язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.11.2003 й. 486-сон "Қишлоқ хўжалигида ижара муносабатларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.11.2003 й.

N 486



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА

ИЖАРА МУНОСАБАТЛАРИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида" 2003 йил 24 мартдаги ПФ-3226-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда қишлоқда ижара муносабатларини кенг ривожлантириш ва ҳақиқий мулкдорларни шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси 1-қисмининг янги таҳририга мувофиқ қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлар ширкат хўжаликларига эллик йилгача муддатга, бироқ камида ўттиз йилга товар қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши юритиш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда ижарага берилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари 2003-2004 йилларда барча қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ер участкаларидан фойдаланишнинг ижара шаклига ўтказилишини таъминласинлар.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2003-2004 йилларда қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)нинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқини узоқ муддатли ижара шаклига қайта расмийлаштириш жадвали 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги кооперативига (ширкат хўжалигига) узоқ муддатли ижарага берилган ер участкасидан фойдаланганлиги учун тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича ва муддатларда ягона ер солиғи шаклида ундирилади.


4. Қуйидагилар:

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг намунавий шартномаси 2-иловага мувофиқ;

Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги)нинг намунавий устави 3-иловага мувофиқ;

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқни ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ижара шартномаларини қайта расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)нинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқини қайта расмийлаштириш билан бир вақтда фермер хўжаликларининг ижара шартномалари ўзлари ҳудудида жойлашган туманлар ҳокимлари билан қайта тузилади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси билан биргаликда:

ушбу қарорга 1 ва 4-иловаларга мувофиқ қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)нинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқи ижара шаклига қайта расмийлаштирилишини ҳамда фермер хўжаликлари билан ижара шартномалари белгиланган Жадвал ва Низомга мувофиқ қайта тузилишини;

ижара шартномалари тузилгандан кейин (қайта тузилгандан кейин) қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва фермер хўжаликларининг қайта рўйхатдан ўтказилишини таъминласинлар.

Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)нинг ер участкасига бўлган ҳуқуқини қайта расмийлаштириш, фермер хўжаликлари билан ижара шартномасини қайта тузиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини (ширкат хўжаликларини) қайта рўйхатдан ўтказиш учун қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) ва фермер хўжалигининг аризаси етарли ҳисобланади. Бошқа талаблар ва шартлар белгиланишига, шунингдек бирон-бир қўшимча тўловлар ва йиғимлар ундирилишига йўл қўйилмайди.

Туманлар ҳокимлари кўрсатиб ўтилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда ва қатъий равишда ушбу қарорга мувофиқ амалга оширилиши учун шахсан жавоб берадилар.


6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда вазирликлар ва идоралар бўйича тажриба, ўқув-тажриба, ёрдамчи хўжаликлардаги ер участкаларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиб чиқсинлар.

Ўрганиб чиқиш якунлари бўйича хўжалик юритишнинг янги шароитларида улар фаолиятини такомиллаштириш, ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда эса - уларни олиб қўйиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритилсин.


7. "Ўзтелерадио" компанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилишини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Ҳ.Жўрабеков, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                      И.Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 5 ноябрдаги

486-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси

ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги кооперативлари

(ширкат хўжаликлари)нинг ер участкаларига

бўлган ҳуқуқини узоқ муддатли ижара

шаклига қайта расмийлаштириш

ЖАДВАЛИ

Т/р

Минтақанинг номи


Қишлоқ хўжалиги

кооперативлари

(ширкат хўжаликлари)нинг

сони, жами


шу жумладан:


2003 йил,

IV чорак


2004 йил,

I чорак


1.

Қорақалпоғистон Республикаси


87

35

52

2.

Андижон


186

74

112

3.

Бухоро


108

43

65

4.

Жиззах


63

25

38

5.

Қашқадарё


131

52

79

6.

Навоий


66

26

40

7.

Наманган


135

54

81

8.

Самарқанд


214

86

128

9.

Сирдарё


32

13

19

10.

Сурхондарё


129

52

77

11.

Тошкент


164

66

98

12.

Фарғона


152

61

91

13.

Хоразм


89

36

53


Жами


1556

623

933

Изоҳ: Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)нинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқни қайта расмийлаштириш билан бир вақтда фермер хўжаликларининг туманлар ҳокимлари билан ижара шартномаси қайта тузилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 5 ноябрдаги

486-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишга оид қонун ҳужжатларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) тузиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 15 июлдаги 299-сон қарорида:


а) 2-банднинг тўртинчи хат боши ва 4-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)нинг устав жамғармасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомда (қарорга 5-илова):

9-банднинг тўртинчи хат боши чиқариб ташлансин;

11-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"11. Пай жамғармаси ширкат хўжалиги аъзолари томонидан қўшимча бадаллар киритилганда ёки умумий йиғилиш қарорига кўра тақсимланмаган фойда ҳисобига кўпаяди.";

17-банддаги "йиллик" сўзи чиқариб ташлансин.


в) Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги)нинг бўлинмас жамғармасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда (қарорга 6-илова):

5-банддаги "тегишли ўзгартиришлар киритиш мумкин" сўзлари "ўзгартирилиши мумкин" сўзлари билан алмаштирилсин.

6-банддаги "ширкат хўжалиги аъзоларининг" сўзларидан олдин "тафтиш комиссияси (тафтишчи) ва" сўзлари билан тўлдирилсин.


г) Қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари)да пай жамғармасини шакллантириш, мулкий пайларни тақсимлаш ва улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомда (қарорга 7-илова):

1-банддаги "ер участкаларининг қиймат баҳосини ва" сўзлари ва иккинчи жумла чиқариб ташлансин;

16-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"16. Мулкий пай миқдори фақат умумий йиғилишнинг қарорига кўра тақсимланмаган фойда ва ширкат аъзоларининг қўшимча пай бадаллари ҳисобига кўпайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда ширкат хўжалигининг уставига устав жамғармасини кўпайтириш тўғрисида ўзгартиришлар киритилади";

17-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"17. Ширкат хўжалигининг молия-ҳисоб-китоб марказида ҳар бир аъзо учун шахсий ҳисоб варақ очилади, унда пайчиаъзонинг бошланғич мулкий пайи, мулкий пайнинг кўпайган суммаси ҳамда тўланган дивидендлар ҳисобга олиб борилади. Барча аъзоларнинг шахсий ҳисоб варағидаги мулкий пайлари суммаси ширкат хўжалиги пай жамғармаси миқдорига тенг бўлиши шарт";

иккинчи хат боши чиқариб ташлансин;

18-банддаги "мулкий пайлар" сўзларидан кейин "умумий йиғилишнинг қарорига кўра пул ёки натура шаклида" сўзлари билан тўлдирилсин.

19-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"19. Мулкий пайни қайтариш тартиби ва муддатлари умумий йиғилиш томонидан белгиланади.";

20-банддаги "мумкин" сўзи "лозим" сўзи билан алмаштирилсин.

21-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

26-банддаги "24" рақами "25" рақами билан алмаштирилсин;


д) Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида оила (жамоа) пудрати тўғрисидаги Намунавий низомда (қарорга 8-илова)да:

3-банд қуйидаги мазмундаги хат боши билан тўлдирилсин:

"Ижарачиларга ерлар 5 йилга берилади";

14-банднинг иккинчи хат бошидаги "ғалла" сўзи чиқариб ташлансин.

16-банддаги:

учинчи хат боши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"агар пудратчи оила (жамоа) пудрати шартномасини бажаришга ўз вақтида киришмаса ёки ишни суст бажариши натижасида уни белгиланган муддатда тугатиш мумкин эмаслиги аниқ бўлиб қолса, оила (жамоа) пудрати шартномасини бекор қилишни ва етказилган зарарларни қоплашни талаб қилишга";

тўртинчи хат боши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш вақтида уларнинг тегишли даражада бажарилмаслиги аниқ бўлиб қолса, пудратчига камчиликларни йўқотиш учун одилона муддат белгилашга ва бу талабни пудратчи белгиланган муддатда бажармаган тақдирда бу ишларни пудратчи ҳисобидан бажаришни бошқа шахсга топширишга, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли";

17-банднинг еттинчи хат боши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"ҳар бир пудратчига ойлик миқдори белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини ўз вақтида тўлашни таъминлаши";

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва хизматлар кўрсатиш учун оила (жамоа) пудрати тўғрисидаги Намунавий шартномада:

3-банднинг бешинчи хат бошидаги "ва ғалла" сўзлари чиқариб ташлансин;

6-банднинг олтинчи хат боши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"ҳар бир пудратчига ойлик миқдори белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини ўз вақтида тўлашни таъминлаши";

8-банддаги "бозор нархида" сўзлари чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Фермер хўжалиги тўғрисида", "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини амалга ошириш муддатлари ва чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 15 июлдаги 300-сон қарорининг 2-бандидаги иккинчи, учинчи, тўртинчи хат боши ва қарорга 1, 2 ва 3-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2003 йил, 11-сон, 110-модда