Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Жисмоний тарбия ва спорт /

Спорт ҳакамлари ва спорт ҳакамларининг малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 05.02.2016 й. 2761-сон билан рўйхатга олинган маданият ва спорт ишлари вазирининг 06.01.2016 й. 27-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 5 февралда 2761-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

маданият ва спорт ишлари  вазирининг

2016 йил 6 январдаги

27-сонли буйруғига

ИЛОВА



Спорт ҳакамлари ва спорт ҳакамларининг малака

тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, спорт ҳакамларининг вазифаларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, спорт ҳакамларининг малака тоифаларини бериш тартибини ҳамда малака тоифаларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган талабларни белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли органлар - Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари;


спорт ҳаками - спорт тури қоидаларига ҳамда спорт мусобақаси тўғрисидаги низомга (регламентга) риоя этилишини таъминлаш учун жисмоний тарбия ёки спорт тадбири ташкилотчиси томонидан ваколат берилган, махсус тайёргарликдан ўтган ва тегишли малака тоифасини олган жисмоний шахс;


спорт тури - жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури бўлиб, у инсоннинг спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриши билан ажралиб туради, спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларга, низомга (регламентга) эга бўлади;


спорт ҳаками малака тоифаси (бундан буён матнда малака тоифаси деб юритилади) - спорт тури бўйича спорт ҳакамининг малакавий даражаси.


2. Спорт ҳакамларига қонун ҳужжатларига асосан илгари берилган малака тоифалари Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ:

"Халқаро тоифали спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси - "Халқаро тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига;

"Миллий тоифали спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси - "Миллий тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига;

"Олий тоифали спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси - "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига;

"I тоифали спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси - "Иккинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига;

"Спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси - "Учинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига тенглаштирилади.



2-БОБ. СПОРТ ҲАКАМИ. СПОРТ ҲАКАМИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ҲАМДА ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3. Спорт ҳаками махсус тайёргарликдан ўтган ва тегишли малака тоифасини олган бўлиши лозим.


4. Спорт ҳаками ҳакамлик фаолиятини жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари (спорт-техника ташкилотлари, жисмоний тарбия-спорт жамиятлари, спорт клублари, спорт тайёргарлиги марказлари), спорт федерациялари (уюшмалари) (жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар), спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирувчи ташкилотлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи таълим муассасалари, ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаларида ёки халқаро спорт ташкилотларида амалга ошириши мумкин.


5. Қуйидагилар спорт ҳакамининг вазифалари ҳисобланади:

спорт мусобақаларини халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган қоидаларга, спорт тури қоидаларига ҳамда спорт мусобақаси тўғрисидаги низомга (регламентга) мувофиқ юқори даражада ташкиллаштириш ва уларда ҳакамлик қилиш;

спорт мусобақаларида халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган қоидаларга, спорт тури қоидаларига ҳамда спорт мусобақаси тўғрисидаги низомга (регламентга) риоя этилишини таъминлаш;

аҳолини жисмоний тарбия машғулотларига жалб этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш;

спорт тури бўйича спорт ҳаками касбига ёш мутахассисларни жалб қилиш ва уларнинг бу борадаги малакасини оширишда қатнашиш.


6. Қуйидагилар спорт ҳакамининг ҳуқуқлари ҳисобланади:

спорт мусобақаларида ҳакамлик қилиш;

спорт ҳаками малака тоифасига эга бўлиш;

спорт ҳаками малака тоифасини ошириб бориш.

Спорт ҳаками қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Спорт мусобақаларида фаол иштирок этганлиги ва холисона ҳакамлик қилганлиги учун спорт ҳакамлари:

спорт мусобақалари ташкилотчиси томонидан сертификатлар, дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланиши;

ваколатли орган томонидан йилнинг энг яхши спорт ҳаками сифатида тан олиниши;

фаолият юритаётган ташкилоти томонидан спорт ҳаками малака тоифасини (навбатдаги спорт ҳаками малака тоифасини) олишга тавсия этилиши мумкин.


8. Қуйидагилар спорт ҳакамининг мажбуриятлари ҳисобланади:

тегишли спорт тури бўйича халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган қоидалар, спорт тури қоидалари ҳамда спорт мусобақаси тўғрисидаги низомларни (регламентларни) билиш ва уларнинг талабларига қатъий риоя этиш;

спорт мусобақаларини юқори даражада ўтказишга кўмаклашиш ва спорт мусобақасини ўтказиш даврида юзага келган масалаларга холисона ёндашиш ҳамда уларга ўз вақтида баҳо бериш ва ечимини топиш;

юқори маданиятни ва ҳамжиҳатликни намуна қилиб кўрсатиш, шунингдек қўполлик, тартибсизлик, иштирокчилар (спортчилар, тренерлар, вакиллар, томошабинлар) томонидан спорт турлари қоидалари ва умумэътироф этилган ахлоқ этикаси қоидалари бузилишининг олдини олиш.

Спорт тури бўйича спорт ҳакамига қонун ҳужжатларида бошқа мажбуриятлар ҳам белгиланиши мумкин.


9. Спорт ҳаками ўз вазифаларини ва мажбуриятларини лозим даражада бажармаганда ёки умуман бажармаганда унга нисбатан қуйидаги таъсир чоралари қўлланилиши мумкин:

спорт мусобақаси ҳакамлигидан четлаштириш (спорт мусобақалари ташкилотчиси томонидан);

спорт ҳаками малака тоифасини пасайтириш ёки ундан маҳрум этиш ҳақида огоҳлантириш (ваколатли орган томонидан);

спорт ҳаками малака тоифасини пасайтириш (ваколатли орган томонидан);

спорт ҳаками малака тоифасидан маҳрум этиш (ваколатли орган томонидан).

Спорт ҳакамига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари спорт ҳаками китобчасида қайд этиб борилади.


10. Спорт ҳаками ўз вазифалари ва мажбуриятларини лозим даражада бажармаганда ёки умуман бажармаганда тегишли ташкилотлар (спорт мусобақалари ташкилотчиси, спорт ҳаками фаолият юритаётган ташкилот) тақдимномасига асосан унинг ҳаракатлари спорт ҳакамлари ҳайъатларида ёки спорт федерациялари (уюшмалари)да кўриб чиқилади.



3-БОБ. СПОРТ ҲАКАМИ МАЛАКА ТОИФАСИНИ БЕРИШ


11. Спорт ҳакамига спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича қуйидаги малака тоифалари берилади:

"Халқаро тоифали спорт ҳаками";

"Миллий тоифали спорт ҳаками";

"Биринчи тоифали спорт ҳаками";

"Иккинчи тоифали спорт ҳаками";

"Учинчи тоифали спорт ҳаками";

"Спорт бўйича ҳакам".


12. "Халқаро тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси спорт тури бўйича тегишли халқаро спорт ташкилоти томонидан берилади.


13. "Миллий тоифали спорт ҳаками" ва "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифалари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан берилади.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича "Миллий тоифали спорт ҳаками" ва "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифалари Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши томонидан берилади.


14. "Иккинчи тоифали спорт ҳаками", "Учинчи тоифали спорт ҳаками" ва "Спорт бўйича ҳаками" малака тоифалари Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари томонидан берилади.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича "Иккинчи тоифали спорт ҳаками", "Учинчи тоифали спорт ҳаками" ва "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифалари Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан берилади.


15. Малака тоифаси "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифасидан бошлаб берилади.


16. "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифасига эга бўлган шахсга навбатдаги малака тоифаси берилади. Бунда "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифасига эга бўлмаган шахсга "Учинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасини, "Учинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига эга бўлмаган шахсга "Иккинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасини, "Иккинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига эга бўлмаган шахсга "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасини, "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига эга бўлмаган шахсга "Миллий тоифали спорт ҳаками" малака тоифасини бериш тақиқланади.


17. "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси махсус тайёргарликдан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилган спорт мусобақаларида ҳакамлик қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.


18. "Учинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилган спорт мусобақаларида ҳакамлик қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади. Бунда "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси берилганига камида 1 йил ўтган бўлиши лозим.


19. "Иккинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси "Учинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилган спорт мусобақаларида ҳакамлик қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади. Бунда "Учинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси берилганига камида 2 йил ўтган бўлиши лозим.


20. "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси "Иккинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилган спорт мусобақаларида, шу жумладан, расмий спорт мусобақаларида (Ўзбекистон Республикаси чемпионати, кубоги ёки биринчилиги мақомига ва номига эга бўлган спорт мусобақаларида) ҳакамлик қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади. Бунда "Иккинчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси берилганига камида 2 йил ўтган бўлиши лозим.


21. "Миллий тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилган спорт мусобақаларида, шу жумладан, расмий спорт мусобақаларида (Ўзбекистон Республикаси чемпионати, кубоги ёки биринчилиги мақомига ва номига эга бўлган спорт мусобақаларида) ҳакамлик қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади. Бунда "Биринчи тоифали спорт ҳаками" малака тоифаси берилганига камида 3 йил ўтган бўлиши лозим.


22. Малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар) талабгор томонидан бажарилган бўлиши лозим.


23. Малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) олиш истагини билдирган шахслар (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) тегишли ваколатли органга фаолият юритаётган ташкилоти орқали мурожаат этишга ҳақли. Бунда талабгор фаолият юритаётган ташкилот томонидан тегишли ваколатли органга талабгорга малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) бериш бўйича тақдимнома юборилади.

"Спорт бўйича ҳакам" малака тоифасини бериш бўйича тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

талабгорнинг фуқаролик паспорти нусхаси;

талабгорнинг 3 х 4 см ўлчамдаги рангли фотосурати (4 дона);

талабгорга нисбатан тавсифнома (талабгор фаолият юритаётган ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ҳолда);

талабгор томонидан "Спорт бўйича ҳакам" малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар) бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Навбатдаги малака тоифасини бериш бўйича тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

талабгорнинг фуқаролик паспорти нусхаси;

талабгорнинг 3 х 4 см ўлчамдаги рангли фотосурати (4 дона);

талабгорга нисбатан тавсифнома (талабгор фаолият юритаётган ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ҳолда);

спорт ҳаками китобчасининг (ҳар бир бетидан) нусхаси (талабгор фаолият юритаётган ташкилот томонидан тасдиқланган ҳолда) (агар аввал берилган бўлса);

талабгор томонидан тегишли малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар) бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар унга аввал спорт ҳаками китобчаси берилмаган бўлса);

спорт ҳаками гувоҳномаси (агар аввал берилган бўлса) нусхаси ёхуд спорт ҳаками малака тоифасига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси.


24. Малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) бериш бўйича тақдимнома ваколатли орган томонидан тузилган Малака тоифаларини бериш комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) мажлисларида 3 кун ичида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича талабгорга малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) бериш ёки беришни рад этиш бўйича қарор қабул қилинади.


25. Комиссия тегишли ваколатли органнинг қарори билан бир йилга тузилади.

Комиссия камида 7 нафар аъзодан иборат бўлади ва унинг таркибига ваколатли органнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари (комиссия раиси), ваколатли органнинг тегишли таркибий тузилмаси масъул ходими (комиссия котиби), шунингдек тегишли спорт тури бўйича спорт федерациялари (уюшмалари), жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи таълим муассасалари, ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасалари ҳамда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирувчи ташкилотларининг спорт соҳасидаги мутахассислари келишув асосида киритилади.

Зарур ҳолларда, комиссия иш фаолиятига бошқа ташкилотларнинг мутахассислари келишув асосида таклиф этилиши мумкин.


26. Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш, комиссия мажлисини ташкиллаштириш ва мажлисда комиссия аъзоларининг ҳозир бўлишини таъминлаш комиссия котибига юклатилади.

Тақдимномага илова қилинган ҳужжатларда камчилик аниқланган тақдирда, комиссия котиби талабгорни бу ҳақда хабардор қилиб, ишчи тартибда камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўриши лозим.


27. Комиссиянинг мажлислари ҳар чоракда бир марта ўтказилади. Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлислари зарурат бўлган тақдирда, комиссия раиси томонидан чақирилади.


28. Комиссия мажлиси унда комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми, шу жумладан, комиссия раиси қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарорлари унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овоз бериш очиқ усулда ўтказилади. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади. Овозлар тенг бўлганда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


29. Комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади ва комиссия раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланади.

Комиссия қарорига рози бўлмаган комиссия аъзоси ўз мулоҳазасини ёзма равишда баён қилиб комиссия қарорига илова қилиши мумкин.

Комиссия қарори имзоланган куни у ваколатли органнинг тегишли таркибий тузилмасига юборилади.


30. Ваколатли орган комиссия қарорига асосан талабгорга малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) беради ёки бериш рад этилганлиги ҳақида хабардор қилади.

"Спорт бўйича ҳакам" малака тоифаси берилганда талабгорга малака тоифасига хос спорт ҳаками гувоҳномаси ҳамда спорт ҳаками китобчаси расмийлаштириб берилади.

Навбатдаги малака тоифаси берилганда талабгорга малака тоифасига хос спорт ҳаками гувоҳномаси берилади. Агар талабгорда спорт ҳаками малака тоифаси бўла туриб спорт ҳаками китобчаси бўлмаса (аввал берилмаган бўлса), унга бирйўла спорт ҳаками китобчаси ҳам расмийлаштириб берилади.

Ваколатли орган талабгорга спорт ҳаками гувоҳномасини (спорт ҳаками китобчасини) комиссия қарори чиқарилган кундан бошлаб 5 кун ичида расмийлаштириб бериши шарт.

Комиссия қарорида талабгорга малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) бериш рад этилган тақдирда, ваколатли орган бу ҳақда талабгорни комиссия қарори чиқарилган кундан бошлаб 3 кун ичида хабардор қилиши лозим.



4-БОБ. СПОРТ ҲАКАМИ ГУВОҲНОМАСИ

ВА СПОРТ ҲАКАМИ КИТОБЧАСИ


31. Спорт ҳаками гувоҳномаси спорт ҳакамининг тегишли малака тоифасига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.


32. Спорт ҳаками гувоҳномасида:

гувоҳномани берган ташкилот номи;

гувоҳноманинг серияси ва тартиб рақами;

спорт ҳакамининг Ф.И.О.;

спорт ҳакамининг фотосурати;

спорт тури;

спорт ҳакамига берилган малака тоифаси;

малака тоифаси берилган сана;

малака тоифасини бериш учун асос бўлган ҳужжатнинг қабул қилинган санаси ва сони кўрсатилиши лозим.

Гувоҳнома ваколатли орган раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган, имзо эса, ваколатли орган муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.


33. Спорт ҳаками китобчаси спорт ҳаками ҳақида, шунингдек унинг ҳакамлик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ва эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотларни қайд этиб бориш учун бериладиган ҳужжат ҳисобланади.


34. Спорт ҳаками китобчасида:

китобчани берган ташкилот номи;

спорт ҳакамининг Ф.И.О.;

спорт ҳакамининг фотосурати;

китобча берилган сана;

спорт ҳакамига берилган малака тоифалари (малака тоифасини бериш учун асос бўлган ҳужжатнинг қабул қилинган санаси ва сони);

спорт ҳакамининг ҳакам сифатида қатнашган мусобақалари ҳақида маълумот;

спорт ҳаками томонидан малака тоифасини (навбатдаги малака тоифасини) олиш учун бажариши зарур бўлган талаблар (нормалар)ни бажарганлиги ҳақида маълумот;

спорт ҳакамига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари ҳақида маълумот кўрсатилиши лозим.



5-БОБ. МАЛАКА ТОИФАСИНИ ОЛИШ УЧУН

БАЖАРИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ТАЛАБЛАР

(НОРМАЛАР)НИ ТУЗИШ


35. Малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар) тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича Олимпия (паралимпия, сурдлимпия) ўйинлари ўтказилиш даврийлигини инобатга олган ҳолда 4 йилга тузилади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига тақдим этилади. Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар) Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши томонидан тузилади ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


36. Малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар)да белгиланган тартибда спорт турлари реестрига киритилган ҳар бир спорт тури (спорт тури гуруҳи) бўйича алоҳида-алоҳида ва бериладиган малака тоифалари бўйича алоҳида-алоҳида тузилади.


37. Малака тоифасини олиш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар (нормалар) мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.



6-БОБ. СПОРТ ҲАКАМИНИНГ МАЛАКА

ТОИФАСИНИ ПАСАЙТИРИШ ЁКИ УНИ

МАЛАКА ТОИФАСИДАН МАҲРУМ ЭТИШ


38. Спорт ҳаками ўз вазифалари ва мажбуриятларини лозим даражада бажармаганда ёки умуман бажармаганда ва унинг ҳаракатлари спорт ҳакамлари ҳайъатларида ёки спорт федерациялари (уюшмалари)да кўриб чиқилиши натижасида унинг малака тоифасини пасайтириш ёхуд уни малака тоифасидан маҳрум этиш бўйича қарор қабул қилинганда, спорт ҳакамлари ҳайъатлари ёки спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан ваколатли органга спорт ҳакамининг малака тоифасини пасайтириш ёхуд уни малака тоифасидан маҳрум этиш бўйича тақдимнома киритилади. Тақдимномада спорт ҳакамининг ҳаракатлари тўлиқ ва асосли баён этилиши лозим.


39. Тақдимнома комиссиянинг навбатдаги мажлисида мазмунан кўриб чиқилади ва натижаси бўйича комиссия томонидан:

спорт ҳакамининг малака тоифасини пасайтириш;

спорт ҳакамини малака тоифасидан маҳрум этиш;

спорт ҳакамининг малака тоифасини пасайтириш ёки уни малака тоифасидан маҳрум этиш ҳақида огоҳлантириш;

тақдимномани рад этиш ҳақида қарор қилинади.


40. Ваколатли орган комиссия қарори чиқарилган кундан бошлаб 3 кун ичида спорт ҳакамини ва тақдимномани юборган ташкилотни бу ҳақда хабардор қилади. Бунда комиссия томонидан тақдимнома рад этилган тақдирда фақат уни юборган ташкилот хабардор қилинади.

Малака тоифаси пасайтирилган (малака тоифасидан маҳрум этилган) спорт ҳаками унга аввал берилган спорт ҳаками гувоҳномасини ваколатли органга топшириши шарт.

Малака тоифаси пасайтирилган спорт ҳакамига тегишли малака тоифасига хос спорт ҳаками гувоҳномаси берилади.


41. Спорт ҳаками малака тоифасидан маҳрум этилганда ёки унинг малака тоифаси пасайтирилганда у мазкур Низомда белгиланган тартибда малака тоифасини (навбатдаги малака тоифаси) қайта олиш ҳуқуқига эга.



7-БОБ. СПОРТ ҲАКАМЛАРИНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


42. Малака тоифасига эга бўлган спорт ҳакамлари тегишлича ваколатли органлар томонидан уларда юритиладиган спорт ҳакамларини ҳисобга олиш журналида ҳисобга олиб борилиши шарт.


43. Спорт ҳакамларини ҳисобга олиш журналида спорт ҳаками ҳақидаги қуйидаги маълумотлар киритилиши лозим:

спорт ҳакамининг Ф.И.О.;

спорт ҳакамининг яшаш жойи ва телефон рақами;

спорт ҳакамига берилган малака тоифалари (малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг санаси ва рақами);

спорт ҳакамига берилган гувоҳнома рақами;

спорт ҳакамига расмийлаштирилган жилднинг тартиб рақами.


44. Ваколатли орган томонидан ҳар бир спорт ҳаками бўйича алоҳида жилд юритилади. Ушбу жилдда спорт ҳакамига оид барча ҳужжатлар жамлаб борилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


45. Комиссия қароридан норози бўлган шахслар бўйсунув тартибида юқори турувчи ваколатли органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.


46. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


47. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 8 февраль, 5-сон, 51-модда





















































Время: 0.1940
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск