божхона зонасини ташкил этиш

Эркин божхона зонаси эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчиликда белгиланадиган тартибда ташкил этилади.



17-БОБ. БОЖ ОЛИНМАЙДИГАН САВДО


113-модда. Бож олинмайдиган савдо божхона режими

Бож олинмайдиган савдо божхона режими шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудининг божхона органлари томонидан белгиланган жойларида божхона божлари, солиқлар тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида туради ҳамда реализация қилинади.

Бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилган чет эл товарлари, шунингдек Ўзбекистон товарлари божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган ва божхона ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахсларга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эллик шахсларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет эллик шахсларга ушбу бобда белгиланган шартларда чакана ҳолда реализация қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтмаётган жисмоний шахсларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган чет эллик шахсларга бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларни реализация қилишга (сотиб олишга) рухсат этилмайди.

Бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилган товарларни реализация қилиш бож олинмайдиган савдо дўконларида божхона назорати остида амалга оширилади.



114-модда. Товарни бож олинмайдиган савдо божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Бож олинмайдиган савдо божхона режимига ҳар қандай товарлар жойлаштирилади, бундан рўйхати қонунчиликда белгилаб қўйилган товарлар мустасно.

Бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштириладиган товарни декларациялаш бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган шахс томонидан амалга оширилади.

Товарлар бож олинмайдиган савдо божхона режимида чекланмаган муддатда туриши мумкин.

Бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилган товарлар билан қуйидаги операциялар амалга оширилиши мумкин:

товар реализация қилингунига қадар унинг ўзгармас ҳолатда бут сақланишини таъминлаш операциялари;

товарларни сотишга тайёрлаш бўйича, шу жумладан саралаш, ўраш-жойлаш, қайта ўраш-жойлаш, тамғалаш операциялари (акциз маркалари бундан мустасно).

Бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилган товар реализация қилингунига қадар ўзгармас ҳолатда қолиши керак, бундан истеъмол қилиш учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш учун фойдаланиладиган товар мустасно.

Бож олинмайдиган савдо дўконида реализация қилинадиган товарлар товарнинг бож олинмайдиган савдо дўконига мансублигини англатувчи махсус тамғага эга бўлиши ва чакана сотиш учун олдиндан ўраб, жойланган бўлиши керак.



115-модда. Товарни бож олинмайдиган савдо

божхона режимига жойлаштириш учун

зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига божхона юк декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.



18-БОБ. БОЖХОНА ТРАНЗИТИ


116-модда. Божхона транзити божхона режими

Божхона транзити божхона режими шундай режимки, бунда:

олиб кирилган товар жўнатувчи божхона органи ва товар келиб тушадиган божхона органи орасидаги божхона ҳудуди бўйлаб, шу жумладан, чет давлат ҳудуди орқали божхона назорати остида;

Ўзбекистон товарлари божхона чегарасида жойлашган жўнатувчи божхона органи ва товар келиб тушадиган божхона органи орасидаги чет давлат ҳудуди бўйлаб божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, шунингдек иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб ўтилади.

Қайси божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида товарларни божхона назорати остида ташиш бошланадиган бўлса, ўша божхона органи жўнатувчи божхона органи ҳисобланади.

Қайси божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида товарларни божхона назорати остида ташиш тугалланадиган бўлса, ўша божхона органи товар келиб тушадиган божхона органи ҳисобланади.



117-модда. Товарни божхона транзити божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Ҳар қандай товар қуйидаги талабларга ва шартларга риоя этилган ҳолда божхона транзити божхона режимига жойлаштирилади:

товарнинг божхона ҳудуди орқали транзити Ўзбекистон Республикаси қонунчиликка ва халқаро шартномаларига мувофиқ тақиқланмаган бўлса;

агар қонунчиликка мувофиқ товарнинг божхона ҳудуди бўйлаб транзитига фақат тегишли рухсатномалар асосида йўл қўйилса, товарга нисбатан шундай рухсатномалар мавжуд бўлса.

Божхона транзити божхона режимида товарни ташиш ушбу Кодекснинг 31-бобида белгиланган талаблар ва шартларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари, қувур транспорти орқали ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарлар божхона транзитининг божхона расмийлаштируви ушбу Кодекснинг 24 ва 25-бобларига мувофиқ амалга оширилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш шарти билан божхона ҳудуди орқали божхона транзитига йўл қўйиладиган товарларнинг рўйхати қонунчиликда белгиланади.

Айрим турдаги товарларнинг божхона ҳудуди орқали божхона транзити божхона режимида олиб ўтилишига нисбатан қонунчилик билан бошқа талаблар ва шартлар ҳам белгиланиши мумкин.

Товарни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш ушбу Кодекснинг 3-бобига мувофиқ божхона органи хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади.



118-модда. Товарни божхона транзити божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни божхона транзити божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига транзит декларациясини ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда транзити амалга ошириладиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



119-модда. Божхона транзити божхона режимига мувофиқ

божхона ҳудуди бўйлаб олиб ўтиладиган товар билан амалга

ошириладиган юк операциялари ва бошқа операциялар

Божхона транзити божхона режимида турган товар билан оралиқ божхона органи назорати остида қуйидаги юк операцияларини ва бошқа операцияларни бажаришга йўл қўйилади:

товарни божхона ҳудудига олиб кирган транспорт воситасидан олиб, шу ҳудуддан олиб чиқадиган транспорт воситасига юклаш;

божхона транзити божхона режимининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш учун, шу жумладан товар ташилаётган транспорт воситаси бузилиб қолган тақдирда шундай қилиш учун вақтинча сақлаш жойларида товарни тушириш ва вақтинча жойлаб қўйиш (сақлаш, туркумларга бўлиш ёки туркумларга тўплаш ва бошқа шу каби операциялар). Товарни вақтинча жойлаб қўйиш муддати мазкур операцияларни бажариш учун кетадиган вақтдан ёхуд транспорт воситасини таъмирлаш-тиклаш ишларига кетадиган вақтдан келиб чиққан ҳолда ташувчи томонидан белгиланади, бироқ бу муддат товарнинг вақтинча сақлаш божхона режимида туришининг энг кўп муддатларидан ошмаслиги керак.

Ўзининг фаолият кўрсатиш зонасида божхона назорати остида ташилаётган товар билан рухсат этилган юк операциялари ва бошқа операциялар амалга ошириладиган божхона органи оралиқ божхона органи ҳисобланади.

Агар бажариладиган операциялар товар устидан бундан буёнги божхона назоратини амалга ошириш имкони бўлмаслигига олиб келса, оралиқ божхона органи ушбу товар билан операцияларни амалга оширишни тақиқлашга ҳақли.

Авария, енгиб бўлмас куч таъсири ёки божхона транзити божхона режимига мувофиқ товарнинг ташилишига тўсқинлик қиладиган бошқа ҳолатларда, ташувчи товарнинг ва транспорт воситасининг бут сақланишини таъминлаш учун барча чораларни кўриши, энг яқин божхона органига ушбу ҳолатлар ва товар турган жой тўғрисида дарҳол хабар қилиши, шунингдек товарни энг яқин божхона органига ёки божхона органи кўрсатган бошқа жойга ташиб ўтиши ёки ташилишини таъминлаши шарт.



120-модда. Божхона транзити божхона режимини тугаллаш

Божхона транзити божхона режими олиб кирилган товарни божхона ҳудудидан олиб чиқиш билан ёки Ўзбекистон товарини божхона ҳудудига олиб кириш билан тугалланади.

Товарни жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органигача божхона транзитининг муддати товарларни ташишнинг одатий муддатларига мувофиқ, транспортнинг тури ва транспорт воситасининг имкониятлари, йўналиши, бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда ва (ёки) декларантнинг ёки, агар ташувчи божхона транзити божхона режими декларанти сифатида иш юритмаган бўлса, ташувчининг аризасидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек ҳайдовчининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ меҳнат қилиш ҳамда дам олиш режими талаблари инобатга олинган ҳолда, жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланади, лекин бу муддат божхона транзитининг энг кўп муддатидан ошмаслиги керак.

Божхона транзити божхона режимининг энг кўп муддати божхона транзити учун хабарнома берилган кундан эътиборан белгиланадиган қуйидаги ҳисоб-китоб муддатидан ошмаслиги лозим:

ҳаво транспорти учун - уч календарь кун;

ер усти ва сув транспорти учун - ўн беш календарь кунда бир минг километр.

Ваколатли шахс товарни ва ушбу Кодекснинг 18-моддасида назарда тутилган ҳужжатларни товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланган муддатда тақдим этиши шарт.

Товар келиб тушадиган божхона органи божхона транзити божхона режимини тугаллаш учун зарур операцияларни бажаради.

Ваколатли шахснинг аризасига кўра божхона транзити божхона режимини оралиқ божхона органида қуйидаги йўллар билан тугаллашга йўл қўйилади:

товарни алоҳида туркумлар билан ва (ёки) жўнатувчи божхона органи томонидан илгари белгиланганидан бошқа товар келиб тушадиган божхона органлари орқали олиб чиқиш йўли билан. Товарлар алоҳида туркумлар билан олиб чиқилганда товарнинг охирги туркуми божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан кейин божхона транзити божхона режими тугалланган ҳисобланади;

ушбу Кодекснинг талаблари ва шартларига риоя этилган ҳолда товарни бошқа божхона режимларига жойлаштириш йўли билан.

Зарур бўлган ҳолларда, оралиқ божхона органи ваколатли шахснинг аризасида кўрсатилган муддатга мувофиқ божхона транзити божхона режимини тугаллашнинг бошқа муддатини белгилайди.



19-БОБ. ЙЎҚ ҚИЛИШ


121-модда. Йўқ қилиш божхона режими

Йўқ қилиш божхона режими шундай режимки, бунда чет эл товари божхона тўловлари тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади.


122-модда. Товарни йўқ қилиш божхона режимига

жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товарларни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштиришга, агар йўқ қилинадиган товарлар ўзининг истеъмол хоссаларини тўлиқ йўқотадиган бўлса ва уларнинг дастлабки ҳолатини иқтисодий фойдали усулда тиклаб бўлмаса, йўл қўйилади.

Қуйидаги товарларнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди:

маданий бойликларнинг;

йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларининг, уларнинг қисмлари ва дериватларининг, бундан эпидемиялар ва эпизоотияларнинг олдини олиш мақсадида йўқ қилиниши талаб этиладиган ҳоллар мустасно.

Қуйидаги ҳолларда товарларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди, агар:

йўқ қилиш атроф муҳитга зарар етказиши ёхуд инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирса ёки хавф туғдириш эҳтимоли бўлса;

йўқ қилиш товарларнинг одатий мақсадига кўра уларни истеъмол қилиш орқали амалга оширилса;

божхона органи товарлар амалда йўқ қилинганлигини назорат қилиш имкониятига эга бўлмаса;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органининг йўқ қилишни амалга ошириш имконияти тўғрисидаги, уни амалга оширишнинг усули ва жойи кўрсатилган хулосаси божхона органларининг ахборот тизимида бўлмаса. Ушбу қисмнинг қоидалари авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида қайтариб бўлмас тарзда йўқотилган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Товарларни йўқ қилиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилиши мумкин:

товарларнинг батамом йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган термик, кимёвий, механик тарздаги ёки бошқа турдаги (ёқиб ташлаш, бузиб ташлаш, кўмиб ташлаш) таъсир кўрсатиш;

демонтаж қилиш, қисмларга ажратиш, механик усулда бузиш, шу жумладан тешиш, йиртиш, бошқа усулда шикаст етказиш, башарти бундай шикастланишлар товарларни кейинчалик тиклаш ва улардан дастлабки кўринишида фойдаланиш имкониятини истисно этса.

Товарларни йўқ қилиш табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда ваколатли шахс томонидан унинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Божхона омборида сақланаётган товарларни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш тўғрисида тегишли ваколатли давлат органининг товар истеъмолга ва фойдаланишга яроқсизлиги, шунингдек бундан буён уни сақлаш мумкин эмаслиги ҳақидаги хулосасига кўра, ваколатли шахсга олдиндан ёзма хабар юборилган ҳолда божхона омборининг эгаси томонидан маълум қилиниши мумкин.



123-модда. Товарни йўқ қилиш божхона режимига

жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига:

божхона юк декларациясини;

товарнинг кузатув ҳужжатларини;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган шакл бўйича тузилган йўқ қилиш далолатномасини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда йўқ қилинадиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



124-модда. Товарни йўқ қилиш муддати ва жойи

Товарни йўқ қилиш муддати мазкур турдаги товарни йўқ қилиш операциясини амалга ошириш учун зарур бўладиган вақтдан келиб чиққан ҳолда божхона органи томонидан ваколатли шахснинг аризаси асосида белгиланади. Товарни йўқ қилиш маълум қилинган усулда ҳамда товарни турган жойидан йўқ қилиш жойига ташишга кетадиган вақт ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Товарни йўқ қилиш жойи экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органининг хулосаси инобатга олинган ҳолда ваколатли шахс томонидан белгиланади.


125-модда. Йўқ қилиш божхона режимини авария

ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ қилинган

ёки шикастланган товарларга нисбатан қўллаш

Йўқ қилиш божхона режими авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ қилинган ёки шикастланган товарларга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Товарларни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш тўғрисида маълум қилган шахс божхона органларига тегишли ваколатли органнинг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатларнинг мавжудлиги ҳамда товарлар шу ҳолатлар натижасида йўқ қилинганлиги ёки шикастланганлиги тўғрисидаги хулосасини тақдим этиши керак.

Авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ қилинган ёки шикастланган товарлар йўқ қилиш божхона режимига жойлаштирилаётганда ушбу Кодекс 122-моддаси биринчи қисмининг ва 127-моддасининг қоидалари қўлланилади.



126-модда. Йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириладиган

товарнинг божхона расмийлаштируви ва божхона назорати

Йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириладиган товарнинг божхона расмийлаштируви товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органи томонидан амалга оширилади.

Товар йўқ қилингунига қадар ваколатли шахс томонидан божхона органига товарни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш учун божхона юк декларациясини, шунингдек товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Товар божхона омборида сақланган тақдирда, йўқ қилиниши маълум қилинган товарни божхона омборидан олиб чиқиш учун божхона органи томонидан рўйхатга олинган божхона юк декларацияси асос бўлади.

Товарни йўқ қилиш жойигача етказиб бериш ва уни йўқ қилиш божхона назорати остида амалга оширилади.

Товарни йўқ қилиш факти бўйича божхона органинг мансабдор шахси, ваколатли шахс ва товарларни амалда йўқ қилиш чоғида ҳозир бўлган бошқа шахслар томонидан имзоланадиган йўқ қилиш далолатномаси тузилади.

Товарни йўқ қилиш далолатномаси товар амалда йўқ қилинганидан кейин бир иш куни ичида божхона органига тақдим этилади.

Божхона юк декларациясини тақдим этиш ва рўйхатдан ўтказиш йўқ қилишдан аввал, уни расмийлаштириш эса, товар йўқ қилинганидан кейин амалга оширилади.



127-модда. Товарни йўқ қилиш натижасида ҳосил

бўлган чиқиндиларни декларациялаш

Товарни йўқ қилиш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар улар шу ҳолатда божхона ҳудудига олиб кирилганида бўлгани каби бошқа божхона режимига жойлаштирилиши лозим, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Йўқ қилиш натижасида ҳосил бўлган ва кейинчалик фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келгунга қадар қайта ишланган чиқиндилар декларацияланмайди.



20-БОБ. ДАВЛАТ ФОЙДАСИГА ВОЗ КЕЧИШ


128-модда. Давлат фойдасига воз кечиш божхона режими

Давлат фойдасига воз кечиш божхона режими шундай режимки, бунда ваколатли шахс товардан воз кечади ҳамда уни божхона тўловлари тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда текинга давлат мулкига ўтказади.


129-модда. Товарни давлат фойдасига воз кечиш божхона

режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари

Товардан давлат фойдасига воз кечиш давлатнинг бирор-бир харажат қилишига сабаб бўлмаслиги керак.

Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига қуйидаги товар жойлаштирилмайди:

божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товар;

муомаладан чиқарилган ёки муомаласи чекланган товар;

агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида унга нисбатан ушбу органларнинг тегишли рухсатномаси бўлмаган товар.

Товардан давлат фойдасига воз кечган ваколатли шахс уни божхона органи томонидан белгиланадиган жойга етказиб бериш билан боғлик барча харажатларни ўз зиммасига олади.

Товар давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштирилганидан кейин ваколатли шахс мазкур божхона режимини бошқасига алмаштиришга ҳақли эмас.

Товарни давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштиришнинг қонунийлиги учун ҳар қандай учинчи шахс олдида жавобгарлик ваколатли шахснинг зиммасида бўлади.

Божхона органи:

ваколатли шахс давлат фойдасига воз кечган товарга нисбатан учинчи шахсларнинг бирор-бир мулкий талабини қаноатлантирмайди;

товар давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштирилгунига қадар ташувчининг, омбор эгасининг ёки бошқа шахсларнинг шу товарни ташиш, сақлаш, у билан юк операциялари ва бошқа операциялар ўтказиш билан боғлиқ бирор-бир харажатининг ўрнини қопламайди.



130-модда. Товарни давлат фойдасига воз кечиш божхона

режимига жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Товарни давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига:

божхона юк декларациясини;

давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштирилаётган товарни топшириш далолатномасини;

товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда давлат фойдасига воз кечиладиган товарга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади.



131-модда. Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига

жойлаштириладиган товарнинг божхона расмийлаштируви

Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштириладиган товарнинг божхона расмийлаштируви товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органи томонидан амалга оширилади.

Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштириладиган товар ваколатли шахс томонидан божхона органига топширилаётганда икки нусхада далолатнома тузилади. Далолатноманинг бир нусхаси божхона органида сақланади. Далолатноманинг иккинчи нусхаси ваколатли шахсга берилади.

Давлат фойдасига воз кечиш божхона режимига жойлаштирилган товар давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли органга қонунчиликда назарда тутилган тартибда топширилади.


21-БОБ. ТОВАРНИ БОЖХОНА РЕЖИМЛАРИГА

ЖОЙЛАШТИРИЛАЁТГАНДАГИ РУХСАТ

БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


132-модда. Рухсатнома олишни назарда

тутувчи божхона режимлари

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш божхона органи томонидан берилган тегишли рухсатнома асосида амалга оширилади.    


134-модда. Товарни божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида)

қайта ишлашга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида) қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ваколатли шахс товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш учун:

рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар бўлган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар), шунингдек ваколатли органларнинг ва (ёки) ваколатли ташкилотларнинг (шу жумладан божхона лабораторияларининг) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларини белгилаш учун муайян қайта ишлаш технологик жараёнига асосланган хулосалари, бундан қайта ишлаш операцияси таъмирлашдан иборат бўлган ҳоллар мустасно;

қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб чиқишга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб киришга доир контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) кўчирма нусхаси;

2) божхона ҳудудида қайта ишлаш учун:

рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган техник-иқтисодий асослар (ҳисоб-китоблар) (бундан устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фонди (устав капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар мустасно);

товарни қайта ишлаш маҳсулотларида божхона ҳудудида қайта ишлаш учун олиб кирилаётган товарни идентификациялашнинг ваколатли шахс томонидан белгиланган усули;

ваколатли шахс томонидан аниқланган қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини баҳолаш усули, бундан қайта ишлаш операцияси таъмирлашдан иборат бўлган ҳоллар мустасно;

қайта ишлашни амалга ошириш учун асос бўлган контрактнинг (шартноманинг, келишувнинг) ёки товарни қайта ишлаш учун олиб киришга ва қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқишга доир контрактларнинг (шартномаларнинг, келишувларнинг) кўчирма нусхаси.

Товарни божхона ҳудудидан ташқарида (ҳудудида) қайта ишлашга рухсатнома олиш учун ваколатли шахсдан ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.



135-модда. Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза

Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризанинг шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада ваколатли шахснинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада ваколатли шахснинг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг ўз аризаси бўйича қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарни ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигидир.

Ушбу Кодекснинг 134-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар ваколатли шахс томонидан божхона органига Интерактив давлат хизматларининг ягона портали орқали "бир дарча" принципи бўйича тақдим этилади.

Ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар божхона органи унинг аксини тасдиқламагунича барча ҳолларда тўғри деб ҳисобланади.

Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик ваколатли шахснинг зиммасида бўлади.



136-модда. Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш

Божхона органи тегишли рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани олганидан сўнг ушбу Кодексда назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя этилганлигини текширади.

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш ва божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда божхона органи:

ваколатли органларнинг рухсатномалари мавжудлигини текширади, агар товарлар ёки қайта ишлаш маҳсулотлари шу органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса;

қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилайди;

қайта ишлаш маҳсулотларининг мажбурий чиқиш нормаларини аниқлашда қийинчилик бўлган тақдирда ўрганиб чиқиш, тадқиқ этиш, текшириш ёки бошқа илмий ва техник жиҳатдан баҳо бериш учун учинчи шахсларни жалб қилади.



137-модда. Рухсатнома бериш тўғрисидаги

аризани кўриб чиқиш муддати

Божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга ёки божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.

Тегишли рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб ҳисобланади.

Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга тегишли рухсатномани бериши (жўнатиши) ёки рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақида уни ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши шарт. Рухсатнома ваколатли шахсга Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган шаклда берилади.

Агар божхона органи тегишли рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш, рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш муддати ичида ваколатли шахсга рухсатнома бермаган бўлса ёки беришни рад этмаган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат тугаганидан кейин ваколатли шахс божхона органини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда товарларни божхона органининг рухсатномаси олинишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш ҳуқуқига эга.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, божхона органи ваколатли шахснинг ёзма хабарини олганидан кейин беш иш куни ичида унга рухсатнома бериши шарт. Қабул қилиб олинган санаси кўрсатилган ариза ва ваколатли шахс томонидан божхона органига юборилган ёзма хабар рухсатнома олингунига қадар рухсатномага тенглаштирилади ҳамда товарларни божхона органининг рухсатномаси олинишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлади.



138-модда. Рухсатнома беришни рад этиш

Рухсатнома беришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

рухсатнома бериш учун зарур ҳужжатлар ваколатли шахс томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

товарларнинг ушбу Кодексга мувофиқ рухсатнома олинишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш учун белгиланган талаблар ва шартларга мос эмаслиги;

ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги.

Рухсатнома беришни бошқа асослар, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.

Рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабар рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва ваколатли шахс мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ваколатли шахсга топширилади (юборилади). Ваколатли шахс рад этиш сабабларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақида хабар олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ваколатли шахс рухсатнома беришни рад этишга асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш, ваколатли шахснинг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва уларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда божхона органи томонидан амалга оширилади. Ваколатли шахснинг ҳужжатлари такроран кўриб чиқилганлиги учун божхона йиғими ундирилмайди.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда божхона органи томонидан илгари хабарда баён қилинмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши мустасно.

Рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарда кўрсатилган муддат тугаганидан кейин ваколатли шахс томонидан топширилган ариза янги топширилган ариза ҳисобланади ва божхона органи томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

Ваколатли шахс рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек божхона органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



139-модда. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

товарларни тегишли божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари ваколатли шахс томонидан бузилганлиги аниқланганда;

божхона органининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини ваколатли шахс зиммасига юклайдиган қарори ваколатли шахс томонидан бажарилмаганда.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ва аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиғига ҳақиқий таҳдид вужудга келишининг олдини олиш муносабати билан ўн иш кунидан ошмайдиган муддатга рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.

Божхона органининг рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликдаги аниқ нормалар кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга етказилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд қарори қонунчиликда белгиланган муддатларда ваколатли шахсга етказилади.

Божхона органи ёки суд рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларнинг ваколатли шахс томонидан бартараф этилиш муддатини белгилаши шарт. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни ваколатли шахс томонидан бартараф этиш муддати рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор ваколатли шахс томонидан олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар ваколатли шахс томонидан бартараф этилган тақдирда рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган божхона органи ёки суд рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида қарор қабул қилиши шарт.

Божхона органи қабул қилинган қарор ҳақида ваколатли шахсни тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг бир иш куни ичида хабардор қилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



140-модда. Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш

Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ваколатли шахс рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган ёки фаолияти тўхтатилган пайтдан эътиборан, юридик шахс қайта ташкил этилганда эса - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан юридик шахснинг ўзгартирилиши мустасно;

тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;

жисмоний шахс вафот этганда, унинг муомала лаёқати белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар божхона органи ёки суд белгилаган муддатда ваколатли шахс томонидан бартараф этилмаганда;

божхона органининг рухсатнома бериш тўғрисидаги қарори ғайриқонуний эканлиги аниқланганда;

рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

амалга оширилиши учун божхона органининг рухсатномаси берилган бир марталик ҳаракат бажарилганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи, тўртинчи, бешинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар юзага келиши билан рухсатноманинг амал қилиши тугатилган деб ҳисобланади.

Рухсатноманинг амал қилиши ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолларда божхона органи томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда эса суд томонидан тугатилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори ваколатли шахсга ва божхона органига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги божхона органи қарори унинг амал қилиши тугатилишининг сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга етказилади. Рухсатноманинг амал қилиши тугатилган тақдирда, у божхона органига қайтарилмайди.

Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



141-модда. Рухсатномани қайта расмийлаштириш

ва унинг дубликатини бериш

Юридик шахс бўлган ваколатли шахс ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, юридик шахс бўлган аризачи ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилганидан кейин етти иш куни ичида божхона органига кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида ўзига берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси (меросхўри) қайта рўйхатдан ўтказилганидан кейин етти иш куни ичида божхона органига кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Жисмоний шахснинг (бундан тадбиркорлик субъекти бўлган жисмоний шахс мустасно) фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда товарларни тегишли божхона режимига жойлаштириш учун рухсатномани қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.

Рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар ваколатли шахс томонидан божхона органига бевосита ёки почта алоқаси воситалари орқали ёхуд электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади.

Рухсатнома қайта расмийлаштирилгунига қадар рухсатномани қайта расмийлаштириш ҳақида ариза берган ваколатли шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси божхона органи томонидан қабул қилиб олинган санаси қайд этилган ариза асосида унда кўрсатилган ҳаракатни бажаради.

Ваколатли шахсдан ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Рухсатномани қайта расмийлаштириш ва қайта расмийлаштирилган рухсатномани бериш тегишли ҳужжатлар илова қилинган қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза божхона органи томонидан олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида амалга оширилади.

Берилган рухсатнома йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, ваколатли шахснинг аризасига кўра божхона органи ариза олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида унинг дубликатини беради.

Рухсатномани қайта расмийлаштирганлик ва унинг дубликатини берганлик учун божхона йиғими ундирилмайди.



142-модда. Рухсатномани бекор қилиш

Рухсатнома қуйидагилар асосида бекор қилинади:

ваколатли шахснинг рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги аризасига кўра;

рухсатнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Рухсатнома ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолларда божхона органи томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса суд томонидан бекор қилинади.

Рухсатнома бекор қилинган тақдирда, у божхона органларига қайтарилмайди.

Рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори рухсатнома берилган санадан эътиборан амал қилади.

Рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



III БЎЛИМ. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИГА

ВА ТОВАРЛАРНИНГ АЙРИМ ТОИФАЛАРИГА

НИСБАТАН БОЖХОНА РЕЖИМЛАРИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ


22-БОБ. ТИЖОРАТ МАҚСАДЛАРИДА

ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИ ОЛИБ ЎТИШ


143-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситалари

Божхона назоратида турган товарларни ва (ёки) йўловчиларни ҳақ эвазига ёки бепул ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситаси тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасидир.

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган, транспорт воситаси билан бирга ташиладиган стандарт эҳтиёт қисмлар, ашёлар ва ускуналар, стандарт баклардаги мойлаш материаллари ва ёқилғи, шунингдек ашё-анжомлар божхона мақсадлари учун мазкур транспорт воситасининг ажралмас қисми деб қаралади. Ашё-анжомларга қуйидагилар киради:

ҳаракатланиш йўлида ёки оралиқ тўхтаб ўтиш ёхуд тўхтаб туриш жойларида дарё ва ҳаво кемалари, поездлар, шунингдек автотранспорт воситалари нормал ишлатилишини ҳамда уларга техник хизмат кўрсатилишини таъминлаш учун зарур бўлган товарлар;

дарё ва ҳаво кемаларининг бортида, автотранспорт воситаларида йўловчилар ва экипажлар аъзолари истеъмол қилиши учун ёки поездларда йўловчилар ва поезд бригадаларининг ходимлари истеъмол қилиши учун мўлжалланган товарлар, бу ашё-анжомлар сотилишидан ёки сотилмаслигидан қатъий назар;

дарё ва ҳаво кемаларининг, поездларнинг, шунингдек автотранспорт воситаларининг йўловчиларига ҳамда экипаж аъзоларига мазкур ашё-анжомларини транспорт воситаларида истеъмол қилиш мақсадисиз сотиш учун мўлжалланган товарлар.



144-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт

воситаларига нисбатан қўлланиладиган божхона режимлари

Бирор-бир божхона режимига товар сифатида жойлаштирилиши маълум қилинмаган, тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасига божхона расмийлаштируви амалга оширилган пайтдан эътиборан, тегишинча вақтинча олиб кириш ёки вақтинча олиб чиқиш божхона режимига ушбу божхона режимлари шартларига шахсларнинг риоя этиши мажбуриятлари билан жойлаштирилган товар сифатида қаралади.



145-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт

воситасини божхона ҳудудига вақтинча олиб кириш

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини божхона тўловлари тўлашдан шартли озод этилган ҳолда божхона ҳудудига вақтинча олиб киришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади, агар у:

чет давлат ҳудудида рўйхатдан ўтказилган бўлса;

товарларни ва йўловчиларни тижорат мақсадида ташиш учун фойдаланилаётган бўлса;

божхона ҳудудига чет эллик шахс ёхуд чет эллик шахс ваколат берган Ўзбекистон Республикаси юридик ёки жисмоний шахси томонидан олиб кирилаётган бўлса;

ижара шартномасининг предмети ёки мазкур транспорт воситасига бўлган ҳуқуқни Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахсига транспорт операциясини транспорт воситасини божхона ҳудудидан қайтариб олиб чиқиш йўли билан тугаллашдан ўзга мақсадда ўтказишни назарда тутувчи бошқа шартнома предмети бўлмаса.

Вақтинча олиб кирилган транспорт воситасига нисбатан мулк ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахсига ўтган бўлса, тегишли божхона режимига жойлаштирилиши лозим.

Транспорт воситаси ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлмаган ҳолларда, шунингдек божхона тўловларини тўлашдан шартли озод этишни қўллаш шартларига риоя этилмаган тақдирда, транспорт воситасига ушбу Кодексда белгиланган тартибда даврий божхона тўловлари қўлланиладиган вақтинча олиб кириладиган товар сифатида қаралади.



146-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситасини вақтинча олиб кириш муддати

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини вақтинча олиб кириш муддати ташувчининг ёки ваколатли шахснинг аризасидан келиб чиққан ҳолда ва мўлжалланаётган транспорт операциясининг барча ҳолатлари ҳисобга олинган ҳолда божхона органи томонидан белгиланади. Бунда тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини божхона тўловларидан озод этилган ҳолда вақтинча олиб киришнинг умумий муддати у олиб кирилган санадан эътиборан тўқсон календарь кундан ошмаслиги керак. Вақтинча олиб кирилган транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш ушбу транспорт операцияси тугалланганидан сўнг дарҳол амалга оширилиши лозим.

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини вақтинча олиб кириш ушбу моддада назарда тутилган муддатларда қайтариб олиб чиқиш билан тугалланади. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини вақтинча олиб кириш, ушбу Кодексда товарларни вақтинча олиб кириш божхона режимини тугаллаш учун назарда тутилган тартибда тугалланиши мумкин.



147-модда. Вақтинча олиб кирилган тижорат мақсадларида

фойдаланиладиган транспорт воситалари билан

амалга ошириладиган операциялар

Вақтинча олиб кирилган тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситалари билан божхона ҳудудида улардан фойдаланилаётганда зарур бўлган таъмирлаш ёки техник хизмат кўрсатиш операцияларини бажаришга йўл қўйилади.



148-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситасини вақтинча олиб чиқиш

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини мазкур транспорт воситаси божхона ҳудудидан ташқарида қандай шахс томонидан ва қандай мақсадларда фойдаланилишидан қатъи назар, агар у божхона ҳудудида эркин муомалада турган бўлса, вақтинча олиб чиқишга йўл қўйилади. Бунда божхона тўловлари ундирилмайди.

Илгари вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган транспорт воситасини вақтинча олиб чиқишга йўл қўйилади. Бунда шу транспорт воситасига нисбатан вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши ва шартлари божхона тўловларини тўлаш мақсадлари учун уни бошқа божхона режимига жойлаштириш тўғрисида маълум қилингунига қадар тугатилмайди.



149-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситасини вақтинча олиб чиқиш муддати

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини вақтинча олиб чиқиш муддати икки йилдан ошмаслиги керак.



150-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

вақтинча олиб чиқилган транспорт воситасини

божхона ҳудудига қайтариб олиб кириш

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган вақтинча олиб чиқилган транспорт воситаси божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилаётганда, агар божхона ҳудудидан ташқарида тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситаси қайта ишлаш операцияларидан ўтказилмаган бўлса, божхона тўловлари тўланмайди, бундан унинг бут сақланишини ҳамда ундан фойдаланилишини таъминлаш, шу жумладан унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш операциялари мустасно.



151-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситасини вақтинча олиб чиқишни тугаллаш

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасини вақтинча олиб чиқиш уни божхона ҳудудига қайтариб олиб кириш билан ёки ушбу Кодексда товарларни вақтинча олиб чиқиш божхона режимини тугаллаш учун назарда тутилган тартибда тугалланади.



152-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситаларининг ускуналарини ва эҳтиёт

қисмларини вақтинча олиб кириш

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситалари билан бирга олиб кириладиган ва улар билан қайтариб олиб чиқиш учун мўлжалланган, юкларни ортиш, тушириш, уларга ишлов бериш ва уларни ҳимоялаш ускуналари, улардан транспорт воситаларидан алоҳида фойдаланиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигидан қатъи назар, вақтинча олиб кирилган тақдирда божхона тўловлари тўлашдан шартли равишда озод этилиши лозим.

Божхона ҳудудига вақтинча олиб кирилган, транспорт воситасига ўрнатилган ёки унда фойдаланилаётган қисмларни ва ускуналарни алмаштириш мақсадида таъмирлашда ёки техник хизмат кўрсатишда фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларини тўлашдан шартли равишда озод этилган ҳолда вақтинча олиб кирилиши мумкин.

Алмаштирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқилмаган ускуналар ва эҳтиёт қисмлар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига ёки ушбу Кодекс қоидаларига риоя этган ҳолда бошқа божхона режимига жойлаштирилиши лозим.



153-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситаларининг ускуналарини ва эҳтиёт

қисмларини вақтинча олиб чиқиш

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситалари билан бирга олиб чиқиладиган ва улар билан қайтариб олиб кириш учун мўлжалланган, юкларни ортиш, тушириш, уларга ишлов бериш ва уларни ҳимоялаш ускуналари, транспорт воситаларидан алоҳида фойдаланиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигидан қатъи назар, вақтинча олиб чиқилган тақдирда улар божхона тўловлари тўлашдан озод этилиши лозим.

Тижорат мақсадларида фойдаланишга вақтинча олиб чиқилган транспорт воситасига ўрнатилган қисмларни ва ускуналарни алмаштириш мақсадида таъмирлаш ёки техник хизмат кўрсатилаётганда фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ва эҳтиёт қисмлар вақтинча олиб чиқилган тақдирда божхона тўловлари тўлашдан озод этилиши лозим.

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситаларининг алмаштирилган ускуналари ва эҳтиёт қисмлари божхона тўловлари тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилади.



154-модда. Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган

транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви

Тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви транспорт воситаси учун декларацияни божхона органи томонидан қабул қилиш орқали амалга оширилади.



23-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

ТОВАРЛАРНИ ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

НОТИЖОРАТ МАҚСАДЛАРДА ОЛИБ ЎТИШ


155-модда. Жисмоний шахслар томонидан нотижорат

мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган ва тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар ҳисобланади.

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар божхона чегараси орқали соддалаштирилган тартибда ва ушбу бобда назарда тутилган имтиёзлар қўлланилган ҳолда олиб ўтилади.

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

товарларнинг миқдори, бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади;

товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги, бунда айни бир шахс томонидан бир турдаги товарларнинг бир неча бор олиб кирилишига, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун товарларни олиб кириш деб қаралади;

сафарнинг ҳолатлари, бунда сафарнинг мақсади ва унинг давомийлиги ҳисобга олинади.



156-модда. Жисмоний шахслар томонидан товарларни нотижорат

мақсадларда олиб ўтишнинг соддалаштирилган тартиби

Жисмоний шахслар томонидан товарларни нотижорат мақсадларда божхона чегараси орқали олиб ўтиш қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган тартибда амалга оширилади:

товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари, шу жумладан товарларнинг хавфсизлигига оид стандартларга ва талабларга мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш қўлланилмаслиги, бундан эркин муомалага чиқариш (импорт) ёки экспорт божхона режимларига товар сифатида жойлаштириладиган транспорт воситаси мустасно;

товарнинг божхона юк декларацияси тўлдирилмайдиган божхона расмийлаштируви тартиби, бундан эркин муомалага чиқариш (импорт) ёки экспорт божхона режимларига товар сифатида жойлаштириладиган транспорт воситаси мустасно.



157-модда. Жисмоний шахслар томонидан олиб

ўтиладиган товарларга нисбатан божхона

тўловларининг қўлланилмаслиги

Божхона тўловлари қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:

жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларга нисбатан, товарларни қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаси доирасида;

жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларга нисбатан, товарларни қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаси доирасида, бундан жисмоний шахс манзилига келаётган товарлар мустасно;

доимий яшаш жойи ўзгарганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган шахсий мол-мулкка нисбатан, бундан транспорт воситалари мустасно.



158-модда. Чет эллик жисмоний шахслар томонидан товарларни

ва (ёки) транспорт воситаларини нотижорат мақсадларда

вақтинча олиб кириш

Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини чет эллик жисмоний шахслар томонидан божхона ҳудудига божхона тўловлари тўлашдан озод этилган ҳолда вақтинча олиб киришга, башарти товарлар ва (ёки) транспорт воситалари ушбу шахсларни божхона ҳудудида бўлиши даврига нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган бўлса, йўл қўйилади. Бунда транспорт воситаси чет давлат ҳудудида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат тугаганидан сўнг товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудидан ўзгармас ҳолатда қайтариб олиб чиқилиши ёки тегишли божхона режимига жойлаштирилиши лозим.

Вақтинча олиб кирилган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари исталган божхона органи орқали божхона ҳудудидан қайтариб олиб чиқилиши мумкин. Вақтинча олиб кирилган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини қайтариб олиб чиқишда божхона тўловлари тўланмайди ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди.

Агар вақтинча олиб кирилган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида жиддий шикастланган ва бу ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлса, вақтинча олиб кирилган мазкур товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан қайтариб олиб чиқиш амалга оширилмаслиги мумкин.



159-модда. Чет эллик жисмоний шахслар томонидан

транспорт воситасини нотижорат мақсадларда

вақтинча олиб кириш шартлари

Чет эллик жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кирилган транспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кундан ошмаслиги лозим. Бунда транспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йиғимни тўлаган ҳолда юқорида кўрсатилган муддатдан ортиқроқ муддатга вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.

Йиғим ундирилгунига қадар транспорт воситаси божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақланиши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган йиғим қуйидаги ҳолларда тўланмайди:

божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақлаш даври учун;

агар вақтинча олиб кирилган транспорт воситаси хатланган, мусодара қилинган, авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ва бу ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлса.



160-модда. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари

томонидан товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини

нотижорат мақсадларда вақтинча олиб чиқиш

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари божхона ҳудудидан ташқарида ўзларига нотижорат мақсадларда зарур товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини хорижий давлатда вақтинча бўлиш муддатига вақтинча олиб чиқишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари уларни вақтинча олиб чиқиш ва божхона ҳудудига қайтариб олиб киришда божхона тўловлари тўлашдан озод этилади.

Агар вақтинча олиб чиқилаётган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини идентификациялаш уларни божхона тўловларини тўлашдан озод этилган ҳолда божхона ҳудудига қайтариб олиб киришга ёрдам берадиган бўлса, божхона органлари вақтинча олиб чиқилаётган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси жисмоний шахсининг сўровига кўра идентификациялаши мумкин.



161-модда. Жисмоний шахслар томонидан нотижорат

мақсадлар учун олиб ўтилаётган товарларнинг

божхона расмийлаштируви

Темир йўл транспортида божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахсларга, башарти божхона назорати қоидаларига риоя этилса, транспорт воситасини тарк этмаган ҳолда божхона операцияларидан ўтиш имконияти берилади.

Жисмоний шахс томонидан олиб ўтилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари уларнинг божхона расмийлаштирувини дарҳол амалга ошириш ёки божхона тўловларини дарҳол тўлаш имкони бўлмаган тақдирда вақтинча сақлаш учун жойлаштирилиши ёки божхона ҳудудидан олиб чиқилиши лозим.

Жисмоний шахслар томонидан божхона ҳудудига соддалаштирилган тартибда нотижорат мақсадлар учун олиб кирилаётган ва унинг ташқарисига олиб чиқилаётган товарларга божхона мақсадлари учун тегишинча эркин муомалага чиқарилган ёхуд экспорт божхона режимида олиб чиқилган товарлар сифатида қаралади.

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлар учун олиб кирилаётган, божсиз олиб кириш нормаларидан ортиқ бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



162-модда. Жисмоний шахслар томонидан

нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган

товарларни декларациялаш

Жисмоний шахслар қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида нотижорат мақсадларда олиб ўтаётган товарларни декларациялаш жисмоний шахслар томонидан улар божхона чегараси орқали ўтаётганда товарни тақдим этиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарлар уларни кузатиб бораётган шахс томонидан декларацияланади.

Жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш мақсадида божхона ҳудудига кириб келиш ёки ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида икки йўлакли тизим қўлланилиши мумкин.

Икки йўлакли тизимнинг қўлланилиши божхона операцияларини бажариш учун нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялаш шакли сифатида "яшил" ёки "қизил" йўлакнинг божхона чегараси орқали ўтаётган жисмоний шахс томонидан мустақил равишда танланишини назарда тутади.

"Яшил" йўлак кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой ҳисобланади. Мазкур товарлар оғзаки тарзда декларацияланади, бундан олиб кирилиши ёки олиб чиқилиши қонунчиликка мувофиқ тақиқланган ёхуд чекланган товарлар, шунингдек қиймати ва (ёки) миқдори қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормасидан ошиб кетган товарлар мустасно.

Жисмоний шахснинг "яшил" йўлак орқали ўтиши божхона мақсадлари учун ушбу шахсда ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар йўқлигини божхона органига маълум қилиш деб қаралади.

"Қизил" йўлак кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини, шунингдек декларацияланиши жисмоний шахснинг ихтиёрига кўра амалга ошириладиган товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой ҳисобланади.

"Яшил" йўлакда божхона назорати айрим шаклларининг қўлланилмаслиги жисмоний шахслар божхона тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилганлигини англатмайди.

Божхона чегарасидан ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизим қўлланилишининг талаблари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Жисмоний шахснинг алоҳида багажда нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарлари уларни олиб ўтаётган шахс ёки ишончнома асосида иш олиб борувчи бошқа шахс томонидан декларацияланиши мумкин. Божхона органига маълум қилинадиган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик товарларни декларациялаётган шахснинг зиммасида бўлади.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг алоҳида кетаётган багажидаги товарлар унинг ота-онаси, васийлари ёки ҳомийлари томонидан ёхуд ота-онаси, васийлари ёки ҳомийларининг ишончномасига биноан иш олиб борувчи шахслар томонидан декларацияланиши керак.

Жисмоний шахслар томонидан ишлаб чиқариш ёки тижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни, шунингдек уларнинг манзилига келаётган нотижорат мақсадлардаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда (бундан почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно) ушбу Кодексда белгиланган божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади.



163-модда. Жисмоний шахслар томонидан нотижорат

мақсадларда олиб ўтиладиган товарларга нисбатан

божхона тўловларини тўлаш

Жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажда нотижорат мақсадлар учун олиб ўтилаётган, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори товарларни божсиз олиб киришнинг қонунчиликда белгиланган нормасидан ортиқ бўлса, товарларнинг бундай ортиқ қисмига ягона божхона тўлови тўланади.

Товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан, товарларни божсиз олиб кириш нормаси қўлланилмаган ҳолда ундирилади, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари мустасно.

Ягона божхона тўлови нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялашда, шакли ва тўлдирилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган божхона кирим ордери асосида жисмоний шахслар томонидан тўланади.

Божхона кирим ордерининг бир нусхаси божхона тўловларини тўлаган жисмоний шахсга топширилади (юборилади).

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадлар учун олиб ўтилаётган товарларга нисбатан божхона кирим ордерини тўлдириш ва ягона божхона тўловини ҳисоблаш божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.



164-модда. Жисмоний шахслар томонидан нотижорат

мақсадларда олиб ўтиладиган товарларнинг

божхона қиймати

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарларнинг қиймати уларни декларациялашда маълум қилинади.

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қиймати чеклар, квитанциялар ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган, маълум қилинган қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қиймати тўғри белгиланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар бўлмаган тақдирда божхона органи товарларнинг божхона қийматини ушбу Кодекснинг 44-бобига мувофиқ мустақил равишда белгилаши мумкин.

Товарлар божхона ҳудудига алоҳида келаётган багажда олиб кирилган, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилган тақдирда уларнинг божхона қийматига товарларни аэропортгача, дарё портигача ёки товарлар божхона ҳудудига олиб кириладиган бошқа жойгача етказиб бериш харажатлари қўшилади.



24-БОБ. ХАЛҚАРО ПОЧТА ВА КУРЬЕРЛИК

ЖЎНАТМАЛАРИДА ЮБОРИЛАДИГАН ТОВАРЛАР


165-модда. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган почта ёки курьерлик жўнатмалари халқаро почта ёки курьерлик жўнатмаларидир.

Халқаро почта жўнатмалари Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар билан бирга юборилиши керак.

Халқаро курьерлик жўнатмалари тижорат ҳужжатлари билан бирга юборилиши керак.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида тегишинча божхона ҳудудига олиб кирилиши ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилиши қонунчиликда тақиқланган товарларни юборишга йўл қўйилмайди.


166-модда. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг

божхона назорати ва божхона расмийлаштируви

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган ҳамда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар божхона назоратидан ўтиши керак.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратини амалга оширмасдан қабул қилувчиларга берилиши ёки божхона ҳудудидан ташқарига жўнатилиши мумкин эмас.

Халқаро почта жўнатмаларида юбориладиган товарларнинг божхона назорати ва божхона расмийлаштируви почта алоқаси соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланадиган халқаро почта алмашинуви жойларида амалга оширилади.

Халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларнинг божхона назорати ва божхона расмийлаштируви почта алоқаси соҳасидаги махсус ваколатли органни хабардор қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган жойларда амалга оширилади.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви қабул қилувчилар ёки жўнатувчилар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органи томонидан амалга оширилиши мумкин. Бундай ҳолларда халқаро почта жўнатмалари халқаро почта алмашинуви жойларидан почта алоқасининг тегишли ҳудудий ташкилотигача божхона назорати остида етказилади. Почта алоқасининг тегишли ҳудудий ташкилотларида божхона назорати остидаги товарларни сақлаш учун жойлар ташкил қилинади, бу жойлар божхона назорати зоналари ҳисобланади.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган жойлардан юбориладиган халқаро курьерлик жўнатмалари қабул қилувчилар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органигача божхона назорати остида етказиб берилади.



167-модда. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида

юбориладиган товарларни декларациялаш

Қуйидагиларга:

а) жисмоний шахсларнинг манзилига нотижорат мақсадларда, шунингдек юридик шахслар манзилига халқаро почта жўнатмаларида юбориладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун - Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатларга;

б) жисмоний шахсларнинг манзилига нотижорат мақсадларда, шунингдек юридик шахсларнинг манзилига халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун - тижорат ҳужжатларига божхона декларацияси сифатида қаралади.

Қолган ҳолларда халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларни декларациялаш божхона юк декларациясини бериш орқали амалга оширилади.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида олиб чиқиладиган, божхона юк декларацияси берилиши лозим бўлган товарларни декларациялаш мазкур товарлар почта алоқаси ташкилотларига топширилаётганда амалга оширилади.



168-модда. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг

божхона кўздан кечируви ҳамда божхона кўриги

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари божхона кўздан кечирувини ҳамда божхона кўригини ўтказиш учун божхона органларига халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини тақдим этади.

Божхона органларига божхона кўздан кечируви ва божхона кўриги учун хатлар, почта карточкалари ва секограммалар тақдим этилмайди, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида тегишинча божхона ҳудудига олиб кирилиши ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилиши қонунчликда тақиқланган ёки чекланган товарлар мавжуд деб ҳисоблаш учун божхона органларида етарли асослар мавжудлиги ҳоллари мустасно.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилаётганда унинг миқдорида фарқлар, жойланмаларида номувофиқликлар ҳамда божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг бошқа ҳоллари аниқланган тақдирда почта алоқаси операторининг ёки провайдерининг ходими божхона органининг мансабдор шахси билан биргаликда божхона кўриги далолатномасини имзолайди.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларнинг божхона кўздан кечируви ёки божхона кўриги ўтказилаётганда божхона органлари божхона назоратининг техник воситаларидан фойдаланади.



169-модда. Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида

юбориладиган товарларга доир божхона тўловлари

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган товарларга доир божхона тўловлари ваколатли шахс томонидан тўланади.

Жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлар учун халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати ва (ёки) миқдори товарларни божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ бўлган товарларнинг ортиқ қисми учун ягона божхона тўлови тўланади.

Ушбу Кодекснинг 167-моддасига мувофиқ божхона юк декларациясини бериш талаб қилинмайдиган товарлар бўйича божхона тўловлари божхона органлари томонидан божхона кирим ордеридан фойдаланган ҳолда ҳисобланади.

Божхона кирим ордерини тўлдириш ва божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.

Божхона юк декларациясини бериш талаб қилинмайдиган товарларга божхона тўловлари суммаларини ҳисоблаб чиқариш Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатларда ва божхона мақсадлари учун фойдаланиладиган тижорат ҳужжатларида кўрсатилган товарларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади. Товарларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, товарларнинг божхона қиймати божхона органи томонидан ушбу Кодексга мувофиқ аниқланади.

Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва уларни тўлаш ушбу Кодекснинг VIII бўлимида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Божхона органи томонидан божхона тўловлари ҳисобланган товарларни ўз ичига олган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари ваколатли шахсга божхона тўловлари тўланганидан кейин берилади.



25-БОБ. БОЖХОНА ЧЕГАРАСИДАН ҚУВУР

ТРАНСПОРТИДА ВА ЭЛЕКТР УЗАТИШ ЛИНИЯЛАРИ

ОРҚАЛИ ОЛИБ ЎТИЛАДИГАН ТОВАРЛАР


170-модда. Товарларни божхона чегарасидан қувур транспортида

ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиш

Товарлар божхона чегарасидан қувур транспортида олиб ўтилаётганда товарларнинг қонунчиликда белгиланган стандартлар ва техник шартларга мувофиқ аралашиб кетишига, шунингдек ташишнинг технологик хусусиятлари ҳамда товарларнинг ўзига хос хоссалари оқибатида миқдори, сифати ва ҳолати ўзгаришига йўл қўйилади.

Товарлар қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтилишига ушбу бобда белгиланган қоидаларга кўра кейинчалик декларациялаш ҳамда божхона тўловларини тўлаш шарти билан йўл қўйилади.

Қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарлар божхона органи томонидан идентификацияланмайди.



171-модда. Божхона чегарасидан қувур транспортида

ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтилаётган

товарларни декларациялаш тартиби

Божхона чегарасидан қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш:

электр энергияси етказиб берилган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи санасидан кечиктирмай;

қувур транспортида олиб ўтилаётган товарларни етказиб берилишидан аввал, ҳисобот давридан олдинги ойнинг йигирманчи санасидан кечиктирмай божхона юк декларациясини тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

Божхона декларацияси берилаётганда қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарларни амалда кўрсатиш талаб қилинмайди.

Қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарларнинг амалдаги миқдори тўлиқ божхона юк декларациясини тақдим этган ҳолда декларацияланиши лозим, мазкур миқдор технологик жиҳатдан шартлашилган жойларда ўрнатилган, мазкур товарларнинг ўтишини қайд қилувчи ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари асосида ҳамда ваколатли органларнинг маълумотларига кўра аниқланади.

Қуйидагилар бўлмаган тақдирда муваққат божхона юк декларациясини тақдим этишга рухсат этилади:

Ўзбекистон Республикаси имзолаган халқаро шартномалар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарларнинг амалда олиб ўтилиш ҳажми ва қийматини аниқлаш имконияти;

контрактлар (шартномалар, келишувлар) ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилмаганда.

Муваққат божхона юк декларациясини тақдим этишда божхона юк декларациясини тақдим этиш муддати товарларни етказиб беришнинг ҳисоб-китоб ойи тугаган санадан эътиборан тўқсон календарь кундан ошмаслиги керак.

Божхона чегарасидан қувур транспортида транзит тарзида олиб ўтиладиган товарларни декларациялаш ҳақиқатда етказиб берилган ҳар бир календарь ойдан кейинги ойнинг йигирма бешинчи санасидан кечиктирмай божхона юк декларациясини тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.



172-модда. Товарлар божхона чегарасидан қувур

транспортида ва электр узатиш линиялари орқали

олиб ўтилаётганда божхона тўловларини тўлаш

Бир календарь ой мобайнида қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали божхона чегарасидан олиб ўтиладиган товарларнинг божхона тўловлари товарлар етказиб берилган ойнинг охирги кунида амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари бўйича, божхона юк декларацияси берилган кундан кечиктирмай тўланади. Бунда қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали божхона чегарасидан бир календарь ой мобайнида олиб ўтиладиган товарларнинг қиймати божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун товарлар етказиб берилган ойнинг охирги кунидаги валютанинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган расмий айирбошлаш курси бўйича аниқланади.

Божхона чегарасидан қувур транспортида олиб ўтиладиган товарларнинг божхона тўловлари божхона юк декларацияси қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда тўланади.

Қувур транспортида олиб ўтиладиган товарларга муваққат божхона юк декларацияси берилган тақдирда, божхона тўловлари муваққат божхона юк декларацияси қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда тўланади.

Агар тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг суммаси маълумотларни аниқлаштириш натижасида ошса, сумманинг ошган қисми юзасидан қўшимча тўлов божхона юк декларациясини тақдим этиш билан бир вақтда амалга оширилиши керак. Бундай ҳолларда пеня ҳисобланмайди.

Божхона тўловларининг ортиқча тўланган суммаларини қайтариш ушбу Кодекснинг 49-бобига мувофиқ амалга оширилади.



26-БОБ. БОЖХОНА ОМБОРЛАРИ, БОЖ ОЛИНМАЙДИГАН

САВДО ДЎКОНЛАРИ ВА ЭРКИН ОМБОРЛАР


173-модда. Божхона омборлари

Божхона омбори божхона назорати остида турган товарларни сақлашга мўлжалланган, махсус ажратилган ҳамда жиҳозланган бино ва (ёки) очиқ майдончадан иборатдир.

Бошқа товарларга зарар етказиши мумкин бўлган ёки алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган товарлар фақат шундай товарларни сақлаш шартларига мос келадиган махсус мослаштирилган омборларга жойлаштирилиши керак.

Божхона омборлари фойдаланилишига кўра, ҳар қандай шахс фойдаланиши учун очиқ омборлар бўлиши ва муайян шахслар, қоида тариқасида, омбор эгаларининг фойдаланиши учун мўлжалланган ёпиқ омборлар бўлиши мумкин.



174-модда. Бож олинмайдиган савдо дўконлари

Бож олинмайдиган савдо дўкони товарларни бож олинмайдиган савдо божхона режими талабларига ва шартларига мувофиқ божхона назорати остида реализация қилиш учун мўлжалланган савдо объектидир. Бож олинмайдиган савдо дўконининг ҳудуди савдо залларининг, ёрдамчи биноларнинг ва дўкон омборининг ҳудудларини ўз ичига олади.

Бож олинмайдиган савдо дўконининг ишлашини таъминлаш учун зарур Ўзбекистон товарларига бож олинмайдиган савдо божхона режими қўлланилмайди.

Бож олинмайдиган савдо дўконлари уч турга бўлинади:

а) божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини ёки Ўзбекистон товарларини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ва (ёки) чет эл валютасида реализация қилишга, шу жумладан, жойнинг ўзида истеъмол қилиш учун чакана сотишга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўкони;

б) чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида белгиланган тартибда аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга, ушбу ташкилотларнинг чет эллик ходимларига, шунингдек улар билан бирга яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган оила аъзоларига божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ва (ёки) чет эл валютасида реализация қилишга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган савдо дўкони;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эллик шахслар учун бож олинмайдиган, божхона ҳудудига олиб кирилган чет эл товарларини ёки Ўзбекистон Республикаси товарларини миллий валютада ва (ёки) чет эл валютасида чакана реализация қилиш учун мўлжалланган савдо дўкони. Мазкур турдаги бож олинмайдиган савдо дўконлари фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


175-модда. Эркин омборлар

Эркин омбор махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, у товарларни эркин омбор божхона режимида божхона назорати остида сақлаш учун мўлжалланган бинолар ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади.

Эркин омборнинг ишлашини таъминлаш учун зарур Ўзбекистон товарларига эркин омбор божхона режими қўлланилмайди.

Бошқа товарларга зарар етказиши мумкин бўлган ёки алоҳида сақлаш шароитлари талаб этиладиган товарлар бундай товарларни сақлаш учун махсус мослаштирилган омборларда ёки эркин омборнинг бир қисми бўлган алоҳида биноларда қонунчиликка мувофиқ белгиланган мажбурий талабларга риоя қилинган ҳолда сақланиши керак.


176-модда. Божхона омборининг, бож олинмайдиган савдо

дўконининг ва эркин омборнинг фаолиятини лицензиялаш

Божхона омборининг, бож олинмайдиган савдо дўконининг ва эркин омборнинг фаолиятини лицензиялаш қонунчиликда белгиланган тартибда божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Агар божхона омбори божхона органлари томонидан таъсис этилаётган бўлса, лицензия олиш талаб қилинмайди.

Божхона омбори ва эркин омбор эгаларининг товарларни ва транспорт воситаларини омборларга жойлаштираётган шахслар билан ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси божхона омборларининг, бож олинмайдиган савдо дўконларининг ва эркин омборларнинг реестрларини юритади, шунингдек мазкур реестрлардаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради.



177-модда. Божхона омборини, бож олинмайдиган

савдо дўконини ва эркин омборни тугатиш

Божхона омборини, бож олинмайдиган савдо дўконини ва эркин омборни тугатиш лицензиянинг амал қилиши тугатилган ёки лицензия бекор қилинган тақдирда амалга оширилади.

Божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор тугатилган санадан эътиборан уларда сақланаётган товарларга вақтинча сақлаш божхона режимида турган товарлар сифатида қаралади.

Божхона омбори ва бож олинмайдиган савдо дўкони тугатилаётганда уларда турган товарлар божхона омбори ва бож олинмайдиган савдо дўкони тугатилган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида бошқа божхона омборига ўтказилиши ёхуд бошқа божхона режимига жойлаштирилиши керак.

Эркин омбор тугатилаётганда унда турган товарлар ушбу омбор тугатилган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида бошқа эркин омборга ўтказилиши ёки бошқа божхона режимига жойлаштирилиши керак.

Божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор тугатилган тақдирда, худди шунингдек лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда товарларни сақлаш учун жойлаштиришга ва уларни реализация қилишга йўл қўйилмайди.

Тугатилаётган божхона омборида ва бож олинмайдиган савдо дўконида товарларнинг вақтинча сақлаш божхона режимида туришининг умумий муддати уларни тугатиш санасидан эътиборан олтмиш кундан, эркин омборда эса бир юз саксон кундан ошмаслиги керак.

Лицензиянинг амал қилиши тугатилиши муносабати билан божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор тугатилган тақдирда уларнинг эгаларидан тугатиш санасидан эътиборан божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборлари учун белгиланган, товарлар сақланганлиги учун божхона йиғимлари ундирилади.

Лицензия бекор қилинганлиги муносабати билан божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор тугатилган тақдирда божхона омборининг, бож олинмайдиган савдо дўконининг ва эркин омборнинг эгаси олиб кирилган, шу жумладан чиқариб юборилган товарлар турган бутун даврга божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборлари учун белгиланган, товарлар сақланганлиги учун божхона йиғимларини тўлаши шарт.

Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини амалга ошириш лицензиясини ушбу лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб олинганлик факти аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, бож олинмайдиган савдо дўконида реализация қилинган товарларга эркин муомалага чиқарилган товарлар деб қаралади ва бож олинмайдиган савдо дўкони эгасидан мазкур товарлар бож олинмайдиган савдо божхона режимига жойлаштирилган санада тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммалари ундирилади.



IV БЎЛИМ. БОЖХОНА НАЗОРАТИ


27-БОБ. БОЖХОНА НАЗОРАТИНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


178-модда. Божхона назоратининг предмети

Божхона назорати:

божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва (ёки) ушбу Кодексга мувофиқ декларацияланиши лозим бўлган товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан;

тақдим этилиши ушбу Кодексда назарда тутилган божхона декларациясига, товарлар тўғрисидаги ҳужжатларга ва маълумотларга нисбатан;

юридик ва жисмоний шахсларнинг товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш, божхона иши соҳасида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ, шунингдек айрим божхона режимлари доирасида амалга ошириладиган фаолиятига нисбатан ўтказилади.



179-модда. Божхона назорати зонаси

Божхона ҳудудининг божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш мақсадида ташкил қилинадиган, махсус ажратиб ва белгилаб қўйилган қисми божхона назорати зонасидир.

Божхона назорати зоналари қуйидаги турларда бўлиши мумкин:

доимий божхона назорати зонаси - божхона назоратидан ўтиши лозим бўлган товарлар ва транспорт воситалари ушбу зонада мунтазам равишда турган ҳолларда;

муваққат божхона назорати зонаси - божхона операциялари бажариладиган жойлардан ташқарида товарларнинг ва транспорт воситаларининг вақтинча божхона назоратини амалга ошириш ва божхона расмийлаштирувини ўтказиш, шунингдек божхона органлари томонидан доимий божхона назорати зонасидан ташқарида аниқланган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона кўздан кечирувини ва божхона кўригини ўтказиш зарурати бўлган тақдирда.

Доимий божхона назорати зонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор божхона органининг бошлиғи томонидан қабул қилинади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси бўйлаб божхона назорати зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги қарор чегара қўшинлари бўлинмалари билан келишилади.

Муваққат божхона назорати зонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор:

ваколатли шахснинг доимий божхона назорати зоналаридан ташқарида товарларни ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш ҳамда уларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш тўғрисидаги ёзма аризасига кўра - божхона органининг бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс томонидан;

божхона назоратидан ўтиши лозим бўлган товарлар ва транспорт воситалари доимий божхона назорати зоналаридан ташқарида аниқланган ҳамда уларнинг божхона кўздан кечирувини ёки божхона кўригини аниқланган жойда амалга ошириш зарурати туғилган тақдирда, божхона органи бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс кейинчалик хабардор этилган ҳолда - божхона органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан қабул қилинади.

Муваққат божхона назорати зонасининг амал қилиш муддати ва чегаралари тегишли божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш заруратини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.



180-модда. Божхона назорати зоналарини

ташкил этиш жойлари ва доиралари

Божхона назорати зоналари божхона чегараси бўйлаб, шунингдек қуйидаги жойларда ташкил қилинади:

божхона расмийлаштируви амалга ошириладиган жойларда;

божхона тартиб-таомиллари ва операциялари бажариладиган жойларда;

товарлар божхона назорати остида сақланадиган, бошқа транспорт воситасига ортиладиган, божхона кўздан кечирувидан ва божхона кўригидан ўтказиладиган жойларда;

божхона назорати остидаги товарларни ташиётган транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларида.

Божхона назорати зоналарининг доиралари физик-географик ва маҳаллий шароитларни, ташқи иқтисодий ва хўжалик фаолиятининг хусусияти ва жадаллигини, шунингдек унда белгиланган режимни сақлаб туришга бевосита таъсир кўрсатадиган бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Божхона назорати зоналари тегишли белгилар билан қўйилади. Божхона назорати зонасининг майдони барча мажбурий божхона тартиб-таомиллари тўлиқ ҳажмда бажарилиши учун етарли бўлиши керак.

Доимий божхона назорати зоналари доираларида божхона органлари томонидан жисмоний шахсларнинг, товарларнинг ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналишлари белгиланади. Зарур бўлган ҳолларда, йўналишлар чегара қўшинларининг бўлинмалари ва (ёки) ҳудудида божхона органлари ўз вазифаларини бажараётган ташкилот билан келишилади.



181-модда. Ваколатли шахснинг ёки ташувчининг божхона

назорати зоналари чегараларини кесиб ўтишдаги ва мазкур

зоналар доираларида ҳаракатланишдаги мажбуриятлари

Божхона назорати зонаси чегарасини кесиб ўтаётганда ва унинг доираларида ҳаракатланаётганда ваколатли шахс ёки ташувчи:

божхона органлари томонидан белгиланган жойларда тўхташи ва ҳаракатни давом эттириши;

товарларни ва транспорт воситаларини фақат белгиланган йўналишлар бўйича олиб ўтиши;

божхона органи мансабдор шахсларининг талабларига кўра товарларни ва транспорт воситаларини, шунингдек божхона назорати учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши шарт.

Божхона назорати зонаси чегарасини кесиб ўтаётганда ва унинг доирасида ҳаракатланаётганда ваколатли шахснинг ёки ташувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


182-модда. Божхона назорати зонасидаги божхона органлари

мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Божхона органларининг мансабдор шахслари ваколатли шахсдан ёки ташувчидан товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегарасидан ва божхона назорати зонаси доирасидан божхона назорати зонаси режимига мувофиқ олиб ўтишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Божхона органи мансабдор шахсларининг ваколатлари доирасидаги фармойишлари товарларни ва транспорт воситаларини божхона назорати зонасининг чегараси орқали ва унинг доирасида олиб ўтаётган барча шахслар учун мажбурийдир.

Божхона назорати зонаси режимига риоя этилишини назорат қилиш божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.



183-модда. Божхона назорати остида турган

товарлар ва (ёки) транспорт воситалари

Божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтган пайтдан эътиборан қуйидаги пайтга қадар божхона назорати остида туради:

товарлар ва (ёки) транспорт воситалари эркин муомалага чиқариш (импорт), реимпорт, йўқ қилиш, давлат фойдасига воз кечиш божхона режимларига мувофиқ чиқариб юборилгунига қадар, шунингдек улар давлат даромадига ўтказилгунга қадар;

товарлар ёки уларни қайта ишлаш маҳсулотлари, шунингдек транспорт воситалари амалда олиб чиқилгунига қадар.

Ушбу Кодекс 22-моддаси иккинчи қисмининг "б" - "е" бандларида кўрсатилган шартли чиқариб юборилган товарлар шундай чиқариб юборишнинг шартлари бўйича мажбуриятлар бажарилгунига қадар божхона назорати остида туради.

Олиб чиқилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона декларацияси ёки уларни божхона ҳудудидан олиб чиқиш бошқа қандай ҳужжатга мувофиқ амалга оширилаётган бўлса, ўша ҳужжат тақдим этилган пайтдан эътиборан ҳақиқатда божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар божхона назорати остида туради.

Ушбу модданинг учинчи қисми қоидаларидан қатъи назар, божхона органлари шахсларнинг товарларни ёки уларни қайта ишлаш маҳсулотларини ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига қайтариб олиб кириш борасидаги мажбуриятлари ушбу Кодексда белгиланган тартибда божхона режимлари шартларига мувофиқ бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.



184-модда. Божхона назорати учун зарур бўладиган

ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш

Божхона органи божхона назоратини ўтказиш учун:

назорат қилиниши божхона органлари зиммасига юклатилган фаолиятни амалга оширувчи ваколатли шахслардан ва бошқа шахслардан божхона назоратини ўтказиш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни;

тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлардан ва бошқа органлардан божхона назоратини ўтказиш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.

Ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш тўғрисида сўров йўлланган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахслар ва органлар ушбу ҳужжатлар ва маълумотларни божхона органига мумкин қадар қисқа муддатларда юбориши шарт.

Божхона декларацияси ҳамда божхона назоратини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар товарлар божхона назорати остида турган товар мақомини йўқотган йилдан кейинги йилдан эътиборан уч йил давомида сақланади.



185-модда. Божхона органлари мансабдор шахсларининг

божхона назорати остида турган товарлар сақланадиган

жойларга киришини таъминлаш

Биноларида ва ҳудудларида божхона назоратидан ўтиши лозим бўлган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари, божхона назорати учун зарур ҳужжатлар турган ёки туриши эҳтимоли бўлган ёхуд назорат қилиниши божхона органлари зиммасига юклатилган фаолиятни амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар шу биноларга ва ҳудудларга божхона органларининг мансабдор шахсларига улар хизмат гувоҳномасини кўрсатган тақдирда кириш имконини беради. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида давлат органлари мансабдор шахсларининг алоҳида объектларга кириши учун бошқача тартиб белгиланган бўлса, божхона органларининг мансабдор шахслари бу объектларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида белгиланган тартибда киришга ҳақли.



186-модда. Божхона назорати учун зарур юк операцияларини

ва бошқа операцияларни амалга ошириш

Божхона органининг талабига кўра ваколатли шахс товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан юк операцияларини амалга ошириши, шунингдек божхона назоратидан ўтиши керак бўлган товарларнинг ўров-идишини очиши, уларни тарозида тортиши ёки бошқача тарзда уларнинг миқдорини аниқлаши шарт.

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан амалга ошириладиган юк операциялари ҳамда бошқа операциялар божхона органи учун бирор-бир қўшимча харажатлар келтириб чиқармаслиги керак.



187-модда. Божхона расмийлаштирувида божхона

декларациясини, бошқа ҳужжатларни, товарларни

ва (ёки) транспорт воситаларини текшириш

Божхона расмийлаштирувида божхона органи божхона декларациясини ҳамда божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган бошқа ҳужжатларни, товарни ва (ёки) транспорт воситасини тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини ҳамда ушбу ҳужжатларнинг, товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида текширади.

Товар ва (ёки) транспорт воситаси чиқариб юборилгунига қадар божхона органи товар ва (ёки) транспорт воситаси номининг, улар ишлаб чиқарилган мамлакатнинг, товар ва (ёки) транспорт воситаси миқдори ва қийматининг божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларга ҳамда божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган, божхона мақсадлари учун фойдаланилаётган бошқа ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш учун зарур божхона тартиб-таомилларини бажаради.



28-БОБ. БОЖХОНА НАЗОРАТИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ШАКЛЛАРИ ВА ТАРТИБИ


188-модда. Божхона назоратининг шакллари

Божхона назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш;

оғзаки сўров;

ахборот олиш;

божхона кўздан кечируви;

товарларнинг тамғаланганлигини текшириш;

божхона кўриги;

шахсий кўрик;

божхона идентификациялаши;

божхона кузатуви;

бинолар ва ҳудудларни текшириш;

товарларни ва транспорт воситаларини ҳисобга олиш, уларни ҳисобга олиш тизимини текшириш ҳамда ушбу товарларни ва транспорт воситаларини инвентаризация қилиш;

товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати.



189-модда. Божхона назорати шаклларининг қўлланилиши

Божхона органлари божхона назорати шаклларини қўллашда танлаб олиш принципига асосланади ва божхона назоратининг божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлайдиган шакллари билан чекланади. Божхона назорати шаклини танлаш божхона органининг мансабдор шахси томонидан белгиланади.

Божхона назорати амалга оширилаётганда божхона органлари божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг олдини олиш мақсадида, текширилиши керак бўлган товарларни ва транспорт воситаларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳужжатларини аниқлаш, божхона назорати шаклларини ва уларнинг қўлланилиш ҳажмини танлаш учун хавфни бошқариш тизимини қўллайди.

Божхона назоратининг муайян шаклларидан озод этиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Божхона назоратининг айрим шаклларини қўлламаслик ёки улардан озод қилиш юридик ва жисмоний шахслар божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш мажбуриятидан озод қилинганлигини англатмайди.

Қуйидагилар божхона кўригидан ўтказилмайди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси собиқ Президентининг шахсий багажи;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг ва Қонунчилик палатаси депутатларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) ва Ўзбекистон Республикаси дипломатик паспортлари эгаларининг шахсий багажи, агар мазкур шахслар хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда божхона чегарасини кесиб ўтсалар;

қонунга мувофиқ бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий багажи.

Чет эл ҳарбий кемалари, жанговар ва ҳарбий-транспорт ҳаво кемалари, шунингдек ўзи юриб келаётган ҳарбий техникаси божхона кўригидан озод қилинади.

Божхона назоратини ўтказишда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, ҳайвонлар, ўсимликлар учун хавфсиз бўлган ҳамда товарларга ва транспорт воситаларига зарар етказмайдиган техник ва бошқа воситалар қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси божхона назоратини амалга ошириш мақсадида чет давлатларнинг божхона органлари билан ҳамкорлик қилади, улар билан ўзаро ёрдам ва ахборот алмашинуви тўғрисида битимлар тузади.



190-модда. Ҳужжатларни ва маълумотларни текшириш

Божхона назоратини амалга оширишда божхона органлари тақдим этилган, божхона мақсадлари учун аҳамиятга молик ҳужжатларни текширади.

Тақдим этилган ҳужжатларни ва маълумотларни текшириш:

ҳужжатларнинг асосий реквизитлари тўлиқ ва тўғри тўлдирилганлигини;

зарур имзолар ва муҳрларнинг (электрон рақамли имзонинг) мавжудлигини;

тузатишларнинг тасдиқланганганлигини аниқлашни ўз ичига олади.

Божхона органларига тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш уларни қуйидагилардан олинган маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади:

тақдим этилган бошқа ҳужжатлар ва маълумотлардан олинган ахборотлар;

учинчи шахслардан ва бошқа манбалардан олинган ахборотлар;

божхона назоратининг бошқа шаклларини ўтказиш, божхона статистикаси маълумотларини таҳлил этиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни қайта ишлаш натижалари асосида олинган ахборотлар.

Божхона органи қўшимча маълумотларни фақат тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларни текшириш мақсадида, сабабини кўрсатган ҳолда талаб қилиб олишга ҳақли.

Тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ва (ёки) қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиш товарларни чиқариб юборишга тўсқинлик қилмайди, бундан ушбу ҳужжатларнинг:

ҳақиқий эмаслиги;

бошқа товарларга тааллуқлилиги;

товарларни чиқариб юбориш, уларни сўралаётган божхона режимига жойлаштириш мумкинлиги тўғрисида божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига ва (ёки) божхона тўловлари тўланишига таъсир кўрсатадиган нотўғри маълумотларни ўз ичига олганлиги ушбу Кодекс 248-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган муддатларда божхона органи томонидан аниқланган ҳоллар мустасно.



191-модда. Оғзаки сўров

Оғзаки сўров божхона органининг мансабдор шахси томонидан ваколатли шахслардан ва божхона назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга молик ҳолатлар тўғрисида маълумотларга эга бошқа шахслардан зарур ахборотни оғзаки шаклда, бундай сўров натижаларини ёзма шаклда расмийлаштирмаган ҳолда олишни назарда тутади.



192-модда. Ахборот олиш

Ахборот олиш божхона органининг мансабдор шахси томонидан ваколатли шахслардан ва божхона назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга молик ҳолатлар тўғрисида маълумотларга эга бошқа шахслардан зарур ахборот олишни назарда тутади.

Ахборот олиш учун ваколатли шахсни ва бошқа шахсни чақириш зарур бўлган тақдирда божхона органи ёзма шаклда хабар юборади.



193-модда. Божхона кўздан кечируви

Божхона кўздан кечируви божхона органининг мансабдор шахси томонидан транспорт воситаларининг бўлимларини, товарларнинг ўров-идишини очмаган, кўздан кечирилаётган объектларни ва уларнинг қисмларини бўлакларга ажратмаган ва бошқа йўллар билан уларнинг бутлигини бузмаган ҳолда товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг, халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг ҳамда жисмоний шахслар багажининг, шунингдек юк ортилган идишларни, контейнерларни, божхона идентификациялаш воситаларининг ташқи кўринишини кўздан кечириш орқали амалга оширилади.

Божхона кўздан кечируви божхона назорати остидаги товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни, товарларда, юк ортилган идишларда, транспорт воситаларида ва транспорт воситаларининг бўлимларида пломбалар, муҳрлар ва бошқа божхона идентификациялаш воситалари мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида амалга оширилади.

Божхона назорати зонасида божхона кўздан кечируви ваколатли шахслар иштирокисиз ўтказилиши мумкин, бундан мазкур шахслар божхона кўздан кечирувида ҳозир бўлиш истагини билдирган ҳоллар мустасно.

Божхона кўздан кечируви натижаларига кўра:

тўғри декларацияланган тақдирда - тегишли товарнинг кузатув ҳужжатлари расмийлаштирилади;

товарнинг нотўғри декларацияланганлиги факти аниқланган тақдирда - божхона кўриги амалга оширилади.



194-модда. Товарларнинг тамғаланишини текшириш

Товарларнинг тамғаланишини текшириш товарларда ёки уларнинг қадоқларида махсус тамғалар, идентификациялаш белгилари ёки товарни белгилашнинг бошқа воситалари мавжудлигини текширишни назарда тутади.

Божхона ҳудудига олиб кириладиган алоҳида товарлар бўйича божхона тўғрисидаги қонунчиликда уларни махсус тамғалар, идентификациялаш белгилари ёки товарларни белгилашнинг бошқа воситалари билан тамғалаш талаби қўйилиши мумкин.

Товарларда ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган махсус тамғалар, идентификациялаш белгилари ёки товарларни белгилашнинг бошқа воситалари мавжуд эмаслигига, шундай товарлари мавжудлиги аниқланган юридик ёки жисмоний шахс бунинг аксини исботламаса, товарларни божхона ҳудудига божхона расмийлаштирувисиз олиб кирганлик ёки чиқариб юборганлик фактининг тасдиқланиши деб қаралади.



195-модда. Божхона кўриги

Божхона кўриги қўйилган пломбаларни, муҳрларни ёки божхона идентификациялашининг бошқа воситаларини бузган холда, текширилаётган объектларни ва уларнинг қисмларини бўлакларга ажратиб, демонтаж қилиб ёки бошқа йўллар билан уларнинг бутлигини бузиб, товарларнинг ўрамини ёки транспорт воситасининг юк жойланадиган бўлимини ёхуд идишларини, контейнерларни ва товарлар бўлган ёки бўлиши эҳтимоли бўлган бошқа жойларни очишни назарда тутади.

Божхона кўриги, қоида тариқасида, товарга божхона декларацияси қабул қилинганидан кейин декларант ҳозирлигида ўтказилади. Бунда товарга божхона декларацияси қабул қилингунига қадар божхона кўриги:

божхона мақсадларида товарни идентификациялаш;

баён этилган маълумотларнинг тўғрилигини аниқлаш;

божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик тўғрисидаги мавжуд ахборотни текшириш;

танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда хавфни бошқариш тизими асосида божхона назоратини ўтказиш;

ушбу Кодекснинг 275-моддасига мувофиқ декларантнинг ҳуқуқларини амалга ошириш зарур бўлган тақдирда ўтказилиши мумкин.

Тирик ҳайвонлар ва тез бузиладиган товарлар биринчи навбатда божхона кўригидан ўтказилади.

Божхона органи мансабдор шахсларининг талабига кўра ваколатли шахслар товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона кўриги ўтказилаётганда ҳозир бўлиши ва уларга зарур кўмак кўрсатиши шарт. Ваколатли шахслар бўлмаганда кўрикдан ўтказилаётган транспорт воситасини бошқараётган жисмоний шахс ваколатли шахс ҳисобланади.

Божхона органининг мансабдор шахси божхона кўригини қуйидаги ҳолларда ваколатли шахслар иштирокисиз, икки нафар холис ҳозирлигида ўтказишга ҳақли:

товарлар ва транспорт воситалари тақдим этилган кундан кейин беш иш куни ўтгач ваколатли шахслар келмаганда;

давлат хавфсизлигига, жамоат тартибига, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, ҳайвонлар ва ўсимликларга, атроф-муҳитга, маданий бойликларни сақлашга ҳақиқий хавф мавжуд бўлганда ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши лозим бўлган бошқа ҳолатларда (шу жумладан, агар товарлар тез ёнувчан моддалар, портлаш хавфи бўлган предметлар, портловчи, заҳарловчи, хавфли кимёвий ва биологик фаол моддалар, гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари, прекурсорлар, психотроп, заҳарли, токсик, радиоактив моддалар, ядровий материаллар, қурол, унинг ўқ-дорилари эканлигини кўрсатувчи ва бошқа шунга ўхшаш товарлар эканлигининг белгилари мавжуд бўлса, шунингдек, агар товарлар ўзидан нохуш ҳид таратса);

товарлар халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилганда;

товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудидан товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини олиб чиқишни назарда тутувчи божхона режими шартларини бузган ҳолда ушбу ҳудудда қолдирилганда.

Агар божхона декларациясида бир номдаги товар сифатида кўрсатилган товар туркумининг бир қисми божхона кўригидан ўтказилган бўлса, бундай кўрикдан ўтказиш натижалари шу товарнинг бутун туркумига татбиқ этилиши мумкин. Агар ваколатли шахс кўрикдан ўтказиш натижалари товарнинг бутун туркумига татбиқ этилиши мумкин эмас деб ҳисобласа, товар туркумининг қолган қисми учун қўшимча божхона кўриги ўтказилишини талаб қилишга ҳақли.

Божхона кўриги ўтказилаётганда товарнинг амалдаги миқдори уни декларациялашда кўрсатилган товар миқдорига мос келмаслиги аниқланган тақдирда, божхона органи божхона мақсадлари учун товарнинг амалдаги миқдорини мустақил равишда аниқлайди.

Божхона кўригидан ўтказиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шаклда далолатнома тузилади. Божхона кўриги далолатномасининг кўчирма нусхаси ваколатли шахсга топширилади (юборилади).

Ушбу модда талабларига риоя этилиши муносабати билан юзага келган харажатлар ваколатли шахс зиммасида бўлади.



196-модда. Шахсий кўрик

Шахсий кўрик божхона чегараси орқали ўтаётган ва божхона назорати зонасида ёки аэропортнинг халқаро йўналишлар учун очиқ бўлган транзит зонасида бўлган жисмоний шахсга нисбатан ўтказилади.

Шахсий кўрик божхона ҳудудига олиб кириш ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқиш тақиқланган товарларни ёхуд ушбу Кодексда белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб ўтилаётган товарларни жисмоний шахс ёнида яширмоқда ва уларни ўз ихтиёри билан тақдим этмоқчи эмас, деб тахмин қилишга асослар бўлган тақдирда божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.

Шахсий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги қарор божхона органининг бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс томонидан ёзма шаклда қабул қилинади.

Шахсий кўрикдан ўтказишни бошлашдан аввал божхона органининг мансабдор шахси:

шахсий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қарорни жисмоний шахсга эълон қилиши;

шахсий кўрик ўтказилаётганда жисмоний шахсни унинг ҳуқуқлари билан таништириши;

жисмоний шахсга ёнида беркитилган товарларни ўз ихтиёри билан беришни таклиф қилиши шарт.

Жисмоний шахс шахсий кўрикни рад этган тақдирда, шахсий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қарорга шахсий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги қарорни эълон қилган божхона органи мансабдор шахсининг имзоси билан тасдиқланган белги қўйилади.

Агар кўрикдан ўтказилаётган шахс божхона органи мансабдор шахсининг қонуний талабларини бажармаса ёки бажаришга қаршилик кўрсатса, ушбу ҳаракатлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ жисмоний шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш учун асос бўлади.

Шахсий кўрик санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган алоҳида хонада божхона органининг кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсдаги мансабдор шахси томонидан худди шу жинсдаги икки холис ҳозирлигида ўтказилади. Бошқа жисмоний шахсларнинг бу хонага кириш ва шахсий кўрикдан ўтказишни кузатиш имкониятига йўл қўйилмайди. Кўрикдан ўтказилаётган шахснинг танасини текшириш фақат тиббиёт ходимлари томонидан, зарур бўлганда, махсус тиббиёт техникасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Зарур бўлганда шахсий кўрик ўтказилаётганда таржимон жалб қилинади.

Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз шахс шахсий кўрикдан ўтказилаётганида унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, ҳомийлар, васийлар) ёки уни кузатиб борувчи шахслар ҳозир бўлишга ҳақли.

Шахсий кўрик кўрикдан ўтказилаётган шахс томонидан ўзида яшириб қўйилган товарларни топиш учун зарур бўлган доирада ҳамда инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишини, унинг соғлиғи ва мол-мулкига зиён етказилишини истисно этадиган шаклда амалга оширилади.

Кўрикдан ўтказилаётган шахс ёки унинг қонуний вакили ёхуд уни кузатиб борувчи шахс шахсий кўрикдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

божхона органи бошлиғининг ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахснинг шахсий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинишини талаб қилиш;

она тилидан фойдаланиш, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш;

ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан танишиш;

тушунтиришлар, илтимосномалар бериш;

шахсий кўрик баённомасини тузиш тугалланганидан сўнг у билан танишиб чиқиш ва мазкур баённомага киритилиши лозим бўлган маълумотларни баён этиш;

божхона органининг қарори, унинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Кўрикдан ўтказилаётган шахс ёки унинг қонуний вакили ёхуд уни кузатиб борувчи шахс қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Кўрикдан ўтказилаётган шахс ёки унинг қонуний вакили ёхуд уни кузатиб борувчи шахс шахсий кўрик давомида божхона органи мансабдор шахсининг қонуний талабларини бажариши шарт.

Шахсий кўрик натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шаклда баённома тузилади. Баённома қуйидагилар томонидан имзоланади:

божхона органининг шахсий кўрикни ўтказган мансабдор шахси;

холислар;

шахсий кўрикдан ўтказилган жисмоний шахс ёки унинг қонуний вакили ёхуд уни кузатиб борувчи шахс;

тиббиёт ходими - кўрикдан ўтказилган шахснинг тана аъзолари у томонидан текширилганда;

шахсий кўрикда иштирок этган бошқа шахслар.

Шахсий кўрикдан ўтказилган жисмоний шахсга шахсий кўрик ўтказилганлиги тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхаси имзо қўйдириб тақдим этилади.



197-модда. Божхона идентификациялаши

Божхона идентификациялаши товарлар, транспорт воситалари ва ҳужжатлар, шунингдек божхона назорати остида бўлиши лозим бўлган товарлар турган ёки туриши мумкин бўлган хоналар ва бошқа жойларнинг божхона идентификациялаш воситаларини қўллаш йўли билан амалга оширилади.

Божхона идентификациялаш воситалари қуйидагилардан иборат:

қўйилган пломбалар, муҳрлар;

ёзилган рақамли, ҳарфли тамғалар ва бошқа хилдаги тамғалар, идентификациялаш белгилари;

босилган штамплар;

олинган намуналар ва нусхалар;

тузилган тавсифлар, чизмалар;

тайёрланган катта тасвирлар, расмлар, фотосуратлар ва видеотасвирлар;

товарнинг кузатув ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар;

ёпиштирилган махсус наклейкалар ва ҳимоя мосламалари;

товарнинг жўнатувчи божхона органи томонидан пломбалар ва муҳрлар қўйилган, транспорт воситаларининг юк бўлимларига жойлаштирилган, божхона мақсадлари учун зарур товарнинг кузатув ҳужжатлари;

сейф-пакетларга жойлаштирилган, божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа божхона идентификациялаш воситалари.

Божхона идентификациялаш воситалари божхона органлари томонидан ўзгартирилиши, олиб ташланиши ёки йўқ қилиниши мумкин, бундан товарларнинг ва транспорт воситаларининг йўқ қилиниши, қайта тиклаб бўлмайдиган тарзда йўқотилиши ёки жиддий тарзда бузилиши ҳақиқий хавфи бўлган ҳоллар мустасно. Божхона органларига божхона идентификациялаш воситалари ўзгартирилганлиги, олиб ташланганлиги ёки йўқ қилинганлиги тўғрисида дарҳол хабар берилади ва ҳақиқий хавф мавжудлигининг далиллари тақдим этилади.

Товар жўнатувчилар ва ташувчилар томонидан, шунингдек чет давлатларнинг божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қўйилган пломбалар, муҳрлар ёки бошқа божхона идентификациялаш воситалари божхона идентификациялаш воситалари сифатида эътироф этилиши мумкин.

Божхона идентификациялаш воситаларининг қўлланилиш ва тайёрланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.



198-модда. Божхона кузатуви

Божхона органларининг мансабдор шахси томонидан божхона назорати остидаги товарлар ва транспорт воситаларини визуал кузатиш, шу жумладан техник воситалар қўлланилган ҳолда кузатиш божхона кузатуви ҳисобланади.



199-модда. Бинолар ва ҳудудларни текшириш

Бинолар ва ҳудудларни текшириш божхона назорати остида бўлган, шу жумладан шартли равишда чиқариб юборилган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона омборларида, бож олинмайдиган савдо дўконлари биноларида, шунингдек божхона тартиб-таомиллари ва режимлари шартларига мувофиқ товарлар ва транспорт воситалари туриши лозим бўлган шахсларда товарлар ва транспорт воситалари борлигини тасдиқлаш мақсадида божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатдир.



200-модда. Товарларни ва транспорт воситаларини

ҳисобга олиш, ҳисобга олиш тизимини текшириш

ҳамда уларни инвентаризация қилиш

Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган ва (ёки) божхона назорати остида бўлган барча товарлар ва транспорт воситалари божхона органлари томонидан ҳисобга олиниши керак.

Тегишли божхона режимлари шартларига риоя этилиши учун масъул бўлган юридик ва жисмоний шахслар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган товарларнинг ва транспорт воситаларининг ҳисобини юритиши ҳамда божхона органларига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шаклда ҳисобот тақдим этиши шарт.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган товарларни ва транспорт воситаларини ҳисобга олиш тизимини текшириш божхона органлари томонидан қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

шахс божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиб-таомилларини қўллаш тўғрисида ариза берганда;

ҳисобга олиниши лозим бўлган товарлар шартли равишда чиқариб юборилганда;

божхона брокерларининг, божхона ташувчиларининг, шунингдек айрим божхона режимлари доирасида фаолият юритаётган ва (ёки) товарларни божхона назорати остида сақлаш бўйича хизматлар кўрсатаётган шахсларнинг фаолияти назорат қилинаётганда;

божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситаларига нисбатан ваколатли шахс текширилаётганда.

Божхона назорати остида турган товарларни ва транспорт воситаларини инвентаризация қилиш божхона органи бошлиғининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг қарорига кўра божхона органининг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Божхона органлари тегишли божхона режимлари шартларига риоя этилиши учун жавобгар бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўтказилган товарлар ва транспорт воситалари инвентаризацияси натижаларидан фойдаланиши мумкин.



201-модда. Товарлар чиқариб юборилганидан

кейинги божхона назорати

Товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона органлари, агар божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари мавжуд деб тахмин қилиш учун етарли ва тасдиқланган асослар мавжуд бўлса, божхона назоратини амалга оширишга, шу жумладан божхона аудити усуллари асосида амалга оширишга ҳақли.

Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати амалга оширилаётганда божхона органлари товарларнинг борлигини текширишга, уларни қайта божхона кўригидан ўтказишга, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни қайта текширишга, ҳужжатларни ҳамда ушбу товарлар билан амалга ошириладиган ташқи иқтисодий операцияларга ва ундан кейинги тижорат операцияларига тааллуқли ахборотни текширишга ҳақли. Текширув мазкур операцияларга бевосита ёки билвосита алоқадор ёхуд зарур ҳужжатларга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар жойлашган ерларда ўтказилиши мумкин.

Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назоратини ўтказиш учун божхона органи бошлиғининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг текширув мақсади, уни ўтказиш муддатлари, текширувчи божхона органи мансабдор шахсларининг таркиби ва текширилаётган давр кўрсатилган қарори асос бўлади.

Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати айни бир контракт (шартнома, келишув) бўйича кўпи билан бир марта ўтказилиши мумкин.

Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати ҳамда божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан эътиборан уч йил ичида амалга оширилиши мумкин.

Божхона органлари божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилганлигини ваколатли шахс томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текшириш орқали божхона аудитини амалга оширади.

Божхона аудитини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


202-модда. Божхона назорати амалга оширилаётганда

мутахассисни ва экспертни жалб қилиш

Зарур ҳолларда, божхона назорати амалга оширилаётганда, шу жумладан техник воситаларни қўллаган ҳолда амалга оширилаётганда муайян ҳаракатларни бажаришда иштирок этиш ва кўмаклашиш учун махсус билим ва кўникмаларга эга, манфаатдорлиги бўлмаган мутахассис ёки эксперт жалб қилиниши мумкин.

Мутахассисни ёки экспертни жалб қилиш божхона органининг ёхуд ваколатли шахснинг ташаббуси билан амалга оширилади.

Мутахассис ва эксперт:

ўз иштирокида бажариладиган ҳаракатлар предметига тааллуқли материаллар билан танишишга;

тегишли ҳаракатларнинг предметига тааллуқли саволларни шундай ҳаракатлар иштирокчиларига беришга;

ўзи иштирок этган ҳаракатларнинг амалга оширилиши натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатлар билан танишишга ва ўзи бажарадиган ҳаракатлар юзасидан шундай ҳужжатларга киритилиши лозим бўлган баёнотлар қилишга ва тушунтиришлар беришга ҳақли.

Мутахассис ва эксперт махсус билим ва кўникмалар талаб этиладиган ҳаракатларда иштирок этиши, ўзи бажарадиган ҳаракатлар юзасидан тушунтиришлар бериши, мазкур ҳаракатларнинг бажарилганлиги фактини, уларнинг мазмуни ва натижаларини ўз имзоси билан тасдиқлаши шарт.

Божхона назоратини ўтказиш бўйича ҳаракатларни амалга оширишга жалб қилинганда мутахассис ёки эксперт томонидан олинган, давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган ахборот у томонидан ошкор этилмаслиги, бошқа мақсадларда ишлатилмаслиги, учинчи шахсларга берилмаслиги керак, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона назоратига мутахассисни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар ўрни:

мутахассис божхона органининг ташаббуси билан жалб қилинган тақдирда - божхона органи томонидан;

мутахассис ваколатли шахснинг ташаббуси билан жалб қилинган тақдирда - ваколатли шахс томонидан қопланади.



29-БОБ. ХАВФНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ


203-модда. Хавфни бошқариш тизимининг қўлланилиши

Божхона назоратидан ўтказилиши лозим бўлган товарларни ва транспорт воситаларини, ҳужжатларни ва шахсларни аниқлаш, шундай товарларга, транспорт воситаларига, ҳужжатларга ва шахсларга нисбатан қўлланиладиган божхона назоратини ўтказиш шаклларини ва даражасини белгилаш учун божхона органлари хавфни бошқариш тизимини қўллайди.

Хавфни бошқариш тизимининг қўлланилиш стратегияси ва тактикасини, ахборот йиғиш ва уни қайта ишлаш, хавфни таҳлил қилиш ва баҳолаш, хавфни бошқаришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси белгилайди.

Хавфни бошқариш тизимининг қўлланилиш мақсади қуйидагилардан иборат:

божхона органларининг ваколатлари доирасида давлат хавфсизлигини, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф - муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини таъминлаш;

юқори хавфга эга бўлган соҳаларга эътиборни жамлаш ва божхона органлари тасарруфидаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш;

божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг:

а) турғун хусусиятга эга бўлган;

б) божхона тўловларини тўлашдан бош тортиш билан боғлиқ бўлган;

в) риоя этилишини таъминлаш божхона органлари зиммасига юклатилган бошқа турдаги божхона назоратига дахлдор бўлган кўринишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олиш.



204-модда. Хавфни бошқариш тизимида

қўлланиладиган асосий тушунчалар

Хавфни бошқариш тизимида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


хавф - божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслиги эҳтимолининг даражаси;

аниқланган хавф - божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш содир этилганлигидан ва божхона органлари ушбу ҳолат тўғрисида маълумотга эга эканлигидан далолат берувчи факт;

потенциал хавф - аниқланмаган, лекин унинг юзага келиши учун шароитлар мавжуд бўлган хавф;


хавф индикаторлари - олдиндан белгиланган кўрсаткичларга эга муайян мезонлар бўлиб, улардан оғиш ёки уларга мос келиш назорат объектини танлашни амалга ошириш имконини беради;


хавф профили - хавф соҳаси, хавф индикаторлари тўғрисидаги маълумотлар йиғиндиси, шунингдек хавфнинг олдини олиш ёки уни имкон қадар камайтириш бўйича зарур чораларни кўриш тўғрисидаги кўрсатмалар;


хавф соҳаси - хавф таҳлилининг айрим гуруҳларга бўлинган объектлари бўлиб, уларга нисбатан божхона назоратининг алоҳида шакллари ёки мажмуи қўлланилиши, шунингдек уларнинг самарадорлигини ошириш талаб этилади;


хавфни баҳолаш - хавфнинг юзага келиши эҳтимолини ва у юзага келганда божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши оқибатларини мунтазам равишда аниқлаб бориш;

яширувчи товарлар - хавф товарлари ўрнига декларацияланиши эҳтимоли етарли даражада бўлган товарлар;


хавф товарлари - хавф аниқланган ёки потенциал хавф мавжуд бўлган божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарлар;


хавф даражаси - хавфнинг юзага келишининг эҳтимолига ва унинг мумкин бўлган оқибатларига боғлиқ тарзда аниқланадиган хавфнинг ҳолати;


хавф таҳлили - божхона органларида мавжуд бўлган ахборотдан хавфнинг юзага келиши ҳолатлари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни идентификациялаш ва божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигининг эҳтимол тутилган оқибатларини баҳолаш мақсадида мунтазам равишда фойдаланиш;

хавфни бошқариш - хавфнинг олдини олиш ва уларни имкон қадар камайтириш, уларнинг қўлланилиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек божхона операцияларининг бажарилиши устидан назорат қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалда бажаришни, божхона органларида мавжуд бўлган ахборотнинг узлуксиз янгиланишини, таҳлил этилишини ва қайта кўриб чиқилишини назарда тутувчи доимий ишлар.



205-модда. Хавф таҳлили объектлари

Хавф таҳлили объектлари жумласига қуйидагилар киради:

божхона назорати остида бўлган ёхуд эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарлар;

тижорат учун фойдаланиладиган транспорт воситалари;

олди-сотди ёки айирбошлашга доир ташқи иқтисодиёт контрактларида (шартномаларида, келишувларида), товарларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига оид битимларда ёхуд бошқа ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар;

товарнинг кузатув ҳужжатларида ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар;

божхона назорати остида турган товарларга нисбатан ваколатга эга бўлган шахсларнинг фаолияти;

божхона назорати шакллари қўлланилишининг натижалари.



206-модда. Дастлабки маълумотни тақдим этиш

Хавфни бошқариш тизимини қўллашда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, божхона иши соҳасида лицензияларга ва рухсатномаларга эга бўлган шахслар томонидан юк, йўловчилар, транспорт воситалари тўғрисида дастлабки тарзда тақдим этилган ахборотдан фойдаланилади.

Божхона органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ чет давлатларнинг божхона органлари ва халқаро ташкилотлар билан дастлабки ахборот алмашинувини амалга оширади.

Ваколатли шахслар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига aвтомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали олиб кирилиши кутилаётган товарлар ҳамда транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисидаги дастлабки ахборотни улар амалда етиб келгунига қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали божхона органларининг ахборот тизимига тақдим этиши шарт.

Ваколатли шахслар тақдим этиладиган дастлабки ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгар бўлади.



207-модда. Божхона органлари томонидан

хавфни баҳолаш ва бошқариш

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси божхона иши соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги тўғрисидаги, шу жумладан текширувлар амалга оширилиши босқичида турган, шунингдек процессуал қарор қабул қилинган барча ҳуқуқбузарлик фактлари ҳақидаги статистик ва тезкор ахборотни тўплайди, умумлаштиради ҳамда таҳлил қилади.

Хавф профиллари ва уларни аниқлаш ҳамда қўллаш муддатлари, мезонлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Хавф профилларидан божхона назорати ўтказилаётганда божхона назорати шаклларини қўллаш учун божхона органлари томонидан фойдаланилади ва улар товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишни чеклаш учун асос бўла олмайди.

Энг кам ёки энг кўп хавф тоифасига киритиш, шунингдек божхона тартиб-таомиллари айрим турларининг ҳамда божхона назорати айрим шаклларининг қўлланилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда белгиланади.

Хавфнинг белгиланган профиллари ва индикаторлари таркиби божхона органлари томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган ва бошқа шахсларга ошкор этилиши мумкин эмас, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.


30-БОБ. БОЖХОНА ЭКСПЕРТИЗАСИ


208-модда. Божхона экспертизаси тушунчаси ва мақсади

Божхона экспертизаси товарларни идентификациялашга қаратилган ҳамда эксперт томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасидаги махсус билимлар асосида тадқиқотлар ўтказиш ва хулоса беришдан иборат процессуал ҳаракатдир.

Божхона экспертизасининг мақсади товарларни:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товарнинг таснифланиши тўғри бўлишини назорат қилиш учун;

уларни қайта ишлаш маҳсулотларида;

интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга риоя этилиши учун идентификациялашдан иборатдир.



209-модда. Тадқиқот объектлари

Товарлар (товарнинг намуналари ва нусхалари), божхона декларациясида ва бошқа ҳужжатларда товарлар тўғрисида кўрсатилган маълумотлар, идентификациялаш белгилари тадқиқот объектларидир.

Тадқиқот объектлари, агар уларнинг ўлчамлари ва хоссалари бунга имкон берса, ўралган ва муҳрланган тарзда экспертга берилади.

Тадқиқот объектини экспертнинг иш жойига етказиш имкони бўлмаган тақдирда, божхона экспертизасини тайинлаган орган унга мазкур объектга монеликсиз бориб кўриш ва уни тадқиқ этиш имкониятини таъминлайди.



210-модда. Божхона органларининг эксперт муассасаси

Божхона органларининг эксперт фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган махсус божхона муассасаси божхона органларининг эксперт муассасасидир.

Божхона органларида божхона экспертизасини ташкил қилиш, амалга ошириш, божхона экспертларини касбий тайёрлаш ва ихтисослаштириш божхонанинг эксперт амалиётига ягона илмий-услубий ёндашув асосида амалга оширилади.



211-модда. Товарнинг намуналарини

ёки нусхаларини танлаб олиш

Қуйидагилар товарнинг намуналарини ёки нусхаларини танлаб олиш ҳуқуқига эга:

божхона органининг мансабдор шахси, у божхона назоратини ўтказаётганда;

бошқа назорат қилувчи давлат органларининг мансабдор шахслари, улар қонунчиликда ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажараётганда ёки ваколатли шахс.

Ваколатли шахс ёки бошқа назорат қилувчи давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан товарнинг намуналари ёки нусхалари танлаб олинаётганда божхона органларининг мансабдор шахслари ҳозир бўлишга ҳақли.

Товарнинг намуналарини ёки нусхаларини танлаб олишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди, агар шундай танлаб олиш:

божхона назорати ўтказилишини қийинлаштирадиган бўлса;

товар тавсифларини ўзгартирадиган бўлса.

Товарнинг намуналарини ёки нусхаларини танлаб олиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


212-модда. Эксперт

Хулоса бериш учун божхона органларининг мансабдор шахси, илм-фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасида махсус билимларга эга, белгиланган тартибда эксперт сифатида тайинланган бошқа ташкилотнинг ходими эксперт сифатида иш юритиши мумкин. Бошқа ташкилотнинг ходими божхона экспертизасини тайинлаган орган томонидан мазкур ташкилотга берилган топшириқни бажариш тартибида божхона экспертизасини амалга оширади.

Эксперт тадқиқотда фақат ўзига топширилган божхона экспертизаси предметига тааллуқли ва хулоса бериш учун аҳамиятга молик масалалар бўйича иштирок этади.

Эксперт божхона экспертизасини амалга ошираётганда божхона экспертизасини тайинлаган органдан, экспертиза якунидан манфаатдор тарафлардан ва бошқа шахслардан мустақилдир.

Эксперт ўтказилган тадқиқотлар натижаларига асосланиб хулоса беради.

Божхона экспертизасини тайинлаган орган томонидан, шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан экспертга бирор тараф фойдасига ёки божхона экспертизасининг якунидан манфаатдор бошқа шахслар фойдасига хулоса олиш мақсадида таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.



213-модда. Экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Эксперт:

божхона экспертизасининг предметига тааллуқли бўлган материаллар билан танишиш;

товарлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;

божхона экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар тақдим этилиши, шунингдек божхона экспертизасини ўтказишга бошқа экспертлар жалб қилиниши ҳақида илтимосномалар бериш;

ўз хулосасида нафақат ўз олдига қўйилган масалалар бўйича, балки божхона экспертизаси предметига тааллуқли бўлган ва божхона иши учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам натижаларни баён қилиш ҳуқуқига эга.

Эксперт:

ўзига тақдим этилган текшириш объектларининг ҳар томонлама ва тўлиқ текширувини ўтказиши, ўз олдига қўйилган масалалар юзасидан белгиланган муддатда асосланган ва холисона хулоса бериши;

божхонага оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган ёки кўриб чиқаётган божхона органи мансабдор шахсининг чақируви бўйича ўзи берган хулосасига тушунтиришлар бериш ёки уни тўлдириш учун ҳозир бўлиши;

божхона назоратини ўтказишда божхона органининг талабига кўра иштирок этиши;

божхона экспертизаси ўтказилиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор этмаслиги;

тақдим этилган текшириш объектларининг бутлигини таъминлаши шарт.

Эксперт қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


214-модда. Божхона экспертизаси тайинланаётганда

ва ўтказилаётганда ваколатли шахснинг ҳуқуқлари

Божхона экспертизаси тайинланаётганда ва ўтказилаётганда ваколатли шахс:

божхона экспертизаси натижалари устидан шикоят қилиш;

эксперт хулосасини олиш учун қўшимча масалаларни киритиш ҳақида илтимоснома бериш;

божхона органларининг ва бошқа назорат қилувчи давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан товардан намуналар ёки нусхалар танлаб олинаётганда ҳозир бўлиш;

экспертнинг хулосаси билан танишиш ва бундай хулосанинг кўчирма нусхасини олиш;

божхона экспертизасини ўтказиш ҳақида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга.

Ваколатли шахснинг илтимосномаси қаноатлантирилган тақдирда божхона органи тегишли қарор қабул қилади. Илтимосномани қаноатлантириш рад этилганлиги тўғрисида божхона органининг мансабдор шахси уч иш куни ичида ваколатли шахсга рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабар қилади.



215-модда. Божхона экспертизасини ўтказиш

асослари ва муддатлари

Божхона экспертизасини ўтказиш асослари қуйидагилардан иборат:

божхона органлари мансабдор шахсларининг божхона экспертизасини ўтказиш тўғрисидаги ёзма мурожаати;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суд ажрими.

Божхона экспертизаси қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

божхона назорати амалга оширилаётганда товарларнинг божхона расмийлаштирувини ўтказиш жараёнида;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига биноан товарнинг таснифланиши бўйича дастлабки қарор қабул қилишда;

божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг тасдиқланган фактлари бўлганда.

Божхона экспертизаси божхона органининг биносида ёки, агар бу текширув хусусиятига кўра зарур бўлса ёхуд экспертиза объектини божхона органининг биносига етказиб бериш имкони бўлмаса, бошқа жойларда ўтказилади.

Божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолларда божхона экспертизасини ўтказиш муддати ўттиз кундан ошмаслиги лозим.

Божхона экспертизасининг мураккаблик даражасини аниқлашда қуйидаги мезонларни ҳисобга олиш керак:

объектнинг кўплиги (текширувга тақдим этилган учтадан ортиқ объект ёки икки юз варақдан ортиқ иш материаллари);

қўйилган масалаларнинг кўплиги (текширувлар ўтказилишини талаб этувчи учтадан ортиқ масала);

қўйилган масалаларни ҳал этиш учун тажрибалар ўтказишда технологик регламенти беш иш кунидан ортиқ бўлган, кўп меҳнат талаб этадиган усулларни ва мураккаб асбобсозлик воситаларини қўллаш эҳтиёжи;

қўйилган масалаларни ҳал этиш учун янги ҳисоб-китоб моделларини ва текширувнинг хусусий услубларини ишлаб чиқиш зарурати;

экспертизанинг комиссиявий, комплекс ёки такрорий деб ҳисобланиши;

божхона лабораторияси ҳудудидан ташқарида турган объектларнинг божхона кўздан кечируви ўтказиладиган жойга чиқиш ёхуд текширувни бошқа муассасаларнинг базасида ўтказиш зарурати;

бошқа ташкилотларнинг экспертларини ҳамда эксперт муассасаларини жалб қилиш зарурати.

Божхона экспертизаларини ўтказишнинг энг кўп муддатлари уларнинг мураккаблик даражасига кўра тўрт тоифага бўлиш орқали белгиланади:

биринчи тоифа - битта ҳам мураккаблик даражасига эга бўлмаган экспертизалар, уларни ўтказиш учун уч иш кунигача бўлган муддат талаб этилади;

иккинчи тоифа - ҳеч бўлмаганда битта мураккаблик даражасига эга бўлган экспертизалар, уларни ўтказиш учун беш иш кунигача бўлган муддат талаб этилади;

учинчи тоифа - камида иккита мураккаблик даражасига эга бўлган экспертизалар, уларни ўтказиш учун ўн иш кунигача бўлган муддат талаб этилади;

тўртинчи тоифа - камида тўртта мураккаблик даражасига эга бўлган ўта мураккаб экспертизалар, уларни ўтказиш учун йигирма иш кунигача бўлган муддат талаб этилади.

Божхона расмийлаштирувини амалга оширишда мажбурий тартибда божхона экспертизаси ўтказиладиган товарлар рўйхати хавфни бошқариш тизимини қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланади.



216-модда. Қўшимча ва такрорий божхона экспертизалари

Қўшимча божхона экспертизаси биринчи (аввалги) божхона экспертизаси хулосасида мавжуд бўлган камчиликларни тўлдириш учун тайинланади ва ўша экспертнинг ўзи ёки бошқа эксперт ёхуд экспертлар комиссияси томонидан ўтказилади.

Хулоса асосланмаганда ёки унинг тўғрилиги шубҳа туғдирганда ёхуд унинг асосидаги далиллар ҳақиқий эмас деб топилганда такрорий божхона экспертизаси тайинланади. Биринчи (аввалги) божхона экспертизасининг хулосаси устидан ваколатли шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан шикоят қилинганда, шунингдек прокурор томонидан протест келтирилганда ҳам такрорий божхона экспертизаси тайинланиши мумкин.

Такрорий божхона экспертизасини тайинлашда экспертнинг (экспертлар комиссиясининг) олдига аввал қўлланилган текширув услубларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Такрорий божхона экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда такрорий божхона экспертизасини тайинлаган органнинг биринчи (аввалги) божхона экспертизасининг хулосасидан норозилиги сабаблари келтирилиши керак.

Такрорий божхона экспертизасини ўтказиш бошқа экспертга ёки экспертлар комиссиясига топширилади. Биринчи (аввалги) божхона экспертизасини ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) такрорий божхона экспертизаси ўтказилаётганда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин текширувда ва хулоса тузишда иштирок этмайди.



217-модда. Экспертлар комиссияси томонидан

божхона экспертизасини ўтказиш

Божхона экспертизаси битта (комиссиявий божхона экспертизаси) ёки турли эксперт мутахассисликларининг (комплекс божхона экспертизаси) бир нечта эксперти томонидан ўтказилиши мумкин.

Божхона экспертизасини экспертлар комиссияси томонидан ўтказиш божхона экспертизасини тайинлаган орган томонидан белгиланади.

Божхона экспертизасини ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал қилиш заруратидан келиб чиққан ҳолда бўлажак текширувларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Божхона экспертизасини ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси таркибидаги ҳар бир эксперт текширувларни мустақил равишда ва алоҳида ўтказади, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда илм-фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасидаги ўз махсус билимлари доирасида қўйилган масалалар юзасидан хулосаларни шакллантиради.

Экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан текширувларнинг тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Комиссиявий божхона экспертизасини ўтказишда экспертларнинг ҳар бири тўлиқ ҳажмда текширувлар ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил этади.

Ўтказилган текширувлар натижалари бўйича экспертлар биргаликдаги хулосани тузади ва имзолайди.

Экспертлар орасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда уларнинг ҳар бири келишмовчиликларга сабаб бўлган барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Божхона иши учун аҳамиятга молик вазиятларни билимларнинг турли соҳаларини қўллаган ҳолда бир нечта текширув ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда комплекс божхона экспертизаси тайинланади.

Комплекс божхона экспертизасини ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколатлари доирасида текширувлар ўтказади. Комплекс божхона экспертизасининг хулосасида ҳар бир эксперт қандай текширувларни қандай ҳажмда ўтказганлиги, шахсан у қандай фактларни аниқлаганлиги ҳамда қандай хулосаларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири комплекс божхона экспертизаси хулосасининг ўзи томонидан олиб борилган текширувлар акс этган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Олинган натижаларга баҳо бериш ва ушбу хулосани (хулосаларни) шакллантириш учун ваколатли бўлган экспертлар умумий хулоса (хулосалар) берадилар. Агар экспертлар комиссиясининг якуний хулосаси ёки унинг бир қисми учун экспертлардан бири (айрим экспертлар) томонидан аниқланган фактлар асос бўлса, бу ҳақда комплекс божхона экспертизасининг хулосасида кўрсатиб ўтилиши керак.

Экспертлар орасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда уларнинг ҳар бири келишмовчиликларга сабаб бўлган барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида-алоҳида комплекс божхона экспертизаси хулосасини беради.



31-БОБ. ТОВАРЛАРНИ ВА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

БОЖХОНА НАЗОРАТИ ОСТИДА ТАШИШ


218-модда. Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона

назорати остида ташиш талаблари ҳамда шартлари

Божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига ушбу товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилган ташувчининг жавобгарлиги остида ташилади.

Товар келиб тушадиган божхона органига топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар қайси товарларга ва (ёки) транспорт воситаларига тегишли бўлса, ўша товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан бир хил тартибда етказиб берилади ва тақдим қилинади.

Божхона назорати остида ташиладиган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари:

товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи белгилаган муддатларда ва йўналишлар бўйича, агар улар ушбу модданинг олтинчи қисмига мувофиқ белгиланган бўлса, ташувчи томонидан етказиб берилиши;

товар келиб тушадиган божхона органига тақдим этилиши;

табиий эскириш ёки нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, ўзгармас ҳолатда қолиши ҳамда ташишдан бошқа бирор мақсадда фойдаланилмаслиги лозим.

Товар келиб тушадиган божхона органига товарларни етказиб беришнинг энг кўп муддати қуйидаги ҳисоб-китоб билан белгиланадиган муддатдан ошмаслиги керак:

ҳаво транспорти учун - уч календарь кундан;

автомобиль ва сув транспорти учун - ўн календарь кундан;

темир йўл транспорти учун - икки минг километр учун ўттиз календарь кундан.

Божхона назорати остида ташилаётган товарлар учун етказиб бериш муддати ташувчининг аризасидан, товарларни ташишнинг одатий муддатидан, транспорт воситасининг тури ва имкониятларидан, аризачи томонидан белгиланган ҳаракат йўналиши ва бошқа ташиш шартларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат доирасида жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланади.

Божхона назорати остида ташилаётган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддатлари ташувчи томонидан бузилган тақдирда, етказиш пунктидаги божхона органи томонидан ташувчидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.

Божхона назорати остида турган айрим товарларни божхона ҳудуди бўйлаб ташиш йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ваколатли шахснинг ёки ташувчининг асосланган сўровига кўра оралиқ божхона органи товарларни товар келиб тушадиган божхона органига етказиб беришнинг дастлаб белгиланган муддатини узайтиради.

Автомобиль транспортида ташилаётганда божхона назорати остида турган товарларни ҳамда божхона назорати остида турмаган бошқа товарларни битта транспорт воситасига жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Товарларнинг айрим турларини ташиётган ташувчилар учун қонунчилик билан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.


219-модда. Ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ташувчи қуйидаги ҳолларда товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилмасликка ҳақли, агар:

товарнинг кузатув ҳужжатлари белгиланган тартибни бузган ҳолда расмийлаштирилган бўлса;

транспорт воситасига ва товарлар ўровига қўйилган божхона идентификациялаш воситалари ташилаётган товарларга ана шундай таъминлов чораларини бузмасдан тегиш имкониятини истисно этмаса.

Ташувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Божхона назорати остида турган товарларни божхона ҳудуди бўйлаб ташиш чоғида ташувчи:

товарларнинг, пломбаларнинг ва муҳрларнинг, ёки, агар фойдаланилган бўлса, бошқа божхона идентификациялаш воситаларининг бутлигини таъминлаши;

божхона органларининг рухсатисиз товарлар билан юк операцияларини ўтказишга йўл қўймаслиги, бундан ушбу Кодекс 225-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда товарни тушириб бошқа транспорт воситасига қайта юклаш мустасно;

ташиладиган товарларни божхона назорати зонасига жойлаштириши;

транспорт воситаларини тегишли техник ҳолатда сақлаши ва ушбу Кодекснинг 227-моддасига мувофиқ божхона назорати остидаги товарларни ташиш учун транспорт воситаларининг жиҳозланишига доир талабларга мослигини таъминлаши;

табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришларни истисно этганда, товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўзгармас ҳолатда, бошқа бирор мақсадда фойдаланмасдан етказиб бериши;

товарлар йўқолганда ёки божхона органларининг розилигисиз бошқа шахсларга бериб юборилган тақдирда божхона тўловларини тўлаши шарт.

Белгиланган жойга етиб келгандан сўнг ташувчи божхона органини ёзма равишда хабардор қилмасдан товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини тўхташ жойларида қаровсиз қолдиришга, тўхташ жойини ўзгартиришга, йўловчиларни тушириб юборишга, товарлар билан бирор-бир юк ва ўров-жойлов операциясини бажаришга, божхона идентификациялаш воситаларини ўзгартиришга, олиб ташлашга ёки йўқ қилишга ҳақли эмас.

Ташувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


220-модда. Товарни етказиб беришнинг назорат ҳужжати

Товарни божхона назорати остида етказиб бериш устидан назорат транзит декларацияси ёрдамида амалга оширилади.

Транзит декларацияси божхона ҳудуди бўйлаб божхона назорати остида ташилаётган товар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, товар келиб тушадиган божхона органигача етказиб берилганлиги назоратини божхона органлари томонидан амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатдир.

Транзит декларацияси бир ёки бир нечта товарнинг кузатув ҳужжатлари бўйича ташиладиган товарнинг ҳар бир туркуми ёки товарларнинг бир нечта туркуми учун расмийлаштирилади.

Олиб чиқилаётган товарларни божхона назорати остида етказиб бериш устидан назорат божхона юк декларациясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади (бундан жисмоний шахслар томонидан доимий яшаш жойи ўзгарганлиги муносабати билан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган шахсий мол-мулк мустасно).

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда, транзит декларацияси сифатида мазкур шартномаларда белгиланган ҳужжатлардан фойдаланилади.    



221-модда. Божхона назорати остида ташиладиган товарлар

ва транспорт воситалари ҳамда уларнинг ҳужжатларига

идентификациялаш воситаларининг қўлланилиши

Жўнатувчи божхона органи божхона ҳудуди бўйлаб божхона назорати остида ташилаётган товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг божхона идентификацияланишини таъминлайди, товар келиб тушадиган божхона органи эса қўйилган божхона идентификациялаш воситаларининг мавжудлигини ва бутлигини текширади. Оралиқ божхона органлари ва товар келиб тушадиган божхона органлари товарнинг кузатув ҳужжатларига божхона идентификациялашининг янги воситалари қўйилганлиги тўғрисида қайдлар қўйиб чиқиши мумкин.

Божхона идентификациялаш воситалари транспорт воситасига ёки алоҳида юк ўринларига қўйилиши мумкин.

Божхона ҳудуди бўйлаб божхона назорати остида ташилаётган товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона идентификациялашининг асосий усули уларга пломбалар ва муҳрлар босишдан иборат. Пломбалар ва муҳрларни қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган божхона идентификациялашининг бошқа воситалари қўлланилади.

Агар чет давлатлар божхона органларининг идентификациялаш воситалари ушбу Кодекс 227-моддасининг биринчи қисмида белгиланган талабларга мос эмас деб топилса, жўнатувчи божхона органи товарни ва (ёки) транспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиб, уларга божхона идентификациялашининг янги воситаларини қўяди ва бу ҳақда товарнинг кузатув ҳужжатларига тегишли ёзув киритилади.

Ҳужжатларнинг божхона идентификациялашини амалга ошириш мақсадида жўнатувчи божхона органи ушбу Кодекс 197-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ божхона идентификациялаш воситаларини қўллайди.



222-модда. Товар божхона назорати остида ташилаётганда

божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини

таъминлаш чора-тадбирлари

Чет эл товари божхона назорати остида ташилаётганда божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришни қўллаш;

товарнинг божхона ташувчиси томонидан ташилиши;

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлашни тақдим этиш.

Агар товарларни божхона назорати остида ташиётган транспорт воситаси ушбу Кодекс 227-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлмаса, жўнатувчи божхона органи товарларни божхона назорати остида ташишга транспорт воситасини лозим даражада жиҳозлаш ёхуд мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш бўйича чоралар кўриш шарти билан рухсат беради.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чора-тадбирлар қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди, агар:

товарлар темир йўл, ҳаво ва қувур транспортида ёки электр узатиш линиялари орқали ташилаётган бўлса;

ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланган бўлса.



223-модда. Божхона ҳамроҳлигида кузатиб

боришнинг қўлланилиши

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш чет эл товарларини ташиётган автотранспорт воситаларига нисбатан қўлланилади, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

товарларни ташиш ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясига (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ амалга оширилган тақдирда;

миллий автоташувчилар томонидан импорт товарларни ташиш товарларни божхона назорати остида ташиш учун жиҳозланган транспорт воситаларида, ушбу ташувчилар томонидан лицензия карточкаси тақдим этилган ҳолда амалга оширилган тақдирда;

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланган тақдирда;

товарлар божхона ҳудудига инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмак сифатида, шунингдек халқаро почта жўнатмалари ва фельдъегер почтаси сифатида, тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда олиб кирилганда.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш автотранспорт воситаси жўнатувчи божхона органига етиб келган пайтдан эътиборан олти соатдан кечиктирмай бошланади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш битта ёки бир нечта автотранспорт воситасига нисбатан амалга оширилиши мумкин, лекин уларнинг сони йигирматадан ошмаслиги керак.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш учун божхона йиғими ундирилади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Божхона органлари чет эл товарларини ташиётган транспорт воситаларининг хавфларни баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда божхона кузатувини амалга ошириши мумкин.


224-модда. Авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири

ёхуд товарларни ташишга тўсқинлик қиладиган бошқа

вазиятлар оқибатида кўриладиган чора-тадбирлар

Авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири ёхуд товарларни тайин қилинган жойга ташишга тўсқинлик қиладиган бошқа вазиятлар оқибатида ташувчи:

товарнинг, транспорт воситасининг бутлигини сақлаш ва улардан фойдаланилишига йўл қўймаслик учун зарур чора-тадбирларни кўриши;

энг яқин божхона органига тегишли вазиятлар, товарнинг ва транспорт воситасининг турган жойи тўғрисида дарҳол хабар бериши;

товарларни энг яқин божхона органига ёки божхона органи кўрсатган бошқа жойга олиб бориши ёхуд, агар унинг транспорт воситаси бузилган бўлса, олиб борилишини таъминлаши шарт.

Божхона органи божхона назоратини таъминлаш учун қўлланиладиган чора-тадбирларни содир бўлган ҳодисанинг хусусиятига, товар сифатининг йўқотилиш даражаси ва товар ташилишини амалга ошираётган транспорт воситасининг техник ҳолатига боғлиқ равишда белгилайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ва божхона ҳудудида содир бўлган ҳоллар белгиланган тартибда тегишли ваколатли органлар томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

Ушбу моддада назарда тутилган чоралар кўрилиши муносабати билан ташувчи қилган харажатларнинг ўрни божхона органлари томонидан қопланмайди.



225-модда. Божхона назорати остида ташилаётган

товар билан юк операциялари

Божхона назорати остида ташилаётган товар билан юк операциялари товар етказиб берилган манзилда шу мақсадларни амалга ошириш учун махсус ажратилган жойларда ва божхона органининг иш вақтида амалга оширилади. Юк операцияларини ваколатли шахснинг ёки ташувчининг ёзма аризасига кўра бошқа жойларда ва (ёки) қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида юк операцияларини амалга ошириш зарурати туғилган бўлса, ўша божхона органининг белгиланган иш вақтидан ташқари пайтда ўтказишга шу божхона органининг назорати остида йўл қўйилади.

Божхона назорати остидаги товарни ташишни амалга ошираётган транспорт воситаси бузилиб қолган тақдирда, уни ушбу Кодекснинг 84-моддасида белгиланган вақтинча сақлаш жойларида вақтинча сақлашга йўл қўйилади. Бундай сақлаш муддати божхона органи томонидан транспорт воситасини таъмирлаш учун кетадиган вақтдан келиб чиққан ҳолда белгиланади, бу муддат товарнинг вақтинча сақлаш божхона режимида туришининг энг кўп муддатидан ошмаслиги лозим.

Товар билан юк операцияларининг ўтказилиши товарнинг йўқотилишига ёки хоссалари ўзгаришига олиб келиши эҳтимоли бўлган ёхуд шу товар устидан бундан буёнги божхона назоратини амалга ошириш имкони бўлмаслигига сабаб бўлган тақдирдагина божхона органи товар билан юк операцияларини ўтказишни рад этиши мумкин.

Божхона назорати остида ташилаётган товар туширилиб, бошқа транспорт воситасига қайта ортилган тақдирда, мазкур бобда баён этилган талаблар ва шартларга риоя этишга ушбу товарни божхона назорати остида бундан буёнги ташиш учун қабул қилиб олган ташувчи жавобгар бўлади.



226-модда. Товарларни ва уларга доир ҳужжатларни

божхона органи томонидан белгиланадиган

жойга етказиб бериш

Товар келиб тушадиган божхона органи жойлашган ерларга ёки жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланган бошқа жойларга товар етказиб берилади.

Товар келиб тушадиган божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтда товар етказиб берилган тақдирда, у божхона назорати зонасига жойлаштирилади. Ташувчи товар келиб тушадиган божхона органини товар етказиб берилганлиги тўғрисида қуйидагиларни тақдим қилиш орқали хабардор қилади:

транзит декларациясини;

товарнинг кузатув ҳужжатларини;

етказиб берилган товарларни.

Хабар қилиш товарлар етказиб берилганидан кейин ўттиз дақиқадан кечиктирмай, товарлар товар келиб тушадиган божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтида етказиб берилган тақдирда эса, божхона органининг иш вақти бошланганидан кейин ўттиз дақиқадан кечиктирмай амалга оширилиши керак.

Товар келиб тушадиган божхона органи хабарномани олган пайтдан эътиборан уч соат ичида товарнинг кузатув ҳужжатларига белги қўйиш орқали товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги фактини тасдиқлайди. Божхонага оид ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома текшириш тугаллангунига қадар тўхтатиб турилади.

Етказиб берилганлиги тасдиқланган пайтдан эътиборан товар вақтинча сақлаш божхона режимида турган товар мақомини олади.

Товар етказиб берилганидан ҳамда товар келиб тушадиган божхона органига тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим қилинганидан кейин товар тушириб олиниши ёки қайта ортилиши, божхона омборига вақтинча сақлаш учун жойлаштирилиши, муайян божхона режимига маълум қилиниши мумкин.

Ушбу модданинг талабларида назарда тутилган ҳаракатлар ёки ҳолатлар оқибатида ташувчи қилган харажатлар ташувчининг ҳисобига ёзилади ва уларнинг ўрни божхона органлари томонидан қопланмайди.



32-БОБ. ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИГА ТОВАРЛАРНИ

БОЖХОНА ПЛОМБАЛАРИ ВА МУҲРЛАРИ ОСТИДА

ТАШИШГА РУХСАТ БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ГУВОҲНОМА


227-модда. Товарлар божхона пломбалари ва муҳрлари

остида ташилаётган транспорт воситаларининг

жиҳозланишига доир талаблар

Божхона пломбалари ва муҳрлари остида товарларни ташиш учун транспорт воситалари қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда конструкцияланган ва жиҳозланган бўлиши керак:

божхона пломбалари ва муҳрларини бевосита транспорт воситасига оддий ва ишончли усулда қўйиш мумкинлиги;

ташилаётган товарни транспорт воситасининг пломбаланган қисмидан кўзга ташланадиган излар қолдирмасдан чиқариб олиш ёки унга бошқа товарни жойлаш ёхуд божхона тамғаларига ёки муҳрларига шикаст етказиш имконияти йўқлиги;

транспорт воситаси ва унинг юк бўлмалари уларнинг ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган конструкциясига доир техник талабларга мувофиқ бўлиши керак ва уларда ташилаётган товарларни яшириш учун мўлжалланган хуфия жойлар мавжуд бўлмаслиги керак;

транспорт воситасининг товарлар туриши мумкин бўлган юк бўлмаларининг тузилиши божхона кўздан кечируви учун эркин кириб чиқишни таъминлаши керак.

Транспорт воситасининг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга мувофиқлиги транспорт воситасига товарларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташишга рухсат бериш тўғрисидаги гувоҳномани (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) олиш йўли билан олдиндан тасдиқланиши мумкин.

Божхона органлари транспорт воситасига товарларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташиш учун олдиндан рухсат олинишини талаб қилмайди, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно, агар:

товарларни ташиш божхона ташувчиси томонидан амалга оширилаётган бўлса;

рухсат олиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса.

Гувоҳнома божхона органи томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг аризалари асосида берилади ҳамда юк ташувчи автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамалар учун товарларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташишни амалга ошириш учун рухсат ҳисобланади.

Гувоҳнома:

аризачи юк ташувчи автотранспорт воситаларини, тиркамаларни ва ярим тиркамаларни ишлатувчи юридик ёки жисмоний шахс бўлганда - якка тартибда;

аризачи айни бир турдаги конструкцияга эга бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаларини, тиркамаларни ва ярим тиркамаларни серияли ишлаб чиқарувчи завод бўлганда - конструкциянинг тури бўйича (юк ташувчи автотранспорт воситаларининг, тиркамаларнинг ва ярим тиркамаларнинг серияси) берилиши мумкин.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати икки йилни ташкил этади.



228-модда. Гувоҳнома олиш учун талаблар ва шартлар

Гувоҳнома олиш учун транспорт воситаси ушбу Кодекс 227-моддасининг биринчи қисми талабларига ва ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясида (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлиши керак.



229-модда. Гувоҳнома олиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Якка тартибда гувоҳнома олиш учун аризачи қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида юридик шахс рўйхатдан ўтган ёхуд жисмоний шахс доимий яшаётган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

гувоҳнома олиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шакл бўйича аризани;

транспорт воситасига нисбатан мулк ҳуқуқини ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхасини;

ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) билан белгиланган шакл бўйича гувоҳнома бланкасини;

автотранспорт воситасининг олдидан, орқадан, чапдан, ўнгдан кўриниши, шунингдек пломбалар ва муҳрлар қўйиладиган жойнинг тасвири мавжуд бўлган, аризачи томонидан тасдиқланган рангли фотосуратларни. Битта фотосуратда битта транспорт воситасининг кўпи билан икки томонини бир вақтнинг ўзида тасвирлашга йўл қўйилади.

Конструкциянинг тури бўйича гувоҳнома олиш учун аризачи қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида автотранспорт воситалари ишлаб чиқариладиган бўлса, ўша божхона органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

гувоҳнома олиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шакл бўйича аризани;

транспорт воситаси конструкциясининг чизмаларини ва батафсил тавсифини;

ХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) билан белгиланган шаклдаги гувоҳнома бланкасини;

автотранспорт воситасининг олдидан, орқадан, чапдан, ўнгдан кўриниши, шунингдек пломбалар ва муҳрлар қўйиладиган жойнинг тасвири мавжуд бўлган, аризачи томонидан тасдиқланган рангли фотосуратларни. Битта фотосуратда битта автотранспорт воситасининг кўпи билан икки томонини бир вақтнинг ўзида тасвирлашга йўл қўйилади.

Гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризада аризачининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризада аризачининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг ўз аризаси бўйича қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарни ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигидир.

Аризачидан ушбу моддада кўрсатилмаган бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги учун аризачи жавобгар бўлади.



230-модда. Аризани кўриб чиқиш ва гувоҳнома бериш тўғрисида

ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш

Гувоҳнома бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш учун божхона органи:

гувоҳнома якка тартибда берилаётганда - тақдим қилинган транспорт воситасининг ушбу Кодекснинг 228-моддасида назарда тутилган гувоҳнома бериш талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишни амалга оширади;

гувоҳнома конструкциянинг тури бўйича берилаётганда конструкциянинг маълум қилинган тури бўйича тайёрланган бир ёки бир нечта транспорт воситасининг ушбу Кодекснинг 228-моддасида назарда тутилган гувоҳнома бериш талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширишни амалга оширади.

Божхона органи томонидан гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ҳамда гувоҳнома бериш тўғрисида ёки уни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш муддатлари ариза қабул қилинган санадан эътиборан қуйидаги муддатлардан ошмаслиги керак:

гувоҳнома якка тартибда берилганда - ўн иш кунидан;

гувоҳнома конструкциянинг тури бўйича берилганда - йигирма иш кунидан.

Гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиққанлик ва гувоҳнома берганлик учун божхона йиғимлари ундирилмайди.

Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай аризачига гувоҳнома бериши (юбориши) ёки гувоҳнома бериш рад этилганлиги ҳақида уни ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

Гувоҳнома аризачига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шаклда берилади.

Гувоҳнома беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

гувоҳнома бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг аризачи томонидан тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;

автотранспорт воситасининг ушбу Кодекс 227-моддасида белгиланган талаблар ва шартларга номувофиқлиги;

аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.

Гувоҳнома беришни бошқа асосларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан рад этишга йўл қўйилмайди.

Гувоҳнома бериш рад этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги хабарда рад этиш сабаблари ва қонунчиликнинг нормалари кўрсатилиши лозим.

Аризачи рад этиш сабабларини бартараф қилишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат гувоҳнома бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабар олинган санадан эътиборан ўн иш кунини ташкил этади.

Гувоҳнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар аризачи томонидан бартараф қилинган тақдирда аризани такроран кўриб чиқиш ва (ёки) автотранспорт воситасини текшириш, гувоҳнома бериш ёки уни беришни рад этиш ариза қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан ошмайдиган муддатда божхона органи томонидан амалга оширилади. Хабарда кўрсатилган муддат тугаганидан кейин берилган ариза янгитдан берилган деб ҳисобланади ва умумий асосларда кўриб чиқилади.

Гувоҳнома бериш тўғрисидаги ариза такроран кўриб чиқилаётганда гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарда илгари кўрсатилмаган асосларга кўра гувоҳнома беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Аризачи божхона органининг гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек божхона органи мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



231-модда. Гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш

Гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

аризачи гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

автотранспорт воситаси товарларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташиш учун яроқсиз ҳолга келганда;

гувоҳнома бериш тўғрисидаги божхона органининг қарори ноқонунийлиги аниқланганда;

автотранспорт воситаларининг миллий давлат рўйхатидан ўтказиш рақамлари алмашганда;

гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар юзага келиши билан гувоҳноманинг амал қилиши тугатилган деб ҳисобланади.

Гувоҳноманинг амал қилиши ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолларда божхона органи томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса суд томонидан тугатилади.

Гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори аризачига ва божхона органига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги божхона органининг қарори қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай аризачига гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш сабаблари, шунингдек қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда етказилади.

Гувоҳноманинг амал қилиши тугатилган тақдирда у божхона органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.



232-модда. Гувоҳномани бекор қилиш

Гувоҳнома қуйидагилар асосида бекор қилинади:

аризачининг гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги аризаси;

транспорт воситасининг конструкцияси ўзгартирилганлиги факти - гувоҳнома конструкциянинг тури бўйича берилганда;

гувоҳнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Гувоҳнома ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда божхона органи томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса суд томонидан бекор қилинади.

Гувоҳнома бекор қилинган тақдирда у божхона органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори аризачига ва божхона органига қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги божхона органининг қарори аризачига қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай етказилади.



233-модда. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш,

гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш

ва унинг дубликатини бериш

Гувоҳнома қайта расмийлаштирилмайди.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагач гувоҳноманинг амал қилиши аризачининг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза божхона органига гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар берилиши лозим. Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш гувоҳнома бериш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун божхона йиғими ундирилмайди.

Гувоҳнома йўқотилган ёки унга шикаст етказилган тақдирда дубликат берилмайди. Бунда аризачининг аризасига кўра умумий асосларда янги гувоҳнома берилади.



234-модда. Гувоҳномага қайдлар киритиш тартиб-таомили

Агар халқаро юк ташишни амалга ошираётган, бунга рухсат этилган автотранспорт воситасида жиддий носозликлар аниқланса, божхона органлари автотранспорт воситасининг ҳаракатланишини давом эттиришни тақиқлаб қўйиши ёхуд назорат бўйича зарур чоралар кўриб, автотранспорт воситасининг юришда давом эттиришига рухсат бериши мумкин.

Рухсат этилган автотранспорт воситаси мумкин қадар қисқа вақтда ва ундан юкларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташиш учун қайта фойдаланилгунига қадар қониқарли ҳолатга келтирилиши керак.

Автотранспорт воситаси таъмирлаш натижасида ташишга рухсат этиш шартларига мос келадиган ҳолатга келтирилганидан сўнг у гувоҳноманинг амал қилишини тиклайдиган божхона органига тақдим этилиши керак.

Жиддий носозликлар аниқланган автотранспорт воситасидан ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланганидек, тегишли таъмирлаш ўтказилмагунига қадар юкларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташиш учун яна фойдаланилиши мумкин эмас.

Гувоҳномага киритилган ҳар бир қайд унинг киритилиш санаси қўйилган ҳолда, ушбу қайдни киритган божхона органи мансабдор шахсининг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланиши керак.

Агар автотранспорт воситасида божхона органларининг фикрича жиддий хусусиятга эга бўлмаган ва божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишига имкон яратмайдиган носозликлар бўлса, бу транспорт воситасидан кейинчалик юкларни ташиш учун фойдаланишга рухсат этилиши мумкин. Гувоҳноманинг эгаси бўлган аризачи мазкур носозликлар тўғрисида хабардор қилинади ва у ўзининг автотранспорт воситасини тегишли тарзда таъмирлаши керак.


33-БОБ. БОЖХОНА ТАШУВЧИСИНИНГ ФАОЛИЯТИ


235-модда. Божхона ташувчиси

Божхона ташувчиси ушбу Кодекснинг 236-моддасида белгиланган талаб ва шартларга жавоб берувчи Ўзбекистон Республикаси юридик шахсидир.

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси Божхона ташувчиларининг реестрига киритилганидан кейин божхона ташувчиси деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона ташувчиларининг реестрини юритади ва расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлайди.

Божхона ташувчиси божхона назорати остида турган товарларни ташишни божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришни қўлламаган ҳолда амалга оширади.

Божхона ташувчиларининг товарларни жўнатувчилар ва олувчилар билан ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади.



236-модда. Божхона ташувчиларининг

реестрига киритилиш шартлари

Ўзбекистон Республикаси юридик шахсини Божхона ташувчиларининг реестрига киритиш шартлари қуйидагилардан иборат:

автотранспортда юкларни халқаро ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензиянинг мавжудлиги ва божхона органига ариза берилган санага қадар камида икки йил давомида ушбу фаолият амалга оширилганлиги;

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишининг таъминланганлиги;

ушбу Кодекснинг 227-моддаси талабларига мувофиқ товарларни божхона пломбалари ва муҳрлари остида ташиш учун яроқли автотранспорт воситаларининг борлиги;

Ўзбекистон Республикаси юридик шахсининг фуқаролик жавобгарлиги хавфини суғурталаш шартномаси борлиги.



237-модда. Божхона ташувчиларининг реестрига

киритилиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Божхона ташувчиларининг реестрига киритилиш учун Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган шаклда ёзилган ариза;

ушбу Кодекснинг 236-моддасида назарда тутилган шартларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Аризачидан ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар божхона органи аксини исботламагунича, барча ҳолларда тўғри деб ҳисобланади.

Ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик аризачининг зиммасида бўлади.



238-модда. Божхона ташувчиларининг

реестридан чиқарилиш учун асос

Божхона ташувчиларининг реестридан чиқарилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

божхона ташувчисининг ўзини Божхона ташувчиларининг реестридан чиқариш тўғрисидаги аризаси;

Божхона ташувчиларининг реестрига киритилиш шартларига риоя этилмаганлиги;

ушбу Кодекснинг 239-моддасида назарда тутилган мажбуриятларга божхона ташувчиси томонидан риоя этилмаганлиги;

божхона ташувчисининг қайта ташкил этилганлиги, бундан унинг ўзгартирилганлиги мустасно;

божхона ташувчисининг қонунчиликка мувофиқ тугатилганлиги.


239-модда. Божхона ташувчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Божхона ташувчиси қуйидагиларга ҳақли:

1) божхона назорати остида турган товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришни қўлламаган ҳолда ташишга;

2) қуйидаги ҳолларда товарларни ва транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилмасликка, агар:

товарнинг кузатув ҳужжатлари белгиланган тартибни бузган ҳолда расмийлаштирилган бўлса;

автотранспорт воситасига ва товарлар ўровига қўйилган божхона идентификациялаш воситалари ташилаётган товарларга шундай таъминлов чораларини бузмасдан тегиш имкониятини истисно этмаса.

Божхона ташувчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Божхона ташувчиси:

божхона назорати остида ташиладиган товарларнинг ҳисобини юритиши ва божхона органларига шундай товарларни ташиш тўғрисида ҳисобот тақдим этиши;

базавий ҳисоблаш миқдори ошган тақдирда, ушбу Кодекс 236-моддаси учинчи хатбошисида белгиланган талабларни бажаришни базавий ҳисоблаш миқдори ошган кундан эътиборан бир ой ичида таъминлаши;

товарларни жўнатувчидан, қабул қилувчидан олинган, давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этадиган ахборотни ошкор этмаслиги, ундан шахсий мақсадлари учун фойдаланмаслиги, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

товарларни жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланган жойга, йўналишда ва муддатларда, уларнинг ўровини ёки ҳолатини ўзгартирмасдан, бундан табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар мустасно, етказиб беришдан бошқа мақсадларда фойдаланмасдан етказиб бериши;

товарларни ва уларга оид ҳужжатларни товар келиб тушадиган божхона органига тақдим этиши, ушбу божхона органи мансабдор шахсларининг талабига кўра эса товарларни товар келиб тушадиган божхона органига амалда тақдим этиши;

битта автотранспорт воситасида божхона назорати остида турган товарлар билан бир вақтда бошқа товарларни ташимаслиги;

ташилаётган товарларнинг бут сақланишини таъминлаши;

белгиланган жойга божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтда келтирилган товарларни божхона назорати зонасига жойлаштириши;

товарлар етказиб берилганидан кейин уларни товар келиб тушадиган божхона органига хабар бермаган ҳолда тўхташ жойида қаровсиз қолдирмаслиги, товарларни ўрамаслиги ва қайта ўрамаслиги, божхона идентификациялаш воситаларини ўзгартирмаслиги, олиб ташламаслиги ва йўқ қилмаслиги. Агар божхона ташувчиси транспорт воситаси экипажининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф таҳдид солганлигини, товарларнинг ёки транспорт воситасининг йўқ қилиниши, қайтариб бўлмас ҳолатда йўқотилиши ёки жиддий бузилиши хавфи мавжуд бўлганлигини исботласа, ушбу мажбуриятнинг бузилиши божхона ташувчисининг жавобгарлигига олиб келмайди. Мазкур ҳолатлар тўғрисида божхона ташувчиси энг яқин божхона органини дарҳол хабардор қилиши шарт;

ўз ходимларига товарларни божхона назорати остида ташиш қоидаларини ўргатиши;

автотранспорт воситаларини тегишли техник ҳолатда сақлаб туриши ҳамда уларнинг ушбу Кодекснинг 227 ва 236-моддалари талаблари ва шартларига мувофиқлигини таъминлаши;

ўз кучи ёки шартнома асосида бошқа ташкилотларнинг кучи билан товарлар ўз автотранспорт воситаларига ортилишини ёки қайта ортилишини, шу автотранспорт воситаларидан туширилишини ёки қайта ортилишини таъминлаши;

товар келиб тушадиган божхона органининг талабига кўра, божхона органи томонидан белгиланган муддатда товарларнинг тўхташ, тушириш ва қайта ортиш жойини ўзгартиришни, товарларнинг ва транспорт воситаларининг дастлабки турган жойи ўзгартирилишини, божхона идентификациялаш воситалари ўзгартирилиши, олиб ташланиши ёки йўқ қилинишини таъминлаши;

авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири чоғида товарларнинг ва транспорт воситаларининг бут сақланишини таъминлаш ҳамда улардан бирор-бир тарзда фойдаланилишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўриши. Бунда авария ёки енгиб бўлмас куч таъсирининг ҳолатлари, товарлар ва ўзининг транспорт воситалари турган жой тўғрисида энг яқин божхона органига дарҳол хабар бериши, товарларнинг ва транспорт воситаларининг энг яқин божхона органига ташилишини таъминлаши ҳамда ушбу божхона органи томонидан божхона назоратини таъминлаш учун белгиланадиган бошқа чораларни кўриши;

Божхона ташувчиларининг реестрига киритилиш пайтида маълум қилинган маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида шундай ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан беш иш куни ичида божхона органини хабардор қилиши шарт.

Божхона ташувчисининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


V БЎЛИМ. БОЖХОНА ИШИДА ВАЛЮТА НАЗОРАТИ

ВА ТАШҚИ САВДО ОПЕРАЦИЯЛАРИНИНГ

МОНИТОРИНГИ


34-БОБ. ВАЛЮТА НАЗОРАТИ


240-модда. Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий

валютаси ва нақд чет эл валютаси олиб кирилаётганда

ва олиб чиқилаётганда назоратни амалга ошириш

Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси олиб кирилиши ва олиб чиқилиши устидан назорат жисмоний шахслар божхона чегарасини кесиб ўтаётганда божхона органлари томонидан амалга оширилади.



241-модда. Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси

ва нақд чет эл валютаси жисмоний шахслар томонидан олиб

кирилаётганда ва олиб чиқилаётганда текширувни

амалга ошириш

Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси олиб кирилаётганда ва олиб чиқилаётганда жисмоний шахсни текшириш валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш мақсадида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси олиб кирилаётганда ва олиб чиқилаётганда қуйидагилар текширилади:

олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормаларига риоя этилиши;

олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг белгиланган чекланган нормаларидан ортиқ бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси олиб кирилаётганда ва олиб чиқилаётганда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ёки ваколатли банкларнинг рухсатномаси мавжудлиги;

жисмоний шахсда мавжуд бўлган сумманинг божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги.



242-модда. Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий

валютасини ва нақд чет эл валютасини ноқонуний олиб

кириш ҳамда олиб чиқиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар

аниқланган тақдирда кўриладиган чоралар

Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини ва нақд чет эл валютасини ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда божхона органлари ноқонуний олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини ва нақд чет эл валютасини олиб қўяди, терговга қадар текширув ўтказади, маъмурий иш ёки жиноят ишини қўзғатади.

Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига Ўзбекистон Республикаси нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси ноқонуний олиб кирилганлиги ва олиб чиқилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.


35-БОБ. ТАШҚИ САВДО ОПЕРАЦИЯЛАРИ МОНИТОРИНГИ


243-модда. Ташқи савдо операциялари устидан

мониторингни амалга ошириш

Ташқи савдо операциялари мониторинги Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари ўртасида тузилган, товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ва қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ёки чет эл валютасида ўзаро ҳисоб-китоблар қилишни назарда тутувчи контрактларнинг (шартномаларнинг, келишувларнинг) бажарилишини кузатиб бориш ва таҳлил қилиш йўли билан амалга оширилади.

Контрактларнинг (шартномаларнинг, келишувларнинг) бажарилишини мониторинг қилиш жараёнида Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида мавжуд бўлган ахборот божхона юк декларацияси билан солиштирилади, товарларнинг амалдаги миқдори ва сифати бўйича тавсифларининг ҳамда ассортиментининг Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги назорат қилинади, шунингдек контрактларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги текширилади ҳамда мазкур контрактлар (шартномалар, келишувлар) юзасидан муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзлар бор-йўқлиги аниқланади.


244-модда. Ташқи савдо операциялари мониторингини

амалга оширишда божхона органларининг бошқа

ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлиги

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси валюта назоратини амалга оширувчи органлардан бири бўлиб, ташқи савдо операциялари соҳасида бошқа ваколатли органлар, шунингдек банклар ва ўзга ташкилотлар билан ахборот алмашиш, шу жумладан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ахборот алмашиш йўли билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



245-модда. Валютага оид қонунчилик бузилишларининг

белгилари божхона органлари томонидан аниқланган

тақдирда кўриладиган чоралар

Валютага оид қонунчилик бузилишларининг белгилари аниқланган тақдирда божхона органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасини қуйидаги фактлардан хабардор қилади:

олиб кирилаётган (олиб чиқилаётган) товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона органига товарнинг фактура қийматини экспорт қилувчи (импорт қилувчи) мамлакатда товарнинг маълум қилинган қийматига нисбатан асоссиз равишда ошириш (камайтириш) мақсадида нотўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилганлиги;

товарларнинг контрактлар (шартномалар, келишувлар) бўйича контрагент бўлмаган етказиб берувчилардан келиб тушганлиги;

экспорт-импорт операциялари амалга оширилаётганда қонунчиликни бошқа тарзда бузиш ҳоллари.

Тақдим этилган фактлар солиқ органлари томонидан тасдиқланган, шунингдек валютани назорат қилиш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этилганлик фактлари бошқа ваколатли органлар томонидан тақдим этилган тақдирда божхона органлари:

Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини контрактлар бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи узилгунига қадар рад этишга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

қўшимча божхона тўловларини ҳисоблаб чиқаришга ва ундиришга;

валюта тушумлари билан боғлиқ материалларни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига беришга;

"Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган ҳуқуқлар доирасида бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.



VI БЎЛИМ. БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ


36-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


246-модда. Божхона расмийлаштирувини амалга ошириш

Ваколатли шахс томонидан танланган божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши лозим.

Божхона расмийлаштирувини амалга ошириш тартиби фойдаланилаётган транспортнинг турлари, товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг тоифалари ҳисобга олинган ҳолда, божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг турига қараб қўлланилади.

Божхона расмийлаштируви товарларнинг ишлаб чиқарилган, жўнатилган ва келиб тушган мамлакатидан, божхона чегараси орқали олиб ўтиш мақсадидан ва божхона ҳудудида фойдаланилишидан қатъи назар амалга оширилади.

Бошқа давлатларнинг божхона назорати учун фойдаланиладиган ҳужжатлари божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва тезлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қўлланилиши мумкин.



247-модда. Божхона расмийлаштирувини

амалга ошириш жойи ва вақти

Божхона расмийлаштируви божхона органлари жойлашган ерда ва уларнинг иш вақтида амалга оширилади.

Божхона расмийлаштируви декларантнинг ёки бошқа ваколатли шахснинг сўровига кўра ва унинг ҳисобидан бошқа жойларда ҳамда божхона органининг ишдан ташқари вақтида амалга оширилиши мумкин.

Божхона расмийлаштирувининг божхона органлари жойлашган ерларда эмас, балки бевосита ўз ҳудудларида ёки биноларида амалга оширилишидан манфаатдор бўлган шахслар бу органларга хизмат ва маиший биноларни, ускуналарни ҳамда алоқа воситаларини текин асосда фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади.



248-модда. Божхона расмийлаштирувининг

бошланиши ва тугалланиши

Божхона расмийлаштируви божхона органига товарлар ва (ёки) транспорт воситалари хусусида ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан, ушбу Кодекснинг 162-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, оғзаки маълум қилинган ёхуд жисмоний шахснинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ниятидан далолат берувчи бошқа ҳаракатлар бажарилган пайтдан эътиборан бошланади.

Божхона расмийлаштируви божхона органи ва декларант ёхуд ваколатли шахс ўртасидаги товарларни божхона режимига жойлаштириш ва (ёки) божхона режимининг амал қилишини тугаллаш, божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ёхуд ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ бўлган муносабатлар тартибга солинганидан кейин тугалланади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви:

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ветеринария, фитосанитария назорати, экологик назорат ва бошқа турдаги давлат назорати амалга оширилганидан кейин;

агар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш қонунчиликда назарда тутилган бўлса, мазкур ҳужжатларнинг мавжудлиги тасдиқланганидан кейин тугалланади.

Товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ҳамда тақдим этилган ҳужжатларни текшириш божхона декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган кундан эътиборан бир иш куни ичида божхона органи томонидан амалга оширилади. Мазкур муддат хавфларни бошқариш тизимида белгиланган зарур тадбирларни, шунингдек бошқа давлат органлари томонидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди.


249-модда. Божхона расмийлаштируви учун

зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотлар

Божхона расмийлаштируви учун божхона органларига рўйхати ва топширилиш муддатлари ушбу Кодексда белгиланган ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилиши керак.

Товарларнинг божхона расмийлаштируви божхона органларининг ахборот тизимидаги тўловчининг шахсий ҳисобварағи бўйича божхона тўловлари тўланганлиги (божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга муҳлат берилган ҳоллар бундан мустасно) тўғрисидаги, хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Тегишли божхона режимига жойлаштириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олинишини талаб этувчи товарларнинг божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда божхона органи божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатнинг мавжудлигини текширади.

Божхона органларининг ахборот тизимида тегишли рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда божхона органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эга.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз товарнинг чиқариб юборилишига йўл қўйган божхона органининг мансабдор шахси белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.



250-модда. Божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда

ваколатли шахсларнинг ҳозир бўлиши

Ваколатли шахслар товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда ҳозир бўлишга ҳамда божхона расмийлаштирувини амалга оширишда божхона органларининг мансабдор шахсларига кўмаклашишга ҳақли, божхона органининг талабига кўра эса ҳозир бўлиши ва кўмаклашиши шарт.



251-модда. Айрим товарлар божхона расмийлаштирувининг

соддалаштирилган тартиби

Айрим товарлар божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиби қуйидагиларни ўз ичига олади:

товарни жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органигача ушбу Кодекснинг 222-моддасида назарда тутилган чораларни қўлламаган ҳолда етказиб беришни;

товарни божхона омбори мақомига эга бўлмаган жойларга жойлаштиришни;

товарларнинг божхона расмийлаштирувини товарлар кузатув ҳужжатларининг кўчирма нусхалари асосида амалга ошириб, кейинчалик ушбу ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этишни;

божхона юк декларациясининг божхона расмийлаштирувида ҳужжатларни текширишни товарнинг намуналари ва нусхаларини олмаган ҳолда амалга оширишни.

Айрим товарлар божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиби қонунчиликка мувофиқ бошқа чораларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган, авариялар ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатларини тугатиш учун зарур бўлган товарларнинг, шунингдек инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилаётган товарларнинг, тез бузиладиган товарларнинг, тирик ҳайвонларнинг, радиоактив материалларнинг божхона расмийлаштируви биринчи навбатда ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.



37-БОБ. ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


252-модда. Декларацияланиши лозим бўлган

товарлар ва (ёки) транспорт воситалари

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда, божхона режими ўзгартирилаётганда, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда божхона органларига декларацияланиши лозим.



253-модда. Декларациялаш жойи

Товарларга доир божхона декларацияси божхона декларациясини қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган исталган божхона органига тақдим этилиши мумкин.

Божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг айрим тоифаларини декларациялаш қуйидагиларга боғлиқ ҳолда фақат муайян божхона органларида амалга оширилиши кераклигини белгилайди:

маданий бойликларнинг, қурол-яроғнинг, ҳарбий техниканинг ва ўқ-дориларнинг, радиоактив материалларнинг божхона расмийлаштируви учун махсус асбоб-ускуналар ва (ёки) махсус билимлар қўлланилиши зарурлигига;

товарларни халқаро ташиш учун фойдаланиладиган транспортнинг турига (автомобиль, ҳаво, темир йўл, дарё, қувур транспорти ва электр узатиш линиялари);

божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бир неча марта бузилиши ҳоллари қайд этилган ёки иқтисодий сиёсат чоралари белгиланган товарларнинг алоҳида турларига;

таркибида интеллектуал мулк объектлари бўлган товарларга.

Товарларни ташиётган транспорт воситалари товарлар билан бир вақтда декларацияланади.

Юксиз транспорт воситалари ва йўловчиларни ташиётган транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтаётганда декларацияланади.

Дарё ва ҳаво кемалари божхона ҳудудига келиш жойидаги дарё портида ёки аэропортда ёхуд божхона ҳудудидан кетиш жойидаги дарё портида ёки аэропортда декларацияланади.



254-модда. Декларациялашнинг шакли

Декларациялаш товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги, уларнинг божхона режимлари ҳақидаги тўғри маълумотларни ҳамда божхона мақсадлари учун зарур бўлган бошқа маълумотларни белгиланган шаклда (оғзаки, ёзма, электрон) маълум қилиш орқали амалга оширилади.



255-модда. Божхона декларацияси

Божхона назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлар кўрсатилган ҳужжат божхона декларациясидир.

Божхона декларациясида кўрсатилиши керак бўлган маълумотларнинг рўйхати божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш, божхона статистикасини шакллантириш ва божхона тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш мақсади учун зарур маълумотлар билангина чекланади. Божхона декларациясидан божхона органлари томонидан амалга ошириладиган валюта назорати мақсадлари учун ҳисобга олиш ҳужжати сифатида фойдаланилган тақдирда, божхона декларациясида шу мақсад учун зарур бўлган маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак.

Божхона декларацияларининг шакли, уларда кўрсатиладиган маълумотларнинг рўйхати, уларни божхона органларига бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.



256-модда. Божхона декларацияларининг турлари

Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётганида божхона декларацияларининг қуйидаги турлари қўлланилади:

транспорт воситаси учун декларация;

транзит декларацияси;

божхона юк декларацияси;

йўловчи божхона декларацияси.



257-модда. Транспорт воситаси учун декларация

Транспорт воситаси учун декларация транспорт воситаси, унинг йўналиши, ташилаётган товарлар, экипаж ва йўловчилар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасининг келиши ёки кетиши тўғрисидаги ҳужжатдир. Божхона органлари ташувчининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳужжатларини транспорт воситаси учун декларация сифатида қабул қилади. Транспорт воситаси учун декларация ташувчи томонидан тақдим этилади.



257-1-модда. Транзит декларацияси

Транзит декларацияси товарлар ва (ёки) транспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда божхона органига тақдим этиладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит олиб ўтиладиган товарларини жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органигача назорат қилиш учун фойдаланиладиган ҳужжатдир.

Транзит декларацияси божхона органига электрон тарзда тақдим этилади.

258-модда. Божхона юк декларацияси

Божхона юк декларацияси декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига тақдим этиладиган ва муайян божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжатдир. Божхона юк декларацияси электрон шаклда ёки қоғозда ёзма шаклда тақдим этилади. Декларациялаш қоғозда ёзма шаклда амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатлар, товарлар ва божхона тартиб-таомиллари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Товарлар қоғозда ёзма шаклда декларацияланган тақдирда бундай декларация унинг электрон нусхаси тақдим этилган ҳолда топширилиши керак.

Божхона юк декларацияси дастлабки декларациялаш чоғида, шунингдек қисқа, муваққат, тўлиқ бўлмаган ёки даврий божхона юк декларацияси сифатида қўлланилиши мумкин.



259-модда. Йўловчи божхона декларацияси

Йўловчи божхона декларацияси нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган, декларацияланадиган товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдириладиган ва божхона органига тақдим этиладиган ҳужжатдир.



260-модда. Декларациялаш усуллари

Товарларни декларациялаш:

а) оғзаки шаклда:

жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган товарларни божсиз олиб кириш нормаларидан ошмайдиган товарлари декларацияланаётганда;

қонунчиликда белгиланган нормадан ошмайдиган, ёзма шаклда декларациялаш шарт бўлган суммадаги нақд миллий ва чет эл валютаси;

б) йўловчи божхона декларациясидан фойдаланилган ҳолда:

жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган товарларни божсиз олиб кириш нормасидан ошадиган товарларининг;

жисмоний шахснинг яшаш жойи ўзгарганда (аввалги яшаш жойидан ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида қайд мавжуд бўлган ҳолда) унинг шахсий мол-мулки бўлган товарларнинг, бундан автотранспорт воситалари мустасно;

ушбу Кодекснинг 158 ва 160-моддаларида кўрсатилган ҳолларда, жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситаларининг;

қонунчиликда белгиланган нормадан ошадиган, ёзма шаклда декларациялаш шарт бўлмаган суммадаги нақд миллий ва чет эл валютаси;

қонунчиликка мувофиқ тегишли тақиқлар ва (ёки) чекловлар белгиланган товарларнинг;

в) божхона юк декларациясидан фойдаланилган ҳолда:

юридик шахслар учун ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар учун товарларнинг, бундан ушбу модданинг "г" бандида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

жисмоний шахсларнинг тижорат мақсадларидаги товарларининг;

жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситаларининг, бундан ушбу Кодекснинг 158 ва 160-моддаларида кўрсатилган ҳоллар мустасно;

жисмоний шахс кириб келишидан ёки чиқиб кетишидан олдин ёки кейин олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган, алоҳида кузатиб келинаётган багажда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг;

г) товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда:

юридик шахслар учун ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар учун қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда, бундан товарлар ташқи савдо контрактлари (шартномалари, келишувлари) бўйича мажбуриятларни бажариш доирасида олиб ўтилаётган ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳоллар мустасно;

хориждаги кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган, ушбу товарларни декларациялаш кунида расмий айирбошлашнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича беш минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги товарларни олиб чиқишда, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

қиймати расмий айирбошлашнинг ушбу товарларни декларациялаш кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича беш минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги товарларни умумжаҳон Интернет тармоғида онлайн дўконлари орқали экспорт қилиш чоғида амалга оширилади;

д) ушбу модданинг "б", "в" ва "г" бандларида кўрсатилган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда - электрон шаклда.


261-модда. Божхона декларациясини бериш муддати

Божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар учун божхона декларацияси товар келиб тушадиган божхона органига товарлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай берилади, бундан ушбу Кодекснинг 22, 23 ва 25-бобларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар божхона декларациясини тақдим этиш муддатининг тугаши божхона органи ишламайдиган кунга тўғри келиб қолса, божхона органининг навбатдаги иш куни шу муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

Транзит декларацияси божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилади.

Олиб чиқилаётган товарлар учун божхона декларацияси улар амалда олиб чиқиб кетилгунига қадар берилади.

Товарларнинг ўзини олиб чиқмасдан ёки уларни олиб кирмасдан божхона режими ўзгартириладиган товарларга нисбатан божхона декларацияси аввалги божхона режими тугаллангунига қадар берилади.

Жисмоний шахслар томонидан товарларни нотижорат мақсадларда қўл юкида ва кузатиб бориладиган багажда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона декларацияси товарларни тақдим этиш билан бир вақтда берилади.

Божхона ҳудудига кириб келаётган транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтганидан сўнг уч соатдан кечиктирмай декларацияланади, божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситалари эса божхона чегарасини кесиб ўтишдан камида уч соат олдин декларацияланади.



262-модда. Дастлабки декларациялаш

Товарларни дастлабки декларациялаш уларни божхона ҳудудига етиб келгунига қадар декларациялаш бўлиб, у декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилиши мумкин.

Агар божхона мақсадлари учун товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланиш назарда тутилса, дастлабки божхона декларациясига ушбу ҳужжатларнинг декларант томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинади ва, зарур бўлган ҳолларда, товарлар божхона ҳудудига етиб келганидан кейин божхона органи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларида кўрсатилган маълумотларни ҳужжатларнинг асл нусхасидаги маълумотлар билан таққослайди.

Товарлар божхона ҳудудига келгунига қадар маълумотларни таққослаш тугалланганидан ва тегишли божхона тўловлари тўланганидан кейин дастлабки божхона декларациясидан товарларга божхона операциялари қўлланилиши учун зарур ягона ҳужжат сифатида фойдаланилади, бундан декларацияда барча зарур маълумотларнинг кўрсатилмаганлиги ва (ёки) божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги ҳоллари мустасно.

Агар дастлабки божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида унда кўрсатилган товарлар декларацияни қабул қилган божхона органига тақдим этилмаган бўлса, дастлабки божхона декларацияси берилмаган деб ҳисобланади.



263-модда. Божхона расмийлаштируви учун зарур

бўладиган ҳужжатлар ва қўшимча маълумотлар

Божхона декларацияси божхона органига зарур ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда берилади. Божхона органи божхона декларациясида ва тақдим этилган бошқа ҳужжатларда кўрсатилган ахборотни текшириш учун қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақли. Мазкур ҳужжатларнинг ва қўшимча маълумотларнинг рўйхати божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланади.

Божхона органига халқаро ташишларда қўлланиладиган, чет тилларда тузилган ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.

Божхона органи етишмаётган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш муддатларини белгилайди.



264-модда. Божхона декларациясини қабул қилиш

Божхона органи божхона декларациясини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Божхона декларацияси қабул қилинганлигини расмийлаштириш у топширилган кунда, рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади.

Божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб у юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.



265-модда. Божхона декларациясини ўзгартириш, унга

қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш,

қайтариб олиш ва бекор қилиш

Божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларга декларант томонидан ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши, топширилган божхона декларацияси эса қайтариб олиниши мумкин.

Божхона декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва (ёки) уни қайтариб олиш декларация қабул қилингунига қадар амалга оширилиши мумкин.

Божхона декларацияси қабул қилинганидан сўнг ўзгартириш, қўшимча киритиш, қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва (ёки) бекор қилиш декларант божхона органига мурожаат этганидан кейин ёки божхона органининг талабига кўра амалга оширилади.

Божхона декларациясини ўзгартириш ёки унга қўшимча киритиш унинг амал қилиш доирасини кенгайтириши ёки торайтириши мумкин эмас.

Божхона органларининг мансабдор шахслари ўз ташаббуси билан, декларантнинг ёки учинчи шахсларнинг топшириғига ёки илтимосига кўра ёзма божхона декларациясини тўлдиришга, божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни ўзгартиришга ёки уларга қўшимча киритишга ҳақли эмас, бундан божхона органларининг ваколатига киритилган маълумотларни божхона декларациясига киритиш, шунингдек, агар машинада ишлов бериш учун фойдаланиладиган кодли маълумотлар божхона декларациясида кодсиз тарзда мавжуд бўлса, кодли маълумотларни ўзгартириш ёки уларга қўшимча киритиш мустасно.



266-модда. Божхона юк декларациясини ўзгартириш,

унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш,

қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби

Божхона расмийлаштируви тугалланганидан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин, божхона юк декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида божхона юк декларациясини божхона органининг талаби билан ёки ваколатли шахснинг аризасига кўра ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш мумкин.

Агар божхона органи декларант ёки божхона брокери томонидан кўрсатилган сабабларни асосли деб топса, божхона юк декларацияси товарлар чиқариб юборилгунига қадар декларант ёки божхона брокери томонидан қайтариб олиниши мумкин. Олиб чиқилаётган товарларга доир божхона юк декларацияси ушбу товарларни олиб чиқишга рухсат берилганидан кейин ҳам, лекин улар амалда олиб чиқилгунига қадар қайтариб олиниши мумкин.

Электрон шаклдаги божхона юк декларациясида кўрсатилган маълумотларга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш божхона юк декларациясига тузатишлар киритиш шаклини расмийлаштириш йўли билан амалга оширилади.

Божхона юк декларацияларига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш, уларни қайтариб олиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ушбу моддага мувофиқ белгиланади.



267-модда. Қисқа божхона юк декларацияси

Товарлар ва транспорт воситалари муайян божхона режимига жойлаштирилгунига қадар, шу жумладан божхона назорати остида товарлар ташилаётганда қисқа божхона юк декларацияси қўлланилади.

Қисқа божхона юк декларацияси ташувчи ёки ваколатли шахс томонидан божхона органига товар божхона ҳудудига етиб келган жойда товарни тақдим этиш ёки товар келиб тушадиган божхона органига товарни етказиб бериш билан бир вақтда берилади. Агар ташувчи ёки ваколатли шахс уни тўлдириш учун барча зарур ҳужжатларга эга бўлмаса, қисқа божхона юк декларацияси товар тақдим этилгандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай ташувчи ёки ваколатли шахснинг аризаси асосида берилади.

Қисқа божхона юк декларацияси сифатида транспорт, тижорат ҳужжатларидан, шу жумладан халқаро ташишлар амалга оширилаётганда қўлланиладиган, чет тилларда тузилган ва қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатлардан фойдаланилади:

транспорт ҳужжатларига мувофиқ товарни жўнатувчининг (қабул қилувчининг) номи ва жойлашган ери;

товар жўнатилган мамлакат ва келиб тушадиган мамлакат;

товарнинг номи;

товарнинг миқдори, шу жумладан товарларнинг брутто/нетто оғирлиги (килограммларда) ёки товарларнинг ҳажми (метр кубларда);

юк жойларининг сони, товарнинг ўраш-жойлаш ҳамда тамғалаш хусусияти ва усуллари;

товарнинг фактура (маълум қилинган) қиймати;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товарнинг камида олтита белги даражасидаги таснифий коди ҳақидаги маълумотлар.



268-модда. Муваққат божхона юк декларацияси

Товарлар божхона чегараси орқали қувур транспортида ёхуд электр узатиш линиялари орқали олиб ўтилаётганда муваққат божхона юк декларациясини бериш йўли билан товарларни дастлабки тарзда декларациялашга йўл қўйилади. Товарлар божхона чегараси орқали божхона органи томонидан белгиланган муддатларда амалда олиб ўтилганидан кейин декларант ёки божхона брокери божхона юк декларациясини бериши шарт.

Муваққат божхона юк декларациясида товарларнинг чамаланган миқдорида олиб ўтиш мақсадларидан, божхона чегарасидан олиб ўтиш режалаштирилаётган товарларнинг миқдорига ва (ёки) товарнинг контракт (шартнома, келишув) шартларида назарда тутилган баҳосини аниқлаш тартибига, шунингдек товарларнинг тахминий сифатига кўра аниқланадиган шартли божхона қийматидан (баҳосидан) келиб чиққан ҳолда маълумотларни баён этишга йўл қўйилади.



269-модда. Тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси

Агар декларант ёки божхона брокери ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра декларацияни тўлдириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаса, тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси товарни идентификациялаш имконияти бўлиши шарти билан берилиши мумкин.

Тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси ушбу Кодекс 22-моддаси иккинчи қисмининг "в", "д" ва "е" бандларида кўрсатилган ҳолларда берилиши мумкин.

Тўлиқ бўлмаган божхона юк декларациясига декларант ёки божхона брокери, агар божхона тўғрисидаги қонунчиликда алоҳида маълумотларни тақдим этиш учун бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси божхона органи томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда етишмаган маълумотларни ва лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларациясини тақдим этиш ҳақидаги ёзма мажбуриятни илова қилади.

Тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси қўлланилган ҳолда декларациялашда лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларацияси аввал бошда берилганидаги каби божхона органларининг зиммасига қонунчиликнинг қайси талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган бўлса, ўша талаблар ва шартлар, шу жумладан, божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби қўлланилади.


270-модда. Даврий божхона юк декларацияси

Даврий божхона юк декларацияси ишлаб чиқарилган мамлакати, физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича товар кодининг ўнта белгили даражаси бир хил бўлган товарлар айни бир шахс томонидан божхона чегараси орқали мунтазам равишда олиб ўтилган тақдирда қўлланилади.

Айни бир шахс томонидан мунтазам равишда олиб ўтиш деганда, мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган товарларнинг олтмиш календарь кун ичида бир маротабадан кўп марта битта юк жўнатувчи манзилидан бошқа юк қабул қилувчи манзилига бир контракт (шартнома, келишув) асосида бир хил шароитда божхона чегарасидан олиб ўтилиши тушунилади. Бундай ҳолларда муайян вақт ичида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар учун битта божхона юк декларацияси берилади. Бу тартиб вақтинча товарларни сақлашнинг энг кўп муддати ёки божхона тўловларини тўлаш муддатлари бузилишига олиб келиши мумкин эмас.



38-БОБ. ТОВАРЛАРНИ ВА ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИ ЧИҚАРИБ ЮБОРИШ


271-модда. Товарларни ва транспорт воситаларини

чиқариб юбориш асослари

Қуйидаги шартларга риоя этилиши товарларни ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш учун асос бўлади:

божхона расмийлаштируви ва товарларни текшириш вақтида қонунчилик бузилганлиги божхона органлари томонидан аниқланмаганда;

божхона органига Ўзбекистон Республикасининг қонунчиликка ва халқаро шартномаларига мувофиқ товарларни чиқариб юбориш учун зарур бўлган лицензиялар, сертификатлар, бошқа давлат органларининг рухсатномалари тақдим этилганда, бундан шундай ҳужжатларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилганидан кейин тақдим этилиши ҳоллари мустасно;

товарларни ва транспорт воситаларини танланган божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартларига декларант ёки божхона брокери томонидан (агар божхона брокери божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни шартнома асосида бажараётган бўлса) риоя этилганда;

товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан божхона тўловлари тўланганда ёхуд уларнинг тўланишини таъминлаш тақдим этилганда.

Товарларни ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш божхона органлари мансабдор шахсларининг иштирокисиз, божхона органларининг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


272-модда. Товарларни божхона юк декларацияси

топширилгунига қадар чиқариб юбориш

Ушбу Кодекснинг 251-моддасида кўрсатилган товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда товарларни чиқариб юбориш божхона юк декларацияси топширилгунига қадар ёки божхона расмийлаштируви бўйича операциялар якунлангунига қадар декларант ёки божхона брокери томонидан қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилиши мумкин:

товарларни идентификациялаш имконини берувчи зарур маълумотларни ўз ичига олган товарнинг кузатув ҳужжатлари тақдим этилганда;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ёки халқаро шартномаларига мувофиқ радиоактив материалларни чиқариб юбориш учун зарур бўлган лицензиялар, сертификатлар, тегишли давлат органларининг рухсатномалари тақдим этилганда;

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловларини тўлаш таъминланганда;

товарлар чиқариб юборилган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай божхона юк декларациясини бериш ҳақида ёки божхона расмийлаштирувини тугатиш тўғрисида ёзма мажбурият тақдим этилганда.

Божхона юк декларацияси берилгунига қадар чиқариб юборилган тез бузиладиган товарлардан ҳамда тирик ҳайвонлардан фойдаланиш ва уларни учинчи шахсларга бериш, шу жумладан сотиш ёки бошқача тарзда ўзга шахсга ўтказиш орқали бериш тақиқланади.



273-модда. Божхона тўғрисидаги қонунчилик

бузилган тақдирда товарларни чиқариб юбориш

Божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши аниқланган тақдирда товарларни чиқариб юбориш божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига оид иш юритув тугаллангунига қадар амалга оширилиши мумкин, башарти:

товарлар қонунчиликка мувофиқ олиб қўйилмаган ёки хатланмаган бўлса;

қонунчиликка мувофиқ товарлар мусодара қилиниши ёхуд давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлмаса;

божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига оид ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳисобланиши мумкин бўлган божхона тўловларини ва жарималарни тўлаш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ундирув чоралари декларант томонидан таъминланган бўлса.



VII БЎЛИМ. ДЕКЛАРАНТ, БОЖХОНА БРОКЕРИ

ВА БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ

БЎЙИЧА МУТАХАССИС


39-БОБ. ДЕКЛАРАНТ


274-модда. Декларантга қўйиладиган талаблар

Қуйидагилар декларант бўлиши мумкин:

1) Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахси;

2) чет эллик шахс:

товарларни нотижорат мақсадларда олиб ўтувчи жисмоний шахс;

ушбу Кодекснинг X бўлимига мувофиқ божхона имтиёзларидан фойдаланувчи шахс;

Норезидентнинг қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда аккредитация қилинган ваколатхонага эга бўлган шахс шундай ваколатхоналарнинг ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарларни вақтинча олиб кириш, реэкспорт қилиш, божхона транзити божхона режимларига, шунингдек эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришни маълум қилганда;

ташувчи товарлар божхона назорати остида ташилаётганда;

3) товарлар транзит божхона режимида ташилаётганда:

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти - темир йўл транспортида;

товарларни ташишни амалга оширувчи шахс (ҳайдовчи ёки ваколатли шахс) - автомобиль транспортида.


275-модда. Декларантнинг ҳуқуқлари

Товарларни декларациялашда декларант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

божхона декларацияси ва божхона мақсадлари учун зарур бошқа ҳужжатлар берилгунига қадар товарларни божхона назорати остида кўздан кечириш ҳамда ўлчаш, уларнинг намуналари ва нусхаларини олиш;

товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувини ўтказишда, божхона органининг мансабдор шахслари томонидан намуналар ва нусхалар олинаётганда товарларнинг текширилишида ҳозир бўлиш;

божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан олинган намуналар ва нусхаларни текширувдан ўтказиш натижалари билан танишиш;

божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни бажариш учун божхона назорати зонасига кириш;

божхона масалалари бўйича божхона органларидан ахборот ва маслаҳатлар олиш;

товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш нияти тўғрисида божхона органларини хабардор қилиш;

дастлабки операциялар амалга оширилаётганда божхона мақсадлари учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;

декларацияланадиган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона омборларига божхона назорати остида жойлаштириш;

товарларни электрон шаклда декларациялаш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш учун мўлжалланган божхона органларининг ахборот тизимларидан фойдаланиш.

Товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

божхона органига тақдим этилган, товарнинг божхона қийматини аниқлашда фойдаланилган маълумотларнинг ишончлилигини исботлаш;

товарнинг маълум қилинган божхона қийматига аниқлик киритиш зарурати туғилганда, башарти товарнинг божхона органи томонидан аниқланган божхона қийматига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминласа ёхуд божхона тўловларини тўласа, декларацияланган товардан божхона органининг рухсати билан фойдаланиш;

товарнинг божхона қийматини аниқлаш хусусида божхона органининг қарори, унинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Декларант қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


276-модда. Декларантнинг мажбуриятлари

Декларант:

товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини декларациялашни амалга ошириши;

божхона мақсадлари учун зарур, шу жумладан декларацияланаётган товарларга ва (ёки) транспорт воситаларига нисбатан ваколатли органлар томонидан ўтказиладиган ветеринария, фитосанитария назорати, экологик назорат ва давлат назоратининг бошқа турлари талабларига риоя этилиши тўғрисидаги ҳужжатларни ва (ёки) маълумотларни божхона органига тақдим этиши;

божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона органининг талабига кўра тақдим этиши;

божхона органининг талабига кўра товарларни тарозида тортишни ҳамда бошқача тарзда уларнинг миқдори ва сифатини аниқлашни, шунингдек декларацияланаётган товарларга ва (ёки) транспорт воситаларига нисбатан юк операцияларини амалга ошириши;

божхона тўловларини тўғри ҳисоблаб чиқариши;

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловларини тўлаши ёки уларнинг тўланишини таъминлашни тақдим этиши;

товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида божхона органининг талабига кўра ҳозир бўлиши ҳамда божхона органининг мансабдор шахсларига божхона расмийлаштирувини ўтказишда кўмаклашиши;

товарлар ва (ёки) транспорт воситалари жойлаштирилган божхона режими талаблари ҳамда шартларига риоя этиши;

товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини декларациялашда божхона идентификациялаш воситалари ўзгартирилганлиги, йўқ қилинганлиги, бузилганлиги ёки йўқотилганлиги, идишлар ва ўровлар бузилганлиги, товарлар товарнинг кузатув ҳужжатларида ва божхона назоратининг бошқа ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ эмаслиги аниқланганлиги ҳақида божхона органларини ўз вақтида хабардор қилиши шарт.

Товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант:

божхона органига товарнинг божхона қийматини маълум қилиши;

товарнинг божхона қийматини аниқлашга тааллуқли маълумотларни божхона органининг талабига кўра тақдим этиши шарт.

Декларантда товарнинг ўзи маълум қилган божхона қийматини аниқлаштириш ёки божхона органига қўшимча маълумот тақдим этиш туфайли юзага келган харажатлар декларантнинг зиммасида бўлади. Товарнинг божхона расмийлаштируви муддатининг божхона қийматини аниқлаш билан боғлиқ тарзда узайтирилишидан декларант божхона тўловларини амалда кечиктириб тўлаш учун фойдаланиши мумкин эмас.

Декларантнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


40-БОБ. БОЖХОНА БРОКЕРИ


277-модда. Божхона брокерининг фаолияти

Божхона брокерининг фаолияти божхона операцияларини декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига кўра ва унинг номидан божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширишдан иборат.

Божхона брокерининг декларант ёки ваколатли шахс билан ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади.

Божхона брокерининг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги божхона брокери ва декларант ўртасида тузилган шартнома билан чекланиши мумкин эмас.


281-модда. Божхона брокерининг ҳуқуқлари

Божхона брокери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

декларантдан ёки ваколатли шахсдан божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларни ва маълумотларни, шу жумладан тижорат, банк сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни ўз ичига олган ҳужжатларни ва маълумотларни талаб қилиш ва олиш;

божхона юк декларациясини ҳамда товарларни декларациялаш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш;

товарларни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган тартибда декларациялаш мақсадида божхона органларининг ахборот ресурсларидан фойдаланиш;

товарнинг божхона қийматини аниқлашда мазкур Кодекс 275-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ декларантга берилган ҳуқуқлардан фойдаланиш;

божхона расмийлаштируви ва божхона назорати учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни ваколатли шахс сифатида бажариш;

божхона органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Божхона брокери қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


282-модда. Божхона брокерининг мажбуриятлари

Божхона брокери:

декларант ёки ваколатли шахс олдидаги ўз фуқаролик жавобгарлигини базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари миқдорида суғурталаши;

божхона операциялари амалга оширилаётганда божхона органига божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши;

қонунчиликнинг товарларга доир талабларига, тақиқларига, чекловларига риоя этган ҳолда товарларни декларациялашни амалга ошириши ва божхона органига божхона декларациясини бериши;

товарнинг божхона қийматини аниқлашда мазкур Кодекс 276-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ белгиланган декларантнинг мажбуриятларини бажариши;

божхона расмийлаштирувида божхона органларига кўмаклашиши;

товарларни жўнатувчидан, қабул қилувчидан олинган, давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни ошкор этмаслиги, ундан шахсий мақсадлари учун фойдаланмаслиги шарт, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона брокерининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларнинг бажарилганлик факти божхона брокерининг зиммасига божхона режимининг амал қилишини тугаллаш билан боғлиқ операцияларни бажариш мажбуриятларини юкламайди.


41-БОБ. БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ

БЎЙИЧА МУТАХАССИС


284-модда. Божхона расмийлаштируви бўйича

мутахассисга қўйиладиган талаблар

Божхона брокери ёхуд бошқа юридик шахс билан меҳнат шартномаси тузган ва ушбу юридик шахс номидан божхона расмийлаштируви бўйича иш бажарадиган Ўзбекистон Республикаси жисмоний шахси божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисдир.


286-модда. Божхона расмийлаштируви

бўйича мутахассиснинг ҳуқуқлари

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ўз фаолиятини амалга ошираётганда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) декларацияланаётган товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида, товарларнинг намуналари ва нусхалари олинаётганда ҳозир бўлиш;

б) декларацияланаётган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона назорати остида кўздан кечиришни, уларни тарозида тортишни ва бошқача тарзда уларнинг миқдорини аниқлашни амалга ошириш, шунингдек божхона органининг рухсати билан товарларнинг намуналари ва нусхаларини олиш;

в) товарлардан олинган намуналар ва нусхаларнинг божхона органлари томонидан ўтказилган божхона экспертизаси (текшируви) натижалари билан танишиш;

г) божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни бажариш учун божхона назорати зонасига кириш;

д) божхона масалалари бўйича божхона органларидан белгиланган тартибда маълумотлар ва маслаҳатлар олиш;

Дастлабки операциялар амалга оширилаётганда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:

а) декларантнинг ёки ваколатли шахснинг товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш нияти тўғрисида божхона органларини хабардор қилиш;

б) дастлабки операциялар амалга оширилаётганда божхона мақсадлари учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;

в) декларацияланадиган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона омборларига божхона назорати остида жойлаштириш.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


287-модда. Божхона расмийлаштируви бўйича

мутахассиснинг мажбуриятлари

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг мажбуриятларига қуйидагилар киради:

а) ваколатли шахсдан олинган, божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларнинг божхона тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш ҳамда уларни таҳлил қилиш, шунингдек ваколатли шахснинг товарларга ва (ёки) транспорт воситаларига нисбатан ваколатларини текшириш;

б) товарларни декларациялаш ва божхона мақсадлари учун зарур бўлган товарлар тўғрисидаги ҳужжатларни бериш;

в) товарларни тўғри декларациялаш, шу жумладан:

божхона тўловларини тўғри ҳисоблаш;

товарларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ божхона мақсадлари учун тўғри таснифлаш;

товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни тўғри кўрсатиш;

товарларнинг миқдорини тўғри кўрсатиш;

товарларнинг божхона қийматини тўғри аниқлаш;

г) божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва божхона назоратини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ҳамда қўшимча маълумотларни божхона органига ўз вақтида тақдим этиш;

д) декларацияланаётган товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан ветеринария, фитосанитария назорати ва давлат назоратининг бошқа турлари тугалланганлигини қонунчиликда белгиланган ҳолларда текшириш;

е) декларантдан олинган ахборотдан фақат божхона мақсадлари учун фойдаланиш;

ж) товарларни жўнатувчидан, уларни қабул қилувчидан олинган, давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни ошкор этмаслик, ундан шахсий мақсадлар учун фойдаланмаслик, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

з) ваколатли шахсга божхона тўғрисидаги қонунчилик талабларини тушунтириш;

и) божхона идентификациялаш воситалари ўзгарганлиги, бузилганлиги, йўқ қилинганлиги ёки йўқотилганлиги, идишлари ва ўровлари бузилганлиги, товарларнинг транспорт, тижорат ҳужжатларида ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ эмаслиги ва божхона ишига тааллуқли бўлган бошқа шундай ҳолатлар аниқланган тақдирда божхона органларини зудлик билан хабардор қилиш;

к) декларацияланадиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун божхона кўригини ўтказишда божхона органининг талабига кўра иштирок этиш;

Товарларни тасарруф этиш ҳуқуқи берилган тақдирда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис:

божхона кўриги ва расмийлаштируви учун товарларни божхона органининг талабига кўра тақдим этиши;

танланган божхона режимига мувофиқ божхона расмийлаштируви якунланмаган товарларга нисбатан улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш бўйича шартларга ва чекловларга риоя этиши;

декларантнинг мажбуриятларини бажариши ва товарларни божхона чегараси орқали ўзи мустақил олиб ўтганидаги каби жавобгарликни ўз зиммасига олиши шарт.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


288-модда. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис

фаолияти устидан назоратни амалга ошириш тартиби

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис фаолияти устидан божхона органлари томонидан назорат бевосита божхона расмийлаштируви жараёнида амалга оширилади.

Божхона брокери ёки ўз штатида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис мавжуд бўлган бошқа юридик шахс божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг божхона органларига нисбатан мажбуриятларини чеклаши мумкин эмас.

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ва божхона брокери ёки бошқа юридик шахс ўртасидаги муносабатлар меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.



VIII БЎЛИМ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ


42-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


289-модда. Божхона тўловларининг турлари

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда қуйидаги божхона тўловлари тўланади:

божхона божи;

қўшилган қиймат солиғи;

акциз солиғи;

божхона йиғимлари.

Қонунчиликда бошқа божхона тўловлари ҳам белгиланиши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 163 ва 169-моддаларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади.

Божхона божларининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.


290-модда. Божхона божлари, қўшилган

қиймат солиғи ва акциз солиғи

Божхона божларига импорт, экспорт, алоҳида (махсус, антидемпинг ва компенсация) ва мавсумий божхона божлари киради.

Импорт божхона божи товар божхона ҳудудига олиб кирилаётганда тўланади.

Экспорт божхона божи товар божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда тўланади.

Алоҳида (махсус, антидемпинг ва компенсация) божхона божлари қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади.

Мавсумий божхона божлари товарларни божхона ҳудудига олиб кириш ва божхона ҳудудидан олиб чиқишни тезкор тартибга солиб туриш учун қўлланилади. Бунда бож тарифида назарда тутилган божхона божларининг ставкалари қўлланилмайди. Мавсумий божхона божларининг амал қилиш муддати улар белгиланган пайтдан эътиборан олти ойдан ошмаслиги керак.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга солиқ ва божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинади.


291-модда. Божхона йиғимлари

Божхона органлари томонидан қуйидаги ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилганлиги учун божхона йиғимлари ундирилади:

божхона расмийлаштируви;

божхона расмийлаштируви учун белгиланган жойлардан ташқаридаги ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтдаги божхона расмийлаштируви;

товарларни божхона органи эгалигидаги божхона омборида сақлаш;

транспорт воситасини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш;

дастлабки қарорни қабул қилиш;

юридик шахслар томонидан олиб кириладиган нақд чет эл валютасининг божхона расмийлаштируви.

Божхона йиғимларининг миқдори божхона органлари томонидан божхона ҳаракатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларининг тахминий қийматидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Божхона йиғимларининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



292-модда. Бож тарифи. Божхона божлари

қўлланилаётгандаги тариф квоталари

Бож тарифи божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ тизимлаштирилган товарларга нисбатан қўлланиладиган божхона божлари ставкаларининг жамланмасидир.

Ташқи савдо сиёсатини амалга оширишда товарларнинг айрим турлари учун тариф квоталари жорий этилиши мумкин.

Тариф квотаси муайян даврда товарнинг муайян миқдорини олиб кириш ва олиб чиқишда божхона божининг бож тарифига мувофиқ қўлланиладиган ставкасига нисбатан пастроқ божхона божи ставкалари қўлланилишини назарда тутувчи, товарларни божхона ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқишда бож тарифини тартибга солувчи чорадир.

Белгиланган миқдордан (квотадан) ортиқ миқдорда божхона ҳудудига олиб кириладиган ва бу ҳудуддан олиб чиқиладиган товарларга божхона божининг бож тарифига мувофиқ ставкаси қўлланилади.

Тариф квоталари, уларни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш усуллари ва тартиби қонунчиликда белгиланади.


293-модда. Божхона тўловлари ставкаларининг

турлари ва уларни ҳисоблаб чиқариш тартиби

Божхона тўловлари ставкаларининг турлари қуйидагилардан иборат:

тўлов ундириладиган товарнинг божхона қийматига нисбатан фоизларда ҳисобланадиган адвалор ставка;

тўлов ундириладиган товар бирлиги учун белгиланган миқдорда ҳисобланадиган хос ставка;

божхона тўловлари ставкаларининг адвалор ва хос турларини ўз ичига оладиган аралаш ставка.

Адвалор ставка белгиланган товар бўйича божхона тўловларининг суммаси божхона тўловлари адвалор ставкасининг товарнинг божхона қийматига кўпайтмаси сифатида ҳисоблаб чиқарилади.

Хос ставка белгиланган товар бўйича божхона тўловларининг суммаси божхона тўловларининг хос ставкасининг товар миқдорига кўпайтмаси сифатида ҳисоблаб чиқарилади.

Божхона қийматига нисбатан фоизлардаги аралаш ставка қўлланилган, лекин тўлов ундириладиган товар бирлиги учун белгиланган ставкадан кам бўлмаган ҳолда қўлланилган тақдирда, божхона тўловларининг суммаси адвалор ва хос ставкалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган суммаларнинг энг кўпига тенгдир.

Божхона қийматига нисбатан фоизлардаги аралаш ставка ва тўлов ундириладиган товар бирлиги учун белгиланган ставка қўлланилган тақдирда божхона тўловларининг суммаси божхона тўловларининг адвалор ва хос ставкалари бўйича ҳисоблаб чиқарилган сумма йиғиндисига тенгдир.



294-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбурият

Божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбурият:

товар божхона тўловларини тўлаш назарда тутилган божхона режимига жойлаштирилганда, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда;

ушбу Кодекснинг 201-моддасига мувофиқ товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона назоратини амалга ошириш натижасида божхона тўловлари қўшимча ҳисобланган тақдирда юзага келади.



295-модда. Божхона тўловларини тўловчилар

Божхона тўловларини тўловчи (бундан буён матнда тўловчи деб юритилади) қуйидагилардан иборат:

декларант;

божхона брокери, агар декларант билан тузилган шартномада бу назарда тутилган бўлса;

божхона омборининг, эркин омборнинг, бож олинмайдиган савдо дўконининг эгаси, ташувчи, улар томонидан божхона режимларининг қўлланилиш талаблари ва шартларига амал қилинмаганда;

халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг почта алоқаси операторлари ва провайдерлари, башарти божхона назорати остида бўлган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари йўқолса ёки божхона назоратисиз берилса.

Ҳар қандай манфаатдор шахс тўловчи учун божхона тўловларини тўлашга ҳақли.



43-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ ТЎЛАШ БЎЙИЧА

ИМТИЁЗЛАР ВА ТАРИФ ПРЕФЕРЕНЦИЯЛАРИ


296-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

имтиёзлар ва тариф преференциялари бериш

Ушбу Кодексга, бошқа қонунларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига биноан юридик ва жисмоний шахсларга тариф имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғини, акциз солиғини ва божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар, тариф преференциялари берилиши мумкин.



297-модда. Тариф имтиёзлари

Ташқи савдо сиёсати амалга оширилаётганда илгари тўланган божхона божини қайтариш, божхона божи ставкасини пасайтириш ва божхона божини тўлашдан озод этиш тарзида тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади.

Божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан берилади:

1) халқаро йўналишда юклар, багаж ва йўловчилар ташишни амалга оширадиган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг йўлда қатнов вақтида, оралиқ тўхташ пунктларида бир маромда ишлаши учун зарур бўлган ёки транспорт воситаларида юз берган аварияларга (носозликларга) барҳам бериш учун божхона ҳудудидан ташқарида олинган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка;

2) Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасига, чет эл валютасига (нумизматика мақсадида ишлатиладиган валюта бундан мустасно), шунингдек қимматли қоғозларга;

3) денгизда ов билан банд бўлган Ўзбекистон Республикаси кемаларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахслари томонидан ижарага олинган (фрахт қилинган) кемаларнинг фаолиятини таъминлаш учун божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка, шунингдек уларнинг божхона ҳудудига олиб кириладиган ов маҳсулотига;

4) давлат мулкига айлантирилиши лозим бўлган товарларга;

5) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда инсонпарварлик ёрдами сифатида олиб кириладиган товарларга;

6) давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар ва шахслар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида, шу жумладан техник ёрдам кўрсатиш (грантлар) учун олиб кириладиган товарларга;

7) учинчи давлатлар учун мўлжалланган ва божхона назорати остида божхона ҳудудидан божхона транзити божхона режимида олиб ўтиладиган товарларга;

8) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олинадиган товарларга.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар бўйича имтиёзлар.

10) чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;

11) Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси эллик миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;

12) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишлар олиб бориш учун мўлжалланган ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган чет эллик инвестор ёки бошқа шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, шунингдек инвестор томонидан божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган, маҳсулот тақсимотига оид битимга мувофиқ инвесторга тегишли бўлган маҳсулотга;

13) Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга;

14) ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларига;

15) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, олимпия ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциациялар) таклифлари асосида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан шакллантириладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган махсус спорт кийим-бошлари (экипировкалари), пойабзал, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналари учун белгиланган божхона божи ставкасининг эллик фоизига.


298-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган

товарларга қўшилган қиймат солиғини ва акциз

солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ берилади.



299-модда. Божхона расмийлаштируви учун божхона

йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар

Божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлашдан қуйидагилар озод этилади:

1) божхона чегараси орқали беғараз, инсонпарварлик ёрдами ёки хайрия мақсадлари, шу жумладан техник кўмак учун олиб ўтилаётган товарлар;

2) нотижорат мақсадлар учун жисмоний шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаси доирасида олиб ўтиладиган товарлар;

4) божхона имтиёзларидан фойдаланувчи чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар расмий фойдаланиши учун божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар, шунингдек божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш учун мўлжалланган товарлар;

5) давлат музейларининг, ахборот-кутубхона муассасаларининг, архивларининг фондларида ва Ўзбекистон Республикасининг маданий бойликлари сақланадиган давлатга қарашли бошқа жойларда доимий сақланадиган, божхона ҳудудидан вақтинча олиб чиқиладиган ва ушбу ҳудудга қайтариб олиб кириладиган маданий бойликлар;

6) кўргазмада намойиш этиш учун давлат музейлари, ахборот-кутубхона муассасалари, архивлари ва давлатга қарашли Ўзбекистон Республикасининг маданий бойликлари сақланадиган бошқа жойлар томонидан божхона ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ҳамда кўргазмалар ва шунга ўхшаш бошқа тадбирлар ўтказилганидан кейин қайтариб олиб чиқиладиган маданий бойликлар;

7) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ва Давлат божхона қўмитасининг ҳарбий юклари;

8) юридик шахслар томонидан олиб кириладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараварини ва ундан кам миқдорни ташкил этадиган товарлар.


300-модда. Тариф преференциялари

Тариф преференциялари божхона божларини тўлашдан озод этиш, божхона божлари ставкаларини камайтириш ёки муайян давлатларда ишлаб чиқарилган товарларни божхона ҳудудига преференциал олиб кириш ёки ушбу ҳудуддан преференциал олиб чиқишда квоталар белгилаш тарзида берилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қуйидаги товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди:

Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва унинг божхона ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларга олиб чиқилган товарларга.

Ўзбекистон Республикаси эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида халқаро шартнома тузган давлатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, агар товар эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги халқаро шартнома иштирокчилари бўлган давлатлардан бирининг резиденти томонидан экспорт қилинаётган бўлса ва ушбу шартнома иштирокчиси бўлган давлатнинг резиденти томонидан шартнома иштирокчиси бўлган бошқа давлатнинг божхона ҳудудидан олиб кирилган бўлса, божхона божлари қўлланилмайди. Бунда резидент деганда шу давлат ҳудудида ташкил этилган ташкилот ёхуд шу давлат ҳудудида доимий яшайдиган жисмоний шахс тушунилади. Бошқа ҳолларда бож тарифига мувофиқ божхона божи ставкаси қўлланилади.

Бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар қўлланилади.

Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилади.

Ривожланаётган давлатларда, шунингдек кам ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган ва божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг преференциялар миллий тизими белгиланиши мумкин.

Тариф преференциялари ушбу Кодекснинг 50-боби қоидаларига риоя этган ҳолда берилади.



44-БОБ. ТОВАРНИНГ БОЖХОНА ҚИЙМАТИ


301-модда. Божхона ҳудудига олиб кириладиган

товарнинг божхона қиймати

Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир.

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


302-модда. Олиб кириладиган товарнинг

божхона қийматини аниқлаш усуллари

Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:

олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича;

қийматларни чегириб ташлаш асосида;

қийматларни қўшиш асосида;

захира усул.

Олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш усули олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланади.

Агар олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усулини қўллаш мумкин бўлмаса, ушбу модда биринчи қисмининг учинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган усуллар кетма-кетликда қўлланилади. Бунда ҳар бир кейинги усулнинг қўлланилишига, агар божхона қийматини аниқлашда олдингисидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади. Қийматларни чегириб ташлаш ва қўшиш усуллари тескари кетма-кетликда қўлланилиши мумкин.



303-модда. Олиб кириладиган товарга доир

битимнинг қийматига оид усул

Олиб кириладиган товарга доир битим қийматига оид усул олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини битим қиймати бўйича, яъни олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, ушбу Кодекснинг 304 ва 305-моддалари қоидалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.



304-модда. Олиб кириладиган товарга доир

битим нархига киритиладиган харажатлар

Олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг нархига киритилмаган бўлса:

а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:

ташиш қиймати;

товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;

суғурта қиймати;

б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:

воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно;

контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;

г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

Ушбу моддада кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.



305-модда. Олиб кириладиган товарга доир

битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган

тўловлар ва харажатлар

Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар, башарти улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлса, чиқариб ташланади:

саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

товар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари;

товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланса.

Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар, бундан Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари мустасно, тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.



306-модда. Олиб кириладиган товарга доир битимнинг

қийматига оид усулдан фойдаланиш бўйича чекловлар

Олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усулдан қуйидаги ҳолларда божхона қийматини аниқлаш учун фойдаланилиши мумкин эмас, агар:

сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса, бундан қонунчиликда белгиланган чекловлар ёхуд товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар ёки товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар мустасно;

товар божхона ҳудудига қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб кирилган бўлса;

сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);

товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига ушбу Кодекснинг 304-моддасига мувофиқ тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;

товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса;

битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, бундан уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим.



307-модда. Ўзаро боғлиқ шахслар

Ўзаро боғлиқ шахслар деганда қуйидаги белгиларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мос келадиган шахслар тушунилади:

битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) ёки битим тарафларидан бирининг мансабдор шахси айни вақтда битим бошқа тарафининг мансабдор шахси бўлса;

битим тарафлари юридик шахсга биргаликда эгалик қилувчилар бўлса;

битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) бошқа тараф билан меҳнат муносабатлари бўйича боғлиқ бўлса;

битим тарафларининг бири битим бошқа иштирокчисининг устав фондида (устав капиталида) овоз бериш ҳуқуқи билан устав фондининг (устав капиталининг) камида беш фоизини ташкил этувчи ҳиссага (пайга) эгалик қилса ёки акцияларининг эгаси бўлса;

битимнинг ҳар иккала тарафи бевосита ёки билвосита учинчи шахс томонидан назорат қилинаётган бўлса;

битимнинг тарафлари бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилаётган бўлса;

битимнинг бир тарафи ва (ёки) унинг мансабдор шахси бевосита ёки билвосита битимнинг иккинчи тарафини назорат қилаётган бўлса;

битим тарафлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлса.



308-модда. Олиб кириладиган товарга доир битим

тарафларининг ўзаро боғлиқлиги белгилари

аниқланишининг оқибатлари

Олиб кириладиган товарга доир битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги белгилари бўлган тақдирда божхона органи битимнинг амалдаги ҳолатларини ўрганиб чиқиши керак.

Агар божхона органи битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир кўрсатмаган деб топса, ушбу битим божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади. Акс ҳолда, божхона органи декларантга ёки божхона брокерига мазкур ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир кўрсатмаганлигини исботловчи далилларни ўттиз календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этиш зарурлиги тўғрисида ёзма шаклда хабар қилади.

Декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра амалга оширилган битимнинг нархи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади, агар декларант ёки божхона брокери битимнинг қиймати баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин ёки олиб кирилганидан сўнг ўттиз календарь кун ичида товарнинг олиб кирилаётганда божхона органи рози бўлган қуйидаги қийматларнинг бирига яқинлигини исботлай олса:

Ўзбекистон Республикасида ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотилаётгандаги битимнинг қийматига;

айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини чегириб ташлаш усули бўйича аниқланган божхона қийматига;

айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини қўшиш усули бўйича аниқланган божхона қийматига.

Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослаш учун тақдим этилган, ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган битимнинг баҳосига ва товарнинг божхона қийматига қуйидаги мезонлар бўйича фарқлар ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилади:

тижорат шартлари;

миқдори;

ушбу Кодекснинг 304-моддасида санаб ўтилган харажатлар;

ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги битимда сотувчининг харажатлари, агар бундай харажатлар сотувчи томонидан ўзаро боғлиқ бўлган шахс билан тузилган битимда амалга оширилмаса.

Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослашга тақдим этилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг битим баҳосидан ёки божхона қийматидан баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун битимнинг баҳоси ўрнига фойдаланилиши мумкин эмас.



309-модда. Айнан бир хил товарга доир

битимнинг қийматига оид усул

Айнан бир хил товарга доир битимнинг қийматига оид усул божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати қабул қилинишини назарда тутади.

Айнан бир хил товар деганда:

баҳоланаётган товар билан физик хусусиятларига, сифатига ва бозордаги қадрига кўра бир хил бўлган;

баҳоланаётган товар қайси мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, шу мамлакатда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш учун сотилган;

баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни ўша шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади.

Агар товарнинг битим қиймати Ўзбекистон Республикасида бажарилган лойиҳалашнинг, тажриба-конструкторлик ишларининг, бадиий безатишнинг, дизайннинг, эскизларнинг ёки чизмаларнинг қийматини ўз ичига олган бўлса, айнан бир хил товар деб ҳисобланмайди.

Товарнинг ташқи кўринишидаги жузъий фарқлар, агар бундай товар қолган жиҳатлари билан ушбу модданинг шартларига мувофиқ бўлса, унга айнан бир хил деб қарашни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

Агар айнан бир хил товар божхона ҳудудига:

баҳоланаётган товар олиб кирилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида олиб кирилган бўлса;

тахминан ўша миқдорда ва (ёки) ўша тижорат шартларида олиб кирилган бўлса, айнан бир хил товар юзасидан тузилган битимнинг қиймати баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида қабул қилинади.

Агар товарни ўша миқдорда ва ўша тижорат шартларида божхона ҳудудига олиб кириш ҳоллари мавжуд бўлмаса, бошқача миқдорда ва бошқа тижорат шартларида олиб кирилган айнан бир хил товарнинг ушбу фарқлар ҳисобга олиниб битимнинг нархига тузатишлар киритилган ҳолдаги қийматидан фойдаланиш мумкин.

Агар айнан бир хил товар учун ушбу Кодекс 304-моддаси биринчи қисмининг "а" бандида кўрсатилган харажатларнинг қиймати баҳоланаётган товар учун шундай харажатларнинг қийматидан масофа ва транспортнинг турларидаги тафовут туфайли анча фарқ қилса, айнан бир хил товарга доир битимнинг қийматига кўра аниқланадиган божхона қийматига тегишли тарзда тузатишлар киритилиши керак.

Баҳоланаётган товарнинг божхона қийматига тузатишлар киритиш декларант ёки божхона брокери томонидан тўғри ва ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар асосида амалга оширилиши лозим.

Агар айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш усули қўлланилганда айнан бир хил товарга доир бир нечта битим аниқланса, баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун баҳоси энг паст бўлган айнан бир хил товарга доир битим қўлланилади.



310-модда. Ўхшаш товарга доир битимнинг қийматига оид усул

Ўхшаш товарга доир битимнинг қийматига оид усул божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати ушбу моддада кўрсатилган шартларга риоя этган ҳолда асос сифатида қабул қилинишини назарда тутади.

Ўхшаш товар деганда:

баҳоланаётган товар билан ҳар жиҳатдан бир хил бўлмаса-да, у билан ўхшаш хусусиятларга эга бўлганлиги ва таркиб жиҳатдан ўхшашлиги туфайли бир хил вазифаларни бажара оладиган ҳамда тижорат нуқтаи назаридан, шу жумладан сифати, бозордаги қадри, товар белгисининг мавжудлигига кўра унинг ўрнини боса оладиган;

баҳоланаётган товар олиб кирилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида олиб кирилган;

баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириш учун сотилган;

баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади. Баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар мавжуд бўлмаган тақдирда бошқа шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар ўхшаш товар сифатида қабул қилинади.

Агар битимнинг қиймати Ўзбекистон Республикасида бажарилган лойиҳалашнинг, тажриба-конструкторлик ишларининг, бадиий безатишнинг, дизайннинг, эскизларнинг ёки чизмаларнинг қийматларини ўз ичига олса, товар ўхшаш товар деб ҳисобланмайди.

Ўхшаш товарга доир битимнинг қийматига кўра товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулидан фойдаланилаётганда ушбу Кодекс 309-моддасининг бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари қоидалари қўлланилади.



311-модда. Қийматларни чегириб ташлаш асосидаги усул

Қийматларни чегириб ташлаш асосидаги усул баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида:

божхона ҳудудида дастлабки ҳолати ўзгармаган ҳолатда;

баҳоланаётган товар божхона ҳудудига олиб кирилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида катта миқдорларда (бир нечта туркумларда);

шундай товарни сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган шахсга сотилаётган, баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товар бирлигининг нархи қабул қилинишини назарда тутади.

Баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товар бирлигининг нархидан қуйидаги харажатлар чегириб ташланади:

тўланадиган ёхуд тўлашга келишилган воситачилик ҳақи ёки фойда учун устамалар ҳамда олиб кирилган ўша классдаги ва турдаги товарни божхона ҳудудида сотиш билан боғлиқ бўлган умумий харажатлар;

товарларни олиб кириш ёки сотиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасида тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва бошқа тўловларнинг суммалари;

божхона ҳудудида транспортда ташиш, суғурталаш, юклаш ва тушириш учун сарфланган харажатлар.

Ўша классдаги ёки турдаги товар иқтисодиётнинг муайян тармоғи маҳсулотига тааллуқли бўлган товарлар гуруҳини, шу жумладан айнан бир хил ва ўхшаш товарларни англатади.

Ички бозорда товарнинг сотилиш нархини танлашда кўрилаётган товарнинг импорт қилинганидан кейинги биринчи тижорат босқичидаги нархини, яъни олиб кирилган товарнинг биринчи марта қайта сотилишидаги нархини ҳисобга олиш керак бўлади.

Баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг баҳоланаётган товар олиб кирилишидан олдин тўқсон календарь кун ичида сотилганлиги фактлари мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг қоидалари инобатга олинган ҳолда баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товар товар бирлигининг қайси нархи бўйича Ўзбекистон Республикасида энг катта туркумда, ўзгармас ҳолатда, баҳоланаётган товар олиб кирилган кунга энг яқин муддатда, лекин баҳоланаётган товар олиб кирилган кундан эътиборан тўқсон кундан кечиктирмай сотилаётган бўлса, ўша нарх қабул қилинади.

Баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг божхона ҳудудида ўзгармас ҳолатда сотилганлиги фактлари мавжуд бўлмаган тақдирда, баҳоланаётган товарнинг божхона қиймати товарга кейинчалик ишлов берилганидан кейин олинган, шундай товарни сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган шахсга божхона ҳудудида энг катта миқдорда сотиладиган маҳсулот бирлигининг нархи асосида, декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра аниқланади. Бунда товарнинг божхона қийматига ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тузатишлар киритилади.



312-модда. Қийматларни қўшиш асосидаги усул

Қийматларни қўшиш асосидаги усул баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида товарнинг қуйидагиларни қўшиш орқали ҳисоблаб чиқарилган нархи қабул қилинишини назарда тутади:

а) баҳоланаётган товарни тайёрлашда сарфланган материалларнинг қиймати ҳамда ишлаб чиқариш ва (ёки) ишлов бериш харажатлари;

б) ушбу модданинг "а" бандида акс эттирилмаган умумий харажатларнинг ҳажми ва баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган айни ўша классдаги ва турдаги товарни Ўзбекистон Республикасида сотишда одатда экспорт қилувчи томонидан олинадиган фойда;

в) ушбу Кодекс 304-моддаси биринчи қисмининг "а" бандида кўрсатилган харажатлар.



313-модда. Захира усул

Агар товарнинг божхона қийматини ушбу Кодекснинг 303, 309, 310, 311 ва 312-моддаларида кўрсатилган божхона қийматини аниқлаш усулларини кетма-кетликда қўллаш натижасида декларант ёки божхона брокери томонидан аниқлаш мумкин бўлмаса, баҳоланаётган товарнинг божхона қиймати божхона қийматини аниқлаш усулларининг муддатларни қўллаш, товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини, айнан бир хиллигини ёки ўхшашлигини аниқлашга доир талабларини бир мунча қайишқоқлик билан қўллаш орқали аниқланади.

Захира усулни қўллашда божхона органи декларант ёки божхона брокерига ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этади. Божхона органи захира усулни тўғри қўллаш мақсадида шундай ахборотни йиғиб боради.

Захира усулдан фойдаланишда ҳужжатлар билан тасдиқлашга доир талаблар қуйидагиларни бошқа усулларга нисбатан бир мунча қайишқоқликка йўл қўяди:

жаҳон нархларига доир, ички бозор нархларига доир ахборот маълумотномаларидан фойдаланишни;

воситачилик ҳақлари, чегирмалар, фойдалар, транспорт тарифлари умум қабул қилинган даражаларининг статистик маълумотларидан фойдаланишни.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда, баҳоланаётган товарни етказиб бериш шартларини ҳисобга олган ҳолда маълумотларга тегишли тузатишлар киритилиши шарт.

Товарнинг божхона қийматини захира усулда аниқлаш учун асос сифатида қуйидагилардан фойдаланишга йўл қўйилмайди:

а) Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ўхшаш товарнинг сотилиш нархидан;

б) икки ва ундан ортиқ муқобил қийматларнинг энг юқори қийматидан;

в) экспорт қилувчи мамлакатнинг ички бозоридаги товар нархидан;

г) божхона қийматини аниқлаш учун қийматларни қўшиш усулини қўллашда фойдаланилмайдиган ишлаб чиқариш чиқимларидан;

д) экспорт қилаётган мамлакатдан учинчи мамлакатларга етказиб берилаётган товарнинг нархидан;

е) энг паст божхона қийматларидан;

ж) товарнинг ўзбошимчалик билан белгиланган ёки тўғри тасдиқланмаган нархидан.

Божхона органи ушбу моддага мувофиқ аниқланган товарнинг божхона қиймати ҳамда шундай қийматни аниқлаш учун фойдаланилган усул тўғрисида декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра унга ахборот беради.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сарфланган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қийматларни чегириб ташлаш асосидаги усул билан божхона қийматини аниқлаш учун эксперт баҳолаш қўлланилишига йўл қўйилади, уни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади. Бунда товар бирлигининг божхона қиймати аниқланиб, кейинчалик бутун туркумнинг божхона қиймати қайта ҳисоб-китоб қилинади.



314-модда. Ахборот ташувчи жисмнинг

божхона қийматини аниқлаш

Ахборот ташувчи жисмнинг божхона қиймати товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг ушбу бобда кўрсатилган усуллари қўлланилган ҳолда ахборотнинг қиймати белгиланганидан кейин аниқланади.

Божхона ҳудудига олиб кирилаётган ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича ускуналар учун дастурий таъминотни ўз ичига олган ахборот ташувчи жисмнинг божхона қийматини аниқлашда, агар баҳоланаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан дастурий таъминотнинг қиймати ва (ёки) ахборот ташувчи жисмнинг қиймати ажратиб чиқарилса, фақат ахборот ташувчи жисмнинг қиймати ҳисобга олинади.

Агар дастурий таъминот ахборот ташувчи жисм бўлмаган товарнинг таркибига кирса ҳамда у бундай дастурий таъминотсиз ўзига хос бўлган вазифаларни бажара олмайдиган ушбу товарнинг ишлашига қаратилган бўлса, дастурий таъминотнинг қиймати товарнинг қийматидан ажратиб чиқарилмайди.



315-модда. Олиб чиқиладиган товарнинг

божхона қийматини аниқлаш

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати у экспортга сотилганда амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган битимнинг баҳоси асосида аниқланади.

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда ушбу Кодекс 306-моддасининг еттинчи хатбошисида, шунингдек 307 ва 308-моддаларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарнинг маълум қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай товарнинг божхона қиймати божхона органида мавжуд бўлган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга оид маълумотлар асосида аниқланади.

Илгари олиб кирилган товарларни ўзгармас ҳолатда божхона ҳудудидан олиб чиқишда божхона қиймати товарнинг у олиб кирилган пайтдаги божхона қийматининг ҳамда божхона ҳудудида қилинган харажатларнинг, шу жумладан божхона расмийлаштируви ва божхона тўловларини тўлаш (товарлар реэкспорт қилиниши муносабати билан қайтарилиши керак бўлган тўловларни чегирган ҳолда), товарларни сақлаш, суғурталаш учун қилинган харажатларнинг, божхона ҳудудида қилинган бошқа харажатларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади.

Олиб чиқиладиган товарнинг декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган божхона қийматини аниқлаш тўғри эканлигини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлмаган ёхуд декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган маълумотларни нотўғри ёки етарли эмас деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона органи божхона қийматини мустақил равишда белгилайди. Бунда божхона органи декларант ёки божхона брокерининг ёзма аризасига кўра унга олиб чиқиладиган товарнинг декларант ёки божхона брокери маълум қилган божхона қиймати божхона органи томонидан қабул қилинмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ёзма тушунтириш бериши шарт.

Божхона органи ўз ихтиёрида бўлган ёки декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган, ушбу Кодекснинг 316 ва 317-моддаларида кўрсатилган ахборотдан фойдаланиши мумкин.

Божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда божхона органи:

1) баҳоланаётган, айнан бир хил ва (ёки) ўхшаш товарларни сотиш шартларининг мумкин қадар таққослана олинишини таъминлаши, шу жумладан қуйидаги кўрсаткичлар бўйича таъминлаши:

а) импорт амалга оширилаётган мамлакат ёки географик минтақа;

б) олиб чиқиладиган товарларнинг миқдори;

в) сотувнинг тижорат шартлари, шу жумладан бозор конъюнктураси (асосан хом ашё товарларни экспорт қилишда);

2) сотиб олувчининг барча сарф-харажатларини харажатларнинг божхона қийматига киритиш нуқтаи назаридан ҳисобга олиши лозим.

Агар контрактда (шартномада, келишувда) қатъий белгилаб қўйилган нархлар мавжуд бўлмаса ва фақат товарнинг узил-кесил нархини белгилаш шартлари акс эттирилган бўлса ёхуд контракт (шартнома, келишув) шартларига мувофиқ узил-кесил нарх сотиб олувчи томонидан товарни миқдор ва сифат бўйича қабул қилиб олиш натижаларига кўра аниқланса, олиб чиқилаётган товарнинг божхона қиймати муваққат (шартли) баҳони ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Декларант ёки божхона брокери ўзида мавжуд бўлган, божхона қийматининг муваққат (шартли) баҳоси холис эканлигини таъминлайдиган ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли.

Олиб чиқилаётган товарнинг божхона қийматини муваққат (шартли) баҳоси учун асос сифатида қуйидагилар қабул қилинади:

контрактда (шартномада, келишувда) қайд этилган дастлабки нарх;

контрактда (шартномада, келишувда) белгиланган, уни ҳисоб-китоб қилиш шартларига мувофиқ товар юклаб жўнатилган санада аниқланган ҳисоб-китоб баҳоси.

Ушбу модданинг ўнинчи қисмида кўрсатилган ҳисоб-китобларни ўтказиш мумкин бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини муваққат (шартли) баҳолаш божхона органининг ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги тегишли ахборот асосида амалга оширилиши мумкин.

Декларант ёки божхона брокерининг ёзма аризаси бўйича божхона органи кўриб чиқилаётган битим шартларидан ҳамда божхона ва валютага оид қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган, божхона қийматини тасдиқлайдиган ва (ёки) аниқлаштирадиган зарур ҳужжатларнинг декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилиш муддатини белгилайди. Маълум қилинган божхона қийматини тасдиқлаш ва (ёки) аниқлаштириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар декларант ёки божхона брокери томонидан белгиланган муддатда тақдим этилганидан кейин унга тузатишлар киритилади.

Божхона қиймати олиб чиқилаётган товарга доир битимнинг қиймати асосида қуйидаги ҳолларда аниқланиши мумкин эмас, агар:

контрактда (шартномада, келишувда) битимнинг қийматига таъсир кўрсатган чекловлар ва (ёки) шартлар мавжуд бўлса;

таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига сотиш ва битимнинг қиймати боғлиқ бўлса;

битим иштирокчилари ўзаро боғлиқ шахслар бўлса ва бу омилнинг битим қийматига таъсирини қиймат тарзида ифодалаш мумкин бўлмаса;

божхона қийматини маълум қилишда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ёхуд нотўғри бўлса.



316-модда. Олиб чиқиладиган товарга доир битимнинг

нархига киритиладиган харажатлар

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг баҳосига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг баҳосига киритилмаган бўлса:

а) товарни божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган жойгача етказиб бериш харажатлари:

транспортда ташиш қиймати;

товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва тушириш-ортиш харажатлари;

суғурталаш қиймати;

б) сотувчи томонидан қилинган харажатлар:

воситачилик ва брокерлик ҳақи, бундан товарни харид қилиш бўйича воситачилик ҳақи мустасно;

контейнерларнинг ва (ёки) бошқа кўп марта ишлатиладиган идишларнинг қиймати, агар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ уларга баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

ўров-жойлашнинг қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шартлари сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

г) сотувчининг баҳоланаётган товарни кейинчалик божхона ҳудудидан ташқарида ҳар қандай тарзда қайта сотиш, ўтказиш ёки ундан фойдаланишдан олинган бевосита ёки билвосита даромадининг бир қисми.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган битимнинг баҳосига қўшиладиган компонентлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурталаш, сертификатлаштириш, брокерлик хизматлари) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.



317-модда. Олиб чиқиладиган товарга доир

битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган

тўловлар ва харажатлар

Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар чиқариб ташланади, башарти улар илгари битимнинг нархига киритилган бўлса ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин бўлса:

саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан сўнг амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

товар божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейинги уни етказиб бериш харажатлари;

товар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан кейинги уни етказиб беришни суғурталаш қиймати;

импорт қилинган мамлакатда сотувчи томонидан тўланадиган божхона тўловлари.

Битимнинг нархи мавжуд бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати экспорт қилаётган сотувчининг олиб чиқиладиган товарни ишлаб чиқариш ёки олиш, сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатлари тўғрисида декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган харажатлар ҳам ҳисобга олинади.



318-модда. Товарнинг божхона қийматини маълум қилиш

Товарнинг божхона қиймати божхона қиймати декларациясини тўлдирган ҳолда товарларни декларациялашда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига маълум қилинади.

Божхона қиймати декларацияси божхона юк декларациясининг ажралмас қисми бўлиб, товарнинг божхона қиймати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига божхона юк декларацияси билан бир пайтда топшириладиган ҳужжат ҳисобланади.

Божхона қиймати декларациясининг шакли ва уни тўлдириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинадиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши керак.

Декларант ёки божхона брокери декларацияланадиган товарнинг божхона қиймати маълум қилингунига қадар аниқланган товар туркумининг товарнинг йўқолиши, камомади, шикастланиши ҳажмларига мос бирликка келтирилган божхона қийматини маълум қилиш ҳуқуқига эга. Товарнинг йўқолиши, камомади, шикастланиши факти экспертиза хулосаси ва божхона кўздан кечируви далолатномаси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Божхона қиймати декларацияси божхона тўловларини тўлашни назарда тутувчи божхона режимлари маълум қилинганда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар учун тўлдирилади, бундан ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона қиймати декларацияси қуйидаги ҳолларда тўлдирилмайди ва божхона қиймати божхона юк декларациясида маълум қилинади, агар:

божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар туркумининг божхона қиймати бир минг АҚШ долларига тенг эквивалент суммадан ошмаса, бундан битта контракт (шартнома, келишув) доирасида бир неча марта товар етказиб бериш, шунингдек турли контрактлар (шартномалар, келишувлар) бўйича айни ўша товарни бир жўнатувчи томонидан айни ўша битта олувчининг манзилига такрор-такрор етказиб бериш мустасно;

олиб ўтиладиган товарлар божхона тўловларини тўлашдан озод этилган бўлса.



319-модда. Товарнинг божхона қийматини назорат қилиш

Божхона органи декларант ёки божхона брокери томонидан танланган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулининг ва маълум қилинган божхона қиймати ҳисоблаб чиқарилишининг тўғрилигини қуйидагилар асосида аниқлайди:

декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган божхона қиймати декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотлар;

товарнинг божхона қийматини аниқлашда фойдаланиладиган, ўз ихтиёрида мавжуд бўлган ахборот.

Божхона органи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун танланган усулга қуйидаги ҳолларда рози бўлмасликка ва декларантга ёки божхона брокерига божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулидан фойдаланиб, божхона қийматини аниқлашни таклиф этишга ҳақли:

декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган товарнинг божхона қиймати тўғри аниқланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар мавжуд бўлмаса;

товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун божхона органи томонидан сўралган зарур қўшимча ҳужжатлар декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилмаган бўлса;

декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар нотўғри эканлигининг белгилари аниқланса.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда божхона органи ва декларант ёки божхона брокери ўртасида товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулини танлаш хусусида маслаҳатлашувлар ўтказилиши мумкин.

Агар декларант ёки божхона брокери товарнинг божхона органи томонидан аниқланган божхона қийматига рози бўлмаса, декларант ёки божхона брокери ўзи маълум қилган божхона қиймати қайси сабабларга кўра қабул қилинмаганлигини тушунтириб беришни божхона органидан сўрашга ҳақли, бундан шартли божхона қийматининг қўлланилиши ҳолати мустасно.

Божхона органи декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган товарнинг божхона қиймати нима учун божхона органи томонидан қайси сабабларга кўра қабул қилинмаганлигини декларантнинг ёки божхона брокерининг аризасига биноан ёзма шаклда ёхуд электрон шаклда тушунтириш бериши шарт.

Божхона юк декларацияси расмийлаштирилаётганда аниқланган ва божхона органи томонидан қабул қилинган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усули ва божхона қиймати суммасининг ҳисоб-китоби фақат ушбу Кодекснинг 320-моддасида назарда тутилган ҳолларда ҳамда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш зарурлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қайта кўриб чиқилиши мумкин.



320-модда. Товарнинг божхона қийматига ва (ёки)

божхона тўловларига тузатишлар киритиш

Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:

божхона расмийлаштируви вақтида;

товар чиқариб юборилганидан кейин.

Божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар:

декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усули ва миқдори уларни тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларга мос эмаслиги аниқланган бўлса;

божхона қиймати декларациясида товарнинг маълум қилинган божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари миқдорига таъсир этган техник хатолар аниқланган бўлса.

Товар чиқариб юборилганидан кейин унинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар:

шартли чиқариб юборилган товарга нисбатан унинг узил-кесил божхона қиймати декларантнинг ёки божхона брокерининг қўшимча ахбороти асосида аниқланса ёхуд декларант ёки божхона брокери ушбу Кодекснинг 321-моддасига мувофиқ божхона органи томонидан аниқланган божхона қийматини қабул қилса;

товарни декларациялашда содир этилган, товарнинг божхона қийматининг ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган техник хатолар аниқланган бўлса;

ҳужжатларнинг кейинги текшируви пайтида товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган нотўғри декларациялаш аниқланган бўлса;

маълум қилинган божхона қийматининг божхона ҳудудига олиб кирилган ёки ушбу ҳудуддан олиб чиқилган товарнинг миқдори ва (ёки) сифати контракт (шартнома, келишув) шартларидан четга чиқиши туфайли товарнинг ҳақиқий қийматига мос эмаслиги божхона декларациясини қабул қилиш санасида аниқланган бўлса. Божхона кўздан кечируви далолатномаси, шунингдек контракт (шартнома, келишув) тарафлари ўртасида келишилган, божхона тўловлари ундирилмайдиган товар бўйича - товарнинг миқдорига оид эътироз ёки божхона тўловлари ундириладиган товарлар бўйича - экспертиза хулосаси товарнинг мос эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади;

божхона тўловларининг суммалари қайтарилишига ёки қўшимча тўланишига олиб келадиган ёки товарнинг божхона қиймати миқдорига таъсир кўрсатган бошқа асослар юзага келган бўлса.

Агар товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг пайдо бўлишига олиб келган бўлса, ана шу қарздорлик суммасига ушбу Кодекснинг 349-моддасида назарда тутилган тартибда пеня ҳисобланади.

Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш қайси товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилаётган бўлса, фақатгина ўша товарга нисбатан амалга оширилади.

Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Агар декларант ёки божхона брокери божхона органи томонидан товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига киритилган тузатишларга рози бўлмаса, товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш сабабларини ёзма равишда тушунтириб беришни божхона органидан сўраб олишга ҳақли.

Декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига сўров юборилиши декларантни ёки божхона брокерини божхона тўловларини тўлашдан озод этмайди.

Божхона расмийлаштируви учун ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин божхона органи томонидан товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилиши устидан декларант ёки божхона брокери белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.



321-модда. Декларант ёки божхона брокери томонидан

товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган

тақдирда товарнинг шартли чиқариб юборилиши

Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда уни шартли чиқариб юбориш декларантнинг ёки божхона брокерининг аризасига кўра божхона органи томонидан амалга оширилади. Бунда божхона органи ушбу бобда белгиланган тартибда товарнинг шартли божхона қийматини мустақил равишда белгилайди.

Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда уни шартли чиқариб юбориш, агар божхона органи томонидан аниқланган товарнинг божхона қийматига мувофиқ равишда ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари суммаси декларант ёки божхона брокери томонидан тўланса ёки тўланиши таъминланса, амалга оширилади.

Божхона органи ариза келиб тушган кундан кейинги уч иш куни ичида декларантга ёки божхона брокерига товарнинг шартли божхона қийматининг ва талаб қилинаётган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш миқдорлари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар қилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг амал қилиш муддати товар чиқариб юборилган кундан эътиборан олтмиш календарь кунни ташкил этади.

Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин божхона қиймати ва тегишли божхона тўловлари товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шаклини тўлдирган ҳолда қайтадан ҳисоб-китоб қилинади.

Товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланган муддат ўтгач Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади. Бунда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш ушбу Кодекснинг 266-моддасига мувофиқ амалга оширилиб, у товарнинг божхона қийматига нисбатан узил-кесил қарор ҳисобланади.


45-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ

ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТЎЛАШ


322-модда. Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун асос

Қўлланиладиган ставка турларига боғлиқ ҳолда божхона божини, акциз солиғини ва тегишли божхона йиғимларини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати ва (ёки) унинг миқдори асос бўлади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати, тўланиши лозим бўлган божхона божи суммаси, акциз тўланадиган товар бўйича эса, тўланиши лозим бўлган акциз солиғи суммасининг йиғиндиси асос бўлади.



323-модда. Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш тартиби

Божхона тўловлари декларант томонидан ҳисоблаб чиқарилади.

Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади, бундан ушбу Кодекснинг 66-моддасида ва бошқа қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


324-модда. Божхона тўловлари ставкаларининг қўлланилиши

Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун:

божхона органи томонидан божхона декларацияси қабул қилинган куни амалда бўлган, бундан ушбу Кодекснинг 172 ва 325-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона тўловларини тўлашда божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилган куни амалда бўлган ставкалар қўлланилади.



325-модда. Товарлар божхона чегараси орқали ноқонуний

олиб ўтилганда ёхуд белгиланган талаб ва шартлар бошқача

тарзда бузилганда божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш

Товарлар божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилганда ёхуд ушбу Кодексда белгиланган талаблар ва шартлар бошқача тарзда бузилганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари:

белгиланган талаблар ва шартлар бузилган ҳолда божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона тўловлари тўланмаган товарларга нисбатан - божхона чегарасини кесиб ўтиш куни амалда бўлган ставкалар, агар бундай кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса - шундай товарлар аниқланган куни амалда бўлган ставкалар бўйича;

ноқонуний олиб чиқилган товарларга нисбатан - божхона чегарасини кесиб ўтиш куни амалда бўлган ставкалар, агар бундай кунни аниқлаш имкони бўлмаса - шундай фактлар аниқланган куни амалда бўлган ставкалар бўйича;

транзит божхона режимида олиб ўтилаётган ёки божхона назорати остида сақланаётганда йўқотилган, етказиб берилмаган ёки божхона органи билан келишилмаган ҳолда бериб юборилган товарларга нисбатан - товарлар тегишли божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган ставкалар бўйича;

шартли чиқариб юборилган ва божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилган мақсадлардан бошқа мақсадларда фойдаланилаётган товарларга нисбатан - божхона органи томонидан божхона декларацияси қабул қилинган куни амалда бўлган ставкалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.



326-модда. Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш

учун чет эл валютасини қайта ҳисоб-китоб қилиш

Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун чет эл валютасини қайта ҳисоб-китоб қилиш:

божхона расмийлаштируви амалга оширилаётганда - божхона декларацияси қабул қилинган куни;

тўланиши божхона расмийлаштирувига боғлиқ бўлмаган божхона тўловлари учун - божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилган куни Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси бўйича амалга оширилади.

Товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилаётганда даврий божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ҳамда товарларни қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтишда божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун чет эл валютасини қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу Кодекснинг 66 ва 172-моддаларига мувофиқ амалга оширилади.



46-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ ТЎЛАШ

ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


327-модда. Божхона тўловларини тўлаш муддатлари

Божхона тўловлари божхона декларацияси қабул қилингунига қадар ёки қабул қилиниши билан бир вақтда тўланади, бундан ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Товарларнинг айрим тоифаларига нисбатан божхона тўловларини тўлаш муддати қуйидагича белгиланади:

қувур транспортида ёки электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган товарлар учун - ушбу Кодекснинг 172-моддасига мувофиқ;

шартли чиқариб юборилган товарлардан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилишидан кўзланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда - товарлардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш бўйича чекловларга риоя этилмаган биринчи кун;

божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилаётган товарлар учун - божхона чегараси кесиб ўтилган кун. Агар бу кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш факти божхона органлари томонидан аниқланган кун божхона тўловларини тўлаш куни ҳисобланади;

божхона ҳудудига вақтинча олиб кирилган товарлар учун - ушбу Кодекснинг 66-моддасига мувофиқ.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда, божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлашга имконият берилган охирги тўлаш куни божхона тўловларини тўлаш муддати ҳисобланади.

Тўланиши божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимлари божхона органлари томонидан тегишли ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилгунига қадар ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ божхона ҳудудида тўланади.

Божхона тўловларини тўлаш муддатлари бузилган тақдирда божхона тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги учун ушбу Кодекснинг 349-моддасига мувофиқ пеня ҳисобланади.



328-модда. Божхона тўловларини тўлаш тартиби

Божхона тўловлари божхона органларининг қонунчиликка мувофиқ шу мақсадлар учун очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига тўловчи томонидан тўланади.

Тўланган ва ундирилган божхона тўловларининг ҳисоби божхона органларининг ахборот тизимида юритилади.

Тўланган божхона тўловларидан олинган маблағлар товарлар чиқариб юборилган кундан ёки тўланиши божхона расмийлаштирувига боғлиқ бўлмаган божхона тўловлари учун божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилган кундан эътиборан беш иш куни ичида божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолат мустасно.

Ушбу Кодекснинг 262, 269 ва 270-моддаларига мувофиқ товарларни декларациялашда тўланган божхона тўловлари лозим даражада тўлдирилган божхона юк декларацияси расмийлаштирилиши якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Божхона тўловлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада тўланади.    



329-модда. Божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб

тўлаш имкониятини бериш шартлари

Божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.

Божхона тўловларини тўлаш муддатининг қўшимча даврга узайтирилиши божхона тўловларини кечиктириб тўлашдир.

Божхона тўловларини тўлаш муддатини қўшимча даврга узайтириб, тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасини шу давр ичида қисмларга бўлиб тўлаш божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашдир.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ошмаслиги, лекин ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак, бундан ушбу модданинг бешинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан бир юз йигирма календарь кун муддатга кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидагилар бўйича берилади:

ишлаб чиқарувчи корхоналарга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича;

моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжаликларига ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган товарлар учун божхона божини тўлаш бўйича.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона тўловларининг битта ёки бир нечта турига, шунингдек тўланиши лозим бўлган бутун суммага ёки унинг бир қисмига нисбатан берилиши мумкин.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор ушбу Кодекснинг 330-моддасида назарда тутилган зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда божхона органи томонидан қабул қилинади.

Божхона органининг қарорида божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса рад этиш сабаблари кўрсатилади.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу Кодекснинг 47-бобида назарда тутилган тартибда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш шарти билан берилади.

Товарларни импорт қилиш билан уч йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини яхши (ёки ўз вақтида) бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти охирги уч йил давомида тўланган божхона тўловлари суммасининг эллик фоизидан ошмайдиган сумма миқдорида, олти ой муддатга божхона тўловларини таъминлаш қўлланилмаган ҳолда берилиши мумкин.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узоқроқ муддатларга ва божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда берилиши мумкин.



330-модда. Божхона тўловларини кечиктириб ёки

бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун

тақдим этиладиган ҳужжатлар

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун тўловчи божхона органига:

божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган аризани;

ушбу Кодекснинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.



331-модда. Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб

тўлаш имкониятини беришни рад этиш асоси

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Кодекснинг 330-моддаси талабларига риоя этилмаганлиги;

божхона органларига ариза тақдим этилган пайтда божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик мавжудлиги.


332-модда. Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб

тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизлар

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг эллик фоизи миқдорида, бир кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади.

Фоизлар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади.

Божхона тўловларини ваколатли иқтисодий операторларга кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда ҳамда ушбу Кодекс 329-моддасининг бешинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ўн тўрт календарь кунга берилганда ушбу муддат учун фоизлар ҳисобланмайди ва тўланмайди.

Божхона тўловлари бўйича кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизларни тўлаш, ундириш ва қайтариш ушбу бобда, шунингдек ушбу Кодекснинг 48 ва 49-бобларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



333-модда. Божхона тўловларини кечиктириб

ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда

уларнинг суммаларини тўлаш муддатлари

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда тўловчи томонидан уларнинг суммаларини тўлаш:

кечиктириб тўлаш имконияти берилганда - кечиктириб тўлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай;

бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда - божхона органи томонидан тўловчи билан биргаликда тасдиқланган жадвал бўйича бўлиб-бўлиб тўланадиган суммаларни киритишнинг келишиб олинган кунларидан кечиктирмай амалга оширилади.

Кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммалари тўловчи томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, божхона органлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг бутун суммасини ушбу Кодекснинг 47 ва 48-бобларида назарда тутилган тартибда депозит, товарлар гарови, банк кафолати, суғурта полиси ёки кафиллик билан таъминланган пул маблағлари ҳисобидан ундириб олиш чораларини кўради.



334-модда. Келгуси божхона тўловларини

тўлаш учун пул маблағлари

Тўловчи божхона декларацияси қабул қилингунига қадар келгуси божхона тўловларини тўлаш учун пул маблағларини дастлабки тарзда (бундан буён матнда дастлабки пул маблағлари деб юритилади) божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиши мумкин.

Тўловчининг кўрсатмасига кўра дастлабки пул маблағларидан:

божхона тўловларини тўлаш учун;

пеня, фоизлар тўлаш мажбуриятларини бажариш ҳисобига деб;

божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш учун;

божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун фойдаланилиши мумкин.

Тўловчи божхона органига мазкур дастлабки пул маблағларига божхона тўловлари сифатида қараш ҳақида кўрсатма бермагунига қадар ушбу маблағларга божхона тўловлари сифатида қаралиши мумкин эмас. Тўловчининг божхона декларациясини топшириши ёки дастлабки пул маблағларидан пеня, фоизлар тўлаш мажбуриятларини бажариш ҳисобига деб, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ёхуд божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш учун фойдаланиш ҳақидаги аризасини бериш тўловчининг кўрсатмаси ҳисобланади.



335-модда. Дастлабки пул маблағларини

қайтариб бериш тартиби

Тўловчи дастлабки пул маблағлари ушбу маблағлардан охирги фойдаланилган куннинг эртасидан эътиборан уч йил ичида қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақли.

Дастлабки пул маблағларини қайтариб олиш учун тўловчи шахсий ғазна ҳисобварағига кўрсатилган пул маблағлари ўтказиб берилган божхона органига дастлабки пул маблағларини қайтариб бериш тўғрисида ариза тақдим этади. Тўловчи божхона органига ариза билан бир вақтда тўловчи ва божхона органи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини тақдим этади.

Божхона органи ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасида кўрсатилган маълумотларни солиштириб чиқади.

Ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси божхона органининг мансабдор шахси ва тўловчи томонидан имзоланган куннинг эртасидан эътиборан уч иш куни ичида божхона органи дастлабки пул маблағлари қайтарилишини амалга оширади.

Тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеня ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, дастлабки пул маблағлари тўловчининг розилиги билан ушбу қарздорлик чегириб қолинган ҳолда қайтариб берилади.

Агар дастлабки пул маблағларини қайтариб бериш ҳақидаги ариза ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ичида тақдим этилмаган бўлса, ушбу пул маблағлари божхона органи томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.



47-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ

ТЎЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


336-модда. Божхона тўловлари тўланишини

таъминлашнинг қўлланилиши

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ушбу Кодекснинг 87, 93, 95, 222, 223, 236, 272, 321 ва 329-моддаларида белгиланган ҳолларда қўлланилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш божхона органларига товарлар чиқариб юборилгунига қадар ёхуд шундай таъминлашни назарда тутувчи ҳаракатлар амалга оширилгунига қадар тақдим этилиши керак.



337-модда. Божхона назорати остида турган товарларга

нисбатан божхона тўловлари тўланишини

таъминлашнинг миқдори

Қуйидаги товарларга нисбатан божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг миқдори эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасига мос бўлиши керак:

ушбу Кодекснинг 222 ва 223-моддаларида назарда тутилган, божхона ҳудудида божхона назорати остида олиб ўтиладиган товарларга;

божхона омбори мақомига эга бўлмаган жойларда сақланаётган товарларга;

шартли божхона қиймати қўлланилган ҳолда чиқариб юбориладиган товарларга;

божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш қўлланилган ҳолда чиқариб юбориладиган товарларга;

божхона юк декларацияси топширилгунига қадар чиқариб юбориладиган товарларга.



338-модда. Назорат қилиниши божхона органларининг зиммасига

юклатилган фаолиятни амалга оширишда божхона тўловлари

тўланишини таъминлашнинг миқдори

Назорат қилиниши божхона органларига юклатилган фаолиятни амалга ошириш учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

агар божхона омбори ёки эркин омбор сифатида очиқ майдонча маълум қилинаётган бўлса, бир квадрат метр майдон учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида ёки агар божхона омбори ёхуд эркин омбор сифатида тегишинча бино маълум қилинаётган бўлса, бинонинг бир куб метр ҳажми учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг бараваридан кам бўлмаган суммаси миқдорида - божхона омбори ёки эркин омбор эгалари учун;

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг баравари миқдорида - бож олинмайдиган савдо дўконларининг эгалари учун;

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг баравари миқдорида - божхона ташувчиси учун.


339-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усуллари

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади:

пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш;

товарларни гаровга қўйиш;

банк кафолатини тақдим этиш;

божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш;

кафиллик.



340-модда. Пул маблағларини божхона органининг

шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш ва уларни

қайтариш шартлари

Тўловчи божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига ушбу Кодекснинг 337 ва 338-моддаларида белгиланган миқдорда пул маблағлари суммасини киритади.

Пул маблағлари божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига (бундан буён матнда депозит деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда эса чет эл валютасида киритилади.

Сақланган вақт учун депозит суммасига фоизлар ҳисобланмайди.

Депозитни қайтариш тўловчининг аризаси божхона органи томонидан олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай мазкур аризага кўра амалга оширилади.

Депозитни қайтариш тўғрисидаги ариза тўловчи томонидан божхона органига мажбурият бажарилганидан кейин, лекин мажбурият бажарилган куннинг эртасидан эътиборан уч йилдан кечиктирмай берилади. Агар депозитни қайтариш тўғрисидаги ариза белгиланган муддатда берилмаган бўлса, депозит суммаси божхона органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.

Тўловчи томонидан депозит билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда, киритилган пул маблағлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш ҳисобига депозит суммасидан олинади.



341-модда. Божхона назорати остида товарлар ташилаётганда

мажбурият бажарилишини таъминлаш учун киритилган

депозитни қайтариш

Божхона назорати остида товарлар ташилаётганда мажбурият бажарилишини таъминлаш учун киритилган депозитни қайтариш тўғрисидаги ариза депозит қайси божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига тушган бўлса, ўша божхона органига ёхуд божхона назорати остида товарларни ташиш тугалланаётган божхона органига берилади.

Товарларни ташиш мажбуриятлари бажарилганлиги божхона назорати остида товарларни ташиш тугалланаётган божхона органи томонидан тасдиқланганидан кейин икки иш куни ичида божхона органи божхона назорати остида товарлар ташилаётганда мажбурият бажарилишини таъминлаш учун киритилган депозит қайтарилишини амалга оширади.

Божхона назорати остида товарлар ташилаётганда мажбурият бажарилишини таъминлаш учун киритилган депозитни қайтариш тўлов қайси валютада киритилган бўлса, ўша валютада божхона органи томонидан амалга оширилади.



342-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

сифатида товарлар гаровини қўллаш

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида гаров тўғрисидаги шартнома асосида товарлар гарови қўлланилиши мумкин.

Ҳар қандай товар гаров нарсаси бўлиши мумкин, бундан қуйидагилар мустасно:

электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари;

корхоналар, бинолар, қурилмалар, иншоотлар, ер участкалари, фазовий объектлар;

бошқа мажбуриятларни таъминлаш учун гаровга қўйиб бўлинган товарлар;

интеллектуал мулк объектлари;

божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарлар;

тез бузиладиган товарлар;

жониворлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган товарлар;

реализация қилиш имконияти чекланган товарлар;

жойлашган ери ва фойдаланилиши устидан божхона органи доимий назоратни таъминлай олмайдиган товарлар;

қонунчиликка мувофиқ эркин реализация қилиниши тақиқланган ишлаб чиқариш маҳсулотлари ва чиқиндилари.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ва сертификатланиши ёки давлатнинг бошқа органлари назоратида бўлиши лозим бўлган товарлар сертификатлар, рухсатномалар ва товарлар чиқариб юборилаётганда зарур бўлган бошқа ҳужжатлар бўлган тақдирдагина гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Гаров нарсасининг бозор қийматини аниқлаш учун унинг баҳоланиши гаровга қўювчи ҳисобидан баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Гаров нарсасининг бозор қиймати тўланиши гаров нарсаси билан таъминланадиган божхона тўловларига доир мажбуриятлар, шу жумладан товарларнинг уларни сақлаш ва реализация қилиш бўйича зарур харажатларнинг ўрнини қоплаш учун бозор қийматидан ўн беш фоизи қўшиб ҳисоблангандаги мажбуриятлар миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Ушбу Кодекснинг 93 ва 236-моддаларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор фаолиятини лицензиялашда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида товарларни гаровга қўйиш қўлланилмайди.



343-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

сифатида товарларни гаровга қўйишга доир талаблар

Товарларни гаровга қўйиш божхона органи ва кафолат шартномаси бўйича тўловчи ёки бошқа шахс бўлиши мумкин бўлган гаровга қўювчи ўртасидаги гаров тўғрисидаги шартнома билан расмийлаштирилади.

Гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак.

Гаровга қўювчи гаров тўғрисидаги шартномага мувофиқ гаров нарсасини тасарруф этишга ҳақли.

Гаров тўғрисидаги шартнома қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади.


344-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

сифатида банк кафолатини қўллаш

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида Ўзбекистон Республикасида банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган банкнинг кафолати қўлланилиши мумкин.

Банк кафолатида кўрсатилган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасидан кам бўлмаслиги керак.

Тўловчи томонидан банк кафолати билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда, тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар қонунчиликка мувофиқ сўзсиз тартибда кафолат берган банкдан божхона органи томонидан ундириб олинади.


345-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

сифатида суғурта мажбуриятини қўллаш

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида тўловчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш шартномасига кўра суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полиси қўлланилиши мумкин.

Суғурта полиси билан тасдиқланадиган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасидан кам бўлмаслиги керак.

Суғурта полиси билан таъминланган мажбурият тўловчи томонидан бажарилмаган тақдирда божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар суғурта полисини берган суғурталовчидан божхона органи томонидан сўзсиз тартибда қонунчиликка мувофиқ ундириб олинади.


346-модда. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш

сифатида кафилликнинг қўлланилиши

Кафилнинг божхона тўловлари тўланиши учун масъул бўлган шахс ўрнига божхона тўловлари ва фоизларнинг тўланишини таъминлаш нияти тўғрисидаги ёзма мажбурияти божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида қўлланилиши мумкин.

Кафил сифатида ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс иш юритиши мумкин.

Кафил ушбу Кодекснинг 340-моддасига мувофиқ божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига таъминлаш суммаларини киритиш орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлашни амалга оширади.

Кафиллик билан таъминланадиган мажбурият бажарилмаганлиги учун кафил ва тўловчи божхона органи олдида солидар жавобгар бўлади.



48-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ

ТЎЛАШ БЎЙИЧА ҚАРЗДОРЛИК


347-модда. Божхона тўловларини тўлаш

бўйича қарздорликнинг юзага келиши

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик ушбу Кодекснинг 327-моддасида белгиланган муддатларда тўланмаган божхона тўловлари суммасидан, шунингдек уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун тўланиши лозим бўлган фоизлардан иборат.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик қуйидаги ҳолларда юзага келади:

божхона тўловлари уларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаганидан кейин тўланмаганда. Кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаган куннинг эртасидан қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланади;

товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона назоратини ўтказиш натижасида божхона тўловлари қўшиб ҳисобланганда. Агар тўловчининг божхона тўловлари қўшиб ҳисобланишига эътирозлари бўлмаса, божхона тўловлари бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома тақдим этилган кун, тўловчи эътироз билдирган тақдирда эса, суднинг божхона тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирган сана қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланади;

тўловчининг ташаббуси билан божхона тўловлари қўшиб ҳисобланганда. Товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилган кун қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланади;

ушбу Кодекс 327-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган муддатларда божхона тўловлари тўланмаганда. Божхона тўловларини тўлаш муддати тугаган кундан кейинги кун қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланади.



348-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома божхона органи томонидан тўловчига мазкур қарздорликни мажбурий тартибда ундириш чоралари кўрилгунига қадар ёзма равишда қўйилади.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

талабнома қўйилиши асослари;

божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг талабнома қўйилган пайтдаги суммаси;

талабномани бажариш учун белгиланган муддат;

тўловчи томонидан талабнома бажарилмаган тақдирда, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни суд тартибида ундириш тўғрисидаги огоҳлантириш.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома бундай қарздорлик юзага келганлиги факти аниқланган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай, тўловчи томонидан ушбу талабнома олинганлиги фактини ва олиш санасини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулда тўловчига юборилиши керак.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати талабнома тўловчига топширилган ёки у тўловчи томонидан олинган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш кунини ташкил этади.

Тўловчи томонидан божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзи ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган муддат ичида тўланмаган тақдирда, божхона органи ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратиладиган миқдордаги божхона тўловлари бўйича қарзнинг суммасини кўрсатган ҳолда гаров реестрига ёзув киритади. Ёзув божхона тўловлари бўйича қарз тўлиқ қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин гаров реестридан ўчирилади.

Божхона тўловлари уларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаганидан кейин тўланмаган тақдирда божхона органлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг сўзсиз тартибда ундирилишини божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисида тўловчига талабнома юбормаган ҳолда амалга оширади.



349-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

қарздорлик ўз вақтида тўланмаганлиги учун пеня

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик ўз вақтида тўланмаганлиги учун тўловчи томонидан пеня тўланади. Пеня, божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик суммасини истисно этганда, уни ундириш бўйича мажбурий чоралар, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун бошқа жавобгарлик чоралари қўлланилишидан қатъи назар, тўланади.

Тўловчининг пеняни тўлаш бўйича мажбурияти божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик юзага келган кундан эътиборан пайдо бўлади ҳамда божхона тўловлари ва пеняни тўлаш бўйича қарздорлик амалда тўланган кунда тугатилади.

Пеня уни тўлаш бўйича мажбурият бажарилмаган ҳар бир календарь кун учун божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик суммасининг 0,033 фоизи миқдорида ҳисобланади.

Пенянинг умумий суммаси божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг миқдоридан ошмаслиги керак.

Пеняни тўлаш, ундириш ва қайтариш ушбу Кодекснинг 46, 48 ва 49-бобларида божхона тўловларини тўлаш ва қайтариш ҳамда божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундиришга нисбатан назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



350-модда. Божхона тўловларини тўлаш

бўйича қарздорликни ундириш

Тўловчи томонидан эътироз мавжуд бўлган, қўшиб ҳисобланган божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади.

Жисмоний шахслардан божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш суд тартибида амалга оширилади, бундан якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно.

Тўловчи божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлашни божхона органига ёзма ёки электрон шаклда хабар юбориб, қуйидаги ҳолларда олти ой давомида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли:

божхона тўловлари қўшиб ҳисобланганда, агар тўловчи божхона органининг қарорига рози бўлса - божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан;

тўловчининг ташаббуси билан божхона тўловлари қўшиб ҳисобланганда - товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шакли расмийлаштирилган кундан эътиборан.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, божхона тўловлари тўланмаган товарларга нисбатан ундирувни қаратиш божхона тўловларини тўлаш тўғрисидаги талабномани юбормасдан ёки бундай юборишга қадар амалга оширилиши мумкин.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни, шунингдек пеняни тўлаш тўловчи томонидан божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган дастлабки пул маблағлари ёхуд ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.



351-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

қарздорликни тўловчининг банк ҳисобварақларида

турган пул маблағлари ҳисобидан ундириш

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг банк ҳисобварақларида турган пул маблағлари ҳисобидан ундириш божхона органи томонидан банкка пул маблағларининг сўзсиз тартибда ундирилиши тўғрисидаги инкассо топшириқномасини юбориш орқали амалга оширилади.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг суммасини ўтказиш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси қуйидагилар тўланмаган тақдирда божхона органи томонидан беш иш кунидан кечиктирмай қўйилади:

божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугагач, божхона тўловлари тўланмаганда;

ушбу Кодекс 350-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган муддатларда тўловчида эътироз мавжуд бўлмаган қўшиб ҳисобланган божхона тўловлари тўланмаганда;

товарларнинг божхона назорати остида бўлишига доир талаблар бузилган ҳолда йўқотилган ёхуд фойдаланилган ёки бериб юборилган товарлар бўйича ҳисобланган божхона тўловлари тўланмаганда;

ушбу Кодекснинг 66-моддасида назарда тутилган муддатларда даврий божхона тўловлари тўланмаганда.

Тўловчининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатаётган банк божхона органининг божхона тўловларини ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини қонунчиликда белгиланган навбат тартибида бажаради.


352-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

қарздорликни тўловчининг мол-мулкини реализация

қилишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан ундириш

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг мол-мулкини реализация қилишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан ундириш унинг ҳисобварақларида божхона органининг инкассо топшириқномаси қўйилган пайтдан эътиборан олти ойдан кўпроқ муддатда пул маблағлари бўлмаган тақдирда қўлланилади.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш ҳисобига ундирувни мол-мулкка қаратиш божхона органининг даъво аризасига асосан суд тартибида амалга оширилади, бундан ундирувни божхона органига гаров нарсаси сифатида берилган мол-мулкка қаратиш божхона органи ва гаровга қўювчи ўртасидаги шартнома шартларига қараб амалга ошириладиган ҳоллар мустасно.



352-1-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича

қарздорликни умидсиз деб эътироф этиш

Мажбуриятнинг суд қарорига кўра тугатилганлиги оқибатида ёхуд қарздор тўловга қобилиятсиз бўлганлиги, тугатилганлиги ёки вафот этганлиги оқибатида тўланиши мумкин бўлмаган божхона тўловлари бўйича қарздорлик умидсиз қарз деб ҳисобланади.

Божхона органларининг қарорига кўра божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорлик қуйидаги ҳолларда умидсиз қарз деб эътироф этилади:

1) юридик шахс тугатилганда - унинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзининг ўз мол-мулки етарли эмаслиги ва (ёки) қарздорликни қонунчиликда белгиланган доирада ва тартибда ушбу юридик шахс муассислари (иштирокчилари) томонидан узиш мумкин бўлмаганлиги сабабли узилмай қолган қисми бўйича;

2) якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда - божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзнинг қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли узилмай қолган қисми бўйича;

3) жисмоний шахс вафот этганда ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганда ёхуд жисмоний шахс банкрот деб топилганда - унинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзининг ўз мол-мулки етарли эмаслиги сабабли, шу жумладан мерос давлат мулкига ўтган тақдирда узилмай қолган қисми бўйича;

4) чет эл юридик шахси солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда - унинг божхона тўловлари бўйича қарздорлигининг доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан қарздорликни қонунчиликда белгиланган доирада ва тартибда узиш мумкин бўлмаганлиги сабабли узилмай қолган қисми бўйича. Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган мазкур қарздорлик ушбу чет эл юридик шахси солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда тикланиши лозим.

Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ҳисобдан чиқариш тартиби ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланади.

49-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ

СУММАЛАРИНИ ҚАЙТАРИШ


353-модда. Ортиқча тўланган ёки ундирилган

божхона тўловларининг суммаларини қайтариш

Божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тўланиши лозим бўлган суммадан ошадиган миқдорда божхона тўловлари сифатида тўланган ёки ундирилган пул маблағларининг суммалари ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммалари ҳисобланади.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари шундай тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан уч йил ичида қайтарилиши ёки дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши лозим, бундан ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳоллар мустасно.

Энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўлланилган (тикланган) тақдирда, ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари ушбу тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан бир йил ичида, божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тақдим этиш шарти билан қайтарилиши ёхуд дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши керак.

Қайтарилиши реэкспорт ва реимпорт божхона режимларига мувофиқ амалга оширилиши керак бўлган ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммасини қайтариш ушбу Кодекснинг 35 ва 59-моддаларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши лозим.

Товарларни божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш санаси ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларининг тўланиш ёки ундирилиш пайтидир.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш тўғрисида ариза берилганда;

божхона тўловлари суммаларининг ортиқча тўланганлиги ёки ундирилганлиги факти аниқланганда.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаси, агар уни қайтариш тўғрисидаги ариза ушбу модданинг иккинчи - тўртинчи қисмларида белгиланган тегишли муддатлар тугаганидан кейин топширилган бўлса, божхона органлари томонидан қайтарилмайди.



354-модда. Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона

тўловларининг суммаларини қайтариш шартлари

Ортиқча тўланган ёки ундирилган, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилган божхона тўловларининг суммалари қуйидаги ҳолларда дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилади ёки божхона органлари томонидан тўловчига қайтариб берилади:

товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритилиши муносабати билан божхона тўловлари суммалари қайта ҳисобланганда;

агар божхона режими шартларида илгари тўланган божхона тўловлари суммаларини қайтариш назарда тутилган бўлса;

агар товарнинг божхона тўловларини тўлаш уларни ҳисоблаб чиқаришнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда амалга оширилган бўлса;

божхона тўловларининг ставкалари ўзгарган бўлса;

божхона ҳудудига олиб кирилган товарга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз тикланган бўлса;

агар божхона тўловлари тўланган товарлар божхона назорати остида йўқ қилиниши лозим бўлса;

эгаси божхона органи бўлган божхона омбори тугатилиши муносабати билан товарлар берилаётганда сақлаш учун тўланган божхона йиғимлари суммаларининг бир қисми қайтарилганда;

божхона тўловларини ҳисоблашда ортиқча тўловга олиб келган техник хатоликлар аниқланганда.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам қайтариб берилиши мумкин.


355-модда. Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона

тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисидаги ариза

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисидаги ариза шахсий ғазна ҳисобварағига ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари киритилган божхона органига топширилади. Тўловчи божхона органига ариза билан бирга ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш ҳуқуқини юзага келтирувчи ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.



356-модда. Божхона органининг ортиқча тўланган ёки

ундирилган божхона тўловларининг суммаларини

қайтариш тўғрисидаги қарори

Божхона органи ариза келиб тушган ва зарур ҳужжатлар тақдим этилган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш куни ичида тўловчининг ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисидаги аризасига кўра қарор қабул қилади.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисидаги аризада ва тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг божхона органи томонидан қўшимча текширувини амалга ошириш зарурати туғилганда, аризани кўриб чиқиш ўн иш кунидан ошмайдиган муддатга узайтирилади.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда божхона органи аризачини ёзма шаклда хабардор қилади. Ёзма хабардан кейин аризачи божхона органи билан бирга ўзаро ҳисоб-китобларни таққослаш далолатномасини тузади.

Божхона органи ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда аризачини қабул қилинган қарор ҳақида рад этишнинг асослантирилган сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади.



357-модда. Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона

тўловларининг суммаларини қайтариш тартиб-таомили

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш божхона қийматига ва (ёки) божхона расмийлаштирувида аввал ҳисобланган божхона тўловларига тузатишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш мазкур суммаларни қуйидаги тартибда ўтказиш йўли билан амалга оширилади:

тўловчининг аризада кўрсатилган ҳисобварағига;

ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига;

тўлов амалга оширилган валютада;

дастлабки пул маблағлари ҳисобига;

божхона органлари олдидаги бошқа мажбурият бўйича божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун.

Тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, божхона органи қарздорликни тўловчининг розилиги билан ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаси ҳисобидан тўланишини амалга оширади. Бунда ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаси тўловчига ушбу қарздорлик миқдоридаги божхона тўловларини, пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик чегириб ташланган ҳолда қайтарилади.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари қайтарилаётганда улар учун фоизлар тўланмайди ва қайтарилаётган тўлов суммаси индексацияланмайди.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш божхона тўловлари тури бўйича божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағидан, товарлари божхона жиҳатидан расмийлаштирилган бошқа тўловчиларнинг маблағларидан ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилиши лозим бўлган маблағлардан амалга оширилади.



50-БОБ. ТОВАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН

МАМЛАКАТНИ АНИҚЛАШ


358-модда. Товар ишлаб чиқарилган мамлакат

Товар тўлиқ ишлаб чиқарилган ёки ушбу бобда белгиланган талабларга мувофиқ етарли даражада қайта ишланган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади. Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ва (ёки), товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин.



359-модда. Муайян мамлакатда тўлиқ

ишлаб чиқарилган товарлар

Қуйидаги товарлар муайян мамлакатда тўлиқ ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади:

1) унинг ҳудудидан, ҳудудий сувларидан, қитъа шельфидан ёки денгиз тубидан қазиб олинган фойдали қазилмалар, агар мамлакат ушбу ер қаъри бойликларини қидириш ва қазиб олиш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлса;

2) мамлакат ҳудудида етиштирилган ёки йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;

3) мамлакатда туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;

4) мамлакатда етиштирилган ўсимлик маҳсулотларидан ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;

5) мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;

6) мамлакат кемаларида ёки ижарага олган (фрахт қилган) кемаларида жаҳон океанида овланган ва (ёки) тайёрланган денгиз ови маҳсулоти;

7) мамлакатда амалга ошириладиган ишлаб чиқариш ёки бошқа операцияларнинг маҳсули бўлган иккиламчи хом ашё ва чиқиндилар;

8) мамлакатга тегишли бўлган ёки у ижарага олган космик кемаларда очиқ коинотдан олинган юқори технологиялар маҳсулоти;

9) мамлакатда ушбу моддада кўрсатилган маҳсулотдангина ишлаб чиқарилган товарлар.



360-модда. Товарни етарли даражада қайта ишлаш мезонлари

Агар товарни ишлаб чиқаришда икки ёки ундан ортиқ мамлакат иштирок этаётган бўлса, товарнинг ишлаб чиқарилган жойи етарли даражада қайта ишлаш мезонларига мувофиқ аниқланади.

Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш учун товарни етарли даражада қайта ишлашнинг қуйидаги мезонларидан бири қўлланилади:

товарни муайян мамлакатда қайта ишлаш ёки тайёрлаш бўйича операцияларни амалга ошириш натижасида унинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасидаги ўрни дастлабки тўртта белгисининг исталган бири даражасида ўзгариши;

адвалор улуш қоидаси - фойдаланилган материалларнинг ва (ёки) қўшилган қийматнинг фоизли улуши якуний маҳсулотнинг нархида қайд этилган белгиланган улушига етганда товар қийматининг ўзгариши.

Қуйидагилар товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонларига жавоб бермайди:

сақлаш ёки ташиш вақтида товарларнинг бут сақланишини таъминлаш бўйича операциялар;

товарларни сотишга ва ташишга тайёрлаш операциялари (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил этиш, саралаш, қайтадан ўраш ва бошқалар);

оддий йиғув операциялари;

товарларни (таркибий қисмларни) аралаштириб ҳосил қилинган маҳсулотга унга дастлабки таркибидан жиддий фарқлантирадиган хусусиятларни бермаслик;

ушбу қисмнинг иккинчи - бешинчи хатбошиларида кўрсатилган операцияларнинг иккитасини ёки ундан ортиғини бир вақтда амалга ошириш;

чорва молларини сўйиш.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонларининг қўлланилиш хусусиятлари қонунчиликда белгиланади.


361-модда. Товарларни туркумлаб етказишда улар

ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш

Ишлаб чиқариш ёки транспорт шароитларига кўра товарларни битта туркум қилиб жўнатишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли улар бўлиб-бўлиб ёки йиғилмаган ҳолда бир неча туркумда етказиб берилса, шунингдек бир туркум товар нотўғри тақсимланиши натижасида бир неча туркумга бўлинган бўлса, товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашда бундай товарлар декларантнинг хоҳишига кўра ягона товар деб қаралиши керак. Ушбу қоиданинг қўлланилиш шарти қуйидагилардан иборат:

бўлакларга бўлинган ёки йиғилмаган товарнинг бир неча туркумга тақсимланганлигини бундай тақсимлаш сабабларини, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича товарларнинг кодларини, ҳар бир туркумга кирадиган товарлар қиймати ва товар ишлаб чиқарилган мамлакатни кўрсатган ҳолда ҳар бир туркумнинг батафсил таснифини божхона органига олдиндан ёзма равишда маълум қилиш;

товар бир неча туркумга нотўғри тақсимланганлигининг ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги;

барча туркумдаги товарларнинг битта мамлакатдан битта етказиб берувчи орқали етказиб берилганлиги;

товарларнинг барча туркумлари битта божхона органи орқали олиб кирилганлиги;

барча туркумдаги товарларнинг контрактда (шартномада, битимда) кўрсатилган муддат ичида етказиб берилганлиги.



362-модда. Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни

аниқлашдаги ўзига хос хусусиятлар

Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашда уларни ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш учун фойдаланиладиган энергия, машиналар, ускуналар ва асбобларнинг қаерда ишлаб чиқарилганлиги ҳисобга олинмайди.

Машиналар, ускуналар, аппаратларда ёки транспорт воситаларида фойдаланиш учун мўлжалланган буюмлар, эҳтиёт қисмлар ҳамда асбоблар, башарти ушбу буюмлар, эҳтиёт қисмлар ҳамда асбоблар кузатув ҳужжати сифатида илова қилинган техник паспортда, техник формулярда ва бошқа техник ҳужжатларда кўрсатилган тўпламга ҳамда миқдорга мувофиқ ҳолда ўша машиналар, ускуналар, аппаратлар ёки транспорт воситалари билан бир тўпламда олиб кирилса ва сотилса, мазкур машиналар, ускуналар, аппаратлар ёки транспорт воситалари ишлаб чиқарилган мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади.

Божхона ҳудудига учинчи мамлакатлардан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудларидан олиб кириладиган товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари қонунчиликда белгиланади.

Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг ўрови товарнинг ўзи каби ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади, бундан ўрови товардан алоҳида декларацияланиши лозим бўлган ҳоллар мустасно. Бундай ҳолларда ўров ишлаб чиқарилган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакатдан алоҳида аниқланади.



363-модда. Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат

Товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат билан тасдиқланади.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайдиган, экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилган, шу жумладан электрон шаклда берилган ҳужжатдир.

Товарларни божхона ҳудудидан олиб чиқишда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат, агар мазкур сертификат контракт (шартнома, битим) шартларига, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларига кўра зарур бўлса ёки кўрсатилган сертификатнинг мавжудлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса, шунингдек экспорт қилувчининг талабига кўра зарур бўлса, қонунчиликка мувофиқ сертификат беришга ваколатли бўлган орган томонидан берилади.


364-модда. Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги

сертификатни тақдим этиш

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан бир вақтда тақдим этилади. Сертификат йўқолган тақдирда уни берган орган томонидан расмий равишда тасдиқланган дубликати қабул қилинади.

Товарни божхона ҳудудига олиб киришда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат қуйидаги ҳолларда мажбурий тартибда тақдим этилади:

Ўзбекистон Республикаси тариф преференциялари берадиган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;

муайян мамлакатдан олиб кирилиши миқдорий чекловлар (квоталар) ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа чоралари орқали бошқариб туриладиган товарларга;

божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёхуд товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида нотўғри маълумотлар декларация қилинаётганлигига божхона органида асослар мавжуд бўлганда;

агар бу талаб Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилса, божхона органи қўшимча ёки аниқлик киритадиган маълумот беришни сўраб ушбу сертификатни берган органларга ёки сертификатда товар ишлаб чиқарилган мамлакат сифатида кўрсатилган мамлакатнинг ваколатли ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланган ҳолларда, лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки сўралган маълумотлар тақдим этилмагунига қадар товар муайян мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланмайди.

Божхона органларида товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат бланклари намуналари, товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тасдиқлаш ва беришга ваколатли бўлган органлар муҳрларининг излари ва шахсларнинг имзолари мавжудлиги Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси томонидан эркин савдо режими ўрнатилган давлатларда ишлаб чиқарилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни божхона органлари томонидан қабул қилиш шартидир.



365-модда. Товарни божхона ҳудудига олиб киришни

унинг келиб чиқиши асосида рад этиш

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ товарлари божхона ҳудудига олиб кирилиши мумкин бўлмаган мамлакатда ишлаб чиқарилганлигига асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона органи товарни божхона ҳудудига олиб киришни рад этиши мумкин.



366-модда. Товарни келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат

мавжуд бўлмаган тақдирда чиқариб юбориш

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг тақдим этилмаганлиги товарни чиқариб юборишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда товарга нисбатан божхона божининг икки баравар оширилган ставкаси қўлланилади, бундан ушбу Кодекснинг 365-моддасида назарда тутилган ҳол мустасно.

Товарлар божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан бир йилдан кечиктирмай божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган келиб чиқиш тўғрисидаги сертификат тақдим этилган тақдирда товарларга энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўлланилиши ёки қайта тикланиши мумкин. Бундай ҳолда божхона тўловларининг тўланган суммаларини қайтариш ушбу Кодекснинг 49-бобига мувофиқ амалга оширилади.



51-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИНИНГ

ТОВАР НОМЕНКЛАТУРАСИ


367-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий

фаолияти товар номенклатурасининг асосий қоидалари

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси товарларнинг тизимлаштирилган рўйхати бўлиб, ундан ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш мақсадида фойдаланилади ва у товарнинг рақамли кодли белгиланишини, унинг номини, ўлчов бирликларини ҳамда изоҳларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси белгиланган тартибда жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси ташқи савдони ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа турларини тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо божхона статистикасини юритиш учун қўлланилади.



368-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий

фаолиятининг товар номенклатурасини юритиш

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасини юритиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасининг андаза нусхасини ҳамда унга доир шарҳларни ишлаб чиқиш ва сақлаб туриш;

2) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасининг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасига доир шарҳларнинг ва уни талқин этиш бўйича таснифий ечимларнинг нашр этилишини таъминлаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасининг халқаро асосига доир ўзгартиш ва қўшимчаларни, мазкур асосни талқин этишга доир халқаро тушунтиришларни ҳамда қарорларни кузатиб бориш;

4) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига ўзгартиш ва қўшимчаларни ишлаб чиқиш, киритиш, шу жумладан бу ўзгартиш ва қўшимчаларни мазкур номенклатуранинг халқаро асосига мувофиқ ишлаб чиқиш, киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш;

5) товарларнинг кодларини кичик субпозициялар даражасида аниқлаштириш;

6) айрим товарларни таснифлаш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган қарорларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва эълон қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасини юритиш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда амалга оширилади.


369-модда. Товарларни таснифлаш

Товарларни таснифлаш:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасини талқин этишнинг асосий қоидаларига;

таснифлашнинг ҳар қандай даражасидаги кичик субпозицияларга доир изоҳларга мувофиқ амалга оширилади.

Товарларни таснифлашда Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига доир тушунтиришлар товар кодини унинг хусусиятлари бўйича аниқлаштириш имконини берадиган қўшимча материал сифатида қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасининг бир хил талқин этилишини таъминлаш мақсадида божхона органи айрим турдаги товарларни таснифлаш бўйича қарорни чоп этади.

Божхона расмийлаштирувида товарлар нотўғри таснифланганлиги аниқланган тақдирда божхона органи товарларни таснифлашни мустақил амалга оширади ва уларнинг таснифи бўйича қарор қабул қилади.

Божхона органларининг товарларни божхона мақсадларида таснифлаш бўйича қарорлари мажбурийдир.

Божхона органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



52-БОБ. ДАСТЛАБКИ ҚАРОРЛАР


370-модда. Товарларни таснифлаш бўйича

дастлабки қарорни қабул қилиш

Божхона органлари товарларнинг таснифланишига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ дастлабки қарор қабул қилиши мумкин.

Дастлабки қарор божхона органлари учун мажбурийдир.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорнинг шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.



371-модда. Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки

қарор қабул қилиш тўғрисида сўров

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисидаги сўровда (бундан буён матнда сўров деб юритилади) товарларнинг тўлиқ тижорат номи, фирма номи, асосий техник, тижорат тавсифлари ва товарни бир маънода таснифлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда, маҳсулотнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, паспортлари ҳамда ушбу дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилади.

Юридик шахсдан келиб тушадиган сўров ташкилот раҳбари томонидан фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда имзоланган ҳамда ташкилот жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Жисмоний шахсдан келиб тушадиган сўров ушбу шахс томонидан имзоланган ва унинг яшаш манзили ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Сўров божхона органига келиб тушган кундан эътиборан йигирма кун ичида кўриб чиқилади.

Аризачи томонидан маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш учун тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган тақдирда, божхона органи дастлабки қарорни қабул қилиш тўғрисида божхона органига ариза берилган кундан эътиборан йигирма календарь кун ичида қўшимча маълумотларни, ҳужжатларни ва материалларни бериш зарурлиги тўғрисида аризачини хабардор қилади. Бунда айнан қандай қўшимча маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилиши шарт.

Қўшимча маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар аризачи хабардор қилинган кундан эътиборан олтмиш календарь кун ичида тақдим этилиши лозим. Агар маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар белгиланган муддатда тақдим этилмаган бўлса, товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқмасдан қолдирилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича товарнинг кодини аниқлаш борасида низоли вазиятлар юзага келган ҳолларда ва уларни ҳал этиш қийин бўлганда, божхона органи товарларнинг намуналарини ёки нусхаларини ҳамда тегишли ҳужжатларни Умумжаҳон божхона ташкилотига тегишли текширишлар ёки синовлар ўтказиш учун юбориши мумкин. Бунда товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор божхона органи томонидан ўз сўровига жавоб олинганидан кейин қабул қилинади.

Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида аризачини товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиши керак.

Сўровнинг рад этилиши уни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда аризачининг дастлабки қарорни қабул қилиш тўғрисида қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.



372-модда. Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки

қарорнинг амал қилиш муддати

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор, агар у ўзгартирилган, қайтариб олинган ёки бекор қилинган бўлмаса, қабул қилинган кунидан эътиборан бир йил ичида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, дастлабки қарор ўз кучини йўқотади, бу манфаатдор шахснинг янги дастлабки қарор бериш тўғрисидаги сўров билан мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.



373-модда. Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни

ўзгартириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш

Божхона органлари товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни ўзгартириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни ўзгартириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси ўзгартирилганда;

дастлабки қарорни қабул қилишда йўл қўйилган камчиликлар ва хатолар аниқланганда.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорнинг ўзгариши шу қарорда кўрсатилган муддатда кучга киради.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорнинг шартларига амал қилинмаган тақдирда у қайтариб олинади.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни қайтариб олиш тўғрисидаги қарор товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорнинг ўзгариши эълон қилинганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмай қабул қилиниши керак ва бир вақтда кучга киради.

Агар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор аризачи томонидан тақдим этилган тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар асосида қабул қилинган бўлса, бундай қарор бекор қилинади.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор дастлабки қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни ўзгартириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор дастлабки қарор берилган шахсга қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда юборилади.



374-модда. Дастлабки қарорларнинг ошкоралиги.

Товарларни таснифлаш бўйича берилган дастлабки

қарорларнинг реестрини юритиш

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорлар очиқ ахборот бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ёзма сўровларига кўра ҳеч бир чекловларсиз тақдим этилиши керак, бундан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган ахборот мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Товарларни таснифлаш бўйича берилган дастлабки қарорларнинг реестрини юритади ва унинг даврий равишда эълон қилинишини таъминлайди.



IX БЎЛИМ. БОЖХОНА СТАТИСТИКАСИ.

БОЖХОНА ИШИДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ. ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК

ОБЪЕКТЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ


53-БОБ. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

БОЖХОНА СТАТИСТИКАСИНИ ЮРИТИШ


375-модда. Божхона статистикаси

Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган услубиёт ва тартибга мувофиқ божхона статистикасини юритади ва шакллантиради.

Божхона статистикаси маълумотларидан божхона органлари томонидан божхона мақсадлари ва божхона органларининг зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни бажариш учун фойдаланилади.

Божхона статистикасини юритиш учун шахслар томонидан ушбу Кодексга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда маълумотлардан, шунингдек божхона органлари ихтиёридаги ҳужжатлар ва маълумотлардан фойдаланилади.

Божхона органлари давлат, тижорат, банк сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган божхона статистикаси маълумотларини ошкор этмаслиги шарт, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Божхона статистикаси ташқи савдо божхона статистикаси ва махсус божхона статистикасига бўлинади.



376-модда. Ташқи савдо божхона статистикаси

Ташқи савдо божхона статистикаси Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо товар айланмаси бўйича унинг миқдори ва қиймати ифодаланган, тизимлаштирилган маълумотлар йиғиндисидан иборатдир.

Ташқи савдо божхона статистикасининг асосий вазифалари давлат органларини Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо товар айланмасининг ҳолати тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига божхона тўловларининг тушишини назорат қилиш, валюта назоратини ва Ўзбекистон Республикаси божхона органлари зиммасига юклатилган бошқа вазифалар амалга оширилишини таъминлашдан иборат.



377-модда. Махсус божхона статистикаси

Махсус божхона статистикаси божхона органлари фаолиятининг турли йўналишлари бўйича тизимлаштирилган, ташқи савдо божхона статистикасини юритиш билан боғлиқ бўлмаган маълумотлар йиғиндисидан иборатдир.

Махсус божхона статистикаси божхона органларининг фаолиятини ўрганиш, бошқарувини ташкил этиш ва ушбу фаолиятни такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилаш учун юритилади.



54-БОБ. БОЖХОНА ИШИДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ


378-модда. Божхона ишида ахборот-коммуникация

технологияларидан фойдаланиш

Божхона иши, қоида тариқасида, ахборот-коммуникация технологиялари асосида амалга оширилади.

Юридик ёки жисмоний шахслар, шу жумладан чет эллик шахслар божхона ишида бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилувчи божхона органларининг ахборот тизимларидан фойдаланиши мумкин.

Божхона ишида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



379-модда. Божхона ишида фойдаланиладиган

ахборот ресурслари

Божхона ишида фойдаланиладиган ахборот ресурслари божхона органларининг ахборот тизимларида яратиладиган, ишлов бериладиган ва тўплаб бориладиган маълумотлар базасини ўз ичига олган ҳужжатлаштирилган ахборотнинг ташкил этилган мажмуидир.

Божхона органларининг ихтиёрида бўлган ахборот ресурслари очиқдир ва улардан ҳамма эркин фойдаланиши мумкин, бундан улардаги ахборотдан фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ чекланган ҳоллар мустасно.


55-БОБ. АХБОРОТ ВА МАСЛАҲАТ БЕРИШ


380-модда. Божхона тўғрисидаги қонунчилик

тўғрисида ахборот бериш

Божхона органлари умумжаҳон Интернет тармоғидаги ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилган божхона тўғрисидаги қонунчиликка доир ахборотдан шахсларнинг монеликсиз фойдаланишини таъминлайди.

Божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳақида ахборот бериш бошқа усул орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.


381-модда. Божхона органларининг ваколатларига

кирувчи масалалар бўйича маслаҳат бериш

Божхона органларининг мансабдор шахслари манфаатдор шахсларга божхона иши масалалари ва божхона органларининг ваколатларига кирадиган бошқа масалалар юзасидан маслаҳат беради.

Божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан маслаҳат бериш божхона органлари жойлашган ерда ва уларнинг иш вақтида амалга оширилади.

Божхона органлари томонидан маслаҳат бериш оғзаки, электрон ёхуд ёзма шаклда бепул амалга оширилади.

Маслаҳат беришда манфаатдор шахсларга тақдим этилган ахборот товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона операциялари амалга оширилаётганда божхона органлари томонидан қарор қабул қилиш ёки ҳаракатни бажариш учун асос бўлмайди.



56-БОБ. ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ОБЪЕКТЛАРИГА

БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


382-модда. Интеллектуал мулк объектларига

бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасида божхона

органлари томонидан кўриладиган чоралар

Божхона органлари ўз ваколатлари доирасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чораларини кўради.

Божхона ҳудудига олиб кириладиган ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиладиган, шунингдек божхона назорати остида турган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун божхона органлари:

интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриши;

интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиши мумкин.



383-модда. Божхона органлари томонидан интеллектуал

мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш

бўйича чоралар кўрилмайдиган товарлар

Божхона органлари:

1) жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлар учун, шу жумладан уларнинг манзилига халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган;

2) божхона транзити божхона режимига мувофиқ;

3) дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, хорижий давлатларнинг бошқа расмий ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар, ушбу ваколатхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимлари томонидан расмий ва шахсий фойдаланиш учун;

4) инсонпарварлик ёрдами ва техник кўмак сифатида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга нисбатан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрмайди.



384-модда. Интеллектуал мулк объектига

бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгаси

Интеллектуал мулк объектига бўлган мутлақ ҳуқуқларга эга шахс ёки унинг ваколатли вакили интеллектуал мулк объектига бўлган мутлақ ҳуқуқ эгаси (ҳуқуқ эгаси) бўлади.



385-модда. Интеллектуал мулк объектларининг

божхона реестрига киритиш учун ариза

Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисидаги ариза ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига берилади.

Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисидаги аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили тўғрисидаги, унинг номини, реквизитларини, шунингдек, агар мавжуд бўлса, электрон почта манзилини кўрсатган ҳолда;

ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат этаётган интеллектуал мулк объектининг тавсифи;

ваколатли орган томонидан берилган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг амал қилиш муддати ҳақидаги;

интеллектуал мулк объектини ишлаб чиқарувчи, шунингдек ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги;

интеллектуал мулк объекти Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига қайси муддатга киритилаётган бўлса, ўша муддат ҳақидаги, лекин бу муддат интеллектуал мулк объекти ушбу реестрга киритилган кундан эътиборан уч йилдан кўп бўлмаслиги керак;

ҳимоя қилиниши учун ариза берилаётган интеллектуал мулк объектлари мавжуд бўлган товарларнинг тавсифи (фотосуратлар, расмлар, чизмалар, маҳсулотларнинг паспортлари ва бошқа маълумотлар).

Агар Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисидаги ариза вакил томонидан берилса, ушбу аризага вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилинади.

Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисидаги аризага интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг мавжудлиги ва мансублигини тасдиқловчи мавжуд ҳужжатларнинг (патентнинг, гувоҳноманинг, лицензия шартномасининг ёки бошқа ҳужжатларнинг) ҳуқуқ эгаси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинади.

Ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилганидан кейин интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиб божхона органларига божхона назорати остида турган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўрилиши учун мурожаат қилиши мумкин.



386-модда. Интеллектуал мулк объектларининг божхона

реестрига киритиш учун аризани кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш учун аризани у келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқади ва мазкур реестрга киритиш тўғрисида ёки киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ваколатли органлардан тақдим этилган маълумотларни тасдиқловчи қўшимча ахборот ва ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқ эгасига ёки унинг ваколатли вакилига Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилганлиги тўғрисида ёки киритиш рад этилганлиги ҳақида, рад этилиши сабабларини асослантирган ҳолда хабар юборади.



387-модда. Интеллектуал мулк объектларининг

божхона реестрини юритиш

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилинган интеллектуал мулк объектлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрини юритади ва кейинчалик уни доимий равишда янгилаб борган ҳолда ўз расмий веб-сайтида вақти-вақти билан эълон қилади.

Интеллектуал мулк объектлари қуйидаги ҳолларда Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестридан чиқарилиши керак:

ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг реестрдан чиқарилиш тўғрисидаги мурожаатига кўра;

ушбу Кодекснинг 385-моддасида кўрсатилган ҳужжатлардаги нотўғри маълумотлар божхона органи томонидан аниқланганда;

интеллектуал мулк объектининг ҳуқуқий муҳофазаси белгиланган тартибда тугатилганда;

интеллектуал мулк объекти Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилган кундан эътиборан уч йил ўтгач;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Апелляция кенгашининг қарори асосида.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқ эгасини ёки унинг ваколатли вакилини интеллектуал мулк объектлари Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестридан чиқарилганлиги тўғрисида уч иш куни ичида ёзма шаклда хабардор қилади.

Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрини юритиш тартиби ва шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.



388-модда. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни

ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги ариза

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги ариза ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига берилади.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги аризада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ҳимоя қилиниши учун ариза берилаётган, интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларнинг тавсифи;

ҳуқуқ эгасининг фикрича, унинг интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларини бузаётган товарларнинг, божхона органлари бундай товарларни аниқлай олиши учун етарлича батафсил тавсифи, агар ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили шундай маълумотларга эга бўлса;

тахмин қилинаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш учун кўмаклашадиган ҳар қандай бошқа ахборот (ишлаб чиқарувчи, экспорт қилувчи, импорт қилувчи ёки юкни қабул қилувчи, товар туриши мумкин бўлган жой ва унинг божхона чегараси орқали олиб ўтилиш санаси, ташилиш хусусиятлари ва ўровининг кўриниши, товар турган жой ёки режалаштирилаётган етказилиш жойи тўғрисидаги маълумотлар).

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги аризага ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг товарни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш туфайли декларантга етказилиши мумкин бўлган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ёзма шаклдаги мажбурияти илова қилинади.



389-модда. Интеллектуал мулк объектларига бўлган

ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш

тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади ва товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисида ёки асослантирилган сабабларни кўрсатган ҳолда уни рад этиш ҳақида уч иш куни ичида қарор қабул қилади, бу ҳақда ҳуқуқ эгасини ёки унинг ваколатли вакилини хабардор қилади.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришни рад этиш тўғрисидаги қарор ушбу бобга мувофиқ ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан нотўғри маълумотлар тақдим қилинган, шунингдек ушбу Кодекснинг 388-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган тақдирда қабул қилинади.



390-модда. Интеллектуал мулк объектларига

бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган

товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ушбу Кодекснинг 385 ва 388-моддаларида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда божхона органлари томонидан амалга оширилади. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг суд органларига мурожаат қилиши ва суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажримини божхона органларига тақдим этиш мақсадида амалга оширилади.

Божхона органи декларантни ва ҳуқуқ эгасини ёки унинг ваколатли вакилини товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш сабаблари ва муддатлари тўғрисида зудлик билан хабардор қилади.

Ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш натижасида декларантга етказилган зарар учун, агар суд интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ бузилганлиги тўғрисида қарор чиқармаса, белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



391-модда. Интеллектуал мулк объектларини ўз

ичига олган товарларнинг намуналари

ва нусхаларини танлаб олиш

Ҳуқуқ эгаси, унинг ваколатли вакили ёки декларант интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган қайси товарларга нисбатан чиқариб юборилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ўша товарларнинг намуналари ва нусхаларини божхона назорати остида танлаб олиши, уларни текширишни амалга ошириши, шунингдек кўздан кечириши, фотосуратга олиши ёки шундай товарларни бошқача тарзда қайд этиши мумкин.



392-модда. Интеллектуал мулк объектларини ўз

ичига олган товарларни чиқариб юборишни

тўхтатиб туриш муддати

Ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг аризасига кўра, божхона органлари интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туришни уларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга амалга оширади.

Агар ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажримини божхона органларига тақдим этган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг сўровига кўра узайтирилиши, лекин кўпи билан ўн иш кунига узайтирилиши мумкин.

Суднинг товарларни олиб қўйиш, хатлаш ёхуд даъвони таъминлашнинг бошқа чораларини қўллаш тўғрисидаги ажрими (қарори) ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддатда ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан тақдим этилган тақдирда, товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш суднинг ажримига (қарорига) мувофиқ амалга оширилади.



393-модда. Интеллектуал мулк объектларини

ўз ичига олган товарларни чиқариб юборишни

тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш

Интеллектуал мулк объектларини ўз ичига олган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

амал қилиш муддати тугагач;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига ҳуқуқ эгасидан ёки унинг ваколатли вакилидан товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ҳақида ариза келиб тушганда;

интеллектуал мулк объекти ушбу Кодекс 387-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестридан чиқарилганда;

суднинг товарларни олиб қўйиш, хатлаш ёхуд даъвони таъминлашнинг бошқа чораларини қўллаш тўғрисидаги ажрими (қарори) ушбу Кодекс 392-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддатда ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан тақдим этилмаганда.

Товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор бекор қилинган тақдирда товарларни чиқариб юбориш ушбу Кодексга мувофиқ тикланади.



X БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАРНИНГ АЙРИМ

ТОИФАЛАРИ УЧУН БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ


57-БОБ. ЧЕТ ДАВЛАТЛАРНИНГ ВАКОЛАТХОНАЛАРИ ВА

УЛАРНИНГ ХОДИМЛАРИ УЧУН БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ


394-модда. Чет давлатларнинг дипломатик

ваколатхоналари учун божхона имтиёзлари

Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги дипломатик ваколатхоналари божхона чегарасидан олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя этган тақдирда ваколатхоналар ва муассасаларнинг расмий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни божхона тўловларидан озод этилган ҳолда божхона ҳудудига олиб киришлари ва ушбу ҳудуддан олиб чиқишлари мумкин, бундан сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.



395-модда. Чет давлат дипломатик ваколатхонасининг

дипломатик агенти учун божхона имтиёзлари

Дипломатик ваколатхонанинг дипломатик агентлари (дипломатик ваколатхонанинг бошлиги ва аъзолари), шунингдек улар билан бирга яшайдиган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган оила аъзолари ўзларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни, шу жумладан рўзғорни дастлаб таъминлаш учун керакли бўлган товарларни божхона чегарасидан божхона тўловларидан озод этилган ва олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя қилган ҳолда, божхона ҳудудига олиб киришлари ва ушбу ҳудуддан олиб чиқишлари мумкин, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг шахсий багажи унда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланмаган товарлар ёки божхона ҳудудига олиб кирилиши ёхуд бу ҳудуддан олиб чиқилиши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида тақиқланган ёхуд карантин қоидалари ва бошқа махсус қоидалар билан тартибга солинадиган товарлар бор деб тахмин қилиш учун етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона кўригидан озод этилмайди. Божхона кўриги дипломатик агент ёки унинг ваколатли вакили иштирокида ўтказилади.


396-модда. Чет давлат дипломатик ваколатхонасининг

маъмурий-техник ходимлари учун божхона имтиёзлари

Чет давлат дипломатик ваколатхонасининг маъмурий-техник ходимлари ва уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамаса, рўзғорни дастлаб таъминлаш учун керакли бўлган товарларни божхона тўловлари тўланишидан озод қилинган ҳолда божхона ҳудудига олиб кириши мумкин, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.



397-модда. Дипломатик агентларга бериладиган

божхона имтиёзларининг чет давлат дипломатик

ваколатхонасининг маъмурий-техник ва хизмат

кўрсатувчи ходимларига татбиқ этилиши

Чет давлат дипломатик ваколатхонасининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган оила аъзоларига ҳар бир чет давлат билан тузилган махсус келишув асосида ва шу давлат билан муносабатлардаги ўзаро ҳамжиҳатлик принципидан келиб чиққан ҳолда, ушбу Кодекснинг 395-моддасига мувофиқ дипломатик агентларга бериладиган божхона имтиёзлари татбиқ этилиши мумкин.



398-модда. Чет давлатларнинг консуллик муассасалари

ва уларнинг ходимлари учун божхона имтиёзлари

Чет давлатнинг консуллик муассасаларига ва консуллик муассасаларининг мансабдор шахсларига, шунингдек уларнинг оила аъзоларига чет давлатнинг дипломатик ваколатхоналари ҳамда дипломатик ваколатхоналарининг дипломатик агентлари учун ушбу бобда назарда тутилган божхона имтиёзлари берилади. Чет давлат консуллик муассасасининг бошқа ходимларига (консуллик хизматчиларига, хизмат кўрсатувчи ходимларга), шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган оила аъзоларига нисбатан ҳар бир чет давлат билан тузилган махсус келишув асосида ва шу давлат билан муносабатлардаги ўзаро ҳамжиҳатлик принципидан келиб чиққан ҳолда чет давлат дипломатик ваколатхонасининг тегишли ходимларига (маъмурий-техник ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларига) ушбу бобда бериладиган божхона имтиёзлари татбиқ этилиши мумкин.



399-модда. Чет давлатларнинг дипломатик почтасини ва консуллик

почта қопларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш

Дипломатик почтани ва консуллик почта қопларини ўз ичига олган жойлар ушбу жойларнинг хусусиятини кўрсатадиган кўзга ташланувчи ташқи белгиларга эга бўлиши керак.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган чет давлатларнинг дипломатик почта ва консуллик почта қоплари очилиши ҳам, ушлаб турилиши ҳам мумкин эмас. Консуллик почта қопида ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилмаган нарсалар бор деб гумон қилиш учун жиддий асослар мавжуд бўлган тақдирда, божхона органи божхона органининг мансабдор шахслари иштирокида тегишли чет давлатнинг ваколатли шахслари томонидан консуллик почта қопи очилишини талаб қилишга ҳақли. Почта қопини очишдан бош тортилган тақдирда консуллик почта қопи жўнатилган жойига қайтариб юборилади.

Дипломатик почтада фақат дипломатик ҳужжатлар ва расмий фойдаланиш учун мўлжалланган товарлар, консуллик почта қопида эса, фақат расмий хат-хабарлар ва фақат расмий фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар ёки товарлар бўлиши керак.



58-БОБ. ЧЕТ ЭЛЛИК БОШҚА ШАХСЛАР

УЧУН БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ


400-модда. Чет давлатларнинг дипломатик ва консуллик

курьерлари учун божхона имтиёзлари

Чет давлатларнинг дипломатик ва консуллик курьерлари ўз шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни ўзаро келишув асосида божхона кўригидан ўтказишдан ва божхона тўловлари тўланишидан озод этилган ҳолда божхона ҳудудига олиб кириши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиши мумкин, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда товарларнинг божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.



401-модда. Чет давлатларнинг вакиллари ва делегациялари

аъзолари учун божхона имтиёзлари

Давлатлараро музокараларда, халқаро конференциялар ва кенгашларда қатнашиш учун ёки бошқа расмий топшириқлар билан Ўзбекистон Республикасига келаётган чет давлат вакилларига, парламент ва ҳукумат делегациялари аъзоларига, шунингдек ўзаро келишув асосида чет давлат делегацияларининг аъзоларига чет давлат дипломатик ваколатхонасининг дипломатик агентлари учун ушбу бўлимда назарда тутилган божхона имтиёзлари берилади. Худди шундай имтиёзлар мазкур шахсларга ҳамроҳ бўлиб келган оила аъзоларига ҳам берилади.



402-модда. Божхона ҳудуди орқали транзит тарзида ўтадиган

дипломатик агентлар, консуллик мансабдор шахслари,

чет давлатларнинг вакиллари ва делегация аъзолари

учун божхона имтиёзлари

Чет давлатнинг дипломатик агентларига ва консуллик мансабдор шахсларига, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу Кодекснинг 401-моддасида кўрсатилган шахсларга божхона ҳудудидан транзит тарзида ўтаётганда чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг дипломатик агентлари учун назарда тутилган божхона имтиёзлари берилади.



403-модда. Халқаро ҳукуматлараро ва ҳукуматга қарашли

бўлмаган ташкилотлар, улар ҳузуридаги чет давлатлар

ваколатхоналари, шунингдек уларнинг ходимлари

учун божхона имтиёзлари

Халқаро ҳукуматлараро ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, улар ҳузуридаги чет давлатлар ваколатхоналари, шунингдек ушбу ташкилотлар ҳамда ваколатхоналарнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун божхона имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.



59-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЧЕТ

ДАВЛАТЛАРДАГИ ДИПЛОМАТИК ВАКОЛАТХОНАЛАРИ

ВА КОНСУЛЛИК МУАССАСАЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИНГ

ХОДИМЛАРИ УЧУН БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ


404-модда. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги

дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари

учун божхона имтиёзлари

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бундай ваколатхоналар ва муассасалар томонидан расмий фойдаланиш учун мўлжалланган товарларни (автотранспорт воситалари бундан мустасно) божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя қилган, божхона тўловлари тўланишидан озод этилган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб киради ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқади, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.



405-модда. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги

дипломатик ваколатхонасининг дипломатик агентлари

ва консуллик муассасаларининг консуллик мансабдор

шахслари учун божхона имтиёзлари

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхонасининг дипломатик агентлари ва консуллик муассасаларининг консуллик мансабдор шахслари (дипломатик ваколатхонанинг бошлиғи ва аъзолари), шунингдек улар билан бирга яшайдиган оила аъзолари ўз шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни, шу жумладан рўзғорни дастлабки таъминлаш учун керакли бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя қилган, божхона тўловлари тўланишидан озод этилган ҳолда олиб чиқади ва хизмат сафари якунланганидан кейин шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган товарларни (автотранспорт воситалари бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасига олиб киради, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг шахсий багажи унда шахсий фойдаланиш учун мўлжалланмаган товарлар ёки олиб кирилиши ва олиб чиқилиши қонунчиликда тақиқланган ёхуд карантин қоидалари ва бошқа махсус қоидалар билан тартибга солинадиган товарлар бор деб тахмин қилиш учун етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона кўригидан ўтказилиши мумкин.


406-модда. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги

дипломатик ваколатхонасининг ва консуллик муассасасининг

маъмурий-техник ходимлари учун божхона имтиёзлари

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхонасининг ва консуллик муассасасининг маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари ўз шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни, шу жумладан рўзғорни дастлабки таъминлаш учун керакли бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя қилган, божхона тўловларини тўлашдан озод этилган ҳолда олиб чиқади ва хизмат сафари якунланганидан кейин шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган товарларни (автотранспорт воситалари бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасига олиб киради, бундан товарларни сақлаганлик, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувини ўтказганлик учун божхона йиғимлари мустасно.



XI БЎЛИМ. НАЗОРАТ ОСТИДА ЕТКАЗИБ БЕРИШ


407-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини,

психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа

ашёларни назорат остида етказиб бериш

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни божхона чегараси орқали назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ижозати ҳамда назорати остида божхона ҳудудига уларни олиб кириш, ушбу ҳудуддан олиб чиқиш ёки олиб кирилган ашёларни ундан олиб ўтишга йўл қўйиладиган тезкор-қидирув тадбиридир.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва бошқа ашёлар халқаро қонунга хилоф муомалада бўлишининг олдини олиш, шунингдек бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳар бир алоҳида ҳолда чет давлатларнинг ваколатли органлари билан келишувларга кўра ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида назорат остида етказиб бериш усулидан фойдаланади, яъни қонунга хилоф равишда муомалага киритилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг, шунингдек бошқа ашёларнинг ўз назорати остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, бу ҳудуддан олиб чиқилишига ёки транзит тарзида олиб ўтилишига йўл қўяди.

Назорат остида етказиб бериш усули жиноят содир этиш қуроли ёки воситаси бўлган бошқа ашёларга ёхуд жиноий йўл билан топилган ашёларга нисбатан ўзи билан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиш контрабанда деб ҳисобланувчи ашёларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Назорат остида етказиб бериш усулидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар бир алоҳида ҳолда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган томонидан қабул қилинади.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар божхона органлари билан келишилган ҳолда товарларни назорат остида етказиб беришни амалга оширади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикасида жиноят иши қўзғатилмайди.

Назорат остида етказиб беришни амалга оширувчи орган раҳбари қабул қилинган қарор ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини дарҳол хабардор қилади.



408-модда. Назорат остида етказиб бериш амалга

оширилаётганда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп

моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни

олиб қўйиш ёки алмаштириш

Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган, эркин реализация қилиш тақиқланган ёки муомаласига қонунчиликка мувофиқ лицензия ёки рухсатнома асосида йўл қўйиладиган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар, прекурсорлар ва бошқа ашёлар назорат остида етказиб берилаётганда бу товарлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тўлиқ ёки қисман олиб қўйилиши ёки алмаштирилиши мумкин.

Одамларнинг соғлиғи, атроф муҳит учун катта хавф туғдирадиган ёхуд оммавий қирғин қуроли тайёрлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ашёлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда алмаштирилиши керак.



409-модда. Назорат остида товар етказиб бериш усули

қўлланилганда мусодара қилинган пул маблағлари

ва бошқа мол-мулкни тасарруф этиш

Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг судлари томонидан очиш ва чек қўйиш пайтида назорат остида товар етказиб бериш усули қўлланилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича мусодара қилинган пул маблағлари, шунингдек бунда мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари мазкур усулни қўллашда иштирок этган давлатлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва чет давлатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга мувофиқ тақсимланади.



XI-1 БЎЛИМ. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИНИНГ ҚАРОРЛАРИ

ВА УЛАР МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ ҲАРАКАТЛАРИ

(ҲАРАКАТСИЗЛИГИ) УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ

409-1-модда. Шикоят қилиш ҳуқуқи

Ваколатли шахслар божхона органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

Божхона тўғрисидаги қонунчиликка ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган, божхона органларининг бир ёки бир нечта жисмоний ёки юридик шахсга қаратилган, юридик аҳамиятга молик муайян ҳаракатларни содир этишга доир кўрсатмаси мавжуд бўлган ҳужжат божхона органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган қарори деб эътироф этилади.



409-2-модда. Шикоят бериш тартиби ва муддатлари

Божхона органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи божхона органига шикоят қилиш божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Божхона органларининг текширувлар ва божхона аудити натижалари юзасидан қабул қилинган қарорлари устидан юқори турувчи божхона органига шикоят шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддат узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу муддат шикоят бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича юқори турувчи божхона органи томонидан тикланиши мумкин.



409-3-модда. Шикоятнинг шакли ва мазмуни

Шикоят ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ёзма ёки электрон тарзда юборилиши мумкин.

Шикоятда қуйидагилар кўрсатилади:

1) шикоят берилаётган божхона органининг номи;

2) шикоят бераётган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи ёки юридик шахснинг номи ва манзили;

3) шикоятдаги эътирозларни асослантирувчи ҳолатлар;

4) илова қилинган ҳужжатлар рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

5) шикоят бераётган шахснинг талаблари;

6) шикоят берилган сана.

Шикоятда телефон рақамлари, электрон почта манзиллари ва шикоятни ўз вақтида кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.

Шикоят уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Шикоят шахснинг ваколатли вакили томонидан берилган тақдирда, шикоятга ушбу вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.



409-4-модда. Шикоятни кўриб чиқишни рад этиш

Божхона органи қуйидаги ҳолларда шикоятни кўриб чиқишни рад этади:

шикоят ушбу Кодексда белгиланган шикоят бериш муддати тугаганидан кейин берилганда ва уни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома мавжуд бўлмаганда;

шикоят ушбу Кодекснинг 409-3-моддасида белгиланган талабларга мос бўлмаганда;

шикоят берган шахсдан шикоятни тўлиқ ёки қисман чақириб олиш тўғрисидаги ариза шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар келиб тушганда;

шикоят бунга ваколатли бўлмаган шахс томонидан берилганда;

илгари айнан ўша асослар бўйича шикоят берилганда;

шикоят қўзғатилган жиноят иши доирасида ёки судга берилганда.

Шикоятни кўриб чиқаётган божхона органи шикоят олинган ёхуд шикоятни тўлиқ ёки қисман чақириб олиш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан беш кун ичида шикоятни тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш ҳақида қарор қабул қилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида шикоят берган шахсга қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма шаклда хабар қилинади.

Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда, божхона органининг шикоятни кўриб чиқишни рад этиши шахснинг ушбу Кодекснинг 409-2-моддасида белгиланган муддат доирасида такроран шикоят бериш ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.



409-5-модда. Шикоятни кўриб чиқиш тартиби

Шикоят берган шахс ўз далилларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни шикоятни кўриб чиқиш жараёнида шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар тақдим этишга ҳақли.

Шикоятни кўриб чиқаётган божхона органи ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчи шахснинг илтимосномасига кўра шикоятни эшитишни ташкил этиши мумкин.

Божхона органи шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича шикоят рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан ўн беш календарь куни ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текширув ўтказиш, қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиш зарур бўлган тақдирда эса бир ойга қадар бўлган муддатда асослантирилган қарор чиқаради.



409-6-модда. Шикоятни кўриб чиқиш

натижалари бўйича қарор чиқариш

Божхона органи шикоятларни кўриб чиқиш учун апелляция комиссиясини ташкил этади.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва шикоятни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.

Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

устидан шикоят қилинган қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида;

қарорни бекор қилиш ва, зарур ҳолларда, янги қарор қабул қилиш тўғрисида;

божхона органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб эътироф этиш ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқариш ҳақида.

Апелляция комиссиясининг қарори шикоят берган шахсга уч кун ичида ёзма шаклда юборилади ёки топширилади, кўчирма нусхаси эса тегишли божхона органига юборилади.

Апелляция комиссиясининг ушбу Кодексда белгиланган асосда ва тартибда чиқарилган қарори божхона органлари томонидан ижро этилиши шарт.



409-7-модда. Божхона органига ёки

судга шикоят бериш оқибатлари

Божхона органларининг қарорлари, ушбу органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга берилган шикоятлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва ҳал этилади.

Ариза судга берилган тақдирда, божхона органи қарорининг шикоят қилинаётган қисмини ижро этиш ариза суд томонидан иш юритувга қабул қилинган кундан эътиборан ва суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб турилади.

XII БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


410-модда. Божхона органларининг

байроғи ва фарқлаш белгиси

Божхона органлари ва улар ихтиёридаги дарё кемалари ўз байроғига эга бўлади. Божхона органларининг автотранспорт воситалари ҳамда ҳаво кемалари фарқлаш белгисига эга бўлади.

Байроқ ва фарқлаш белгиси тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



411-модда. Низоларни ҳал этиш

Божхона иши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



412-модда. Божхона тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 27 январь, 3 (I)-сон, 31-модда



















































Время: 0.1971
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск