ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Ортиқча босимли сув иситиш қозонлари, сув иситгичлар ва буғ қозонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 17.11.2015 й. 2729-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорининг 19.10.2015 й. 107-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 17 ноябрда 2729-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат"

агентлиги бош директорининг

2015 йил 19 октябрдаги

107-сонли буйруғига

ИЛОВА



Ортиқча босимли сув иситиш қозонлари,

сув иситгичлар ва буғ қозонларини ўрнатиш ва

улардан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ҳамда 2013 йил 6 ноябрдаги 300-сон "Республиканинг иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ, ортиқча босимли сув иситиш қозонлари, сув иситгичлар ва буғ қозонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар ортиқча босимли сув иситиш қозонлари, сув иситгичлар ва буғ қозонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланувчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.


2. Мазкур Қоидалар талаблари ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, технологик жараёнларни ва цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар орқали амалга оширилади.



2-БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ юритиладиган иш жойининг меҳнат шароитлари харитаси;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.


7. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, ходимлар сони 50 нафар ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса, бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


13. Ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши керак.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим.


18. Лавозим йўриқномаларига мувофиқ, хавфли моддалар билан бажариладиган ишларни, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишларни, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган резервуарлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларни ҳамда тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ бошқа хавфли ишларни бажаришни назарда тутувчи касблар ўта хавфли касблар рўйхатига, мазкур вазифаларни бир марталик топшириқ асосида бажарилишини назарда тутувчи ишлар ўта хавфли ишлар рўйхатига киритилиши зарур.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


21. Ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши учун ташкилот раҳбарияти жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибда ҳимояланиш воситаларини қўллаш


22. Ходимлар хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларидаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши зарур ҳамда ташкилот биноларини қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши шарт.


24. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳарорати ва намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


25. Ходимлар Қурилиш, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-қурилиш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2224, 2011 йил 10 май) мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.


27. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга ошириш;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларини дезинфекция қилиш, бир марта қўлланиладиган воситалар бундан мустасно.


28. Заҳарли моддалар билан ишлашда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш зарур.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли тармоқ тариф-малака маълумотномасига мувофиқ зарур маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


31. Босим остида ва бошқа ўта хавфли ишларда ишловчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт.


32. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) мувофиқ, аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд бўлган ишларга қабул қилинмаслиги керак.



7-§. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида

қатнашишга қўйиш шарт-шароитлари


34. Ходимларни ишлаб чиқариш жараёнида қатнашишга қўйиш олдидан қуйидагилар текширилиши зарур:

иш жойининг мазкур Қоидаларда белгиланган санитария ва гигиена, хавфсизлик талабларига, шунингдек шовқин ва тебранишга, шамоллатиш ва иситишга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги;

ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш, унга йўл-йўриқ бериш ва саломатлигини назорат қилиш даврийлигига амал қилинганлиги;

технологик жараёнларда иштирок этувчи асбоб-ускуналар ва уларнинг ҳимоя воситалари созлиги;

жамоавий ҳимоя воситаларининг созлиги, ходимнинг якка тартибдаги ҳимоя воситаларига эгалиги.



8-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.


36. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш муассасаси билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.


37. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.


38. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.


39. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


40. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларга қўйиш тақиқланади.



9-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот иш ҳудудидаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


42. Ташкилотнинг хоналари қуйидаги талабларга мувофиқ сақланиши лозим:

ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси ва йил мавсумини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


43. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини амалга оширишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


44. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, материалларни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



10-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


45. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


46. Ташкилотда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши ҳамда ташкилотга кириш ва чиқиш жойлари ҳамда иш жойларининг кўринарли қисмига осиб қўйилиши зарур.


47. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим. Майдонлардаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


48. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


49. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан, карнизлари эса муздан тозалаб турилиши зарур.


50. Йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


51. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


52. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



11-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


53. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


54. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда ёрдамчи бинолар ва хоналардаги ҳавонинг ҳарорати, нисбий намлиги ва ҳаракатланиш тезлиги ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


55. Мунтазам ишлашга мўлжалланган хоналарнинг полларига ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши, мазкур пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши зарур.


56. Бинонинг транспорт воситалари кириш жойларида дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари ўрнатилган бўлиши лозим.


57. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


58. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари энидан ортиқ бўлиши, дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситаларининг баландлигидан камида 0,2 м ортиқ бўлиши зарур.


59. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


60. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки марта (баҳорги ва кузги мавсумда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши зарур.


61. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Бунда хавфли ҳудудлардаги иш жараёни ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши ва у ердаги ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


62. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


63. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши зарур.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


64. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


65. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарига жойлаштириш;

тебраниш манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатиш.


66. Шовқинни техник воситалар билан бартараф этиш имкони бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибдаги ҳимоя воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланган ҳолда ҳимоялаш керак.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига

қўйиладиган талаблар


67. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


68. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


69. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари ўтиш йўлакларининг кенглигига қўйилган талабларни бузмаслиги зарур.


70. Иш жойларидаги ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналардаги ҳаво ҳарорати 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


72. Ходимларнинг исиниши учун мўлжалланган хоналаргача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



14-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


73. Сув таъминоти ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши зарур.


74. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига мувофиқ бўлиши, унинг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


75. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ёки махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.



15-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


76. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш "Табиий ва сунъий ёритиш" ҚМҚ 2.01.05-98 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


77. Ёруғлик тушувчи ойна ва эшиклар турли буюмлар билан тўсиб қўйилмаслиги керак.


78. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши зарур. Ёруғлик тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


79. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарида ёритиш воситаларининг кўзни қамаштиришидан сақлаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


80. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилиши зарур. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


81. Иш жойлари ва хоналарда портлаш хавфи бўлган газ ва чанг концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


82. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёритқичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


83. Кўчириб юрилувчи ёритқичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёритқичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан электр ўтказгичлар қўлланилиши зарур.


84. Авария ёритқичлари бошқа ёритқичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозалаб турилиши лозим.


85. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёритқичлари бўлиши керак.


86. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши зарур.



16-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


87. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


88. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлар, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва бошқа маиший хона ва жиҳозларнинг сони сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши зарур.


89. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


90. Барча маиший иморатлар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғи пайтида ёритилган бўлиши керак.



17-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


91. Ташкилот фаолияти атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


92. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши керак. Ушбу идишлар чиқиндилар бўшатилганда хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.


93. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитни оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.



18-§. Иш вақти ва дам олишга қўйиладиган талаблар


94. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилот томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ишлаб чиқариш жараёнларига қўйиладиган

хавфсизликнинг умумий талаблари


95. Технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 "Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Ишлаб чиқариш жараёнлари. Хавфсизлик бўйича умумий талаблар"га мувофиқ ташкил этилиши керак.


96. Ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни таъминлашда:

ортиқча босимли сув иситиш қозонлари, сув иситгичлар ва қозонларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда мос бўлган технологик жараёнларни қўллаш;

шикастланиш ва касб касалликларига олиб келмайдиган ишлаб чиқариш ускуналарини қўллаш;

назорат-ўлчов асбобларини, аварияларга қарши ҳимоя қурилмаларини ҳамда ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш ва узатиш воситаларини қўллаш;

тезкор ва герметик ишлайдиган беркитувчи ва тартибловчи арматураларни ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини чегараловчи воситаларни қўллаш;

ишлаб чиқариш ускуналарини қулай жойлаштириш ва иш жойларини ташкил қилиш;

портлашнинг олдини олиш ва ёнғиндан ҳимояланишга доир техник ва ташкилий тадбирларни амалга ошириш зарур.


97. Ишлаб чиқариш жараёнида газ хавфи бор ишларни бажариш фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


98. Ортиқча босимли сув иситиш қозонлари, сув иситгичлар ва қозонларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш жараёнларида ёнғин ва портлаш хавфи бор муҳитнинг рухсат этилган чегараси ҳақида хабар берувчи ва қурилмани хавфсиз тарзда тўхтатиб қўядиган ёки жараённи хавфсиз ҳолатга ўтказадиган автоматик ҳимоя тизими режалаштирилиши лозим.


99. Ташкилотларда технологик жараёнларни амалга оширувчи барча ускуналарнинг техник ҳужжатлари (паспорти, чизмаси ва ишлатишга доир қўлланмаси) бўлиши керак.


100. Технологик жараёнларни амалга оширувчи ускуналар кетма-кетлиги блокировка (автоматик тўхтатиб қўйиш) тизими билан таъминланган бўлиши зарур.


101. Технологик ускуналарга ташкилот раҳбари томонидан мазкур ишни бажариш топширилган ходим томонидан хизмат кўрсатилиши лозим. Бегона шахсларнинг ишлаб чиқариш жойларида бўлишларига йўл қўйилмаслиги керак.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлигига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


102. Ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га мувофиқ таъминланиши лозим.


103. Белгиланган тартибда синовдан ўтказилмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқаришда қўллаш тақиқланади.


104. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари лойиҳа ташкилоти томонидан ШНҚ 2.01.19-09 "Бино, хона ва ташқи қурилмаларни портлаш, ёнғин ва ёнғин хавфлилиги тоифаларини аниқлаш"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


105. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


106. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


107. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


108. Ёнғинга қарши сув таъминоти манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


109. Ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд бўлган ускуналар ва иш жойларида очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи ҳамда алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи белгилар бўлиши зарур.


110. Ишлаб чиқариш амалга ошириладиган бўлимларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.


111. Аралашганида портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


112. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва уларга ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


113. Қозонхонада ёнғин (портлаш) юз берганда, ёнғиндан сақлаш хизмати тезда чақирилиб, қозон ҳолатининг назоратини давом эттириш ва ёнғинни ўчириш чоралари кўрилиши лозим.

Қозонхонада ёнғин (портлаш) юз берганда, қозонхона биносининг ташқарисидаги зулфин ёрдамида газнинг келиши тўхтатилиши керак.

Ёнғин қозонларга хавф солаётган бўлса ва уни ўчиришнинг иложи бўлмаса, қозонларни авария тартибида тезда тўхтатиш, унга сув юбориб, ичидаги буғни атмосферага (бино ташқариси) чиқариб юбориш лозим.



3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


114. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларига риоя қилиниши керак.


115. Электр энергиясидан фойдаланадиган ташкилотларда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хавфсизлиги учун масъул ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


116. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса, IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда ташкилотда тузилган электр хавфсизлиги бўйича комиссияда синовдан ўтиши шарт.


117. Электр хавфсизлиги учун масъул ходим:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ҳамда профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини;

электр энергия сарфининг ҳисоби олиб борилишини;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини таъминлаши керак.


118. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.


119. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёритқичлар намликдан, электр двигателлари эса, суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


120. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши зарур.


121. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланилувчи люминесцент ёритқичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


122. Кабеллар ва электр симларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва ўлчаш асбоблари орқали текшириб турилиши керак.


123. Электр аппаратлари ва агрегатларининг ноллаш ва ерга улаш симлари бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши, текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши зарур.


124. Қуйидаги электр қурилмалари нолланиши ёки ерга уланиши лозим:

кучланиши 380 В ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 В ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда ишловчи барча электр қурилмалари;

номинал кучланиши 42 В дан юқори, лекин 380 В дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 В дан юқори, лекин 440 В дан паст ўзгармас токда ишловчи юқори хавфли ташқи қурилмалар.


125. Номинал кучланиши 42 В гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 В гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларини ноллаш ёки ерга улаш талаб этилмайди, металл конструкцияга ўрнатилган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чўлғамалари бундан мустасно.


126. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


127. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун ускуналарнинг ғилофлари, асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


128. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўр билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши лозим.


129. Ташкилотнинг бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши зарур. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорги мавсумда текшириб турилиши, аниқланган носозликлар бартараф этилиши лозим.



4-§. Ишлаб чиқариш жараёнларини бошқариш ва назорат

қилишда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


130. Ташкилот раҳбарияти тегишли хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, қозонларни соз ҳолда сақланишини ва улардан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя қилинишини таъминлаши керак.


131. Ташкилот раҳбарияти даврий равишда (йилда камида бир марта) қозонларнинг ишлашини назорат қилиб бориши лозим.


132. Қозонларнинг техник ҳолати ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида муҳандис-техник ходимлар томонидан амалга оширилади, булар қуйидагилардан ташкил топади:

қозонларни ишчи ҳолатдалигини кўздан кечириш ва улардан фойдаланишда белгиланган тартибга риоя қилинаётганлигини текшириш;

қозонларни техник кўрикдан ўтказиш.


133. Қозонларнинг техник ҳолати ва улардан фойдаланишни назорат қилиш бўйича муҳандис-техник ходимлари:

камчиликларни бартараф этиш бўйича ташкилот раҳбари, цех ва бўлимларнинг муҳандис-техник ходимлари учун бажарилиши мажбурий бўлган топшириқлар бериш;

ташкилот раҳбариятига камчиликларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича тавсиялар бериш;

хизмат ходимлари орасида малакаси етарли бўлмаган ходимлар аниқланганда, шунингдек ходимнинг малака ошириш муддатлари ўтиб кетганда, уни қозонга хизмат кўрсатишдан четлатиш ҳуқуқига эга.


134. Қозонхонага қозонлардан фойдаланиш ва қозонхона ускуналарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган шахсларнинг киришига йўл қўйилмайди. Зарурият туғилганда бегона шахслар қозонхонага фақатгина унинг раҳбари рухсати ва унинг вакили иштирокида киришга рухсат этилади.


135. Қозонларни соз ҳолатда сақлаш ва улардан хавфсиз фойдаланишга масъул этиб тайинланган шахс махсус техник маълумотга эга бўлиши керак.


136. Қозонларни соз ҳолатда сақлаш ва улардан хавфсиз фойдаланишга масъул этиб тайинланган шахс қуйидагиларни таъминлаши керак:

қозонларни ишчи ҳолатдалигини мунтазам кўздан кечириш;

иш кунларида навбатчилик журналидаги қайдларни текшириш;

қозонларни ўз вақтида режали таъмирлашдан ўтказиш ҳамда уларни техник кўрикдан ўтказишга тайёрлаш;

ходимларга тегишли йўл-йўриқлар бериш;

қозон паспорти ва ишлаб чиқарувчи заводнинг қозонларни монтаж қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича йўриқномаларини сақлаш;

қозонхона ходимлари билан авария ва ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказиш;

қозондан фойдаланиш ва таъмирлашда техник ҳужжатлардаги ёзувларнинг тўғрилигини текшириш;

аниқланган носозликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш.



5-§. Қозонларни авария ҳолатида тўхтатишга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


137. Қозонлар қуйидаги ҳолларда дарҳол тўхтатилиши керак:

сақловчи клапанда носозликлар аниқланганда;

қозон барабанидаги босим рухсат этилгандан 10 фоизга ошганда ҳамда унинг ошиши давом этса;

барабандаги сув даражаси йўл қўйиладиган энг паст даражадан кам бўлса;

барабандаги сув даражаси йўл қўйиладиган энг юқори даражадан юқори бўлса;

барча сув насослари фаолияти тўхтаса;

сув ҳарорат кўрсаткичларининг ҳаракати тўхтаса;

қозоннинг асосий қисмларида (барабан, коллектор, камера, буғ ва сув ўтказиш қувурлари, ёнғин қутилари, ўчоқ қопламаси, қувур панжараси, ташқи ажратгич арматура) ёриқ (дарз) пайвандланган жойлардан ўтиш (сув ўтиш) жойлари пайдо бўлса ёхуд анкер болти узилса;

камерада ёқилғи ёнганда олов ўчиб қолса;

сув иситиш қозони орқали ўтувчи сув сарфи минимал даражадан кам бўлса;

хавфсизлик ва автоматик огоҳлантириш тизими носоз бўлса, бу қурилмаларда кучланиш йўқолса;

қозонда ёнғин юз берганда ва ходимлар жароҳатланганда;

қозоннинг меъёрий ҳисобланган ишлаш муддати тугаганда;

қозондаги сувнинг сарфини ўлчайдиган асбоблар ишдан чиқса ёки қозонда 30 сониядан ортиқ вақт давомида ҳар қандай сув оқимлар тўхтатилса;

дудбурон ва тутун вентиляторлари ўчирилганда;

ўчоқда, газ йўли ёки кулни сақлаб турувчи қурилмаларда портлаш юз берса ҳамда ходимлар жароҳатланиши ва ускуналар шикастланишига сабаб бўлса;

қозон четларидаги мазут ва газ қувурлари бузилишида.


138. Қозонни авариявий тўхтатиш тартиби ишлаб чиқариш йўриқномаларида кўрсатилиши керак.

Қозонни авариявий тўхтатиш сабаби навбатчилик журналида ёзиб қўйилиши керак.


139. Қозонхоналарда авария юз берадиган ҳолларда уни тўхтатишда хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги чоралар қўлланилиши зарур:

ёқилғи ва ҳаво келишини тўхтатиб, тутун йўлини тортиш кучини тезда сустлаштириш;

зудлик билан ўчоқдаги ёқилғини олиб ташлаш;

ўчоқда ўт ёниши тўхтагандан кейин тутун заслонкасини, қўл билан ёқиш ўчоқларида эса, унинг эшикчаларини очиб қўйиш;

сақлагич клапанларини кўтариб қўйиш ёки авария жўмраги орқали буғларни чиқариш.


140. Иссиқлик электростанцияларидаги қозонларни авария ҳолатида тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси электр станциялари ва тармоқларини техникавий эксплуатация қилиш қоидалари (рўйхат рақами 1405, 2004 йил 10 сентябрь) талабларига мувофиқ амалга оширилиши зарур.



4-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


141. Асосий ва ёрдамчи ускунани тегишли техник ҳисобларга эга бўлган пойдевор ва асосларга ўрнатиш, мослаш ва ишончли тарзда маҳкамлаш керак.


142. Ускунани монтаж қилиш ишлаб чиқарувчи завод лойиҳаси ва йўриқномасига мос ҳолда бажарилиши зарур.


143. Ускунани монтаж қилиш пайтида лойиҳани ишлаб чиққан ташкилотнинг рухсатисиз чизмаларга ўзгартириш киритиш ёки ундан четга чиқишга рухсат этилмайди.


144. Ускунани демонтаж қилиш вақтида унинг электр юритмаси электр токидан узиб қўйилиши, юритма тасмалари ечиб олиниши, ишга тушириш қурилмаларига эса "Ишга туширилмасин - одамлар ишлаяпти!" деб ёзилган плакатлар осиб қўйилиши лозим.


145. Ускунани электр тармоққа улаш ва ишга тушириш фақат ҳамма ҳимоя ва сақлаш қурилмалари ўз жойига ўрнатилгандан кейин масъул ходим рухсати билан амалга оширилади.


146. Яроқсиз ускунада ишлаш тақиқланади. Узоқ вақт ишлатилмаган ва яроқсиз ускуна барча энергия элтгич ва технологик қувурўтказгичлардан (электр кучланиши, сиқилган ҳаво ва ҳоказолар) узиб қўйилиши лозим.



2-§. Қозонларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда

ҳамда қозонларнинг тузилишига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


147. Буғ ва суюқлик қозонлари қозонхонада алоҳида-алоҳида ўрнатилиши керак.


148. Қозонларни очиқ майдонларга ўрнатганда юқори органик иссиқлик ва иссиқлик совишини олдини олиш чоралари амалга оширилиши керак.


149. Қувурлар ва юқори органик иссиқлик идишлари жойлаштирилган қозонхоналарда қозоннинг совишига олиб келмайдиган ҳарорат таъминланиши керак.


150. Қозонхона биносида қозонларни ўрнатиш жойи эшик қурилмасидан 2 м дан кам бўлмаган баландликда пардевордан ажратилган ҳолда бўлиши керак.


151. Қозонхона биносидаги биринчи қават полининг баландлиги бино атрофидаги ҳудуд баландлигидан паст бўлмаслиги керак.


152. Қозонхонага кириш-чиқиш эшиклари фақат ташқарига очилиши лозим. Эшикларда ичкаридан беркитиладиган мослама бўлмаслиги керак. Қозонхонадан чиқадиган эшиклар қозонлар ишлаб турганда беркитилмаслиги зарур.


153. Ҳар бир қозон учун иситиш юзасини техник кўрикдан ўтказиш ва смолали қатламдан тозалаш графиги белгиланган бўлиши керак.


154. Қозонхона биносида тез алангаланадиган ёқилғи солинган идишлар ҳамда ёнувчи мойлаш материалларининг захирасини сақлашга йўл қўйилмайди.


155. Суюқ ёқилғини ёндиришда форсункалардан томадиган ёқилғини қозонхона полига туширишга йўл қўйилмайди.


156. Суюқ ёқилғи келадиган ўтказгич қувурларига зарур ҳолларда қозонларга боришини тўхтатадиган беркитиш жўмраклари ўрнатилиши зарур.


157. Қозонхонада фавқулодда вазиятлар учун овозли сигнализация тизими, ташкилот раҳбарияти ва буғ истеъмолчилари билан алоқа ўрнатиш учун алоқа воситалари бўлиши зарур.


158. Қозонлар ишлаб турганда қуйидагилар тақиқланади:

ўчоқда ёниш жараёни тугаб, босим атмосфера босими даражасига тушмагунча қозонни қаровсиз қолдириш;

қозоннинг босим остидаги элементларида таъмирлаш ишларини ўтказиш;

навбатчиликда турган машинистга (ўт ёқувчига) унинг ишлаб чиқариш йўриқномасида кўзда тутилмаган ишни бажаришни топшириш.


159. Қозонларнинг ишлаши тўхтатилганда, зудлик билан ўчоққа ёқилғи ва ҳаво беришни тўхтатиш, мўрилар ва шамоллатгичларни беркитиш орқали тутун сўрилишини тўхтатиш ҳамда барча ҳаво ва газ заслонкаларини беркитиш зарур.


160. Қозонга ва қозоннинг қурилмаларига улардан фойдаланишга рухсати бўлмаган шахсларнинг қўйилиши тақиқланади.


161. Қозон конструкциясининг қурилмалари уларнинг бузилишини олдини олиш учун анкерли болталар билан маҳкамланиши керак.


162. Қозон барабанида ички қурилмаларни мустаҳкамлаш учун пайвандланган бирикмалардан фойдаланиш лозим.


163. Қозон тузилиши унинг барча қисмларининг бир хилда иситилиши ва меъёрий ишлаш тартибини таъминлаши лозим. Бунда қозоннинг алоҳида қисмлари иссиқликдан кенгайишини ҳисобга олиш керак.


164. Қозонда табиий ҳаво айланиши учун ўрнатилган қурилмада барабандан ташқарида жойлаштирилган илгакка тиргак маҳкамланган бўлиши керак.


165. Қозоннинг тузилиши босим остидаги барча қисмлардан қозон сув билан тўлганда ҳавони чиқариш имкониятига эга бўлиши керак.



3-§. Қозонларнинг қурилмаларига қуйиладиган

хавфсизлик талаблари


166. Қозонхона қурилмалари ҚМҚ 2.04.13-99 "Қозонхона қурилмалари" талабларига мувофиқ бўлиши зарур.


167. Қозонхона қурилмаси қисмларини техник кўрикдан ўтказиш, тартибга солиш, созлаш пайтида фойдаланиладиган, ечиб олинадиган ускуналарини жипс ўрнатиш учун уларга бўёқ ёки лак суртиш тақиқланади.


168. Қозонхона қурилмасининг конструкцияси уни монтаж қилишда, синаш ва таъмирлашда ҳамда хизмат муддати давомида ишлатишда хавфсизликни таъминлаши лозим. Тўсиқларнинг ғилоф ва эшикларида уларнинг ишончли берк ҳолатда туришини таъминлайдиган мосламалар бўлиши шарт.


169. Қозондаги сув сатҳини кўрсатувчи ускуна ясси, силлиқ ёки қўтир шаффоф шиша пластинкадан иборат бўлиб, камида 80 мм ли кўриш тирқишига эга бўлиши зарур. Мазкур кўриш тирқиши кўпи билан 2 м баландликда, олд томонга кўпи билан 30° қия қилиб, тик ҳолатда ўрнатилиши лозим.


170. Қозонга умумий буғ ўтказиш қобилияти қозоннинг бир соатлик унумдорлигидан паст бўлмаган камида иккита буғ сақлагич клапанлар ўрнатилган бўлиши керак.


171. Сақлагич клапанлари хизмат кўрсатувчи ходимларнинг тегиб кетишидан ҳимояловчи тўсиқларга эга бўлиши лозим.



4-§. Туйник, тирқиш, қопқоқ ва ўтхона эшикларидан

фойдаланишда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


172. Барабан ва коллекторларнинг туйнуклари:

айлана эллипс ёки овал шаклда бўлиши;

айлана диаметри 400 мм дан кам бўлмаслиги;

эллипс ёки овал туйнук ўқининг ўлчами 300 х 400 мм дан кам бўлмаслиги;

туйнук қопқоғининг оғирлиги 30 кг дан ортиқ бўлиши ва асбобни қулай очиш ва ёпишни таъминлаши керак.

Ички диаметри 150 мм дан ортиқ бўлган коллекторларда ички сиртини тозалаш ва техник кўрикдан ўтказиш учун эллипс ёки айлана шаклдаги 80 мм дан кам бўлмаган ўлчамдаги туйнуклар назарда тутилиши керак.


173. Ўчоқ ва газ йўли деворида иситишни назорат қилиш, иситиш юзаси ҳолати, шунингдек барабан ва коллекторларининг иситиш қисмлари изоляцияси учун туйнук ва кўзгу назарда тутилиши керак.

Тўғри бурчакли туйнуклар ўлчамлари 400 - 450 мм дан, айлана туйнуклар диаметри 450 мм дан кам бўлмаслиги керак ва қозон қисмларини техник кўрикдан ўтказиш учун унинг ичига кириш имкониятини таъминлаши керак. Иссиқлик қувурлари ва газ қувурли қозонлар бундан мустасно.


174. Эшиклар ва туйнуклар, қопқоқлар ва тирқишлар мустаҳкам бўлиши ҳамда ўз-ўзидан очилиб кетмаслиги керак.



5-§. Қозон қурилмаларидан фойдаланишда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


175. Ёқилғи камерали куйдириш ёки торф тахта қириндиси ва бошқа майда ишлаб чиқариш чиқиндиларини ёқувчи шахта ўчоқ билан жиҳозланган қозонлар портлашдан сақловчи қурилмалар билан таъминланиши керак. Бу қурилмалар қозон экономайзери ва кулини йўқотиш қурилмалари жойлашган ўтхона деворларида ўрнатилиши керак. Портлашдан сақловчи қурилмалари ходимларнинг жароҳат олишига олиб келмайдиган ҳолда ўрнатилиши керак.


176. Портлашдан сақловчи қурилмаларнинг тузилиш, миқдори, жойлашиши ва шартли кесими ўлчамлари қозон лойиҳасида кўрсатилган бўлиши керак.


177. Қозон утилизаторида қозонга тутун чиқувчи, газларни узатишни тезда ўчириш имконини берувчи, беркитувчи қурилмалар бўлиши керак. Беркитувчи мосламаларни қозонхона биносидан ташқарида жойлаштиришда, улар қозонхона ходими томонидан иш жойидан (масофадан) бошқариш имконини берадиган ҳолда ўрнатилиши керак.


178. Қаттиқ ёки газ ҳолатидаги ёқилғида ишлайдиган бойлер қозонлар улардаги сувнинг циркуляцияси тўхтаб қолганда ўчоққа ёқилғи узатишни автоматик равишда тўхтатувчи қурилма билан жиҳозланган бўлиши зарур.


179. Барабандан ташқарида жойлаштирилган ва табиий сувнинг циркуляцияси бўйича уланган бойлер қувурлар иссиқликдан эркин кенгайишига халақит бермайдиган, уни қозон билан туташтирувчи ва ундаги гидравлик зарбаларни компенсацияловчи тутқичлар (тиркамалар) ёрдамида ўрнатилиши керак.


180. Чўян экономайзерларда сув, газ ва тутун йўллари ўчирилиш имкониятига эга бўлиши лозим. Бунда газ тутунларини чиқариш учун бошқа айланма тутун йўли бўлиши лозим.


181. Экономайзерлар иккита параллел уланган тўйинтириш қисмлар ёрдамида уланганда қозонни экономайзернинг битта қисми орқали тўйинтириш имконияти инкор қилиниши лозим. Экономайзернинг ҳар бир тўйинтириш қисми газдан мустақил ўчирилиш имконияти мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.


182. Чўян экономайзернинг чиқиш жойидаги сувнинг ҳарорати буғ қозонидаги тўйинган буғ ёки сув иситиш қозонидаги мавжуд ишчи босимдан буғ ҳосил қилиниш ҳароратидан камида 20 °С паст бўлиши керак.



6-§. Қозон таги ва қувур панжараларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


183. Қозоннинг таги қавариқ ярим шар ёки эллипс ёхуд торосферик шаклда бўлиши керак.


184. Қозон тагининг эллипс, торосферик ва ясси туб қисми цилиндрик ёндеворга эга бўлиши керак.


185. Пайвандланган бирикмаларининг тузилиши ва уларнинг жойлаштирилиши иситиш қурилмаларининг эркин ўрнатилишини таъминлаши керак.


186. Пайвандланган бирикмаларнинг кесилишига йўл қўйилмайди.


187. Ёнма-ён жойлашган пайвандланган бирикмалар ўқлари орасидаги минимал масофа пайвандланган детал номинал қалинлигидан кам бўлмаслиги керак, аммо девор қалинлиги 8 мм дан юқори бўлганда камида 100 мм ҳамда девор қалинлиги 8 мм ва ундан кам бўлганда эса, камида 50 мм бўлиши керак.


188. Қозонни пайвандлаб бириктиришда тиргаклар бир-бирига тегиб турмаслиги керак. Пайвандланган бирикма ости (усти)да тиргаклар жойлаштирилганда, фойдаланиш жараёнида тиргаклардан бирикмагача бўлган масофа уларнинг ҳолатини назорат қилиш учун етарли узоқликда бўлиши керак.

Пайвандланган бирикмаларнинг кесишиш ва қаршилик жойи тиргак билан қайта ёпилишига йўл қўйилмайди.


189. Пайвандланган бирикманинг ён томонидан қувур тирқишининг унинг ўқигача бўлган масофа тирқиш диаметрининг 0.9 баробаридан кам бўлмаслиги керак. Айрим ҳолларда, пайвандланган бирикмада қувур ёки штуцер маҳкамлаш учун тирқиш диаметрининг 0.9 баробаридан кам бўлишига йўл қўйилади.


190. Иккита ёнма-ён тирқиш марказлари орасидаги масофа тирқиш диаметрининг 1.4 баробаридан кам бўлмаслиги, агар тирқишларнинг диаметри турлича бўлса тирқишлар диаметрининг йиғиндиси ярмининг 1.4 баробаридан кам бўлмаслиги керак.

Узунасига ёки кўндаланг қаторда тирқишларни жойлаштиришда кўрсатилган масофа 1.3 баробаргача камайтирилиши мумкин. Қувурлар коллектор панелига эга бўлганда тирқиш диаметрини 1.2 баробаргача камайтириш лозим.



7-§. Ҳимоя-олдини олиш мосламаларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


191. Босими 4 МПа (40 kgf/kv.cm) дан катта бўлган буғ қозонларида импульсли ҳимоя-олдини олиш (ҳимоя) клапанлари ўрнатилиши лозим. Кўчма қозон ва 35 t/h дан кам буғ ишлаб чиқарувчи буғ қозонларида эса, фақат пружинали ҳимоя-олдини олиш клапанлари ўрнатилади.

Ричаг (пишанг, дастак) юк ва пружинали клапанларнинг шартли ўтиш диаметри 20 мм дан кам бўлмаслиги лозим.

Босими 0,8 МПа (8 kgf/kv.cm), пар ишлаб чиқариш ҳажми 0,2 t/h гача бўлган иккита клапан ўрнатилган буғ қозонларида шартли ўтиш диаметри 15 мм гача камайтирилишига рухсат этилади.


192. Буғнинг қаттиқ қизишидан ўчувчи муҳитда ишловчи буғ ва сув иситиш қозонларининг ҳар бирида камида иккитадан ҳимоя-олдини олиш мосламалари ўрнатилиши лозим.


193. Импульсли клапан билан импульсли ҳимоя мосламалари ҳимоя-олдини олиш бош клапанини бирлаштирувчи қувурнинг шартли диаметри 15 мм дан кам бўлмаслиги лозим.


194. Буғ қозонларида ўрнатилган профилактик мосламаларининг ўтказиш қобилияти қозон буғ ишлаб чиқаришининг номинал имкониятидан кам бўлмаслиги керак.


195. Ҳимоя-олдини олиш мосламалари:

табиий циркуляцияли буғни қаттиқ буғ иситиш мосламаси ўрнатилмаган буғ қозонларининг юқори барабани ёки қуруқ буғхонасида;

тўғридан-тўғри оқизувчи ва мажбурий циркуляцияли буғ қозонларида уларнинг чиқиш коллекторлари ёки буғнинг чиқиш йўлагида;

сув иситиш қозонларида чиқиш коллекторлари ёки барабанида;

оралиқ қаттиқ буғ иситкичларида буғнинг кириш тарафида;

сув бўйича ўчирилувчи экономайзерларда, сувнинг кириш ва чиқиш ўрнида ўрнатилиши лозим.


196. Қозонда ўчирилмайдиган қаттиқ буғ иситкич мавжуд бўлса, барча ҳимоя-олдини олиш клапанлари қаттиқ буғ иситкичнинг чиқиш коллекторида ўрнатилиши керак.


197. Босими 4 МПа (40 kgf/kv.cm) дан кўп бўлган буғ қозонларида импульсли ҳимоя-олдини олиш клапанлари (тўғридан-тўғри таъсир этмайдиган) ўчирилмайдиган қаттиқ буғ иситкичнинг чиқиш коллекторида ёки асосий қулфли буғ ўтказгичда ўрнатилган бўлиши лозим.

Бир хил клапанлар сони тоқ бўлган ҳолатларда импульслар учун олинадиган буғ қозонда ўрнатилган клапанларнинг 1/3 дан кам ва 1/2 дан кўп бўлмаслиги лозим.

Блокли қурилмаларда, клапанлар бевосита буғ ўтказгичдаги турбина ёнида жойлаштирилган ҳолларда, барча клапанлар импульси учун қаттиқ қиздириб юборилган буғ ишлатилишига йўл қўйилади. Бунда, 50 фоиз клапанларга, қозон барабанига бириктирилган контактли манометрлардан қўшимча электр импульси юборилиши керак.

Бир хил клапанлар сони тоқ бўлган ҳолатларда қозон барабанига бириктирилган контактли манометрлардан юбориладиган қўшимча электр импульси клапанларнинг 1/3 дан кам ва 1/2 дан кўп бўлмаслиги лозим.


198. Юқори босимли турбина цилиндридан кейин турувчи буғни оралиқ масофада иситувчи энергетик блокларда оралиқ буғ иситкичга келаётган буғнинг максимал ҳажмини ўтказиш имкониятига эга ҳимоя-олдини олиш клапанлари ўрнатилиши лозим.

Бу клапанлар оралиқ буғ иситкич тизимига кираверишдаги (ҳимоя-олдини олиш клапанлари билан жиҳозланмаган) оралиқ буғ иситкич тизими билан бир мунча юқори босимга эга манбани боғловчи қувур ўтказгичларнинг ўтказиш ҳажмини, шунингдек буғ ва газ-буғли иссиқлик алмашуви аппаратларидаги ҳароратни мувофиқлаштирувчи, юқори босимли буғ қувурларининг шикастланишидан юзага келадиган йўқотишларни инобатга олган ҳолда ўрнатилишлари лозим.


199. Ҳимоя-олдини олиш клапанлари ҳар йилда созланиб турилиши лозим ва бу ҳақида далолатнома тузилиб, муҳр (пломба) қилиниши керак.


200. Ҳимоя-олдини олиш клапанлари қозон, буғ иситкич ва экономайзерларни рухсат этилган босимнинг кўпи билан 10 фоиздан ошмаслигини таъминлаши керак.


201. Юкли ёки пружинали клапан конструкцияси қозон ишлаб турган вақтда клапаннинг ишлаётган ёки ишламаётганлигини, уни мажбурий очиш йўли билан текшириш имкониятини ҳам назарда тутиши лозим. Бошқарув шитидан (масофадан туриб) клапанни мажбурий очиш имкониятини берувчи мослама жиҳозланган бўлиши лозим.


202. Пружинали клапанлар конструкцияси унинг белгиланган меъёридан ортиқ чўзилишига йўл қўймаслиги лозим. Клапанлар пружинаси буғ оқимининг тўғридан-тўғри таъсир қилишидан ҳимояланган бўлиши керак.


203. Ҳимоя-олдини олиш клапанлари, улар билан ишловчи ходимларни куйишдан эҳтиёт қилиш учун, буғни четга олиб чиқувчи қувурўтказгичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу қувурўтказгичлар музлашдан ҳимояланган бўлиши ҳамда уларда тўпланган конденсатни чиқариб юбориш учун мосланган дренажлар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Дренажларга беркитиш ёки тиқилтириш мосламалари ўрнатилишига йўл қўйилмайди.


204. Сув иситиш қозони, экономайзерлар ҳимоя-олдини олиш клапанларидан сувни чиқариб юборувчи қувур сувнинг эркин сизиб чиқиш тармоғи (чизиғи)га уланиши лозим. Унда ҳам, эркин сизиб чиқиш тармоғида ҳам ҳеч қандай беркитиш ёки тиқилтириш мосламалари бўлмаслиги лозим. Сувни чиқариб юборувчи қувур тизимлари ва эркин сизиб чиқиш мосламалари ходимларни куйдириб қўйишининг олди олиниши лозим.



8-§. Сув сатҳи кўрсаткич мосламаларига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


205. Қозонда тўғри таъсир этувчи сув сатҳини кўрсатиш мосламалари ўрнатилган бўлиши лозим (тўғридан тўғри оқувчи буғ қозонлари бундан мустасно). Уларни такрорловчи сифатида қўшимча тўғри таъсир этувчи сув сатҳини кўрсатиш мосламалари ўрнатилиши керак.


206. Ҳар бир сув сатҳи кўрсаткичи қозон барабанига мустақил уланиш имкониятига эга бўлиши керак. Боғланиш қувури (колонкаси)да диаметри 70 мм дан кам бўлмаган иккита сув сатҳи кўрсаткичи ўрнатилиши лозим.


207. Сув сатҳи кўрсаткичларини қозон билан уловчи қувурлар шакли (конфигурацияси) уларда сувли қоплар шаклланишига йўл қўймаслигини ҳамда қувурларнинг осон тозаланишини таъминлаши лозим. Боғлаш қувурлари ёқилғини ёндирувчи маҳсулотлар ёниши сабабли келиб чиқадиган қизиб кетишдан ҳамда музлашдан ҳимояланган бўлиши лозим.


208. Буғ қозонларининг тўғридан-тўғри таъсир этувчи сатҳ кўрсаткичларида фақат текис, ичини кўриб туриш имконини берувчи пластиналар қўлланиши керак.

Ишчи босими 4 МПа (40 kgf/kv.cm)гача бўлган қозонларда ўйилган, қават-қават чизиғи бор пластиналар ҳам, ҳар икки томони силлиқ пластиналар ҳам қўлланилишига йўл қўйилади.

Ишчи босими 4 МПа (40 kgf/kv.cm)дан кўп бўлган қозонларда эса, ҳар икки томони силлиқ шаффоф минерал (слюд)ли пластина ёки пластиналар тўплами қўлланилади. Улар пластиналарга сув ва буғнинг бевосита таъсир этишидан ҳимоялаб туриши лозим.

Шаффоф минерал билан қопланмаган кўриш пластиналарнинг материали тегишли босим ва ҳароратда сув ва буғ туфайли занглашга нисбатан чидамли бўлса, улардан ҳам фойдаланилади.

Очиқ ҳолда ўрнатилган утилизатор ёки энерготехнологик қозонларнинг тўғридан-тўғри таъсир этувчи сатҳ кўрсаткичларида ҳар икки томони шаффоф минераллар билан ҳимояланган шаффоф минералли ёки ойнали пластиналар қўлланилиши керак. Сатҳ кўрсаткичлари иситиладиган шкафларга ўрнатилган ҳолларда ойнали пластиналардан фойдаланилади.


209. Тўғридан-тўғри таъсир этувчи сув сатҳи кўрсаткичлари вертикал ёки 30° гача олдига эгилган ҳолатда ўрнатилиши ва у шундай жойлашган ва ёритилган бўлиши керакки, зарур бўлганда уни машинист (оператор)нинг иш жойидан бемалол кўриш имконияти бўлиши лозим.


210. Ишчи босими 4 МПа (40 kgf/kv.cm)дан кўп бўлган қозонларда тўғридан-тўғри таъсир этувчи сув сатҳи кўрсаткичлари махсус ғилоф билан қопланиб, шаффоф пластиналар ёрилган, бузилган ҳолатларда ишчи ходимларни ҳимоялашга хизмат қилиши лозим.


211. Сув сатҳи кўрсаткичлари кўриш дарчасининг кенглиги қуйидагича бўлиши керак:

шаффоф ойнали пластиналар қўлланганда - 8 мм дан кам бўлмаслиги;

шаффоф минерал (слюдян)ли пластиналар қўлланганда - 5 мм дан кам бўлмаслиги керак.


212. Сув сатҳини кўрсатувчи мосламалари уларни қозондан ўчириш ва ҳаво босимида тозалаш учун мўлжалланган беркитувчи арматура билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Беркитиш арматурасида уни очиш ва ёпиш йўналиши, кранда эса, ўтказиш туйнукининг жойлашган жойи аниқ кўрсатилган (ўйилган ёки бўёқ билан чизилган) бўлиши керак. Беркитиш арматурасининг ўтказиш туйнукининг ички диаметри 8 мм дан кичик бўлмаслиги лозим.

Сув сатҳини кўрсатувчи мосламаларни ҳаво босими ёрдамида тозалаш пайтида у сувни тўкиб ташлаш учун ҳимоя воситасига эга бўлган ва труба орқали сувни эркин тўкиш имкониятини яратувчи воронка билан жиҳозланган бўлиши лозим.


213. Барабандаги ишчи босим 4,5 МПа (45 kgf/kv.cm)дан кўп бўлган ҳолларда сув сатҳини кўрсатувчи мосламалар уларни қозондан ўчирувчи ўзаро кетма-кет жойлашган беркитувчи қисмлар билан жиҳозланиши зарур.

1,3 МПа (13 kgf/kv.cm)гача ишчи босимга эга қозонларда беркитиш мосламаси сифатида конуссимон беркитгич кранлардан фойдаланилади.


214. Сув иситиш қозонларида, барабаннинг юқори қисмига жойлаштирилган синов крани ҳам кўзда тутилади. Барабан йўқ бўлган ҳолларда, сувнинг қозондан магистраль қувурга чиқаверишида беркитиш мосламасигача ўрнатилиши керак.


215. Сув сатҳи кўрсаткичи шаффоф элементининг баландлиги ҳар икки томонидан рухсат этилган меъёрнинг камида 25 мм юқорисида бўлиши керак.


216. Бир неча алоҳида сув кўрсаткичли пластинадан иборат сув сатҳи кўрсаткичлар шундай ўрнатилишлари лозимки, улар қозоннинг доимий равишдаги сув сатҳини кўрсатиб туриши лозим.


217. Қозон назорат қилиб турилган майдончадан тўғридан-тўғри таъсир этувчи сув сатҳи кўрсаткичигача бўлган масофа 6 м дан кўп бўлса, шунингдек мосламаларни кўриш имконияти суст бўлган ҳолатлар қайд этилганда, иккита пасайтирилган масофали сатҳ кўрсаткичлари ўрнатилиши лозим. Бундай ҳолатларда қозон барабанларига бир дона тўғридан-тўғри таъсир этувчи сув сатҳи кўрсаткичини ўрнатиш керак.

Утилизатор ва энерготехнологик қозонлар учун масофали сув сатҳи кўрсаткичлари қозонни бошқариш пультида ўрнатилиши лозим.



9-§. Беркитиш ва бошқариш арматурасига

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


218. Қозон ёки унинг қувурларига жойлаштирилаётган арматура корпусида аниқ маркировка бўлиши ва унда:

ишлаб чиқарувчи ташкилот номи ёки товар белгиси;

шартли ўтиш йўли;

шартли босим ва муҳит ҳарорати;

муҳит оқими йўналиши кўрсатилган бўлиши лозим.

Махсус техник шартлар бўйича арматура тайёрланганда шартли босим ўрнига иш босими кўрсатилади.


219. Арматура маховикларида уни очиш ва ёпиш вақтидаги айланма ҳаракат йўналиши ҳамда қозонларни ўраш чизмасига мувофиқ зулфин рақами кўрсатилган бўлиши лозим.


220. Арматуранинг тури, сони ва ўрнатиш жойи қозон лойиҳасида ишончлиликни таъминлайдиган ҳолда кўрсатилиши керак.


221. Сувнинг қозонга киришида сувнинг қозондан чиқишини олдини олувчи қайтарма клапан ва беркитиш мосламаси жойлаштирилиши лозим.


222. Сув иситиш қозонларида сувнинг қозонга кириш ва чиқиш ерида, ҳар бирига бир донадан беркитиш органи жойлаштирилиши лозим.


223. Ишчи босими 0,8 МПа (8 kgf/kv.cm)дан кўп бўлган қозонларда ҳар бир ҳаво пуркаловчи ва дренаж қувурларда, шунингдек сув ёки буғ намунаси олинадиган қувурда камида иккита беркитиш мосламаси ёки бир дона беркитиш ва бир дона бошқариш мосламаси жойлаштирилиши лозим. Ишчи босими 10 МПа (100 kgf/kv.cm)дан кўп бўлган қозонларда (айнан уларнинг қувурларида) қўшимча равишда дроселли шайбалар ўрнатилишига рухсат этилади. Буғ иситкич камераларига ҳаво пуркаш учун бир дона беркитиш мосламасидан фойдаланиш мумкин. Ишчи босими 14 МПа (140 kgf/kv.cm)гача бўлган қозонлар учун ҳаво пуркаш қувурлари ва уларга ўрнатилган арматуранинг шартли ўтиш ўрни 20 мм дан кам бўлмаслиги ва босими 14 МПа (140 kgf/kv.cm) ва ундан ортиқ бўлган қозонлар учун эса, арматуранинг шартли ўтиш ўрни 10 мм дан кам бўлмаслиги лозим.


224. Қозон, буғ иситкич ва экономайзерларнинг барча ўтказиш қувурларида арматуранинг учма-уч келган жойи (уланиш жойи)дан пайвандланиши ёки фланец ёрдамида уланиши лозим. 1 t/h гача буғ ишлаб чиқарувчи қозонларда, тўлдирилган буғ иш босими 0,8 МПа (8 kgf/kv.cm) ва 25 мм гача бўлган ўтиш шароитида резбали арматураларни улашга йўл қўйилади.


225. Арматура уни бошқариш қулай бўлиши учун, имкон қадар қозонга яқин уланиши лозим.

4 t/h дан кўпроқ буғ ишлаб чиқаришга қодир бўлган буғ қозонларининг асосий буғ беркитиш органлари масофадан бошқариш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши ва унинг бошқаруви қозон машинистининг иш ўрнига чиқарилган бўлиши лозим.


226. Ҳар бир қозоннинг истеъмол чизиғида бошқарилувчи арматура жойлаштирилиши лозим.

Қозоннинг истеъмол қилиниши автоматик тарзда бошқарилганда қозон машинистининг иш ўрнидан бошқарилиши кўзда тутилган масофали қурилма (узатма) ўрнатилиши лозим.


227. Умумий тортиш ва босим бериш сув қувурларига эга бўлган бир неча истеъмол насослари ўрнатилганда, ҳар бир насоснинг тортиш қисмида ҳам, босим бериш қисмида ҳам беркитиш мосламалари жойлаштирилиши лозим. Марказдан қочирма насоснинг босим берувчи тарафидан беркитиш органигача бўлган масофада қайтарма клапан ўрнатилиши зарур.



10-§. Қозонларни сув билан таъминлаш ускуналарига

ҳамда насослардан фойдаланишга қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


228. Умумий магистралга уланадиган таъминот насослари бир вақтнинг ўзида ишлашига йўл қўядиган тавсифга эга бўлиши лозим.


229. Қозонларни сув билан таъминлаш учун:

электр ўтказгичли марказдан қочирма ва поршенли насослар;

буғ ўтказгичли марказдан қочирма ва поршенли насослар;

буғ инжекторлари;

қўл ҳаракати билан ўтказилувчи насослар;

ичимлик суви тармоғидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Ичимлик суви тармоғидан фақат захира таъминот манбаи сифатида қозонларни тўлдириш учун фойдаланишга йўл қўйилади. Бунда сув тармоғидаги, қозоннинг бошқариш органи олдидаги сув минимал босими қозонлар учун рухсат этилган ёки белгиланган меъёрдан камида 0,15 МПа (1,5 kgf/kv.cm)дан ортиқ бўлиши лозим.


230. Ҳар бир таъминловчи насос ёки инжектор қобиғи (корпуси)да махсус ёрлиқ қотирилиб, унда:

маҳсулот ишлаб чиқарувчи ташкилот номи;

завод рақами;

сувнинг номинал ҳароратда узатиладиган номинал меъёри;

марказдан қочирма насослар учун бир минутда айланишлар сони;

поршенли насослар учун бир минутдаги юришлар сони;

насос олдидаги сувнинг номинал ҳарорати;

номинал узатишдаги максимал босим (напор) кўрсатилиши керак.

Насослар ҳар бир капитал таъмирлашдан кейин уланинг босими ва узатиш кучини аниқлаш учун синовдан ўтказилиши, синов натижалари далолатнома асосида расмийлаштирилиши керак.


231. Насос юқори босим остида ишлаганда қозон таъминотида содир бўлиши мумкин бўлган узилиш (танаффус)лар олди олиниши лозим.


232. Қозонларни сув билан таъминлаш қувуридаги беркитиш жўмраги ва профилактик клапани йўқ бўлганлиги сабабли, сув қувури билан белгиланган босимни кучайтирувчи поршенли насос оралиғида профилактик клапан ўрнатилган бўлиши лозим.


233. Қозонни тўлдириш учун алоҳида схемада камида иккита тўлдирувчи насос (биттаси - ишчи, иккинчиси - захира) ўрнатилиши керак. Насослар иккита алоҳида электр қувватлантириш манбадан таъминланиши керак.


234. Тўлдириш насосларининг миқдори схемада шундай ҳисоб-китоб қилиб танланиши керакки, энг кучли насос тўхтаб қолган тақдирда барча қозонлардаги номинал буғ қуввати 110 фоиздан кам бўлиб қолмаслиги керак.


235. Суюқлик қозонлари учун камида иккита электр ўтказгичли айлантирувчи насослар билан жиҳозланиши (шу жумладан, биттаси захирадаги насос) керак. Ушбу насосларда сув узатиш ва босим шундай танланиши керакки, қозондаги иссиқлик айланишининг керакли тезлиги тушмаслиги лозим.

Суюқлик қозонлари автоматик қурилмали айланиш линияси билан жиҳозланиши керак. У истеъмолчи тўлиқ ёки қисман ўчирилганда қозон орқали доимий иссиқлик сарфи ўтишини таъминлаши керак.


236. Иссиқликни мажбурий узатиш тизимига эга бўлган буғ қозонлари ва суюқлик қозонлари электроэнергия ўчирилганда ёқилғи узатишни қисқартирадиган автоматик ҳимоя воситалари билан жиҳозланиши керак. Иккита алоҳида манбадан электродвигатель насосларини тўлдиришда бир манбани иккинчисига уловчи қурилмалар билан жиҳозланиши керак.



11-§. Сақлагич клапанларга қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


237. Ҳар бир қозонда камида иккита сақловчи клапан ўрнатилиши керак.


238. Сақлагич қурилмаларнинг ўтказиш қобилияти миқдори буғ қозонидаги номинал қувватдан кам бўлмаслиги керак.


239. Ричаг-юк сақловчи клапанлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


240. Сақлагич клапаннинг шартли ўтказиши 25 мм дан кам ва 150 мм дан юқори бўлмаслиги керак.


241. Қозонлар (идишлар) ва сақловчи клапанлар орасига уч устунли вентил ёки бошқа қурилмаларни ўрнатиш ишлари барча сақловчи клапанларни бир вақтда ўчириш имконияти бўлгандагина бажарилиши лозим. Бир ёки бир нечта сақловчи клапанлар ўчирилганда, қолганлари керакли ўтказиш миқдорини таъминлаши керак.


242. Сув қайнаганда (юқори ҳароратгача иситилганда) сақловчи клапанлардан буғ ёки суюқлик тарқалиши конденсат қурилмалари орқали амалга оширилади. Бунда қаршилик босими 0,03 МРа (0,3 kgf/kv.cm) дан ошмаслиги керак.


243. Қозон ўчирилганда сув остидаги қувурларнинг қотиб қолишини олдини олиш учун, улар иситувчи қурилмалар билан жиҳозланиши керак.



12-§. Автоматик ҳимоя воситаларига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


244. Қуйидаги ҳолларда қозоннинг автоматик ҳимоя воситалари (овозли ва чироқли огоҳлантириш мосламалари) ишлаши таъминланиши керак:

иссиқлик даражаси рухсат берилган энг кам даражадан паст бўлганда;

иссиқлик даражаси рухсат берилган энг кўп даражадан юқори бўлганда;

иссиқлик ҳарорати лойиҳада кўрсатилган миқдордан ошиб кетса;

иссиқлик босими лойиҳада кўрсатилган миқдордан юқори бўлса;

кенгайган идишдаги иссиқлик даражаси йўл қўйиладиган паст миқдордан камайганда;

паспортда кўрсатилган суюқлик қозони ёки минимал буғ қувватига эга буғ қозонлари орқали ўтувчи иссиқлик сарфи минимал миқдорга етганда;

горелка олдидаги газ хусусиятли ёқилғининг босими йўл қўйилмайдиган даража ошганда ёки ундан камайганда;

ротацион горелкадан ташқари горелкалар олдидаги суюқ ёқилғи босими меъёридан камайганда;

ўчоқдаги олов йўли йўл қўйиладиган миқдордан камайганда;

мажбурий ҳаво ўтказгичли горелка олдидаги ҳаво босими меъёридан камайганда;

горелкада олов ўчганда.


245. Бошқарув занжирида ишда авария ҳолатини келтириб чиқарувчи нуқсонлар пайдо бўлганда, шунингдек гидравлик, пневматик ва электроэнергия ўчиргичларида автоматик ҳимоя тизими ёқилиши, иситиш ўчирилиши ва рангли ҳамда овозли огоҳлантириш мосламалари ёқилиши керак.


246. Огоҳлантириш тизимида электр-энергия йўқолганда автоматик ҳимоя ёқилиши, қозонни иситиш ўчирилиши ва қўшимча огоҳлантириш тизими ёқилиши керак.



5-БОБ. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий хавфсизлик талаблари


247. Ускуналар уларнинг техник ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳолда сақланиши лозим.


248. Ускуналарни зарур техник ҳолатда сақлаб туриш учун унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-профилактик таъмирлашнинг бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши зарур.


249. Технологик жараёнда қўлланиладиган асосий асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш ташкилот томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган дастурга мувофиқ амалга оширилиши керак.


250. Капитал ва жорий таъмирлаш дастурларида таъмирлашни ўтказиш учун масъул шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари белгиланиши лозим.


251. Таъмирлаш ишларини ўтказишда бажариладиган ишларнинг технологик кетма-кетлиги акс эттирилган таъмирлаш ҳужжатлари расмийлаштирилган бўлиши ва уларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

ишларни бажариш усуллари ва услублари;

амалга оширилиши лозим бўлган хавфсизлик чоралари ва махсус технологик жараёнлар;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомларнинг турлари;

таъмирланган ускуналар ва уларнинг қисмлари техник талабларга жавоб бериши ҳақидаги ҳужжатлар.


252. Пудратчи ташкилотлар томонидан бажариладиган таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


253. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.


254. Таъмирлаш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган масъул ходим раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


255. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ва у ерда хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


256. Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин унда иштирок этадиган барча ходимлар таъмирлаш ишларини ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва уларга таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқ берилиши зарур.


257. Таъмирлаш жараёнида ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


258. Таъмирлаш пайтида иш жойлари, йўллар ва зинапояларни турли буюмлар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


259. Қисмларга ажратиш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган компрессорлар бошқа барча технологик қувурлар ва ўтказгичлардан узиб қўйилиши лозим.


260. Сиғимлар, бункерлар ва бошқа чуқур жойларда ишлаётган ходим маҳкамланган қутқарув арқонига эга бўлиши, арқоннинг иккинчи учи ташқарига чиқарилган ва кузатувчи назорати остида бўлиши керак.


261. Таъмирлаш ишларини баландликда бажаришда ҳавоза ва тахта тўшамалардан фойдаланиш зарур.


262. Ҳавоза ва тахта тўшама ўрнатишнинг имкони бўлмаса, ходимлар баландликда ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонлардан фойдаланишлари шарт. Эҳтиёт камарлари ва арқонлар маҳкамланадиган жойлар конструкцияларда олдиндан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


263. Таъмирлаш ишларини баландликда бажарганда, асбоб-ускуна ва материалларни майдонча қирғоғига қўйиш ёки ерга ташлаш тақиқланади. Асбоб-ускуналарни сақлаш ва ташишда махсус сумка ёки қутилардан фойдаланиш зарур.


264. Қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб боришга ускуна шамоллатилиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ундаги ҳарорат камида 40° С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.


265. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши керак.


266. Ёритиш чироқларини таъмирлаш ишларида фақат 12 В кучланишдаги кўчма лампалар, портлашдан ҳимояланган аккумуляторли чироқлардан фойдаланиш керак.


267. Ёритиш мақсадида машъала, гугурт, керосинли фонарлар, шамчироқлардан фойдаланиш тақиқланади.


268. Асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва созлаш ишлари махсус ўқитилган ва йўл-йўриқ берилган, тегишли билим ва малакага эга ходим томонидан амалга оширилиши керак.


269. "Ёқилмасин, одамлар ишлаяпти!" деб ёзилган ёзувни олиб ташлаш, хавфсизлик техникаси бўйича талаблар қўйиладиган ишлар бажарилгандан сўнг ускунани ишга тушириш, фақат масъул ходим рухсати билан амалга оширилиши лозим.


270. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар иш жойидан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар ўз жойига ўрнатилиши керак.



2-§. Қозонхоналарни техник кўрикдан

ўтказишга қўйиладиган талаблар


271. Ҳар бир қозон ишга туширилгунга қадар - дастлабки, фойдаланиш жараёнида - даврий ҳамда зарурат туғилганда - навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказилиши керак.


272. Дастлабки техник кўрик қозоннинг биринчи бор монтаж қилинганидан кейин амалга ошириш лозим.


273. Даврий техник кўрик қозоннинг паспортида кўрсатилган техник кўрикдан ўтказиш муддатида ўтказилиши лозим.


274. Навбатдан ташқари техник кўрик:

қозоннинг ички юзаси тозаланганда ёки у ёхуд унинг қисмлари таъмирлашдан ўтганда;

қозон 12 ойдан ортиқ вақт давомида ишламаганда;

қозон қайта монтаж қилинган ҳамда янги жойга ўрнатилганда;

қозондаги дарз ва ёриқлар тузатилганда ёхуд қозоннинг асосий қисмларида пайвандлаш ишлари ўтказилганда амалга оширилади.


275. Ташқи ва ички техник кўрикни ўтказишдан олдин қозон совутилиб ҳамда синчиклаб кул, қурум ва бошқа ифлосликлардан тозаланиши керак.


276. Қозонни ташқи ва ички техник кўрикдан ўтказишда деворнинг ички ва ташқи юзасида ёриқ, дарз ва емирилиш пайдо бўлишига эътибор қаратилиши керак. Қозон қисмларидаги металл қизиши хавфини келтирувчи ҳамда қопламнинг бузилишига сабаб бўлувчи носозликлар кўздан кечирилиши лозим. Барабандаги ички қурилмалар техник кўрик ўтказишга халақит берса улар олиб ташланиши керак.


277. Техник кўрикдан ўтказишда қозоннинг мустаҳкамлигига шубҳа келтирувчи ёриқ ва дарзлар аниқланганда, бундай қозонлардан уларнинг келиб чиқиш сабаби аниқлаштирилгунча вақтинча фойдаланишга йўл қўйилмайди.


278. Техник кўрик натижалари қозон паспортига техник кўрикни ўтказган шахс томонидан қайд этилиши лозим.

Техник кўрикни ўтказишда қўшимча синов ва текшириш амалга оширилса қозон паспортига синов ўтказишнинг сабаби ва натижалари қайд этилади.


279. Қозондан фойдаланиш муддати техник кўрик натижалари бўйича ундан фойдаланиш шароити ва имкониятлари асосида аниқланиши керак.



6-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


280. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


281. Мансабдор шахслар ва ходимлар хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


282. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 23 ноябрь, 46-сон, 586-модда









































Время: 0.0173
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск