ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлашни молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш /

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.02.2016 й. 31-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 5 февралдаги

31-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика

муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг

учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида (кейинги ўринларда тиббиёт муассасалари деб аталади) овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг талаблари республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг ўзини ўзи тўлиқ молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатадиган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган шахсларнинг (беморларнинг) имтиёзли тоифасини даволаш харажатлари, шу жумладан овқатланиш харажатлари йўлланмалар (ордерлар) бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланадиган тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига татбиқ этилмайди.


2. Тиббиёт муассасаларидаги овқатланиш нонушта, тушлик, тушликдан кейинги овқат ва кечки овқатланишдан иборат бўлади.


3. Тиббиёт муассасаларида шахсларга (беморларга) нонушталар бепул берилади, уларга қилинадиган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.


4. Тиббиёт муассасаларида овқатланиш учун (нонушталардан ташқари) ҳақ тўлаш шахснинг (беморнинг), унинг қариндошларининг ёки бошқа шахсларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан ҳомийларнинг ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Тиббиёт муассасаларида ҳомийларнинг маблағларини сарфлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади, агар тиббиёт муассасалари билан ҳомийлар ўртасида тузилган шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса.


5. Тиббиёт муассасаларида қуйидагилар овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинадилар:

а) ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича касалликларга чалинган шахслар (беморлар);

б) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ рўйхат бўйича шахслар (беморлар) тоифалари.


6. Беморларнинг шифохонада бўлиш чекланган муддатларининг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирлари ва интенсив терапияни талаб қилувчи касалликлари ва ҳолатлари барҳам топганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида даволанишни давом эттиришаётган шахсларнинг (беморларнинг) овқатланиши учун ҳақ тўлаши ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. Тиббиёт муассасалари овқат блокларида ёки шартнома шартларида тиббиёт муассасалари буюртмаларига кўра овқатлар тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилотлар (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган ташкилотлар деб аталади) томонидан тайёрланган овқатлар қиймати бўйича овқатларга ҳақ тўланади.

Тиббиёт муассасалари билан ихтисослаштирилган ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларда, ихтисослаштирилган ташкилотларнинг барча харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, овқатларни сотиш қиймати назарда тутилади.


8. Таъминотининг асосий манбаи бюджет маблағлари ҳисобланадиган тиббиёт муассасаларида уларнинг овқат блокларида овқатларни тайёрлаш билан боғлиқ бошқа (қўшимча) харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.

Шунингдек, пулли асосда тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт муассасаларида уларнинг овқат блокларида овқатлар тайёрлаш билан боғлиқ бошқа (қўшимча) харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда пулли асосда тиббий ёрдам кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари тушумлар ҳисобига қопланади.



II. ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Тиббиёт муассасаларида шахсларнинг (беморларнинг) овқатланиши ва мавжуд овқат блоклари базасида, улар бўлмаган тақдирда - ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган ташкилотлар белгиланган тартибда тиббиёт муассасалари томонидан тендер савдолари (танловлар) ўтказиш йўли билан овқат тайёрлаш учун жалб этилиши мумкин.


10. Тиббиёт муассасаларида даволовчи овқатланиш ташкил этилиши керак. Даволовчи овқатланишни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


11. Тиббиёт муассасаларида, ихтисослаштирилган ташкилотларда овқатларни тайёрлаш санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларга тўлиқ мувофиқ бўлиши керак.


12. Шахс (бемор) ёзма ариза асосида тиббиёт муассасаси томонидан тавсия этилаётган овқатланишни тўлиқ ёки қисман рад этиши мумкин. Бу ҳолда шахс (бемор) томонидан мустақил равишда ташкил этилган овқатланиш шифокорнинг парҳез бўйича кўрсатмасига мувофиқ бўлиши керак.


13. Тиббиёт муассасаси овқатланишга муҳтож бўлган шахсларнинг (беморларнинг) ҳар кунги сони ҳисобини юритади, ушбу ҳисоб асосида овқатланишнинг ҳар қайси тури (нонушта, тушлик, тушликдан кейинги овқат, кечки овқат) учун алоҳида ҳар кунлик буюртманома тузилади. Буюртманома ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади ва кейинги ҳисоблашлар ва ўзаро ҳисоб-китоблар учун, шунингдек тиббиёт муассасаларининг ҳисоботларини тузиш учун асос ҳисобланади.


14. Ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан шартнома шартларида овқатланиш ташкил этилган тақдирда тиббиёт муассасаси таомнома ва буюриладиган таомлар миқдори юзасидан ҳар ҳафталик буюртманома тақдим этади. Буюриладиган овқатлар миқдорини аниқлаш шартнома шартларига мувофиқ ҳар куни амалга оширилиши мумкин.



III. ОВҚАТЛАНИШ УЧУН ҲАҚ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


15. Овқатланиш учун ҳақ тўлашга маблағларни қабул қилиш учун тиббиёт муассасалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги бўлинмаларида алоҳида ҳисоб рақамлари очадилар, уларга ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган манбалардан маблағлар тушади.


16. Овқатланиш учун ҳақ тўлаш тиббиёт муассасаларининг кассаларига бевосита нақд пул билан ёки нақдсиз ҳисоб-китоблар бўйича ёхуд тиббиёт муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бўлинмаларидаги алоҳида ҳисоб рақамига тақдим этилган счётлар бўйича амалга оширилади.

Ҳар қайси тўловдан кейин бевосита тиббиёт муассасаларининг кассаларига нақд пул билан ёки нақдсиз ҳисоб-китоблар бўйича овқат учун ҳақ тўлаган шахсларга (беморларга) ҳақиқатда амалга оширилган тўлов миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар берилади.


17. Шахс (бемор) шифохонага ётқизилаётганда унинг томонидан овқатланиш учун ҳақ тўлаш тиббиёт муассасасига жойлаштирилгунгача унинг шифохонада бўлишининг бутун муддати учун тўлиқ ёки қисман амалга оширилади, лекин у ҳисобланган сумманинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шахс (бемор) шифохонага ётқизилаётганда у овқатланиш учун ўзи тўлаган ҳақни тасдиқловчи ҳужжатни ёхуд тиббиёт муассасаси томонидан бериладиган овқатни рад этиши тўғрисидаги аризани тақдим этиши керак.


18. Бутун сутка давомидаги овқатланишнинг қиймати тиббиёт муассасаси бухгалтерияси томонидан, врачнинг парҳез овқат бўйича кўрсатмасини ҳисобга олган ҳолда, харажатлар калькуляцияси асосида ҳисоблаб чиқилади ва белгиланган тартибда тиббиёт муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади.

Бутун сутка давомидаги овқатланиш қиймати тўғрисидаги ахборот стендлардаги ёки тиббиёт муассасасининг маъмурий биносидаги бошқа техник воситаларда кўринарли жойга жойлаштирилади.


19. Даставвал тиббиёт муассасасида пул тўлаб овқатланишни рад этган шахс (бемор), шифохонада бўлишининг режалаштирилаётган даври учун олдиндан ҳақ тўлаган ҳолда, овқатланишга исталган вақтда буюртма бериши мумкин.


20. Овқатланиш учун олдиндан қисман ҳақ тўланган тақдирда овқатланиш учун тўлиқ ҳисоб-китоб шахс (бемор) шифохонадан чиққунгача унинг томонидан амалга оширилади.


21. Овқатланиш учун тўланган ҳақнинг фойдаланилмаган маблағлари тўловчига қайтарилади.


22. Тиббиёт муассасаларида овқатланиш учун ҳақ тўланмаган, ҳақ тўлиқ миқдорда тўланмаган барча ҳолатларда шахс (бемор) шифохонадан чиққандан кейин овқатланиш учун ҳақиқий харажатлар суммаси шахсларнинг (беморларнинг) қарзларини тўлаш ҳисобига харажатларни қоплаш чораларини кўриш йўли билан қопланади.


23. Нақд пул маблағларини тиббиёт муассасалари кассасига қабул қилиб олиш ва топшириш юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



IV. ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИГА ХАРАЖАТЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ, ШУНИНГДЕК УНГА

РИОЯ ЭТИЛИШИ ТАЪМИНЛАНИШИ ЮЗАСИДАН

НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


24. Ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинган шахсларнинг (беморларнинг) овқатланишини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари тиббиёт муассасаларининг тегишли молия йили учун харажатларининг тасдиқланадиган сметалари доирасида, режалаштирилаётган койкалар фонди ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳақиқий нархлардан келиб чиққан ҳолда ажратилади.


25. Тиббиёт муассасасида шахслар (беморлар)нинг овқатланишини ташкил этиш тартиби юзасидан:

тиббиёт муассасаларининг овқат блокларидан фойдаланилганда - тиббиёт муассасасининг раҳбари;

ихтисослаштирилган ташкилот жалб этилган тақдирда - тиббиёт муассасасининг раҳбари ва тегишли ихтисослаштирилган ташкилот раҳбари жавоб берадилар.


26. Овқатланиш учун тўланган ҳақни қабул қилишда юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юкланади.






Низомга

1-ИЛОВА



Шахсларни (беморларни) даволаш-профилактика

муассасаларида овқатланиш тўловидан

озод қилувчи касалликлар

РЎЙХАТИ


1. ОИВ касаллигини юқтирганлар (ОИТС).


2. Онкологик касалликлар.


3. Руҳий касалликлар.


4. Юқумли касалликлар.


5. Гиёҳвандлик касалликлари.


6. Эндокринологик касалликлар.


7. Нурланиш касаллигига чалинган беморлар.


8. Мохов касаллиги.


9. Сифилис.


10. Сил касаллиги.


11. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида беморларнинг шифохонада бўлиши чекланган муддатларининг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирларини ва интенсив терапияни талаб этувчи касалликлар ва ҳолатлар.


12. Даражасидан қатъи назар, камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор аёллар ва туққан аёллар.


Изоҳ: ушбу рўйхат тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига ёки палаталарига татбиқ этилмайди.






Низомга

2-ИЛОВА



Тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан

озод қилинадиган шахслар (беморлар) тоифалари

РЎЙХАТИ


1. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.

2. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар.

3. 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар.

4. Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашиш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар.

5. 1941-1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари.


6. Байналмилалчи жангчилар.


7. Ғирт етимлар.


8. Ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар.


9. 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари.


10. Чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар.


11. "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" ("Почетный донор Республики Узбекистан") кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар.


12. 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар.


13. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар).

Изоҳ: ушбу рўйхат тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига, уларнинг бўлимларига ёки палаталарига татбиқ этилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 15 февраль, 6-сон, 54-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 2-сон, 8-модда









































Время: 0.1579
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск