язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Кредитлаш/ Микрокредитлаш. Фермер хўжаликлари ва кичик корхоналарга кредит бериш/ Янгидан ташкил этилган фермер хўжаликларига тижорат банклари томонидан кредит бериш Қоидалари (ЎзР ВМ 05.01.2002 й. 8-сон қарорига 8-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 5 январдаги

8-сон қарорига

8-ИЛОВА



Янгидан ташкил этилган фермер хўжаликларига

тижорат банклари томонидан кредит бериш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Фуқаролик кодексига, “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тугатилган ширкат ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари негизида янги ташкил этилган фермер хўжаликларини (кейинги ўринларда матнда фермер хўжаликлари деб аталади) ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.


2. Ушбу Қоидалар янги ташкил этилган фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ёки бошқа ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тижорат банклари томонидан кредитлар беришни тартибга солади, давлат буюртмаси доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бундан мустасно.

Тижорат банклари томонидан кредитлар бериш қайтариш, ҳақ тўлаш, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартларида амалга оширилади.


3. Янги ташкил этилган фермер хўжаликларига бошланғич (дастлабки) капитални шакллантириш учун кредитлар Якка тартибдаги тадбиркорларга, кичик ва ўрта бизнес субъектларига тижорат банклари томонидан бюджетдан ташқари фондларнинг кредит линиялари ҳисобидан кредитлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомда (Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 3 октябрда 1074-рақам билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда берилади.


4. Фермер хўжаликлари бошланғич капитални шакллантириш учун кредитлар олгандан кейин ўзининг бизнес-режасини маблағ билан таъминлашга кредит олиш юзасидан ўзларига хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилишга ҳақлидир.


5. Тижорат банклари кредитларни фермерларга шартнома асосида 3 йилгача муддатга беради. Кредитлар мижознинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақами жойлашган жойда берилади.


6. Кредитлар фермерларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва кенгайтириш, шу жумладан уруғлик, мол, ёш чорва моллари, парранда, ем-хашак, омихта ем, кўчатлар, ветеринария препаратлари, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари сотиб олиш;

хом ашё ва материалларга дастлабки ишлов бериш;

меҳнат қуроллари, хом ашё сотиб олиш;

кичик асбоб-анжомлар сотиб олиш;

кичик ҳажмли ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турларини амалга ошириш.


7. Кредитлар:

илгари олинган кредитларни ёки бошқа ҳар қандай қарзларни узиш;

тамакичилик ва алкоголли ичимликлар ишлаб чиқариш;

савдо-воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилмайдиган шахсий мол-мулк сотиб олиш мақсадлари учун берилмайди.


8. Кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишув бўйича кредит шартномаси асосида белгиланади.



II. КРЕДИТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


9. Қарз олувчилар кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

кредит олиш учун кредит буюртманомаси;

пул оқими таҳлили албатта кўрсатилган ҳолдаги бизнес-режа;

ўз фаолиятини уч ойдан ортиқ амалга ошираётган фермер хўжаликлари, шунингдек охирги ҳисобот даври учун давлат солиқ хизмати маҳаллий (туман) органи тасдиқлаган бухгалтерия баланси (1-шакл)ни ҳамда дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотнома (2а-шакл)ни ҳам тақдим этадилар.


10. Қарз олувчи тўламаслик хавфини бартараф этиш мақсадида кредитни қайтаришни таъминлашга эга бўлиши керак, таъминлай олиш унга қўйиладиган асосий талаб ҳисобланади.

Қуйидагилар кредитнинг қайтарилишини таъминловчи бўлиб хизмат қилиши мумкин:

суғурта ташкилотининг кафолатномаси;

банк кредитлари фермер хўжаликлари томонидан қайтарилмаслиги хавфини олинадиган кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида мажбурий суғурта қилиш ҳамда ҳосил ва мол-мулкнинг 50 фоизи ихтиёрий суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта компаниясининг суғурта полиси.


11. “Ўзагросуғурта” компаниясига ва бошқа суғурта ташкилотларига қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг нобуд бўлиши хавфини ёки фермер хўжаликларининг бошқа фаолиятини суғурта қилиш асосида кредит қайтарилиши ҳақида кафолатномани тижорат банкларига тақдим этиш тавсия қилинади.


12. Ушбу кредит буюртманомаси (аризаси) бўйича банк хулосасини бериш муддати кредит олиш учун буюртманома ушбу Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда банкка тушган кундан бошлаб 10 иш кунидан ошмаслиги керак.



III. КРЕДИТ БЕРИШ ВА ССУДАНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


13. Кредитлар мижознинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақами жойлашган жойда берилади. Кредитлар алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ва фермер хўжалигининг асосий фаолияти билан боғлиқ товар-моддий бойликлар, асбоб-ускуналар ва бошқа хизматлар учун қарз олувчининг тўлов топшириқномаларини тўлаш йўли билан нақд пулсиз берилади.


14. Кредитни қайтариш муддатлари жадвал тарзида тақдим этилиши мумкин, жадвалда кредитни пул оқимлари тушиши истиқболига кўра бир нечта босқичда қайтариш назарда тутилади.

Кредит учун фоизларни тўлаш етиштирилган ҳосилни сотишдан пул маблағлари тушишига қараб, бироқ кредит берилган кундан бошлаб камида 6 ойдан кейин амалга оширилиши мумкин.


15. Кредитни қайтариш муддати бошланганда ва қарз олувчида пул маблағлари мавжуд бўлмаганда кредит кафолат берувчи (суғурталовчи)нинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан ундириб олишга тақдим этилади.

Суғурта ҳолати бошланганда “Ўзагросуғурта” компаниясининг ҳудудий бўлимлари ва бошқа суғурта ташкилотлари тижорат банки талабига кўра суғурта суммасини мазкур кредит бўйича фоизларни ва асосий қарзни тўлашга ўтказишга мажбур.


16. Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторингни амалга оширади ва у қарз олувчининг буюртманомасини ҳамда кредит шартномаси шартларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга йўналтирилиши керак.


17. Мониторинг жараёнида банк жойларда кредитдан самарали ва мақсадли фойдаланилишини текширади.


18. Тижорат банклари кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган қарз олувчиларга нисбатан:

кредит беришни вақтинчалик тўхтатиб туришга ёки тўлиқ тўхтатиб қўйишга;

берилган кредит бўйича қарзнинг бутун суммасини муддатидан олдин ундириб олишга ҳақлидир.


19. Берилган кредитлардан мақсадли фойдаланмаслик ҳоллари аниқланган тақдирда банк кредитнинг белгиланмаган мақсадда фойдаланилган қисмини қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин, кредит шартномасида белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эгадир.